Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Адолатга қарши адолатсизликлар: таназзул ва мустамлака тизимининг келиб чиқиши

Адолатга қарши адолатсизликлар: таназзул ва мустамлака тизимининг келиб чиқиши
13 Mayıs 2019 - 8:00 'да юкланди ва 221 марта ўқилди.

Она юрт тарихининг кўтарилиш ва пасайиш даврларини илмий жиҳатдан таҳлил қилиш сўнгги икки-уч асрларда юз берган мураккаб тарихий жараёнлар ва ота-боболаримиз қандай қилиб ўз мустақиллигини осонгина йўқотгани сабабларини билиб олишимизга имкон яратади.

“Нима учун юртимизда IX-XII асрларда юксак тараққиётнинг кузаталиши билан бирга дунёга маълум ва машҳур бўлган олимлар етишиб чиққан, инсон ҳуқуқлари, шаъни қадр-қиммати ҳимоя қилинган-у, сўнгги уч асрда бу жараёнларнинг акси бўлган, халқ хўрланган, давлат ва жамият ўртасидаги мувозанат бузилган, хонлар амирлар фақат ўз ғами ва манфаати учун яшаган ва бизни мустамлакачилар осонгина қарам ўлкага айлантириб қўйган?” каби саволлар кўпчиликда туғилган бўлса ажаб эмас.

Бугунги тарихий адабиётларда хонликларни босиб олишдаги бош айбдор чор Россияси деб кўрсатилган. Бу гапда қайсидир маънода жон бор, аммо қудратли ва ўзини ҳимоя қила олиш қобилиятига эга, замон билан ҳамнафас бўлган, фан-технологияларнинг сўнгги ютуқларини ҳамма соҳаларга қўллай олган, давлатга ва эл-халқ учун хизмат қилган давлат, унинг ҳукмдори ва маъмурий тузумларига ким ҳам дахл қила олиши мумкин эди?

Чор Россияси халқнинг қаттиқ қаршилигига қарамасдан бу ерни осонгина қўлга киритишининг сабаблари нимада эди?!

Нима учун тарихда йигирма етти давлатни бирлаштирган улкан салтанат тузган, Евроосиё ҳудудларида адолат ўрнатиб, турли миллат ва элатларни бирлаштирган ота-боболаримиз орадан маълум муддат ўтгач, қарамлик исканжасига тушиб қолди?

Биз аждодларимизнинг мустамлакачилик тўрига тушиш сабабларини ўрганишда ўша даврда жаҳонда ва юртимизда рўй берган баъзи жараёнларни кўриб чиқишни лозим топдик.

Ўрта Осиёда XIII асрнинг биринчи чорагидан то XIV асрнинг 70 йилигача бўлган даврни ҳам мустамлака даври бўлган деб ҳисоблаш мумкин. Ўша даврда ҳам Ўрта Осиёдаги геополитик муҳит таранглашган, марказий ва маҳаллий ҳукмрон доиралар таназзулга юз тутган, мўғуллар юриши сабабли бу ўлканинг сиёсий харитаси бутунлай ўзгариб кетганди. Энди дунёга ўнлаб-юзлаб олимларни етишириш тугул, мустақиллик ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас эди. Мўғулларгача бўлган ва мўғуллар давридаги геосиёсий ҳолат, Ўрта Осиёдаги давлатчилик тарихи ўртасида еру осмондек фарқ бўлган.

Шундай қудратли Хоразмшоҳлар давлати етти иқлимга донғи таралишига ва катта имкониятларига қарамасдан нимага осонлик билан мўғулларга енгилди? Улар душманнни тор-мор этиш учун катта имкониятларга эга эди-ку?!

Ўша замонларда катта кучга айланган Хоразмшоҳлар давлатида адолатдан адолатсизликлар томонга оғишлар бўлган, саройда гуруҳбозликлар, уруғчилик, маҳаллийчилик ва мансабпарастликлар авжига чиққан эди. Мамлакат ўзаро ички низолар ва манфаатпарастлик туфайли ичдан зил кетаётганди. Азалдан заифлар кучлиларга ем бўлганини инобатга олсак, Хоразмшоҳлар давлати ҳам ташқаридан қудратли кўрингани аслида ичдан тўкилган давлатга айланиб қолганди. Маҳаллийчилик, уруғчилик, бойликка ружу қўйиш бошқарувдаги оғишларга сабаб бўлган. Бўлиниш юз берган жойда албатта бошқа бошқаларга ем бўлиш хавфи пайдо бўлади. Мамлакатни бошқараётган сиёсий кучлар ўзаро бирлашмаган бўлиб, давлат бошқаруви ҳам эскича усулларда олиб бориларди. Амалдорларнинг ўзаро зиддиятлари ва бошбошдоқликлари, воқеларни адолат кўзи билан таҳлил қила олиш қобилиятининг йўқлиги ушбу минтақанинг мўғул босқинчиларига осонгина ем бўлишига олиб келди.

Муҳаммад Хоразмшоҳ Хоразм довруғини кўтарганидан сўнг, у ўзига ортиқча бино қўйиб, ўзини “Искандари Соний”, “Аллоҳнинг ердаги сояси” деб улуғлашни буюради.

Шоҳнинг катта қўшин тузиб, тўхтовсиз олиб борган бесамар урушлари, бунинг асоратли оқибатлари, энг аввало, мамлакат халқининг тинкасини қуритаёзганди.

Бунинг устига маҳаллий ҳокимлар, бек-амалдорларнинг ўзбошимчалик билан халқ бошига солаётган беҳад жабр-зулми, бунга жавобан юз бераётган халқ ғалаёнлари (масалан, 1206-1207 йилларда Бухорода, 1212 йилда Самарқандда кўтарилган қўзғолонлар) салтанатнинг ичдан емирилишига сабаб бўлмоқда эди. Сўнгра олий ҳокимият ичидаги кучли мухолифатчилик ҳаракати, хусусан, Хоразмшоҳ билан унинг онаси Туркон Хотун тарафдорлари ўртасидаги очиқ-ошкор тарздаги сиёсий кураш ҳам Хоразм давлатининг беқарорлик ҳолатини яққол кўрсатарди. Қўшни Хоразмшоҳлар давлатида кечаётган бу хилдаги чуқур таназзуллик ҳолатларидан тўла хабардор бўлган, ундаги барча жараёнларни ўзининг махсус жосуслик маҳкамаси орқали синчковлик билан кузатиб турган Шарқдаги бошқа бир қудратли мўғул давлати ҳукмдори Чингизхон эса катта ҳарбий тайёргарлик кўриб, тез орада Мовароуннаҳр сарҳадлари томон истилочилик урушларини бошлашга чоғланаётганди.

Аслида Хоразмшоҳлар мўғулларга нисбатан катта кучга ва имкониятларга эга бўлгани ҳолда, ҳарбий қисмларни бирлаштириб, қарши кураш тактика ва стратегияларини ишлаб чиқмаганлиги, адолат тарозусидаги оғишлар, мансабдорлар ва энг асосийси халқнинг нинг ички руҳий холати ва норозиликлари туфайли заифлашган эди.

Адолатсизликка асосланган жамиятлар тарихда таназзулга учрагани қўпчиликка маълум. Адолатсизликлар туфайли юз берган ана шу таназзул туфайли мўғул босқинчилари ҳам юртимизда хунрезликларни амалга оширдилар. Бутун бошли тамаддун гултожи бўлган шаҳарлар вайрон этилди, халқ қирилди, кутубхоналар ёндирилди, сув иншоотлари бузиб ташланди, иқтисодий ва маънавий ҳаёт инқирозга юз тутди. Иқтисод издан чиқди, халқ хўрланди. Ана шу шароитда ота-боболаримиз ажнабийларнинг муросасиз муносабатларига кўнишга мажбур бўлди. Адолат қарор топган даврларда тараққиёт ва шон-шавкат, иқтисод, сиёсат, маданият, илм-фан равнақи кучли бўлган. Ундан оғишлар юз берганда не-не салтанатлар қулаган, тамаддунлар инқирозга юз тутган, давлат ва жамиятда хунрезликлар, даҳшатли қисматлар ҳукмрон бўлган.

Мўғул босиқинчилари юртимизда 150 йил давомида ҳукмронлик қилдилар ва бу ердаги минг йиллар давомида тўпланган моддий ва маънавий меросимизни топташга интилдилар.

Мўғуллар зулми ва маҳаллий бошбошдоқ ҳокимларнинг адолатсизликлар туфайли аждодларимизнинг бошига қора булутлар ёпирилиб келди, ўзгаларнинг бу муаззам ерда ҳукмрон бўлиши туфайли ота-боболаримиз хўрлик ва қарамлик исканжасида қолдилар.

Биргина адолатсизлик давлат ва жамиятларни бор ёки йўқ, обод ёки хонавайрон этишини тарих сабоқлари бизга кўп марта исбот этган. Адолат давлат ва жамиятнинг устунидир.

Адолатдаги оғишлар туфайли халқ бошига келган катта ва бир қарашда енгиб бўлмас куч бўлиб кўринган мустамлака тизими шаклланди ва энди уни йўқ қилиш ўта оғир масала эди.

Худди шу улкан ва ўта аҳамиятга молик тарихий миссия Соҳибқирон Амир Темурнинг зиммасига тушди. У халқни ва юртимизни эзиб турган адолатсизлик, зулм, хўрлик, тарқоқлик ва бошбошдоқликларнинг олдини олишда жидду жаҳд кўрсатди, мамлакатда мустақиллик байроғини кўтарди.

Амир Темур даврида адолат ўрнатиш масаласи ҳаёт-мамот муаммосига айланган ва айнан унинг ҳар соҳаларда қўлланиши сабабли, қисқа муддатда юртимизда буюк туб бурилишлар юз берган. Амир Темур давлати йигирма етти давлатни ўз ичига олган улкан салтанатга айланиб, айтишларича унинг у четидан бу четига қадар отда 6 ой мобайнида етиб бориш мумкин бўлган улкан ҳудудларда ҳам бир болакай бошида бир товоқ олтинни бошига қўйиб юрганда ҳам ҳеч ким тега олмайдиган даражада қонун устуворли ва адолат ўрнатилган.

Амир Темурнинг давлат муҳрида “куч адолатдадир” шиорининг бўлиши ҳам давлат бошқаруви асосида тўғрилик, ҳақ, ҳақиқат, барчага меҳр-шафқатили ва тенг қараш тамойиллари устувор бўлганини кўриш мумкин.

Соҳибқирон Амир Темур “адолат подшоҳ қудратининг асосидир” деган шиор билан давлатни бошқарган ва Оқсаройдаги ёзувда ҳам ушбу пурмаъно сўзлар такрор-такрор ёзилган эди.

Лекин Амир Темурдан кейин айнан ана шу адолат тамойилининг бузилиши, унинг васиятига амал қилмаслик, мамлакатни ва жамиятни адолатли бошқаришда бардавом бўлмаслик натижасида яна Амир Темур даврида бирлашган, юксак даражада равнақ топган юртга четдан бошқа сулола вакилларининг даъвогарлик қилиб кириб келишига замин яратди. Аслида хонликларнинг келиб чиқишида ана шу темурийлар давридаги тарқоқликлар, адолатдан оғишлар ва зиддиятларнинг ҳам ўрни бор. Чунки адолатсизлик бор жойда, кўпгина иллатлар бўлади: поракандалик, ўзбошимчалик, бўйсунмаслик, қонунларга риоя этмаслик, зулм, хўрлаш, бўлиниш келиб чиқади. Бу иллатлар аслида юз йиллар давомида газак отди ва пировардида Ўрта Осиёда яна янги геосиёсий тартиботлар ўрнатилишига сабаб бўлди.

Шайбонийхон даврида ҳам геосиёсат, сиёсий хариталар бутунлай ўзгариб кетди. Агар Темурийлар бирлашганда ва боболари Амир Темурнинг юрган йўлини давом эттирганларида, унинг ўгитлари ва васиятига амал қилганларида бундай холатлар юз бермаслиги мумкин эди. Натижада Ўрта Осиё учта хонликка бўлиниб кетди, бу ҳудудда бир-бирига қарама-қарши катта-катта кучлар шаклланди. Зиддиятлар туғиб берган хонликлар даврида адолатсизликлар туфайли юз берган инқирозлар янги тўлқинлар билан бошланди ва уларнинг охири кўринмади. Хонликларнинг ички ва ўзаро курашлари, давлат ва жамиятда адолатсизликларнинг урчиши, бу ердаги сиёсий тузумларнинг ичидан зил кетишига замин яратди.

Ўша даврда Европада қандай ҳолат юз бераётганди? Уларда ҳам шундай жараёнлар намоён бўлмоқда эдими ёки тараққиёт сари дадил одимлар ташланаётганмиди? Тарихий параллеллардаги вазиятлар қандай эди?

Ўрта Осиёдаги худди шу каби бўлинишлар ва оғишлар юз бераётган ва кундан-кунга бу жараёнлар чуқурлашиб бораётган бу вақтда Европа жамиятида адолатли жамият ўрнатишга интилиш, социал-демократик ҳаракатлар ривожланаётган, инсон ҳуқуқлари борасида дадил қадамлар ташланаётган ва қонунчилик соҳасида ҳам катта ўзгаришлар юз бераётганди. Том маънода Европада инқилобий ўзгаришлар юз бераётганди. Хусусан, фан ва технологияларга асосланган ишлаб чиқариш, бозор муносабатлари жадаллик билан ривожланаётганди. Европада саноат ишлаб чиқаришининг дастлабки ўчоқлари Англияда пайдо бўла бошлаганди. Биз таърифлаган капиталистик жамиятнинг классик усуллари ана шу ерда қулоч ёза бошлаган ва бошқа давлатларга ҳам бу жараёнлар тарқалиб кишилар янгича ҳаёт тарзи, ишлаб чиқариш ва технологияларни ўзлаштираётганди. Европада ишлаб чиқариш, буғ машиналари, капитал жамғариш, оғир ва енгил саноат жадаллик билан ривожланиб борди.

Бу эса хом ашёга талабни оширган ва тайёр маҳсулотларни сотиш учун кенг бозорлар ҳам керак эди. Бу эҳтиёжлар чет эл мустамлакачилик сиёсатини олиб бориш заруриятини туғдираётганди. XV асрнинг охирига келиб ишлаб чиқариш кенг суратларда ривожланиб янги географик ҳудудларни эгаллаётганди. Шу туфайли ана шу маҳсулотларни сотиш ва аввало маҳсулот етказиб берувчи ҳудудлар керак эди. Ана шу зарурат мустамлака тарихини бошланишига сабаб бўлган энг йирик омиллардандир. Европада олтин васвасаси бош кўтарди ва жамиятнинг бой табақалари онгида узоқ Ҳиндистонда чеки йўқ олтинлар борлиги ҳақидаги миш-мишлар тарқалганди. Европалик ҳукмрон доиралар ва тадбиркорларда ана шу бойликларга эгалик қилиш ҳаваси пайдо бўлганди. Уларнинг талаб ва эҳтиёжларига жавоб бериши лозим бўлган Буюк Ипак йўли Европаликларнинг мақсадларини амалга оширишга тўсқинлик қиларди. Бунга сабаб Буюк ипак йўли устида жойлашган Шарқ давлатлари йўлларни эгаллаб олиб, катта божу солиқларини жорий этгандилар. Бунинг устига йўллардаги қароқчиликлар ҳам кучайиб кетганди. Европада етишиб келаётган вазиятни катта дарё ўзанига ўхшатиш мумкин эди. Бу ўзан бошқа жойдан бўлса ҳам ўз жойини топиб кетиши аниқ эди. Европада катта тўфон кўтарилаётганди. Хомашё ва бозор талаби бошқа йўлларни очиш давр заруруриятини ҳаёт-мамот масаласига айлантирганди. Европаликлар денгиз йўлларини очиш устида тинмай ўйлай бошладилар. Ҳатто Христофор Колумб Абу Райҳон Берунийнинг жаҳон харитаси ҳақида ҳам билар эди. Унда сув ортидаги қуруқлик ҳақидаги гипотезалар баён этиб асослаб берилганди. Испания ҳукумати янги ерларни ўзлаштириш ва олис Ҳиндистондаги мўл-кўл бойликларга эга бўлиш учун Христофор Колумбнинг денгиз саёҳатини молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлайди ва 1492 йилда Колумб Ҳиндистон деб ўйлаб янги Америка қитьасига бориб қолади. Кейинчалик Магелланнинг дунё бўйлаб саёҳати, бошқа Европа давлатларининг денгиз йўлларини ўрганиб олишлари натижасида уларда Буюк Ипак йўлига бўлган эҳтиёж камайди. Бу эса Буюк Ипак йўлининг аввалги аҳамиятини анча-мунча пасайтирган. Карвон йўлларида жойлашган шаҳарлар ҳам бири-кетин орқага қараб кета бошлаган. Тўғри, унинг баъзи тармоқлари ишлаб турган, лекин бу аввалги ҳолатдаги тараққиётни ушлаб тура олмасди.

Дунёни бўлиб олиш ва қуролланишга зўр бериш ҳаракатлари ўша даврдаёқ бошлаб юборилганди. Бу каби шиддатли тараққиёт даврида хонликлар ҳудудлар учун ўзаро тинимсиз урушлар қилдилар, аниқ фанлар ривожига эътибор бермадилар, бошқа давлатларда рўй бераётган ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ўзгаришларни ўрганмадилар, табиий, илмий ва технология соҳаларига эътиборсиз бўлдилар.

Бу пайтда халқаро майдонда очкўзлик, бойлик ва таъсир доирасини кучайтириш васвасалари катта-катта минтақаларга хавф сола бошлаганди. Шуниси ҳайратланарлики, бундай қалтис ва ўта хавфли шароитларда хонлар ўзаро бирлашиб курашиш ўрнига, маълум ҳудудлар ўртасида ўзаро жой талашишар, урушларни кучайтирдилар. Уларнинг ўзлари халққа тескари намуна бўлиб адолатли бошқарувдан адолатсизлик томонга кундан-кунга оғиб бора бошлаганди. Адолатсизликларнинг мавжудлиги аслида давлат бирлиги, хотиржамлиги ва тинчлигига хавф солиши, қуролланиш пойгасининг бошланиши уларга ўлим ҳукми ўқиш учун етарли холат эканлигини хонлар ва сарой аҳллари ақл кўзи билан кўра олмадилар.

Аслида Европа ва АҚШнинг кўтарилишига ўша даврнинг саноат инқилобларини бошлаб берган илмий-техника ютуқлари – инновациялари сабаб бўлганди. Демак интеллектуал салоҳият бугун ҳам улар тараққиётининг пойдевори эканлигини назардан қочирмаслигимиз керак. Ана шу интеллектуал салоҳият пойдевори хонликлар даврида умуман қурилмади. Улар янги технология, илм-фан, иқтисодий ўсиш, менежмент, маркетинг, капитал жамғармалари деган тушунчалардан нари бўлдилар.

Энг даҳшатлиси шундаки, улар ўзаро жой ва тахт талашиш билан асрларни бой бердилар. Хонларнинг ўзи халққа ўрнак бўлмаганлиги туфайли жамиятда турли аҳлоқий бузуқликлар, адолатсизликлар томонга қадамлар ташлана бошланди. Энди “бир бола бошида тилла лаган қўйиб юрса ҳеч ким тега олмайдиган” замонларни одамлар ҳавас қилиб яшардилар. Пайҳон бўлган экинлар, қашшоқлик, зулм ва ноҳақлик чангали Туркистон халқини ёстиғини қурита бошлаганди.

Дунёни бўлиб олиш васвасаси бошланган пайтда бу ерда Англия ва Россиянинг маъданшунос, биолог, химик, географ ва бошқа олимлари ўлканинг стратегик хариталарию ер усти ва ер ости бойликларини ўрганиб улгуришди. Шу пайтда ҳозирги АҚШ ҳудудларида фуқаролар уруши бошланиб қолди. Россия пахтани Америкадан оларди. У Туркистон толасидан кўра 30 баробар қиммат нархда империяга кириб келарди.

Англия жадаллик билан Ўрта Осиёни қўлга киритиш режасини амалга ошира бошлаганди. Россия ҳам бу ерга осонгина кириб келиш режасини тузишга ўтди. Россияда бу даврда енгил саноатнинг ривожланиши хомашё ва бозорга бўлган талабни оширди. Инглизларнинг фаоллашиб қолиши уларнинг режаларини тезлаштиришига сабаб бўлди. Дунёни бўлиб олиш қонунига кўра, жаҳон харитасининг бўлинмаган қисмларига “ов” жараёнлари кучайиб кетганди. Бу жараёнларга огоҳ қа сергак бўлиб қарамаган, бирлашмаган, ўзаро урушлардан “ҳузурланган” хонликлар жаҳон мустамлакачилик тизимидаги ўлжаларнинг бир қисмига айланиб, уларнинг бошқалар томонидан босиб олинишига сабаб бўлди.

Уч хонлик (бўлиниш) замони Турон ўтмишининг энг оғриқли-ўкинчли давридир. У вактлардаги ўзаро ноааҳиллик, биродаркушлик, фиску фасод ва фитналар, айш-ишратбозлик, улуғ насабчилик, шовинизми, уруғ-аймоқчилик ва маҳаллийчилик, мутаассиблик, қолипга туширилган феодал тартиб-коидалар хамда қолоқ аграр тизим ва бошка салбий омиллар ўлкани жар ёқасига келтирганди. Ўша хатоликларни такрорламаслик учун биз хонликлар даври тарихини обьектив ёритиб, ёшларимизга етказишимиз, уларни ўзаро иноқлик, ҳамжихатлик, озод ва обод Ватан такдирига масьул бўлишга ундаб, уларнинг замон билан хамнафас туриб дунёда ўз сўзи, иши ва кучини кўрсата олиши учун тўғри йўналишлар беришимиз лозим.

Шоҳиста Ўлжаева

facebook.com

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort