Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

ОДАМ ЎЛДИРИШ ИДОРАСИНИНГ ЁЗМАЛАРИ

ОДАМ ЎЛДИРИШ ИДОРАСИНИНГ ЁЗМАЛАРИ
20 Temmuz 2020 - 14:50 'да юкланди ва 1044 марта ўқилди.

(Набижон Боқийнинг “Қатлнома”си ҳақида)

Аслида бу асар 1991 йилги “Шарқ юлдузи” журналининг 5-6 сонларида, бир йилдан кейин Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида чоп этилган эди. Аммо кейинчалик, маънавий ҳаётимизнинг бу китобга эҳтиёжи қанчалик катта бўлмасин, қайта нашр этилмади. Ниҳоят, кейинги уч йиллик ичра юртимизда рўй берган ва ҳозир ҳам давом этаётган катта реформатик ўзгаришларнинг ёрқин далилларидан бири сифатида, муаллифнинг катта меҳнати самараси бўлиб 2020 йилда янги фактлар билан тўлатилиб ўқувчиларга янгитдан совға қилинди. (Н.Боқий. “Муҳаррир нашриёти”, Тошкент, 2020. 396 бет.). Асар, сталинизм истибдоди ҳақидадир. И.В.Сталиннинг қаттолликлари илк бора 1956 йилда кўмфирқанинг ХХ съездида КПССнинг янги бошлиғи Н.С.Хрушчёв томонидан бутун жаҳон халқларига билдирилган эди.

Унинг баёнотича, 1941-45 йиллардаги урушларда 20 миллион шўро халқлари ҳалок бўлган бўлса, сталинизмнинг қоронғи зиндонларида ҳам 20 миллион одам ўлдирилган. Мақтулларнинг катта қисми Ўзбекистонга оиддир. Н.Боқийнинг “Қатлнома”си ДҲҚда сақланаётган ёзмалар асосида ўша давр манзараларини беради. Биз китобда Ватан муҳаббатидан бошқа ҳеч бир гуноҳи бўлмаган фардларимиз қандай ноҳақлик билан синдирилгани ва ўлдирилганини кўрамиз. Муаллиф Абдулла Қодирийни кимлар, қай йўсинда, қаерда, қачон ва нима учун қатл қилганларини кўрсатиш учун гапни ўша “шахсга сиғиниш фош қилинган” замондан, яъни 1956 йил, 9 январда буюк ёзувчимизнинг иккинчи ўғли Масъуд Абдуллаев “Сўсиалистик Шўро Жумҳуриятлари Иттифоқининг Бош прокурорига” ёзган шикоятидан бошлайди: “Менинг отам Ўзбекистон … жиноят кодексининг 57-моддаси, 66-моддасининг 1-банди бўйича… ўн йил муддатга озодликдан маҳрум этилганди…”, “…отамнинг асарлари адабий қусурдан холи эмасди, айрим ўринларда у хато қилган, адашган” деб эҳтиёт жумласини ҳам қўшади.
Бу ҳужжат билан танишган Набижон Боқий ёзади: “… Масъуд Абдуллаевга кимдир айтиб туриб шикоят ёздирганга ўхшайди…” Шикоят бошида “отам Ўзбекистон жумҳурияти Жиноят Мажмуасининг 57-моддаси, 66-модданинг 1-банди бўйича Ҳарбий ҳайъат ҳукми билан ўн йил муддатга озодликдан маҳрум этилган эди” дейилган-у, аммо, шикоят давомида “нега у ўн саккиз йилдан бери дом-дараксиз?” деб сўрамагани қайд этилади. Айтиб турган кимса моддага атиги бир сон қўшса, яъни 57-модда 58-моддага айланиб, 66-модданинг1-банди 2-бандига айланиб баҳоланса инсон ОТУВга ҳукм қилинишини яхши биларди, атайин модда рақамларини чалкаштириб ёздиргани маълум қилинади.

Масъуд Абдуллаев ўз аризасида акаси Ҳабибулла Қодиров (Ҳабибулла Қодирий) ҳам 1945 йил 28 май куни асоссиз қамоққа олингани ҳақида оғиз очмаган эди. Афтидан, бу гапни қўшадиган бўлса, масала чигаллашуви мумкин эди. Ҳабибулла Қодирий ўзининг ноҳақ қамалганини айтиб, Москвага оқланишни талаб қилиб мактублар ёзганди. “Ниҳоят, 1956 йилнинг январ ойи охирларида озодликка чиқдим”, дейди у. Аммо уйига келганда, отаси катта меҳр билан қурдирган шийпонни исқирт, кўримсиз, одам қарашга ҳам жирканадиган ҳолда кўради. “Бу жойлар мусодара қилинди, олдин шийпонни болалар боғчаси қилишди. Боғча кўчиб кетгач, отхонага айлантиришди. Ариқ бўйига шағал ётқизиб, чўчқахона қурилди”,-дейди синглиси Аниса. Маҳалла кексалари эса:”Бу отанг Жулқунбой қандай касофат одам бўлган? Унинг касрига қолиб биз чўчқа шалтоғини ичиб ўтирибмиз” деб тўнғиллашади (у пайтларда ҳали водопровоз ўтказилмаган, одамлар овқатга, ичишга фақат чўчқа ювиндиси билан “табаррук” қилинган ариқ сувидан фойдаланар, сувга аччиқ тош ташлаб, тиндириб ичардилар). Ҳабибулла Қодирий отхонаю чўчқахонани йўқотишга отланади. Коммунал хўжалик бўлимида ҳам мусодара ҳақидаги гапни такрорлашади. Ҳабибулла Қодирий Туркистон ўлка Ҳарбий Прокуратурасига “Дадамиз суд қилингач, уй-жойи мусодара қилинганми-йўқми, билиб беришингизни ва гувоҳнома берилишини сўрайман” деган мазмунда ариза беради. Икки-уч ҳафтадан сўнг Ҳарбий Прокуратурадан чақирув қоғози келганда, Ҳабибулла Қодирий ТуркВОга боради, Туркистон ўлка Ҳарбий Прокурорининг катта ёрдамчиси Бичков уни қабул қилади.

-Бизда отангизнинг исм-фамилияси, статьяси ёзилган бир рўйхатдан бошқа ҳеч қандай ҳужжат йўқ. Ҳужжатлар Москвада, архивда сақланади. Биз Москвага отангизнинг суд делосини талаб қилиб хат ёзишимиз керак бўлади. Ҳозирча сизга ҳеч қандай жавоб беролмаймиз,-дейди у.

-Майли, талаб қилинглар, кутамиз,-дейди Ҳабибулла Қодирий ва раҳмат айтиб чиқиб кетаётганда:
-Менга қаранг, йигитча, сизларга отангизнинг уй-жойи кераг-у, ўзи керак эмасми?-деб сўрайди Бичков.
-Керак, нега керак бўлмасин…
-Ундай бўлса Ҳарбий Прокуратура номига отангизнинг жиноий ишини қайта кўриб чиқилишини ва оқланишии сўраб ариза ёзиб келтиринг.

Ҳабибулла Қодирий ариза ёзиб келади ва прокурорнинг кўрсатмалари асосида унга ўзгартишлар киритиб беради. Орадан етти-саккиз ой ўтади. Бу жимлик ойлари эди. Ниҳоят 1957 йил феврал охирларида яна чақириқ қоғози келади. Бу гал уни подполковник Гришченко фамилияли ҳарбий прокурор қабул қилади. Абдулла Қодирий иши назорат тариқасига қайтадан кўриш учун ўзига топширилганини айтиб, кўп нарса нотанишли-ги, чигал масалаларни ечмоқ учун Қодирий ким, у яшаган давр ҳақида ҳамда қандай ёзувчиларни билиши ва ҳоказолар ҳақида кўп саволлар беради. Сўнгра Гришченко деярли ҳамма ёзувчиларни бирма-бир чақириб, улардан қайта гувоҳлик хатлари ола бошлайди.

Шу тариқа Набижон Боқий Абдулла Қодирий бошига тушган ишларни бирма-бир фош эта боради.

Бир ора Гришченко бир қанча янги гувоҳлик хатларини олгандан сўнг, Ҳабибулла Қодирийга “Бу дейман, ёзувчиларингиз ёппасига Сиёсий идорага аъзо (ГПУ агентлари) бўлаверган экан-да”,- деганди, ишларни ўрганиш жараёнида бу–ҳақ гап эканлиги қалқиб чиқади. Ўзи аслида Ёзувчилар уюшмаси давлат ташкилоти эмас, жамоат ташкилотидир. Аммо бу йилларда доим давлат идоралари билан ишбирлиги қилиб ижодий баҳсу мунозаралар ўрнига, ёзувчиларга туҳмат ёғдириш билан овора бўлади..

1936 йилда Ойбек Ҳамид Олимжон таҳрири остида “Абдулла Қодирийнинг ижодий йўли” номли “ғоявий” рисоласини чоп этади
ва унда “Ўткан кунлар” романининг услубини “эски адабиётимизнинг тамтароқли, муболағали, тантанали, фақат сунъий, ўлик услуб” деб таърифлайди. “Отабек фақат ишқ йўлида жасорат кўрсатади. Ўз ижтимоий қиёфасини кўрсатиши лозим бўлган жойларда, эл кулфати ошган кезларда у кўрпага бурканиб олади…” “Меҳробдан чаён” романида Анварнинг ўрдада муболағали жасорат кўрсатиб “адолат” ҳақида бонг уриши Раъно учундир. Агарда хон унинг Раъносига кўз олайтирмаганда бош мунший вазифасида давом этиб, мустабид хонга хизмат қилиб кета берар эди”,- деб ёзади Ойбек ва Карл Маркснинг оғзидан тушиб қолган, чайналган сақичини такрорлаб: “Тарих — синфларнинг курашидан иборатдир“ деб таъкидлайди ва қўшимча қилиб ёзувчи “типик шароитда типик характерларни” кўрсатиши керак” деб ўтади, ҳолбуки бу гап ҳам овруполик бир “файласуф”нинг оғзидан тўкилиб қолган сақич эди. Абдулла Қодирийнинг баъзи ҳажвий ва юмористик асарлари ҳақида ҳам Ойбек бирёқлама, субъектив фикрлар айтади: турмушдаги камчиликларни дўстларча очиш, танқид қилиш ўрнига масхара қилиш, ундан кулишга тамойил кўрсатар эмиш. Хуллас, Ойбек бу рисоласи билан Қодирийнинг халқ душмани сифатида айбланиши учун баҳоналар тайёрлаб берган эди.

Ғафур Ғулом 1938 йилда Абдулла Қодирий ҳақида дастлабки кўргазмасини берган ва бу кўргазма (ва бошқа кўргазмалар) асосида Абдулла Қодирий қатл этилган эди. Энди ўша кўргазма асосида прокурор Гришченко Ғафур Ғуломни сўроқ қилиш учун ўз ҳузурига чақиради. Бу пайтда ҳали КПССнинг Сталин шахсига сиғиниш ҳақидаги съезди бўлиб ўтмаган эди. Айёр коммунистлар империясининг етакчилари, агар Сталин шахсига сиғиниш масаласи кўтарилса, мақтулларнинг асосий чақимчилари ўз кўргазмаларига қандай муносабатда бўлишаркан, деган хавотир билан улардан тезлик билан янги кўргазмалар олиб улгуришга киришадилар. КПСС нинг ХХ съезди 1956 йил 14-25 феврал кунлари “И.В.Сталин шахсига сиғинишнинг оқибатлари тўғрисида” қарор қабул қилади. Туркистон Ҳарбий Округи прокурорининг ёрдамчиси, адлия подполковниги Гришченко 1956 йил 16 январда, яъни ХХ съезддан бир ой олдин Ғафур Ғуломни гувоҳ сифатида ўз ҳузурига чақиради. Яқин орада сиёсатлар ўзгаражагини етти ухлаб тушида ҳам кўрмаган Ғафур Ғулом Гришченкога гувоҳ сифатида қўрқа-қўрқа, иккилана-иккилана янги кўргазма беради.

“Абдулла Қодирий “Ўткан кунлар”, “Меҳробдан чаён” китобларида Худоёрхон ҳукмронлик қилган даврни ёритган. Абдулла Қодирий бу асарларида ўрис халқига қаҳр-ғазабини тўкиб солган. Темурланг, Умархон замонидаги “олтин давр”ни қўмсайди. Агар ўшалар каби хонлар бўлганда борми, ўрислар икки дунёда ҳам Туркистонни босиб олишолмасди, деб ҳисобларди. Абдулла Қодирий ўз асарларида Худоёрхонни уқувсиз ҳоким сифатида қоралайди; ўша ярамас охир-оқибатда Туркистонни ўрисларга топшириб қўйди, дейди. “Обид келмон” романида Қодирий яккахўжаликни улуғлайди, жамоа хўжалиги қурилишини қоралайди. Бу романида Қодирий сифлис (таносил) каби юқумли касалликлар Туркистонга ўрислар томонидан келтирилган, деб талқин этади. Абдулла Қодирий “Калвак Махзум” асарида Калвак тимсолида калавасининг учини йўқотиб қўйган, эскичага муккасидан кетган мусулмонни тасвирлайди; ҳажвий асар қаҳрамони қулай фурсат туғилдими – бас, дарров янгиликни қоралаб, эскиликни тарғиб қилади,” (“Қатлнома”, 50 б.)

Ғафур Ғулом яна “Қодирий ўз асарларини уйғур тилида ҳам чоп этиб, Қошғарга юборишни орзу қилганди”, “Вадид Маҳмуд, Чўлпон, Ғози Юнусов қалин дўстлари эди” , “1936 йили, Қозон шаҳрида, агар уруш бошланса, Ҳитлер ғалаба қозонади, деганди ”,
“Абдулла Қодирий Наби Шариповнинг уйига Чўлпон билан бирга борган, ўшанда Чўлпоннинг тоғаси Зоҳириддин Аълам заёмга ютуқ чиқса, мусулмон одам пулдан фойдаланиш ҳуқуқуқига эга эмас, уни бева-бечорага ҳадя этиши лозим, деганди, яна “қушхонадан гўшт харид қилмаслик керак” деб гапирганларини қўшимча қилади.
Шу тариқа Ғ.Ғулом кўзини чирт юмиб, иккинчи бора хоинона кўргазма беради. Ғафур Ғуломнинг 1938 йилги ва бу 1956 иилги
январ кўргазмасини ўқиган Ҳабибулла Қодирий то умрининг охиригача отасининг фожиали ўлимига Ғафур Ғулом сабабчи бўлган, деб тахмин қилади. Шу боис прокурордан, “мен янги ёзаётган хотира китобимда отамнинг қамалишига ва отилишига Ғафур Ғулом айбдор, деб ёзсам бўладими, деб сўрайди. КГБнинг масъул ходими: “Агар аниқ далилингиз бўлса ёзишингиз мумкин, акс ҳолда туҳматчи сифатида жазоланасиз”, “Биз бундай маълумотга эга эмасмиз”, деб жавоб беришади. Яъни умрбод Совет ҳокимиятига содиқ қолган чақимчи шоир ҳимоя қилинади (“Қ.”, 46 бет).

Абдулла Қаҳҳор 1938 йили “Абдулла Қодирийнинг буржуа миллатчилик руҳдаги “Ўткан кунлар” романи ҳақида ва “Обид кетмон” ҳақида ёзилган хулосаларга Н. Охундий, Ҳ. Қурбонов, С.Ҳусаинов, О.Шарафиддиновлар қаторида имзо чеккан.
1956 йил 11 апрелда подполковник Орзумановнинг сўровига жавобан Абдулла Қаҳҳор, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг ҳужжатгоҳи йўқ ва “Ўткан кунлар”,”Меҳробдан чаён”, “Оьид кетмон” асарлари кутубхоналардан йиғиб олинган бўлиб у асарлар билан танишиб кўришнинг иложи йўқлигини билдиради.

Набижон Боқий, Абдулла Қаҳҳор, прокурорнинг саволига аниқ жавоб қайтаришдан ўзини четга тортади ва “наҳот, 1956 йили Қодирий ҳақида бир шапалоқ илиқ гап ёзиб ёки ёздириб, расмий қоғозга имзо чекишдан чўчиган бўлса? Нима, уни мансабидан бўшатиб юборишармиди… депутат мансабидан маҳрум этишармиди?” деб ёзади (“Қ”, 84 б.)

Гришченко Анқобой Худойвоҳидов, Ғози Юнус (Ғози Олим Юнусов), Иззат Султон, Турсун Иброҳимов каби ўнлаб ёзувчиларнинг архивдаги ёзмалари билан танишади. Қамоқдаги ижодкорларнинг ҳам кўрсатмаларини ўқийди. Уларнинг ҳаммаси Абдулла Қодирийни халқ душмани, миллатчи деб таърифлашади.

Бироз виждони, миллий ғурури уйғоқ ўқувчи, наҳотки, ҳеч бир қаламкаш: “Йўқ! Ундай эмас!” деб исёнга келмаган бўлса?!” дея ёқа ушлаши мумкин, албатта. Аммо салтанат соҳиблари, айниқса, Сталин истибдодининг амалдорлари бу борада инсонпарварликдан йироқ эдилар. Улар олдиндан миллий идораларнинг ичларига ўзларининг фитначи, маккор офицерларини, бирор йўлбошчи каби ёки ёзувчи ўрнаги каби ўрнаштириб қўярдилар. Булар ўз навбатида иш жамоаси орасида марказий мафкура сиёсати олиб борардилар. Набижон Боқий уларни шартли равишда ҒОЯДОР деб номлайди. Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасида Шевердин деган шундай ғоядор бор эди. ҒОЯДОР келажакда туркийларнинг жигар-бағри бўлган ўзбекларни яна милён-милён зарраларга бўлиб ташлашни, ўша зарраларни бирлаштирадиган ҳар қандай қудратли кучни палағда қилиб қўйишни ўйлаган эди, бу борада беш йилга, етти йилга, етмиш йилга мўлжалланган режалар тузганди. Албатта, ҳозир қўлимизда ҒОЯДОР режасининг асл нусхаси йўқ. Лекин юзма-юз турган ҳужжатлар бундай кўрсатмалар, қарорлар бор эканини исботлаб турибди”, деб ёзади муаллиф (“Қ.”, 88 б.).

Михаил Иванович Шевердин 1899 йилда Новогеоргиевск шаҳрида туғилади. Петроградда йўл инженерлиги институтида ўқийди. Октябр инқилобининг дастлабки йилларида махсус топшириқ билан Самарқанд вилоятида ва Қорақумда Совет ҳокимиятини ўрнатиш ишига юборилади. Ўзбекистонда, Туркманистонда, Тожикистонда қизил армия қисмларида сиёсий ишларни олиб боради. ВКП(б) МК Ўрта Осиё Бюросининг шунчаки фикр тарқатувчиси эмас, айни чоғда КЎРСАТМА берувчи ва берилган КЎРСАТМАнинг бажарилишини назорат қитувчи “Фирқа учун” жаридасининг ЯЛОВБАРДОРИ эди. Узоқ йиллар “Правда” газетасининг Ўрта Осиё бўйича мухбири бўлади. КПСС аъзоси. “Ўзбекларнинг биринчи романи” мақоласида Отабекнинг илғор қарашлари, одамлар орасидаги нутқлари келтирилади… “хон мусулмон эди, беклар мусулмон эдилар ва қозилар мусулмон эдилар. Ўғриларнинг қўлини кесишарди… Аёлларни эса миноралардан ташлаб юбориларди” деган парчалар келтирилади. Талқин қилинаётган воқеалар замон ва макондан ташқарида рўй беради. Талқин қилинаётган тарихий воқеалар Отабек, Юсуф ҳожи ва бошқа қаҳрамонларга таъсир кўрсатмайди… Қаҳрамонлар ҳаёт ҳақиқатидан узоқ”,- деб ёзади. У Қодирийнинг романи ҒОЯВИЙ ЖИҲАТДАН БИЗГА ЁТДИР!” деб эълон қилади ва ваколатли ФИРҚА ташкилотининг вакили сифатида вақтли матбуотни “Ўткан кунлар”ни “тошбўрон” қилишга сафарбар этади.” (“Қ.”,110 ва 119 бетлар). Биз Ойбек, Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор, Иззат Султон кўргазмаларини Шевердин мақоласи билан солиштириб кўрсак, уларнинг ҳамоҳанглигини, шу мақоладан ўрнак олганларини кўрамиз.

Жаҳон афкор оммасининг олдига чиққанда, коммунистлар, биз миллатчи эмасмиз, байналмилалмиз деб бонг урардилар. Бир жиҳатдан қараганда гаплари рост. Ўзбек зиёлиларининг терговчилари Алексеев, Болдирёв, Леонов, Федотов, Матвеев, Гришченко сингари руслар, Оғабеков, Апресян каби арманилар, Триғулов, Ҳасановдек татарлар эди ва ҳоказо. Улар ёзувчиларни териб олишда ҳам маллатига қарамас, русми, украинми, озарбайжонми, татарми, қозоқми – ҳаммасини бирма-бир ўлимга маҳкум этаверардилар.Улар бир нарсага қарор қилдиларми, бас, айблар истаганча топиларди.

Мисоллар: ЎзССР КГБ си Андижон вилояти бўлимининг собиқ ходими Л.Д.Чалий гувоҳ сифатида сўроқ қилинган пайтда қуйидагича кўргазма берганди: “ЎзССР Ички ишлар халқ комиссарпнинг собиқ ўринбосари, д/х майори Леонид Исҳоқович Леонов-Немировский зудлик билан адреслар столидан чэтэллик кишилар рўйхатини билиб бериш ҳақида бўлим бошлиғи Раим Ҳасановга кўрсатма берди.Ҳасанов тегишли маълумотни тайёрлаб,
Леоновга топширди. Ва кўп ўтмасдан латиш Казисни, литвалик Томасни, немис Инденсни қамоққа олиш тўғрисида бизга буйруқ юборди. ЎзССР НКВДнинг сабиқ ходими Л.В.Федотов эса кейинчалик шундай мазмунда кўргазма берган эди: 1938 йилнинг феврал ойида телефон орқали маълум қилинган ЕЖОВ кўрсатмасига кўра, ЎзССР НКВД ДХБнинг III бўлими чегарадан қочиб ўтган хитойликларни қамоққа олишга тайёрлана бошлади, Тошкентда хитойликлар юз кишидан ошмасди. Шунинг учун Ғарбий Хитойдан СССРга қочиб ўтган уйғурларни ҳеч қандай далил бўлмаса ҳам, жосусликда айблаб қийратилди (“Қ”- 200 бет).

ЎзССР НКВД Давлат Хавфсизлиги Бошқармасининг ходими Нурлин Исҳоқович Триғулов ёзувчилар қирғини кунларида Абдулла Қодирийнинг уйини босган ва Маврин билан биргаликда тинтув ўтказиб ишга алоқадор далиллар сифитида унинг адабиётимиз учун жуда муҳим бўлган бир жомадон мактублари, фотосуратларини ҳам мусодара қилган. Қодирий 1937 йил 31 декабрдан 1938 йил 4 октярга қадар тергов қилиниб, отишга ҳукм қилингунга қадар бўлган бутун жараённи бошқарган. Охир-оқибатда шундай айбнома тайёрлаган (қисқача баёни): Абдулла Қодирий миллатчи “Миллий истиқлол” ташкилотининг фаол аъзоси; “Муштум” журналида русларга қарши асарлар ёзган; “Ўткан кунлар” романида эски миллий тузумни кўкларга кўтариб, Шўро Иттифоқини мустамлакачи давлат сифатида тасвирлайди; “Меҳробдан чаён”, “Обид кетмон” асарларида буржуа миллатчилик ғояларини илгари суради, “болшавой”ларнинг фирқасига бўҳтон ағдаради; четэл билан алоқада бўлади.

Айбланувчи тақилган айбларнинг қўп қисмини тан олди, аммо тўла тан олмади, аксилшўровий ташкилотга аъзолигини инкор этди. Лекин ўша ташкилот аъзолари бўлган маҳбуслар –Саъдулла Турсунхўжаев, Салимжон Тиллахонов, Ғози Олим Юнусов ва бошқалар –ҳаммаси бўлиб 15 кишининг кўргазмалари асосида айблар фош этилди. Ва тегишли моддалар бўйича СССР Олий Суди Ҳарбий Ҳайъатида кўриб чиқишга тавсия этилди. Имзоловчилар: Триғулов, Богомолов, Матвеев. Айбнома СССР Олий суди Ҳарбий Ҳайъатига тавсия этилганига кўра Триғуловни ижрочи деб баҳолаш мумкин, Асосий “режиссёрлар” эса 1938 йил 4 окябрь куни ўзларининг сайёр мажлисида Триғулов айбномасини тасдиқлайдилар (Алесеев,Болдирёв, Батнер). Абдулла Қодирий шу куниёқ отилади.

“Қатлнома”да келтирилишича, Ҳабибулла Қодирий 1945 йили 28 май куни қамоққа олинган пайтда Абдулла Қодирийнинг шахсий мол-мулки яна бир марта мусодара қилинганини ёзади.Бу гапнинг ҳақлигини КГБ ходими Голубевнинг иқрорномаси (тилхати дейиш ҳам мумкин) тасдиқлайди.

“1945 й. 28 май Ҳабибулла Қодирий хонадонида Ҳайдар Умаров гувоҳлигида тинтув пайти қуйидаги буюмлар топилди ва мусодара қилинди:
Бошпурт, Ҳарбий дафтарча, Касаба уюшмаси ҳужжати, Ҳабибулла АБДУЛЛАЕВ (яъни Ҳабибулла Қодирий)нинг талабалик дафтарчаси, 39 дона фото,
ҲАБИБУЛЛА ҚОДИРИЙНИНГ 219 ВАРАҚДАН ИБОРАТ ҲАР ХИЛ ЁЗИШМАЛАРИ.
Араб алифбосида муқоваланган 70 дона китоб.
Араб алифбосида, муқоваланмаган 12 дона китоб.
А. Қодирийнинг китоблари:“Ўткан кунлар”- 6 дона, “Меҳробдан чаён”- 6 дона, “Тулки билан тентак”- 2 дона, “Шубҳа” – икки дона, “Берди татар”- 6 дона.
АБДУЛЛА ҚОДИРИЙНИНГ 2060 ВАРАҚ ҚЎЛЁЗМАСИ ва
ИККИТА ДАФТАРЧАСИ.
Қодирийнинг “Қиёмат” китоби – 1 дона.
Ф.Хўжаевнинг сурати босилган номсиз жарида – 1 дона.
Иброҳимовнинг “Турон, Темурланг” китоби -1 дона.
“Муштум” журналининг тахлами.
А.Қ. мақолалари чоп этилган араб имлосидаги “Улуғ Туркистон”
рўзномаси -164 дона.
АБДУЛЛА ҚОДИРИЙНИНГ БЕШТА ДАФТАРИ.
АБДУЛЛА ҚОДИРИЙНИНГ ШАХСИЙ ЁЗИШМЛАРИ -154 ВАРАҚ.
Халқ душманларининг мақолалари чоп этилган “Муқаддас қабр тошида” китоби – 1 дона.
“Шўро давлати” жаридасининг 1935 йилда нашр этилган 4-, 7-, 8- сонлари.
Жўғрофия харитаси, бир дона.”
Ҳабибулла Қодирий отасининг мол-мулки қайтарилишини сўраб ариза ёзганда “Улар ҳаммаси ёқиб юборилган”, деб жавоб беришади. Кимлар, қачон бу жиноий ишни адо этгани тўғрисида акт ва бошқа ҳужжатлар сўралганда, бундай нарса йўқ деб жавоб беришади.
Кўряпсизми, азиз ўқувчи, бизнинг миллий ғуруримиз қандай топталган?! Биз қандай дурдоналаримиздан маҳрум қилинганмиз.
Абдулла Қодирийнинг қаерда ва қачон ўлдирилганлиги (балки, ўлдирилмаганлиги, эҳтимол, сургун қилинганлиги) 1938 йилдан буён, фақат қондош-қариндошлари эмас, саводли халқимизнинг жумласини оғир ўйларга солиб келар эди. Ёзувчининг аёли ва ўғил-қизлари унинг ўлганига ишонишмас, қачондир, бир куни тўсатдан уйга кириб келади, деб ўйлашарди. Бирда КГБда қоровул бўлиб ишлайдиган бир танишларининг “Жулқунбой тирик, Сибирга сургун қилинган”, деган гапи, бирда Магадан ё бошқа бирор ердаги “сургундан қайтган махбус”нинг “мен Қодирийни бир кўмир конида кўрганман” деб дараклаб кетгани бундай умидлар чироғини кўтариб кетарди.

Аммо М.С.Горбачёвнинг ошкоралик сиёсати даврида Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасининг КГБга очиқ хатига жавобан, Абдулла Қодирий, Чўлпон, Фитрат, Ғози Юнус ва Элбеклар 1938 йил 5 октябр куни отиб ўлдирилганлиги ҳақида жавоб берилди.

Аммо Набижон Боқий КГБ ҳужжатгоҳига кирганида ОТИШ ҳукми 5 октябрда чиққани, аммо ўзлари 4 октябрда отилганлари ҳақидаги ҳужжатларга дуч келади. Яъни олдин отиб ташлаб, сўнг отиш ҳукми ёзиб қўйилган эди. Аммо ҳали-ҳануз ҳукм қаерда ижро этилганини КГБ раҳбарлари яхши билишса ҳам, миллат ва қон-қариндошларга мутлақо айтилмас эди. Шунча йиллик қидир-қидирлар китоб муаллифи учун ҳам бесамар кетади.

Набижон Боқий тахминан 1997-98 йилларда бу бир илоҳий тасодиф туфайли бу муаммонинг ҳам тагига етди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси котиби вазифасида ишлаётган Тўра Мирзо бир куни Набижон Боқийга телефон қилиб “Сизни Нуриддин Акрамович (Муҳитдинов) сўроқлаб юрибди”, деб қолади. “Нима иши бор экан”, дебди Н.Боқий. “Билмадим, уч-тўрт марта телефон қилди”, деб Н.А.Муҳитдинов ишхонасининг телефон рақами 398284ни беради. Улар учрашадилар…
Набижон Боқий ёзади:
“Биз университетда ўқиб юрган кезларимизда (яъни 66-70- йилларда) Н.А.Муҳитдинов ҳақида ҳар хил афсоналар тарқалган эди: КПССнинг қайсидир қурултойида Н.А. ўзбекча нутқ сўзлаган, Н.С.Хрушчёвга гап қайтарган, сўнг унинг ғазабига учраб узоқ йиллар хорижий мамлакатларда элчи бўлган, Москвада ҳам учинчи-тўртинчи даражали вазифаларда хизмат қилган, орқасидан айғоқчи қўйилган ва ҳ.з. “

Мен Н.А.Муҳитдинов Ўзбекистон КП МК нинг биринчи котиби бўлиб ишлаган 1953-59 йилларда Университет талабаси эдим, Н.Боқийдан деярли 10 йилча олдин саркотибимизнинг миллий фаолиятидан хабардор бўлган, бунинг қувончларини ўз бошидан кечирган гувоҳлардан бириман. Мисоллар келтираман:

1).1958-йили мен ЎзТВ муҳаррири бўлган пайтимда ТВ бошлиғи бир расмий йиғилишда шундай деган эди. “Мен ҳозир Шароф акамнинг (у чоғда Ш.Р.Рашидов ЎзССР Олий Кенгаши Раёсати раиси эди) қабулидан келяпман: “Ҳамма нарсани биз айтиб туришимиз керакми? Буер Ўзбекистон! Ўз ТВ дастурларининг ярмидан кўпи ўзбек тилида бўлиши керак. Она тилидаги дастур соатларини кўпайтиринглар. Бу-ЎзКП МК биринчи котибининг кўрсатмаси, деб айтдилар”.

2).Тошкентда бутун иттифоқда бўлмаган бир тадбир – Ўзбекистон Зиёлиларининг Биринчи Қурултойи ўтказилди. Унда кўп муаммолар қатори ХХ съезд қарорлари асосида қатағонга учраган ёзувчилар (Қодирий, Чўлпон, Фитрат, Боту, Элбек кабилар)нинг оқланиши ва асарлари қайта нашр этилиши масаласи ҳам кўтарилди.

3).1959 йилда Москвага ишга олинаркан Н.А.Муҳаитдинов Тошкентдан Москвага поезд билан кетишни ихтиёр қилади. Вокзал кузатувчилар билан тўла, поезд силжишга шай эди. Бир пайт микрофонлардан “Поезд Ташкент-Москва отправляется в путь!” деган эълон эшиттирилади. Аммо Н.А.Муҳитдинов вагонга чиқмайди. Москвадан Муҳитдиновни кузатиб бориш учун келган рус офицерлари унга: “Поезд юриши керак, нима учун ўрнингизга чиқмаяпсиз?” дейишади. Н.А. уларга: “Представляйте, что я 70-80- летний старик-узбек, и я не знаю русского языка. Объявления я не понял…” – дейди. Шундан кейин дарҳол (ва абадий) ҳаракат ҳақида ўзбекча эълон берилади.

4). Москвада Н.А.Муҳитдиновнинг учинчи-тўртинчи даражали вазифаларда хизмат қилгани ҳақидаги маълумот ҳам тўғри эмас. Н.С.Хрушчёв мамлакатга раҳбарликни олиб бориш учун Кремлда
битта Бош секратар ва бешта оддий секретар вазифаларини таъсис этган эди. Биринчилик Бош котибда, иккинчилик бешта котибда эди. Беш котибнинг бири Н.А.Муҳитдинов эди. Буни шу нарса ҳам яққол исботлайдики, шу йиллари Украина ССР хўжалик соҳасидаги катта ютуқлари учун Ленин ордени билан мукофотланади ва орденни Украина раҳбарларига топшириш учун
Н.А.Муҳитдинов сафарбар қилинади. Муҳитдинов Киевда ҳеч қандай матнга қарамай олти соат маъруза айтади, украинларнинг бутун тарихи ва бугуни ҳақида айтган фикрлари байрам аҳли томонидан ўнларча марта гулдурос қарсаклар билан қарши олинади ва украинлар ўртасида, қанийди кейинги създда шу одам КПССнинг биринчи котиби бўлсайди, дегувчилар кўп эди.

Бир ора Н.С. Хрушчёв Марказий Россиядан бир миллион кишини Ўзбекистонга кўчириш тўғрисида Н.А. билан гаплашганда , у бу фикрни ёқламайди, халқлар дўстлигига зиён келтиради дейди. Худди И.В.Сталин С.М. Кировни фақат рашк туфайли йўқ қилганидай, Н.С. ҳам Н.А.ни йўқ қилиш ҳақида ўйлай бошлайди ва тез орада М.А. кетаётган енгил автомашина билан юк машинаси тўқнашуви саҳнаси юз беради. Қаттиқ жароҳатланган юртдошимиз Кремль касалхонасида даволанади. Аммо энди у илгариги Н.А. Муҳитдинов эмасди. У бир қадар ўзига келгандан кейин Сурия, Покистон сингари мамлакатларга элчи қилиб юборилади. В.М.Молотов Монголияга элчи қилиб юборилганда Н.А.нинг бу ёқларга юборилиши анча юқорироқ эмасми?

Нуриддин Акрамович Набижон Боқий билан учрашганда гап дарҳол “Қатлнома” устида кетди. “Китобингизни синчиклаб ўқидим, маъқул бўлди. Ўша мудҳиш воқеалар худди шундай нуқтаи назардан ёрилишиши керак. Сиз тўғри йўлни танлагансиз”,
дейди Нуриддин Акрамович. У айни чоғда Набижон Боқийга, мен сиз билан “Қатлнома”даги икки масала ҳақида гаплашмоқчи эдим, бири Абдула Қодирийнинг 4-ми; ё 5 октябрдами отилгани, иккинчиси Абдулла Қодирий отилган ер ҳақида”, дейди.

Набижон Боқий КГБ даги матбуот гуруҳининг бошлиғи Александр Николаевич Благородов билан суҳбати ҳақида Н.А.Муҳитдиновга гапириб беради. “Благородов ихтиёрида ҳукм ижро этилган жой тўғрисида расмий ҳужжат бўлиши мумкин, лекин ўша ҳужжатни менга бермаган, ошкор этишни истамаган”, дейди Н. Боқий. Айни чоғда у КГБ ходими, подполковник В.А.Петлин иштирокида 1988 йил январда касал ётган Ҳ.Қодирий билан суҳбатини айтиб беради. Ўшанда Ҳабибулла Қодирий отасининг жиноятномаси билан танишишга рухсат сўрайди, аммо Петлин рухсат йўқлигини айтади. Ҳ.Қодирий отасининг отилган ва кўмилган жойини суриштиради. Петлин, Абдулла Қодирий Файзулла Хўжаев раҳбарлик қилган аксилшўровий ташкилотга аъзо бўлгани учун жиноий жавобгарликка тортилган, отишга ҳукм қилинган. Бундай кишиларнинпг кўмилган жойларини аниқлаш имконияти йўқ, деган. Шундан кейин Н.А.Муҳитдинов бир воқеани айтиб беради:
“ – … мен 50-йилларда Ўзбекистон компартиясининг биринчи котиби эдим. У пайтларда биринчи котиб республиканинг амалдаги раҳбари ҳисобланарди, … мен КГБ ҳодимларидан Абдуллар Қодирий, Чўлпон, Фитрат кабиларнинг ҳукм ижро этилган жойларни кўрсатинглар, деб талаб қилганман. Улар мени подвалга олиб тушган… бетон хонага фақат эшикдан кирилади. Отув ҳукми шу ерда ижро этилар экан. Соқчи маҳбусни ўша хонага киритади, ҳукм ўқиб эшиттирилади, махсус рота солдатлари эса ҳукмни ижро этади. Отиб ўлдирилган маҳбус цементланган полга йиқилади, жон беради. Қонга беланган уст-бошлари ечиб олинади. Жасад эса замбилда бошқа бир хонада жойлашган крематорий ўчоғига тиқиб юборилади. Минг даражадан юқори иссиқлик тўпланган, қип-қизил чўғдек қиздирилган пўлат ўчоқда жасад бирпасда бир ҳовуч кулга айланади-қолади”.
-Наҳотки, Қодирий ҳам куйдириб юборилган бўлса!
-Нафақат Қодирий, отишга ҳукм қилинган ҳамма маҳбуслар отилган ва куйдириб юборилган.

-Улар Ажина кўприк ёнидаги қабристонга дафн қилинган дейишади-ку?!
-Бундай миш-мишни ўша пайтларда НКВД идорасининг ўзи тарқатган.
-Нима учун?
-Одамларни чалғитиш учун миш-миш тарқатилади.”
Мен Набижон Боқийнинг “Қатлнома”сини ёпаман ва муаллифнинг иши тўғрисида ўйлайман: бу китобни ёзиш учун киши юзлаб китоб, газета, журнал, минг-минг саҳифалардан ортиқ ҳужжатларни ўқиб, далилларни гуруҳлаб неча-неча қайднома дафтарларини тўлатиши керак, ахир! Нақадар бир улкан вазифа муваффақият билан бажарилганини, шахсга сиғиниш давридаги одам ўлдириш идорасининг машъум, муҳташам ва баҳайбат панорамаси яратилганини тасаввур қиламан, бугун учун, келажак авлодлар учун шаҳид кетган буюкларимизнинг номларини кўз қорачиғидай асрашга ундовчи мўътабар далиллар мажмуаси, балки монументи кўтарилганидан юрагим ғурур билан тўлади. Мен бу муаллифга халқ ёзувчиси ва тарих профессори унвони берилишини сўраб юксак идораларимизни беҳаловат қилгим келмайди. Лекин ўзимизнинг камтарона ташкилотимиз – Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмаси “Қатлнома”ни энг камида ҳужжатли публицистика соҳасида яратилган ЙИЛ КИТОБИ номи билан қутлашини истайман.

МИРАЗИЗ АЪЗАМ

2020-йилнинг28 июни.

Манба: facebook.com

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
xxx video gratis porno italiano
paykasa instagram takipi hilesi instagram followers free followers ak bys ak etme bys shell indir php shell hacklink hacklink al hacklink satn al denizli escort tempobet giri altanya escort bayan ankara escort bayan maltepe escort umraniye escort eskiehir escorteskiehir escort eskiehir bayan escorteskiehir escort

rokettube