Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Каримов халқни гадой қилди – собиқ мулозим

Каримов халқни гадой қилди – собиқ мулозим
24 Mayıs 2019 - 19:10 'да юкланди ва 869 марта ўқилди.

Ўзбекистоннинг биринчи ва охирги Давлат котиби Раҳим Ражабов марҳум Ислом Каримов даврида давлат ва халқ мулки талон-тарож қилингани, битта автомобил заводи қурилиши деб мамлакатнинг бутун-бошли оғир ва авиация саноатлари барбод қилинганини айтган.

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги UzA билан суҳбатда собиқ давлат арбоби Каримов Асакадаги заводни жанубий кореяликларга қандай сотгани ҳақида гапириб берган.

“Асакада ҳозирги автомобил заводимиз ўрнида тракторларга прицеп чиқарадиган завод қургандик. Президент Кореяга бордилар. Бордилар-да, телефон қиляптилар. “Ман сани Асакадаги прицеп заводингни корейсларга сотдим”. Мен айтдим: “Нега заводни сотдингиз? Завод ишлаб турган бўлса, Прицепни чиқазиш автомобилни чиқазишдан қийин. У юк ташийди. Автомобил тўрт кишини ташийди, у бир тонна ташийди. Унинг тормозлари, ғилдираклари, дискалари бақувват бўлиши керак. Мен айтдим, шу заводни орқасида пахта, жўхори экилган дала, 45 гектар ер керак. Шу завод деворининг у ёғидаги даладан корейсларга берайлик 45 гектар, қурсин ўша заводни”. “Ман ваъда қилдим”. “Ҳа, энди сиз ваъда қилгандан кейин нима деймиз, ўзингиз биласиз, лекин ман норозиман”.

Раҳим Ражабовнинг эслашича, унинг ўзи Жанубий Кореяга музокаралар учун борган ва Вазирлар Маҳкамасидаги муҳокамаларда йилига 80-100 минг автомобил ишлаб чиқариш, нархини 3-4 минг доллар атрофида қилиб белгилаш ҳақида сўз борган. Унинг таъкидлашича, автомобил заводи қурилишига доир ҳужжатларда машиналар нархи “3-4минг доллардан кўп бўлмаслиги” ёзиб қўйилганди.

Аммо кейинроқ нарх-навони ҳеч ким назорат қилмаган, коррупцион схемалар ишга тушган.

Раҳим Ражабовнинг айтишича, Ислом Каримов бу нарсалардан яхши хабардор бўлган. Собиқ давлат котиби бу хўжасизликдан Каримовнинг ўзи ҳам манфаатдор бўлганига ишора қилган, аммо сўзларининг исботи учун ҳеч қандай далил келтирмаган.

“Раҳматли дўстим бу корхоналарнинг ҳаммаси кераклигини биларди. Аммо… Анави – данғиллама участкалар, тоғдаги дам олиш зоналари, миллиард-миллиард пуллар қаердан келарди унда. Бинолар-ку, кўриниб турибди, миллиард долларларнинг ҳам бир қисмини эшитаяпмиз. Бу нарсаларнинг ҳаммаси – халқни гадой қилиш эвазига келди-ку. Шу ишларни қилган одамлар сиёсатни олиб борди. Ҳалиям мамлакатимиз бой экан, кўп нарса бор экан. Энди келажакни, болаларни ўйлашимиз керак.

Сиз мендан “Шунча йил ишлаб, бирор корхонанинг акциясини олганмисиз”, деб сўранг. Йўқ. Сотиб олганларнинг кўпчилиги муттаҳам, ўша пайтнинг ўзида пулини чиқазиб олишган. Ўша заводлардан кейинчалик бирорта оғир машина ёки трактор чиқибдими? Ҳаммаси ўлди…” дея таассуф изҳор қилган собиқ арбоб.

Дўстидан хафа

1997 йилда ҳукуматдан кетган Раҳим Ражабовнинг сўзларига кўра, Ислом Каримов бошқарувидаги охирги икки ўн йилликда Ўзбекистоннинг шўролардан қолган оғир ва авиация саноати йўқ қилинди, йирик давлат корхоналари ва мол-мулки талон-тарож қилинди.

“Бир вақтлар бизнинг заводлар СССРнинг исталган корхонасидан ҳам яхши эди. Кейинчалик, Ислом Абдуғаниевич битта менга аччиқ қилиб, оғир саноатни ҳам, авиация саноатини ҳам йўқотиб юборгани яхши иш бўлмади. Министрлар Советида машинасозлик ва оғир саноат бўлими бор эди. Ҳатто шу бўлимниям ёпиб юборди. Заводларни эса муттаҳамларнинг қўлига бериб, тугатди. Ҳозир ҳам яхшилаб текширтириш мумкин: қани, уларни ким хусусийлаштириб олган экан. Қонунда ҳам ёзиб қўйилган – корхоналар хусусийлашгандан сўнг ҳам ўз йўналишида фаолият юритиши керак эди. Масалан, “Алгоритм” заводи ҳозирги валютада 20-30 миллиард долларга баҳоланади. У ердаги мураккаб техника ва технологиялар, бинолар-у, оромгоҳлар – ҳаммасини қўшсангиз, шунчага бориб қоларди. Уни ким, қайси пулга сотиб олди, корхона ичидаги технологияларни ким йўқотди? Бу саволларга бугун жавоб йўқ”, деб айтган UzA билан суҳбатда Раҳим Ражабов.

Раҳим Ражабов буларнинг ҳаммасини назорат қилмагани учун Каримовдан “хафалигини” айтади.

Rahim Rajabov997 йилда нафақага чиққан Раҳим Ражабов Ўзбекистон тарихидаги биринчи ва охирги Давлат котибидир.

“Жойи жаннатдан бўлсин-у, лекин дўстимдан хафалигим шундаки, у шу ишларни назорат қилмади. Мамлакатга ҳар тарафдан “оч бўрилар” ёпишиб, талаб, бор нарсаниям йўқ қилди. Эсингизда бўлса, зўр чинни заводимиз бор эди. У ерда ишлаб чиқарилган чинниларни мен Г.Киссенжер (АҚШнинг собиқ давлат котиби- таҳр.)га, Саддам Ҳусайнга совға қилганман. Шу завод ҳам сотилиб кетди. Сотиб олган одам билан кейинчалик оғайни бўлиб қолдим. Ўша инсон бир куни, “Биласизми, Раҳим ака, заводни бузганимизда, ундан чиққан металл ва ғиштдан яна бешта завод қурсам бўларкан”, деб қолди. Шунақа гаплар. Энди яна қайтадан чинни завод қурилаётган эмиш…

Оддий халқни – божхоначимиз таласа, транспортчимиз таласа, бошқаси Хитойдан бир сўмлик нарса олиб келиб, ўзимизда 5 сўмга сотса… Бу ишлар – махсус қилинган эди. Лекин мен унда кетиб бўлгандим…”

Раҳим Ражабов ким?

82 ёшли Раҳим Ражабов Ўрта Осий Политехника институти (ҳозирги Тошкент давлат техник университети-таҳр.) да Ислом Каримов билан бирга ўқиган, институт ётоқхонасида бир хонада яшаган ва ишлаб чиқаришдаги карьерасини ҳам бирга бошлаган.

“Узбексельмаш” ва Тошкент экскаватор заводида раҳбар лавозимларида ишлаган, собиқ СССРнинг биринчи компьютери ишлаб чиқарилган “Алгоритм” заводини лойиҳалаш ва қурилиш ишларига бошчилик қилган, уни бошқарган.

1990 йилдан 1997 йилда пенсияга чиққунича Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси раисининг ўринбосари, Давлат котиби ва бош вазир ўринбосари лавозимларида ишлаган.

Собиқ Давлат котибининг интервьюси ижтимоий тармоқларда турли мулоҳалазаларни уйғотган.

Хусусан, унинг Асака заводи тарихига оид ҳикоясига муносабат билдирган журналист ва собиқ депутат Муҳаммаджон Обидов собиқ мулозимнинг сўзлари ҳақиқатлигини савол остига олади.

“Ёлғон! Асакадаги прицеп заводи ҳали умуман қуриб битирилган эмасди. Текислаб шағал тўкилган майдон тепаси бетон плиталар билан ёпилган эди, холос. Атрофи очиқ эди. Бир дона икки қаватли чоғроқ бино-маъмурият биноси бор эди, холос. Мен “Ахборот” мухбири сифатида И. Каримов ва DAWOO корпорацияси президентининг Асакага сафарига ҳамроҳлик қилганман. Барча воқеалар кўз ўнгимда бўлган. Афсус…” дея изоҳ қолдирган Би-би-сининг Фэйсбук саҳифасидаги пост остида Муҳаммаджон Обидов.

Ўзбекистоннинг расмий матбуоти сўнги пайтларда Каримов бошқарувининг турли даврларида ҳукуматдан кетказилган собиқ мулозимларнинг чиқишларига ўрин бермоқда.

Бошида бу чиқишларда Каримов мероси ҳақида асосан ижобий фикрлар билдирилган бўлса, сўнгги пайтларда танқид оҳангининг кучайгани сезилади.

Манба: Би-Би-Си Ўзбек

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort