Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Ҳақиқатнинг охирги манзили

Ҳақиқатнинг охирги манзили
14 Haziran 2019 - 9:39 'да юкланди ва 640 марта ўқилди.

20. Замондошларимга маддоҳликдан воз кечганим ҳақида
(ҳақиқатнинг охирги манзили)

Яқин йигирма йиллик тарихимизда қайд этилган табиий офатдан одамларнинг нобуд бўлиши бўйича энг даҳшатлиси 2004 йил 26 декабрь кунида Ҳинд океанида бўлиб ўтган ер силкиниши ва цунами бўлса керак. Яна билмадим.

Статистик маълумотларга кўра ўша куни битта Индонезиянинг ўзидан 131.000 киши ҳалок бўлган. Шри Ланкадан 35.000 киши, Ҳиндистондан 12.000 киши, Тпиланддан 5.000 киши ҳаётдан кўз юмган. Ушбу ер ости силкинишини магнитудаси 9,2 балл бўлган экан. Бу ер силкинишидан Австралия, Сомали, Мальдив, Мадагаскар ороллари, АҚШдаги Оклахома штати ҳам зарар кўрганмиш.

Нобуд бўлганлар сони анча кўп бўлганига шубҳа йўқ. Бемалол 300.000 киши дейиш ҳам мумкин экан. Энг қизиғи бу офат рўй берган жойларнинг деярли барчаси бутун дунё сайёҳлик сиҳатгоҳлари жойлашган ҳудудлар бўлган дейишади.

Бу табиий офат нимадан пайдо бўлди?

Саволни қаранг «табиий офат»?

Офатларнинг туриям кўп-да. Чўлда чанг-тўполон, бўрон; Тоғда лава, қор кўчкиси, лой кўчиши, сувда тўфон. Шаҳарларда зилзила. Офатнинг келиб чиқиш, рўй бериш сабаби бордир. Агар шундай замонавий олимлар офатлар келиб чиқиш сабабларини очиқлай билганларида бу ҳодисалар – офат деб эмас энди фан дейиларди. Шунда офат юз берган жой ҳақида гапирилганда «фалон сабабларнинг кўпайиб кетиши оқибатида мазкур ҳодиса рўй берди!»-дейиларди.

Шунингдек, одамлар дарахтларни тоғ бағирларидан юлиб ола бошлаганидан кейин, дарахтлар ушлаб турган тупроқ очилиб, пастга қараб тушиши оқибатида қишлоқни кўчки босди ёки шаҳардаги сояли дарахтлар беаёв қирқиб ташланганидан сўнг шаҳар аҳолиси ўртасида фалончи касалликлар кўпайди!

Бу хулосаларни илмий тушунтириш жумласига киритиш мумкин.

Ўтган асрнинг нечанчидир йилларида Хитойда чумчуқларни йўқ қилиш ҳақида қай бир довдирнинг ташаббуси кенг қулоч ёйган. Ҳамма чумчуқ ўлдиришга тушиб кетган бир пайтда Хитойда зараркунандалар кўпайиб кетади. Хитойликлар пашша ўлдиргичларини қўлга олиб кўча-куйда пашша ўлдиришга тушиб кетишди ва алал-хусус табиат билан ўйнашиб бўлмаслигини тушуниб етдилар.

Замон олимлари табиий офатлар сабабини-ку топишолмади. Бу ақлли инсон ўзи яратган молия тизимидаги иқтисодий инқирозлар сабабини ҳам топишолмайди. Бутун жаҳон молия тизими 2008 йилда молиявий инқирозга учради. Сабабини топишолмади. Яқин Шарқ минтақасига бу инқироз таъсир қилмади. Негалигини бир неча йил ўтгач аниқлашди. Яқин Шарқ, хусусан мусулмон мамлакатлари банк тизими фоиз олмаганлиги туфайли бу инқироздан омон қолган экан.

Барча анъанвий Ислом, Насроний, Иудавий, Бутпарастлик динлари инсон ер юзида ягона, айтган гапи амалга ошадиган Подшо эмаслигини тан олади.

Исломдан бошқа дин вакиллари бут ва санамлар орқали бўлса-да, инсон вақти-вақти билан қилган яхши амали учун яхшилик билан, ёмон амали туфайли жазога тортилиши мумкинлигини ўз сафдошларига уқтириб келади.

Тафаккурни кенгайтириш омили ислом динида. Чунки, унинг асосий ғояси – Аллоҳдан ўзга Илоҳ йўқ!

Яъни, ер юзидаги барча махлуқот ва мавжудотни Яратган Зот битта. Аллоҳ нафақат мавжудот ҳамда махлуқотни яратган, балки уларнинг моддий ва маънавий эҳтиёжларини ҳам Бошқариб туради!

Етти миллиард миллиард одамнинг етти миллиард тақдирини белгилайди. Ҳар бир тафаккур қилувчи инсонга синов белгилайди ва инсонлар ўртасидаги даҳо каби илмлилари ҳам ўлишидан олдин «мен ҳеч нимани билмаслигимни билдим»-дея жон беради.

Ҳар ўттиз йилда одамлар янгиланиб туришини ҳисобга олинг-у сув тўфонидан кейинги 5100 йилда камида 170 авлод алмашганига эътибор беринг!!! Куч ва қудрат Соҳибининг имкониятини чамалай оласизми?

Етти миллиард кишининг қўл терисидаги из ҳеч қачон такрорланмас экан. Тақдиричи? Тақдири ҳам турлича!
Одамзот ўн саккиз минг оламнинг биттаси холос. Қолган 17.999 та оламни яратиш ва уни бошқариш қандай амалга ошади? Дейлик балиқлар олами неча турга бўлинади? Дарахтлар оламичи? Судралиб юрувчилар? Ўтлар-ўланлар? Қушлар? Йиртқичлар? Сут эмизувчилар ҳамма-ҳаммаси назорат остида бўлишини ақлга сиғдириб бўладими?

Даҳрийлар мартаба деганда лавозим, унвон, илмий даража, ёш, тажриба каби унсурларни инобатга оладилар. Бу гап бизнинг ўзимиз яратган ўлчамимиз. Лекин, инсоннинг ҳаёти тақдири аввалдан белгиланган бўлса, улар ўртасидаги муносабатларга, содир бўлаётган жараёнларга ҳам тушунтириш борми?
Дунёни англаб бўладими ўзи?

Дунёвий илмларнинг энг зеҳни ва ақли ўткирларидан ҳисобланмиш Альберт Эйнштейн ҳам бу масалага шубҳа билан қарайди.

Мен учун дунёни, ундаги кечаётган жараёнларни англашнинг энг соддаси ёзилган Китоб – Қуръон. Динни мураккаблаштириш керак эмас. Қуръон барча ўқув юртларида Фан сифатида ўқитилиши керак. Ундан дарс берувчилар салла ўраб эмас, оддий, ҳаракатдаги қонунлар талабига асосан педагог кийимида ўқитилиши керак. Шундан келиб чиқилса, ҳозирги пайтда бизда фақат эркак домлалар дарс ўтиши керак. Қуръон мактабда ҳам, лицей ва коллежда ҳам ўқитилиши керак. Айниқса, ҳуқуқшунослар Унда ёзилган қонунлар моҳиятини ўрганишлари керак.

АҚШнинг Гарвард университетида Қуръоннинг Бақара сурасидан парча келтирилганлигини айтишди. Бутун дунё аҳли илмлари Қуръонда яширинган сирларни очишга бел боғлашяпти ва маълум маънода муваффақиятга эришмоқдалар. Хусусан мен ҳуқуқшунослик, тарих, фалсафа, филология факультетларида Қуръондаги келтирилган учта шахс – Зулқарнайн, Мусодан илмли олим, Иброҳим пайғамбарлар ҳақида қуйидаги мавзуда «Иброҳим пайғамбарнинг яҳудий бўлмаганлиги», «Мусо пайғамбарга билдирилган ер юзида унданда илмли киши ким эди?», «Зулқарнайннинг кимлиги ҳақида» соатлаб маъруза ўқишим мумкин.

Мана шу учта шахс ҳақидаги Қуръон орқали олиб борган изланишларим бемалол дунё тарихига ҳозиргача бўлган қарашларни алғов-далғов қилиб ташлаши мумкин.

Динимиз таълимотига кўра, Одам яратилган 18.000 оламнинг Подшоси ҳисобланади. Уларнинг ранги, жисмоний имкониятларида фарқ бор. Бу фарқ атайлаб белгилаб қўйилган. Аслида ер юзидаги барча одам бир миллат. Уларнинг фарқи – амалида. Амал онгимиз билан бошқарилади. Онгимизни руҳ йўналтиради. Мана шу руҳ Еттинчи қават осмондан танамизга солинган.

Қуръон маъноларини ўқийдиган кишилар учун дунёни англашни тушунтиришда унчалик мураккаблик йўқ.
«Ер юзидаги дарахтнинг қуриган барги ҳам Аллоҳнинг рухсатисиз ерга тушмайди», «жиноятчи кишиларнинг оқибати (дунёни қандай тарк этиши)ни кўринг».

Сиз ўша мавжуд инсоннинг биттаси холос, сизнинг бошқа инсондан мартабада қандай фарқингиз бор биласизми?

Сизларнинг ҳурматлингиз – тақводорроғингиздир!

Бу қонунни ҳам бир томонлама шарҳлаш керак эмас. Бешта фарзнинг бажариб, аммо қилаётган амалдаги хатоларингиз мартабангизни тушириб қўйиши мумкин.

Америкада яшайдиган Олим Шарипов ёзади:

– Бундан ўттиз йилларча муқаддам, АҚШга энди келган пайтларим. Эрталаб туриб ташқарига чиқсам автомашинам ойнасига кимдир бир парча қоғоз илдириб кетибди. Ўқиб қарасам, «кечқурун нохосдан сизнинг машинангизни туртиб юбордим, менинг телефоним фалон, зарарни тўлашга тайёрман»-деб ёзилганмиш. Ҳазилми, чинми дея машинасини қараса, аҳамиятсиз туртилиш бўлгандек. Телфеон қилибди. Гўшакни насроний эътиқодидаги бир киши олиб, гапни узрдан бошлабди. Насроний зарарни тўлаш чораларини кўрибди. Олим ака ҳам унинг бу амалидан ҳайратда қолиб ҳозиргача эслаб юради.

Швецияда насронийликдан исломга ўтган швед имомига ўзбеклар никоҳ ўқитгани борибдилар. Маросим тугаганидан кейин куёв имомга пул қистирмоқчи бўлибди. Пулни олишни қатъиян рад этган швед имоми «мен бу ишни Аллоҳ ризолиги учун қилдим. Биламан Ўзбекистонда шундай қилишади, лекин мен бу пулни ололмайман»-дебди.

Масжиднинг имоми бўлган бир киши қимматбаҳо тўнни Маккадаги бир биродарга туҳфа қилмоқчи бўлибди.

–Сиз нима иш қиласиз? (яъни бу ҳадяни менга ниманинг ҳисобидан бермоқчисиз?)

–Масжидда имомман!

–Тушунарли, яна бирор касбингиз борми?

–Йўқ, масжидим катта масжид.

–Узр, ҳадянгизни қабул қилолмайман…

Бизда Аллоҳнинг бешта фарзини бажардим, тамом деган хаёлдаги одамлар кўп. Бўлмаса, ноннинг орасига қорадори солиб Ҳажга чиқиб кетаётган (бундан олдин саккиз марта Ҳажга борган) кишига тўққизинчи марта Ҳажга боришга қандай рухсат берилади?

Масжид, Аллоҳнинг уйини гаровга қўйиб, кейин сотдик-а, яқинда, адашмасам?

Бу қабоҳат-ку!

Бу фактлар ижтимоий тармоқлардаги воқеалар. Айтиб бўлмайдиган ишлар қанча?

Расули Акрам уч марта, Мусо ва Сулаймон алаҳиссаломлар тушимга кирганидан сўнг, бу ҳикматлар ўзидан ўзи бўлмаётганлигини ўйлаб Қуръон маъноларини ўқишга киришиб кетдим. Қуръоннинг ўзбекчасини ҳам, русчасини ҳам ўқиб ундаги оятлар тагида яширинган қонунлар ҳақида мушоҳада юрита бошладим.

Мени онгу-шуурим қийналган, кайфиятим парчаланиб, кўнглим ғам-ғуссага ботган пайтларда Қуръон ўқийдиган бўлдим.

Қуръонда аср намозини тарк этмаслик ҳақида оят бор. Бу оятнинг замирида жуда гўзал ва ҳикматли маъно бор.

Аср сурасининг маъноси «инсон атрофи зиён билан ўралган бўлиб, сабр қилувчилар ва солиҳ амал қилувчилар ундан омондадир» -деган қонун яширинган. Инсонни ҳамма тарафдан зиён ушлаб туради деган қонун фанда, хусусан тиббиётда ўз исботини топди. Жумладан, аниқланишича инсон танасида ер юзидаги мавжуд касалликларнинг барчаси ҳужайралари бор экан. Лекин унинг қай бири фаоллашади, бу масалада тиббиёт ожиз.

Қуръон қонунига кўра эса қилган ёмон амалимиз ёки шошқалоқлигимиз зиён кўришимизга олиб келади.

Европа ва АҚШда юз берган 2008 йилги молиявий инқирозга сабаб бўлган амал Пекин олимпиадаси очилиш кунида Ғарбнинг Гуржистон орқали Шимолий Осетияда турган рус Армияси қилган ҳарбий амалиёти эди десам иймон соҳиблари мени тушунадилар деб ўйлайман.

СССРнинг тарқалишини Рональд Рейган ва Маргарет Тетчерлар «биз амалга оширдик»-дея катта гапирдилар. Маргарет Тетчер ўшанда Туркия Бош Вазирига «биз коммунистларни йўқ қилдик, энди навбат сиз-мусулмонларга»-деганини ҳаммаям эсламаса керак.

Аслида М.Горбачев айтган, ошкоралик, фикрлар хилма-хиллиги, демократик сайловлар, спиртли ичимликлар истеъмолини йўқотиш каби шиорлар тўғри қўлланила борганида СССР тарқалмаслиги ҳам мумкин эди.

Бироқ, М.Горбачев жуда катта қовун туширди. Туширганда ҳам Аллоҳнинг ғазабини келтирадиган иш қилди. Ўша пайтда асосий омма бу воқеани билгани йўқ. Ими-жимида ёвузлик қилиниб, унинг усти хаспўшланди. Ҳа, СССРнинг тарқалиб кетишига Тоғли Қорабоғдаги 26 та миллати озарбойжон бўлган қари-қартанг, ёш болаларнинг темир қувур ичига солиниб пайвандланиши ва ёқиб ўлдирилиши сабаб бўлди!

Бунақанги пасткаш қотилликни дунё тарихи камдан кам ҳолатларда кўрганди. Айниқса ўша қотилларнинг устидан қўзғатилган жиноят ишининг тугатилиши ҳамда жиноятчиларнинг ялло қилиб юришига имконият яратилиши, унга қарши турадиган кучнинг ерда йўқлиги, Аллоҳ жиноятчиларга нисбатан чора кўришига олиб келди ва СССР деган, халқпарвар, адолатпарварман дея жар солаётган империя тугаб кетди. Бу империяни биз тугатдик деган Рональд Рейган ва Маргарет Тетчерлар эса ақлдан озиб бу дунёни тарк этдилар.

Шунинг учун инсонни ҳар тарафдан зиён ушлаб туради деган қонунни давлат ҳаётига ҳам қўллса бўлади. Мисол учун ҳақиқатнинг яширилиши, бўғилиши, одил судловнинг йўқлиги, ирқчилик, миллатчилик, маҳаллийчилик, қариндош-уруғчилик, халқ ризқи уч-тўртта ўғри қўлида тўпланиб қолиши, коррупция, зўравонликни рағбатлантириш, жиноятчиларнинг ялло қилиб юриши, пулнинг қадрсизланиши Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлишнинг сабабларидир.

Индонезия мусулмонлари кўп бўлган энг катта давлатлардан бири эканлигини биламиз. Лекин, энг катта талофат айнан шу мамлакатда бўлди-ю, лекин, нима учун ўша офатлар юз берган жойда масжидлар талофат кўрмай, уларнинг ичига беркинган кишилар омон қолишди? Ҳайратланарли томони шундаки, у ерда оддий тахтадан бўлган масжидлар ҳам зиён кўрмаган???!!!

Қуръондаги энг даҳшатли қонун Аллоҳ сизни жазоламоқчи бўлса, қочиб кетадиган жой борми? Ер остига кириб қутиламан деган Гитлер нима бўлганини ҳамма билади. Ер усти, уммон, тоғдаям беркинолмайсиз. Коинот жазо тушишига энг яқин жой.

Ислом байроғи остида араблар икки аср Қуръон адолатини ёйган бўлсалар, Имом Бухорий каби олим етишганиидан кейинги минг йилда туркийлар дунёда Қуръон адолатини ёйдилар. Мана деярли икки юз йилдан буён «биз дам оляпмиз».

Ўтган асрнинг саксонинчи йилларида Афғонистонлик ўзбеклар юртимизга кела бошладилар. Бизнинг ҳаётимизни кўрган, маиший ва моддий аҳволимиз яхшилигидан ҳавас қилган бўлса-да ароқхўрлигимиздан, хотин-қизларимизнинг очиқ-сочиқлигидан хафа бўлганлар. Аммо, бир Авғонистонлик ўзбекнинг эътирофи, Аллоҳ қилаётган ҳар бир амалида ҳикмат борлигини англатади.

Юртимизга Чор Россияси келиши билан Учта Аҳмоқнинг ўзаро уруши якун топган! Энг асосийси қул бозори йўқ қилинган.

Авғонистонлик ўзбек ўшанда юртимизда кўрган-кечирганларини хулоса қилиб шундай деган экан:

«Ўзбекистонда баччабозликни йўқ қилган Лениннинг отасига минг раҳмиат!»

Россия империясининг қудрати, нуфузи ошишини Пётр Биринчи билан боғлашади (Иван Грозний турк анъаналари асосида, тоғалари Олтин Ўрда Бекларбеги Мамай авлоди томонидан тарбия қилинганди).

Бунинг сабаби нимада? Сабаби шуки, айнан Пётр Биринчи Қуръонни рус тилига таржима қилдирган одам ҳисобланади. Бу китобни ўқиган А.Пушкин ҳам «Я читал сладостный Коран» -дея ашъор битганди.

Ким ва қайси давлат Қуръонни ўқий бошласа мартабаси ўсиб кетаверади. Россиянинг ҳозирги Етакчиси Йўлчиев вақти-вақти билан Қуръон ўқиётганлигини айтишди. Мен бу гапга ишондим. Зеро, Россия Давлат Парламенти – Думаси Қуръон зарарли Китоб эмаслигини қонун даражасида қайд этди. Бизда араб тили ўқитилаётган ўқув Марказидан Қуръон топилганлиги айб санаётганлар борлиги ҳақида лавҳа Ижтимоий тармоқларда тарқалди.

Ижтимоий тармоқларидан қидиринг Қуръоннинг русча таржимасининг ўнлаб матнига дуч келасиз. Мен учун содда ва қулай, ўзбек тилида таржима Шайх Абдулазиз Мансур ҳамда Алоуддин Мансурларники, лекин уни интернетдан топиб бўлмайди!

Қуръонни сотиш гуноҳ! Бу жуда даҳшатли хатоимиздир!

«Пойабзалингизнинг боғичи узилса ҳам Аллоҳдандир» -дейилади Имом Ат Термизий келтирган ҳадисда.

Аслида бу гап «Дарахтнинг қуриган барги ҳам Аллоҳнинг рухсатисиз ерга тушмайди»-деган оятнинг давоми.

Бу ҳадиснинг тафаккур кўлами «Даст ба кору, дил ба ёр»дан кенг ва баланд.

Яъни, Аллоҳ нафақат сизни яратди, балки сизни доим кузатиб, бошқариб турибди. Замонавий тилга ўғирсак «ер юзидаги ҳар бир инсон олти ўлчамли камера назорати остида» деганидир.

Алберьт Эйнштейн «Худо тасодифлар орқали ўзининг борлигини билдириб туради»-дейди. Бу тасодиф сўзи «Аллоҳ ягона! Ундан ўзга Илоҳ йўқ» калимасини тан олмайдиганлар учун айтилган.

Аслида ҳеч қандай тасодиф йўқ. Ҳикмат бор.

Энди маддоҳлик қилганим учун Аллоҳ томонидан менга берилган Эслатма, Дакки, Жазо ҳақида.

Бу воқеа 2011 йил 16 апрель кунида бўлди.

Ўша куни ёки ундан бир кун олдин Интернетдаги Проза ру сайтидаги саҳифамга Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовни олиб бораётган ишларини мақтаб мақола қўйдим. Мазкур мақолада И.Каримов ўзига бюст ўрнатган Қўқон ҳокимини ишдан олиб ташлагани-ю, кўчалардаги ўз тасвири туширилган катта-катта баннер расмларни олдириб ташлагани ва яна баъзи бошқа мақтовлар ҳам қўшиб-чатиб ёзиб ишхонага келдим.

Кечқурун бир укахонимиз ўзининг туғилган кунига таклиф қилди. У ёққа ҳам бордим. Ҳангомалашиб соат 23-30ларда уйга қайтдим. Уйда оила аъзоларим телевизор кўриб ўтиришган экан.

Таҳорат қилиб ҳуфтон намозини бошлагунга қадар соат 24-00дан ошдиёв. Секингина ўзим учун азон чақириб, иқомат айтиб ҳуфтон намозининг тўрт ракаат фарзини бошладим. Иккинчи ракаатда турганимда зилзила бошланиб қолди-да. Зилзила шу даражада даҳшатли тус олдики, иккинчи ракаатда рукуъга бораётганда намозни ташлаб кетмоқчи ҳам бўлдим!

Аммо, қўрқдим. Чунки, бир воқеа хотирамга қаттиқ ўрнашиб қолиб намозни тарк этиш Аллоҳга итоатсиз деган қатъий ишонч пайдо қилганди. 2006 ёки 2007 йил куз. Бироқ кун жуда иссиқ. Жума намозини Тошкентдаги Баланд масжидда ўқияпмиз. Азон чақирилганидан кейин бошланган биринчи тўрт ракаат суннат намози пайтида ёнимда турган ёш йигитнинг елка томонидан қўлтиғининг кўланса ҳиди бурним атрофида айланди. «Уф-ф, ювиниб келмабди-да» деб қўйдим-у ибодатимни давом эттирдим.

Кейин хутба, жума намози ўқилди. Сўнгра яна тўрт ракаат суннат ва якуний дуо бошланган ҳамон зилзила бошланиб қолса денг! Шунда уч-тўртта ёш йигит масжид ичидан отилиб ташқарига чиқмоқчи бўлди.

Шунда бир қария уларни жаҳл билан тўхтатди: «тур жойингда! Агар жазо тушадиган бўлса, қочадиган жойинг борми?»-деди у қатъий.

Йигитлар тўхтаб қолишди. Мен эса қочмаётганим учун қалбимда ғурур туйдим.

Бир неча жойларда бу воқеани айтиб, ёшларни шашқалоқлик қилганини гердайиб айтгандирман ҳам. Ўша гапларда Индонезиядаги офатда 131.000 киши ҳалок бўлса-да масжидларга яширинган кишилар омон қолганлигини ҳам илова қилиб, ўтирган ҳамсуҳбатларимни Аллоҳнинг ҳикматига ошно қилганман.

Кейинчалик аниқланишича, ўша жума куни Тошкентнинг барча масжидида айнан жума ибодати тугагач зилзила рўй берганини одамлардан эшитганман. Бунинг асл сабаби бўйича суриштирув ҳам ўтказилган. Энг мақбул жавоб шуки: ислом динига эътиқод қилмайдиган кимдир ўзининг фирмасини реклама қилиш учун келаётган Рамазон ойидан аввал тақвим ясатиб жума ибодати пайтида масжиднинг ичига кириб бепул тарқатган. Натижада одамлар тақвим оламан дея масжид ичида ғала-ғовур кўтаришган. Ўша ғайридин йигит ҳам масжиддан чиқолмай мажбуран ибодат қилган дейишади. Янаям билмадим. Аллоҳ билгувчи.

Майли гапимизга қайтайлик. Баланд масжиддаги қариянинг гапидан сўнг йигитлар жойига ўтиргач, зилзила ҳам тўхтади. Шунда дуо қилаётган имом ҳамманинг номидан шундай деди:

–Эй, Аллоҳим, кофир бандаларингни гуноҳлари учун бизни жазолама!

Имом шу нидони тилига чиқарар экан, билинар билинмас ҳўнграб ҳам юборди.

Мен ҳаётим давомида беш вақт ибодат қилиб юрган гадойни учратмадим. Аммо, нега менга бундай даҳшатли дакки тушяпти? Мен шунга ҳайрон эдим? Ҳатто иккинчи ракаатда таҳажжудда ўтирганимда ҳам зилзила давом этарди.

Турмуш ўртоғим мени қидириб юрар, болаларим ўзларини турли бурчакка уриб ўзларича беркинишган, ҳаммалари саросимада эдилар.

Ахийри турмуш ўртоғим мен намоз ўқиётганимни кўриб тинчиб қолди. Атаҳиёётни ўқиб бўлганимдан сўнг учинчи раккаатга туришимдан олдин зилзила ҳам тўхтади.

Намозимни тугатган пайтимда мен оила аъзоларим кўз ўнгида эътиқодли мусулмон сифатида гавдалансам. Ўзимнинг ҳолим хор эди? Чунки, гуноҳкор қулларгагина бундай вазиятда шундай даҳшатли азоблар (инна азобака билкуффари мулҳиқ) тушади!!!

Дарҳол ният қилиб Қуръон очдим. «Золимларга кўмакчи бўлманг» деган қонуни бор сура чиқди! Қайси золимга кўмак берибман? Миямга келган савол шу бўлди-ю, бугун (кеча десаям бўларди) кундузи И.Каримовга маддоҳлик қилиб ёзган мақолам ёдимга тушиб этим уюшиб кетди.

Мақолани дарҳол ўчирдим ва Аллоҳимдан узр сўраб яна ибодат қилиб, давлат раҳбари И.Каримовга иккинчи маддоҳлик қилмаслик (лекин яхши томонларини бўрттирмасдан тўғри айтиш бундан мустасно)ка ваъда бердим.

Эртаси куни Интернетни яна бир қидириб, нега И.Каримовга маддоҳлигим Аллоҳимга маъқул келмади экан?-дея қидирсам. Франциянинг қайси бир газетасида айни шу кунларда «Ислам Каримов -диктатор» деган мақола чиққан бўлиб, европада кенг муҳокама бўлаётган экан. Эсингизда бўлса кейинроқ ўша нашрни Лола Каримова судга берди ва тантанали равишда судда ютқазди.

Хуллас, бўлиб ўтган воқеалардан чиқарган хулосам шуки. Ер юзида бўлаётган ҳар қандай воқеа қайси давлат ёки киши билан содир бўлаётган бўлмасин барчасининг асл ҳақиқати Еттинчи қават осмондан бошқарилади ҳамда унинг сабабини тушунмайдиган мен учун баъзида Ҳикмат, тушунган баъзи пайтимда эса Ибрат экан.

Шунинг учун ўзимга ўзим, эй қул гердайма! Сен баландликда тоғлардан баланд бўлолмайсан, юрганингда керилмай юр, зеро босган қадаминг билан ерни ёриб кетолмайсан. Бировларга қаттиқ бақирма, чунки, эшшакнинг овози энг хунук товушдир. Чумолининг ҳам инини бузма, чунки, уям Аллоҳнинг яратган бир меҳнаткаш мавжудоти бўлиб, мазлумнинг қарғиши Аллоҳга пардасиз етиб боради. Маддоҳлик қилма, зеро маддоҳлик ширкка тенг бўлган энг катта гуноҳлардан биридир! Аллоҳдан ўзгадан қўрқма! Охиратдаги жавобдан қўрқ!

ТАМОМ

facebook.com

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
xxx video gratis porno italiano