Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Нега нуқул одамларнинг бошпанаси бузилади, фермер хонавайрон этилади, тадбиркор синдирилади…

Нега нуқул одамларнинг бошпанаси бузилади, фермер хонавайрон этилади, тадбиркор синдирилади…
23 Mayıs 2019 - 16:05 'да юкланди ва 637 марта ўқилди.

Ўзбекистоннинг барча бурчагида шу ҳолат: ўзи суриштириб келсангиз, ҳокимият 15 йилдаям бошпанасиз бир бевани уй билан таъминлашга кўмак қилишга қурби етмайди-ю, ва яна тўрт томонда томи бузилиб бўзлаётганларга кўзингиз тушади… Чор атрофимиз беватан қолганлар, боғи барбод этилган боғбонлар, ери тортиб олинган фермерлар, хонавайрон этилган тадбиркорларга тўлиб кетган….

Тошкент “сити”, “Бухоро “сити”, Андижон “сити”, Зомин “сити”….

Муҳтарам Шавкат Миромонович!

Ҳукуматни таназзулга учратиш учун мухолифатнинг ҳам, ташқи кучларнинг ҳам кераги йўқ. Ҳақсизликдан безиб кетган халқнинг ўзи тўлқин каби кўтарилади ва… У ёғини давом эттиришга ҳам қўрқади киши…

Бугун адолатсизлик билан рўпару бўлган йигит, кўрдингизми, ўлимданам қўрқмади. Ажалнинг кўзига тик қаради…

“Сити”лар қурилгани яхши.

Аммо ўзингиз ўйлаб кўринг: дастрўмолча каби бўлса-да беминнат бошпанаси бўлган одамнинг кулбасини вайрон қилиш эвазига сити қуриш шунчалар керакми?

Тошкент ситини, Бухоро ситини, Зомиин ситини одамларни қақшатмасдан, тўрт қадам наридан, ҳоли ердан кўтарса биров бетимизга тарсаки тортадими?

Ана шунда эски “сити”даги аҳоли ҳавас қилиб, ўзлари бошпаналарини ташлаб, замонавий СИТИларга кўчиб кетиб қолишармиди дейман-да!

Ҳориж тажрибасига назар ташланг, янги Истанбул бор, эски Истамбул бор, Янги Тбилиси бор, эски Тбилиси бор, Янги Теҳрон, эски Теҳрон… Ҳатто Ҳиндистонда ҳам шунақа дейишади…

Эски шаҳарнинг аслини асраб қолиб, янги СИТИларни икки чақирим наридан кўтарсак, биров бизни уришадими, ё қимматга тушиб кетадими?

Умуман олганда, бутун бир шаҳарни бузиб, қайта қуриш осонми, ёхуд бўш ердан шаҳар кўтариш арзонми?

Дейлик, шаҳарда 2000 та одамни уйини буздингиз. Озмунча ишчи кучи керакми бу иморатларни бузишга, тозалашга. Бунинг ҳаммаси чиқим билан боғлиқ-ку!

Қолаверса, 2000 та одамга тавон пули ҳам тўлаш керак!

Ва яна уларнинг қарғишини ҳам олиш керак!

Қақшатиш керак!

Шу керакми ҳукуматга!

Айни дамда Бухоро сити қуриш учун ҳам, адашмасам, 82 гектарлик эски шаҳардаги уй-жойларга “жаноза” ўқилмоқда…

Эски уйларни бузиш ва эгаларини рози қилиш, бошпана билан таъминлаш…. Буларнинг барчаси харажат билан боғлиқ-ку ахир!

Аҳолини безовта қилмасдан эски шаҳар биқинидан янги СИТИ кўтарсак, бўлмайдими?

Ўшанда сих хам, кабоб ҳам куймаган бўлардими деб ўйлаб қоласан киши!

Одамларнинг уйини бузишга ва уларга тавон пули тўлашга кетган маблағларни янги СИТИга асфалт ётқизиш, электр, иссиқ-совуқ сув, газ ўтказиш ишларига сарфлаган бўлардик. Канализация дегандек….

Бу масаланинг бошқа бир томони…

Тўғри, Шавкат Миромонович, сиз аҳолини ўйлаб ўзбошимчалик билан қурилган уйларга эгалик ҳуқуқини тиклаш юзасидан бир йиллик акция эълон қилган эдингиз… Мазкур фармонингизга асосан кечагина ўзини ёқиб, жонига қасд қилган йигитга уйи расмийлаштирилиб берилиши керак эди…. Бироқ на ҳокимият, ва на кадастр бундай қилмади. Негаки, кадастр дегани коррупциялашиб кетган! Сироби йўқ!

Кеча мен Янгийўл туманида бир фермердан дахшатли бир ҳақиқатни эшитдим: “Агар мендан президент нимани истайсан деб сўраганида, мен туман ҳокимликларни тугатишни сўраган бўлардим. Биз 20 йил олдинга қараб кетган бўлардик. Туман ҳокимликлари порахўрликка доялик қилиб, ривожланишимизнинг белига тепиб ўтирибди. Мен буни исботлаб бера оламан” деди…

Ростиям шу-да!

Туман ҳокими ва ё туман прокурорининг оилаётган маоши битта тишининг ковагига ҳам жо бўлмайди.

Битта тушлигига ҳам етмайди ҳатто!

Туман ҳокими ниманинг эвазига кун кўрсин!

Албатта халқни қақшатиш эвазига умргузорлик қилади-да!

Шавкат Миромонович!

Нега нуқул одамларнинг бошпанаси бузилади, ферамер хонавайрон этилади, нега тадбиркор синдирилади…. Нега, нега, нега?….

Ҳукумат мана шу “Нега?” деган саволга зудлик билан жавоб топмас ва бу саволлар келиб чиқишининг олди олинмас экан, халқни қақшатишларга хотима ясалмас экан, эртага аҳвол ўнгал бўлмас даражага етиши ва жуда кеч бўлиши мумкин!

Шавкат Миромонович!

Бирор бир чорасини кўриш керак!

Атрофингиздаги чапакбозлар, маддоҳлар реал ҳолатни сизга айтмайди, ҳақиқатни кўзига тик қарашга журъати етмайди, лаганбардорликдан нарига ўтмайди барибир…

Балки атрофингиздаги корчолонларга худди шу нарса керакдир?: Халқнинг кўтарилиши….

Бор муддаолари ана шу нарсага қаратилгандир?

Эҳтимол, бу амалларнинг барчаси режа асосида маълум муддао ва мақсадга қаратилган ҳолда босқичма-босқич амалга оширилаётгандиру, сиз ғафлатда қолаётгандирсиз?….

Бош қотириш керак, бош қотириш керак….

Токи халқ норизо бўлар экан, бу туришда Хукуматнинг умри узоққа чўзилмайди… Бу оддийгина арфметика-ку!

Малоҳат Эшонқулова

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort