Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

КИМЛАР ЎЛДИ, КИМ ЎЛДИ…

КИМЛАР ЎЛДИ, КИМ ЎЛДИ…
02 Ocak 2012 - 6:23 'да юкланди ва 747 марта ўқилди.

Шимолий Корея диктатори Ким Чен Ир вафотидан кейинги мотам манзараларини кўриб, тавба ва истиғфор айтишдан бошқа чорамиз қолмади. Ўз  Илоҳлари учун мотам тутганларнинг  баъзилари жонларига қасд қилишгача бордилар. Бошқалари эса бошларини ерга уриб, сочларини юлиб, дод войларини етти осмонга улаштиришга уриндилар.Тобутда жонсиз “Буюк Раҳбар” ва унинг орқасида эса ақли, қалби ва руҳи ўлдирилган оломон…

Шахсга сиғиниш, яъни инсоннинг инсонни  Илоҳлаштириши Одам фарзандларининг энг қадим ақидавий хасталигидир. Ривоятларда айтилишича бу эътиқодий хасталик Нуҳ (ас) замонида ўртага чиққан экан.

“Ва улар: «Илоҳларингизни ҳеч тарк қилманглар ва албатта Ваддни ҳам, Суваъни ҳам, Яғусни ҳам, Яъуқни ҳам ва Насрни ҳам тарк қилманг», дедилар.” (Нуҳ сураси 23)

Вадд, Суваъ, Яғус, Яъуқ ва Наср Нуҳ (ас) қавмининг Ким Ир Сен, Ким Чен Ир, Ленин, Сталинлари эди. Инсон фарзандлари орасида бундай доҳий -Илоҳларнинг сон -саноғи бўлмаса керак. Балки мингларчадир, балки миллионларча…

Инсон кимгадир сиғиниши керак. Бу инсон фитратида мавжуд бўлган бир хусусиятдир. Яъни, инсон “Мен ҳеч кимга сиғинмайман”, дея олмайди. Чунки бундай деган инсон аслида унга шу гапни айтираётган Шайтонга сиғинаётган бўлади. Карл Маркс  залолат дини бўлган насронийликка қарши ”дин оғу”дир, яъни дин ақлга тўсиқ қўядиган нарсадир деган ва бу фикрдан йўлга чиқиб даҳрийлик (атеизм) фалсафасини ўртага ташлаганди. Бу залолатга (ақидавий хатога) ақлий хато билан жавоб беришга уриниш эди. Насронийлик роҳибликни асос қилиб олган, яъни роҳиблар муқаддас оталар ўрнида қабул қилинадиган, бошқача сўз билан айтганда Илоҳлар ўрнида кўриладиган диндир.  Қуръони Каримда бу ҳақиқат шундай ифодаланади:

“Улар (яҳудийлар ва насронийлар) Аллоҳни қўйиб ўзларининг аҳбор ва роҳибларини ҳамда Масиҳ ибн Марямни Робб тутдилар. Ҳолбуки улар ягона илоҳ (Аллоҳ)дан бошқага ибодат қилмасликка амр қилинган эдилар. Ундан ўзга ибодатга сазовар зот йўқ. У зот улар ширк келтираётган нарсадан покдир” (Тавба сураси 31)

Аҳбор яҳудийлар, роҳиблар эса насронийлар Илоҳлаштириб олган муқаддас оталардир…

Мана шундай залолат динини ҳақиқий дин, дея тушунган ва унга қарши бўлган Маркс ва Энгелслар жаҳаннамга равона бўлишлари билан уларга эргашганлар ўз устозларига сиғинишни ўйлаб топдилар. Шу шаклда аввал Маркс ва Энгелс, кейин Ленин ва Сталин, ундан кейин Мао, Ким Ир Сен, Ким Чен Ир ва энди Ким Чен Ин илоҳлаштирилди ва инсонлар уларнинг шахсларига сиғиндилар ва улардан бир қисми яқин орада бундай ақидавий кўрликдан воз кечадиган кўринмайдилар…

Маркс ва Энгелснинг ватани Оврупода даҳрийликнинг бошқа кўриниши сақланиб қолган. Бу биз ҳеч кимга сиғинмаймиз, бизнинг ҳеч қандай Илоҳимиз йўқ, дейдиган ғарбликларнинг фалсафасидир. Инсониятнинг бу қисми гўё буюк бир зафарни қўлга киритгандай бўлиб кўринади. Чунки уларнинг ҳаётида дин деган “оғу” йўқ, улар эркин инсонлар ва ақлларига нима келса шуни қилиш имконлари бор гўё…Худди шу ғарбликларнинг маълумотларига қараганда дунёнинг бу қисмида яшайдиган инсонларнинг учдан бири руҳий хаста экан. Яна улардан ярми оилавий ҳаётдан маҳрум, яъни жамиятда қўйди чиқди ниҳоятда урчиб кетган. Ақли диндан “эркинликка” эришганлар уни жиловлаш учун алкогол, наркотик ва шунга ўхшаш моддаларни истеъмол қилишда мусобақалашмоқдалар. Боз устига бундай жамиятларда ёлғон, кибир, риё, ғийбат, нифоқ каби ахлоқий хасталиклар зирвададир. Маълумотларга қараганда италияликлар кунларининг етти соатини бир бирини ғийбат қилиб ўтказар эканлар…

Инсон ақли унинг қалбидан мустақил бўла олмайди. Ақл бундай мустақилликка эришиши учун аввало қалбдаги фитрийлик, яъни Яратганга имон йўқ қилиниши керак. Бу ҳолда ақл учун икки йўл қолади: булардан биринчиси дарров бир сунъий Илоҳ тўқиб, унинг паноҳига сиғиниш. Иккинчиси эса, ақлсизлик гирдобига шўнғиб кетиш.  Бошқача сўз билан айтадиган бўлсак, ақлнинг жавҳари (тўғри фикрлаш ва тушуниш) саҳиҳ (тўғри) Имон нури билан ўртага чиқади. Шунинг учун ҳам Қуръони Карим аҳли залолатларга “Ҳеч ақл юргизмайсизларми”, дея хитоб қилгандир (Ёсин сурасининг 68 ояти ва шунга ўхшаш бошқа оятлар).

Мавзумиз шахсга сиғиниш экан афсуски бизнинг халқимиз ҳам мана шундай даҳшатли ақидавий хасталикдан қутулиб қола олмаганлигини айтиб ўтишимиз керак Коммунистик режим даврида бошқа совет халқлари қатори ўзбекларга ҳам абадий яшайдиган доҳийга сиғиниш ўргатилар эди:

Қуёшга ўхшар, Ленин бобомлар.
Минг йиллар яшар Ленин бобомлар…

Кейин халқлар отаси Сталинга сиғиниш йўлга қўйилди. Бу “Илоҳлар”дан туғилган маҳаллий Илоҳчалар ҳам ботил идеологияда майдонида ўз ўрнини олган эдилар. Масалан, Шароф Рашидовдан кейин раҳбарлик курсисига ўтирган Усмонхўжев ўз устозига бўлган сиғинишни “Рашидов бизни сеҳрлаб қўйганди”, дея эътироф этганди. Бугунги кунда келиб эса Ўзбекистонда “юртбошининг” ақли фаросатию, доно сўзлари ва ҳикматли сиёсати мадҳ қилинмоқда. Гўё Президент Ислом Каримов бўлмаганда, Ўзбекистон деган мамлакат ҳам, унинг 28 миллион аҳолиси ҳам бўлмасди…Ҳақиқатда эса, Ислом Каримовнинг Президент сифатида олиб бораётган сиёсати, барча диктаторларнинг сиёсатлари каби, ёлғон ва зулмга асослангани маълумдир.

Бутун бутрапастликларнинг (ширкнинг), шу жумладан Шахсга сиғинишнинг ҳам асоси ЁЛҒОН, яъни ҳақиқатни бузиб кўрсатишдан иборатдир. Ёлғон эса Шайтоннинг инсонлардан йўлдан уришда ишлатадиган асосий воситасидир. Бу исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат бўлса ҳам, Маркс, Энгелс, Ленин, Сталин, Мао, Ким Ир Сен, Ким Чен Ир, Туркманбоши ва шунга ўхшаш сунъий Илоҳлар ўлиб кетгач, уларнинг ғоялари сохта, ўзлари эса оддий банда эканликларининг ошкор бўлганлиги бунга далилидир.  Бутун бу Илоҳчалар инсонларни сохта ғоя ва йўлларга бошлаш орқали уларнинг ақлларига тўсиқ қўйишга, бу орқали оддий ҳақиқатларни ҳам тушунмайдиган ҳолга тушишларига сабаб бўлганлар. Бу эса ўз ўрнида ижтимоий кўрлашувга, кераксиз сарф харажатлар, маъносиз урушлар, сунъий очарчиликлар ва ҳатто бу йўлга кирганларнинг қатилом қилиниши ва озиқ овқат етмаслигидан қирилиб кетишига сабаб бўлган. Масалан, Шимолий Кореяда ўтган асрнинг 80 ва 90 йилларида ўртага чиққан очарчилик натижасида ҳар йили 300 000 дан 800 000 гача инсон ўлган. Инсон дейилган шарафли мавжудотни бундай ақидавий кўрлик ва ақлсизликнинг асир олиши ниҳоятда ачинарли бир ҳолдир.

Инсонлар тарих давомида ўзларига юборилган пайғамбарларни (Ийсо ва Узайр алайҳиссаломларни), Тавба сурасида марҳамат қилингани каби аҳбор ва роҳибларини, сиёсий лидерларини, уларнинг қабрларини, ҳайкалларини Илоҳ қилиб олганлар. Аллоҳ таолодан бошқа Илоҳга сиғинган қамвларнинг бошига эса  доимо даҳшатли мусибатлар келган:

«Улардан ҳар бирини гуноҳи туфайли тутдик. Бас, улардан баъзилари устига тош ёғдирдик, баъзиларини қичқириқ ушлади, баъзиларини ерга ютдирдик ва баъзиларини ғарқ қилдик. Аллоҳ уларга зулм этгувчи бўлмади, лекин улар ўзларига зулм этдилар». (Анкабут сураси 40)

Ушбу ояти каримада Аллоҳ таолога исён қилган қавмларнинг бошига келган илоҳий жазолар хотирлатилмоқда. Шу билан бирга бу Аллоҳнинг зулми эмас, инсонларнинг ўзларининг ўзларига қилган зулмлари натижасида бошларига келган мусибат эканлиги ҳам таъкидланмоқда. Зеро, зулмнинг энг каттаси ширк, шу жумладан шахсга сиғиниш ҳамдир:

“Луқмон ўғлига ваъз-насиҳат қилиб айтганларини эсла: «Эй ўғилчам, Аллоҳга ширк келтирма. Албатта, ширк катта зулмдир».” (Луқмон сураси 13)

Инсонларнинг шахсларига сиғинишларини истайдиган золимларнинг Ислом динига қарши бўлишларини албатта тушуниш мумкин. Чунки Ислом бу золимларга “сизлар ҳам оддий банда, оддий инсонсизлар. Сизларни бошқа одамлардан ажратадиган ҳеч бир мўъжизавий хусусият йўқ. Шундай экан, сизлар ҳам бошқа инсонлар каби еру кўкнинг ва уларнинг орасидаги барча нарсаларнинг Яратувчисига имон келтиринглар”, дея ҳайқиради. Буни билган золимлар нима қилиб бўлса ҳам, Ислом динининг инсонлар орасида ёйилишига тўсиқлик қилишга уринадилар…

Ким Ир Чен ўлди. Унинг ўрнига тахтга чиққан Ким Чен Ин ҳам бир кун ўлади. Инсоният тарихида бундай сунъий Илоҳлардан кимлар ўлмаган дейсиз. Ўзларини Парвардигори олам ўрнига қўйиб, золимликда ҳад билмаган қанчадан- қанча подшоҳлару қироллар, диктаторлар ва доҳийлар бирин-кетин асфаласофинга йўл олганлар. Бу золимларнинг энг мудҳиш жиноятлари ўзларига эргашмаган инсонларни аёвсиз қатл қилишлари эди. Чунки улар ўзларини мангу яшайдиганлар, деб билардилар. Шундай золимлардан бири Намруд ўзига қарши чиққан Иброҳим (ас)га “Инсонларни мен тирилтираман ва уларни мен ўлдираман”, дейишга қадар борган эди:

“Аллоҳ подшоҳлик бериб қўйгани сабабидан Иброҳим билан Роббиси ҳақида ҳужжат талашганни кўрдингми? Иброҳим: «Менинг Роббим тирилтиради ва ўлдиради», деганда, у: «Мен ҳам тирилтираман ва ўлдираман», деди. Иброҳим: «Албатта, Аллоҳ қуёшни Машриқдан чиқаради, бас, сен уни Мағрибдан чиқаргин-чи», деди. Бас, куфр келтирган лол қолди. Ва Аллоҳ золим қавмларни ҳидоятга солмас” (Бақара сураси 258)

Бу айтилганларнинг хулосаси Ҳақиқатнинг Илоҳ ва сиғиниш масаласида ўртага чиқишини таъкидлашдан иборатдир. Кимки барча мавжудотларнинг Яратувчиси-Аллоҳ таолонинг ягона Илоҳлигига имон келтириб, Унга бандалик қиладиган бўлса, икки дунё саодатига эришган ҳисобланади. Кимки ўз ҳавойи нафсини ёки ўзига ўхшаган инсонни илоҳлаштириб, уларга сиғинадиган бўлса, икки дунёда шарманда бўлиб, борадиган макони Жаҳаннам бўлади.

Даъватимизнинг охири оламларнинг Парвардигори Аллоҳ таолога ҳамд айтишдир. Омин!

Намоз Нормўмин
1 январь 2012 йил.

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар