Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Туркистонннинг буюк гладиаторлари

Туркистонннинг буюк гладиаторлари
21 Nisan 2019 - 16:04 'да юкланди ва 507 марта ўқилди.

ТУРКИСТОНННИНГ БУЮК ГЛАДИАТОРЛАРИ

(ёхуд Миср султони – Қутуз бошчилигидаги юртдошларимизнинг
Яқин Шарқдаги қаҳрамонликлари ҳақида)

Улуғвор пирамидалар, Тутмос III ва Рамзес II, Юлий Цезарь каби афсонавий шахслар Миср тарихининг ажралмас қисмидир. Бироқ тарих яшираётган, уларнинг қаҳрамонлиги олдида Клеопатра фидойилиги, Максимус жасорати ҳам хира тортадиган яна бир тоифа сиймоларнинг шонли тарихи борки, уларни ёритиш фолиятлари сир тутилган буюк аждодларимиз пок руҳлари олдидаги бурчимиздир. Қуйида тарихий манбаларда келтиришларича хоразмшоҳларнинг сўнгги вакили, Жалолиддин Мангубердининг жияни, отаси Муҳаммад Хоразмшоҳнинг амакиваччаси, Мисрнинг халоскор султони МУЗАФФАР САЙФИДДИН ҚУТУЗ ва унинг ватандошларининг Яқин Шарқдаги қаҳрамонликлари, мамулук (мамлук), яъни асир-жангчиликдан Мисрнинг буюк султонлари бўлишга қадар босиб ўтган зафарли йўллари ҳақидаги тарихий-бадиий лавҳани эътиборингизга ҳавола қиламиз. Улар Мисрда тузган давлатни араблисон ва форсийзабон адиблар “Давлат ат-турк”деб хурмат билан тилга олишган.

Гладиаторлар нафақат Римда бўлган. Қадимги аждодларимиз, Туркистоннинг не-не улуғ жангчилари Чин, Европа, Миср каби ўлкаларда мамулук, оддий айтганда, асир-жангчи сифатида фаолият олиб боришган. Улар нархи жуда юқори бўлиб, куч-матонати ва шерюраклиги билан бошқалардан кескин ажралиб турган. Улар Колизей аренасида, Хитой империяларининг гвардиясида ва самурайлар якка курашларида ишончли жангчи сифатида шуҳрат қозонган.

Ўз вақтида араб тарихчилари бир жиҳатга аҳамият берган эдилар: «Аллоҳ Таоло ҳар бир халқ, ҳар бир бўғин, ҳар бир авлод, ҳар бир қабила маълум бир ишда ўз имкониятларидан келиб чиққани ҳолда етукликка эришувчи қилиб тақсимлаган: хитойликлар ҳунарда, греклар фалсафа ва адабиётда, араблар ҳуснихат ва диншуносликда, Сосонийлар давлат тузилмаларида, туркийлар жангда”

Бошкенти Самарқанд бўлган улкан Хоразм салтанатини Чингиз қўшини ҳалокатга учратгач, шаҳзода Жалолиддин Мангуберди қочоқ отанинг ўрнига умрининг сўнгига қадар босқинчиларга қарши курашди. Икки марта мўғул қўшинини тор-мор қилишга эришган Хоразм лашкари Ҳинд дарёси ёнида Чингизхон томонидан енгилди. 1231 йили Мангубердига Кавказ орти тоғларида суиқасд уюштирилди. Султонсиз пароканда Туркистонлик жангчилар Чингиз қўшинидан Мисрга қадар чекинишга мажбур бўлишди. Улар эҳромлар юртига турли йўллар билан келиб қолган элдошлари билан тезда бирикиб, катта ва енгилмас кучга айланишди!

Хоразм қўшини жангчилари Мисрга келишганда бу ернинг султонлари ва қўшин таркиби араблардан эмас эдилар, маворауннаҳрликлардан ташқари уларнинг орасида Дашти Қипчоқда кўчиб юрган қипчоқ, ўғуз ва бошқа қабилаларга мансуб аскарлар асосий мавқеъни эгаллаган. Ўтмиш манбаларида уларнинг Миср тупроғига келиб қолиш тарихи қуйидагича келтирилади: онаси туркий илдизларга эга бўлган халифа Мутаъсим Бухоро амири томонидан 815 йили халифа Маъмунга хизматга юборилган Тулуннинг фарзанди Аҳмад ибн Тулунни Мисрдаги ноиби қилиб тайинлаганидан кейин, Аҳмад 869 йили Сурия ва Фаластинни ўзига бўйсундирди. Унинг қўшинидаги аскарлари ҳам асосан ватандошлари бўлиб, уларнинг бўлук (полк)и Нил ( ал-Баҳр) даги Ар-Руяд оролида жойлашган, араблар уларни баҳрийлар деб аташган. Бундан ташқари, Миср қўшинида суданлик ва барбарлар қисми ҳам мавжуд бўлиб, улар Қоҳиранинг ал-Буржий қўрғонида туришган. 1051 йили баҳрийлар ва буржийлар орасида низо пайдо бўлиб, бу кураш 1062 йилгача давом этади. Ўша йили туркистонлик мамулуклар ҳал қилувчи жангда суданлик ҳабашларни буткул енгиб, фиръавнлар юртидаги ҳокимиятни тўлиқ ўз қўлларига олишди.

XIII аср Миср султони Туроншоҳ даврига келиб икки буюк саркарда – хоразмшоҳий Музаффар Сайфиддин Қутуз ва қипчоқлар сардори аз-Захира Бийбарс Бундуқтарий ат-Туркий тарих саҳнасига чиқишди. Қутуз чингизийларга асирга тушиб, Мисрга жангчи-аскар сифатида, Бийбарс эса 16 ёшида асирга олиниб, Миср бозорида катта пулга сотилган ва шу тариқа улар Яқин Шарққа келиб қолган эдилар. Султон Туроншоҳ аждодлари юртидан келган бу икки жангчини аслзодалардан эканлигини, тақдир синовлари уларда катта матонат, енгилмас руҳни шакллантирганлигини бир қарашдаёқ сезди. Мамулукларнинг қай даражада кучли эканлигини амалда билиш учун икки барзанги ҳабашни улар билан жангга туширди. Қутуз ва Бийбарс Қашқа воҳаси ва Урганч ёшулли курашчиларининг жанг усулларидан яхши хабардор эди. Бу усуллар билан катта-кичик, ориқ-семиз рақибларни фарқламай енгиш, харакат мушакларини ишдан чиқариш мумкин бўларди. Икки барзанги ҳалол усули билан елка узра ерга келиб ўрилгач, ҳаракатдан тўхташди. Султон яна икки қулни жангга буюрди. Уларнинг тақдири олдинги шериклари каби бўлди. Ярим соатга етмай кураш майдонида саккиз қул чўзилиб ётар эди…

Туроншоҳ икки енгилмас жангчини секин-аста Миср қўшини қўмондонлари даражасига кўтарди. Қутуз ва Бийбарс бошқариб турган асов ва ёвқур туркистонликлардан таркиб топган Миср қўшини атрофга даҳшат солиб турар эди. Улардан айниқса, европалик ва араб насронийлари жуда қўрқишар эди, шу сабабли улар келгиндиларни йўқ қилишга киришишди. Фаластинда ҳукмронлик қилаётган французлар курд ва Сурия араблари билан бирлашиб, мамулукларга қарши салб юришини бошлашди. Тўқнашув Ғазо сектори яқинида 1244 йил 12 ноябрда содир бўлди. Чингиз қўшини билан курашавериб, метиндек куч, ғайрат ва иродага эга бўлган Миср номидан майдонга чиққан туркистон қўшини тарсолар қўшма лашкарини ортиқча қийинчиликсиз енгиб, қўшимчасига Қуддусни ҳам эгаллашди. 16 мингга яқин аскарини йўқотган салбчилар Қуддусни қайтариб олишни орзу ҳам қилмай қўйишди.

Орадан олти йил ўтгач, фаранглар қироли Людовик IX навбатдаги салб юришини уюштирди. Бироқ бу уриниш улар учун навбатдаги фалокатга сабаб бўлди. Туркистонликлар калондимоғ фаранг рицарларининг яна додини бериб, тумтарақай изғитиб юборишди.

Энг сара рицарларининг ўрта осиёдан келиб қолган аллақандай жангчиларга тенг келолмаётганликларига сира чидай олмаётган европаликлар ўзларининг машҳур “парчалаб ташла ва ҳукмронлик қил”, ёки “урушда ҳамма воситалар ҳалол” деган ғирром нақлларига амал қилишиб, мамулукларнинг орасига фитна уруғини сепишди, бир-бирига гиж-гижлаб, пароканда ҳолда йўқ қилишни режалаштиришди.

Фаранглар Мисрнинг маҳаллий амалдорларини ўзларига оғдиришди, уларнинг курсатмасига кура Туроншоҳни тезлаб, амирлари Қутуз ва Бийбарсни йўқ қилишга кундиришди. Бироқ саройдаги фитналардан яхши хабардор бўлган туркистонликлар 1250 йил 2 май куни ҳиёнат йўлини тутган Туроншоҳнинг ўзини қатл қилишади, аёлини эса малика сифатида тахтга ўтқизишиб, сўнг амир Ойбекка хотинликка олиб беришади. Бироқ, Ойбекни бошқа аёллардан қизғаниб, рашк ўтида ёнган малика араб хизматчиларига Ойбекни чавгон ўйинидан қайтиб, ҳаммомда ювинаётган жойида ўлдиртиради. Тахтни эса меросхўр деб билган навбатдаги мамулукка туҳфа қилади.

Клеопатра европаликларни яхши ўрганган, дипломатик санъати билан Мисрни эгаллаган Рим қайсарларини ўз измига солган эди! ХIII асрдаги мисрлик малика туркистонликларнинг мард ва тантиликларини афсуски, яхши билмас эди. Янги амир тахтдан қатъий воз кечди, хоин хонзоданинг жаллод хизматчилари отларга боғланиб чорпахил қилинди. Малика саройдан қизил қалъага қамалди, ёш қул томонидан оёқ кийим товони билан калтакланиб, ўлдирилди, мурдаси эса кучага чиқариб ташланди. Бу воқеа 1257 йили содир бўлди.

1258 йили Чингизхоннинг невараси Хулакухонга тегишли, “енгилмас” номини олган машҳур нуён (амир) Кетбуға-найман бошқараётган қўшин Боғдодни қўлга киритди, халифа қатл этилиб, Дамашқ ва Ҳалаб енгилди. Мусулмон оламининг, маданиятининг буткул йўқ бўлиб кетиш хафви пайдо бўлди. Навбат исломнинг сўнги нажоти Мисрга келди. Шунда тақдирнинг ўзи хоразмнинг азамат ўғлони Музаффар Сайфиддин Қутузни тарих саҳнасига олиб чиқди.

1259 йили Миср тахтини Қутуз эгаллади. Мисрнинг энг улуғ Хеопс пирамидаси узра хоразмшохлиларнинг байроғи ва дала ўтови қад ростлади. Фазлуллoҳ Рашидиддиннинг тарих қомуси “Жомеъ ат-таворих” асарида келтирилишича: “Қутуз ҳукмронлигининг дастлабки кунлариданоқ оддий халқ манфаатини кўзлаб қатор ислоҳотлар ўтказди, адолати ва меҳр-муруввати билан фуқаролари қалбининг туридан жой олди. Унинг қўшининг асосий қисми султон Жалолиддиннинг Ахлата жангида енгилган аскарлардан таркиб топган эди. Уларнинг лашкарбошилари ва беклари Баракатхон, малик Ихтиёриддинхон…малик Сайфиддин Содиқ Мунгбуға, Носириддин Келчухон ибн Бек Арслон, Атласхон ва Носириддин Муҳаммад Қимрий эди”. Тарихчининг маълумотларига қўшимча қилиб Қутузнинг диний бағрикенглик йўлини тутганлигини, қўшинда ҳарбий интизомни кучайтириб, порохни кенг қуллаш стратегиясини ишлаб чиқганлигини, туркий тил қўшин ва салтанатда бўлгани каби давлат маъмурий тили мақомига кўтарилганлигини қайд қилиб ўтиш жоиз.

Фиръавнлар авлодлари ҳокимиятга интилишдан кўра Туркистонлик султон ва жангчиларга хизматкор бўлишни маъқул топишди. Араб тарихчилари Ал-Мақризий ва Ибн Иййас маълумотларига ишонадиган бўлсак, хоразмшоҳ-ануштегинлар сўнгги вакилининг тахтга келишини юртдошлари билан бирга маҳаллий эллар ҳам қўллаб-қувватлашди, чунки барчанинг тушунчасида Қутуз подшо авлоди бўлганлиги учун ҳокимият бошқарувига айнан у лойиқ эди.

Бироқ, юқорида келтирганимиздек, мўғуллар лашкари Миср остонасида эшик қоқаётган эди. 1260 йилнинг ёзида Кетбуға Мисрга ҳужум қилиш учун 20 минглик суворий билан Сурияда муқим жойлашди. Кетбуға ўзини жуда хотиржам сезарди, чунки ҳудудининг шарқ томонини Синай чўли қўриқлар, ғарб томонда эса шериклик битимини тузган диндошлари насроний рицарлар черковлари томидаги улкан хочлар кўриниб турар эди. Кавказ томондан унга ёрдамга отланган салбчилар лашкари яқинлашиб қолганди. Форс, Ироқ ва Сурияни босиб олган, одамкуш исмоилийлар тариқатини йўқ қилган жасур лекин содда Кетбуға-найман чўлни билгани билан рицарларни яхши билмас эди.

Қутуз миссиясининг улуғлигига тенг келадиган масъулиятли юк Яқин Шарқда балки минг йилликда-да ҳеч бир зот гарданига тушмаган. Унинг биргина мағлубияти ислом дини ва оламининг тақдирига нуқта қўйиши мумкин эди. Буни яхши тушунган султон яқинлари билан кенгаш ўтказади ва шундай дейди: “Хулакухон улкан қўшини билан Турондан Эронга юриш қилди. На ҳалифа, на султону маликлар унга қарши куч топа олишди. Барча жойни босиб олиб, Дамашққа қадар етиб келди. Агар оғасининг вафот этганлиги ҳақидаги хабар унга етиб келмаганда, Миср ҳам олдинги мамлакатлар қаторида бўлур эди. Шу сабабли у бу ўлкада қутурган шер ва аждарга ўхшаш Кетбуға-нуённи қолдириб кетган. Салтанатимизга бостириб келаётганларга қарши уч йўлдан бирини танлашимиз лозим: ёки таслим бўлиш, ёки ҳаёт-мамот жангига киришиш, ёки Мисрни тарк қилиш. Маслаҳат беринг ёшуллилар, қандай йўл тутамиз?”

Кенгаш сўнггида Қутуз шундай фикр билдирди: “ Айни вақтда Боғдоддан Румгача бўлган ерлар ҳувиллаб қолган, улар на экин экиш ва бино қуришга ярайди. Агар биз биринчи бўлиб ёвга қарши юрмасак, унда йўқ бўлган бошқа салтанатларнинг куни Миср бошига тушажак. Самарқанд ва Ўтрор каби Қоҳира кули кўкка совурилажак! Ўртада Хоразм ва Мангуберди оға хуни масаласи ҳам бор! Қасос қиёматга қолмасин! Келинг, улар билан сўнгги жангга кирайлик, енгсак, мақсадга эришажакмиз, бошқача бўлса,келажак авлодларимиз қарғишидан омон қоламиз!” Буни бош амир Бийбарс Бундуқтарий қўллаб чиқди. Қолганлар ҳам қўшилди. Қутуз ўз қўшинига ҳаёт-мамот жангига тайёргарлик куришга фармон берди.

1260 йили 3 сентябрь куни Қутузнинг отлиқ қўшини Синай чўлини кесиб ўтиб, мўғулларнинг Ғазодаги бўлук(полк)ига қўққисдан ҳужум қилди. Кетбуға Қутузни тўхтатиш учун Назарет тарафга отланади. Унинг ҳисоб – китобларига кўра, Қутузнинг отлари чўлни кесиб ўтиш вақтида чарчоқдан толган, дам олишга эса жой йўқ! Чўл шароитида отларнинг хориши жангнинг тақдирини амалда ҳал қилар эди. Кетбуғанинг ҳисоб-китоби аниқ ва тўғри эди, бироқ хоинлик рўй берди: Акрадаги Франция валиаҳди Жюльен бошчилигидаги салбчи рицарлар кенгаши мусулмон мамулуклар билан тил бириктириб, диндошларига қарши кураш режасини тузиш мумкинлиги Кетбуғанинг етти ухлаб тушига кирадиган иш эмас эди. Охирги дақиқалардагина рицарлар диндошларига қарши очиқча курашишдан қайтишди, муртад бўлишдан қўрқишди, бу ҳиёнатлари учун Европада уларни ҳеч ким кечирмас эди. Бироқ фитна қонида бўлган рицарлар хиёнатнинг муғуллар сезмайдиган йўлини танлашди. Улар мусулмонларни Акра шаҳрига чорлаб, қўноқ қилишди, дам олиш ва ўзларини ўнглаб олишга барча шароитларни яратишди. Келишувга биноан, мамулуклар муғуллардан тортиб олинган отларни арзон гаровга рицарларга сотишлари лозим бўлди. Ўзларини рицар деб атаган фитначи ва олиб-сотарларнинг мўғулларга қилган хиёнатлари уларни Туркистонликлар назарида жирканч махлуқлар қадар тубанлаштирди. У даврда “Фитна бор жойда шайтон бор” –деган тушунча бор эди. Иблис билан эса ҳеч ким алоқа қилгиси йўқ эди. Шундан кейин мамулуклар хоин рицарларни асирга олмай қуйишди, қўлга тушганларини эгалланган шаҳар минораларидан пастга ташлашадиган бўлишди.

Қўшини ва отларига зарур дамни берган Қутуз Дамашққа ҳужум қилиш учун французлар ҳукмронлигидаги ҳудуд орқали Галилейга йўл олди. Кетбуға отлиқлари кавказдан етиб келган арман ва грузинлардан таркиб топган ёрдамчи қўшин билан Назарет ёнидаги Айни-Жалуд деган жойда Қутуз қўшинига қарши чиқди.

Чингизлилар доимо ўзларига тенг келадиган асосий рақиб деб Туркистонлик жангчиларни билишган. Жанг олиб бориш усуллари ҳам жуда ўхшаш. Енгилишган бўлса, фақат шуларга енгилишган. Тарих бу эллар қўшинларини Ўкуз (грекларда Окс, Амударё), Ёйиқ ёки Итил ёқасида эмас, бу сафар жуда узоқда – фитна яшнаган, хиёнат ўрчиган, турли эътиқодлар кесишган Яқин Шарқда яна юзма-юз тўқнаш келтирди. Икки томон ҳам яхши билар эди: мазкур мислсиз жангда енгилиш, асирга тушиш йўқ. Унда савашдан тирик қолган ютган, енгилган жон берган бўлади. Туркистонликлар енгилса, Миср чингизлилар қўл остига ўтади, мусулмонлар қатағонга учраб, диннинг нураши бошланади.

Қутуз икки қанот кучлари-баранғар ва жаванғарни жарликларга яшириб, асосий қўшинни майдонга олиб чиқди. Икки қўшин буюк туфон олдидан бўладиган сокинлик каби, эътиқодлар мувозанатига, буюк сулолалар, мамлакатлар тақдирига бевосита таъсир қилувчи, тарих ғидирагини ўзгартириб юборувчи омонсиз жанг бўлишини юракдан ҳис қилишиб бир муддат бир-бирига қараб тўхтаб қолишди. Сўнг улкан балобон ва довулларнинг ор-номус тўқнашувини англатувчи, юрак урушини қувватлантирувчи гумбури ва бўрининг жон олар чоғидаги увуллашини эслатувчи карнай садолари остида саваш бошланди. Қутуз ўртоғи Бийбарс қўмондонлик қилган отлиқ аванғар (авангард)ни Кетбуғанинг асосий кучларига қарши ташлади. Икки томон ҳам “ўрҳо!” ҳайқириғи билан бир-бирига ташланишди. Дастлаб отлиқлар шиддат билан жангга киришди, Бийбарс енгилаётгандек, ёлғондан чекинди. Кетбуға хатога йўл қуйди, ёвнинг кетидан қувди, жарликлар ортда қолган замон, у ердан отилиб чиқиб келган бўлук(полк) кучлари Кетбуға қўшини ортидан ҳужумга ўтишди, буни кутиб турган Қутуз Мангуберди ишлатиб Чингизни урган тулғама тактикасини қўллади, рақибнинг олдидан айланиб ўтиб ёнидан зарба берди, қуршовга олинаётганлигини курган муғуллар бир муддат аланглаб, хушёрликни йўқотди, шу замон Бийбарснинг лашкари қочишдан тўхтади, ёвга юзланиб Кетбуға қўшини манглайидан хужум қилди. Туркистон гладиаторларининг куни туғди, улар иймон учун, узоқларда қолиб кетган Хоразм, ёниб кул бўлган бошкент Самарқанд учун, бегуноҳ минглаб шаҳид кетган элдошлари учун асрлонлар каби жангга ташланишди, ўзларининг бор жанг санъатларини ишга солишди, бу урушни эмас, кўпроқ қилич ва найзаларни айлантириб уйналадиган рақсни эслатди. Мамулуклар Кетбуға қўшинидан ҳеч кимни омон қўймади. Жанг майдони яқинида бўлган жангалзорларга яширинган мўғул жангчилар Қутуз буйруғига кўра қамишлар билан ёқиб юборилди.

Найман амири байроқни асраб қолиш мақсадида туғни қўлида тутганча жанг майдонидан адир томон от солди, агар унинг арғумоғи найза билан санчиб ўлдирилмаганда, Кетбуға омон қоларди. Яраланган от қуласа-да суворий йиқилмади. Мамулуклар унинг устига ташланишди, қўлларини орқа қилиб Бийбарснинг олдига олиб келишди. Қўлга олинган найман ғолиб амирнинг юзига тик қараб шундай деди: “Арабнинг динига кирган, уларга сиғинган,ўз будунидан бадавийни устун қуйган, Тангрини унутиб, ҳеч бир турк англамас тилда дуолар ўқийдиган, Қултегин битигини араб хатига алмашган, султонини ўлдирган, эй турким! Мени ғиппа ўлдир, бўлмаса сени ўлдираман! Ўлсам, сенинг эмас, Тангри истаги билан бўлган деб биламан. Кўп қувонма. Хулакухон қўшини яқинда бингакдай бостириб келади, жовлик қирғинга беради, ҳамманг энангни кўрасан!”

Найман баҳодири Кетбуғанинг айтгани амалга ошмади. Хулакухон унинг хуни учун бостириб келмади. Чингизийлар орасидаги бошланган ўзаро урушлар 1301 йилгача давом этади. Бу даврга келиб мўғул баҳодирлари бир-бирларини қириб, тугатиб бўлишди.

Француз рицарларининг ҳиёнати Кетбуғанинг енгилишида катта аҳамиятга эга бўлди, бу мағлубият билан чингизийларнинг зафарли юришларига тарихий нуқта қуйилди, мўғулларнинг иши орқага кетди, мамулуклар кучайиб, насронийлар юришлари тўхтатилди. Қутузнинг ушбу тарихий ғалабаси эвазига Дамашқни ўз ичига олган Сурия туркистонликлар ҳукмронлигига ўтди.

Mуғомбир рицарлар ўзларининг шум сиёсатларини яна ишга солишди. Бийбарс олдига одам юборишди, аслида унинг султон бўлиши кераклигини айтишиб, Қутузга қарши қайрашди. Мўғуллар устидан қозонилган тарихий ғалаба эвазига Бийбарс Ҳалаб шаҳрига эга чиқишни режалаштирди. Бироқ Қутузнинг нияти бошқача эди. Бийбарснинг фикрича, айнан у ёвқур туркистонликларга бош бўлиб, 1244 йили Ғазода франк-сурия қўшинини тор-мор қилди, 1250 йили фарангларни енгиб шахсан француз қиролини қўлга олган эди, ўша вақтда Туроншоҳни ҳам айнан у ўлдирган эди. Кетбуғанинг ҳарбий босимини ҳам айнан у қайтара олди. Бироқ ҳамма обрў эътибор Қутузга тегди, барча хоразмшох авлодини кўкка кўтарар эди.

Хоразмшохнинг онаси Туркон хотин мўғулларга бас келадиган биргина баҳодир, невараси Жалолиддин Мангубердини онаси қипчоқ бўлмаганлиги учун ёқтирмас эди, Жалолиддинни тахтдан нари қилди ва шу билан Туркистон салтанатининг бошига етди.

Бийбарс Туркон хотин авлоди эди! Йўлдан озган Бийбарс қипчоқ амирлари билан тил бириктириб Қутузга суиқасд уюштирди. Мисрга қайтаётган Қутуз йўлда овни қумсайди. Шикор ортидан қувиб кетиб, соқчиларидан ажралади. Овлоқ жойга бориб тўхтаганда ёнига Бийбарс келиб, ўзига асира қизни канизакликка сўрайди. Қутуз рози бўлгач, Бийбарс султонига таъзим қилиш учун эгилиб борди ва нариги қули билан ғафлатдаги султонга қилич санчди. Қолган фитначилар отдан йиқилаётган Қутузга уқ узишди. Салбчилар ва чингизлилар енголмаган баҳодир Қутуз мана шундай оддий тарзда жон таслим қилди. Бу воқеа 1260 йил 24 октябр куни руй берди. Орадан жуда кўп вақт ўтди. Мазкур ғалати ва чиркин воқеанинг кўп жиҳатлари сирлигича тарих қаърида қолиб кетди.

Қутузнинг ўрнига ҳокимиятга келган Бийбарс фарангларнинг асл ниятини тушуниб етди, султонлик татимаган мамулук ўртоғини ўлдирганлик аламини бошқалардан олди. Мусулмонлардан бўлак ҳамма таъқиб остига олинди, айниқса насронийларга қийин бўлди. Уларнинг карвонлари назоратсиз қолган бадавий араблар томонидан толон-тарож қилина бошлади. Нубия шаҳри босиб олинди.1261йил Бийбарс аббосийлар шаҳзодасига фахрли саналган халифаликни таклиф қилди. Мазкур қўғирчоқ ҳукумат амалда мамулуклар ҳукмронлигига буйсуниб, Макка ва Мадина ҳам уларнинг бошқарувида бўлди. Бийбарс 1268 йили Антиохияни эгаллади, 1277 йили Албистонда чингизийлар устидан сўнгги ғалабага эришди. Европалик салбчиларнинг юришини муваффақиятли тарзда тўхтатди.

Бийбарс ўша йили қазо қилди. Айрим маълумотларга кўра суриялик амирни меҳмонга таклиф қилган Бийбарс қимизхурликдан кейин қаттиқ қурсоқ (қорин) оғриғига учраган, косани текширган табиблар қимиз қолдиғи таркибида захарни аниқлашди. Султон 13 кун қайт қилиб азоб билан жон берди. Бийбарс каби араб тилини билмаган ва унинг ўрнига тахтга ўтирган султон Қалаун 1289 йили Триполини, 1291 йили Акра, Тир, Сидон ва Байрутни қўлга олди.

Мисрда мамулуклар салтанати 1798 йилга қадар, яъни Наполеон бостириб келган давргача мавжуд бўлган.

Шу ерда “мамулук” сўзининг маъноси хусусида тўхталиб ўтиш керак. Айрим Европалик олимлар “мамулук” арабча “қул” маъносини англатишига урғу беришади. Бизнингча, халифаликнинг тақдирини ҳал қилиб келган, мунтазам қўшинга эга бўлга султонлар ўзларини қул деб аташлари ишончсиз даъво. Араб тилида қул маъносида абд ёки ғулом сўзлари ишлатилади. “мамулук” сўзи Шарқда туркий қўшин пайдо бўлгандан кейин, XII-XIII асрларда Миср ва Сурияда истеъмолга киритилган. Бу терминдаги аффикс –лик,-лук соф туркий эгалик, тегишлилик қўшимчаси ҳисобланади. Маму эса қорачой тилида бўри бўлиб, мамулук ёки мамлук “бўридек кучли” маъносини англатади. Буюк давлатнинг улуғ султонлари ўзларини қул маъносини англатувчи ном билан аталишига муҳтож бўлиши мантиқсизлик.

Биринчи араб жамиятшуноси Ибн Халдун (1332-1406) «Китаб ал-кибар» асарида мамулуклар ҳақида сўз юритар экан, мусулмонларнинг байрамли ва осойиштали ҳаёти тўхтаб, тақдир уларнинг бошига салбчилар ва мўғуллар босқинини солганда, тангри кучли туркий ўғлонлардан таркиб топган мамулуклар орқали Мисрни динсизларга собит турган сўнгги метин қалъага айлантирганлигини ифтихор билан қайд қилади.

Айрим мусулмон тарихчиларининг фикрича туркистонликлар ўз уйларида бор иқтидорини намоён қилолмайдилар, бироқ чет элда улар осонлик билан ўзларига йўл очадилар, юксак мартабаларга эришадилар. Мамулуклар мисолида биз бу фикрга яна бир бора амин бўлдик. Шу фикрни мирзо Бобурнинг моворауннаҳрда толеъсиз ҳарбий юришлар қилиб, бироқ Ҳиндда буюк империяга асос солганига нисбатан ҳам қўлласа бўлади.

Туркистонлик қаҳрамон асир-жангчилар Мисрда, Сурия ва Ироқ шимолида, шунингдек, Онадўлининг жануби-ғарбида қўним топишди. Ироқ шимолида ҳозирга қадар яшаётган хоразмлик мамулуклар авлодларини туркманлар, Онадўлида эса уларни хурзумлу деб аташади. Хурзумлулар Эгей денгизи қирғоғида жойлашган Маниса вилоятида яшаб келишмоқда.

Юлий Цезарь, Марк Антоний каби хоразм асир-жангчилари Мисрни эгаллаб, эҳромлар ва фиръавнлар ватанида бир неча юз йил ҳукмронлик қилишди. Инсоният тарихида муҳим бўлган воқеалар сабабчилари, гувоҳи бўлишди. Гарчи туркий тилда сўзлаб, фикрласаларда, Миср давлатчилигини, араб маънавий дунёсини, инсоният қулга киритган нодир илм-маданият ёдгорликларини босқинчилардан сақлаб қолишди, қадимги иншоотлар, куҳна кутубхоналар ёқилмади, бойликларга бурканган фиръавнлар мақбаралари толон тарож бўлмади. Музаффар Сайфиддин Қутуз шубҳасиз Мисрнинг энг буюк султонларидан бири сифатида тарихдан ўрин олди. Балки эрта суиқасд бўлмаганда унинг империяси довруғи Бобур шоҳники қадар шонли ва давомли бўлармиди.

Мисрлик ижодкорлар Қутузни мадҳ қилиб қатор бадиий-тарихий асарлар яратган. Жумладан ёзувчи Нуриддин Халилнинг “Сайф ад-Дин Қутуз-қоҳир ал-муғул [Муғулларни енгган Сайфиддин Қутуз]”асари 2005 йили Қоҳира босилиб чиқди, бундан ташқари Миср халқи Бийбарс ва Қутуз қаҳрамонликларини мадҳ қилувчи икки томли “Ас-Сира аз-захирийа”(Захирийнинг ҳаёт йўли) халқ романи яратишган. Унда Бийбарснинг онаси Хоразм маликаси эканлигига урғу берилганки бу жиҳат ҳам ўрганишни талаб қилади. Умуман олганда ўтмишда юқори табақага мансублик белгиси барс исмини қуллаш Хоразм одатий ҳол бўлиб, унга 16-17 асрларда Хоразмда ҳукмроник қилган султонлар Илбарс, Билбарс, Элбарс исмларини мисол тариқасида келтириш мумкин.

Мамулуклар даврида кўплаб илмий, тарихий, қомусий асарлар майдонга келди, илк мусулмон энциклопедиялари тузилди. Улуғ қурилишлар, мадрасалар, кутубхоналар бунёд этилди. Миср ҳукумати томонидан ёдгорлик сифатида ҳимоя қилиб келинаётган мамулуклар даврида қурилган улуғвор кошоналар, ҳашаматли бино ва иншоотлар Ҳиндистондаги Тожмаҳал каби ҳануз Қоҳирада виқор ва салобат билан Туркистонлик қаҳрамон гладиаторларнинг шонли тарихидан шоҳидлик бериб туришибди.

СамДУ доценти Эркин Мусурманов

facebook.com

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort