Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Ўзбек ижодкор эркаги тўлдиролмайдиган ғор

Ўзбек ижодкор эркаги тўлдиролмайдиган ғор
09 Haziran 2019 - 7:00 'да юкланди ва 596 марта ўқилди.

19. Замондошларимга маддоҳликдан воз кечганим ҳақида
(ўзбек ижодкор эркаги тўлдиролмайдиган ғор)

Ижод кишисини бошқалардан кўра каттароқ парвоз қилиши учун маълум шарт-шароит бўлиши керак.

Имом Бухорий, Ал Хоразмий, Ал Беруний, Ибн Сино, Алишер Навоийнинг уйланганлиги ҳақида тарих жим. Улар илм чўққисига чиққанлигининг сабаби ҳам шудир балким.

Ривоятда келишича Имом ал Бухорий ҳаёти давомида бир воқеадан сўнг пулни қўлида қайтиб ушламаган эканлар. Воқеа эса шундай:

Исмоил Ал Бухорий ҳадис йиғиш мақсадида денгиз узра сузишга тўғри келади. Ҳомийлар сафар харажатлари учун у кишига беш минг дирҳам пул берар экан. Кемада бир киши билан ҳамсуҳбат бўлиб қоларкан. Суҳбат асносида Ал Бухорий ёнида 5000 дирҳам пули борлигини шеригига айтиб қўяркан. Каззоб шерик кема қўмондони тарафга юзланиб бақирар ва «менинг беш минг дирҳамимни мана бу йигит олиб қўйди» деркан. Ал Бухорий эса ақча тўла тугунчани кемадан улоқтириб юборар экан.

Одамнинг қорни яримта нон-у, бир коса шўрвага тўяди. Расули Акрам «агар уйингизда бир кунлик егулик озуқангиз бўлиб, оилангиз тинч бўлса, сиз бахтлисиз» деган эканлар.

Бир вақтлар дунё тамаддунини ислом байроғи остида бошқарган халқнинг мағрур аждодларнинг елкаси қисиқ авлодлари 19-20-асрга келиб кундалик озуқа ва тан ҳирсига муккасидан кетиб бошқаларга қарам бўлганидан кейин, уларнинг фарзандлари ошқозон ғами-ю, тўй-ҳашам завқи билан яшашга кўникиб қолди.
Бутун бошли даврни куйлаган буюк шоиримиз ҳақ эдилар:

Мен эркак ўрнида туришим керак,
Ё хотин измига юришим керак.
Хотиннинг, тўй, лозим омадаси кўп,
Ҳа, деса лаббай, деб туришим керак.
Ҳа, деса лаббай, деб туришим учун,
Уйимда пул завод қуришим керак.
Уйимда пул завод қура олмасам,
Энг катта банкани уришим керак.
Энг катта банка ҳам қўлдан келмаса,
Ҳа, деса шалвираб туришим керак.
Шалвираб турувчи эркак бўлгандан
Йўқ бўлиб дунёдан, қуришим керак.
Дунёдан йўқ бўлиб кетмаслик учун
Мен эркак ўрнида туришим керак.
Яъни эркакларнинг ишини қилиб,
Мазза қилиб шахмат суришим керак.

Эркин Воҳидов

Шалвираб турган эркакдан кўра оилам дея ишлашим керак. Совет ва кейинги Мустақилликнинг 25 йилида ишхона берган маош билан оила тебратиш мушкул иш эди.

Жуда истеъдодли, борган жойида барака ёғиладиган ўзбек зиёлиси эса бир ставка эмас, ҳатто ярим ставка ишгаям рози:

ИШ БЕРУВЧИЛАР УЧУН АРИЗА

Менинг исми шарифим –Ёқубов Дадахон
Туғилган сана 20.04.1954
Маълумотим Олий –ТошДУ, Журналистика, Тошкент маданият техникуми, муз-хор мутахассиси.

Ҳозирги аҳволим пенсионер ( кам пенсия оламан, ишхонамда Халқаро ташкилот раиси эдим, хужжатларим йўқотилганлиги туфайли 17 йиллик раислик иш стажим хисобга олинмаган).

Илмий унвоним йўқ. Аммо Дизайн тарихи ва назариясидан докторлик диссертациясини ёзиб қўйганман. (Ўзбекистонда бундай фан қабул қилинмаган, дунё мамлакатлари бу соҳада ярим аср олдинда).
Фахий унвоним – Ўзбекистон санъат арбоби.

Ҳукумат мукофотим – Меҳнат шуҳрати ордени, Тожикистон Республикаси Олий Кенгашининг Фаҳрий ёрлиғи, бошқа медаллар.

Ўзбек ва рус тилларини яхши биламан.

Энди қўлимдан келадиган ишларни таклиф этаман.

1. Боғбонлик (уйимиздаги мевалар мисолида), Пахтакорлик (пахта таришда доимо биринчи ўринни олганман, тедевидениеда ишлаган хамкасбларим бунга гувоҳ бўлишади), қоровуллик, фаррошлик, турли майда-чуйда ишларни бажариш (Телемарказ қурилишида комсомол бригадасига бош эдим), кафелчи-мутахассис, гувала қуйиш, шоли ўташ, мол боқиш, умуман мадикорлик (мадикор бозорига чиқиб турар эдим, ўра кавлаш мутахассиси сифатида) соҳада тажрибам бор.

2. Уй хўжалик ишлари бўйича мутахассис– уй кўтариш, идиш товоқ ювиш, супириш, баъзи таомларни пишириш, дастурхон безаш, тўйда корандалик қилиш, чой қайнатиш, ўтин тайёрлаш, йиғиштириш. Фақат бола боқишга нўноқман. Аммо янги эртак ва топишмоқлар тўқиб айтиб беришга устаман. Бу эртаклар чоп этилиши учун бир неча йиллар маблағ ишлаб топсам, кейин Чўлпон нашриётига ва Ёзувчилар уюшмасига бораман.

3. Дуродгорликдан бир оз ҳабарим бор. Расмларга ромка ясай оламан. Фотосуратчилик билан шуғулланаман. Оддий бир нарса тасвиридан санъат асари яратишим мумкин.

4. Савдо ишларига ярамайман. Кўп алданганман.

5. Совчилик, қуда андачилик масалаларида ҳам кўп адашганман. Ҳисобли дўстлар, мўғомбир аёллар кўп алдашган.

6. Раҳбар лавозимларида ишлай олмайман, чунки кадр танлашни яхши билмайман. Мен бош бўлган идорада пашша хайдовчиларни ишга олиб, топганимни уларга едириб, охири ўзим ишсиз, маблағсиз қолдим. Улар хатто катта миқдордаги пенсияни олиб, бошлиғимиз, қашшоқликдан оч қолса ҳам, ҳануз ўлмабди-я, деб юришибди.

7. Болаларингизга барча фанлардан, ҳуснихат, иншо, рус тили, нотиқлик санъати, шеър ёзиш, расм чизиш, мусиқа чолиш каби соҳаларни ўргатишим мумкин. Баъзан қўшиқ айтишни ҳам ўргатиб тураман. Ёш мухбирлар тўгарагини ташкил этишим мумкин.

8. Оммвавий ахборот воситаларининг барча турларида, жумладан рақамли журналистикада ҳам, нашриёт, реклама агентликлари, телевидение, кино, интернет нашрларида ишлай оламан. Технологиялардан фойдаланишни биламан. Бир ўзим кўрсатув олиб борувчи суҳандон, режиссёр, мухбир, тасвирчи, ташкилотчи, продюссер вазифаларини бажаришим мумкин.

9. Докторлик диссертацияси ёзувчилар учун матнларини мукаммаллаштириб бераман.

10. Педагогик фаолиятдан тажрибам бор. Журналистика жанрлари, Дизайн тарихи ва назарияси фанидан Олий ўқув юртларида дарс беришим мумкин. Дарсликлар ва рисолалар ёзганман.

11. Бир нечта китобларим чоп этилган. Ёзувчи сифатида учта романим нашриёт қидирмоқда. Шеърий машқларимни 50 йил тўплаганман. Интернетда ўз мухлисларига эгаман.

12. Давлат идораларида ҳам мутахассис сифатида ишлашим мумкин. Тажрибаларим бор. Ҳатто ўз изини қолдирган лойиҳаларимдан бири “Наврўз” байрами ва марафони ҳисобланади.

Ҳурматли иш берувчи жаноблар!

Менга ярим ставка иш берсангиз, бажонидил ишлар эдим. Мени универсал мутахассис сифатида ишлатишингиз мумкин.

Камчиликларим ҳам бор. Кўп ғояларни тиқиштираверганим, ихтиро ва кашфиётларни таклиф этаверишим кўпчиликка ёқмаслиги мумкин. Мендан асло чўчиманглар. Раҳбарларимни ҳурмат қилганман. Асло уларнинг ортидан ёмонламаганман. Бир кун туз берган жойга минг кун салом, деган халқимиз мақоли, менинг фазилатимдан жой олган.

Дадахон аканинг мухлислари ва шогирдлари бу ҳазил-мутойибага йўғрилган арзномани хафачилик билан қабул қилиб, у кишидан бу нолани интернетдан олиб ташлашни сўрадилар.

Мухлислар ва шогирдлар учун Дадахон ака ўша – ўша кулиб юрадиган, ҳаёт ташвишларидан йироқ, доим ғолиб, ҳаёт қувончлари билан ҳамдам сиймода қолиши керак эди.

Истеъдодли ўзбек актёри, кинорежёссёри Исамат Эргашевнинг ҳаёти ҳам бунга ёрқин мисол. Исамат ака Абдулла Қодирийнинг «Меҳробдан чаён» номли романи асосида суратга олинган Анвар ролини қойилмақом қилиб ижро этганидан сўнг, у киши яшайдиган колхознинг раиси «бундан буёғига салбий роль ўйнамаслик» шарти билан умрининг охиригача колхоз ғазнасидан ойлик маош белгилаб беради. Исамат ака ноилож бу шартга кўнади ва роль ўйнашни тарк этади. Аммо, актёрлик каръерасидан воз кечишга мажбур бўлади. Аҳдига содиқ қолган И.Эргашев салбий роль ўйнамади, аммо, ҳомий – колхўз йўқ бўлиб кетди.

Яна бир истеъдодимиз, том маънода одамийлик мужассам, жасур шахс ва ижодкор, устоз Тоҳир Малик эдилар. У кишининг «Шайтанат» қиссалари тўплами қандай шов-шув бўлиб ўқилгани кўпчиликнинг ёдида бор. Аммо, ўша китоблардан олган гонорари ўртача қийматдаги битта костюм шимга етган бўлса, бордир.

Устоз, жаннат эшиклари ланг очилган Рамазон ойида бизни тарк этдилар. Тоҳир Малик хотирасига бағишлаб тижорат каналларидан бирида кўрсатув бўляпти. Студияга келган аёл, хотирлаш учун фотиҳа маъракасида иштирок этиш учун уйларига бориб, яшаётган уйлари ўта камтар эканлигини кўриб ҳайрон қолганини сўзлади. Бу гапдан бошловчи ҳам энтикиб «ёзувчиларнинг қай бири бой бўлганини кўрувдингиз?»-деб юборди.

Сталинизмдан бошланган ёзувчи-шоирларнинг маддоҳлик профессияси иш бошлаган пайтда пролетар ёзувчилари Алексей Толстой ва Мксим Горькийлар миллионерлар бўлишгани факт. Бу эстафетани қабул қилган ўзбек маддоҳ ёзувчи-шоирлари ҳам совет замонида ёмон яшамаганлар. Уларнинг абжирлари маддоҳликнинг ёнига ўз миллатига хоинлик ва душманликни ҳам қўшиб олиб борганлар. Афсус!

Ҳақиқий ижод аҳли бировдан тиланмайди. Чунки, бу истеъдоднинг ўлди дегани.

Ўзбек хотирасининг энг махфий темир қутисида сақланаётган сезгисига кўра, ўзбек нолишни ҳам, нолиганни ҳам ёмон кўради.

Нега нолийсан деса, бу нолиш эмас, бу исён дея янги ўлчамларни таклиф қилади.

Истеъдоли шоир ва таржимон Абдуҳамид Пардаев ёзади:

(Ҳ) ИС-ЁН!

Озодлик. Бу сўзнинг мазмун-моҳиятини унутдим.
Анчадан буён тушимга ҳам кирмайди.
Бир иним, бир маслакдошим, бир ҳамкасбим – ҳибсда.
Ҳўрланган, ҳақоратланган, ҳақ-ҳуқуқсиз жабрдийда маҳбусман, маҳбус.
Ўз соямдан ҳам қўрқаман.
Бу қора кўланка дафъатан даҳшатли қора кучга айланиб, зиндон қаърига судраб кетиши ҳеч гап эмас.
Ўз ватанимда беватан мусофирман.
Менинг бахтим деб ўз бахтини қурбон қилган бахтсиз эрксевар юртдошим билан мусофирлик ошини ичиб сочу соқолим оқарди.
Ҳақ-ҳуқуқсиз бир қулман.
Бир бурда нон, бир коса ош топиш илинжида бегона юртларда мени назар писанд қилмайдиган, итдай тепиб ишлатадиган шафқатсиз ғайридинлар қўлида қора терга ботиб ишлашга мажбурман.
Тилсиз-забонсиз гунгу соқовман.
Бинобарин, хиёнаткорларнинг юзига хиёнаткорсан, сотқинларнинг юзига сотқинсан, ватанфурушга ватанфурушсан, ватан хоинларига ватан хоинисан деб айта олмайман. Ўғрибошини, Тўғрибоши дея жар солишларига эътироз билдира олмайман.
Қувватим йўқ, қўлим қисқа.
Дардманднинг дардига даво бўлиш, бир қултум тоза ҳавога зор маҳбусга бир қултум тоза ҳаво бахш этишга ожизман.
Сўқир, кўр, басирман! Ҳақсизликлар, адолатсизликлар, ўғирликлар, қаллобликлар, ваъдабозликлар, лўттибозликлар, шафқатсизликларни кўриб кўрмаганга олишга мажбурман. Бинобарин, Худо менга икки кўзни нима учун берганига тушуна олмай гарангман.
Мен одам-подам эмасман. Оломон ичидаги бир оми ожизман, холос.
Тош асрида, музликлар даврида музлаб қолган, Худо қарғаган замин зиндонидаман. Қанотим бўлса, иссиқ ўлкаларга аллақачон учиб кетардим.
Жаннату дўзах афсонавий манзилу маконлар эмас, жаҳонда мавжудлигига гувоҳ бўлдим. Заминнинг бир томонида кун, бир томонида қора тун ҳукмрон бўлгандай бир томонида жаннат боғларию бир томонида жаҳаннам оташгоҳлари!
Менга Раҳмонни бор дедилар, бироқ ҳали ҳануз ўнгимда ҳам, тушимда ҳам чор атрофимда фақат шайтонлару шайтонваччалар ўлаксахўр қора қузғунлардай чарх уради.
Муҳаббат саробига алданавергач, шаҳват ахлатхонасида ҳирсу нафсимни қондирдим.
Минглаб набийлар ўз динларини, даҳолар ўз таълимотларини, ҳукмдорлар ўз тузумларини мажбурлаб тиқиштиравергач, қайси бирини танлашни билмай тамомила йўлдан адашдим, устига-устига бутунлай ақлдан оздим.
Ўнг елкамдаги Фаришта, чап елкамдаги Иблис билан жанг қилавериб, жонимдан тўйдирди, хонумонимни куйдирди!
На жисму жонимда, ҳатто аъзойи баданимда бирон соғ жой қолмагандай. Жувонмарг умидларим, ушалмаган орзуларим, адойи тамом бўлган саломатлигим, топталган ору номусим, бўғизланган истеъдодим, бой берилган умрим хунини қайси мард тўлайди?!
Идроким – карахт, қулоғим – кар, кўзларим – кўр, тилим – соқов, қалбим – сўқир, юрагим – тош, кўнглим – вайрон, жигар-бағрим – қон, иродам – фалаж, қўлимда – кишан, оёғимда – тушов!
Падарим – жонимни олди; модарим – кафанимни бичди; ёстиқдошим – ғассолим бўлди; қизларим – гўяндалик қилди; ўғилларим – қабр қазиб, лаҳадга жойлади; биродарларим – қабримга тупроқ тортди!
Бир умр ахтариб топмаганларимни аллақандай ҳисоб кунида топишимга нима учун ишонишим керак!

Абдуҳамид ака!

Ишонинг ҳар қандай қийинчиликдан кейин енгиллик бўлади. Бу дунёни яратган Зотдан ўзга ҳеч ким ҳар қандай яхшиликка, ҳар доим яхшилик билан жавоб бера олмайди!

Бир сўз билан айтганда тепа ва пастки нафсига берилмаган ўзбек зиёлисининг ҳозирги кундаги иқтисодий аҳволи МИСКИН атамасида мужассам. Яъни, ўзи муҳтож бўлса-да бировдан сўролмайди. Ош-қорин ғамидагиларнинг қорни очлар билан иши йўқ!

Бу оғир йўлдан чиқиб кетишнинг иложи борми?

Бор!

Аммо, бунинг учун ижодий ишлаш керак!

Ҳозирги кунда энг долзарб иш ўзбек халқининг тарихий хотирасини тиклаш, унинг қаддини кўтариш!

Фейсбук саҳифаларида жонкуяр тарихчи истеъдодларнинг бир қанчасини учратиш мумкин. Мисол учун биттагина Шоҳистахон Ўлжаева бутун бошли тарих институти қилаётган ишни бепул бажариб ётибди. Бундай тарихчилар сафига бемалол Эркин Мусурмонов, Латофат Абдураимоваларни ҳам қўшиш мумкин. Тарихий мавзуларда қалам тебратаётган Бахтиёр Абдуғафур ҳам шу жумлада.

Вазифа нимадан иборат?

Тарихчиларимиз ва ёзувчиларимизнинг асарларини саноатлаштиришимиз керак!

Ўзбек миллати тарихи, унинг моҳир саркардалари, давлат арбоблари учун 300 миллионлик турк олами мавжуд! Менимча, турк қардошларимиз ўртасида Бахтиёр Абдуғафурнинг Жалолиддин Мангуберди асари яхшигина шов-шув (даромад ҳам) келтириши мумкин. Шоҳистахон Ўлжаеванинг Амир Темур ҳақидаги асарларига асосан, ҳужжатли ва бадиий фильмларни бемалол яратиш мумкин.

Ўзбек диний уламолари тарихи ва ҳаётини акс эттирувчи ва унга муштоқ 1,5 миллиардлик мусулмон олами бор! Яқинда Имом Термизий ҳақида фильм яратишибди. Битта кадр менинг энсамни қотирди. Ёш имом Термизий битта нонни ариққа оқизиб, уни ушлолмай орқасидан қувиб кетди. Ариқ суви худди ҳозирги канал сувлари каби тез оқди ёки ёш Термизий ландавурлиги туфайли уни ушлай олмади. Ландовур, соддадиллигига розиман. Аммо, кейинги кадр бўлажак олим уйига келган меҳмоннинг хуржунидан китобни ўғирлаб олди!!!??? Буниси билан умуман келишолмадим. Дунёни лол қилган аждодимиз ҳақида фильм яратиш учун дунёни лол қиладиган дид керак эмасми? Бўлган-бўлмаган воқеаларни кимдир ёзган бўлса, кўр-кўрона кадрга олавериш керакми?

Имом Бухорий, Мотрудий, Марғинонийлар каби уламолар ҳақида сўйлаш учун юксак дид зарур бўлади. Бундай дидли одамлар ҳозирги кунда Ижтимоий тармоқларда бор.

Ўзбек адабиёти ҳали дунё миқёсига чиққани йўқ! Аммо, асарлар бор. Бу асарларни дунёга олиб чиқиш керак.

Ўтган асрнинг 80-йилларида Габриэль Гарсия Маркес етакчилигидаги Лотин Америкаси ёзувчилари қилган ишни биз ҳам қилишимиз керак. Бу чидамли халқнинг фазилатларини ҳали дунё билмайди.

Бунинг учун ҳақиқий ватанпарвар, халқпарвар ҳомийлар бирлашиб 3D форматдаги мултфильм студиясини очиш керак. Бу соҳа дунёда яхши тараққий топди. Битта ўткир сюжетли мультфильм миллиардлаб доллар даромад келтиряпти!

Инглизлардан ўрганайлик биттагина Гарри Потер асарини саҳналаштириш эвазига миллиардлаб доллар Англия иқтисоди фойда кўрган бўлса, асар муаллифининг китоби 500 млн. нусхага етиб борди. Муаллиф эса шахсий жамғармасига бир неча миллиард доллар ишлаб олди.

Ишни бир бошлаб олайлик!

Давлат ғазнасига кўз тикиб турмасдан ишга тоза қалб, тоза қўллар, меҳрли виждон билан ёндашиб ижодий ишлайлик.

Бунинг учун ижодий, иқтисодий, ҳар тарафлама манфаатли ушбу лойиҳани менимча, ҳозирги кундаги энг тўғри ечим.

Бу гаплар 2019 йилда айтиляпти. Мен сўзламоқчи бўлган қисса якунига етай деб қолди. Менда бу лойиҳалар 2011 йилда йўқ эди. Шунинг учун ўзимнинг ўша пайтдаги молиявий аҳволимни ўнглашнинг ягона йўли И.Каримовга маддоҳлик деб ўйлаб, унга маддоҳлик қилгандим ва дакки еб бундан буёғига маддоҳлик қилмайман дея Аллоҳга ваъда бергандим!

Давоми бор

Анвар Шукуров

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort