Ўзбекистон Халқ Ҳаракати
buy Instagram likes web tasarm instagram takipi satn al

МЕНИНГ ҚАЙҒУЛАРИМ ВА АЛИШЕР НАВОИЙ (1)

МЕНИНГ ҚАЙҒУЛАРИМ ВА АЛИШЕР НАВОИЙ (1)
10 Kasım 2019 - 13:55 'да юкланди ва 637 марта ўқилди.

(Ғарқ этар баҳри фано ғам заврақин…)

Алал-оқибат сир бой бермасликни ўргандим. Алҳамдулиллаҳ.

Қайғу – инсоннинг сири. Қайғуларни ошкор қилиш – сирларингни дунёга ёйиш демакдир. Айниқса, сени синган ва афтодаҳол кўришни истаганлар олдида қайғуланган чеҳра билан юриш эрйигитга ярашмайди.

Ҳамма бирдек жабр кўраётган бир замон ва маконда ўз ғамларингни кўргазма қилиш жуда хижолатли иш.
Илгари юзинг борми, кўзинг борми демасдим. Сўзларим калашников ўқидек нишонга учарди. Ҳозир эса йўқ. Қалб оғриғини ўзгаларга раво кўришдан олдин ўйланяпман.
Илгари ҳақ гапми – ҳақни гапир дер эдим. Ҳозир эса йўқ. Ҳақ гапни айтганимдан кейин нима ўзгаради деб хаёлланаман. Ҳақ гап бир гавҳардир, уни қадр билмасларга тутқазмаслик керак.

Илгари роман, қиссалар ёзгим келарди. Қўлимга қалам олсам, тажрибасизлигимдан – ҳаётни билмаслигимдан қаламни жойига қайтариб қўярдим. Чунки ҳаётий ҳақиқатларни акс эттирмаса, ёзганимдан нима наф? Ҳозир эса тажрибалар тўлдирилган қоп елкамни босиб турибди.
Лекин ёзгим келмайди.

Илгари Алишер Навоийни қаттиқ яхши кўрардим. У санъаткорона ёзган. Унинг ғоялари ҳам шу санъатнинг бир бўлаги эди мен учун. Ғоялари, дардлари ҳам худди санъат сингари гўзал кўринарди менинг кўзларимга. Ҳозир эса Алишер Навоий ўз ғоялари, дардларини қандай қилиб қалбига сиғдирган экан деб ўйлаб қоламан.
Қалби кўтарган экан. Бундай дард билан яшаш осон эмас.
Икки йил олдин – 2017 йилнинг ёз ва куз ойлари эсимдан чиқмаса керак.
Навоий шаҳрининг ҳавоси бўғиқ. Заводлардан чиқадиган заҳарли тутун айнан менинг томоғимни бўғарди. Ҳаво қайноқ. Газли ҳаво. Барак. Ярим тун. Уйқу йўқ.
Устига устак кўплаб маҳкумлар билан келиша олмасдим. Табиатим инжиқ эди. Ҳар куни ким биландир тортишар эдим.

Муттасил бир хатар.

Янги муҳитга мослаша олмаётган эдим. Қалбимга бу мушкулотлар азоб берар эди – қамоқдан чиқиш ҳақида унутган эдим. Онгимда ўзимни номаълум муддатга қамаб бўлгандим. Ҳеч бир сўз мени ишонтирмас эди.
Истаганим ҳақиқат, излаганим адолат йўқ экан, қамоқда қолиб кетишимга инончим комил эди. Ҳеч кимдан домангир эмасдим. Бир пайтлар университетдан ҳайдалишдан қўрққанимни эслаб кулгим келади. Дунё неъматларидан айрилиб бўлганим учун уларнинг қизиғи йўқ.

Ота-онамга ўзимдан кўпроқ ачинардим. Аслида, ўзимга ачинмасдим. Мутлақо. Ўзимни тирик одам сафидан чиқариб бўлгандим чунки. Яшамаётган одам эдим ўзим учун. Бутун дунё унутган, бир четга итқитиб ташланган бир жонзот каби сезаётгандим ўзимни. Ҳамма нарса маъносиз. Ва маъносиз нарсаларга уриниб, шунинг учун жон фидо қилаётганларнинг турқи-таровати, туриш-турмуши жуда ҳам аянчли ва комик бир манзара эди мен учун.
Кутубхонага бориб Алишер Навоийнинг китобларини изладим. Йўқ экан. Бир амаллаб битта тўпламча топдим. Эргаш Очилов нашрга тайёрлаган китобча. Алишер Навоийнинг энг таъсирли шеърлари жамланган экан. Олдим. Ҳар куни ўқиб ўтираман. Маҳкумлар келишади: “Нима ўқияпсан?” Китобни қўлларига тутқазаман. Китобни варақлаб кўришади. Томоша қилишади. Расмлари йўқлиги учун тезда зерикиб қайтариб беришади: “Шунақа нарсаларга қизиқаркансан-да!”

2017 йилнинг ёзи ва кузидаги каби Алишер Навоий мени ҳеч қачон таъсирлантирмаган эди.
Соат 22-00 да “отбой”. Ҳамма ухлайди. Мен эса гоҳо шконкамда ётиб хат ёзаман. Алишер Навоийни ўқийман. Қалбимнинг туб-тубига етиб боради. Алишер Навоийнинг ҳар бир байтидаги тасвирлар менинг ўша кунлардаги ҳолатимни ўзимга кўрсатар эди. Ойнада ўзининг бечораҳоллигини кўриб увиллаб йиғлаган одам ҳолига тушганман. Увиллаб йиғлаган одам ҳолига.
Ўша китобчадаги икки ғазалнинг шарҳини бугун сизларга тақдим этмоқчиман.

Биринчи ғазал

Ҳар қачонким кемага ул ой сафар рахтин солур,
Мавжлуғ дарё кеби ошуфта кўнглум қўзғалур.

Йиғлама, эй кўз, недин соҳилға чиқмас кема деб
Ким, ёшинг дарёсидур ҳар сариким эл кўз солур.

Титрабон сиймобдек кўнглум, етар жон оғзима
Тунд ел таҳрикидин ҳар дамки, дарё чайқалур.

Сабр кўнглумда, кўнгул ул ойда, ул ой кемада,
Ваҳки, бориб телмуруб кўз, мунграйиб жоним қолур.

Дам тутулғандин ўлар элдек етибмен ўлгали
Сурмасун деб кемасин, баским нафаслар асралур.

Кирма савдо баҳриға оламдин истаб судким,
Сийм нақди тушса, лекин умр нақди сийғалур.

Ғарқ этар баҳри фано ғам заврақин, эй пири дайр,
Илгига чунким Навоий бода киштийсин олур.

Мазмуни:

“Қачонки, менинг ой сингари ёрим кемага сафар анжомларини солиб, йўл ҳозирлигини кўрар экан, менинг ошуфта кўнглим мавжли дарё сингари қўзғалади.
Эй кўз! Кема нима учун соҳилга чиқмайди деб йиғлама! Эл қаёққа кўз солса, ҳамма томонда сендан оққан ёшлар дарёсини кўряпти.
Кўнглим симобдек титрайди. Жон оғзимга келди. Қўрқинчли шамолнинг эсишидан дарё чайқалади.
Сабр – кўнглимда. Аммо кўнглим ул ойда. Ул ой эса кемада. Ул ой кемада кетиб боради, кўзим термилиб, мунграйган жоним бунда қолади.
Нафас етмай ўладиган одам аҳволиги тушдим, чунки кемани суриб кетмасин деб нафасимни ичимга ютиб турибман.
Бу оламда фойда истаб, савдо денгизига кирма! Нақд тилло ва кумушларни қўлга киритарсан, аммо умринг нақдини бой берасан.
Эй дайр пири! Навоий қўлига бода тўлдирилган кема каби қадаҳни олар экан, ғам кемасини фано денгизи чўктириб юборади!”

Алишер Навоийнинг ҳар бир ғазали мен учун бир китоб.
Ҳар бир ғазалда мукаммал тасвирлар уйғунлиги бор. Ғазалнинг ҳар байти тўкис манзарага эга. Бу манзаралар бирлашиб, Шахсни юксалтирадиган Дарднинг қиёфасини ҳосил қилади. Бу қиёфани муносиб китобхон ўз қиёфаси деб қабул қилади.
Ўқиганимиз ғазалнинг дастлабки байти кишининг кўз ўнгида дарёни олиб келади.
Кема.
Ёр кемага чиқиб, олисларга сузиб кетишга ҳозирлик кўрмоқда. Ошиқ эса кемага чиқа олмайди. Ёр билан кета олмайди. Чунки бунинг иложи йўқ. Иложи бўлганда эди, у бу нарсани айтиб ўтирмас эди. Иложи йўқлиги учун ҳам кемада сафарга кетаётган ёр ҳақида сўз очди.
Аслида, кема нима? Ёр ким? Сафар қандай сафар? Бу қандай кемаки, ёр унда суза олади, ошиққа эса жой йўқ! Сафар қандай сафарки, ёр бу сафарга чиқа олади, ошиқ эса мосуво?!

Эҳтимол, сафар охират сафаридир!
Дарё – охират дарёсидир!
Кема – охират дарёсида сузувчи бир кемадир!
Ёр эса охиратга тадорик кўраётган инсондир! Шунинг учун унга эргашиб бўлмайди, шунинг учун унга ҳамроҳлик қилиш мумкин эмас. Зотан, ошиқ учун вақт ҳали келгани йўқ. Ошиқ ҳали ёр ҳажрида ёниши, ёниб покланиши керакдир, балки.

Бу шундай кемаки, у соҳилга қайтмайди. Кўз тинимсиз ёш тўкади. Ошиқ кўзни айбдор қилади: “Сен йиғлаб, ҳар томонни ёшга тўлдириб юбординг, кема қандай қилиб соҳилга чиқсин?!”
Ошиқнинг кўнгли симобдек титрайди. Жон бўғизда. Чунки дарё узра шамол. Тунд бир ел. У кемани янада узоқларга олиб кетади. Дарё бу елда чайқалгани каби ошиқнинг қалби чайқалади.

Қалбда сабр бор. Қалб – ёрда. Ёр кўнгилни олиб кетди. Сабрсиз қолган инсоннинг иши не бўлади?!
Йиғидан ҳориган кўз кема ортидан термилади, мунг билан тўлган жон соҳилда қолади.
Кема узоқлашгани сайин ошиқ нафасини ичга ютади, чунки нафас чиқарса, бу нафас кемани янада олисга суриб юборадигандек!

Дунёнинг иши шу. Ундан фойда излаб, турли савдоларга оворамиз. Ҳолбуки, бу савдолар умримиз нақдини қўлдан олади. Бир куни манзилга келганимизда ўзимизни бўш қўл билан кўрамиз.
Умрнинг бори ғамдан иборат. Ғам бир кемага ўхшайди. То бу кема чўкмагунча, осойишталик йўқ. Ҳақиқатларни англаш йўқ. Ғам кемасини эса фано денгизи ғарқ эта олур. Қачон? Қачоки, инсон бода тўла қадаҳни қўлга олса!
Бода надур?!
Бода қалбга хушнудлик бағишлар, руҳни самоларга кўтарур, ғамларни унуттирур, агар у зикр бўлса, агар у Яратган зотга бир садоқат бўлса, агар у покиза бир муҳаббат бўлса!
Алишер Навоий ориф инсон бўлган. У оламга маърифат нигоҳи билан боқар эди. Аллоҳ таолонинг ҳикматини англаган зот ўлароқ яшашнинг ҳикмати Аллоҳга ибодат ва итоат деб билган. Ибодат ва амаллар ботинан гўзал, ботинан самимий бўлишини талаб қилган. Аллоҳга муҳаббатли орифлар ўзаро муҳаббатли бўлиши шарт деб ҳисоблаган.
Алишер Навоий инсоний муҳаббатлар Аллоҳга бўлган муҳаббат устида барпо бўлади деб эътиқод қилган. Шунинг учун, у куйлаган ишқ оддий инсонлар тасаввурига сиғмайди. Шунинг учун, у баён қилган Дард олам аҳлининг аксарига бегона.

Хусусан, ушбу ўқиганимиз ғазалда кемада олис сафарга чиққан ёр ва ундан айрилган ошиқ ҳақида сўз борар экан, тасвирланаётган Дард ҳажмлардан улканроқ, саноқдан кўпроқдир.

Эътирозлар бўладики, Аллоҳ ҳаром қилган нарса билан Аллоҳга бўлган муҳаббатни ифодалашни қандай қабул қилмоқ мумкин?!
Масалан, ушбу ғазалда ҳам шоир дайр пири – оташпарастлар ибодатхонасидаги йўлбошчига мурожаат қилади. Мусулмон бир шоирнинг тутган бу йўли Ислом ақийдасига мос келадими?

Жавоб шуки, Ислом – гўзал ахлоқларни камолга етказган Илоҳий диндир. Бу динни пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз ҳаётлари билан амалда кўрсатиб бердилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаётларида яшириладиган ёки уялиш мумкин бўлган бир иш йўқдир. У зоти шарифнинг турмушлари икир-чикирларига қадар бутун оламга аён ва ҳар бир икир-чикирда бениҳоя улкан ибратлар, Илоҳий ҳикматлар дарёси бор. Лекин Исломни бир шакл деб билиб, уни ташқи жиҳатдан қабул қилиш билан мақсад ҳосил бўлмайди. Ихлоссиз ва муҳаббатсиз, мажбурланган ҳолда фарзларни адо этиш, суннатга эргашиш, ҳаромдан тийилиш, ҳалолни тутининг ўзигина асл Исломни акс эттирмайди. Бу – Исломнинг бир суврати. Сувратда жон бўлмагани каби ихлоссиз амалда руҳ бўлмас. Ихлоссиз ва муҳаббатсиз қилинган хайрли ишлар ҳеч қачон инсоннинг қалбини, руҳини юксалтмас.

Мусулмонлар орасида Илоҳий амрларни юзаки ушлаб, буни буюк иш деб биладиган тоифалар учрайди. Исломга амал қилаётганларини ошкор қилиб, одамларга билдириб, шу орқали ҳурмат, эҳтиром, лозим бўлса, куч-қудрат топишни истайдиганлар ҳам, афсуски, жуда кўп.
Алишер Навоий яшаган даврда ҳам шу ҳол кенг тарқаган эди.

Илоҳий сўзларни ёдлаб, уни ифодали ўқиб, театр саҳнасидаги актёр каби ибодатларни адо қилувчилар ҳамиша ўзларини кўз-кўз қилишарди. Бу ҳол Аллоҳга холис қуллик қилувчи мўминни ранжитади. Шунинг учун Алишер Навоий “шариат яловбардори” бўлиб кўринадиган риёкорларга ҳамиша қарши турган. Чунки улар халқни алдаш биробарида юрт бошига балолар келтиришлари ҳам мумкин эди. Чунки каззоблик, мунофиқлик, риёкорлик, айниқса, ўз нафси учун дин номидан иш кўриш Аллоҳнинг ғазабини келтиради. Ислом динини ўз манфаатлари йўлида хизмат қиладиган бир қурол деб билган тоифаларга хилоф ўлароқ Алишер Навоий шеърларида, хусусан, унинг салаф ва халафлари ижодида истилоҳлар ўзгарган.

Бу – май, бода, пири дайр, ёр, ёрнинг лаби ва ҳоказо ташбиҳларнинг Илоҳий муҳаббат ифодаси сифатида қўлланганига биринчи сабаб эди.
Иккинчи сабаб эса, инсон ичидаги кечинмаларни тасвирлаш ҳамиша янгиланган ифодаларни талаб қилади. Алишер Навоий жамиятида ҳам қарашларни ифодалашда янги истилоҳларга табиий бир зарурат бор эди. Шу сабабли Аллоҳга муҳаббатни, Аллоҳ буюрган йўлнинг моҳиятини англатиш қасди билан май, бода, жом, ёр, ағёр каби бир қатор ташбиҳ ва образлар мумтоз шеъриятдан мустаҳкам ўрин олди.
Аммо бу ерда нозик бир чегара бор. Бу – шеър орқали айтилаётган фикрнинг, туйғунинг тиниқлигидир. Агар шоир дунёқараши, позицияси етарли даражада аниқ бўлмаса, бу ташбиҳ ва образлар арзонлашади, ўзига юкланган вазифани адо эта олмайди, балки ғалати ва тушунуксиз бир қарама-қаршиликни юзага келтиради. Алишер Навоий ўзининг аниқ йўлига, қатъий эътиқодига эга бўлган Шахс эканлиги учун у қўллаган ҳар бир ташбиҳ, образ, рамз ва ҳоказолар ҳамиша жипс, ҳамиша мушаккалдир, ҳамиша уйғундир.

Асосийси, Қуръон оятларида инсонларга Илоҳий амрларни етказишда Аллоҳ таоло бир қанча истиораларни келтирган. Бунга ўнлаб оятлардан мисоллар бор.
Бинобарин, Алишер Навоийнинг Илоҳий ишқни май, бода ва ҳоказо ғайришаръий нарсалар билан ифодалашини қандай қабул қилиш керак деган саволга: “Ислом бир шахс, бир қавм, бир юрт, бир қитъа эмас, балки бутун инсониятга, бутун Ер юзига туширилган диндир. У бир инсон ёки жамоанинг фикрлари билан чегараб қўйилиши мумкин эмас. Демак, Аллоҳга бўлган муҳаббат ва Аллоҳнинг йўлига бўлган итоатни аниқроқ ва равшанроқ тушунтиришда турли истиоралардан фойдаланиш рад этилмайди”, – деб жавоб берамиз.
Шундай қилиб, Алишер Навоий ғазалларини ўқиб, қамоқдаги вақтим ҳам тез ўтар эди. Ташқи оламдан узиб қўйилган инсонлар қатори фикрларим тозаланиб борарди. Ҳар куни кўрилаётган бир хил манзара – тумтайган башаралар, қоп-қора либослар, ғишт, оҳак, буйруқлар, жазолаш янгилик эмасди.
Янгилик кирмаётган мия эса ўз базасидаги ахборотларни тартиблар эди. Шунинг учун, нима ўқисам ёки тингласам, уни тушунишим ва ҳис қилишим тиниқроқ эди, назаримда.
Навбатдаги ғазалда тирик қолиш, зиндонлар ҳақида гап боради. 2017 йил бу айни аҳволи руҳиямнинг портрети эди.

Иккинчи ғазал

Тирик қолсам гар, ўзни базми васлинг ичра солғаймен,
Фироқинг шиддатин де олмасам, худ йиғлай олғаймен.

Қабо бир қатла васли хилватида мени, эй гардун,
Неча ҳижрони зиндонида ул ойнинг, қаболғаймен.

Жунун тоши бошингға ёғди деб таън этма, эй носиҳ,
Тасаввур қилмаким, бу сарзанишлардин уёлғаймен.

Нигоринг гар борур, бот келгусидур, ема ғам дерсиз,
Ҳамоно соғинурсизким, мен ул келгунча қолғаймен.

Мени даврон бузубтур, сиз ясай олмассиз, эй аҳбоб,
Менга не журм азалда – чун бузуқ мундоқ ясолғаймен.

Агар аҳбоб теъдодин қилурсиз, бўлмоғум сонда,
Манга бас бу шарафким – итлари ичра санолғаймен.

Сабуҳи васл аро тут бир қадаҳ, эй соқийи даврон,
Неча ҳижрон туни махмурлиқ бирла қинолғаймен.

Ўлармен ё етармен мақсадимға – ёнмоқ имкон йўқ,
Бадан заъфи била йўл шиддатидин гарчи толғаймен.

Кўнгул уздум, Навоий, кўйи тавфидин не тонг, эмди,
Эришса итлари, ул кўй аро кўнглумни солғаймен.

Ҳозир бу ғазални ўқиб, ўша пайтда бу сатрлардан ларзага келганимни хотирлаяпман. Келинг, мен бу байтларни ўз таъбимдан келиб чиқиб, табдил қилиб берай:

“Агар бу балолардан сўнг тирик қолсам, ўзимни васлинг базмига солгайман! Ҳозир фироқинг шиддатини айта олмаётган бўлсам ҳам, фақат йиғлай оламан…
Эй тақдир! Мени бир марта бўлса ҳам ёримнинг васл хилватига қама! Чунки ул ойнинг ҳижрон зиндонида неча вақтки, қамалаб ётибман!
Эй насиҳат қилувчи! Жунун тоши бошингга ёғди деб менга таъна қилма! Бу маломат, бу машаққатлардан мени уялади деб ўйлама!
Нигоринг кетган бўлса, келади, ғам ема дейсизми? Сиз мен у келгунича усиз қолишимни истамоқдамисиз?!
Эй дўстлар! Мени тақдир вайрон қилди, сизлар обод қила олмассиз, менда не айб! – азалдан мана шундай вайрон ҳолда ясалганман.
Ёримнинг дўстларини санаб, улар ичидан мени изласангиз, у ерда йўқман – тополмайсиз. Мен учунн унинг итлари қаторида туришнинг ўзи шараф!
Эй соқийи даврон! Васл тонгида бир қадаҳ тут! Чунки ҳижрон тунларида мастликдан қийналмоқдаман.
Ўлиб кетаманми ёки мақсадимга етаманми – билмайман, ҳатто, таним хасталиги ва йўл машаққати билан толиқиб қолсам-да, ортга қайтишга имкон йўқ!
Эй Навоий, ёр юрган йўлларни ўпиш умидидан кўнглимни уздим, энди унинг итлари қайси кўчадан ўтиб қолса, кўнглимни ўша йўлга ташлайман!”

Ғазал арузда, ҳазаж баҳрида ёзилган. Оҳанги маҳзун. Овоз чиқариб ўқисангиз, мафтун этади. Сеҳрлаб қўяди.
Ўқиганимда ғазалнинг қаҳрамони деб ўзимни тасаввур қилганман. Бу сўзларни Алишер Навоий эмас, гўё мен айтяпман. Мен ҳам бир ёрни соғинаман. Балки у ёр саробдир, балки у ёр бевафодир, балки у ёр бир субҳи козибдир. Аммо соғинчга эҳтиёж бор. Кимнидир соғингинг келади. Малолинг тушмайдиган кимнидир жуда ҳам соғинишни хоҳлайсан!
Ҳа, соғинишинг мумкин бўлган ягона жамол – Ҳақ жамолидир.
Бошимда бало устига бало. Бирор хотиржам кун йўқ. Ҳар кун бир хатар кутасан. Тирик чиқаманми бу ерлардан?! Ё Роббим! Агар тирик қолсам, Сенга энг самимий ва энг холис қалб ила ибодатлар қиламан! Каъбатуллоҳни ўпаман, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам равзаларини зиёрат қиламан!.. Ҳозир қалбимни ўртаган бу фироқ шиддати сабабли сўзлай олмайман. Фақат кўзимдан ёш оқади. Сокит кўзлардан ёш оқади.

Тирик қолсам гар, ўзни базми васлинг ичра солғаймен,
Фироқинг шиддатин де олмасам, худ йиғлай олғаймен.

Эй тақдири азал! Ибодат қилишим учун менга масжидларни насиб эт! Қулоқларимни Қуръон тиловатларига тўлдир! Тунларимни таҳажжудлар ила мунаввар қил! Ахир, қанча вақтки, Қуръон ўқий олмайман! Қанча вақтки, бошимни саждага қўя олмайман! Бу зиндон мен учун ҳижрон зиндони бўлди!

Қабо бир қатла васли хилватида мени, эй гардун,
Неча ҳижрони зиндонида ул ойнинг, қаболғаймен.

Ҳаммасига ўзинг айбдор! Сен кимсанки, ўзингдан қаҳрамон ясайсан! Ҳамма қатори жим яшасанг бўлмасмиди, сен телба экансан, мажнун экансан! Ақли соғ инсон сенинг ишингни қилмайди деб насиҳат қилувчи эй носиҳ! Таъна тошларини отма! Мен ҳақимда бу ишларидан уялади деб ўйлайсанми? Аллоҳ гуноҳларими кечирсин! Бир телба бўлсам, телба ўз ишларидан уялармиди? Унинг ақли уялишга қодирми?!..

Жунун тоши бошингға ёғди деб таън этма, эй носиҳ,
Тасаввур қилмаким, бу сарзанишлардин уёлғаймен.

Бугун зиндондасан, эртага озод бўласан, сабр эт дерсиз, ғам ема дерсиз, иншаа Аллоҳ, сўзларингиз рост бўлсин, бироқ сиз менинг шунча вақт ҳижронда қолмоғимни истаяпсизми?!

Нигоринг гар борур, бот келгусидур, ема ғам дерсиз,
Ҳамоно соғинурсизким, мен ул келгунча қолғаймен.

Нега бу қадар ўрсан, нега бу қадар кажсан деб мендан ранжиманг, дўстлар, қадар шундай экан: Аллоҳ мени шундай яратди. Ноҳақликка бетоқат, ёлғонга чидамсиз, ҳаромга нафратли қилиб яратди мени. Агар шу ҳол хароба бўлса, мен шундай харобаман. Мени обод қила олмассиз.

Мени даврон бузубтур, сиз ясай олмассиз, эй аҳбоб,
Менга не журм азалда чун бузуқ мундоқ ясолғаймен.

Роббимнинг дўстлари…
Аллоҳнинг валийлари… Уларнинг сафида бўлиш қанчалар шараф! Улар сафидан мени топа олмайсиз деб қўрқаман… Чунки гуноҳларим, Аллоҳнинг олдидаги исёнларим шу қадар кўпки, улар сафида бўлмоқдан хижолат тортаман…
Мен бир ит каби саналсам ҳам, майли. Асҳоби каҳфнинг ортидан борган бир ит каби бўла олсам ҳам, бу мен учун олий шараф! Менинг икки дунёйим учун шараф!

Агар аҳбоб теъдодин қилурсиз бўлмоғум сонда,
Манга бас бу шарафким, итлари ичра санолғаймен.

Эй соқийи даврон! Васл тонгида шодлик қадаҳини бер! Бу зиндон тунларида айрилиқ мастлиги ила қанчалик қийналдим!..

Сабуҳи васл аро тут бир қадаҳ, эй соқийи даврон,
Неча ҳижрон туни махмурлиқ бирла қинолғаймен.

Эҳтимол, йўлнинг машаққати толиқтирар, эҳтимол, тан хаста бўлар, эҳтимол, бу йўлда ўламан ёхуд мақсадимга эришаман! – аммо ортга қайтмоқ мумкин эмас. Чунки ўлимдан ҳам, ҳаётдан ҳам устундир бу Йўл. Ҳаёт ва ўлимдан ягона мақсад ҳам фақат шу Йўлдир.

Ўлармен ё етармен мақсадимға ёнмоқ имкон йўқ,
Бадан заъфи била йўл шиддатидин гарчи толғаймен.

Гоҳо умидсизлик қамраб, ёр кўйини тавоф қилишдан кўнгил узсам, не ажаб! Энди бу узиб олинган кўнгилни ёримнинг итлари қайси кўчага кирса, ўша кўчага ташлайман, токи улар бу кўнгилни тишлаб ёримга элтиб берсинлар!

Кўнгул уздум, Навоий, кўйи тавфидин, не тонг, эмди,
Эришса итлари, ул кўй аро кўнглумни солғаймен.

Мақолани “Менинг қайғуларим ва Алишер Навоий” деб номладим. Бу илмий йўналиш эмас. Бу бир кўнгилнинг йўналиши. Бу йўналишдан кўнгиллар юради, холос.
Ким Алишер Навоийга қандай муносабатда, билмадим, аммо менинг ўша энг оғир пайтларимда, кўзларимдан ёшлар оқиб турганда Алишер Навоийнинг байтларини ўқидим. Шунда Алишер Навоийнинг қалбини ўз қалбимга жуда яқин ҳис қилдим. Ёки ўз қалбимни Алишер Навоий қалбига муқарраб туйдим. Балки, том маънода ундай эмасдир. Лекин умумий бир туташув бор эди, ҳарқалай.
Мусибатда ёнингда турган дўст ёдда қолади. Ўша пайт ёдимда Алишер Навоий ғазали эди. Бу ғазал мени зикруллоҳга чорлади.

(Давоми бор)

Акром Малик

09.11.19

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
xxx video gratis porno italiano
paykasa instagram takipi hilesi instagram followers free followers ak bys ak etme bys shell indir php shell hacklink hacklink al hacklink satn al denizli escort tempobet giri altanya escort bayan ankara escort bayan maltepe escort umraniye escort eskiehir escorteskiehir escort eskiehir bayan escorteskiehir escort

rokettube