Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

26 май – Тилак Жўра туғилган кун

26 май – Тилак Жўра туғилган кун
26 Mayıs 2019 - 10:46 'да юкланди ва 400 марта ўқилди.

Бугун минг- минглаб мухлислари бўлган бетакрор талантли шоир Тилак Жўранинг туғилган куни!

У ўзининг ўлмас шеърлари ила жуда кўп ёшларни шеърият майдонига олиб кирган бахтли шахс эди. Раҳматли Муҳаммад Юсуфдай забардаст шоир унга атаб шер ёзиб, шундай деган:

“Тегирмончиликни орзу қилардим. Унга ҳавас қилиб шоир бўлганман”

25 йилдирки Тилак Жўра орамизда йўқ лекин унинг рафиқаси, ўғиллари ва қизи ҳар йили 26 май куни Бухоро вилоятининг Қоракўл туманининг Саййод қишлоғидаги уйларида камтарона дастурхон тузиб хатми Қуръон қилиб шоирни дўстлари ва мухлисларини меҳмондўстлик билан қабул қиладилар.

Шоирнинг Ориф исмли ўғли кўп йиллар оиласи номидан Тошкент ва Бухородаги барча идораларга, кириб Тилак Жўрани номини абадийлаштириш учун Саййод қишлоғида шоир уй-музейини яратиш ғоясини олға суради. Худога шукурлар эзгу ниятлар ёрқин ғоялар амалга ошадиган ёруғ адолатли замонлар келди Ўзбекистонимизга.

Ишончим комилки Тилак Жўрадай эркни, ҳақиқатни куйлаган, мангуликка дахлдор шоир номи абадийлаштирилади.

Анвармирзо Хусаинов

* * *

Тилак Жўра 1947 йилда Бухоро вилоятининг Қоракўл туманидаги Сайёт қишлоғида туғилган. ТошДУнинг филология факультетини тамомлаган (1972). «Райҳон» (1977), «Олам остонаси» (1980), «Юлдузлар табассуми» (1981), «Чорраҳадаги уй» (1983), «Сандувоч» (1988), «Руҳият» (1990) каби шеърий тўпламлари нашр этилган. «Ҳозирги турк шеърияти», «Нозим Ҳикмат ва Ўзбекистон» сингари илмий асарлари ҳам бор. 1994 йил Тошкент шаҳрида вафот этган.

ОНА НИЯТИ

От чоптириб чиқдинг уйингдан,
От чоптириб қайтгин, илоҳим!
Қўлингдаги жиловинг каби
Эркинг бўлсин ўзингда доим.

Майли, мени ўйлама, болам,
Топганингни сарф қил ўзингга.
Лек бировга бўлмагин қарам,
Нам тегмасин сира тизингга.

Улғайтирдим полвоним дея,
Толиққанда дармоним дея.
Шамол каби елиб борасан,
Олисдаги осмоним дея.

Осмонингни олиб қайт, болам,
Қолиб кетма осмон васлида.
Отанг қурган бу кичик ҳужра
Осмондан ҳам кенгдир аслида.

От чоптириб чикдинг уйингдан,
От чоптириб қайтгин, илоҳим!
Қўлингдаги жиловинг каби
Эркинг бўлсин ўзингда доим.

* * *

Кел, эй, кўнгил, шаробдай қуйил
Қақраб қолган қақроқ лабимга.
Маст бўлайин, майлига буткул,
Малҳам бўлсанг соғинч дардимга.

Туйғулардан кўзим қамашиб,
Узоқ йиллар куйладим ойни.
Илон каби ул ҳам чирмашиб,
Туйғулардай авради мени.

Ой ҳам бугун бегона менга,
Бегонадир осмон ҳам ахир.
Умидимдай суяндим тонгта,
Бу тонгларки йилт этган шамшир.

Маст айларди шудгорнинг ҳиди,
Замин бугун димиқиб ётар.
Чигирткалар саси ҳам тинди,
Сукут юрагимга наштардай ботар.

Умр ўхшар эгик дарахтга,
Белин букар буюк бир соғинч!
Мен ҳушимда ўхшаб карахтга,
Тушларимда яшайман нотинч.

Шовуллаган сойни куйладим,
Оқиздирмас ҳатто соямни.
Мен ҳамиша бахтни ўйладим,
Чақмоқларга санчиб миямни.

Йўқ! Тугамас кўнгил сафари,
Бўлмаса ҳам армоннинг васли.
Бўл ҳаётнинг ғолиб аскари,
Қалбим сендан топдим тасалли!

Кел, эй, кўнгил, шаробдай қуйил
Қақраб қолган қақроқ лабимга.
Маст бўлайин, майлига буткул,
Малҳам бўлсанг соғинч дардимга.

РУҲИЯТ

Бир яланглик бўлса,
Тўйиб-тўйиб бақирсанг,
Сўниб қолган руҳингни
Қалқиб-қалқиб чақирсанг!..
Титраса товушингдан
Димиққан бағринг, тананг,
Сочилиб дил ғубори
Қоядаги майсадай
Силкиниб турса шонанг.
Оҳ, десанг, оҳлар десанг,
Бу қандай чоғлар десанг,
Елкамни тоғдай босган
Бу қандай доғлар десанг!
Қўл бутун, оёқ бутун,
Дил нечун оғлар десанг,
Бу қандай имкон, охир!
Қўлларим боғлар десанг,
Бу умид қандай умид,
Дилда жон сақлар десанг!
Оҳ урсанг, оҳлар десанг,
Бу қандай замон, охир!
Тўйиб-тўйиб бақирмоқ,
Ёниб-ёниб чақирмоқ
Энди бир армон десанг.
Бир яланглик бўлса,
Айтиб-айтиб шуларни,
Учириб
Гала-гала қушларни
Тўйиб-тўйиб бақирсанг,
Куйиб-куйиб чақирсанг?!

* * *

Бу элга ғам эмас, ёмғирлар ёгсин,
Баҳор ёмғирлари, куз ёмғирлари,
Севинч ёмғирлари, ишонч ёмғирлари,
Ёғсин-эй, майлига, соғинч ёмғирлари,
Соғиниб-соғиниб келган бу элга,
Суяниб-суриниб келган бу элга,
Сўкилиб-соврилиб келган бу элга,
Суқланиб-сарғайиб келган бу элга,
Ёғсин-эй, майлига қувончлар ёғсин.
Борини бериб ҳам, бўҳтонлар олган,
Зорини айтиб ҳам, зорланиб қолган,
Сомондай сарғайиб, ҳар ён сочилиб,
Тола-тола бўлиб, толиқиб толган
Бу элга қувончлар, ишончлар ёгсин!
Бу қандай замондур, бу қандай даврон,
Умрим, ўз ҳолингга ўзингсан ҳайрон,
Не хатолар қилдинг, айтсанг-чи, ахир,
Кўнгил-да вайрондир, имон-да вайрон.
Сарғайган қамишдай сарғайган гўдак,
Сендан қадрлими бир дона кўсак?
Дардим дарё бўлиб оқизмас мени,
Елкамда кўтариб кетсам мен сени.
Сени қандай асрай, кўзи қаролиқ,
Қўлларим чўзарман, қўлларим боғлиқ,
Бу дунё гумроҳдир, гумроҳ одамлар,
Жилмайиб боқарлар, юраклар доғлиқ!
Кўкликдан кўкармай, сарғайган соҳил,
Уммонинг қайдадир, гумонинг қайда,
Сени ҳам кул қилди, кул бўлган ҳосил,
Тўфонинг қайда ҳей, суронинг қайда?!
Оҳ уриб, оҳимни мен кимга айтай,
Қани, у туш бўлса, жимгина ётай.
Лек, руҳим тирмалиб, санчилар санчиқ,
Қароғим қичқирса, мен қандай ётай!
Бу элга ғам эмас, ёмғирлар ёғсин,
Баҳор ёмғирлари, куз ёмғирлари.
Баҳордай борлиқни қувончга қорсин,
Ўзлик ёмғирлари, ўз ёмғирлари…

САРАТОН

1. Чайлага осиқлик чакки халтадан
Чак-чак томади
Сарғиш томчилар.
Чайлага суянган катда
Чол мудрар
Сочиқ-ла қувлаб уйқуни.
Бутун полиз мудрар,
Итнинг қулоғидай
Палакнинг барги осилган…

2. Япроқчалар жимгина боқар,
Қоратолнинг шохи қайрилиб.
Ирмоқча ҳам эриниб оқар,
Толнинг соясидан айрилиб.
Тол шохида қушча бемажол,
Ҳалқумида типирчилар жон.
Тол тагига беркинган шамол,
Ўз ҳукмини ўқир саратон.

3. Палакларда парчаланар кўк
Тарсиллаган қовун сасидан
Кўсаклар ҳам тинмай отар ўқ,
Оппоқ тишлар чиқар қафасдан.
Дами қисиб келар ҳарсиллаб,
Офтоббардор кундузлар шитоб.
Қошларидан ўсмасин ялар
Ҳорғин қизлар елпиган офтоб…

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort