Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Хўрланган Рауф Парфи

Хўрланган Рауф Парфи
21 Mayıs 2019 - 21:28 'да юкланди ва 540 марта ўқилди.

Усмон Эргаш

ХЎРЛАНГАН РАУФ ПАРФИ

Зўравонликка, қаллобликка, товламачиликка, талон-торожга асосланган давлат машинаси, аниқроғи ҳукмрон доиралар ҳамиша ҳақиқат кўзига тик қарашдан қўрққан. Ҳақиқатни баралла айтадиган одамларга, асосан давр виждони бўлган шоир ва ёзувчиларга сира ҳам кун бермаган.

Ҳақиқатдан ким қўрқади, албатта ўғри қўрқади.

Бинобарин, ўғри ҳеч қачон тўғрига кун бермайди. Улар ўзлари содир этган ўғирликлар, қаллобликлар, мунофиқликлар, хиёнатлар, сотқинликлар фош бўлишидан хавфсираб ҳар қандай тўғрининг йўлига тўғаноқ бўлишга, унинг оғзини ёпишга зўр беради.

Бироқ ойни этак билан ёпиб бўлмайди.

Ҳукмрон доиралар кўнглига келган ишни қилиш мақсадида ақлли ва истеъдодли одамларни турли найранглар, хусусан юқори мансаблар, юксак унвону мукофотлар билан ўз томонига оғдириб олишга устаси фаранг. Бинобарин, “Ўзбекистон-ватаним маним” дея сохта ватанпарварлик қилган маддоҳни ҳам, “Ўзбегим” дея юзаки қасида ёзган думбул истеъдодли назмбозни ҳам ҳукмрон доиралар ўтган асрнинг 70-йилларидаёқ турли мансаблар ва сариқ чақага ҳам арзимайдиган мукофотлар билан ўз томонига оғдириб олди. Иккисини ҳам “давлат аравасини тортиб бораётган қирчанғи қари отлари” ёнига сассиқ йўрға каби қўшиб қўйдилар. Маддоҳ “шоир” ҳам, “думбул назмбоз” ҳам ҳукмрон доираларнинг малайига айланди.

Ўша пайтларда Ўзбекистон Ленин комсомоли номидаги давлат мукофоти бўларди. Юқоридаги икки “йўрға айғир” мазкур мукофот билан мукофотланди – яна бир бор қармоққа илинтирилди. Бошқа қатор “назмбозлар” ҳам хўжакўрсинга шу мукофот билан тақдирланди. Сал пичоққа илинадиган шоиру шоиралар ҳам шу мукофотга эга чиқди.

Бу мукофот фақат Рауф Парфига берилмади. Чунки Рауф Парфи истеъдодига хиёнат қиладиган диёнатсизлар тоифасидан эмас эди.

80-йилларда ҳукмрон доираларга садоқати учун “маддоҳ”га ҳам, “думбул назмбоз”га ҳам Ҳамза номидаги давлат мукофоти берилди.

Рауф Парфи яна мукофотсиз қолди.

Аксинча, уни сиқувга олиш, унга зуғум ўтказиш кучайтирилди.

Чунки Ўзбекистон ССРнинг юқори мартабали раҳбари ҳам республикада ўтказиладиган йирик анжуманларда “катта оға”нинг тилида, ўз она тилига “ғайри тилда” маърузалар қилишини Рауф Парфи ўз исёнкор шеърларидан бирида аёвсиз танқид қилганди. Мунофиқликни шиор қилиб олган жамият ҳақиқатгўй шоирни аёвсиз таъқиб қилишни бошлади.

“Маддоҳ” кейинги ўн йилликда Навоий номидаги давлат мукофоти билан тақдирланди. Мустабиднинг жарчиси, лаганбардори, ҳамтовоқ гумаштаси бўлгани учун кўп ўтмай яна ҳам юксак унвонни қўлга киритди. Мустабидга садоқати, итдай вафодорлиги учун, у билан бирга халқнинг қонини ичгани учун; истеъдодига, халқига хиёнат қилгани учун “хизмати” муносиб тақдирланди.

Рауф Парфи яна қуруқ қолди.

Рауф Парфининг 80-йилларнинг иккинчи ярмида чоп этилган, ўзбек шеъриятида инқилоб ясаган “Сабр дарахти” шеърлар тўплами бирон-бир давлат мукофотига лойиқ кўрилмади. Мухлисларининг астойдил аралашуви билан Рауф Парфига 90-йилларнинг охирларида Ўзбекситон халқ шоири унвони берилди.

“Халқимга зулм қилаётган ҳукуматдан бу мукофотни олиш мен учун шармандалик, шафқатсиз ҳақорат!” деганини эшитган ҳукмрон доираларга сичқоннинг ини минг танга бўлиб кетди. Лекин бўладиган иш бўлган, бўёғи синиб бўлганди. Мустабид ўзи чиқарган фармонни бекор қила олмас, бинобарин Рауф Парфидан Ўзбекистон халқ шоири унвонини тортиб олишдан ожиз эди. Оқибатда, ноилож қолиб, бор аламини ёнидаги барча шотирларидан, жумладан ўша кезларда Ёзувчилар уюшмасига расман раҳбарлик қилаётган, аслида ҳақиқий адабиёт учун қабр қазиётган “маддоҳ шоирбачча”дан ҳам ошиғи билан олди.

Ҳақиқат ҳамиша таъқиб қилинган.

Золим шоҳу султонлар ҳақиқатни айтадиган шоирларнинг тилини шафқатсиз кесиб олган, калласини танидан жудо қилган. Амир Насруллохон хуфиёна қатл қилдирган Ҳозиқ қисмати бунга ёрқин мисол.

Ҳақиқатгўй шоир-ёзувчиларни таъқиб қилиш ХХ асрнинг 40-йилларида авж нуқтасига чиқди. Фитрат, Қодирий, Чўлпон Давлат хавфсизлик хизматининг чиркин ертўласида печга тиқиб ёқиб юборилди. Навқирон Усмон Носир Сибир совуқларига дош беролмай нобуд бўлди.

Ҳукмрон доиралар бу ҳақиқатгўй адибу шоирларни маҳв этиш билан кифояланиб қолмай, ўнлаб йиллар мобайнида уларнинг асарларидан халқни маҳрум қилиб келди. ХХ асрнинг 90-йиллари бошларида бўлажак қўли қон мустабид худди жуда оламшумул жасорат кўрсатгандек: “Чўлпонни халққа қайтариб бердик, биздан яна нима истайсизлар?!” дея жазавага тушганди.

Бироқ жўмард ҳақиқатгўйларга шафқатсиз ҳужум давом эттирилди. Муҳаммад Солиҳ ватандан қувилди. Рауф Парфининг шеърий китобларини нашр қилишга эса рухсат берилмади. Шукур Холмирзаев эса Дўрмон Ёзувчилар боғидаги хароба кулбасида хору зор қилинди.

Ниҳоят, Рауф Парфи 2005 йилда вафот этгач, олдинига айрим жонкуярларнинг сайъ-ҳаракатлари билан унинг кичкина шеърлар тўплами нашр қилинди. Орадан ўн йилча вақт ўтиб, турли нашриётларда унинг салмоқли йирик тўпламлари нашр қилинди. Бироқ йирик давлат нашриётлари Рауф Парфи асарларини нашр қилишни ҳатто ҳаёлига ҳам келтиргани йўқ, ва бу ишни қачон қилишлари ҳам маълум эмас. Ҳолбуки, унинг тўла асарлар тўпламини аллақачон нашр қилиш керак. Нима ҳам қилардик. Мустабид ҳукмрон доираларга Рауф Парфи ва Муҳаммад Солиҳ каби ҳақиқатни баралла айтадиган Шоирлар сира ҳам керак эмас. Чунки эрксевар бу икки шоирнинг ижоди халққа ўзлигини англатади, ҳақ-ҳуқуқи учун курашга чорлайди. Ҳукмрон доираларга эса ўз ҳақ-ҳуқуқини талаб қиладиган халқ керак эмас, уларга халқни хонавайрон қиладиган қарорларию фармонларини сўзсиз бажарадиган, қўйлар подасидан фарқ қилмайдиган қулдан ҳам баттар иродасиз оломон керак.

Абдулла Қодирийнинг танланган асарлари унинг вафотидан кейин салкам бир аср вақт ўтгач чоп қилинди. Афтидан, Рауф Парфи ва Муҳаммад Солиҳнинг лоақал танланган асарлари тўплами Ўзбекистонда чоп қилиниши учун ҳам камида бир аср керак бўладиган кўринади.

Эвоҳки, Рауф Парфи ва Муҳаммад Солиҳ ижодининг Ўзбекистонда кенг нашр қилинмаслиги, ҳўрланиши – адолатнинг, имон-эътиқоднинг, адолатталаб халқнинг ҳўрланишидан бошқа нарса эмас!

facebook.com

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort