Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Амир Темурнинг миллий озодлик учун курашлар тарихидан

Амир Темурнинг миллий озодлик учун курашлар тарихидан
20 Nisan 2019 - 12:28 'да юкланди ва 353 марта ўқилди.

Амир Темурнинг миллий озодлик учун курашлар тарихидан (“Темур тузуклари” асосида)

Буюк аждодларимиз Амир Темур Спитамен, Жалолиддин Мангуберди каби ўз Ватани озодлиги учун жонини тиккан буюк ватанпарвар инсонлар каби ўз юртини ажнабий босқинчилардан озод қилиш, янги ва мустақил давлат тузиш йўлида катта саъйи ҳаракатлар кўрсатди. У миллий истиқлол тарихининг энг буюк қахрамони ва тимсолидир. Буюк аждодимиз 150 йил мобайнида мўғуллар зулми остида эзилган ота-боболаримизни ёруғликка, эрк ва озодликка олиб чиқди. У ўз Ватанини сақлаб қолиш мақсадида ҳатто мўғуллар хизматига кирди ва уни ичдан қулатди. Амир Темур босиқлик билан турли стратегия ва тактикалар қўллаб ўз мақсадларига эришди.

1360 йилда Мўғулистон хони Тўғлуқ Темурхон Мовароуннаҳр мулкини босиб олиш қасдида қўшин тортиб, Хўжанд сувидан кечиб ўтди. Амир Темур “Тузуклар”да бу ҳақда шундай дейди: “Тўғлуқ Темурхон Мовароуннаҳр мулкини босиб олиш қасдида қўшин тортиб Хўжанд сувидан кечиб ўтгач, менга, амир Хожи Барлос ва амир Боязид Жалойир номига ёрлиқ жўнатиб, унинг ҳузурига боришимизни талаб қилган эди. Улар мен билан кенгашдилар: “Ўз эл-улусимиз билан Хуросонга кетайликми ёки Тўғлуқ Темурхон қошига борайликми?”. Мен уларга бундай йўл кўрсатдим: “Тўғлуқ Темурхоннинг ҳузурига борсангиз икки фойда ва бир зиён бордир. Хуросон томонга ўтиб кетишнинг икки зиёни, бир фойдаси бордир”. Улар менинг кенгашимга кирмай [эл-юрти билан кўчиб] Хуросон томонга кетдилар ”.

Амир Темур хато қилмаслик учун чуқур мулоҳаза қилади ва пири Абу Бакр Тойободийга хат ёзади. Пиридан қуйидаги мазмунда хат келади “Тўртинчи халифа [ҳазрати Али ибн Абу Толибдан] унга Тангрининг караму марҳамати бўлсин, бир киши сўрабдики, осмон-камон, ер-камон ипи, ҳодисалар ўқ-ёй бўлса, инсонлар у ўқ-ёйларга нишон бўлса, отғувчи эса Худойи таъоло бўлса, унинг қудрати яна ҳам улуғ бўлсин, одамлар қаерга ҳам қочадилар? Халифа жавоб қилиб: “Одамлар Тангрининг олдига қочсинлар”, дебдилар. Шунга ўхшаш сен ҳам ҳозир Тўғлуқ Темурхоннинг олдига қочғил ва қўлидаги ўқ-ёйини тортиб олғил”.

Амир Темур душманни ташқаридан эмас, ичкаридан қулатиш йўлини танлаганди. У қандай қилиб Чингизхоннинг ўрнига хонлик тахтида ўтирган Буюк Мўғулистон хонинин енга олган? Ҳақиқатан ҳам бу саволга тарофлича жавоб бериш учун унинг ушбу даврдаги фаолиятини ўрганиш муҳимдир. У “Тузуклар”да Тўғлуқ Темурхонни енгиш ҳақидаги тадбирларини санаб ўтган. Китобнинг “Тўғлуқ Темурхон билан учрашганимдан кейин кўнглимга келган биринчи кенгашим” фаслида қуйидагиларни эслатиб ўтган: “Тўғлуқ Темурхон саркардаси Бикижак, Хожибек эркинит, Улуғ Темурхон керайит ва Жетанинг бошқа амирларидан уч фавж (қўшин бўлнимаси – Ш.Ўлжаева) тузиб, уларни Мовароуннаҳр мамлакатини талон-тарож қилиш учун юборганлиги, ўша уч фавж қўшин Хузор деган жойга келиб тушганлиги хабари менинг қулоғимга етди. Шунда Тўғлуқ Темурхонни бориб кўришдан илгари бу очкўз амирларни мол-дунё билан маҳлиё қилиб, Мовароуннаҳр вилоятини қатлу ғоратдан қутқариб қолишга қарор қилдим ”.

Амир Темур уларга турли совға-ҳадялар иньом этади.

“Уларнинг кўзларига ўхшаш кўнгиллари ҳам тор бўлганлиидан, совға-совурун йўсинида уларга берилган ҳар турлик тансиқ моллар кўзларига кўп кўринди ва Мовароуннаҳрни босиб олиш ва талон-тарож қилиш ниятидан қайтдилар”.

Амир Темур бу воқеадан кейин Тўғлуқ Темурхон ҳузурига боради. Оз фурсатда Тўғлуқ Темурхон ўзи жўнатган ҳарбий қисмлар совға-саломлар эвазига ерли халқ билан келишганини билиб олади. “Хон шу ондаёқ мол-мулк ва нақд пулларни қайтариб олиш учун одам тайин қилди ва амирларни бундан буён Мовароуннаҳрга боришларини манъ қилди. Мансабларидан бўшатди ”.

Бу воқеалар албатта Тўғлуқ Темурхоннинг ичидан зил кетишига олиб келди. Амирлар ҳам унга душманлик байроғини кўтариб ўз юртларига қайтиб кетади. Йўлда улар хоннинг девонбегиси ва бош маслаҳатчиси бўлмиш Ўғлонхўжани учратдилар. Уни ҳам ўзларига оғдириб олиб, Жета томон юзландилар.

Тўғлуқ Темурхон оғир вазиятда қолади. Бу ҳам етмагандай унинг Дашти Қипчоқдаги амирлари ҳам Тўғлуқ Темурхонга қарши исён кўтарадилар. Бундан ташвишга тушган Тўғлуқ Темурхон Амир Темурдан маслаҳат сўрайди. Амир Темурнинг маслаҳатига кўра, у Жета тарафга йўл олади.

“Тузуклар”да Амир Темур Тўғлуқ Темурхон “Мовароуннаҳрни менга қолдирди ва бу хусусда ёрлиғу аҳдномалар ёзиб берди”, дея унинг хавфидан қутулганини ҳикоя қилган.

Бироқ Тўғлуқ Темурхон ўз аҳдини бузиб, Мовароуннаҳрга юриш қилади ва ўғли Илёсхожани ҳукмдор этиб тайинлайди. Амир Темур унинг ҳарбий бош қўмондони этиб тайинланади. Бироқ Илёсхожа тадбирсиз ва ҳукмдорлик лаёқатига эга бўлмаган ҳукмдор эди. У Амир Темурнинг ёрдами билангина ҳокимиятни ушлаб турарди. Амир Темурнинг тўғри тадбирлари ва жанглардаги ғалабалари Илёсхўжада ўзига нисбатан душманлик ҳиссини уйғотди. Улар Амир Темурдан қутулиш учун Тўғлуқ Темурхонга хат ёзиб “Темур бизга исён туғини кўтарди” дея арзнома юбордилар. Хон буни чин тушуниб, Амир Темурни ўлдириш ҳақида ёрлиқ юборади. Амир Темур бу ёрлиқдан хабардор бўлиб қолади ва қуйидаги тадбирни қўллайди: “Барлос уруғининг йигитларини ўз атрофимга тўплаб, уларни бирлаштирдим. Менга бўйсуниб кўмакдош бўлмоқлик учун розилик берган биринчи киши – Ики Темур бўлди, иккинчиси – амир Жоку барлос эди. Булардан бошқа улус баҳодирлари ҳам жон диллари билан менга буйсунмоқчи эканликларини билдирдилар…Мовароуннаҳр аҳолисининг каттаю кичиги мен билан бирлашди… Улус амирлари ва қўшун бошлиқларининг баъзилари хам бу ишга қўшилиб, бизга бирлашдилар ”.

Бироқ Амир Темурнинг атрофида жами олтмиш отлиқ аскар тўпланади.

Пири Мир Кулолнинг маслаҳатига кўра Амир Темур Хоразмга йўл олади. Илёсхўжа Амир Темурнинг Хоразмга юриш қилаётганидант хабар топиб, Хивақ ҳокими Тўкал баҳодирга хат ёзиб, Амир Темурга қарши чиқиш ва уни қатл этишни буюради.

Тўкал баҳодир минг отлиқ аскар олиб Амир Темурга қарши жанг қилади. Амир Темур олтмиш отлиқ ва қайноғаси Амир Ҳусайн билан бирга 1000 отлиқ аскарга қарши жанг қилади.

“Тузуклар”да бу воқеа шундай ҳикоя қилинади: “Тўкал баҳодир минг отлиқ аскар олиб, менинг устимга келди. Олтмиш отлиқ йигитим ва йўлда менга қўшилган қайноғам Амир Ҳусайн билан бирга минг отлиқ кишилик ғаним лашкарига юзма-юз бўлдим ва жангга киришдим. Бу жангда шундайин баҳодирлик қилиб, чидамлилилк кўрсатдимки, унинг минг кишисидан эллик киши қолди, менинг олтмиш отлиқ йигитимдан ўн кишигина қолди. Шундай бўлса-да зафар мен томонда бўлиб, уларни қочирдим. Менинг зафар қучганим хабари Илёсхожа ва Жета амирларига етгач, улар таажжубланиб, “Темур ажаб эр киши экан, унга Тангрининг мадади етиб, бахту иқболи очилмиш”, деб ўзаро сўзлашибдилар. Мен бу урушдаги зафарни яхшилик аломати деб билдим ”.

Соҳибқирон бобомиз ўз ватанини озодлиги учун не-не заҳматлару оғир кунларни кўрмаган. Амир Темурнинг 10 та отлиқ аскаридан бошқа аскари қолмаганди. Уларнинг еттитаси отлиқ, учтаси пиёда эдилар. “Муҳтарама жуфти ҳалолим бўлмиш Амир Ҳусайннинг синглиси (Ўлжой Туркон оғо –Ш.Ўлжаева)ни ўзимнинг отимга миндириб олгандим. Шу алпозда Хоразм чўлларида бир неча кун саргардон бўлиб юрдим. Кунларнинг бирида кеч тушгач, қандайдир қудуқ бошига келиб етдим. Ўша кечаси пиёда юрган уч нафар хуросонлик бевафолик қилиб, отларимизни миниб қочдилар.Етти киши тўрт от билан қолдик.Аҳволимиз жуда оғирлашди, лекин кўнгил тўқ эди. Бу ишни чакки қилган эканман деб, ҳеч ўкинмас эдим” .

Амир Темур юришда давом этади. Йўлда туркман амирларидан Алибек Жониқурбоний Амир Темурнинг устига ёпирилиб келади ва ўз элига элтиб, бургаси кўп бир уйга қамаб қўяди. Амир Темурга соқчилар тайинланади, аммо у соқчилардан бирининг қиличини тортиб олиб, уларга ҳамла қилади, соқчилар қочиб қолади. Амир Темур Тўғри Алибек Жониқурбонийнинг устига бостириб боради. Амир Темурни кўриб ҳуши бошидан учган Алибек ундан узр сўраб, тавба тазарру қилади.

Амир Темур мўғулларга қарши курашишни давом эттириш ниятида секин аста атрофига аскарлар тўплашни бошлайди. 60 отлиқ аскар тўплагач, у Хуросон тарафга равона бўлади.

Тез фурсатда Амир Темурнинг атрофида юзларча аскар ва кўнгиллилар тўпланади. Самарқандга кириш олдидан Амир Темур уларга шундай маслаҳат қилади: Сизларни вақтинча Бухоро томонларга тарқатиб тураман, ўзим эса Самарқанд теварагига бориб, эл-улус ичига кираман ва уларни ўзимга қўшиб олишга ҳаракат қиламан. Етарли лашкар йиғилиб куч-қувват қўлга кирганидан кейин, сизларни чақириб олурман. Кейин Жета ва Илёсхожа қўшинига қарши отланурмиз ва Мовароуннаҳр мамлакатини қўлга киритурмиз.

Амир Темур Самарқандга келиб опаси Қутлуғ Туркон оғоникига жойлашади ва у ерда қирқ саккиз кун туриб қолади, душманлари унинг бу ердалигидан хабар топгач, яна у ердан кечаси эллик отлиқ қўшини билан чиқиб кетади. Амир Темур яна Хоразм томонга йўл олади.

(давоми бор…)

Шоҳиста Ўлжаева

facebook.com

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort