Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

“Турон”, “Туркистон”, “Ўрта осиё”, “Марказий осиё” атамалари тарихига оид баъзи қарашлар

“Турон”, “Туркистон”, “Ўрта осиё”, “Марказий осиё” атамалари тарихига оид баъзи қарашлар
17 Nisan 2019 - 9:28 'да юкланди ва 464 марта ўқилди.

“ТУРОН”, “ТУРКИСТОН”, “ЎРТА ОСИЁ”, “МАРКАЗИЙ ОСИЁ” АТАМАЛАРИ ТАРИХИГА ОИД БАЪЗИ ҚАРАШЛАР

Географик тарихий жиҳатдан Турон ҳудудлари Тинч океанидан Ўрта ер денгизидаги Эгей Адриатикагача, Шимолий Муз океанидан Тибет, Ҳимолай тоғларигача, Шимолий Ҳиндистондан Онадулигача, яъни ҳозирги Туркиягача бўлган ҳудудларни, уларда яшовчи туркий халқлар ватанини англатади.

Туроннинг марказий қисми географик жиҳатдан “Турон пасттекислиги” деб аталади ва асосан Марказий Осиёнинг шимоли-ғарбий ҳамда Қозоғистоннинг жануби-ғарбини ўз ичига олиб, унинг чегаралари Каспий денгизи, шимолда Урал тоғигача, шарқда Тяньшань этакларигача, жанубда эса Помир ва Копетдоғ тоғларигача бориб тақалади. Туронда қадимдан XX аср бошларигача Алп ЭрТўнга, Афросиёб, Кушон шоҳлари, Шарқий ва Ғарбий Турк ҳоқонликлари, Атилла, Парфия, Қорахонийлар, Ғазнавийлар, Салжуқийлар, Хоразмшоҳлар, Чингизхон, Чиғатой, Темурийлар, Усмонийлар, Эдил бўйи, Сибирь хонлари, Шайбонийлар, Аштархонийлар, Манғитлар давлатлари, Хива ва Қўқон хонликлари мавжуд бўлган. Хуллас, “Турон” атамаси туркийлар яшаган ҳудуд деган маънони билдирганлиги учун ўз чегарасида барча халқларни қамраб олган умумий бир ном ҳисобланади. Турк сўзини барча шўъбаларини ўз ичига оладиган улуғ Туркистон дейишга тўлиқ асослар мавжуд. Тарихчи Ш.Камолиддин фикрича, Марказий Осиё минтақасининг энг қадимги номи “Турон” бўлиб, бу атаманинг кейинги асрлардаги давомчиси ва эквиваленти Туркистон ҳисобланади.

Туркистон – Марказий Осиёнинг ўрта аср тарихий географик адабиётларида учрайдиган номи ҳисобланади. Қадимги туркий, паҳлавий, хитой, ҳинд, араб, яҳудий, арман, юнон, лотин, славян ва бошқа ёзма манбаларда юртимиз шу ном билан аталган.

Туркистон атамаси милодий 445 йилдан бошлаб турли манбаларда тилга олинади. Бу атама илк марта 639 йил Турфонда тузилган сўғд ҳужжатларида Марказий Осиё минтақасининг номи сифатида ишлатилган. “Туркистон” атамаси Марказий Осиё, Мовароуннаҳр номларидан фарқли равишда нафақат географик, балки этнографик тушунчани англатиб, сиёсий хуқуқий аҳамиятга ҳам эга бўлган. Араблар истилосидан сўнг ҳам “Туркистон’’ топоними ўзининг сиёсий ҳуқуқий маъносини йўқотмаган. Унинг сарҳадлари узоқ шимол ва шарқда Араб халифалиги, Қарлуқ ва Уйғур ҳоқонликлари билан чегарадош бўлган ҳудудларгача ёйилган. Айни мана шу давлатлар Туркистон номи билан IX – XIII асрлардаги араб муаррих ва географларининг асарларида қайд этилган.

Қорахонийлар давлати барпо этилиши билан “Туркистон’’ топонимининг аҳамияти ўзининг собиқ ҳудудлари чегарасида деярли тиклангач, “Мовароуннаҳр” атамаси эса Туркистоннинг, яъни Қорахонийлар давлатининг бир қисми сифатида қарала бошланган.

Муаррих ва географ Маҳмуд ибн Валининг (XVII аср) “Бахр ул асрор” (“Сирлар денгизи”) асарида ёзилишича, “Туркистон кенг ва кўнгилли юртдир. Бу юрт узунлиги Сайҳун дарёсининг қирғоғидан Қорамурин дарёсининг қирғоғигача бўлиб, бу ерни Мўғулистон номи билан аташган”. Муаллиф Туркистоннинг яна бир номи бу “Турон ва унинг аҳолиси турклар” деб кўрсатган. V-VI асрларда «турк» атамаси телелар таркибидаги бир қабиланинг номи сифатида майдонга келган. VII асрдан бошлаб у теле қабилаларининг умумий номига айланди. Масалан, “Танг сулоласи кўҳна тарихи” китобининг 199-бобида Ғарбий Турк ҳоқони Чулу кучайганидан кейин барча теле қабилалари унга итоат қилиб, ўзларини ҳам турк деб атай бошлашди, деб ёзилганини учратамиз. Жю Танг Шу (Танг сулоласи кўҳна тарихи) 941-945 йиллари катта бир гуруҳ сарой тарихчилари томонидан ёзиб битирилган китоб. Китобнинг умумий ҳажми 200 китобдан иборат. Жю Танг Шуда қадим давр тарихига оид маълумотлар кўпроқ берилган.

XIX аср ўрталарида Туркистон ҳудуди ғарбда Урал тоғари ва Каспий денгизи, шарқда Олтой тоғлари ва Хитой, жанубда Хитой ва Афғонистон, шимолда Томск ва Тобольск губерниялари билан чегарадош бўлган. Туркистон тарихий анъанавий жиҳатдан кенг маьнода қуйидаги қисмлардан иборат:

а) Марказий Туркистон (ҳозирги Ўзбекистон. Козоғистон ва қисман Тожикистон);
б) Шарқий Туркистон (ички Мўғулистон, Хитойнинг Синьзян Уйғур автоном тумани, Қорақурум);
в) Ғарбий Туркистон (Эроннинг шимоли, Кавказ, Каспий ден¬гизи ҳавзаси;
г) Шимолий Туркистон (шимолий Козоғистон, Волгабўйи, Шарқий Урал тоғларигача чўзилиб кетган Турон пасттекислиги, Обь, Енисей, Лена дарёлари оралиғи, Сибирь), тор маънода Тур¬кистон деб, асосан марказий Туркистон тушунилади.

1867-1886 йиллардан қўлланила бошланган “Туркистон ўлкаси” ҳам муайян маънода Россия подшолигининг стратегик манфаатларини тўла ифодалар эди.

Советлар тузуми даврида эса “Туркистон” атамасини геогра¬фик, тарихий, этник ва сиёсий истилоҳлар тизимидан чиқариб ташлашга, ҳаттоки унутилишга маҳкум этилди.

Совет даври қомусларида таъкидлаганидек, Туркистон кенг маънода туркий халқлар яшовчи ҳудуд номи ҳисобланган. Тор маънода Туркистон 1867-1917 йиллардаги Туркистон генерал губернаторлиги (1886 йилдан Туркистон ўлкаси) тушунилган. Шунингдек, Россия империясининг вассаллари Хива ва Бухоро хонликлари ҳудудининг тарихий – географик номидир. Россия босиб олган ғарбий Туркистон ҳудудида 1867 йилда Туркистон генерал-губернаторлиги тузилди, 1886 йилдан расман Туркистон ўлкаси деб аталган. Октябрь тўнтаришидан сўнг ғарбий Туркистон ҳудудида Туркистон АССР тузилган. Туркистонда миллий ҳудудий чегараланишнинг ўтказилиши, яъни унинг 3 Республика ва 2 та автоном вилоятга бўлиниши туфайли советлар давлатида Туркистон номи ишлатилмайдиган бўлди. Чунки советлар хукумати мустақил Туркистонни тиклаш ғоясидан нихоятда чўчир эди.

Юкорида таъкидланганидек, 1924-1925 йилларда Туркистон¬да миллий ҳудудий чегараланиш ўтказилиб, “Туркистон” атамаси сунъий равишда муомаладан чиқарилди ва унинг ўрнига расман Ўрта Осиё географик атамаси жорий килинди.

Ўзбекистон ўз стратегик ўрни, иқтисодий ва маданий салоҳияти жиҳатидан Туркистоннинг вориси ҳисобланади. Мамлакатимиз мустақиликка эришгач, бу атама тарихий, сиёсий, маданий этник жиҳатидан қайтадан муомалага киритилди ва кенг қўламда қўлланилмокда.

“Мовароуннаҳр” Марказий Осиёнинг марказий ва жанубий ви- лоятларига нисбатан ҳам ишлатилган. Бу географик атама арабча “дарё орти”, “дарёнинг нариги томони’’, яъни “Амударё ортидаги, унинг ўнг кирғоғидаги ҳудуд деган маънони англатиши кенг тарқалган эди. Унинг худди шу маънони англатадиган форс тилидаги “Вораруд” ва ‘‘Вора Жайхун” шакллари мавжуд, уларнинг барчаси аввал (XI асргача) Хуросон вилоятининг давоми сифатида, IX аср бошидан эътиборан эса Туркистон, яъни Қорахонийлар дав¬лати ва ундан кейинги туркий давлатлар таркибидаги маъмурий бирлик сифатида тушунилган.

“Мовароуннаҳр” атамаси илк бор хадисларда тилга олинган. Афтидан, бу атама араблар ўртасида исломгача бўлган даврларда ҳам маълум бўлиб, у вақтда (VI аср) шимолишарқда Жайхун, яъни Амударёнинг оркасида жойлашган Турк хоқонлигига қарашли ҳудудларни англатган.

Қадимги форс манбаларига таянган араб географи Ёкут Ҳамавий “Мовароуннаҳр” атамасини Турон мамлакатининг номи сифатида билган.

Араб тилида “дарёнинг нариги бетидаги ерлар” деган маънони англатадиган “Мовароуннаҳр” атамаси қадимги юнонларнинг

“Трансоксиана” атамасининг деярли сўзма сўз таржимаси ҳисобланади.

Араблар ўзларининг шарққа қилган илк юришлари давомида (VII аср иккинчи ярми VIII аср боши) бу ўлка ҳақида икки хил тушунча ва маълумотга эга бўлганлар. “Мадунамннаҳр”, яъни “Мовароуннаҳр”, “дарёнинг пастки томони” ва “Маваро аннаҳр”, яъни “Мовароуннаҳр” “дарёнинг нариги томони” маъноларини англатган. Мазкур атама VII асрнинг 70 йилларидан бошлаб, яъни Араб халифалиги ноиблари Марв шахрига келиб. Туркистонга вақти – вақти билан ўлжа олиш учун Пойкент, Бухоро, Қашкадарё ва Сурхондарё воҳаларига юришлари давридан бошлаб қўлланилган.

705-715 йилларда бу атама янада кенг истеъмолга кирган. Араблар таъсирида “Мовароуннаҳр” атамаси ўрта асрлардан бошлаб Хўжанд, Самарқанд, Бухоро шаҳарлари ва атрофларини, Қашкадарё, Сурхондарё воҳаларини ўз ичига олган. Сирдарё ва Амударё оралиғидаги кенг ҳудудни англатган илмий, тарихий ва географик асарлардан Европа тилларига ана шу юқорида чегараланган ҳудудни билдирувчи атама сифатида ўтган ва қўлланилган.

Ўрта Осиё атамасини дастлаб XIX асрда таниқли немис географ олими А.Фон Гумбольд “Mittel Azia” шаклида Осиё китъасининг ички қисмларини белгилаш учун қўллаган. У Осиё учун ўрта параллелдан шимол ва жанубда 5 кенгликдаги ҳудудни Ўрта Осиё деб атайди. Олим минтақани ғарбий қисмини Каспий денги¬зи билан чегаралагани холда, шарқий қисмининг чегараларини кўрсатмайди.

Машҳур немис географи Фердинанд Рихтгофен ўзининг “Хитой” асарида ушбу ҳудудга нисбатан янги, анча аниқроқ таърифни таклиф этган. Унинг фикрича, жанубда Тибетдан, шимолда Олтойгача, ғарбда Помирдан, шарқда Хингонгача бўлган ҳудудлар бу Марказий Осиёдир. Олим Орол Каспий пасттекислигини оралиқ чизиққа мансуб, деб таъкидлаган эди.

Марказий Осиё Евроосиё материгининг Ўрта қисмидан, ғарбда Каспий денгизи қирғокларидан, шарқда Хитойгача, шимол¬да Ғарбий Сибирь текислигидан, жанубда Нишопур, Сафедкўҳ ва Ҳиндиқуш тоғларига чўзилган йирик табиий географик ўлкадир. У материк ичкарисида, Атлантика океанидан 4 минг км, Шимолий Муз океанидан 2,5 минг км, Тинч океанидан 5,5 минг км ва Ҳинд океанидан минг км га яқин масофада жойлашган. Марказий Осиё ҳудудида ўрта асрларда Турон, араб манбаларида Мовароуннаҳр, XIX асрнинг иккинчи ярми XX аср бошларида, аниқроғи 1921-1925 йилларда ўтказилган миллий ҳудудий чегараланишигача Туркистон деб номланган, кейинчалик советлар давридан бошлаб эса Ўрта Осиё деб аталадиган бўлди.

Ўрта Осиёнинг туб аҳолисига ўзбеклар, тожиклар, қозоқлар, қирғизлар, туркманлар, қорақалпоқлар, афғонлар, форслар киради. Ўзбеклар, форслар ва тожикларнинг катта қисми ўтроқ ҳаёт кечириб шаҳарлар қурганлар, қурғоқчил, чўл ерларда сув чиқариб, обод воҳалар бунёд қилганлар. Қозоқлар, туркманлар, қирғизлар, қорақалпоқлар, асосан, чорвачилик билан шуғулланганликлари учун кўчманчи ва ярим кўчманчи шаклда ҳаёт кечирганлар. Ҳозирги вақтда бу халқлар ҳам ўтроқ ҳаёт кечирадилар. Ўрта Осиё халқлари жаҳон фани ва мадниятига, давлатчилик илмига катта ҳисса қўшган буюк алломалари, саркардалари билан фахрланади. Ўрта Осиё аҳолисининг кўпчилигини ўзбеклар ташкил қилади. Ўрта Осиёда туб миллатлардан ташқари турли вақтларда кўчиб келиб, ўтроқ яшаб қолган руслар, татарлар, яҳудийлар, украинлар, бошқирдлар, корейслар, уйғурлар, турклар ва бошқа миллатлар ҳам тарқалган. Ҳозирги пайтда Ўрта Осиё аҳолиси 70 млн. кишидан ортиқ.

Ўрта Осиё сиёсий ҳаритасининг кейинги икки аср давомидаги таркиб топишида бир неча босқичларни ажратиш мумкин.

• 1-босқич – Ўрта Осиёнинг Россия империяси томонидан босиб олиниши арафасидаги даврни ўз ичига олади. Бу босқичда учта йирик давлат – Қўқон хонлиги, Хива хонлиги ва Бухоро амирлиги мавжуд бўлган;

• 2-босқич – Мустамлака даврини ўз ичига олади. Бу даврда Ўрта Осиё Россия империясининг Ўрта Осиё генерал губернаторлиги таркибига кирган ва иккита хонликдан (Хива ва Бухоро) ҳамда Қўқон уездидан иборат бўлган.
• 3-босқич – жуда қисқа даврни (1917-1920/1922) ўз ичига олади. Бу босқичда Ўрта Осиёда учта мустақил давлат пайдо бўлади: Туркистон (Қўқон) мухторияти, Бухоро ва Хоразм республикалри.
• 4-босқич – 1924-1991 йилларни ўз ичига олади. Бу даврда Ўрта Осиё ҳудудида 5 та иттифоқдош республика ташкил қилинди: Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон, ўлканинг жануби Афғонистон ва Эрон давлатлари таркибига киради.
• 5-босқич – 1991 йилдан бошланади. Бу даврда Собиқ Иттифоқнинг парчаланиши оқибатида Ўрта Осиё ҳудудидаги иттифоқдош республикалар ўрнида мустақил давлатлар – Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон ва Қирғизистон ташкил топди.

Марказий Осиёнинг табиати, хўжалиги, шаҳарлари, аҳолисига оид дастлабки тарихий географик маълумотлар Геродот (мил. авв. V аср). Квинт Курций Руф, Страбон (мил. авв. II аср) каби Юнонистон, Рим, ва, Хитой олимларининг асарларида мавжуд. Шунингдек, Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Аҳмад ас-Сарахсий (IX аср), Жайҳуний, Абу Зайд Балхий (X аср), Абу Райхон Беруний, Ибн Сино, Носир Хисрав, Махмуд Қошғарий (XI аср), ал-Ховакий, Маҳмуд Замаҳшарий, Сомоний ва бошқа маҳаллий олимларнинг асарларида ҳам берилган. Марказий Осиё географиясига оид маъ¬лумотлар IX-XII асрларда яшаган сайёҳ олимлар Ибн Хурдодбек, Ибн ал-Фақиқ, Ибн Руста, ал-Муқаддасий, ал-Масъудий, Ибн Фадлан, Истаҳрий, Ибн Ҳавкал кабиларнинг асарларида ҳам учрайди.

Марказий Осиё минтақасининг яна бир тарихий номи мавжуд бўлиб, у ҳам бўлса “Ўзбекистон”дир. Бу атаманинг лотинча экви¬валенти бўлган “Ўзбек” ва “Ўзбекия” атамалари XVI-XVIII аср¬ларда Ғарбий Европа мамлакатларида нашр этилган тарихий, сиё¬сий ва этник ҳариталарда ҳамда глобусларда қайд этилган. Россия империяси даврида Марказий Осиё дейилганда, Орол денгизининг шимолий нуқтасидан то Балхаш кўлининг шимолий нуқтасигача ўтказилган тўғри чизиқдан Эрон, Афғонистон, Хитой ва Каспий денгизи чегараларигача бўлган оралиқда жойлашган ҳудуд тушунилган. Совет даврида бу тушунчалар бир оз ўзгарган, чунки 1924 йилдаги миллий ҳудудий чегараланиш натижасида собиқ минтақанинг анчагина қисми Козоғистон таркибига киритилди. Қозоғистоннинг чегаралари эса шарқи шимолда Ўрта Сибирга, ғарбда Урал тоғлари ва Волга дарёсининг этакларигача, қисман Европа китъасигача чўзилиб борди.

Расмий ҳужжатларда ва кундалик ҳаётда “Ўрта Осиё” ва Қозоғистон тушунчаси кенг ишлатилар эди. Совет иттифоқи парчалангач, унинг таркибида бўлган Ўзбекистан, Козоғистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Туркманистон мустақил давлатларга айлангандан сўнг ҳудуди, тарихи, маданияти, кўп жиҳатдан тиллари яқин бўлган бу мамлакатларни бир бирига жипслаштирувчи янги ва истикболли омиллар пайдо бўлди. “Ўрта Осиё ва Козоғистон” тушунчаси ўрнини “Марказий Осиё” тушунчаси эгаллади. Бу беш давлат раҳбарларининг 1993 йил январь ойи бошида Тошкент шахрида бўлиб ўтган учрашувида Президентимиз И. А. Каримов ташаббуси билан минтақани номлашда бундан буён “Марказий Осиё” атамасини қўллаш тўғрисида келишиб олинди.

“Марказий Осиё” атамаси ҳам дастлаб юкорида таъкидлаганидек, немис географ олими А. Фон Гумбольднинг Парижда 1843 йилда чоп

этилган 3 жилдлик “Марказий Осиё тоғ тизмаларини тадқиқ қилиш ва иқлимини таққослаш” номли асарида қўлланган. Унда тадқиқотчи мазкур ҳудуднинг суғориш тизими ва тоғ тизма¬ларини ўрганиб, Марказий Осиёни мустақил ва ўзига хос минтақа сифатида таърифлаган эди.

Юкорида таъкидланганидек, “Марказий Осиё” атамаси бугунги кунда барча илмий оммабоп адабиётларда ва жамоатчилик ўртасида кенг қўлланилиб келинмоқда. Кўриниб турибдики, инсоният цивилизацияси бешикларидан ҳисобланган азим Сирдарё ва Амударё оралиғидаги бепоён ҳудудлар турли даврларда сиёсий, тарихий ва географик асарларда Турон, Туркистон, Мовароуннаҳр, Ўрта Осиё, Марказий Осиё номлари билан аталиб келинган. Мустақиллик шарофати билан, миллий ўзликни англашга интилиш янада кучая бошлаган ва тарихий кадриятлар тикланаётган ҳозирги вақтда, асрларга бўйлашган ушбу салоҳиятли минтақа тарихини янада теранроқ ўрганишга қизиқиш табора ортиб бормоқда.

facebook.com

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort