Ўзбекистон Халқ Ҳаракати
buy Instagram likes web tasarm instagram takipi satn al

“Жоним ол, оғзимға қуй иймон майи…”

“Жоним ол, оғзимға қуй иймон майи…”
30 Kasım 2019 - 18:45 'да юкланди ва 470 марта ўқилди.

(“Ҳайратул аброр”. 1-мақолат. Иймон шарҳи)

“Ҳайратул аброр”нинг илк мақолати иймон шарҳига бағишланган. Табиийки, шундай бўлиши лозим эди. “Хамса” достонларини ҳам иймондан бебаҳра инсон тўлиқ ҳис эта олмайди. Чунки дастлабки достон учун биринчи мақолат иймон шарҳи экан, демак, бу достонларни тушуниш учун шу эшикдан кирмоқ лозим. Мазкур боб Алишер Навоийнинг ваҳдати вужуд фалсафасида чуқур кетмагани ҳақидаги бир ҳужжатдир. Чунки ваҳдати вужудга чуқур кетиш – оламни Аллоҳнинг кўзгуси деб билиш ва шу фикр билан яшаш оқибатида ахлоқий нормаларни, яхшилик ва ёмонликни, иймон ва куфрни, жаннат ва жаҳаннамни ҳам рад этиш кузатилган. Зотан, ҳамма нарса Аллоҳнинг акси, олам Аллоҳнинг ўзи, Аллоҳ оламдан ташқари эмас, олам Аллоҳдан ажралмаган деб эътиқод қилиш чалғишларнинг манбаидир.

Алишер Навоий асарларида ҳам коинот Аллоҳнинг жамолини акс эттирувчи кўзгу деган ғоя илгари сурилса ҳам, шоир му масалада муайян чегарада тургани ойдинлашади. Хусусан, иймон шарҳида шу ҳол кузатилади.
Алишер Навоий иймон масаласини энг муҳим масала деб ҳисоблаган. Иймон келтирдим дея Ислом фарзларини адо этишнинг ўзи етарли эмас деб қатъий таъкидлайди. Алишер Навоийнинг фикрича, иймон – инсоннинг қалб-қалбига, бутун ҳаётига сингиб кетиши шарт, у инонч келтираётган, муқаддас тутаётган нарсаларига бутун вужуди ила ихлос ва садоқатда бўлмоғи лозим. Бу қарашлар иймон шарҳига бағишланган бобнинг сарлавҳасидаёқ яққол бўртиб туради. Шоир: “Иймон шарҳидаким,

اَنْ ﺗُﻮْٔﻣِﻦَ ﺑِﺎﻟﻠّٰﻪِ وَﻣَﻠَﺎءِﻛَﺘِﻪِ وَﻛُﺘُﺒِﻪِ وَرُﺳُﻠِﻪِ واﻟْﻴَﻮْمِ اﻟْﺎٓﺧِﺮِ وَ ﺑِﺎﻟْﻘَﺪَرِ ﺧَﻴْﺮِهِ وَﺷَﺮِّه ال اِﻳﻤَﺎنُ
(Ал-иймону ан туъмину биллаҳи ва малоикатиҳи ва кутубиҳи ва русулиҳи ва бил-явмил-охири ва бил-қадари хайриҳи ва шарриҳи) демакдин мақсуд бу калимот эмас”, – деб сўз бошлайди. Арабий матн ўзбекчага: “Иймон – Аллоҳга, фаришталарга, самовий китобларга, пайғамбарларга, охират кунига, тақдирнинг яхши ва ёмонига ишонмоқдир”, – деб ўгирилади. Алишер Навоийга кўра, иймондан мурод шу калиманинг ўзи эмас.

“…ва агар аҳли зоҳир муни иймон деса, аҳли маъни демас” –…ва агар шу калиманинг ўзини зоҳир аҳли иймон деса, аҳли маъно иймон демайди.
“…ва улуҳият дарёсиға шинолиғ ажзин зоҳир қилмоқ” – …ва улуҳият дарёсида сузиш ожизлигини кўрсатиш.
“…ва малойика ҳавосида бир неча қанот урмоқ” – фаришталар ҳавосида бир неча бор қанот қоқмоқ.
“…ва кутуб авроқида бир неча ҳарф сурмак” – китобларннинг варақларига бир неча ёзиш.
“…ва русул жодасида неча қадам югурмак” – пайғамбарлар йўлидан бир неча қадам югурмоқ.
“…ва қиёмат қойим бўлурида қиём кўргузмак” – қиёмат қойим бўлар вақтда қиёмда турмоқ.
“…ва қадар бобида алоқадри ҳол тараннум тузмак” – тақдир масаласида қодир бўлгунча сўз айтмоқ.

Иймон шартини санаб ўтган Алишер Навоий сарлавҳадаёқ ҳар бир масалага алоҳида ёндашган.
“Мен Аллоҳга ишонаман”. Иймон калимасидаги биринчи иқрор. Тилда айтдинг. Дилда тасдиқладинг. Шу билан иш битдими? Йўқ. Аллоҳга ишонмоқ Аллоҳнинг улуҳиятини, илоҳлигини бутунича идрок этмоқдир. Жамики ишларингни Аллоҳга топшириш, жамики ишларингни Аллоҳ буюргандек адо этиш, Аллоҳга таслимият келтириш, ҳар бир ишингни якка Аллоҳ учун адо қилиш, ҳар бир якка Аллоҳ иродаси ила содир бўлишига ҳеч қандай шак-шубҳасиз ишониш. Ана шу нарсани Алишер Навоий назарда тутади ва буни “улуҳият дарёсида шинолиғ ажзин зоҳир этмак” – улуҳият дарёсида суза олмасликни тан олиш деб тушунтиради. Ўзини илоҳликка даъвогар деб билган инсон Аллоҳнинг амрига қарши боради, Аллоҳнинг амрини қасдан адо этмайди. Аллоҳни якка илоҳ деб билган одам илоҳият дарёсида суза олмаслигини, у дарё унинг учун эмаслигини чуқур англайди.

“Мен фаришталарга ишонаман”. Иймоннинг иккинчи шарти. Фаришталар борми? Ҳа. Бор. Мен ишонаман. Ана шу сўзни айтмоқ ва қалбда бунга тасдиқ келтирмоқ иймондандир. Алишер Навоийнинг фикрича, шу сўзнинг ўзи кифоя эмас. Фаришталарга ёнингиздаги одамларнинг борлигига қандай инонсангиз, ана шундай инонмоқ керак. Фаришталарнинг борлиги, уларнинг вазифаларини англашда худди улар билан қанот қоққандек бир туйғу, бир қониқишга эга бўлмоқ лозим. Алишер Навоий буни “…малойика ҳавосида бир неча қанот урмоқ” деб ёзади. Елкаларимизда савобу гуноҳни ёзиб борадиган, ҳар бир мўминни қўриқлаб турадиган, аршда, фалакда, масжид ва файзиёб жойларда фаришталар борлигини унутмаслик шарт. Ҳар сўзимизни эшитганда: “Қабул эт, ё Аллоҳ!” – деб турадиган хилқатлардан ғофил бўлмаслик керак.

“Мен Аллоҳ таоло инсонларга тўғри йўлни кўрсатмоқ учун ўз китобларини юборган деб ишонаман”. Иймоннинг учинчи шарти. Шоир буни “…кутуб авроқида бир неча ҳарф сурмак” деб тавсифлайди. Маъноси: “Китоблар саҳифаларига бир неча ҳарф ёзмоқ” дегани. Қандай қилиб илоҳий китоблар саҳифаларига бирор ҳарф ёзиш мумкин? Мумкин эмас. Алишер Навоий бу жумла орқали илоҳий китобларга бўлган инонч даражасини тўғрисида гапирмоқда. Ҳа, Аллоҳ китоб туширган. Забур. Таврот. Инжил. Қуръон. Шу етарлими? Йўқ. Бу китоблар инсоният учун нажот эди. Саодат эди. Улуғлик ва гўзалликка, беқиёс юксакликка олиб чиқадиган ягона йўл эди. Биз бу китобларни ана шундай қабул қилмоғимиз керак. Бу китоблар Аллоҳнинг китоблари эканлигини, илоҳий калималар, илоҳий қонунлар мажмуаси эканлигини ўзимиз ёзган китобда нима борлигини аниқ билганимиздек билишимиз шарт. Жоиз бўлса, илоҳий китобларга, уларнинг сўнггиси Қуръони каримга сингиб кетмоқ лозим. Унинг азамати ва асрорини, ҳикмати ва фазилатини тадаббур этмоқ жоиз.

“Мен Аллоҳ таоло инсониятга тўғри йўлда яшашни кўрсатмоқ учун, тавҳидини билдирмоқ учун пайғамбарлар юборган деб ишонаман”. Иймоннинг тўртинчи шарти. Шуни айтсак, бўлдими? Айтиб, унутиб юборсак-чи? Йўқ. Ундай эмас. Шубҳасиз, бундай бўлиши мумкин эмас. Пайғамбарлар масъум. Улар мутлақо гуноҳдан холи. Улар Аллоҳнинг амрларини яшаш орқали кўрсатдилар. Бу “…русул жодасида югурмоқ”дир. “Русул жодаси” – расулларнинг, пайғамбарларнинг йўли, шариати демакдир. Пайғамбарларнинг йўли – уларнинг олиб келган ҳақиқатларидир. Пайғамбарлар Аллоҳнинг якка илоҳ эканлигини етказишди. Улар одамлар орасидан танлаб олиндилар. Уларнинг йўлидан юрмоқ – ана шу ҳақиқат ила яшамоқ, ана шу ҳақиқат устига ҳаётни қуришдир.
“Мен қиёмат бўлишига ишонаман”. Бу – охират куни. Ҳашр куни, маҳшар куни ҳам дейилади. Ҳамма қайта тирилиб, йиғиладиган ва қилган амаллари учун сўроқ берадиган макон ва замон. Бунга ишониш иймоннинг бешинчи шарти. Алишер Навоий эса буни “…қиёмат қойим бўлурда қиём кўргузмоқ” деб таърифлайди. Қиёмат қойим бўлаётган вақтда қиём кўргазиш нима? Қиём – намозда тик туриш. Аллоҳнинг қошида таслимият изҳор этиб, унга ихлос, итоат кўрсатишдир. Қиём – ҳамиша Аллоҳнинг амрларини бажаришга шай туришдир. Қиёмат кунига – охиратга ишониш тил ва лабдан учиб чиқаётган ҳарфлар йиғмасидан иборат эмас. Қиёмат кунига ишонган одам унга тайёргарлик кўради. Сафарга чиқувчи сафар халтасини тайёрлагани каби. Эртага Роббиси ҳузурида савол-жавобдан ўтишини билган мўмин шунга мавофиқ иш тутади. Юзи шувит бўладиган ишлардан чекланади. Буюрилган ишларни сидқидилдан бажаради. Чунки Роббиси қараб турибди. Эртага Унга қайтилганда, албатта: “Менинг амримга мувофиқ яшадингми?” – деб сўрайди. Ана шу эътиқодни Алишер Навоий “…қиёмат қойим бўлурда қиём кўргузмак” деб таърифлаган.

“Мен тақдирга ишонаман. Яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам Аллоҳдандир”. Бу иймоннинг олтинчи шарти. Тақдирга ишониш – ҳар бир иш Аллоҳ томонидан ёзиб қўйилганига ва бу ишлар, албатта, содир бўлишига қатъий инонмоқдир. Шундай десак, бу шарт адо этилган ҳисобланадими? Албатта. Лекин бу нозик масала. Тақдирга ишонаман деб ётиб олинмайди, агар ётиб олинса ҳам, бу тақдирда ёзилгани учун шундай бўлади.

Инсон ўзи учун нима яхши, нима ёмон эканлигини билмайди. Гоҳида уни шодлантирган нарсалар унинг учун зарар келтиради, холос. Масалан, кўп таом ейиш, кўп ухлаш, шаҳват, маст қилувчи нарсалар истеъмол қилиш ёқади. Лекин оқибати фақат ёмонликдир, хорликдир. Эрта уйғониш, тартибли ҳаёт кечириш, зулмга қарши курашмоқ – жуда ёқимсиз. Нафс хоҳламайди, ҳолбуки, барча хайр аслида шу ишлар замирида мужассам бўлади.
Яхши ишларимизга жавобан яхшилик кутишга одатланганмиз. Аммо ёмонликларимизга ёмонлик кутмаймиз. Яхши ишларимизни Аллоҳга топшириб, ёмонликларимиздан Аллоҳдан қўрққанимиз ва ҳаё қилганимиз учун халос бўлишга интилиш иймон белгисидир. Алишер Навоий қадар масаласида гап бошлар экан, шу каби муаммоларга ҳам тўхталган.
Инсонийлик ҳақида кўп сўйлаймиз. Одамийликни гўзал фазилат деб баҳолаймиз. Инсонийлик – инсон бўлишдир. Инсон бўлишнинг шарти нима? Икки оёқда тик юриш, ювиниб, баданни тоза сақлаш, ортиқча тукларни қириб, пардозланиш, турли эҳтиёжларни сўз билан ифодалаш, ғиштдан қурилган уйларда яшаш, жамият ичида қандайдир мавқе касб қилиш билан ҳар қандай махлуқ – Аллоҳнинг яратиғи инсон деб аталадими? Йўқ, албатта. Биологик тур сифатидаги инсон ижтимоий қобилиятларидан фойдалангани билан ҳам асл инсон бўла олмайди. Ижтимоий фаоллик ва шу каби бир қанча нуқталарга эга бўлганлар қиёфа жиҳатдан инсон, ички томондан эса инсон ҳисобланмайди. Бу – Алишер Навоий илгари сурган ғоя. Унинг фикрича, инсон бўлишнинг ягона шарти, инсонликнинг нишони – иймон эгаси бўлишдир.

Кимки жаҳон аҳлида инсон эрур,
Билки, нишони анга иймон эрур.

Алишер Навоий масалани қатъий ва кескин қўйган: сўзлаш ҳам инсоннинг хусусияти, лекин нутқ билангина одамни одам деб атайдиган бўлсанг, ҳайвон ва сенинг ўртангда фарқ йўқ.

Навъини нотиқ била ҳайвон қилур,
Нотиқу ҳайвонини инсон қилур.

Сен доғи инсон муни қилсанг гумон,
Билки ҳамон сен-сену ҳайвон ҳамон.

Инсон ҳайвондан тафовутли бир вужуддир. Буни Аллоҳ ўз каломида маълум қилган.

Муники инсон мутафовит эрур,
Тенгри каломи хабар андин берур.

Агар ҳар кимни инсон деб атайдиган бўлсак, яхши ва ёмон ўртасида ҳам фарқ йўқолади. Ноқис ва комилни фарқламасак, олим ва жоҳил ўртасида ҳам ҳеч қандай чегара бўлмайди.

Бас, киши жазм айласа инсон они,
Яхши-ёмон ичра тафовут қани.

Бўлмади, бас, ноқису комилда фарқ,
Топмағай эл олиму жоҳилда фарқ.

Инсонларнинг ҳаммаси бир хил эмас. Одамлар турфадирлар. Одамнинг ичида қутурган нафс ити мавжуд. У инсонни хароб қилади. У инсонни ейди. Инсон ўзини нафсдан ҳимоя қилмоғи лозим. Нафснинг қиёфаси, васвасаси кўп. Нафсни енгаман деб риёзат қилсанг, риёзатинг сабабли кибр ва ужбни туғдириб, нафсинг шу билан ҳам озиқланади. Риёзат қилмасдан, менинг қалбим пок деб хотиржам юрсанг, қилинаётган ишлар шунчаки жисмоний иш, ботиний жиҳатдан пок бўлиш бунга боғлиқ эмас деб ҳисобласанг, нафсинг сени қисқа фурсатда энг ёвуз махлуққа айлантириб қўяди.
Ибодатингни кўпайтирсанг, риёни ҳамроҳ қилади. Ибодатни камайтирсанг, танбалликка боғлайди. Нафснинг ўйини кўп. Ҳийласи кўп. Шунинг учун Алишер Навоий нафс тарбияси, кўнгил поклигини мураккаб масала деб қабул қилади. Шоир пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бир ҳадис келтиради:

Бас, ани инсон атағил, бериё,
Ким ишидур сабр ила шукру ҳаё.

Бўйла буюрди набийи Ҳошимий,
Ким бу уч иймоннинг эрур лозими.

Риёсиз, сабр, шукур ва ҳаёни ўзига одат қилган инсонни инсон деб атагин. Ҳошимий набий иймон учун ушбу хислатлар бўлиши лозим эканлигини айтди.
Шукур. Сабр. Ҳаё. Одатий бир шакл. Одатий бир сўз. Лекин замиридаги маъно юксак. Нозик. Аслида, бу сўзлар бениҳоя оғир. Шукур қилиш – ҳар бир неъмат учун Аллоҳга миннатдорлик билдиришдир. Сабр – ҳар оғир иш келганда нолимасдан Аллоҳдан ёрдам сўраб, Уни зикр этишдир. Ҳаё – Аллоҳ қайтарган ишлардан ҳамиша, ҳамма жойда Аллоҳдан уялганимиз учун қайтишимиздир. Бу хислатга соҳиб бўлиш билан инсонийликка эга чиқамиз. Шукур, сабр ва ҳаёни йўқотиш билан ҳамма нарсани бой берамиз. Албатта, шукур, сабр ва ҳаё иймондандир. Иймонсизда бу фазилатларни топиб бўлмайди. Иймонсизда бу фазилатлар бўлиши мумки ҳам эмас. Иймон била иш қиладиган инсонни инсон дейиш ярашади.

Бас, ани инсон демак ўлғай раво,
Ким иши иймон била топқай наво.

Ана шу нуқтагача инсон. Инсонийлик ҳақида гапирган шоир иймон шарҳига ўтади.

Эйки, санга айладим инсонни шарҳ,
Эмди эшитким қилай иймонни шарҳ.

Мўмин инсон эътиқод қилмоғи лозим бўлган нарсалар олтитадир. Агар олти томонингни – ўнгу чап, олд-орқа ва пасту юқорини бу олти нарса билан ўрасанг, шубҳасиз, қатъий ҳимоя остида хавфсиздирсан. Хазинанг ўғридан омон сақланади.

Олти дурур шаръда гўё адад,
Ҳарнеки мўъминға керак муътақад.

Айласа бу олти била ихтисор,
Олти жиҳатдин анга бўлғай ҳисор,

Ким бу ҳисор ўлса анинг маъмани,
Ўғридин эмин бўлубон махзани,

Мўмин учун энг улкан хафв – нафс ҳужуми ва шайтон васвасасидир. Мўмин учун энг улкан хазина – иймондир. Энг улкан бало – ширкдир. Аллоҳга кофир бўлишдир. Иймоннинг олти шарти бу балолардан инсонни халос қилади. Олти нарсага қатъий ишониш, олти нарсага қатъиян эътиқод қилиш, боғланиш нажот йўлидир. Бу олти нарсага ишонч инсонни қурбга, Аллоҳга яқин бўлишга эриштиради. Эътиқод этилиши лозим олтининг аввали Аллоҳнинг борлигини, бирлигини билишдир. Унинг Ўзи – айни Вужуддир. Мавжуд бўлган бошқа ҳамма нарса фақат У сабабли мавжуддир.

Олтидин аввалғики мақсуд эрур,
Билмак эрур Ҳақники, мавжуд эрур.

Айтма мавжудки, айни вужуд
Ҳарнеки мавжуд анга файёзи жуд.

Зоти ва вужуди бирдир. Нуқсонли бўлиш, камол топиш Унга бегона. Кенглик ҳам, баландлик ҳам Унинг қудрати билан. Бу икки нарсанинг Соҳиби Удир.

Зоти вужудиға бўлуб муқтазий,
Нуқс, камолидин ўлуб мунқазий.

Андин ўлуб мунҳат ила муртафиъ,
Мунҳат агар муртафиъ ул мухтариъ,

Зоти – қадимдир. Азал ва абаддан ҳам ғолибдир. Нимаики яратилган, тикланган бўлса, тиклагувчи Ўзи. Фақат У абадий, қолган жамики нарсалар нобуд бўлгувчидир.

Зотиға дарёйи қидам чун тошиб,
Бир ён азал, бир ён абаддин ошиб.

Ҳарнеки қойим, ўзи қайюм ўлуб,
Бўлғуси ул, борчаси маъдум ўлуб.

Жаҳон аҳлига Унинг зоти ҳамиша ниҳондир. Ҳеч ким Уни била олмайди. Асмойи сифати – исм ва сифатлари маълум. Аллоҳнинг исму сифатларининг ўзи бир жаҳондир.

Борча жаҳон аҳлиға зоти ниҳон,
Мазҳари асмоу сифоти жаҳон.

Барчани нобуд қилиб, якка Ўзи мавжуд бўлувчи ҳам У. Икки жаҳон – икки олам: дунё ҳам, охират ҳам Уники. Агар бундан ўзга жаҳон бўлса, у ҳам Аллоҳникидир. Унинг қаламравидан ташқари ҳеч нарса йўқ!

Борчани ҳам қилғучи нобуд ўзи.
Борча бориб бўлғучи мавжуд ўзи.

Икки жаҳон мулки мусаллам анга,
Ўзга жаҳон бор эса ул ҳам анга.

Иймоннинг иккинчи шарти – фаришталарга инонмоқдир. Фаришталар бордир. Улар хаёлий нарса эмас, айнан мавжуд нарсалардир. Вужуди бордир. Уларни хаёлий, абстракция эмас, яратилган аниқ мавжудот деб билмоқ шарт. Улар фалакдадирлар. Уларда нафс йўқ. Нафснинг васвасаларидан холи ва покдирлар. Улар қанотли товус кабидирлар. Тасбиҳ айтиш уларнинг доимий иши. Қанотлари бир эмас, икки, уч, тўртта ва ундан ҳам кўпдир.

Олтидин иккинчи малойикни бил,
Борчаға тасдиқи вужуд айлагил.

Билким эрур зойири афлок алар,
Нафснинг олойишидин пок алар,

Ҳар бир ули-ажниҳа товус ўлуб,
Донаи тасбиҳ анга маънус ўлуб

Бир била топмай бу жаноҳ инқитоъ,
Бир неки, масно ва сулосу рубоъ.

Фаришталар бир қадамни Аллоҳ амрисиз босмайдилар. Улар абадий шундайдирлар. Барчаси тупроқ, ел, сув, ўтдан покдир.

Не қадаме амрсиз олиб, не дам
Борча вужуд аввалидин то адам.

Поку мужаррад борининг жавҳари,
Туфроқу суву елу ўтдин барий.

Улар Аллоҳнинг амрларини адо қилишдан қуш каби завқ топадилар. Аммо ичларидан бири бу завқни топмади ва лаънат ҳалқасини топди. Бу – Аллоҳнинг амрига ошкора куфр келтирган шайтондир.

Хулди барин қушларидек шавқнок,
Амр адосидин ўлуб завқнок.

Бир қуш алар ичраки топмай бу завқ,
Фохта янглиғ топибон бўйни тавқ…

Самовий китоблар. Аллоҳ таоло бандаларига берган китоблар. Одамзод ҳақиқатларни англаши учун Жаброил алайҳиссалом олиб тушиб, набийларга етказган китоблар. Алишер Навоий иймоннинг ушбу шарти – илоҳий китоблар ва саҳифаларга ишониш ҳақида гапириб, улардаги ҳар бир ҳарф, ҳар бир калима Аллоҳга тегишли эканлигини айтади.

Англа учунчи кутуби осмон,
Тенгри сўзи бил бориси бегумон.
Бу китобларнинг ҳар бири таги тубсиз дарёдир, ундаги ҳар бир калима бебаҳо дурдир. Йўқ, уни дарё дема, илоҳий китоблар кон – унинг қаърида лаъл ва гавҳарлар бор. Бу илоҳий китобларнинг учтаси – Забур, Таврот, Инжил нурли шам бўлса, тўртинчи оламни ёритган қуёшдир.

Қайси кутуб, ҳар бири дарёйи жарф,
Ҳар сўзи бу баҳрда дурри шигарф.

Баҳр дема, ҳар бири бир турфа кон,
Лаъл ила гавҳарға саросар макон.

Гар учи уч шамъи мунаввар бўлуб,
Лек бири машъали ховар бўлуб.

Агар бу уч илоҳий китоб маволиди салос бўлса, тўртинчиси етти отанинг ишини қилишга қодир. Балки етти китобнинг онаси бўлгани учун сабъи масоний унда хитоб топди.
Бу мазмунни шарҳлашимиз учун асл матнни диққат билан ўқишимиз керак. Сўнг сатрма-сатр шарҳга ўтамиз:

Бўлса маволиди салос ул учи,
Бу ети обонинг ишин қилгучи.

Бал ети обо мунга уммул китоб,
Сабъи масоний топиб андин хитоб.

Алишер Навоий асарларида оламнинг яралиши ҳақида қуйидаги қарашлар илгари сурилган: етти қават осмон – етти отадир. Тўрт унсур – ел (ҳаво), сув, ўт, тупроқ онадир. Етти ота ва бу тўрт онадан уч фарзад дунёга келди – ҳайвонот олами, тоғ-конлар олами, набодот – ўсимликлар олами. Бу қараш Алишер Навоий давридаги физик, табиатшунос ва кимёгарларнинг илмий хулосалари эди. Етти қават осмон тўрт унсурнинг ҳаракатини таъминлайди. Тўрт унсурнинг бирикиши, ўзаро реакцияга киришиши ва ҳоказо жараёнлардан сўнг Ер юзи табиатида турфа ажойиботлар юзага келган. Одамнинг яралиши маълум – Аллоҳ уни ўз қўли билан лой қориб, яратди. Ҳайвонлар, тоғ-конлар ва ўсимликлар эса етти қават осмон ҳамда тўрт унсур ўртасидаги мутаносиб жараёнлар ҳосиласидир. Шоир Қуръони карим ҳақида гапираркан, унинг улуғлиги, то қиёматга қадар бутун инсониятнинг яшаш тарзини тартибга солиб турувчи илоҳий қонун эканлигини айтиш учун истиора қўллайди: “Бўлса маволиди салос ул учи” сатридаги маволиди салос – туғилган уч дегани. Туғилган уч – ҳайвонот, тоғ-кон ва набодот оламидир. Ул учи – уч илоҳий китоб – Забур, Таврот ва Инжилдир.
“Бу етти обонинг ишин қилгучи” сатридаги “Бу” – Қуръондир. Етти обо – етти қават осмон. Қуръон аҳамияти жиҳатдан етти қават осмон каби эканлиги айтилмоқда. Байтнинг тўлиқ мазмуни эса қуйидагича: “Агар Қуръондан аввал нозил бўлган учта илоҳий китоб худди маволиди салос каби бўлса, Қуръон етти отанинг ишини қиладиган даражада қудратлидир”.
Маълумки, Қуръондан олдинги илоҳий китобларда, асосан, Аллоҳга ҳамд ва дуолар нозил бўлган. Уч илоҳий китоб инсониятни Қуръонга тайёрлаган. Ҳар бир илоҳий китобда сўнгги пайғамбар Аҳмад ҳақида хабар берилган. Сўнгги пайғамбар туғилганда унга эргашиш, итоат қилиш буюрилган. Шунга биноан, Алишер Навоий Қуръоннинг даражаси ўзидан олдинги уч илоҳий китобга нисбатан қай ўринда эканлигини уни етти қават осмонга ва қолганларини маволиди салосга қиёслаш орқали ифодалаб бермоқда.
Навбатдаги “Бал ети обо мунга уммул китоб” мисрасидаги “Мунга” олмоши “Қуръонга” маъносини ифодалайди. “Уммул китоб” – китобнинг онасидир. “Етти обо” – етти қат осмон. Шоир айтмоқчики, “Етти қават осмон Қуръон учун, балки, она китобдир!”
Нима учун? Чунки Аллоҳ таоло Қуръонни Лавҳул маҳфуздан, даставвал, етти қават осмонга туширди. Бу Рамазон ойининг Лайлатул қадр туни деб айтилади. Қуръони каримдаги оят шунга далолат қилади:
ﺷَﻬْﺮُ رَﻣَﻀَﺎنَ اﻟَّﺬٖٓى اُﻧْﺰِلَ ﻓٖﻴﻪِ اﻟْﻘُﺮْاٰنُ ﻫُﺪًى ﻟِﻠﻨَّﺎسِ وَﺑَﻴِّﻨَﺎتٍ ﻣِﻦَ اﻟْﻬُﺪٰى وَاﻟْﻔُﺮْﻗَﺎنِ
“Рамазон ойи инсонларга тўғри йўлни ва ҳақиқатни очиқ-ойдин кўрсатувчи баён ҳисобланган Қуръон лавҳул маҳфуздан дунё осмонига нозил бўлган ойдир. Қуръон – ҳидоятдир ҳамда ҳақ ва ботилни ажратиб берувчидир”. (Бақара, 185)
Шу ҳақиқатга таяниб, Алишер Навоий етти қават осмонни Қуръоннинг онаси деб таърифлайди.
“Сабъи масоний топиб андин хитоб” мисрасидаги “Сабъи масоний” Фотиҳа сурасининг таърифидир. Бу таъриф Қуръонда келган:
﴿وَﻟَﻘَﺪْ اٰﺗَﻴْﻨَﺎكَ ﺳَﺒْﻌًﺎ ﻣِﻦَ اﻟْﻤَﺜَﺎﻧٖﻰ وَاﻟْﻘُﺮْاٰنَ اﻟْﻌَﻈٖﻴﻢَ﴾
“Қасамки, биз сабъи масоний ва улуғ Қуръонни бердик”. (Ҳижр, 87)
اﻟْﻤَﺜَﺎﻧِﻰ – масоний сўзи “қатланган, қават-қават қилинган” маъноларига эга. Фотиҳа сурасининг сабъи масоний деб таърифланиши бу сура етти оятдан иборат бўлиб, унда Қуръондаги барча маъно мужассам эканлиги, Қуръон Фотиҳанинг шарҳи эканлиги билан изоҳланади. Алишер Навоий “Сабъи масоний топиб андин хитоб” мисраси орқали Қуръонда Фотиҳа борлигини назарда тутар экан, бу илоҳий китоб дастлаб етти қават осмонга – Байтул Маъмурга туширилгани сабабли ҳам унда етти қат само сирлари жо бўлган Фотиҳа сураси бор демоқчи бўлган. Бал ети обо мун-га уммул китоб / Сабъи масоний топиб андин хитоб байти ана шундай шарҳга эга.

Сабъи масоний неки, ҳар сураси,
Давлату дин хиттаи маъмураси.

Ушбу байт мазмуни қуйидагича:
Нафақат, сабъи масоний, балки Қуръондаги ҳар бир сура давлат диннинг хиттаи маъмурасидир.
“Хиттаи маъмура” – обод ўлка, обод юрт деганидир. Алишер Навоий Қуръондаги ҳар бир сурани давлат ва диннинг обод ўлкаси деб сифатламоқда. Унга кўра, нафақат Фотиҳа сураси, балки Қуръондаги ҳар бир сура шу қадар улкан қудратга – маънога эгаки, унга амал қилиш билан давлат юксалади, обод бўлади, кучга тўлади, дин музаффар ва ғолибликка эришади.
Кейинги байтларда Қуръон суралари саҳифаланиб, китоб шаклига келтирилганда унинг кўриниши қандай мукаммал ва табаррук эканлиги тўғрисида гап боради.

Бошида ҳар сураси тазҳиб ила,
Даргаҳи коший анга тартиб ила.

Боғ анга ҳар сафҳаи гулшан мисол,
Жадвали атрофида равшан зулол.

Боғ дема, балки фалак, не фалак,
Сатрлари ҳар сори саф-саф малак,

Бал анга ҳар доираи ашр гард,
Рутба аро бир фалаки ложувард.

Мазмуни:
Ҳар сурасининг боши олтин билан безалган, ҳар бир ҳарф олтин ғишт каби тартиб-ла жойлашган. Ҳар саҳифаси гулшан каби бир боғ, жадвалининг атрофида равшан, зилол сув оқади. Боғ демак, ҳар саҳифаси бир фалакдан, сатрлари эса фалакдаги саф-саф малаклар кабидир. Балки Қуръонда фалакнинг ўн қавати бир гард каби, унинг рутбаси бир ложувард фалакдир!
Шарҳ:
“Бошида ҳар сураси тазҳиб ила” мисраси “Қуръондаги ҳар бир суранинг боши тазҳиб билан бошланади” деган мазмунни билдиради. Маълумки, ҳар бир сура “Бисмиллаҳ” билан бошланади. Шоир “Бисмиллаҳ”ни “Тазҳиб” – олтинлаган деб таърифлаш асносида бу илоҳий жумланинг даражаси не қадар улуғлигини билдирмоқда.
“Даргаҳи коший анга тартиб ила” мисраси “Унда – Қуръонда даргоҳ коши тартиб билан жойлашган” деганидир. “Даргаҳи коший” бирикасидаги “Кош” сўзи олтин билан зийнатланган ғишт маъносини англатади. “Даргаҳ”дан мурод – Аллоҳнинг даргоҳидир. Аршдир. “Кош”дан мурод – суралардаги ҳарфлардир. Шоирнинг санъаткорона таърифига кўра, Қуръондаги ҳар бир ҳарф Аллоҳ даргоҳидаги олтинланган ғиштлардан тартибланган. Олтинланган ғишт, албатта, ўз маъносида эмас, балки кўчма маънода қабул қилинади. “Кош” ташбиҳи билан Қуръон ҳарфларининг ҳам ўта мукаммал тартибда мураттаб этилгани назарда тутилган.
“Боғ анга ҳар сафҳаи гулшан мисол” мисраси “Қуръондаги ҳар саҳифаи гулшан боғ кабидир” деганидир. Мусҳафнинг ҳар бир саҳифаси гўзал боққа ўхшатилмоқда. “Жадвали атрофида равшан зулол” мисрасидаги “равшан зулол” зилол сувли анҳор демакдир. Мумтоз китобат анъаналарига кўра, китоблардаги саҳифалар атрофига нақшинкор жадвал чизилган. Матн шу жадвал ўртасига ёзилган. Алишер Навоий Қуръон саҳифасини боғ каби гўзал деб тасвирлар экан, саҳифанинг четидаги жадвалларни боғ четидаги анҳорларга ташбиҳ этади.
“Боғ дема, балки фалак, не фалак” мисрасида маънони кучайтириб, Қуръон саҳифасини фалак қадар юксаклигини назарда тутади. “Сатрлари ҳар сори саф-саф малак” дейиш орқали Қуръон саҳифаси фалак бўлса, сатрларини фалакдаги фаришталарга ўхшатади.
“Бал анга ҳар доираи ашр гард” мисрасидаги “доираи ашр” фалакнинг ўнинчи доирасидир. Қуръон саҳифаси шу қадар улуғки, унинг ичида фалакнинг ўнинчи доираси – барча фалакларни ўз ичига олган доира худди гард бўлиб қолади. “Рутба аро бир фалаки ложувард” мисрасидаги “рутба” даража, мартаба маъносини билдиради. Демак, Қуръоннинг рутбаси, даражаси худди ложувард фалак каби юксакдадир.

Ҳақ сўзи ҳар жузви варақ то варақ,
Борча ҳақойиқ, балким борча ҳақ.

Мисл анга маъдуму мушобиҳ адим,
Қойили андоқки қадим, ул қадим.

Мазмуни:
Варақдан вараққа, жуздан жузга – ҳаммаси Ҳақнинг сўзи ва ҳаммаси айни ҳақиқатдир. Бу сўзларнинг қиёси бўлиши мумкин эмас, бу сўзлар абадийдир, асло йўқ бўлмайди ва қадимдир, азалийдир.
Шарҳ:
“Ҳақ сўзи ҳар жузви варақ то варақ” мисрасидаги “Ҳар жузви” Қуръон жузлари – пораларига ишора. Ҳар жуздаги ҳар бир варақ Ҳақнинг – Аллоҳнинг сўзларидир. “Борча ҳақойиқ, балким борча ҳақ” мисрасидаги “Борча ҳақойиқ” – барча ҳақиқатлар айни Аллоҳнинг каломига жо бўлганини тушунтиради.
“Мисл анга маъдуму мушобиҳ адим” мисрасидаги “Мисли” сўзи – ўхшаш, тенги маъносига эга. Бу ўринда хосса, хусусият, сифат каби мазмунни ифодаламоқда. “Маъдум” – йўқ бўлиш, “мушобиҳ” – ўхшаш, “адим” – йўқликдир. Мисранинг мазмуни: “Қуръон йўқ бўлмайди ва унга ўхшаш бошқа нарса йўқдир”.
“Қойили андоқки қадим, ул қадим” мисраси “Қойили” – сўзи демакдир. Мазмуни: “Қуръоннинг сўзи қадимдир, яратилмаган”.
Бу икки мисра – байт Қуръон ҳақидаги муҳим эътиқодий уч таърифни ўзида мужассам этган: 1. Қуръон Аллоҳнинг сўзи ва у ҳеч қачон йўқ бўлмайди. 2. Қуръонга ўхшаш сўзни ҳеч бир махлуқ айта олмайди. 3. Қуръон махлуқ эмас, Қуръон яратилмаган, у Аллоҳнинг зоти каби қадимдир, бошланиши йўқдир.

Шу билан Алишер Навоий илоҳий китоблар, хусусан, Қуръон ҳақидаги ақийдани баён этади. Сўнг пайғамбарлар таърифига ўтади.
Бил яна тўртунчи русул маъшари,
Ҳар бири бир баҳри сафо гавҳари,

Борчаси ҳақ амр ила наҳйин тузуб,
Элга бори ҳақ йўлини кўргузуб.

Ҳужжат агар истаса ҳар тийра зот,
Ҳар бириси кўргузубон муъжизот.

Мазмуни:
Иймоннинг тўртинчи шарти – пайғамбарларга ишонишдир. Ҳар бир пайғамбар сафо гавҳарининг денгизидир. Уларнинг барчалари Аллоҳнинг амри била Аллоҳнинг амр ва қайтариқларини етказдилар ва одамзодга ҳақ йўлни кўрсатдилар. Бирор ғофил уларнинг пайғамбар эканлигига ҳужжат истаса, уларнинг ҳар бири Аллоҳнинг изни ила мўъжизалар кўрсатишган.

Зоҳир ўлуб борчаға сидқи мақол,
Шойибаи кизбға йўқ эҳтимол.

Гарчи паямбар бориға исм ўлуб,
Лек алар жисми ҳам уч қисм ўлуб.

Зумраи аввал келибон анбиё,
Ваҳй ила руъёдин ўлуб пешво.

Сўнгра русулким, неки ҳақдин етиб,
Борчасини халққа ирсол этиб,

Сўнгра улул-азмки айлаб жидол,
Даъвати дин қилга-ю ҳукми қитол.

Борчасининг аъзамию афсаҳи,
Англаки, келмиш набийи Абтаҳий.

Кўнгли ҳақ ирсолиға росих бўлуб,
Дини – русул диниға носих бўлуб.

Куфр қаронғусида ҳар мурсале
Дини била ёрутубон машъали.

Қилғач анинг шаръи қуёши зуҳур,
Қолмайин ул машъалалар ичра нур,

Хатм анга ойини рисолат тамом,
Дин анинг исломи-ю, бас, вассалом.

Мазмуни:
Пайғамбарларнинг барчасига рост сўзлаш хосдир. Уларнинг сўзларида шубҳа ёки ёлғон бўлиши мутлақо мумкин эмас. Уларнинг номлари умумий пайғамбар деб аталса-да, уч қисмга бўлинадилар: биринчи қисмни анбиё деб атайдилар. Уларга ваҳий ва туш орқали Аллоҳнинг сўзлари етказилган. Иккинчи тоифа расуллардир. Уларга Аллоҳдан келган сўзларни илоҳий китоблар орқали етказганлар. Учинчи қисм пайғамбарларни улул азм пайғамбарлар дейилади. Улар Аллоҳнинг динини етказишда уруш қилишлари мумкин эди.
Барча пайғамбарларнинг улуғи, буюги Абтаҳий набий – Маккадаги Абтаҳ водийсида улғайган Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдир. Унинг қалби Ҳақнинг рисолатида беҳад мустаҳкам ва қатъий эди. У келтирган дин ўзидан аввалги барча расулларнинг шариатларини мукаммал қилди, камолга етказди.
Ҳар бир пайғамбар куфр зулматини дин машъали ила ёритди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шариати қуёш каби ўзини намоён этгач, ундан олдинги барча набийларнинг шариатлари қуёш нурида машъала ўз нурини йўқотгани каби бекор қилинди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан пайғамбарлик тўхтади, рисолат эшиклари ёпилди, ваҳий узилди. Ислом дини Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга дин қилиб берилди.

Шарҳ:

Алишер Навоий мазкур байтлар орқали мусулмон одамнинг пайғамбарлар ҳақида билиши ва қатъий эътиқод этиши шарт бўлган нуқталарни тушунтириб берган. Унга кўра: 1. Пайғамбарлар Аллоҳнинг одамзодга жўнатган элчиларидир. 2. Пайғамбарлар ҳеч бир сўзни ўз нафсларидан келиб чиқиб гапирмаганлар, улар фақат Аллоҳнинг сўзини етказганлар ва шу асосда яшаганлар. 3. Пайғамбарлар уч гуруҳга бўлинади: набийлар, расуллар, улул азм пайғамбарлар. 4. Пайғамбарларнинг сўнггиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдир. 4. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам келиши билан аввалги набийлар келтирган шариатлар ҳукм тўхтади, ул зотда сўнг ваҳий узилди, у киши сўнгги пайғамбардир, ислом у кишига берилган сўнгги илоҳий диндир.
Шундан сўнг, Алишер Навоий иймоннинг бешинчи шарти – охират куни тўғрисидаги ақийдани баён қилган.

Келди бешинчи анга явмул-ҳисоб,
Дема ҳисоб, айтки явмул-азоб.

Муътақид ўлмоқки қиёмат бўлур,
Қилғонидин элга надомат бўлур.

Шодлиқ асҳоби яминға рақам,
Сафҳалари лавҳиға етмай қалам.

Аҳли шимол ичра тушар можаро,
Номалари юзлари янглиғ қаро.

Тўғри тарозуға бўлур икки бош,
Бир сори гавҳар яна бир сори тош.

Кўпрук уза халқ ҳаросон бўлур,
Бирга қатиқ, бирига осон бўлур.

Дўзах ўти дардиға йўқ интиҳо,
Халқ ҳалокиға бўлур аждаҳо.

Етти боши гунбади даввордек,
Етти оғиз ҳар бириси ғордек.

Дема томуғ етти эшигин очиб,
Ким ети оғзи анинг ўтлар сочиб.

Гулшани фирдавс аро нозу наим,
Ончаки йўл топмай арода насим.

Ҳури анинг руҳи мусаввар киби,
Қадду лаби туби-ю кавсар киби.

Сокиниға жоми бақодин умид,
Қайси бақо, балки лиқодин умид.

Мазмуни:

Иймоннинг бешинчи шарти – явмул ҳисоб – ҳисоб кунига инонмоқдир. Бу ҳисоб куни эмас, азоб кунидир. Қиёмат бўлишига эътиқод қилмоқ лозим, қиёмат куни элнинг иши надомат чекишдир. Ўнг томон эгаларига шодлик етади, уларнинг саҳифаларини ёзишга қалам етмайди. Чап томон эгаларига даҳшатли можаро тушади, уларнинг номалари юзлари каби қорадир. Эннг тўғри тарозида икки нарса бўлади: гавҳар каби савоб, тош каби гуноҳлар. Дўзах ўти устидан тортилга кўприк борки, ундан ўтиш кимгадир осон, кимгадир қаттиқ кечади. Дўзах ўтининг интиҳоси йўқ. У халқни аждаҳо каби ҳалокатга солади. Дўзаҳ етти бошлик аждаҳодек оғзини очади, бу оғизлар ғор каби қўрқинчлидир. Бу дўзахнинг етти эшигидир – улардан олов сочилади.
Жаннатда эса беҳад кўп неъматлар борки, улар орасидан ҳатто насим эсишга йўл топмайди. Ҳурлар, тубо, кавсарлар ундаги гўзал неъматлардир. Лекин жаннатдаги энг буюк неъмат Аллоҳнинг жамолини кўришдир.

Шарҳ:

Алишер Навоий охират куни ҳақида сўз юритаркан, қуйидаги муҳим ақийдавий жиҳатларга диққат қаратган: 1. Қиёмат ҳақдир. 2. Қиёмат куни дўзах ва жаннат ҳақдир. 3. Қиёмат куни тарози ҳақдир. 4. Қиёмат куни одамларга ўнг ёки чап тарафдан уларнинг дунё ҳаётида қилган амаллари ёзилган китоблар (номалар) берилади. Ўнг тарафдан ўз номасини олганлар жаннатга кирадилар, чап тарафдан олганлар жаҳаннамга маҳкумдилар. 5. Охират куни кўприк ҳақдир. У кўприкдан кимдир тез, кимдир машаққат ва азобда ўтиши ҳақдир. 6. Амалларни ўлчайдиган тарози – мезон ҳақдир. 7. Жаҳаннамнинг етти эшиги борлиги ростдир. 8. Жаннатда ҳурлар, тубо дарахти, кавсар сувлари каби неъматлар борлиги ростдир. 9. Жаннатда муносиб мўминлар Аллоҳнинг юзини – жамолини кўришлари ҳақдир. Бу жаннатнинг энг буюк неъматидир.
Алишер Навоий иймоннинг олтинчи шарти – қадарга ишониш ҳақида қуйидагича тўхталган:

Содис анга келди ҳадиси қадар,
Бил азалий сабт неким хайру шар.

Софу тўло бўлғали жоми аласт,
Бўлғуча ул майдин абад аҳли маст,

Ҳарне бу мажлис аро топти вуқуъ,
Хоҳ усул англаву хоҳи фуруъ.

Маст агар тортти нохуш садо,
Мутриб агар айлади дилкаш наво,

Баъзи агар Каъба сори қилди азм,
Баъзи агар дайр аро тузди базм.

Бодияда ул чекибон юз ано ( )
Бўлди мунунг маскани дайри фано.

Маст чиқиб муғбачаи майпараст,
Қилди салоҳ аҳлини расвову маст.

Зоҳир агар бўлди бориб дурднўш,
Фосиқ агар бўлди келиб хирқапўш,

Борчаси ҳақ илмида маълум эди,
Лавҳаи маҳфузда марқум эди.

Не етибон яхши амалдин биҳишт,
Не солибон дўзах аро феъли зишт.

Улки қилиб тенгрига минг йил сужуд,
Бўлса шақийи азалий қайда суд.

Муғбачалар дайрда қилғон ҳалок
Бўлса саиди абадий – қайда бок.

Мазмуни:

Иймоннинг олтинчи шарти – қадарга инонмоқдир. Неки яхшилик, неки ёмонлик содир бўлса, барчаси азалдан битиб қўйилгандир. Кимдир май ичиб, майпараст бўлиши, кимдир Каъбага бориб ибодат этиши, кимдир бутхоналарда базм тузиши, Каъбага борганларнинг саҳроларда азоб чекишлари, бутхонада юрганларнинг бутхонада қолиши, зоҳирда май ичиб юрганларнинг асл мўмину, ҳирқа кийиб юрганларнинг фосиқ бўлиб чиқишларининг ҳаммаси азалдан тақдирга битиб қўйилгандир. Инсонлар яхши амаллари сабабли жаннага ёки ёмон амаллари боис дўзахга тушмайдилар. Кимдир минг йил сажда қилиб жаҳаннамга кирса ёки кимдир бутхонада умр ўтказиб, жаннатга дохил бўлиши – Аллоҳнинг ишидир.

Шарҳ:

Қадар – тақдир масаласи жуда муҳим ва нозик масаладир. Инсонлар ўз тақдирларида яшайдилар. Ўз тақдирларига қандайдир муносабатда бўладилар. Кимдир бу масалада “Ғойибдан келгувчи бахт бир афсон / Ўз қўлида тақдирин яратар инсон” сингари фикрласа, кимдир ҳамма ишни тақдири азалга шундай топшириб қўядиларки, ҳамма вазифадан ўзини озод билиб, гуноҳларни ҳам, ёвузликни ҳам тақдирга ағдариб, ўзини оппоқ кўрсатишга интилади.
Алишер Навоий бу борада соф ислом ақийдасидан четга чиқмаган ҳолда сўз юритган. Шоир бу ўринда яна май, мастлик, бутхона каби истилоҳларни қўллайди. Мазкур истилоҳлар мажозий мазмунда бўлиб, аслида, Аллоҳнинг зикрини назарда тутади. Исломни шакл ўлароқ ушлаб, ўзидан бошқаларни динсизликда, тақвосизликда айблайдиганлар наздида орифлар баъзида майпараст каби кўринадилар. Аслида, улар май ичмайдилар, Аллоҳнинг ҳамром қилган нарсаларидан ўзларини тиядилар. Улар дунёни инкор этишади, дунёга муҳаббат қўймайдилар. Баъзилар эса бутун умр ибодатда бўлишлари мумкин, лекин қалбларига асл иймон етиб бормаслиги хавфи ҳам бор. Шунинг учун инсоннинг амалларига қараб ҳукм қилиш мумкин эмас. Аллоҳнинг Ўзи ҳикмати ила жаннатга ёки дўзахга ҳукм қилади. Одамлар наздида тақводор юрганлар жаҳаннамга тушсалар, гуноҳкорлар эса жаннатга кирсалар – бу ҳам Аллоҳнинг ҳикматидир. Аммо бу билан Аллоҳ кечиради деб ибодатсиз юриш, Аллоҳ амрларини тутмаслик тўғри иш эмас. Шунингдек, мен Аллоҳнинг ҳамма амрларини адо этяпман дея хотиржамликка берилиш ҳам мўминнинг сифати эмас. Ҳеч кимнинг дўзах ёки жаннатга амали сабабли кира олмаслиги – ҳар бир иш Аллоҳнинг битиб қўйган қадари ва раҳматига боғлиқ эканлигини билдирса, иккинчидан, мўминнинг Аллоҳнинг барча ҳукмларига итоат, муҳаббат ва ихлос ила таслимият келтиришлари шартлигини ифода қилади. Алишер Навоий юқоридаги сатрларда ана шу маънони назарда тутган.

Кимгаки бу олтиға бор эътиқод,
Ҳам бу сифат бирлаки қилдим савод,

Ҳар нечаким нома сияҳ бўлса ул,
Ғарқаи дарёйи гунаҳ бўлса ул,

Тонг йўқ агар афв ўлуб уммид анга,
Тутса илик раҳмати жовид анга.

Мазмуни:
Мен ёзиб тушунтирган бу олти нарсага ким эътиқод қилса, гуноҳ дарёсига ғарқ бўлиб, амалларининг китоби қорайиб кетса-да, умид борки, афв этилгай! Агар раҳмат қўли унга узатилса ва афв этилса, ажаб эмас!

Шарҳ:

Алишер Навоий иймон шартлари баёнидан сўнг, иймонли инсоннинг саодати, мақоми ҳақида гапирмоқда. Агар бу олти шартга амал қилса, шу асосда яшаса, бу нарсаларга заррача шубҳа этмаса, гуноҳлари ҳар қанча кўп бўлса ҳам, охират куни афв этилишига умид бор! Чунки энг муҳими – иймон.

Лек бу дард ўти эрур жонгудоз,
Ушбу гудоз ичра куюб аҳли роз.

Бу бири ўз ҳолиға мотам тутуб,
Ул бири тарки бори олам тутуб.

Ким бу бийик пояки қилдим баён,
Кимга етар-етмаси эрмас аён.

Етмаги ҳам кимсага мутлақ эмас,
Етмаси ҳам жазму муҳаққақ эмас.

Кофиру муъмин сори қилсанг соғинч,
Не анга яъсу не мунунг кўнгли тинч.

Куйдурубон халқни бийму умид,
То худ эрур ким шақи-ю ким саид.

Махлас иши барчаға ниятдадур.
Топмоқ ани лек машийятдадур.

Мазмуни:
Лекин инсоннинг иймон билан дунёдан ўтиши номаълум, ана шу номаълум ҳолат улкан дарддир. Бу дард жонни куйдирадиган дард. Бу дард ичида аҳли роз кўпроқ куяди. Бу масалада ҳар ким ўз ҳолига мотам тутади, ҳаттоки, баъзилар шу сабабли дунёдан воз кечадилар.
Чунки мен бениҳоя буюк даражот ҳақида сўзладим. Бу даражаги кимнинг етиш-етмаслиги аён эмас. Ҳеч кимга бу мавқега етиши ҳам кафолатланмаган ва етиб бормаслиги ҳам аниқ эмас. Кофирга боқсанг ҳам, мўминга боқсанг ҳам, кўрасанки, иккисининг ҳам қалби тинч эмас. Кофир ўлимдан сўнг не бўлишини билмайди, мўмин биладию, ўзи қай аҳволда қолишидан бехабар! Халқни бу қўрқув ва умид куйдиради – ўлимдан сўнг кимнинг бахтиёр бўлади, ким бахтсиз! Аммо ҳалокатдан халос этадиган ишлар ниятда ва ният ортидан қилинадиган саъй-ҳаракатлардадир.

Шарҳ:

Иймон билан яшаш ва иймон билан жон бериш – буюк саодат. Лекин ҳеч ким билмайдики, қай ҳолда жон беради! “Аҳли роз” сир аҳлидир. Аллоҳга боғланган, Унинг ҳикмати ва қудратига таслимият ила умр кечирадиган орифлар аҳли роздир. Айнан иймон масаласида улар бошқалардан кўпроқ қайғурадилар. Чунки иймон зарра ширк билан барҳам топади. Аллоҳга ширк келтириш, буюрилган олти шартнинг бирортасига зарра шубҳа билан инсон иймонидан айрилади. Ҳаёт, умр синовларга тўлган. Одамзоднинг қалби турфа ўйлар, васвасалар ҳужумидан ҳеч қачон саломат эмас. Гоҳ кулфатлар ёғилади, гоҳ шодлик қуёши порлайди. Киши учун иккиси ҳам имтиҳон. Инсонлар машаққат ичида ҳам, қувонч ила ўтаётган турмушда ҳам – турфа ҳолатларда ўз иймонига зарар етказадиган сўзларни айтиб қўйиши, қалбида тойиш содир бўлиши мумкин. Буни тушунган аҳли роз ўз ҳолига мотам тутади. Ҳатто, улардан баъзилари тарки дунё қиладилар. Ўз иймонларини саломат сақлаш учун кечаю-кундуз ибодат ва итоат ила яшайдилар:

Бу бири ўз ҳолиға мотам тутуб,
Ул бири тарки бори олам тутуб.

Чунки иймон беҳад улуғ даража. Шунинг учун Алишер Навоий: “Ким бу бийик пояки қилдим баён”, – дейди. Ўз иймонидан хотиржам бўлиш, менда ҳаммаси аъло даражада дейиш билан инсон адашиб кетиши мумкин. Шоир “Кимга етар-етмаси эрмас аён” мисраси билан шу маънога урғу қаратган.
Ўлим келиши аниқ бўлган меҳмон. Ҳеч ким ўлимдан қутулиб қолган эмас. Лекин ўлимдан кейин инсонларнинг ҳолати уларнинг иймон ила жон беришларига боғлиқ. Алишер Навоий ана шунинг учун иймон масаласини беҳад муҳим баҳолайди. Бу қўрқувдан қандай халос бўлиш мумкин? Алишер Навоий “Махлас иши” деб муқаррар ҳалокат – иймонсизлик ҳалокатидан халос бўлиш йўлига диққатни йўналтиради. Инсонни ҳалокатдан ният қутқаради. Одам ҳамиша ниятни пок тутиши, агар ниятида ўзгариш содир бўлса, зудлик ила тўғирлаши керак. Ният – бошланғич нуқта. Ният – қалбга тушган уруғ. Агар у бирор заҳарли ўсимликнинг уруғи бўлса, зудлик ила йўқотиш лозим. Шунинг учун инсонлар ҳамиша қалбларига назар солиб, нималарни ният қилаётганлари, нималарни истаётганларидан огоҳ бўлишлари керак. Ниятлар холис бўлса, бу ният ичида ҳеч бир ёмонлик, ёвузлик ёки Аллоҳнинг амрларига зид келувчи нарса кузатилмаса, демак, уни амалга оширишда сабот ила ҳаракат қилинади. Ана шу тўғри ният туфайли ҳалокатлардан халос бўлиш умиди бор.
Алишер Навоий иймон масаласининг аҳаиятини янада аниқроқ тушунтириш учун султонул орифин – орифлар султони Боязид Бистомий ҳақидаги бир ривоятни келтирган. Боязид Бистомий қайғу билан ўтирар экан, ундан бир муриди сўради: “Эй улуғ мақомларга эришган устоз! Нима учун сени бу қадар қайғу ўраб олди?”
Устоз кўзида ёш била жавоб берди: “Бу ғам мени паришон қилди. Жаҳонда эл кўп, одамлар кўп, лекин чинакам бир инсон йўқ. Ҳаммага ўзининг қилган иши хуш кўринади, одамлар орасида одам дейишга арзийдиган бирор ким йўқ. Агар ҳақиқий инсонни изласам, улар дунёни тарк этган марҳумлар орасида бор экан”.
Бу жавобдан шогирд изтиробга тушди: “Эй қуёш каби олийжаноб зот! Эл орасида ҳақиқий одам йўқ дейсан, ўзинг шу халқ, шу эл ичида эмасмисан?”
Шайх бу гапдан ранжиди: “Эй гумроҳликдан бўлак ишни билмайдиган шогирд! Ишларни кўрасану, унинг сиррини билмайсан! Мен-ку, мен экан, мен каби юз минг инсон бўлса, уларнинг кўзидан бағир қони ёш бўлиб оқади. Агар иймон билан дунёни тарк этмаса, иймонсиз ҳолда жон берса, ҳеч бир одамни ҳақиқий одам деб атаб бўлмайди. Бу дунёдаги каттаю-кичик, менми, сенми – ким бўлса ҳам, шу ғам тиғи билан бағримиз пора, барчамиз шу ғамга гирифтормиз. Агар ким бу ғусса билан бағрини қон қилмаса, билки, у бу сирдан бехабар. Ким жони билан видолаш экан, иймони ҳамроҳ бўлса, демак, у ҳақиқатан, иймон эгаси, агар иймони ҳамроҳ бўлмаса, демак, у иймонсиз яшаб ўтганлар ҳисобидадир”.
Мазкур ривоят орқали иймон неъматининг асл моҳияти очилади. Ўртага қўйилган мавзунинг яна бир қирраси кашф бўлади. Аввало, ўлим соатлари ҳеч кимга маълум эмас, қолаверса, ўлим асносида “Ашҳаду ан лаа илаҳа иллаллоҳ!” дея оламизми? Ўлим бизга гуноҳ ишлар устида бўлганимизда келадими ёки пешонамиз саждада тургандами? Ўлим онларида ақлу ҳушимиз ўзимизда бўладими ё эсимизни йўқотиб қўямизми? Ўлим онларида оила даврасида Қуръон тиловатлари тинглаймизми ёки кимсасиз жойлар хорликда ётамизми? Ўлим онлари Азроил жонимизни қийнамай оладими ёки минг азобларга соладими? Ўлим онларида шайтон келиб бизни алдаб қўймайдими ёки…
Саволлар кўп. Ҳеч ким жавобини билмайди. Бирор мард чиқиб, мен хотиржам, бахтиёрлик ила ўлим топаман, ўлимдан кейин жаннат сари йўл оламан дея олмайди. Ёки ҳеч ким ўлимдан сўнг ҳаёт йўқ, ўлим билан ҳаммаси барҳам топади деб ич-ичидан ишонмайди. Алишер Навоий шу нуқтадан туриб муаммони ўртага қўяди ва иймон ягона нажот эканлигини қатъиян таъкидлайди. Иймон билан жон бериш ва Аллоҳнинг ҳузурида ёруғ билан туриш учун мўминдан таслимият, бедорлик, зикр, умид, қўрқув, муҳаббат талаб этилади. Саналаётганларнинг барчаси, ҳақиқатан, юксак бир мақом. Алишер Навоий айтмоқчи: “Ким бу бийик пояки қилдим баён / Кимга етар-етмаси эрмас аён”.
Шоир мақолатдан сўнг кетиргани ҳикоятни Аллоҳдан иймон сўраган ҳолда якунлайди.

Ё Раб, ўшул туҳфани охир нафас,
Айла Навоий ила ҳамроҳу, бас!

Аллоҳга қуллик қилишда иймон керак, Аллоҳга итоат учун “Лаа илаҳа иллаллоҳ!” деб қасам ичилдими, иймон ҳам худди қасамдек бўлиши шарт:

Қуллуғунгга маҳкам эт иймонини,
Айлагил иймонидек аймонини.

Ҳар бир инсон иймонсиз ўлик кабидир. Иймон майи жисмга жон киритади. Давру даврон, куч ва қудрат иймон олдида арзимасдир:
Соқий, ўлубмен, майи иймон кетур,
Жисмима иймон майидин жон кетур.

Қуйма бу кун жомима даврон майи,
Жоним ол, оғзимға қуй иймон майи.

Охирги мисрада жон ўрнига иймоннинг талаб қилиниши Алишер Навоий “Ҳайратул аброр”нинг биринчи мақолатида илгари сурган ғоянинг моҳиятини янада равшанлаштиради, иймоннинг ҳаёт ва ўлим устидаги ягона нажот эканлигини ҳеч қандай истисносиз уқтиради.

Акром Малик
19.11.19

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
xxx video gratis porno italiano
paykasa instagram takipi hilesi instagram followers free followers ak bys ak etme bys shell indir php shell hacklink hacklink al hacklink satn al denizli escort tempobet giri altanya escort bayan ankara escort bayan maltepe escort umraniye escort eskiehir escorteskiehir escort eskiehir bayan escorteskiehir escort

rokettube