Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Тақдир сўқмоқлари

Тақдир сўқмоқлари
15 Mayıs 2019 - 8:00 'да юкланди ва 369 марта ўқилди.

“Оқмачитдаги бозордан зотдор сигир сотиб олдим”, “Пеннер ишлаган сурат зўр чиқибди”, “Вильгелм менга қарз бериб турди”, “Херман ажойиб дурадгор экан, унинг ясаган эшиги сифатли…”хуллас, бундай гап-сўзларни 19 аср охири ва 20 асрнинг 37 йилларигача узоқ Оврўпада эмас, Хива ёки Урганчда тез-тез эшитиш мумкин эди. Чунки, бу даврда Хоразмда немислар яшашган.

ТАҚДИР СЎҚМОҚЛАРИ

Насроний динининг аннабатизм мазҳабидан 16 асрда ажралиб чиққан протестантлик оқимидаги немислар—меннонит немислари деб аталган. Унинг маъноси итоатгўйлик дегани бўлиб, улар диний эътиқодларига кўра қурол ушлаб урушларда қатнашиш каби ишларни мудҳиш иш ҳисоблаб, гуноҳ атаганлар. Шу боис ҳам уларнинг тақдирига ватанни ташлаб кетиб сарсон-саргардончиликда юриш ёзилганди.

Бу қисмат айниқса 19 асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб уларни бошқа ҳудудларга бошлади. Пруссия ҳукуматининг урушга тайёргарлик кўриш асносида меннонит немисларини ҳам ҳарбий хизматга жалб қилишга уриниши уларнинг ватанлари –Амрионбургни ташлаб кетишга мажбур қилди.

Русия императорига меннонит немисларидан тушган таклиф—уларнинг рус сарҳадларига кириб келишга ижозат сўраши ижобий ҳал бўлади. Улар шу тариқа 19 асрнинг 60 йилларида Волга бўйларига жойлашиб, немис қишлоқларини ташкил қилишади. Немисларнинг Русияга келиши оммавий равишда немис миллатига мансуб кишиларнинг биринчи бор рус сарҳадларига қадам қўйиши эмасди. Бу ҳол анча илгарироқ—Екатерина 2нинг подшолиги давридан бошланганди.

Асли немис миллатига мансуб бўлган Екатерина 2(1729—1796) Русия чиққан 1762 йилдан бошлаб рус сарҳадларига Оврўпадан кўплаб немислар оммавий равишда кўчиб кела бошлашди.

Ҳатто Екатеина 2 1763 йил 22 июлда махсус манифест эълон қилиб, хорижликларнинг Русияга оммавий равишда кўчиб келиши расмийлаштиришини маълум қилди. Шу фармонга кўра хорижликлар қаерда яшашни исташса, ўша жойдан махсус ер ажратиб бериладиган бўлди. Улар ўн йил давомида солиқлардан озод қилиндилар. Ҳар бир кўчиб келган хонадонга 30 десятина ер мулк сифатида берилди. Ана шу каби имтиёзлар туфайли Шарқий Пруссиядаги кўплаб немис оилалари Русиянинг Чернигов, Одесса, Саратов, Самара, Врорнеж губерниялари,петербург шаҳри атрофларига кўчиб кела бошладилар. Шу тарзда Россияда соҳиби немис бўлган “Генрих Бильфельд”, “Карл Штрейба”, “Краузе Штраух”, “Георг Фрик”, “Якоб Нейфельд”, “ митреполь” каби фирмалар фаолият кўрсата бошлади. Улар шу тарзда 18-19 асрларда Урал конлари, Сибирь ўрмонлари,Кавказ нефтининг ҳам хўжайинларига айландилар.

Қолаверса, романовлар сулоласи русия тахтини бошқаришда немис дворянларига суяниб сиёсат юргизишганлар. Императорларга ҳам кўпроқ хорижлик ёки рус дворянидан бошқа хорижлик ёки рус дврянидан немис дворяни ўз таъсирини кўпроқ ўтказаолган.
Ана шу тарзда Русияда фаолият кўрсатаётган немислар сафига менонит миллатдошлари келиб қўшилишди. Бу пайтда Русия сарҳадлари Туркистон томон кенгаётган давр эди.

Русиянинг икки бошли бургут тасвири туширилган байроғи Болтиқбўйидан то Кавказ чўққиларигача,Сибирь ўрмонлари-ю, Украина даштларида ҳилпираганича турарди.

1853 йили Қўқон хонлигига қарашли Оқмачитнинг Русия томонидан истило қилиниши билан Туркистондаги хонликларни бўйсундиришга ҳаракат бошланди. Русия армиясининг шиддат билан қилган жануг-жадаллари натижасида бирин-кетин Бухоро амирлиги ва Хива хонлиги Русиянинг мустамлакасига айланди. Шу тариқа Русия аҳолиси руслардаги кўп туғилиш туфайли эмас, балки босиб олинган ўлкаларнинг аҳолиси ҳисобига кўпая бошлади. Русия аҳолиси Пётр 1 даврида 15 миллион бўлса, истилочилик ҳаракатлари авжига чиққан 1871 йили 77 миллионга етди.

Ана шу 77 миллион аҳоли орасида ўз урф-одатлари, диний эътиқодларига амал қилиб Русияда яшаётган меннонит немислари ҳам бор эди.

Бироқ уларнинг Русиядаги барқарор ҳаёти 1874 йилда бузилди. Ўша йили Русиядаги барча диндаги эркакларни ҳарбий хизматга жалб қилиш тўғрисида қонун қабул қилиниб, қонун 1880 йилдан кучга киражаги эълон қилинади. Бу қарор табийки менонит немисларининг ҳаётида салбий роль ўйнарди. Шу боис 1874 -1880 йилларда менонит немисларининг вакиллари Петербургга, подшо ҳузурига бориб, ҳарбий хизматдан озод қилишларини сўрашди. Лекин уларнинг илтимослари рад этилади.

Шу ўринда ҳарбий хизмат ҳақидаги юқоридаги фармон ҳақида алоҳида тўхталиш жоиз. Императорнинг махфий маслаҳатчиси Ф. Гирс Туркистонни тафтиш қилиб, ўлкада 2406000 киши яшашашини, шулардан 1200000 киши эркаклар эканлигини аниқлаганди. Унинг фикрича, шу эркакларни ҳарбий хизмат мажбуриятини юклаш масаласи ғоят қалтис сиёсатдир. Агар ана шу эркаклар ҳарбий хизматга чақирилса, 6 йил ичида ҳарбий техникани юксак маҳорат билан эголловчи жанговар армия вужудга келиб Россиянинг Туркистондаги фаолияти салбий натижа билан тугаши мумкин эди.

Шу боис, император Ф.Гирснинг фикрини инобатга олиб, “Туркистон аҳолисини ҳарбий хизматдан озод қилиш тўғрисида” қарор қабул қилади.

Менонит немислапри эса 6 йил давомида Петербургга қатнай-қатнай ўзлари учун шундай қонунни қабул қилдириша олмаганди. Ана шу факт Русия императори теварагидаги юқори амалдорлар орасида немисларга ишонч бор бўлганлигини кўрсатади. Негаки, туркистонликларга қурол тутқазиб ҳарбий хизматга чақиришни хавфли деб билган мустамлакачилар, диний эътиқодига кўра қурол ушлаш умуман мумкин бўлмаган меннонит немисларини армия сафларига жалб қилмоқчи бўлгандилар. Улар немисларни ҳарбий хизматга чақириб, ўз мақсадлари йўлида хизмат қилдирмоқчи бўлишганди.

Бироқ меннонит немислари, катта имтиёзлар яратиб берилганига қарамай, бу гал ҳам эътиқодларига амал қилиб, ҳарбий хизмат қилишдан бош тортиб яна сарсон-саргардончиликни бошлашга тайёрлана бошладилар.

Шу аснода менонит немислари орасида катта мавқега эга бўлган Янтцен Туркистон генерал-губернатори фон Кауфман билан танишиб қолади. Руслашиб кетган немис зодагони оиласига мансуб бўлган фон Кауфман миллатдошлари бошига тушган ташвишини енгиллаштиришга уринади. Императорга таъсир ўтказа оладиган даражадаги Кауфман Янтценга Туркистонга кўчиб боришни таклиф қилади. Тағин миллатдошларини 25 йил давомида ҳарбий хизматдан озод қилишга ваъда беради. Бу таклиф менонит немислари томонидан 1879 йилда самимий қабул қилинади.

ХАВФ-ХАТАРЛИ ТУРКИСТОН САРИ

1880 йили Самара губерниясидан Туркистон томон худди “Буюк ипак йўли “дан юрган карвонлар сингари, 18 аравадан иборат менонит немислари йўлга чиқишди. 10 нафар оила аъзоларидан ташкил топган ушбу карвон 18 октябрда Тошкент яқинидаги Қоплонбекка жойлаштирилади. Орадан бироз вақт ўтиб, бу ерга яна 92 оиладан иборат меннонит немислари кўчиб келишади. Бир гуруҳ немислар эса Бухоро амирлигига қарашли бўлган Зийрабулоқдан паноҳ топишади.

Ана шу пайтда Самарқанда хизмат қилаётган чор генерали Дреш, немислар орасида катта мавқега эга бўлган Янтценга хат ёзади. Генерал ўз мактубида Петро-Александровск (Тўрткўл) даги генерал фон Гроттенҳелм Хива хони Муҳаммад Раҳимхон 11 билан немислар ҳақида суҳбатлашганини ёзганди. Суҳбатнинг асосий мавзуси эса менонит немисларининг Хива хонлигида яшаши ҳақида эди. Мактуб охирида Дреш Хива хони барон Гроттенҳелмнинг таклифига рози бўлганини ёзиб, хон билан музокара олиб бориш учун делегация юборишни маслаҳат берганди.

Генералнинг маслаҳатига амал қилган немислар Янтцен,Риезен,Эп исмли кишилардан иборат вакилларни музокара учун йўллайдилар.

Йўлбошчи билан 4 кишини ташкил қилган вакиллар Петро-Александровск орқали Хивага—хон ҳузурига бориладиган 1000 чақиримлик машаққатли йўлга отланадилар.

Уларни Петро-Александровскда барон фон Гроттенҳелм самимий кутиб олади. Яхшилаб меҳмон қилгач яхши бир таржимонни вакилларга қўшиб Хивага жўнатади. Вакиллар эса қайиқда Амударёдан сузиб ўтиб, 40 чақиримча отда юрганларича Хивага етиб борадилар. Хон ҳам меннонитларнинг вакилларини дўстона кутиб олиб меҳмон қилади. Немисларнинг Хоразмга келишига рози бўлган Муҳаммад Раҳимхон 11, фақат чўчқа боқмасликни илтимос қилади. Хоннинг бу шарти қабул қилинади. Немисларнинг яшаш жойи сифатида эса дарёнинг 160 чақирим қуйи қисмидаги кемалар юрадиган Лавзон канали бўйлари ажратиб берилажаги маълум қилинади.

Музокара яхши натижалар билан тугалланиб, вакиллар ортга кетишади.

ХОРАЗМ — МЕННОНИТ НЕМИСЛАРИНИНГ ПАНОҲИ

Олтмиш оиладан иборат аравалар карвони Зарафшоннинг қуйилиш қисмигача етиб келишади. Бу ерда аравадаги юклар 450 та туяга ортилганича Хоразм сари йўлга тушишади. Йўл машаққатлари ҳақида Херман Янтцен “Хавф-хатарли Туркистонда…” асарида шундай ёзади: “кун сайин иссиқ шундай қиздирардики, асло юриб бўлмасди. Шунинг учун, кундузлари туяларнинг устидаги юкларини тушириб, дам олардик. Сув деярли умуман йўқ эди. Қуёш ғарбга ботаётганда, юклар ортилиб, гоҳ тоғнинг устки, гоҳ пастки қисмидан ва беҳисоб қумтепаликлардан юриб кетаверардик. Кўп аёллар ва болалар туяларнинг устидаги тебранишлар туфайли, кўнгиллари айниб, жуда кўп азоб чекдилар. Кўп кечалар шу аҳволда ўтди”.

Улар шу аҳволда Бухоро амирлигига қарашли Илиқиқ деган жойга келишади. Худди шу жойнинг нарироғидан Амударё оқиб ўтарди. Бу ерда меннонит немисларини тўққиз елканли қайиқда хиваликлар кутиб туришганди.

Улар ана шу тўққиз елканли қайиқда ўн кун дарёда оқим бўйлаб сузиб, Петро-Александровскга етиб келишади.

Оврўпо типидаги бу шаҳарда миллатдошларини генерал фон Гроттенҳелм рафиқаси ва болалари, шунингдек бошқа ҳарбийлар билан кутиб олади. Ўзаро мулоқот она тиллари—немис тилида бўлиб ўтади.

Суҳбат пайтида генерал миллатдошларига Лавзан канали бўйидаги қароргоҳида қурилиш учун керакли нарсаларни харид қилишни маслаҳат беради. Негаки, Петро-Александровскдаги оврўпаликларнинг дўконларида немислар учун асқотадиган қурилиш ашёлари топиларди. Шу тарзда ҳар бир оила эшик, дераза, уларнинг ошиқ-мошиқлари ва мих каби нарсаларни сотиб олишади.

Кейин яна юқоридаги елканли кемаларга жойлашганича, 160 чақирим узоқликдаги Лавзан каналига қараб сузишади.

Ниҳоят, Қипчоқ қишлоғидаги Лавзан канали бўйига етиб келгач ўзларига мос турар жой қуриш учун майдон қидиришади.

Бу ҳақда Херман Янтцен шундай ёзади: “ Лавзан ҳар иккала томонидан баланд дамбалар билан тўсиб қўйилганди. Биз бошпана қуриш учун дамба ортидаги ерларни ўт-ўланлардан тозаладик ва тез орада қишлоқ йўли ёнидан ертўлалар қуришга киришиб кетдик. Томни ёпиш учун ёғоч ва қамиш жуда кўп эди. Ёнилғи, ўтин ҳам етарли эди”.

Немислар фақат ўзларига эмас, балки отларига ҳам озуқа йиғишга, қишда махсус отларни сақловчи отхона қуришга киришадилар. Отхонани қуришда ўзбекларнинг ёрдамидан фойдаланадилар.

Ўзбеклар немисларга ун, гуруч, ёғ, товуқ, тухум каби озиқ-овқат маҳсулотларини ҳам арзон баҳода сотардилар. Х.Янтценнинг ёзишига кўра, “ бир метрча келадиган битта бакра балиғи 25 тийингина турарди, холос”.

Бу пайтда 1883 йилнинг қиш пайти келиб қолганди. Қиш эса немислар учун осойишта ҳолда ўтди. Баҳорда эса баланд бир тепаликка турар жойлар қуриб, атрофини девор билан яхшилаб ўраб олишади.

Бу орада немисларни қўриқлаб туриш учун келган чор армиясининг уч зобити ва бир қоровул, менонитларни Лавзан бўйига ўрнашиб олишди дея Петро-Александровскка қайтиб кетишади. Бироқ соқчилар билан сақланган осойишталик вақтинча эди. Улар кетгач, немислардан 5 чақирим узоқликда жойлашган ёвмут туркманлари тез-тез меннонитлар атрофида пайдо бўлиб туришади.

Бу орада ёз фасли ҳам келиб, айни пишиқчилик дамлари эди. Немислар эккан картошка, помидор каби сабзавот ва мевалар ҳосилга кирганди. Соқчилар йўқлигидан фойдаланган ёвмутлар эса ўғирликка туша бошладилар. Қолаверса, меннонитларда қурол йўқлигини ёвмутлар яхши билардилар. Негаки, қўлларига қурол ушлаш умуман мумкин бўлмаган меннонитлар атрофида буғу, ёввойи тўнғиз, сиртлон, шоғол каби ҳайвонлар изғиб юришарди.

Ўша пайтда меннонитлар бошига тушган оғир кунларни хотирлаб Х. Янтцен кейинчалик шундай ёзганди:

“ Улар аввал отларимизни ўғирлашди. Кейин очиқчасига Абрамнинг ёшгина хотинини ўғирлаб кетмоқчи бўлишди. Хотинини ҳимоя қилишга уринганида, унинг ўзини ўлдириб кетишди. Баъзан улар одамларимизни уйларидан ҳайдаб чиқариб, у ердан ўзларига ёққан нарсаларини олиб кетардилар. Айрим ҳолларда биз ёшлар баъзи эркаклар билан бирга улардан ўзимиз ясаган найзаларимиз ёрдамида ҳимояланишга уринардик. Бундан хабардор бўлган кексаларимиз бундай қилмаслигимизни сўраб,Эп тоғанинг оёғига йиқилиб, ёлворардилар”.

Кексалар эса, ёшларга эътиқодларига амал қилиб қурол ишлатишдан воз кечишни талаб қилардилар. Ёвмутларнинг таъқибу-тазйиқлари эса меннонитларни оғир аҳволга солиб қўйганди. Ҳатто, йигирмата оила Хива хонлигидаги паноҳдан воз кечиб, Америкага кетишга тайёргарлик кўра бошлайдилар.

Ана шундай таҳликали кунларнинг бирида Қипчоқ қишлоғидаги тўқайзорда ов қилгани кичик отряди билан казак зобити келади. У менонитларнинг хомушлиги сабабини билгач, хивалик аскарларни бу ерга юборишга ваъда беради.

Ов тугаб казак зобити жўнаб кетгач менонитлар ҳузурига Хивадан аскарлар келади. Аскарларга хоннинг вазири Қосим девон бошчилик қиларди. Вазир менонитлар ҳаёти билан танишаркан, немис усталари ясаган ҳунармандчилик буюмларини кўриб ҳайрон қолади. Юксак дид билан оврўпача ясалган буюмлар вазирга хоннинг сўзларини эслатганди. Негаки, Муҳаммад Раҳимхон 2 Петербургга борганида шунақа буюмларни саройда кўриб, паркетли бинога эга бўлишни истаган ва пойтахтдан қайтгач бу воқеани вазирларига ҳикоя қилиб берганди.

Хоннинг орзуси немислар туфайли ушалиши, қолаверса шундай бўлган тақдирда ўзи ҳам хон олдида юксак мавқега кўтарилишини билган Қосим Девон немис усталарини Хивага юборади.

Лавзан канали бўйидан Хивагача бўлган 150 чақирим йўлни отда юриб чарчаган усталарни хоннинг ўзи самимий кутиб олади. Усталар хонга ўзларининг ясаган тикув қутисини совға қилишади. Ёғочни яхшилаб ишлаб, устага юмшоққина пахта билан полировка ёрдамида сайқал берилган бу қути хонга Петербургни эслатади. Хон бундан жудаям хурснд бўлади. Қосим Девондан немисларнинг Қипчоқ қишлоғидаги ёвмутлар ҳужумидан кейинги вайрона ҳолга келган ҳаётини эшитиб, уларни акасининг Оқмачитдаги боғига кўчирмоқчи эканлигини айтади. Ёвмутлар ҳужумидан хотиржамлигини йўқотган немис усталари бу таклифга бажонидил рози бўлишади.

ОҚМАЧИТДАГИ ҲАЁТ

Хива шаҳридан 15 чақирим жануби-ўарқда жойлашган Оқмачит қишлоғига 1883 йилда Лавзан канали бўйидан немислар кўчиб келишди. Кўчиш икки ҳафта давом қилди. Катта ғилдиракли юзлаб араваларда немисларнинг жамики юклари, ҳатто ёғоч ва қамишларгача олиб келинади. Извошчилар Оқмачитлик деҳқонлар эди.

Шу тариқа немислар Оқмачитга келиб ўрнашиб олдилар. Бу немисларнинг Хоразмдаги сўнгги яшаш жойлари эди. Негаки, немислар энди хоннинг назарига тушган инсонлар эди.

Аста-секин хоннинг окасига тегишли ўрик ва шафтолидан иборат боғида немис уйлари барпо бўла бошлади. Тез орада ушбу боғнинг тўрт томонида оврўпача уйлар қад кўтарди. Унинг ўртасидаги катта майдонда эса черков, мактаб ва ўқитувчилар хонаси қурилади.
Ўн тўртта уста эса Хивадаги Нуриллабой саройида паркетли пол ясашни бошлаб юборадилар. Петро-Александровскдан келтирилган пардоз локи ва қуруқ ёғоч ёрдамида Нуриллабойдаги ишлар беш ойда тугалланади. Немислар фақат Нуриллабойдагина эмас, балки Хивадаги кўплаб оврўпача уйларнинг деразалари, печка ва пештоқларини, 1908-1912 йилларда барпо қилинган почта, телеграф, касалхона ва бошқа иншооатларни қуришда ҳам иштирок қилдилар.

Чор Русиясининг генерал-майори М.Н.Галкиннинг “Военно-статическое описание Хивинского оазиса” китобида ёзилишича, “ Оқмачитлик немислар воҳада деҳқончилик билан бирга темирчилик, дурадгорлик, слесарлик, бўёқчилик ишлари билан шуғулланадилар. АҚШ ва Германиядан келтирилган пахта тозалаш заводи дастгоҳлари ва жинларни юргизиш ҳамда ремонт қилиш ҳам уларнинг зиммасида эди” ( Т, 1903 йил).

Жумладан, 1889 йилнинг декабрида асос солинган Янги Урганч пахта-ёғ заводи ҳам немислар номи билан боғлиқдир. 1910 йилга келиб уни ака-ука Крафтлар ўз қарамоғига олишган. Оқмачитдаги немислардан ташкил топган ремонтчи-слесарлар, усталар гуруҳи эса Гурлан, Янги Урганч, Хивадаги пахта тозалаш заводларини таъмирлаб турганлар.

Немис аёллари эса хон қариндошлариникида рўзғор юмушларини бажаришга ёрдамлашган. Қизил тусдаги зотдор сигирларни соғиш ва қайта ишлаб, ёғ, қаймоқ, пишлоққа айлантириш ҳам немис аёлларининг зиммасида бўлган. Сутни қаймоқ ва ёғга ажратадиган сепараторни ҳам илк бор Хоразмда немис аёллари ишлатишган. Ўзларини тўлиқ сут маҳсулотлари билан таъминлаган немислар эҳтиёждан ортиғини маҳаллий халққа сотганлар.

Деҳқончиликка ихлос қўйган бир гуруҳ немислар эса қишлоқдаги қўриқ ерларни ўзлаштириш билан шуғулланган. Картошка, карам, помидор, лавлаги, бақлажон, бодринг каби экинлардан юқори ҳосил олишган. Картошка, помидор ва бақлажон экишни эса хоразмликлар немислардан ўрганишган.

Қишлоқдаги боғлар эса олма, анор, беҳи, ўрик каби мевали, чеккароқда бўлса терак, тол, гужум, эман каби манзарали дарахтлар билан янада чирой очган. Немислар қурилиш ашёлари сифатида ана шу эман, гужум, терак ва толларни ишлатишган.

Улар шунингдек, чорвачилик ва деҳқончилик, ҳунармандчилик, боғдорчилик билан машғул бўлибгина қолмай болаларини ўзлари ташкил этган немис мактабларида ўқитишган. Мактаб тагида ертўла бўлган. Ертўлада эса қишга ўтин, ёқилғи сақлаб қўйилган. Парталар бўлса ёғочдан ишланган бўлиб, ҳар бири 6 нафар ўқувчи учун мўлжалланган. Шунингдек, мактабда кутубхона ҳам мавжуд бўлган.

Кутубхонада илму-фан билан шуғулланишлари учун шарт-шароит етарли бўлган. Ҳатто, Хоразмга илк бор фотографиянинг кириб келиши ҳам оқмачитлик немислар билан боғлиқ. Ўзбек фотографияси ва киносининг отаси ҳисобланмиш Худойберган Девонов (1879-1938) ҳам Оқмачитлик Вильгелм Пеннерга шогирд тушган ҳолда фаолиятини бошлаган.

Ана шу фактларнинг ўзиёқ Оқмачитлик немисларнинг Хоразм тараққиётида сезиларли ва ўзига хос ўринга эга бўлганини кўрсатади. Дастлаб кўчиб келган йили—1883 йилда 40 оиладан иборат меннонит немислари Оқмачит қишлоғини 20 аср бошларида Оврўпача шаҳарга айлантирадилар.

ЎЗМАРДАВ архивдаги “Хива тобеъининг кулли ахборотининг рўйхати” номли ҳужжатда (125 рақамли) орқали биз 1910 йилда Оқмачитдаги немислар сони қанча эканини билиб оламиз. 1910 йил 16 декабрда тузиб бўлинган ушбу ҳужжатда 137 нафар немис миллатига мансуб фуқаро яшагани қайд этилган.

Орадан йиллар ўтиб, бу рақам 1930 йилларда анча ортди. Унгача эса бутун дунёдаги сингари Чор Русиясининг мустамлакаси бўлган Хива хонлигида ҳам қатор ўзгаришлар рўй берди. Немислар 1916 йилдаги халқ қўзғолони, 1917 йилдаги сиёсий жараёнларда ҳам иштирок этмадилар. Шунингдек, 1920 йилдан 1924 йилгача фаолият кўрсатган ХХР даврида ҳам Оқмачитда сокин ҳаёт кечирдилар.
Меннонит немисларининг Оқмачитдаги 1937 йилгача бўлган ҳаётини биз асосан уларни кўрган кишиларнинг фикрларидан билиб олишимиз мумкин.

1937 йили Хоразмга келган журналист Абул Бозоровнинг сафарномаси орқали Оқмачитдаги немисларнинг 20 аср бошларидан то 1937 йилгача бўлган фаолиятини кузатамиз. Райком вакили кузатуида Оқмачитда бўлган Абул Бозоров немисларнинг ҳаётини шундай тасвирлайди: “ Биноларнинг пештоқларида уларнинг қурилган саналари йирик ҳарф ва рақамлар билан ўйма усулда ёзиб қўйилган.

Биноларга бежирим зинапоялардан кўтарилиб кирасиз. Кираверишда 8-10 қадам узунликда кенг йўлак, чап томонида ромлик ойналар, ўнг томонида силлиқ девор ялтираб туради. Бунда уст бош ва оёқ кийимлар қўйиладиган ўринлар бор. Ичкарида кенг зал, унга атрофдаги бўлма деразалардан ҳам, шифтда учбурчак шаклида кўтарилиб ишланган тепа деразадан ҳам ёруғлиқ киради. Уй саҳнига тахта тўшалган бўлиб, унинг остида бир неча бўлмалардан иборат тагхона мавжуд. Бу салқин бўлмалар омбор вазифасини бажараркан. Хоналарда шкаф, гардероб ва диванларнинг ўрни кўриниб турибди, баъзиларида қишлик кийимлар, оила аъзоларининг суратлари ҳам қолган. Кўпчилик уйлардаги девор, поллари ҳар ер-ҳар еридан кўчириб олинган. Айтишларича бу ердан тилла-жавоҳирлар излашган. Шаҳарчада касалхона, мактаб, кутубхона, болалар ўйнайдиган майдончалар, театр саҳнаси, рақс майдони, дўконлар мавжуд. Ҳамма-ҳаммаси режа билан қурилган. Ҳар оила кўпдан-кўп ёзув-чизув қуроллари ва хонаки кутубхонасига эга бўлган. Шаҳар чеккасида эса турли устахоналар, мўъжаз корхоналар, шунингдек вино заводи ҳам бўлган, дейишади. Шаҳар қўрғонлар билан ўралган бўлиб, чекка тарафдаги дарвозаларни қуролли соқчилар қўриқлашган.

Қўрғон ташқарисидаги боғларда олма, анор, беҳи, ўрик, ёнғоқ, тут, жийда каби мевали, чекка тарафларда эса терак, қайрағоч, манзарали эман дарахтлари ўсиб турган. Қурилишлар ва мебел ясашга фақат ўзлари ўстирган ёғочларни ишлатишган. Мебеллари ўта сифатли. Ростини айтганда, немислар шаҳарчасидан мусодара қилинган шкаф, стол, стул, диван ва бошқа жиҳозларни округнинг бошқа жойларида ҳам кўриш мумкин.

Шаҳарчада ҳафтада бир кун бозор бўлган. Унга фақат ўша куни четдан саноқли кишилар киритилган. Гўшт, ёғ, ғалла, асал, мева ва бошқа маҳсулотлар, йирик майда моллар жуда арзон нархда сотилган. Кейинчалик маҳаллий амалдорлар ва фуқароларнинг илтимоси билан немислар Хива бозорига ҳам қатнай бошлашган. Улар келтирган сифатли ва зотдор моллар эса бир зумда ХАРИД қилинган. Немислар тайёрлаган винолар Самарқанд, Тошкент заводларининг маҳсулотлари билан рақобатлашган. Ертўлаларда 30-40 йиллик шароблар сақланган. Немислар чорва наслини яхшилаб, мўл ва арзон маҳсулотлар етиштирганлар, паррандачилик, асларичилик бобида ҳам уларга рақобатчи топилмаган.

…. Кўл бўйидаги чорбоғдан чиқиб, ферма томон кетаяпмиз. Устига беда, пичан ғарамлари босилган катта айвон рўпарасидан чиқдик. Бу ёзги молхона. Ости кенг ертўлада эса қиш пайтлари мол боқилар экан. Икки табақалик катта эшикдан ертўлага кирамиз. Рўпарамизда узунлиги 120-150 метр келадиган улкан оғилхона пайдо бўлди. Ичида тўрт қаторлик охурлар ўрнатилган. Кираверишдаги чап томонда деразалар ёнида идоралардагидек росмана стол, стул, девор тарафда эса ажойиб диван турибди. Стол устида журнал, ҳужжатлар, ҳисобчўт. Диванда бошларига қора цилиндр, устига фрак ва оёғига лакланган қора туфли кийган икки немис ўтирибди.

Булардан бири Оллаберган Давлатёров бўлиб, ўзбекчани мутлақо билмас, немисча сўзлар, рус тилида камдан кам гапиради. Иккинчиси Райим Раҳмонбоев эса ўзбек, немис, рус тилларида яхши сўзлай оларди. Раҳмонбоевнинг айтишича, уни ёшлигида отаси ночорликдан хизматкор қилиб берган. Оллаберганни эса кимдир чақалоқлигида қўрғон ичида қолдириб кетган.

Болани немислар ўз бошлиқларига тобширганлар. Қўрғон оқсоқоли ҳар иккала болани ўқитиб, ҳунар ўргатиб, катта қилган ва ишлатган, уйлантириб, уйли-жойли қилган”.

Бухоролик Абул Бозоров меннонит немислар Хоразмдан кўчириб келтирилгандан сўнг Оқмачитга келганди.
Меннонитларнинг Оқмачитдан кўчирилиши ҳақида эса Хивалик кекса муаллим Қозоқ Ҳожи ўғли шундай ҳикоя қилади:

—“Мен улар яшаган шаҳарчани, қаълани кўриб ҳайрон қолганман. Улар ташқарида ҳеч ким билан алоқа қилмай, борди-келдиси бўлмай, ҳеч кимдан моддий ёрдам сўрамай бу шаҳарни қандай бунёд қилишган.

…Бир куни шу ерлик кишилардан бири немисларнинг бошлиғи Отабой(Отто) оқсоқол яшаган уйни кўрсатиб: “Бу ер қабулхона бўлган. Отто немисни ҳурмат қилиб, унга ўзбекча Отабой дея исм қўйгандик. Отабой немис ҳамюртлари жўнашининг охирги кунигача туриб, иморатлар, жиҳозлар, мол-мулкларни ҳукумат комиссиясига тобшириб кетган” деди. Кўчирилишига келсак, 1937 йилда Хива туманидаги Пишканик қишлоғида янги очилган шўро мактабининг бешинчи синфида ўқир эдим. Мактабимиз олдидан катта Оқмачит-Хива йўли ўтарди. Шу йили Оқмачит немисларини бошқа жойга кўчиришармиш, деган гап тарқалди. Ҳақиқатан ҳам шундай бўлди. Бир куни немисларнинг от-араваси, мол-мулкини жамоа хўжалигига тобшириб, ўзларини пиёда, миршаблар қуршовида саф қилиб Хива қаъласи томон олиб ўтишди. Уларни кўриш учун йўл бўйига чиққанимизда миршаблар бизни қувиб юборишди.

Янглишмасам, 1958-60 йиллар бўлса керак. Оқмачитдаги қариндошимиз, ўқитувчи Самандар ака Қаландаровнинг уйида тўй бўлаётганда икки нотаниш эркак ва бир аёл ташриф буюрди. Улар бизга нотаниш тилда гапиришди. Кейин билсак, улар Оқмачитдаги немисларнинг фарзандлари экан. Улар шундай дейишди: “ Ота-онамиз қариб қолишди. Биздан ўзбек биродарлардан, Оқмачитдан хабар олинг” деб юборишди.

Маълум бўлишича, немислар Оқмачитда яшаганида, улардан бири шу ерлик Эгам отадан қарз олган экан. Ҳалиги келганлардан бири, қарз олганлардан бирининг фарзанди бўлиб, қарзни олиб келган экан”.

Ҳа, немислар ҳақида улардан шундай ёрқин хотиралар қолган. Айниқса, немисларнинг Хоразм шевасида бемалол сўзлаша олганликлари, таклиф қилинган барча тўй-маъракаларда қатнашганликлари, ижтимоий муносабатларда қарз бериш-олиш умумқоидаларига қаътий амал қилганликлари, уюшқоқ ва иқтидорли бўлган немисларнинг ҳар нарсани ўз мавриди, муддатида пухта бажаришга одатланишгани, Қорақум этакларида қисқа бир фурсат ичида оврўпача типдаги шаҳарчага асос солганликлари ҳам ҳануз эсланади. Шунингдек, айнан немислар туфайли воҳаликлар картошка, карам, лавлаги, бодринг, помидор, бақлажон каби тансиқ экинлар парваришини ўрганишган.

Меннонит немисларининг Оқмачитдан кўчирилишига сабаб, тузилаётган колхозларга киришни, болаларини шўро мактабига беришни ҳоҳламай, якка деҳқон бўлиб ишлаб, болаларини ўзларининг мактабларида ўқитишгани эди.

Хоразмдан мажбурий кўчирилган меннонит немислари Тожикистонда қурилаётган Вахш сув омбори қурилишига юборилади. Кейинчалик улар Россияга, у ердан эса Канада, Германия ва АҚШга кўчиб кетишади.

ХЕРМАН ЯНТЦЕННИНГ НОЁБ АСАРИ

Тарихни ўрганишда археологик ва этнографик маълумотлар ва архив манбалари қанчалик муҳим роль ўйнаса, мавзуга тегишли бўлган даврда яшаган муаллифнинг ёзиб қолдирган асари ҳам шунчалик аҳамиятга эга. Албатта ҳар қандай манба, танқидий қараш ва бошқа манбалар билан таққослаш натижасидагина ҳаққоний хулоса чиқаришга ундайди.

1988 йилда Швейцариянинг “Бруннен” нашриётида немис тилида нашр қилинган Херман Янтценнинг “Хавф-хатарли Туркистонда: мусулмонлар орасидаги ҳаёт” номли китоби ҳам ана шундай муҳим аҳамиятга эга бўлган манбалардан. Ушбу асар нафақат немислар учун, балки Туркистон халқлари учун ҳам тарихни ҳаққоний ўрганишда алоҳида хизматлар қилади. Негаки, асар муаллифи оврўпалик бўлгани учун ҳам, шарқ халқлари ҳаётини ўз нигоҳи билан кузатади. Қолаверса, асар муаллифнинг кўрган кечирган машаққатли ҳаётининг солномаси ҳамдир.

Муаллиф меннонит немисларнинг Россияга кўчиб келганидан кейин—1866 йилнинг 22 майида Самара губерниясининг Хенсау қишлоғида туғилади. Унинг отаси Янтцен миллатдошлари орасида катта мавқега эга бўлган. 180 гектар ери, шахсий тегирмони бўлиб, уйида 3 нафар рус хизматкори яшаб, улар Янтценлар оиласига рус тилини ўргатишган.

Херман ҳам ана шу хизматкорлар ёрдамида рус тилини ўрганади. Хива хонлигига келгач эса, Хоразм шевасини ҳам ўрганиб, Қуръони Каримни мутоаала қила бошлайди. Бу пайтда у 17 ёшда эди. Ёш бўлишига қарамай хон саройида таржимонлик қилади.

Маҳаллий аҳоли ўртасида Ямин оға номи билан машҳур Херман 1890 йил хотини ва икки фарзанди билан Авлиёота(ҳозирги Жамбул) га кўчиб кетади. Орадан 28 йил ўтиб у Оқмачитдаги биродарларини кўриш учун Хоразмга қайтиб келади. Хиванинг янги хони, Херманнинг эски ошнаси Саид Абдуллахон уни самимий кутиб олади ва ўз расмига дастхат ёзиб совға қилади.

Чор Русиясининг ҳудудларида ҳокимиятни эгаллаган большевиклар унинг фаолиятини таъқиқлаб 3 маротаба ўлимга ҳукм қилишади. У ўз асарининг “Большевиклар орасида2 қисмида ана шу таҳликали дамларни қаламга олади.

1923 йилга келиб эса таъқибу тазйиқлар натижасида фарзандлари ва қариндошларини Туркистонда қолдириб, хотини билан Германияга қочишга мажбур бўлади.

Унинг кейинчалик ёзган юқоридаги асари ана шу таҳликали ва хавф-хатарли Туркистонда кечирган дамларини эслаб ёзилган.
Муаллиф асарида Туркистондаги,Хива хонлигидаги кўрган –билганлари, халқнинг яшаш тарзи ва уларнинг немисларга бўлган муносабатини ҳаққоний ёритишга уринади. Айниқса, Х.Янтценнинг асаридан Хива хонлигидаги табиат тасвирлари, иқтисодий вазият ҳақидаги лавҳалари алоҳида хусусиятга эга.

Муаллифнинг асарнинг “ ёвмутлар орасида” дея номланган 4-бобида, Петро-Александровскдан Лавзан канали бўйига Амударё орқали сузганларидаги воқеани тасвирларкан, бизга бугун муҳим бўлган хонликнинг ҳайвонот олами ҳақида шундай ёзади: “Кеч кириб қолганида, соҳилнинг бирор қулайроқ ерида тўхтардик, чунки ҳар иккала томонимиз шоғол, тулки ва ёлдор бўрилар ўлжа қидириб юрадиган тим қоронғи тўқай билан қопланганди. Ҳоҳлаганлар қайиқ саҳнида, қолганлар эса соҳилда ухлардилар. Албатта, бундай пайтда ҳайвонларни қўрқитиш учун, катта олов ёқиб қўярдик. Шундай бўлса-да, улар увиллашиб, чийиллашиб ҳеч кимни тузуккина ухлагани қўйишмасди”.

Яна шу бўлимнинг Лавзонга ўрнашиб олганларидан кейинги воқеа тафсилоти ҳикоя қилинаётиб шундай ёзилади: “ Қиш биз учун осойишта ўтди. Фақатгина кечалари аҳён-аҳёнда ёввойи ҳайвонларнинг увиллаб туриши тинчлигимизни бузарди. Ҳар куни атрофимиздан йўлбарснинг овози эшитилиб турарди. Кейинчалик у шундай қўрс бўлиб кетдики, саҳар пайтларида кўча бўйлаб қишлоқнинг ярмигача кириб борадиган бўлди. Бироқ у бизга ҳам, отларимизга ҳам бирор марта ҳужум қилгани йўқ.. Эҳтимол, “ҳайвонлар шоҳи” ҳамиша тўқ юрган бўлсалар керак, чунки ўрмонда ёввойи ҳайвонлар етарли эди-да”.

Демак, ана шу маълумотлардан билса бўладики, Хоразмда илгари тўқайларда турли ҳайвонлар мавжуд бўлган.

Шунингдек, Ҳерман Янтцен асарида ёвмутларнинг қилган ҳужумларини ёзаркан, “ бизнинг қуролсиз эканлигимизни улар жуда яхши билардилар”, дейди. Негаки, уларнинг ёнларида бемалол буғу, ёввойи тўнғиз, сиртлон, шоғол каби ҳайвонлар изғиб юрсаларда, бирорта немис уларга ўқ узмасди. Қолаверса, уларда қуролнинг ўзи йўқ эди.

Ёвмутларнинг ҳужумидан мудоффа учун қўлбола ясалган найза ҳам кекса меннонитларнинг талаби билан йўққа чиқарилади. Кекса Янтцен ёшларга шундай дейди: “Жоҳилликка-жоҳиллик билан жавоб беришдан уялмайсизларми? Ўз эътиқодимизга содиқ қолиб, қўлимизга қурол олмаслик учун, халқимиз мамлакатма-мамлакат сарсон-саргардон бўлиб юрибди. Шунча азоб-уқубатларга чидаб келаяпмизку. Бир зумдаёқ ота-боболаримизнинг эътиқодини йўққа чиқармоқчимисизлар?”
Ҳа, эътиқод туфайли меннонит немислари ватандан воз кечганларича, барқарор ва осойишталик ҳукм сурган ҳудудлардан паноҳ қидиришади. Аксига олиб, Русияда ҳам, Туркистонда ҳам хавф-хатар ҳукмронлик қилган 19 асрнинг охири, 20 асрнинг бошлари эди бу пайтлар. Ғала-ғовурга тўлиқ бу даврдаги меннонит немисларнинг машаққатли ҳаётлари кейинчалик Х.Янцен томонидан қаламга олинди. Унинг бой фактик материалларга тўла асари биз туркистонликлар учун қадрли манбадир.

1883 йилдан 1937 йилгача бўлган 54 йил тарих учун қисқа даврдир. Бироқ ана шу қисқа фурсат ичида немислар Хоразм тарихидан ўзларига хос ва мос жой эгаллашди. Уларнинг ярим асрлик даврда кечирган ҳаётлари давомида маҳаллий халқ билан бўлган муносабатлари ижобий бўлгани қувонарлидир.

Айниқса, немисларнинг деҳқончилик ва чорвачилик соҳаларида, хоразмликлар билан қилган алоқалари натижасида, Хоразм қишлоқ хўжалигида янги тараққиёт даври бошланди. Оқмачитдаги оврўпа типидаги немис шаҳарчаси эса Хоразм савдо ва саноат маркази бўлиб 1937 йилгача равнақ топди. Агар меннонитлар 1937 йилдан кейин ҳам Хоразмда яшаб қолганларида қадимий Хоразмнинг тараққиёт андозаси немисларнинг ҳаракати билан уйғунлашиб кетган ва янги тараққиёт даври бошланган бўларди.

Афсус…афсус бундай бўлмади. Шўро мустамлакачилиги меннонитларни сургун қилди. Бироқ Хоразмликлар немисларнинг Хивада барпо қилган иншоаатларини, Оқмачитдаги боғи, уларнинг чорва ва полизчиликдаги иш услубини тараққий қилдирдилар. Энг асосийси, хоразмликлар немисларнинг самимиятини кўнгилларида асраб қолдилар.

Умид Бекмуҳаммад

facebook.com

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
xxx video gratis porno italiano