Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Хоразм жуда қадим эди¸ мен эса бола эдим

Хоразм жуда қадим эди¸ мен эса бола эдим
12 Haziran 2019 - 18:40 'да юкланди ва 470 марта ўқилди.

Мен улғайдим¸ у эса қадимийлигича қолаверди. Мен ундан кетдим¸ у эса улуғвор бир тарзда қоя каби тураверди.

Мен учун 50 йил узууун бир муддат. Мингларча қишу ëзни кўрган Хоразм учун 50 йил нима. Бу муддатни узун дейиш бир лофи гузоф.

Эскидан менинг мамлакатим Хоразмда қуëш бир бошқача чиқарди.

Айниқса ëзда қуëш ҳарорати одамлар иссиғига қўшилар¸ лойдан бўлган уйлар орасидан кўтарилган пўрсинг эса шамолсиз ҳавода кунларча муаллақ турар эди.

Калтикалослар оқчўплар орасидан югургилаган¸ қойир ëнида сувсиз пишган гурваклар тарс ëрилгани боис атрофни тутган сюреалистик ифор…

Рутубатдан холи қуп қуруқ ҳаво. Қумлар орасида қолиб кетган Замахшар қалъасининг ўртасида туриб оëғим остидаги улкан мамлакатнинг не қадар қадимийлигини оëқларим билан ҳис қилганимни эслайман.

Оëқларим остида минг йиллик сополаклар ғижирлар эди.

Сопол синиқларида қоринжа¸ бўри ва қуш расмлари бор.

Шу кескин континентал иқлим етиштирган улуғ шоир Муҳаммад Солиҳ ëзганидек¸ “ Тоғлар чўкиб кетган бу ерда¸ оëғимни чўққилар тирнар”…

Мана ўн йилдан ошибдики Хоразмдан 4800 километр олисдаги Прагадаман.

Мантиқ бу ердаги гўзал яшам тарзига олқишлар айтсада¸ вужуд мамлакатим Хоразмнинг қора иқлимини ҳассосият билан қўмсайди.

Бир бирларини такаллуфсиз туртиб ўғуз лаҳжасининг турли елпозаларида юксак сасда гапирадиган иссиқонли одамлар ҳарорати¸ жўқрома қуëш иссиғига қўшилган қадим мамлакат на ердаю мен на ердаман.

Яшаëтганим Прага шаҳри транспорт идораси ходими ойлик чиптамга исмимни янглишиб “Хоразм” деб ëзиб қўйибди.

Прага йўлкўликларида Хоразм номи билан юрган биргина йўлчи мен бўлсам керак.

Шуҳрат Бобожон

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

 Ушбу хабарга қолдирилган изоҳлар

( 2 Yorum )

  • Раъно Раҳмонберди қизи ;

    “Бир бирларини такаллуфсиз туртиб” орёнда дуриб бақиришиб сўллашсалар саслари барёна ўтадоғон, ёзнинг “жўқрома”синда куйраса ҳам қора мейнатдан қойтмидоғон қодим юрт, пўрсиғон ота тўрпоқ, лой сувли, қори гаса ўнги-чапини дегиша тортадоғон, буйунли гунда Оролиннан узилмиш хоста ана дерё, “қадим мамлакат на ердаю мен на ердаман”, дабсиз. Шухратбек ука, биза сизара Хоразмнинг жўқромосиннан, қойирнинг пўрсима тўрпоқиннон посолка йуваржак адик, лакин онглошимиза қороғонда якин орода ўзарингиз галамишсила(р). Омин, илойим шундин бўғай, бу гапни ойтқонлорни оғзина палов, даб ўтирибмиз. Нерда бўсангиз ҳам халқингиз сизани Оллоға омонат топширғонлор. Худойим омоната хиёнат атмос, соғ бўғайсизлор оға, ини қадрдонлор… (хоразмчани келиштиролмаган бўлсак, келиштириб ўқирсизлар, раҳмат, азизлар, борларингизга шукр…)

    13/06/2019 03:59
  • Ахмад ҳожи Хоразмий ;

    Шухратбек,
    Сиз Хоразм номи билан бир ой юрганингизга шунчалар мағрурланар экансиз, мен Хоразм (Хоразмий) номи билан 1993 йилдан буён юрибман.
    Хивали шоир Жўшқин айтгани каби “Минг бора мақтансам ҳаққим бор экан менинг!”

    12/06/2019 19:48
Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort