Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Малоҳат Эшонқулова: “Манзилга етиб келдикми, ҳурматли президент?”

Малоҳат Эшонқулова: “Манзилга етиб келдикми, ҳурматли президент?”
26 Mayıs 2019 - 23:23 'да юкланди ва 804 марта ўқилди.

МАЛОҲАТ ЭШОНҚУЛОВА: “МАНЗИЛГА ЕТИБ КЕЛДИКМИ, ҲУРМАТЛИ ПРЕЗИДЕНТ?”
(Шавкат Мирзиёевга Очиқ хат)

Муҳтарам Шавкат Миромонович!

Сиз тайинлаган ҳокимлар орасида фуқаронинг уйини, дўконини ёки корхонасини бузмагани, фермернинг ерини тортиб олмагани қолдими? Қаерга қарама, ҳоким фуқаронинг уйига бульдозер торттирган, дўконини текислаган ёки экинини пайхон қилган. Сиз тайинлаган ҳокимлар Ўзбекистон тарихида “уйбузар”, “дўконбузар” ва “ербузар” номини олиб улгурди-ку!

Сиз тайинлаган айрим ҳокимлар макру ҳийла ишлатмасдан, алдамасдан ишлай олмайдими? Қай бирига қарама, оддий одамларни қақшатгани қақшатган, уларнинг қулоқларига лағмон илгани илган!

Республикадаги барча ҳокимларни шахсан ўзингиз тайинлашингиз сир эмас. Бу лавозимларга ишончингизга кирган одамларни қўйишингизни ҳам биламиз. Сиз туғилиб ўсган Зомин туманига бошқалардан яқинроқ кишингизни ҳоким қилиб қўйганингизга ҳам шубҳам йўқ.

Шу йилнинг 18 май куни Зомин тумани ҳокими Алишер Абдуғаниев ҳокимият юристи Акбар Ўралов ҳамда Ички ишлар бўлими терроризимга қарши кураш бўлинмаси бошлиғи Нуриддин Ҳайдаровларни ёнимга жўнатиб, мени ўз ҳузурига чақиртирди.

Абдуғаниевнинг чопарлари менга: “Зоминлик Нишонбой Худойбердиевнинг уйи бузилиши билан боғлиқ масала юзасидан ҳокимиятда келишув бўлади. Ҳоким бува сизни кузатувчи сифатида иштирок этишингизни сўраяпти. Ҳоким Нишонбой Худойбердиевга етказилган зарарни беради. Сизда адолат тиклангани ҳақида янги лавҳа қилиш имконияти пайдо бўлади”, – дейишди.

25 май куни Зомин тумани ҳокимиятига борганимда, Абдуғаниев томонидан алданганлигимни англадим. Чунки ҳеч қандай келишув ҳам, йиғилиш ҳам бўлмади. Ҳоким эса қорасини ҳам кўрсатмади.

Туман ҳокимиятининг хотин-қизлар қўмитаси раиси Нодира Файзиеванинг хонасига кутаётганим ҳокимбува ўрнига комуфляж кийган, ярми фуқаро кийимидаги, қолган ярми милиция формасидаги 7-8 киши қўлида кишан ва видеокамера билан бостириб кирди. Воҳид Эшбеков деган терговчи ҳокимият биносида мени тергашни бошлади.

Қачондан бери терговчиларнинг дастлабки суриштирув ишлари туман ҳокимиятида олиб бориладиган бўлди? Бу ҳол ҳоким Алишер Абдуғаниевнинг инновацион ташаббусими? Дастлабки суриштирув ишлари воқеа содир бўлган жой, яъни Тошкентда ўтказилиши кераклиги ҳақидаги қонун талаби қаерда қолади унда? Ёки Зомин тумани ҳокими, ИИБ ва прокуратура раҳбарлари қонунни сариқ чақага ҳам олишмайдими?

Эмишки, мен туманда ноқонуний уй ва дўконлар бузилиши ҳақида лавҳа тайёрлаб, президентнинг ишончли вакили бўлмиш Алишер Абдуғаниевни эл олдида обрўсизлантирган эмишман.

Ҳурматли президент!

Айтингчи, туманни, вилоятни, юртни ким шарманда қилади? Шу ердан чиққан фоҳиша, ўғри, қотилларми ёки ўша фоҳиша, ўғри, қотиллар ҳақида мақола ёзган журналистларми?

Зоминни ким шарманда қилаяпти? Бир ночор оиланинг бор йўғи 2 сотихгина томарқасини тортиб олиб, мулкига бульдезор солган Алишер Абдуғаниевми ёки унинг ноқонуний ҳаракатлари ҳақида танқидий лавҳа тайёрлаган Малоҳат Эшонқуловами?

Президентни ким шарманда қилаяпти? Тадбиркорнинг дўконини минг битта баҳоналар билан буздиртирган ва уч йиллаб тавон пулини тўламай келаётган ҳокимми ёки мана шу бедодлик ҳақида бонг урган журналистми? Ўз вақтида тўланмаган компенсация пули 3 йилдирки инфляцияга учрамадими? Бунинг ортидан фуқаро моддий ва маънавий зарар кўрмадими?

Муҳтарам Шавкат Миромонович!

“Журналистлар! Муаммоларни очиб беринглар, уларни танқид қилинглар!” – деб матбуот аҳлига юзланган Сиз эмасми? Шу гапингизга ишониб, муаммоларни танқид қилганларнинг қўлларига кишан солиш пайти келдими? Манзилга етиб келдикми, ҳурматли президент?

Мен Алишер Абдуғаниевга тааллуқли видео лавҳани Тошкент шаҳрида монтаж қилганман ва Тошкент шаҳрида интернет тармоғига жойлаштирганман. Шундай экан, Зомин туман ҳокимининг менга нисбатан ёзган аризасини қонунчилигимизга мувофиқ воқеа содир бўлган жойга, Тошкент шаҳар ИИБга ва ё Чилонзор тумани ёхуд Мирза Улуғбек туман ички ишлар бўлимига юбориш ва дастлабки суриштирув ишларини қонун қолипида олиб бориш шунчалар мушкулми?

Муҳтарам Президент!

Биламиз, одамларнинг уйларини, дўконларини, ерларини Сиз буздираётганингиз йўқ. Ҳокимларингиз буздираяпти.

Лекин ҳокимларингиз Сизнинг рухсатингизсиз ҳожатга ҳам бормаслигини ҳамма билади-ку. Сиз эълон қилган Ривожланишнинг 5 стратегиясида одамларнинг уйини буздириш, ерини тортиб олиш ва дўконини текислатиш йўқ эди, чоғи…

Борди-ю, Сиз ҳокимларга изн бермаган бўлсангиз, наҳотки, Сиз тайинлаган ҳоким Алишер Абдуғаниев Сиз туғилиб ўсган Зоминда фуқароларнинг уйларини ноқонуний буздираётганидан, дўконларини ғайриқонуний текислатаётганидан бехабар бўлсангиз?

Шавкат Миромонович! Мен шунга аминманки, Зомин туман ҳокими Алишер Абдуғаниевга тепадан изин берилмаганида эди, у мени алдаб чақириб, ҳокимият биносида тергов қилдиришга журъат этмаган бўларди.

Ҳурматли Президент!

Ота юртингиздаги бу можаролардан ростдан ҳам бехабар бўлсангиз, мен Сизга бу ҳақида хабар бераяпман. Одамларнинг уйлари ва дўконларини ноқонуний буздираётган ҳокимингиз Алишер Абдуғаниевга нисбатан чора кўрасиз, деган умиддаман.

Зеро, Сизга фақат Алишер Абдуғаниев эмас, ундан азият чекаётган зоминликлар ҳам юртдошдир.

Ҳурмат ила,

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА,
мустақил журналист ва ҳуқуқбон
26.05.2019

facebook.com

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort