Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Собиқ депутат Насрулло Саййид Ўзбекистонга киритилмади

Собиқ депутат Насрулло Саййид Ўзбекистонга киритилмади
23 Nisan 2019 - 20:36 'да юкланди ва 321 марта ўқилди.

Ўзбекистонлик собиқ депутат Насрулло Саййид Ўзбекистонда ҳокимият алмашиши ортидан мамлакатга киритилмаган навбатдаги ватандошлардан бири бўлди. Тошкент аеропортидан ортга қайтарилган Насрулло Саййидга бу қарор сабаблари юзасидан изоҳ берилмаган.

Мамлакатни хориждаги имижини яхшилаш, ватандошларни ислоҳотларга жалб қилиш борасида ўтказилаётган тадбирлар баробарида юзага чиққан бу вазият янги ҳокимият сиёсий ислоҳотлар ўтказмаслигининг ишораси ўлароқ кўрилмоқда.

Канада фуқаролигини олган собиқ мухолифатчи, шоир ва ёзувчи Насрулло Саййид Ўзбекистонда бир қатор хориж давлатлари учун визали тартиб бекор қилинишига оид фармон қабул қилиниши ортидан ватанга қайтишга қарор қилган.

20-апрел тунини Тошкент аеропортида ҳуқуқ-тартибот идоралари сўрови остида ўтказган Насрулло Саййид 21-апрел куни эрталаб Тошкент-Истанбул йўналиши бўйлаб ортга қайтарилди.

2005-йилда қўзғатилган сиёсий айбловлар боис Ўзбекистондан чиқиб кетишга мажбур бўлган ёзувчига нега мамлакатга киритилмаётгани юзасидан аниқ изоҳ берилмаган.

Насрулло Саййид Ўзбекистонга киритилмаган хориждаги биринчи ватандош эмас. Аввалроқ Швеция фуқаролигини қабул қилган ҳуқуқ ҳимоячиси Муҳиддин Қурбонов, мухолафатга яқин кўрилган тадбиркор Бобур Ҳасан ҳам чегарадан ортга қайтарилган эди. Журналист, халқаро мукофотлар совриндори таниқли ёзувчи Ҳамид Исмоил ҳам Ўзбекистонга кириши тақиқланган шахслар рўйхатида бўлиб чиқди? Россия фуқароси сифатида визасиз кириш ҳуқуқига эга бўлишига қарамасдан, уни Тошкент аеропортидан Лондонга қайтаришган эди.

Айни пайтда сиёсий босимлар туфайли бир пайтлар мамлакатдан чиқиб кетган, лекин ҳокимият алмашиши ортидан Ўзбекистонга киритилган фаоллар ҳам кўп. Уларнинг айримлари ҳуқуқ-тартибот идораларида сўроққа тутилишидан сўнг, ортиқча муаммоларсиз мамлакатда бўлишган.

Хорижда сиёсий қувғинликда яшаётган ўзбек журналисти Нарзулло Охунжоновнинг айтишича, янги тузум хориждаги ватандошларга нисбатан сиёсатда ўзгаришлар қилган, аммо ҳаммага нисбатан эмас. Айниқса, ўтмишда сиёсий жараёнга аралашган мухолифатчилар бўлса, дейди у.

“Насрулло Саййид нимаси билан хавф туғдирди. . . У Андижон фожиалари ортидан чиқиб кетган, унгача “Екр” партиясининг Бухоро вилояти бўлими раҳбари бўлган. Лекин мухолифат тазйиқ остида бўлган даврда у бу лавозимда бирор фаолият қилгани йўқ, кейинчалик унга сиёсий айблов қўйишди, Дадахон Ҳасаннинг қўшиқлари билан боғлиқ. У боришидан олдин Ташқи ишлар вазирлигига ҳам мурожаат қилган, Ўзбекистонга бориш учун ҳатто Канада фуқаролигини ҳам оляпти, бу одам ҳаммасини қонун доирасида амалага оширган. Бу ерда ўз-ўзидан шундай хулоса келади, Каримов даврида ишлаган режим, айниқса, ҳуқуқ-тартибот идоралари режими ўзгармаган, мухолафатга, мухолифликка алоқадор бўлган одамларга нисбатан. Бундан тепанинг хабари йўқ, ҳеч ким билмайди, деган гаплар, бу бўлмайдиган гаплар. Агар уни эрталабгача олиб ўтирмасдан, сўроқсиз, зудлик билан қайтаришганда эҳтимол қилиш мумкин эди, аммо бундай эмас, шунинг учун бу бевосита президент ихтиёри билан, ортида Мирзиёевнинг ўзи турган қарор”, – дейди Охунжонов.

Насрулло Саййиднинг мамлакатга киритилмаслигидан сал олдин Ўзбекистонда хориждаги ватандошлар билан ишлашга доир ҳукумат дастури, ватандошларга виза бериш тизимига оид ҳужжат қабул қилинган эди. Ҳукумат хориждаги ватандошларни мамлакатдаги ислоҳотларга жалб этиш, турли соҳаларда ишлаётган ўзбекистонликларга ватанда имкониятлар яратишни мақсад қилган.

Бу дастурда хориждаги ватандошлар аниқ табақаларга ажратилмаган, аммо Ўзбекистон парламентининг собиқ депутати Насрулло Саййид билан боғлиқ ҳодиса хориждаги ватандошлар тоифаларга бўлинганини кўрсатади.

“Ҳукумат шартларига кўнганлар учун йўл очиқ. Насрулло Саййид бунақа тоифадан эмас, шунинг учун у чиқариб юборилган. Воқеалар силсиласи айнан шу нарсани кўрсатмоқда, бўлмаса энга Насрулло Саййидни ажратади, нечта одам келиб кетиб юрибди, улар орасида ҳам мухолиф қарашдаги фикрлар билдирганлар бор-ку. Бу ерда асосан ҳукуматга мойиллик масаласи, улар қўяётган, талаб ва шартларга кўниш, шунда йўл очиқ бўлади”, – деган фикрда журналист Нарзулло Охунжонов.

Мухолифатдаги “Эрк” партияси аъзоси Насрулло Саййид Ўзбекистондан 2005- йилда Андижон фожиалари ортидан бошланган тазйиқлардан сўнг чиқиб кетишга мажбур бўлган эди. Унга нисбатан тақиқланган материалларни сақлаш, тарқатиш айби бўйича жиноий иш қўзғатилган эди. Собиқ депутат 2006-йилдан буён Канадада сиёсий муҳожирликда яшаб келаётган эди.

Манба: amerikaovozi.com

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort