Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Фарғонанинг зотли отлари (ўтмиш ва ҳозирги замон)

Фарғонанинг зотли отлари (ўтмиш ва ҳозирги замон)
15 Mayıs 2019 - 7:00 'да юкланди ва 232 марта ўқилди.

ФАРҒОНАНИНГ ЗОТЛИ ОТЛАРИ (ЎТМИШ ВА ҲОЗИРГИ ЗАМОН)

Бундан бир аср аввал ер куррасида қарийб юз миллионга яқин от бор эди. Эндиликда уларнинг сони 30 млн.га қадар камайган, чунки отлар ўрнини машиналар эгаллаган. Лекин шунга қарамай ер куррасининг турли минтақаларида отлар ҳали ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ.

Отлар табиатнинг ажойиб инъоми бўлиб, ўзида хушқадлиги қудратини, улуғвор мазмунлиг-у тезкорликни мужассан этган. Ўзбек халқида шундай гап бор: “От минганга инсу жинслар яқинлаша олмайди ,чунки отда дев бўлиб, инсу жинслар отнинг девидан қўрқади”, – деб таъкидланади. Ҳатто одамлар учишга қодир қанотли отлар борлигига ишонишган. Самовий отлар тўғрисидаги афсоналар Ўрта Осёнинг турли минтақаларида оғиздан оғизга кўчиб юрган.

Хитой сайёҳи Чжан Цзян (мил. авв. II аср ) Довоннинг (Қадимги Фарғона) учар отларига доир ёзма маълумотлар қолдирган.

Довоннинг машҳур “самовий отлари” тасвирлари туширилган қоятош суратлари бизнинг кунларимизга қадар сақланиб қолган. Хусусан, Ўшдан 8 км узоқликдаги Айримчатовнинг қоя адирларида 30 та чиройли зотдор отларнинг тасвирлари бор. Худди шунга ўхшаш тасвирлар Марҳамат яқинидаги Аравон қоясидан, Навкат воҳаси ва Обиширсойдан ҳам топилган. Қояларда тасвирланган отларнинг аксарияти чайир, яғрини баланд, оёқлари алифдек, мўъжазгина каллали, узун оҳистагина эгилган бўйинли бўлиб, зотли отнинг ўзига хос белгиларидир [1, б.101].

Бу суратлар эҳтимол отга топиниш аломатлари бўлиб, улар муайян илоҳга, эҳтимолки, Қуёшга бағишланган бўлиши мумкин.

Геродот ўз давридаёқ (мил. авв. V аср) “массагетлар Қуёшни улуғлашади, унга атаб отларни қурбонлик қилишади. Бундай қурбонликни моҳияти шундай: улар шоҳларнинг энг шиддатлисига ҳайвонлардан энг шиддатлисини бахшида этишади” дегани бежиз эмас.

Довон ҳукмдорининг уйида олтиндан ясалган от ҳайкали туриши ҳақидаги Хитой маълумотлари шундан далолат беришади [2, б.93].

Хитой элчиси Чжан Цзян Довон давлатида бўлганида “самовий тулпорлар”га алоҳида эътибор берган. Унинг таърифича, бундай отлар гўёки қон билан терлайди. Хитой тарихидаги бир ривоятга кўра эса “самовий тулпорлар”ни кўрган Хитой императори У Ди (мил. авв. 140-87 ) машҳур Хитой подшоси Мувонг (мил. авв. 1001-947) каби тулпор отларга миниб, Ғарбга саёҳат қилишни орзу қилади. Орзуга етишиш иштиёқида у фол очтирганида, фолбин “хосиятли отлар кунботар томондан келади”, деб айтганмиш. У Дининг Хитой манбаларидаги Мувонг қилган ишларга қизиқиши бежиз эмас эди. Чунки Мувонг Хитой тарихида кўп ғаройиб ишлари билан машҳур улуғ инсон сифатида тасвирланади. Ривоятларда у Мутайзи номи билан 8 та тулпор қўшилган соябонли аравада Ғарбга саёҳат қилиб, авлиё она Шивангму ҳузурида меҳмон бўлган. Хитой тадқиқотчилари таҳлилига кўра, Шивангму Ҳиндистон ва Жанубий Туркистон заминида 4-5 минг йиллар муқаддам (Ҳиндистонда “Ума”, Туркистонда “Умай” номи билан) боқий ҳаёт рамзи, илоҳийлашган она образи сифатида тасвирланади. Умай онани зиёрат қилиш учун “Тулпор отлар” ёрдамида қушдай учиб, булутларни ёриб ўтиб, минг чақирим йўллар босиб у (Умай она) турган манзилга етиб бориши мумкин эди. Ривоятни тарихий ҳақиқат деб тушунган император У Ди машҳур Дайюан тулпорларини қўлга киритиб, хоқонлик шуҳратини оширсам, “Дунё ҳукмдори”, “тангрининг ўғли” деб таниламан, деган орзу-ҳавасга берилади [3, б.173–174]. Шу боис у Довон давлатига юриш қилганлиги бизга маълум.

Шундай қилиб мил. авв. II асрда Довон отлари тилга олинади, сўнгги маълумотлар эса Фарғонадан император саройига элчилар совға олиб келган 479 йилга оид. Лекин зотдор отлар ҳақидаги маълумотлар кейинчалик ҳам тилга олинади.

“Таншу” Хитой йилномасида Хутталонда ажойиб отлар борлиги ҳақида маълумот келтирилган. Хутталон “самовий отлари”нинг келиб чиқиши ҳақидаги ривоятга махсус бағишланган IX аср араб географи Ибн Хордадбекнинг ҳикояси эътиборга лойиқ. Унинг сўзларига қараганда ўша вақтларда ана шу ерларнинг эгаси Бикнинг кўплаб байталлари бўлиб, уларни яйловларга юборар эди. Туш вақтида улар булоқ ёнига келиб, дарахт соясида дам олишарди. Кунлардан бир куни чўпон уйғониб қараса, отлари орасида ҳаддан ташқари узун, улкан отга кўзи тушади. У кўз узмай отни кузата бошлайди. Қош қарая бошлаганда от бирдан булоққа булоққа тушиб, ғойиб бўлади, чўпон ҳайратдан ҳанг-у манг бўлиб қолади. У кунлардан бирида бу отнинг бошқа отлар билан биргаликда булоқдан чиқиб келгунига қадар эринмай уни кузатишда давом этади. Бу отлар яйловда унинг бошқа отлари билан доимий ўтлайдиган бўлибди, натижада номдор, хушқад қулунлар дунёга келибди.

“Самовий отлар” шу алфозда вужудга келган. Санкт-Петербургдаги Эрмитажда сақланаётган Юнон-Бақтрия даврига мансуб от ва сув ўсимликлари тасвирланган кумуш чойидиш ана шу ривоят учун яққол мисол бўла олади. Чойидиш тубида бамисоли кўлни эслатувчи очилган нилуфар кўринишидаги безак бор.

Отни сув билан боғловчи афсонанинг яратилиши тасодифий эмас. Зеро Ҳинд-Эрон халқлари мифологиясида қулун сув ўсимликларининг илоҳийлигини ифодалайди ва сувдан пайдо бўлган яшин рамзи ҳисобланади [2, б. 95].

Яна шундай ҳикоя (ривоят)лар Наманган вилояти Янгиқўрғон туманидаги Заркент, Порамон ҳамда Чортоқ туманидаги Ҳазратишоҳ қишлоқларида ҳам мавжуд. Порамонлик Жўрабой ота Тошматовнинг ҳикоя қилиб беришича, Порамондаги Ўнғор тоғи ва Қирғизистондаги Боспи (халқ тилида Бўстин Бува) тоғида бир чавкар от бўлган экан, у от жудаям хушбичим бўлиб, оёқлари узун, кўкраклари кенг бўлган экан. Бу от ҳақида шу ердаги маҳаллий бойлар билгач уни қўлга олиш пайига тушибдилар, у от ҳар куни Ўнғор тоғи устидаги булоққа сув ичгани келар экан. У булоқлар иккита бўлганлиги сабабли отни сув ичгани қайси бирига келишини билмай, бойлар уни битта булоққа сув ичгани келадиган қилиш учун бир булоқни устига кигиз ташлаб сув йўлини тўсадилар, иккинчи булоқ олдига отга тузоқ қўядилар. Лекин отни қўлга тушира олмайдилар ва улар булоқни батамом қуритиб отни ҳолдан тойдириб қўлга олмоқчи бўлдилар. Шу мақсадда иккинчи булоқ устига ҳам кигиз бостириб, уни ҳам тўхтатадилар, лекин отни барибир қўлга ололмайдилар ва ўзларини энг зўр бияларини шу тоққа қўйиб юборадилар. Натижада шундай кўркам тойчоқлар (қулунлар) вужудга келадики, улар ўзларининг чопқирлиги билан кишиларни лол қолдиради. Жўрабой ота яна шуни айтдики, булоқдан сув чиқмай қолгандан сўнг, бу булоқ суви йўналишини ўзгартириб ҳозирги Чортоқ туманидаги Балиқкўл қишлоғидан чиққанлигини таъкидладилар. Бу фикрни шу қишлоқдаги Ирисов Мусажон ота ҳам тасдиқладилар. Бу беркитилган булоқ ўрни ҳозир ҳам мавжуд бўлиб, у Ўнғор тоғидаги Ёмонжар қоясининг устида жойлашган. Бу Балиқкўлга борадиган сувнинг гулдураган овозини Ўнғордаги Кунтегмас қояси тагига қулоқ солса ҳам эшитиш мумкин, деб таъкидладилар. Бунга мисол қилиб 60-йилларда руслар бу ердан сув йўли ўтганлигини билганларидан сўнг бу қояни портлатиб, сувни шу ерга чиқариб, дам олиш манзилгоҳларини қурмоқчи бўладилар. Лекин бу ердаги қишлоқ оқсоқоллари бунга қаттиқ қарши чиқадилар. Улар агар бу сув Порамондан чиқариладиган бўлса, Балиқкўл, Бештол каби қишлоқлар сувсизликдан хароб бўлиши мумкинлигини айтадилар. Шу тариқа бу сув йўлига руслар тегмайди ва ўз ҳолича қолдирилади [4, б. 2].

Бу айтилган воқеа ҳақиқатдан ҳам бўлиб ўтган дейиш мумкин, чунки бу фикрларни Заркент ва Ҳазратишоҳ қишлоқларидаги ёши улуғ отахонлар ҳам тасдиқладилар. Ирисов Мусажон ота айтишига қараганда, 70-йилларда Порамон қишлоғидаги Ҳамравой деган улоқчи одамнинг оти бўлган. Қаерда улоқ бўлса, бирор маротаба улоқсиз қайтмаган. У отнинг ишқибозлари жуда кўп бўлиб, у от худди биз юқорида таъкидлаган отларга ўхшаб кетган.

Ҳозирги кунимизда ҳам бундай отларни учратишимиз мумкин. Масалан, Заркент қишлоғида яшовчи Акбаров Абдуғофур отанинг айтишича, у киши отга жудаям қизиқганлар ва улоқларга борганлар. Абдуғофур ота 1974 йилда ҳозирги Қирғизистондаги Початадан саман тойчоқ сотиб оладилар. Бу тойчоқни тез орада харидорлари кўпаяди. Ота уларни рад этиб, отни ўзи мина бошлайди. Отани сўзларига қараганда, бу от жудаям чопқир бўлган: “бу отни тўрт йил минган бўлсам бирор маротаба унга қамчи урмаганман, оёқ ниқтасам бўлди, жуда тез чопарди”. Абдуғофур ота: “Ман бу отга Устихондан6 миниб, бир оёқ ниқтасам, Порамонга етиб борардим”. Абдуғофур ота 1978 йилга келиб пулга эҳтиёж сезганликлари сабабли 2500 сўмга, яъни битта “Жигули” автомобили нархига сотиб юборганларини айтдилар. Абдуғофур ота ўз отларини кузатганларида, отнинг орқа оёқлари олди оёқларидан ҳам ўтиб кетган экан. Бу чопқир отларга хос хусусият ҳисобланади.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Фарғона водийси ўзининг зотли арғумоқлари билан қадимдан машҳур бўлган. Ҳозирги кунда ҳам бу отларнинг авлодлари сақланиб қолган дейишимиз мумкин.

Адабиётлар:
1. Эшов Б. Ўзбекистонда давлат ва маҳаллий бошкарув тарихи. –Т.: Янги аср авлоди, 2012.
2. Анорбоев А. Довоннинг самовий отлари // Фан ва турмуш. № 3-5, 2008.
3. Асқаров А. Ўзбек халқининг этногенези ва этник тарихи. –Т.: Университет, 2007.
4. Дала ёзувлари. Порамон қишлоғи. Мусажон Ирисов, 85 ёш; Жўрабой Тошматов, 81 ёш; Мирзавалиев Ўсмонбой, 81 ёш.

Жавлон Мирзавалиев
(Наманган, Ўзбекистон)

facebook.com

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort