Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Ўзбекистон: Саид Абдулазиз Юсупов тиббий экспертизаси театрлаштирилган томошамиди?

Ўзбекистон: Саид Абдулазиз Юсупов тиббий экспертизаси театрлаштирилган томошамиди?
10 Haziran 2019 - 11:30 'да юкланди ва 739 марта ўқилди.

Журналист Саид-Абдулазиз Юсуповнинг адвокати Бош прокуратура бошчилигида ўтказилган тиббий кўрикни театрлаштирилган томоша деди. Арслон Шаймардоновнинг Би-би-сига айтишича, тиббий кўрикдан олдин ҳимоясидаги шахсга нисбатан тазйиқ ўтказилган бўлиши мумкин.

8 июн куни Бош прокуратура бошчилигида Тошкент Тиббиёт академиясида (янги ТашМИ) ДХХ ҳибсхонасида сақланаётган матбуот фонди раҳбари Саид-Абдулазиз Юсупов тиббий кўрикдан ўтказилди.

Унда икки нафар прокуратура ходими, ДХХ терговчиси Отабек Яхьяев, адвокат Арслон Шаймарданов ва Саид-Абдулазиз Юсупов қатнашди. Кўрикни икки нафар шифокор олиб борди.

“Суд мед экспертизага жуда тез етиб келинг дейишди. Мен хайрон бўлдим. Олмалиқдаман, фақат тушдан кейин бора оламан, дедим. Соат 11 яримлар эди. Йўқ ака тез етиб келинг, деб телефонни қўйиб қўйишди. Ярим соатлардан кейин яна телефон қилишиб, ака тез етиб келинг, келмасангиз бўлмайди, дейишди”, дейди Арслон Шаймардонов.

Адвокат 12:45 ларда янги ТашМИ етиб келади. Унинг айтишича, Юсуповни маҳбусларни ташийдиган махсус машинада олиб келишган ва у ниқоб таққан 6-7 нафар куч тизими ходимларини кўрган.

“Икки дўхтир саволлар берди. Тазйиқ ҳақида ёзилган эди, кўкарган жойларингиз борми, ким қаерингизга урди. Ҳаммасини рад қилди. Ҳеч ким менга тазйиқ қилгани йўқ, ҳеч ким ургани йўқ. Кейин ечинтириб кўришди”.

Юсупов кўкарган жойи йўқ, дея ички кийимини ечишдан бош тортган.

“Бошқа ҳамма жойини текшириб кўрдик. Қорнида иккита жойида йиринглаган нуқта бор экан. Ўзи унда фурункул, яъни яра чиқиб тураркан. Қолгани оёқ қорайиб кетган, тиззадан пасти икки оёқ ҳам қоп-қора. Демак қон яхши айланмаяпти. Оёғида тромблари борку, касаллиги. Оёқни зўрға босади, зўрға юради”.

Адвокат Юсуповнинг кайфияти жуда оғир бўлганлигини айтди.

“Қўрққан, жиддий. Икки уч марта айтдим, Саид гапир, гапир десам, йўқ, ака, всё нормально, деди. Гапирмайман, деди. Всё нормально дегани, демак, бу ёққа келишдан олдин қандайдир тазйиқ ўтказилганда унга. Шунинг учун гапира олмади. У гапиролмаганидан кейин, адвокати бўлиб мен нима дея оламан”, дейди у.

Арслон Шаймардонов 8 июн куни Бош прокуратура бошчилигида ўтказилган тиббий кўрикни театрлаштирилган томоша эканлигини айтди.

“Прокурорларга ўзимга нисбатан бўлган ноқонуний хатти-ҳаракатларни айтдим. 12 кунлаб киритилмадим мен, Саид айтган тазйиқ ўтказилган пайтларда. Нимага мен 12 кун киритилмадим, нима мақсад бўлган. Бу нарсани прокурорларга айтдим, йўқ, бу нарсани аниқлаймиз, амалга киритамиз, ҳар доимгидек навбатчи гаплар. Театрлаштирилган томошамиз, шу билан тугади. Тўғрисини айтсам, Шекспир ҳам йўлда қолиб кетади, буларнинг қилган ишидан”, дейди Шаймардонов.

Адвокат қийноқларнинг янги усуллари чиққанини ва бу каби қийноқларда баданда из қолмаслигини айтди.

“Ҳозир янгича услубда қилинган жисмоний тазйиқларда кўкариш аломатлари бўлмайди”.

Шаймардоновнинг айтишича, у ўтган сафар Юсуповнинг олдига кирганида ҳимоясидаги Саид-Абдулазиз “ака ичимни эзиб ташлади”, деб йиғлаган.

Пикетдан сўнг тайинланган тиббий кўрик

Бош прокуратура қаршисида норозилик

7 июнь куни Саид Абдулазининг яқинлари ва фаоллар Бош прокуратура биноси олдида норозилик пикетини уюштирди. Унда Саид Абдулазиз Юсуповга нисбатан қўлланилган қийноқлар тўхтатилиши талаб қилинган.

Шундан сўнг Бош прокуратура раҳбарияти Юсуповнинг онасини қабул қилди. У ўғлининг тергов давомида қийноққа солинаётгани ҳақида мурожаат қилиб, ҳимоячиси иштирокида тиббий кўрикдан ўтказишни сўраган.

Бош прокуратура хабарида айтилишича, 8 июн куни Бош прокуратура томонидан ҳимоячи А. Шаймардонов ва тергов устидан назорат олиб борувчи прокурор Д.Рахматуллаев иштирокида мутахассис-шифокорларни жалб қилган ҳолда айбланувчи С.Юсупов тиббий кўрикдан ўтказилган.

“Унинг танасида бирон-бир тан жароҳати ёки қийноқ аломатлари аниқланмади. С.Юсупов ўз ҳимоячиси А.Шаймардонов иштирокида ихтиёрий берган ёзма тушунтиришида унга нисбатан тергов жараёнида ҳеч қандай жисмоний ёки руҳий тазйиқлар ўтказилмаганлигини, ҳозирда касаллиги бўйича тегишли дори воситалари ва тиббий муолажаларни ўз вақтида олаётганлигини билдирди”, дейилади расмий хабарда.

Жосусликда айбланмоқдами?

Олдинроқ яқинлари Саид-Абдулазиз Юсуповга руҳий тазйиқ ўтказилганини даъво қилишганди.

Уларга кўра, адвокати 12 кун мобайнида ҳимояси остидаги шахс билан кўриша олмаган.

Ҳибсхона масъуллари карантин деган важ билан адокатнинг сўровини рад этгани айтилади.

Яқинларининг иддао қилишича, расмий ҳужжатларда Саид-Абдулазиз Юсупов ДХХ ҳибсхонаси эмас, балки бошқа жойда сақланаётгани айтилган.

Уларнинг адвокатга таяниб билдиришича, ДХХ Жиноят Кодексининг 168-моддаси (“Фирибгарлик”) бўйича тергов ҳаракатларини олиб бориш ваколатига эга бўлмагани учун қилинмоқда.

Дилфуза Юсупованинг адвокатга иқтибосан айтишича, Саид-Абдулазиз Юсупов “Туркия фойдасига жосуслик қилганлик” айбини бўйнига олиш учун қийноққа солинганини айтган.

“Шунча қийнашса ҳам қўл қўймабдилар, адвокатлари ҳам ҳеч қандай ҳолатда қўл қўйманг, деб тайинлабди”, – дейди Би-би-си билан суҳбатда Дилфуза Юсупова.

Аммо Бош прокуратура бу даъволарнинг барчасини қатъиян рад этмоқда.

Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Сурайё Раҳмонованинг Би-би-сига айтишича, Саид-Абдулазиз Юсуповга нисбатан тергов ҳаракатлари аввалдан эълон қилинган ЖКнинг “фирибгарлик” банди бўйича олиб борилмоқда.

“Сиз айтган ҳеч бир моддалар (Жосуслик – таҳр) бўйича айблов ёки ғайриқонуний усуллар Юсуповга нисбатан йўқ. Дастлабдан айб эълон қилинган ЖКнинг 168-моддаси доирасида тергов бормоқда”, – деб айтди Сурайё Раҳмонова.

Бош прокуратура вакили “фирибгарлик” айбини ДХХ тергов қилишга ваколатли эмас, деган иддаони ҳам рад этди.

“ЖПК 345-моддасига биноан терговга тегишлилик 3 та орган (ИИВ, ДХХ, прокуратура) орасида тақсимланган, лекин айрим жиноятлар тергови қонунда тугал тегишлилиги кўрсатилмаганлиги нуқтаи назаридан уни айнан ана шу орган тергов қилади, деган чеклов йўқ. 168-модда айнан шу жиноятлар категориясидан. Яна бир муҳим асос – Юсупов ўзини ДХХ ходими деб таништириб, фирибгарлик қилган. Бу ҳам унинг ишини ДХХ тергов қилишини белгилайди”, – деб айтди Сурайё Раҳмонова.

Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди директори Саид-Абдулазиз Юсупов 10 май куни ҳибсга олинган.

12 май куни жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман суди Юсуповга эҳтиёт чораси сифатида 10 кун қамоқда ушлаб туриш ҳақида ажрим чиқарган.

Манба: bbc.com/uzbek

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

 Ушбу хабарга қолдирилган изоҳлар

( 1 Yorum )

  • хакикат ;

    иш килиб президентни кудаси хотинларга ухшаб президентни кизганибми ёки рашк килиб битта яхши журналистни йук килмокчи.бу Турсунов деганини
    Каримов даврида канча одамларни йукатворганини хамма билади,Мирзиёевга куда
    булгани учунгина хеч ким пишагини пишт демаяпди халос,аслида ута конхур ивачча одам,бу одамни каерда качон нима килганлари хаммаси дххда фото суратларигача бор,давно камалиб кетиши
    керак эди бу Турсуновдегани

    11/06/2019 14:10
Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort