Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Туркистон жадидлари: Германиядан қайтгач отилган ёш шифокор Хайриниса Мажидова

Туркистон жадидлари: Германиядан қайтгач отилган ёш шифокор Хайриниса Мажидова
11 Temmuz 2019 - 11:14 'да юкланди ва 81 марта ўқилди.

ТУРКИСТОН ЖАДИДЛАРИ: ГЕРМАНИЯДАН ҚАЙТГАЧ ОТИЛГАН ЁШ ШИФОКОР ХАЙРИНИСА МАЖИДОВА

Тебралмаскан, нега булар тирилди?
Учолмаскан, нечун қанот берилди?
Фитрат

1922 йилнинг кузида Германияга таҳсил олиш учун Туркистон Республикаси “Кўмак” жамияти томонидан йўлланган 16 нафар талаба орасида Хайриниса Мажидхонова алоҳида ажралиб турар эди.

Хайриниса Мажидхонова 1905 йил 25 декабрда Тошкент шаҳрида оқсоқол Мажидхон Жалилов хонадонида дунёга келган.

Бу маърифатпарвар инсон Марказий Россиянинг Москва, Санкт-Петербург каби қатор шаҳарларига сафар қилиб, жадид ғоялари билан танишганди.

У оила аъзоларининг, хусусан қизларининг ҳам европача таълим олишига тўсқинлик қилмади, аксинча ёрдам берди.

Хайриниса дастлаб Мирободдаги янги мактабда таҳсил олиб, рус ва немис тилларини ўрганди. Ундаги дунёқарашининг шаклланишида Туркистон жадид матбуотининг, шунингдек, бу вақтда биринчи ўзбек хотин-қизлар билим юртида ўқиётган опаси Ойпошшахоннинг ҳам таъсири катта бўлди.

1922 йили “Туркистон” газетасида чоп этилган Хайриниса Мажидхонованинг мақоласида эндигина 17 ёшни қаршилаган қизнинг Ватан истиқболи ҳақидаги орзу-истаклари ўрин олди.

Мақоладани ўқир экансиз, энг аввало, ўтган асрнинг бошида яшаган бир ўзбек қизининг тарихий тафаккури нақадар кенглиги, Ватан тақдири олдида ўзини қанчалик дахлдор сезиши кўпчиликни ҳайратга солиши табиий.

Орадан қарийб юз йил ўтганига қарамай, мақолада илгари сурилган фикрларнинг баъзилари ҳамон долзарб экани эътиборимизни тортади, аксар орзуларининг амалга ошганидан таажжубга тушамиз.

“Туркистоннинг дунё савдо майдонида тутқон вазияти XVII асрдан бери тубан даражада қолиб келди. Бу аср умуман мусулмон мамлакатларининг таназзул даври бўлиб, таназзулнинг ҳам кўп сабаби карвон йўлларининг аҳамияти кетиб, ғарблилар тарафидан денгиз йўлларининг юксалтирилиши эди. XIX асрда ҳам Туркистон Ғарбий Овруподан узоқ бўлғонлиғи учун, тараққиёт томонидан бошқа мусулмон мамлакатларидан ҳам тубан даражада турди. XX асрнинг бошида ҳам қўшнимиз бўлган Эрон халқи сиёсий фикрлар билан суғорилиб, ўз элида саноат турғизиш ва четларнинг таъсиридан қутулиш йўлида қон тўккани муддатда бизнинг Туркистон тинч ухламоқда эди… Фақат Руссиядан темир йўл келиб, савдо майдони кенгайди… Бундан очиқ англашиладирки бизнинг мозийимизни порлоқ қилғон – элимиздан ўтган карвон йўли бўлса, истиқболимизни порлоқ қилғучи, элимизни жаҳон савдо майдониға тутошдирғувчи улуғ темир йўлдир. Улар бизнинг савдомизни кенгайтур, бизга бойлиқ ва ободлиқ берур ва ўзимизга катта саноат турғазишга имкон очар”, – деб ёзганди ўсмир Хайриниса.

Ёш Хайриниса мақоласидан унинг ўз ватани келажаги учун қандай куюнгани сезилади.

“Туркистон иқлимининг қизғинлиғи ва ерининг мунбит (ҳосилдор)лиги уни доим қийматлик ҳосилот берувчи зироат мамлакати равишида қолдирғусидир. Иккинчи томондан Туркистон тоғларининг маъданга бойлиғи бунда тоғ саноатининг юксалишига сабаб бўлғусидир. Бу икки асос – ҳаётни таъмин қилиш йўлларининг юксалиши натижасида (пахта заводлари, ипак фабриклари, маъдан заводлари, шекилли) катта саноатнинг бошқа хиллари ҳам юксалгусидирлар. Туркистоннинг табиий бойлиқларини ишлата олғали, катта саноатни турғизгали ва натижада янги темир йўллар ўтказгали кучи етсун ҳозирги хўжаликдан ортиб қолиб тўпланғон бойлиқнинг бўлиши керак. Ҳозирги зироатнинг маҳсулотини ортдириш учун бирдан-бир чора бўлса зироатда ҳар хил янги ишлаб чиқориш усуллари, янги қуроллар ва машиналарни қўлланишидир. Ҳозир бу қуролларни Овруполилардан олтун баробарига олишга тўғри келганидек, келгусида ҳам ҳар хил саноат қуролларини Овруполилардан сотиб олишға мажбур бўламиз. Машина қанча қиммат бўлса ҳам уни қўллашимиз керак. Чунки, ул бизнинг бойлиғимизни ортдира оладир. Буни Ғарб давлатларининг ҳаётида машинанинг тутқон ўрни исбот қиладир”, – дейди у.

Шунингдек, мақолада Туркистон жамиятининг маънавий қиёфасига ҳам тўхталиб: “… бизнинг бу дардимизнинг ҳам буюк қуроллари матбуот, мактаб ва театрдир. Бизда буларнинг ҳар қайсиси бор. Локин, улар ўзларининг тарихий вазифаларини ерига етказа оладирғон даражада эмасдирлар. Бизнинг янги мактабларимиздан шул вақтғача халқ ҳуркиб келди. Матбуотдан узоқ турди. Театрни англамади. Чунки, буларнинг ҳар қайсиси ўзининг асосий вазифасининг ҳайкал мужассами бўла олмади. Халқнинг руҳига эҳтиёт билан яқинлашиб, унга таъсир ижро қила олмади. Ҳар бир халқнинг уйғониш даврида ғоят муҳим ўрин тутадирғон бу уч буюк қуролни ўз вазифаларининг руҳи билан суғориш бизнинг навбатдаги ишимиздир… Бизнинг тадрижий тараққиётимиз шул йўллар билан борса керак. Акс ҳолда, биз ўз мозийимиздан узулиб халқнинг ғурбатда қолишига сабаб бўлурмиз”, – деб хулосалайди.

Германияга йўл

1922 йилнинг сўнгида Германияда таҳсил олишга юборилаётган талабалар қаторида ўзбек қизлари тошкентлик Хайринисо Мажидхонова, Саида Шераҳмадбоева ва хоразмлик Марям Султонмуродовалар бор эди.

Қизлар учун оддий мактабга қатнашнинг ўзи жиддий қаршиликка учраб турган бир вақтда уларнинг таҳсил учун узоқ хорижга йўл олиши зиёлилар томонидан улкан жасорат сифатида баҳоланди.

Ҳатто, ёш шоир Боту Хайринисонинг Германияга кетаётгани муносабати билан махсус шеър битди.

Қоро турмуш чангалидан қутилиб,
Эрк чечаги тақа олғон кучли қиз,
Эски одат санамларин парчалаб
Эрк-Тангрига сажда қилғон руҳли қиз,
Йўлинг тўғри, ортга боқма, кетавер!
Илгарилаш ашуласин айтавер!…

Хайринисо Мажидхонова 1923-24 йилларда Берлинда “Хорижликлар учун немис тилини ўрганиш” мактабида ўқиб, ўрта маълумот тўғрисида шаҳодатнома олди. 1924-26 йилларда Дармштадтдаги (Darmstadt) ўқитувчилар семинариясида немис тили ва адабиёти йўналишида ўқиди.

1926-28-йилларда амалиётни Берлин шаҳридаги ўқув муассасаларида ўтаб, ўрта махсус маълумот олгани тўғрисидаги дипломни қўлга киритди.

У Берлинда педагогик амалиёт билан бир пайтда машҳур доктор Феккельманнинг тиббиёт ходимларини тайёрловчи хусусий мактабида ҳам таҳсил олди.

Хайринисо Мажидхонова 1928 йили Ўзбекистонга қайтиб, Тошкентдаги Касаба уюшмалари Марказий Қўмитаси ходимлари жумҳурият бошланғич ва умумтаълим ўқитувчиларининг дам олиш уйида шифокор бўлиб ишлай бошлади.

1935 йили Тошкент тиббиёт институтини битирган Хайринисо ўқитувчилар дам олиш уйида врач-терапевт ҳамда Файзулла Хўжаев номидаги Ўзбек пойабзал трести амбулаториясида шифокор-врач бўлиб ишлади.

Олдига қўйган буюк мақсадлар йўлидан бораётган Хайринисо Мажидхонова навқирон 32 ёшида тоталитар тузумнинг қонли қатағони гирдобига тортилди.

У ҳали оила қуриб улгурмаганди.

“Катта қирғин”

1937 йил. Миллат гулларини маҳв этишга киришган Сталинча қатағон қиличи қонсираган кунлар.

Ўша йилнинг 13 сентябрида “1922-28 йилларда Германияда ўқиган ва 1928 йил СССР ҳудудига жосус сифатида қайтган” деган сохта айблов билан Хайриниса Мажидхонова ҳам қамоққа олинди.

Шу куни берилган ордер асосида у яшаётган отасига тегишли Катта Миробод кўчаси 43 уй, 1-хонадонда тинтув ўтказилди.

Натижада унинг умри давомида тўплаган китоблари, таржималари, хатлари, суратлари, хатто унинг қўл соати, шахсий ойнаси, уйнинг калити, тинтув пайтида топилган 30 сўм пул ҳам хатланиб далолатнома асосида олиб кетилди.

Тергов жараёнида асосий эътибор 1927 йилнинг ёзги таътили вақтида дугонаси Мариям Султонмуродова билан бирга Париж саёҳати ва у ерда Мустафо Чўқай, ҳамда Бухородан Германияга таҳсил олиш учун юборилган Аҳмад Наимлар билан бўлган тасодифий учрашуви тафсилотига қаратилди.

Хайринисо туҳматлардан иборат айбловларнинг барчасини рад этди, қийновларга чидади.

Бироқ, бу унинг ЎзССР Жиноят Кодексининг 57-I (Ватанга ҳиёнат, ҳарбий ва давлат сирларини сотиш, шпионаж), 62 (аксилсовет тарғибот), 67 (аксилинқилобий ташкилотга аъзолик) моддалари билан айбдор деб топилишига тўсқинлик қила олмади.

1938 йилнинг 9 октябрида ўтказилган машъум “Учлик” суди қўйилган айбларнинг ҳеч бири исботланмаганига қарамай, унга ўлим жазосини белгилади.

Ҳукм ўша куннинг ўзидаёқ ижро этилди.

“Оқланди”

Сталинизмнинг сохта айбловлари фош этилиши билан унинг опа-сингиллари ҳам Хайринисонинг иши ва унинг сўнгги тақдири билан қизиқидилар.

Бироқ, масъул идоранинг Хайриниса Мажидхонова 1942 йил жазони ижро этиш даврида вафот этган деган хабаридан сўнг оила аъзолари қайта бу масалани кўтармадилар.

Боиси, улар совет жазо органларининг қўлидан нима ишлар келишини яхши билар, 1937-38 йилларда 75 ёшли қария Мажид оқсоқолни қизининг аксилинқилобий фаолиятини яширганликда айблаб не куйларга солганини ҳали ҳануз унута олишмаган эди.

Хайриниса Мажидхонова кўп йиллардан сўнг, 1999 йил 7 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан оқланди.

Баҳром Ирзаев
Қатағон қурбонлари хотираси музейи катта илмий ходими

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
xxx video gratis porno italiano