Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

ТАНИҚЛИ ҲУҚУҚБОН ВА ЖУРНАЛИСТ АЗИМЖОН АСҚАРОВ ХОТИРАСИГА БАҒИШЛАНАДИ

ТАНИҚЛИ ҲУҚУҚБОН ВА ЖУРНАЛИСТ АЗИМЖОН АСҚАРОВ ХОТИРАСИГА БАҒИШЛАНАДИ
01 Ağustos 2020 - 15:27 'да юкланди ва 806 марта ўқилди.

Дўстлар! Яратган Оллоҳдан нажот сўраб, Каримов қатағони даврида бошимдан кечирганларимни қоралаб, бир китоб ёзишга киришдим. Ҳали ёзилишда давом этаётган бўлсада, ҳикоямнинг бир кичик парчасини сиз билан баҳам кўришга аҳд қилдим. Мен оддий журналистман. Катта ҳажмда ижод қилиш тажрибам бўлмаганлиги боис, хатолик ва нуқсонлар учраса олдиндан узр сўрайман. Китобнинг бадиий савияси юқори эмаслигида ҳам ўқувчи мени койимаслигини истардим, зотан, юқори бадиий безак билан ўқувчини мавзудан чалғитиш ҳам менинг ижодий услубимга кирмайди.

ЭЛЧИ БИЛАН УЧРАШУВ

1993 йилнинг 26 декабрь куни Американинг Тошкентдаги элчихонаси 2-котиби Эндрю Крафт мен билан учрашиш истагини билдирди. Мен рози бўлдим, аммо учрашув элчихонада эмас, норасмий шароитда ташкиллаштирилишини илтимос қилдим. Илтимосим инобатга олиниб, учрашув марҳум, таниқли шоир Рауф Парфининг турмуш ўртоғи Дилором Исҳоқованинг (бу вақтда шоир оиласи билан бирга эмас эди) уйида бўлиб ўтди. Мен билан яна икки нафар мухолиф журналист бор эди. Уларнинг номларини тилга олмаслигим сабабини китобхон фаҳмлайди, деб ўйлайман. Элчи билан суҳбатимиз ярим соатча давом этди.

Суҳбат чоғида у менга: – Юсуф, ҳокимиятнинг мухолифатни кучли таъқиб остига олганлигига қараганда, уни бутунлай йўқ қилиш нияти борга ўхшайди. Агар шу ниятини амалга оширса, бу нима оқибатга олиб келиши мумкин, сиз нима деб ўйлайсиз бу борада?, Кўплаб мухолифат вакиллари Узбекистонни тарк этишга мажбур бўлишди. Мабодо, сизда ҳам чиқиб кетиш нияти пайдо бўлмадими?,-деб савол берди.

Мен: -Йўқ, мен ҳозирча Ватанни тарк этиш ниятим йўқ. Менга қолса умуман кетиш ниятим йўқ, агар вазият шуни тақазо қилса ўйлаб кўраман. Тўғри, Каримов халқни алдади. Сайловгача демократия ва сўз эркинлигини ваъда қилди. Президентлик лавозимига сайланиб олиб, бирданига сўз эркинлигини бўғиб бошлади, сиёсий мухолифатни йўқ қилиш пайига тушди. Демократияни ривожланишини сусайтириш мумкин; маълум муддат орқага суришга эришиш мумкин лекин уни бутунлай йўқ қилиб бўлмайди, чунки халқ уни татиди. У билан яшади ва шаффофликнинг ҳаётий афзалликларини ҳис қилди. Аммо, демократик жараённи орқага суришнинг оқибати жамият учун жуда қимматга тушиши тайин. Чунки демократия ҳали урчиш жараёнида турибди. Уни сиёсий майдондан суриб ташлаш қийин эмас, аммо бу жамият учун жуда кўпга ва қимматга тушади.

Элчи: -масалан.

Мен: -Тасаввур қилинг, дейлик ҳокимият тазийқлар оқибатида сўз эркинлигини бўғиб, мухолифатни кураш майдонидан суриб ташлашга эришди ҳам дейлик, унда ўз сиёсий кўз қарашларини очиқ ифодалашга кўниккан халқ, айниқса ёшлар, минбарни бошқа манбадан қидиради ва уни диндан топади.. Бу диний экстремизм деб талқин қилинади ва натижада янги репрессия тўлқини вужудга келади. Аммо бу узоқ давом этадиган репрессия бўлади.

Элчи:-Сиз ҳақсиз, деб қўрқаман.

Мен: Агар менинг ушбу башоратларим нотўғри бўлиб чиқса мен хурсанд бўлар эдим.

Элчи: -Юсуф, агар истасангиз, сизга ва сиз тавсия қиладиган сафдошларингизга сиёсий бошпана тавсия қилишимиз мумкин.

Мен: – Раҳмат! Зарурат бўлса албатта мурожаат қиламиз.

Эслатиб ўтаман: бу суҳбат 1993 йил 28 декабрь куни бўлиб ўтди.

Ҳокимият зулм билан халқни жимликка кўниктиради. Бу жимлик ишончсизликка айланади.

ЧАҚИРИЛМАГАН МЕҲМОНЛАР.

1994 йилнинг 11 февралида.соат 10 ларда уйда китоб ўқиб ўтиргандим. Онам раҳматлик кириб уч нафар нотаниш одам чақираётганини айтдилар. Кийиниб чиқсам учта 25-30 ёшлардаги бақувват йигит таклифни ҳам кутиб ўтирмай, ҳовлига кириб келишаяпти. Салом аликдан кейин улардан бири “ Биз ИИВ дан. Биз билан юринг! Гаплашиб олишимиз керак”,-деди буйруқ оҳангида.

Мен оҳангнинг дағаллигидан билдим-ки, вазият чатоққа ўхшайди.

Онамга қараб,- Бу киши тезда қайтади, оддий суҳбат, -деди. Кўчага чиқсак 09 русмли Россия автомобил дарвозамиз ёнида кутиб турган экан. Рульда яна бир бақувват йигит ўтирган экан. Уларнинг барчаси оддий кўча кийимида эди.

Менга ўртадан жой беришди. Шундай қилиб Жейновдан Қарши йўналиши бўйлаб жўнаб кетдик. Туман марказига буримидан ўтгандан кейин “-Қаерга кетаяпмиз?”-деб сўрадим.

Яна ўша ҳовлига кирганда гапирган йигит, “-Борганда биласиз”- деди. Шундан кейин бошқа савол бермай, жим кетдим. Улар ҳам мен билан сўзлашишмади. Қарши шаҳрига кириб келиб, машинани Қарши меҳмонханаси автотўхтовга қўйиб, менга, қараб, “Юринг бу ёққа”-деди. Олдинда каттаси, ортимдан иккитаси мени ўртага олиб ичкарига кириб кетдик.

Иккинчи қаватнинг даҳлизи бўйлаб озгина юриб, чап томондаги хоналардан бирига кирдик. У ерда икки киши бўлиб, бири паст ва тўладан келган (кейинчалик уни ИИВ даги контрразведка бўлими бошлиғи Ботир Турсунов эканлигини билдим) креслода ўтириб олган, иккинчиси, мўйловлик, баланд бўйлик, 45-50 ёшларда( исми Тоҳир Ибрагимов экан).

Кириб салом бердим. Алек олишиб Б. Турсунов менга,-“Ўтир, Юсуф!”,- деди буйруғ оҳангида. –“Бу контрразведка бўлими.”-Сиз кимсиз?, мен сизни танимайман”, дедим.

– “Ҳали билиб оласан. Гап бундай, бизга “Эрк” газетасини топиб берасан, Юсуф.”

-Менда эски сонлари бор, беришим мумкин,-дедим нима истаётганини билиб турган бўлсам ҳам.

-Бошни айлантирма,Юсуф! Бизга ҳозирги кунда чоп этилаётган жойи керак.

-Мен қаердан биламан чоп этилиш жойини?

-Зато, биз биламиз,-деди ўрнидан туриб кетиб.

– Билсангиз ўзингиз олавермайсизми?,-дедим.

-Ўзбекистонда бўлса давно олган бўлар эдик. Қўшни мамлакатда-да,-деб Тоҳир гапга аралашди. У, қайси мамлакатда эканлигини айтиш унинг ваколатига кирмаслигини фаҳмлаб бирданига тўхтаб қолганлигидан, демак Б. Турсунов лавозими юқори экан, деб хулоса қилдим.

-Ўзбекистонда матбуот эркинлиги бор-ку қонунда. Нега “Эрк”ни таъқиб қиласизлар?

-Қўлидан келса Ўзбекистонда чиқарсин газетасини. Чет мамлакатдаги подполье керакмас бизга,-деди Ибрагимов.

Ўзбекистонда қўймадиларинг чоп этгани?,- дедим.

-Это не наша проблема. Наша проблема газетани редакциясини топиб, йўқ қилиш.

-Хўш, мендан нима истайсиз?

-Сен бизга газетани олиб берасан. Аниқроғи, сен газетани олаётганингда биз с поличными оламиз. У ёғи бизни ишимиз. Сен кейин ўйиндан чиқасан. Бизда барча адрес, телефонлари бор. Фақат, бошқа давлат ҳудудига аниқ далилларсиз бора олмаймиз. Шунинг учун сен бизга ёрдам беришинг керак. Тушундингми?

-Адрес телефонлари бўлса ўзингиз бораверинг, нега энди айнан мен боришим керак?

-Сен журналистсан, шу газетада ишлагансан. Шунинг учун ҳам сени ўзлариники, деб билишади, шубҳаланишмайди.

-Йўқ. Мен бунақа иш қилмайман.

-Қилмайсанми?,-деди Турсунов, огоҳлантирган бўлиб. -Унда сен билан ишлашга тўғри келади, – кетдик, деди Тоҳирга қараб.

СИЗ ВА СЕН

Тоҳир ташқарига чиқиб қолган ходимларини чақирди. Улар киришгач Турсунов кетиш тўғрисида кўрсатма берди. Мени келган машинага олиб бориб ўтирғизишди. Ўзлари эса машинадан сал нарироқда қисқагина ниманидир келишиб олишди, аниқроғи, Ибрагимов қанақадир кўрсатмалар берди. Кейин машинани ҳайдаб келган йигит биринчи бўлиб келиб машинани очдида менга бир қора дипломатни узатиб, – Шуни ёнизга қўйинг, деди. Мен ҳеч нарсадан шубҳа қилмай дипломатни олиб ёнимга қўйдим. Ҳаммаси бир-бирига қараб олиб, нимадандир қаноат ҳосил қилгандек бўлишди. Кейин Б. Турссунов “кетдик,”деб буйруқ берди ва барчаси машиналарга ўтиргач, жўнаб кетдик. Тошкентга йўл олганимизга шубҳам йўқ эди. Кетаётганимизда ёнимда ўтирган йигит сигарет тутатди. Мен чекмаслигини илтимос қилдим. У,- бўпти, узр, деб дарров сигаретини ойнадан отиб юборди. Сал ўтиб машина тўхтади. Олдинда ўтирган каттаси сигарет чекмоқчи бўлган йигитни имлаб сал нарироққа бориб,нималарнидир уқтирди. У эса бош қимрлатиб, маъқуллади. Каттаси нимани уқтирганини тезда билиб олдим. У кела солиб мени,- нарироқ сурил, деб жеркиб берди. Машина жилиши билан ёнидан сигарет чиқариб тутатди. Тутунни пуфламай туриб мени елкаси билан бир туртиб, ўшқира кетди: –Сен кимсан ўзи менга чекма, деб буйруқ берасан. Ўзи сен оппозиционерларни ҳаммангни йўқотиб юбориш керак. Сенла танқид қилаверганларинг учун инвестиция кирмай қўйди Ўзбекистонга.

-Биринчидан, мен сизга буйруқ қилмадим, илтимос қилдим чекманг, деб. Аслида эса ҳаққингиз йўқ машина ичидагилардан сўрамай чекишга. Иккинчидан, сансираманг мени! Мен сиздан анча ёшим катта. Хизмат вақтида эса умуман сансирашга ҳаққингиз йўқ. Учинчидан, Ўзбекистонга инвестиция кирмаётган бўлса, мухолифатни йўқотса кирармикан? Ундан кўра, мухолифат кўрсатган камчиликларни йўқотса тўғри бўлмайдими? Инвестиция оқиб кирарди. Сизлар ҳам ўз ишларингиз қолиб, “Эрк”газетасини қидириб юрмас эдиларинг.

Орада жимлик чўкди. Самарқанддан ўтиб, бир марта йўлда тўхтатишди. Олволган егуликларини капотни устига қўйиб, еб олишди. Мени ҳам таклиф қилишди. Қорним оч бўлсада, егим келмади. Бир пиёла газсув ич

Қонун доирасидаги қотиллик. Тётя Таня.

Тошкентга соат 6 ларда кириб келдик. МВД биносининг юқори қавтларидан бирининг,-бу менимча Турсуновнинг кабинети бўлса керак,- даҳлизига кирдик. Мен тикка туриб, ўтир дейишларини кутиб турдим. Турсунов келиб,- қани ўтир Юсуф!,-деди. Деворга тақаб қўйилган стулга ўтирдим. Тоҳир, Турсуновнинг ёнига бир пас тикка туриб, кейин унинг ёнидан жой олди. Турсунов дипломатни келтиришларини буюрди. Дипломатни машинани ҳайдаб келган йигит олиб келди.Шу пайт мени бир нарса ажаблантирди.Негадир дипломатнинг дастасини салафон ўраб, ўзини эса қўлтиқлаб олиб кириб, столнинг устига, Б. Турсуновнинг олдига қўйди. -“Эҳ, овсар!, деб койидим ўзимни. Бировга ақл ўргатишга устасан-у, ўзингга қол-ганда эса ҳамиша охсайсан”. Бу ўша, машинада менга “ ёнингга қўй”, деб узатишган дипломат эди. Б.Ибрагимов менга қараб: Юсуф ё бизга ёрдам берасан ёки “макруха” билан қамалиб кетасан. Яна наркотаям қўшилади. Академгородокдаги квартирангни эслайсанми. Кампирни ўлдириб кетишибди-ку, мана бу дипломат қотиллик жойидан топилди. Энди тушунгандирсан положениенгни? Бу санга қарши гапиради судда деб, дипломатни кўрсатди.

Эҳ, ваҳшийлар, наҳотки Тётя Таняни ўлдиришган бўлса!, Бир газета учун-а,-дедим ичимда ижирғаниб. Демак булар ҳеч нарсадан тап тортишмас экан.Тётя Таня 65 ёшдаги кампир эди. У аслида Украиналик бўлиб, Тошкент зил-зиласидан кейин келиб, шу ерга қолиб кетган. Аспирантлар уйининг ёнидаги домларнинг биридаги хонадонда яшарди. Ҳеч кими йўқ. Мен, ҳар гал Тошкентга келганимда шу кампирникида қолар эдим. Хусусан, бундан 2 ҳафта бурун АҚШ элчиси билан учрашувга келганимда ҳам шу кампирникида қолган эдим. Чиқиб кетаётганимда уйнинг ёнида номерсиз, қора Ладага кўзим тушиб, шубҳаланган эдим. Бу фикрлар бир сонияда хаёлимдан ўтди.

ДИЛОРОМ ИСҲОҚОВА

Шу пайт Дилором Исхоқовани бошлаб киришди. Бу бечорани ҳам олишибди-да,-деб ўйладим бошида. Аслида эса бутунлай бошқача бўлиб чиқди. Дилором киргач Б.Турсунов унга юзланиб, бунга ўзинг тушунтириб қўй, Дилором! Сизларни ёлғиз қолдираман. Фақат тезроқ, вақт оз, хўп!

Улар Кабинетга кириб кетиши билан Дилором мендан,-уришдими?, деб сўради.

Мен,-Ҳозирча йўқ,- дедим ва, -Сизни қачон олишди?- деб сўрадим.

Мени уйдан олиб келишди. Сиз билан гаплашиб, улар билан ишлашга кўндириш учун. Юсуф, булар ваҳший. Хўп дея қолинг, ёрдам бераман денг, фақат қамамасликка ваъдасини олинг.

-Кўнмасамчи?

-Тайёрлаб қўйишибди-ю, тушунмадингизми?

-Сиз қаердан билдингиз буни?

-Кегунча айтиб берди анув барзанги.

-Бу ҳамкорликми?

……………………….

Дилоромни ноқулайликдан тўсатдан кириб келган Б. Турсунов қутқарди. Хўш, тушунтирдингми? Юсуф нима қарорга келдинг? Ёрдам берасанми ёки 10 йилни олиб кетаверасанми? Яна уканг Шералини ҳам киритиб қўямиз. Шералими ана у “Эрк” газетасини тарқатган уканг? Уникиям тайёр делоси. Гапир, вақт зиқ!

-Майли бораман, лекин олиб бераман, деб ваъда бера олмайман.

-Бу ёғини борганда ўзим сенга тушунтираман. Қани кетдик!,-деб Тоҳирга қаради.

Мен, Б. Турсунов, Тоҳир ва яна Сергей Чанышев деган рус ходим ҳам қўшилиб машинага миндик. Кетаётган йўлимиз таниш. Яқинда укам билан Олма-Отага автобусда шу йўлдан борган эдик. Демак, Олма-Отага кетаяпмиз.

Кетгунча ёнимда ўтирган Чанышев менга қараб: -ну что Юсуф докричались? Кричали, “мустакиллик, мустакиллик! Вот, оказывается, мустакиллик никому не нужен. Все так считают, деб гап отди. Гапига жавоб бермадим. Чунки, шу пайт тинмай Худодан нажот сўраб, зикр қилаётган эдим. Нзаримда, Чанишев билан суҳбатимиз чўзилиб кетса, зикр қилишни унутиб қўядигандек, гўё ишончли таянчимни йўқотадигандек туюлди. Ичимда эса, Каримов шулар билан мустақилликни мустаҳкамламоқчими ҳали, деб ўйладим.Чимкентда ҳамкасблари кутиб олишди. Улар ҳам оддий кийимда. Демак шундай келишишган. Қучоқлашиб кўришишгач, бирови,менимча каттаси бўлса керак, уйига зиёфатга таклиф қилди. Мен қорним оч бўлса-да, овқат емадим. Бир пиёла чойни совитиб ичдим. Танаввул узоқ давом этмади, аммо қисқа ярим соат ичида уч шиша ароқ ичишди. Аэропортга келганда Чанышев мени ёнимда машина-да қолди. Сал вақт ўтиб Тоҳир билет олиб келди. Мени паспортимни қўлимга тутқазди. Ичида Олма-Отага билет. Паспортни ўзимга бериб қўйишганига қараганда мени ушланган, деб эмас, янги ходим ёки ҳамкор, деб таништиришган. Демак тадбирлари норасмий. Бу менинг қочишимга имкон яратади. -“Эй Художон, ўзинг нажот бер!”-дейман ичимда.

Олма-Отада ҳам конспиратив квартиралари бор экан. Манзилни билмадим-у, бир машҳур Елена номли салоннниг ёнида жойлашган 4 қавтли уйнинг биринчи қаватидаги 2 хонали хонадон. Киришимиз билан Б. Турсунов мени ёнига чақирди. Чанышев билан Тоҳир овқатга уриниб кетишди. Турсуновнинг ўлгудек чарчаганлиги, унинг устига, ширакайфлиги мени негадир қувонтирарди. Чанышев столга биттадан кола ва фанта яна бир шиша ароқ келтириб қўйди. Турсунов ароқдан юзта қуйиб, кола билан арлаштиририб, бир кўтаришда сипқорди-да, чўнтагидан ён дафтарчасини олиб, титкилай кетди.

-Мана телефон, Юсуф. Ҳозир Чанышев билан чиқиб телефон қилиб гаплашасан. Газетанинг янги сонини сўрамайсан, шубҳаланиб қолишлари мумкин. Эски номердан 500 та сўрайсан. Ўқувчилар талаб қилаяпти дейсан. Янги сонини сўрама, тайёр бўлса шундоғам қўшиб беришади. Қара, Юсуф, қочишни хаёлингга ҳам келтирма! Кўрдинг-а алоқамиз қанақалигини. Ҳозир Чанишев билан бориб кўчадаги автоматдан гаплашиб кел. Натижасига қараб кейинги ишларни режалаштирамиз, тушундингми?

-Шу ердан телефон қилса бўлмайдими?,-деди Чанишев.

-Сал ўйлаб гапиргин, Сергей! У ерда ахмоқлар ўтиришибдими, сенингча? Дарров текширишади телефонни. Сен Юсуф билан борасан! Еленани ёнида автомат бор. Бу гаплашади, кейин бирга қайтиб келасанла. Вперёд!

ТЕЛЕФОН

Чанышев олдин, мен изидан ташқарига чиқдик. Қоронғу тушиб улгурган бўлсада, ҳавони қора булут қоплаганини кўриш мумкин эди.

Йўлниг нариги бетига ўтиб автоматга яқинлашдик. Сергей менга жетон тутқазиб,- Кириб гаплашиб ол!-дедида ўзи автомат ён томонига ўтди. Мен киргач эшикни ёнига туриб олди. Менга ҳам шу ҳолат қулай эди.Мен жетонни ташлаб рақамни тердим лекин сўнгги рақамни термай гаплашгандек, сохта ҳолат қилдим. Бир пайт қарасам, Чанишев “постни” ташлаб, ён томонга ўтиб кичик ҳожат қилаяпти. Мен фурсатдан фойдаланиб охирги рақамни тердим. Телефонни кўтарган одамни дарров овозидан танидим. Бу Мурод Жўраев эди. Салом ҳам бермай гапириб ташладим: “Мени олиб келишган, газетани олиб берасан, деб. Чиқиб кетинглар у ердан. Ман қочишга уриниб кўраман.”

Бу вақт Чанышев келиб постига турган эди. Мен: -хўп,хўп, келишдик,- деб гапни тугатган бўлдимда, будкадан чиқдим.

-Поговорил? Нормально?

-Да.

-Ну пошли тогда!

Асир билан қўриқчи ёнма –ён юриб қайтиб келдик. Турсунов анча ичиб юборган бўлсада, келганимизни кўриб, қувониб кетди.

-Ну чў, Серёга?-деб олдин Сергейдан сўради. Чанышев, -поговорили в роде,-дегандан кейин мендан сўраб бошлади.

-Гаплашдингми, Юсуф?,-деб менга ўгирилди.

-Ҳа гаплашдим. Соат 11 да Абай ҳайкалининг ёнига келиб тур! Биз атрофингни яхшилаб кўздан кечириб, кейин ёнингга борамиз, деди.
Қизиқ ким билан гаплашдинг, деб ҳам сўрамади. Яхши, ҳозир 9:30. Бир соатдан кейин жунайсизлар. Сен Сергей билан кетасан, орқаларингдан страховка кузатиб боради. Ҳозирча еб олинглар. Сергей сен ичма пока!

Мен овқат егим келмади. Гўёки улар билан бир дастурхондан овқат есам, Худонинг қаҳри келиб, менга нажот бермайдигандек, туюлаверди. Сергей овқатини еб ичкарига кирди. Мен эса шу ерда Б. Турсуновнинг қаршисида ўтиравердим. Йўл ҳорғини ва ичкилик уни енгди. Турсунов ўтирган жойида мургилай бошлади. Сал туриб, хуррак ҳам отиб бошлади. Мен эса ўтирган ҳолимда зикр қилиб турдим. Худодан нажот сўраб,тинмай ичимда зикр қилдим. Шунчалик самимий илтижо қилдим-ки, қодир Оллоҳни ёнимдалигини, мен билан биргалигини аниқ ҳис қилдим. У Зот менга шу онда шижоат, теранлик ато этиб, қўрқмасликка ундар эди. Менда ўзимни ҳам, маслакдош дўстларни ҳам қутқаришга ишонч ва имкон бераётганини, бунинг учун мендан фақат ҳаракат кутаётганини ҳис қилдим. Ҳаракат қилсам бас, Роббим мени ўзи зафар йўлига бошлашини қалбдан англадим. Шу онда мен тезроқ шу ердан чиқишни истардим. Эй Худойим! ишқилиб паспортимни олиб қўйишмасин-да, дедим ўзимча. Турсуновни ўзим уйғотдим. У туриши билан соатига қаради.

-Сергей!,-деб қичқирди. Сергей кўзини уқалаб кириб келди. – Давай ёп…ой, бор юзингни ювиб чиқ, жўнайсизлар. Сергей келгач Ибрагимов унга ва менга кўрсатмалар берди. –Сергей сен Юсуф билан Тойотода кетасанла, орқаларингдан, 50 метр масофа билан бошқа яна икки машина юради. Абайга 100 метр қолганда қолиб, Юсуфни ўзини юборасан. Алоҳида тарзда ҳам нималарнидар уқтирди унга. Кейин менга қараб: Юсуф, қара, уйингдагилани эсингдан чиқарма! Уканг бизнинг қолимзда гаровда. Шуни унутма! Тушундингми?

Мен:- тушунарли, дедим.

-Давай вперёд!

Сергей иккаламиз чиқиб машинанинг орқа ўриндиғига ўтирдик. Рулда 24- 25 ёшларда оддий кийимдаги қозоқ йигити эди. Ўтириши-

шимиз билан у, – к Памятнику Абая?,- деб сўради. Демак бунга ҳам тушунтиришган. Эй Худо ўзингга шукур, паспортимни олиб қўйишмади

-Да, только в ста метрах от памятника. Дальше он сам пойдёт.

Ҳайдовчи машинани икки тарафлама катта йўлнинг чеккасида тўхтатди. Кўча чироқлари ёниб турган бўлсада, ҳайкал кўринмасди. Ҳайдовчи менга тўғрига 100 метр юрсанг ҳайкални ёнидан чиқасан, деди.

Шу яқинда автомат борми? Бир телефон қилайчи, чиқишибдимикан.

Ҳа, деди ҳайдовчи, йўлни нариги бетида, деб кўрсатди. Мен телефон қилишга ўтдим. Худога шукр, Чанышев ортимдан келмади. Мен телефон қилдим. Мурод ака олди(Раҳматлик Мурод Жўраев- Муборак шаҳар кенгаши раиси ва собиқ депутат). Кетмадизми?, деб сўрадим.

-Ёнингдамасми?,- деб сўради.

-Йўқ узоқроқда.

– Бизни адресимизни билишмайди. Билишганларида сенсиз, ўзлари келишарди.

-Бари-бир эҳтиёт бўлиш керак, ака. Қисқаси мен қочишга ҳаракат қиламан. Дуо қилиб туринглар. Агар уддаласам, ўзим чиқаман. Ҳозирча хайр!

Машинага қайтиб келиб, Сергейга: -Чиқишди. Шу атрофда шекилли. Тезда борамиз, дейишди. Менга Абайни ёнида бўл, атрофни обдон кузатиб, кейин ўзимиз ёнингга борамиз, дейишди. Сергей қандайдир, сўзларимдан чўчигандек туюлди менга. Мен паспортни сўраб қолмасин, деб тезда кетишни пайига тушдим. -Мен борай бўлмаса?-

Да, да иди!, деди довдираб, Сергей. Демак орқадан иккита машина кузатиши Турсуновнинг мени қўрқитиш учун ўйлаб топган лофи экан, рост бўлганида Сергей бунчалик довдираб қолмасди.

ҚОЧИШ

Худо чевар зот. Унинг ҳеч бир ишида заррача нуқсон йўқ.

Мен ҳайкал томонга қараб кетаётганимда ёмғир томчилаб бошлади. Ҳайкални ёнига етганимда ёмғир тезлашди. Эй Худойим Нажот бер!

Бу ерда 5 дақиқа туриб улгурмай, ёмғир жалага айланди. У секунд сайин тезлаша борарди. Бир пасда жала шундай тезлашди-ки, икки метр наримда савлат тўкиб турган Абай ҳайкали кўринмай қолди. Мен шунгача ҳам, кейин ҳам ҳали бунақа қалин ёмғир кўрмадим. Бу Оллоҳнинг илтижоларимни ижобат қилиб, менга берган нажоти, деб тушундим. Бу ҳодиса У Зотнинг қанчалик чевар эканлигининг ёрқин намунаси эди. Вазиятдан тезроқ фойдаланиб қолмасам, Сергей менга раҳми келиб, машинага ўтириб тур, деб таклиф қилиб қолиши мумкин. Шу пайт бир қизил 08 келиб тўхтади. Ҳатто чироғларининг ёруғини ҳам бевосита яқинига бориб, кейин илғадим. Жиққа( рус тилида)ҳўл бўлибсан-ку, балким обориб қўйиш керакдир. Мен унинг ўтир дейишини ҳам кутмай, машинага ўтириб олдим. Машина жилди. Мен эса дарров ёнбошлаб олдим.

-Нима буйракни шамоллатиб қўйдингми?- деб мен томонга ўгирилди ҳайдовчи.

-Ҳа, ёмғирда кўп туриб қолдим. Кеч келдим.

– Шу яқин атрофдан бирор меҳмонхонага обориб ташлайми?, деди ҳайдовчи, ойнадан менга қараб. Паспорт есть, конечно, -деб паспортни унга тутқаздим. У паспортнинг орасидаги самолёт билетини кўриб, шубҳаси мутлақо тарқалди.

-Ёнимда бор-йўғи 100 долларим бор. Тежаб ишлатмасам, қайтиб кетолмай қоламан,-да. Чўнтагимда ростдан ҳам 100 доллар бор эди. Ҳозир ҳам турибдимикан, деб бир пайпаслаб қўйдим. Турибди. Агар ичиб ширакайф бўлишмаганда, паспорни ҳам пулни ҳам олиб қўйишарди.

– Агар хоҳласанг мени уйимда қол. Овқатинг билан бирга эрталаб гача 10 бакс берсанг бўлади.

-Кийимларимни қуритиб олсам бўладими.

-Запросто, куке.

-Келишдик,- дедимда, орқа ойнадан қараб олдим. Изимизга тушишмаган. Демак ёмғирда кўрмай қолишган. Оллоҳга ҳамду- санолар бўлсин!

Исминг нима, куке?

-Юсуф. Сизникичи?,-дедим сизлашда давом этиб.

-Жонас. Мен водитель бўлиб ишлайман. Кечга ишдан кейин озроқ такси қиламан.

-Бошлиғингиз ким бўлиб ишлайди?

-Шеф частный детектив. Хотини билан бирга ишлайди. Ўзи ёш. Икки йил терговчи бўлиб ишлаб, кейин кетиб, хотини билан контора очди. Иши яхши. Менга ҳам яхши ҳақ тўлайди.

Машина тўрт қаватли уйнинг ёнида тўхтади.

-Келдик куке, сен тушиб тур, мен машинани гаражга қўйиб, келаман.

Мен бир орқага қараб олиб, кейин тушдим. Ёмғир анча ҳовуридан тушган эди. Айвонни тагида паналаб кутиб турдим. Бирор машина келиб қолмасмикан, деб уйнинг ён томонига пойлаб қарадим. Йўқ, Худога шукр. Уст –бошим жиққа ҳўл бўлганига энди эътибор бердим. Қўлтиқ чўнтагимдаги 100 долларлик купюрани ушлаб кўрдим, намиқмабди. Бу вақт Жонас келди. Хонадони учинчи қавтда экан.

Эшикни хотини очди. Бизни таништирди. Исми ҳозир эсимда йўқ. Хотини бир сира кийим бош олиб келди. Кийимларимни ечиб бердим. Жонас иккимиз ошхонага кирдик. Хотини бир пасда аччиқ чой дамлади. Кейин тайёр овқатни иситиб берди. Овқатни ҳиди иштаҳамни қитиқлади. Соат 12 дан ўтибди. 14 соат бўлибди туз татимаганимга. Овқатни иштаҳа билан еб олдик.

-Жонас, дўстимга телефон қилсам майлими?, деб сўрадим.

-Да, конечно. Фақат кеч бўлмадими?

-Йўқ, у кутяпти мени. Сен билан жиддий гаплашадиган гап бор. Мени кимлигимни билишингни истайман. Биринчи навбатда дўстимни телефон қилиб тинчлантириб қўяй.

-Мана телефон, қилиб ол.

Мурод ака гўшакни кўтарди. –Ака бу мен. Амалладим.

-Қочдизми?

– Ҳа, ёмғир ёрдам берди. Ҳозир Жонас деган йигитни уйидаман. Шуни машинасида кетиб қолдим.

-Орқайиздан қувишмадими?

-Йўқ, менимча йўқотиб қўйишди ёмғирда.

-Жонас нима иш қиларкан?

-Шофёр.

-Ишонса бўладими?

– Бир гаплашиб кўрайчи, кейин яна чиқаман.

-Бўпти, кутаман.

Телефонни қўйиб Жонасни ёнига ўтирдим-да,-Жонас сен билан гаплашадиган гап бор. Бу жиддий. Сен аслида мени Ўзбекистонлик ментларни қўлидан қутқардинг. Буни учун чексиз миннатдорман. Сенга мен туфайли муаммо бўлишини истамайман. Кет десанг, кетаман. Фақат кийимим қуригунча қолишга рухсат берсанг, илтимос.

-Нимада гумон қилишаяпти?

-Мен мухолиф журналистман. Бу ердан газетамиз чиқаркан. Шуни топиб беришимни талаб қилишди. Мен уларни Абай ҳайкалининг олдига олиб, келишаркан деб алдадим. Аслида қочишдан умид қилган эдим. Мана сен сабабчи бўлиб, қочиб қутулдим. Энди сен нима десанг шу. Қароринг қанақа бўлишидан қатъий назар, мен сендан бир умрга миннатдорман. Сен менга ҳам, дўстимга ҳам катта яхшилик қилдинг. Фақат у кутаяпти. Мен унга сен билан гаплашиб, кейин яна телефон қиламан,-деб ваъда бергандим.

-Мен хурсандман агар гапларинг рост бўлса. Дўстинг билан гаплаштирасанми?

-Бир гаплашиб кўрайчи,хоҳлармикан,-дедимда рақамни тердим.

Мурод ака телефонни олиши билан, -нима гап Юсуф гаплашдизми?-деб сўради шошиб.

-Ҳа гаплашдим. Фақат у ердан тезда чиқинг. Борадиган жойингиз борми?

-Ҳа бор.

-Ўша жойдан бориб мана шу рақамга чиқинг, ўзи билан гаплаштираман. Тез чиқинг у ердан, ака! Мени қидириб, топишолмагач сизни номерингиз билан қидиришади. Бу аниқ.

-Хўп, эрталаб чиқаман бўлмасам.

-Эрталаб ўзи чиқаркан,- дедим Жонасга қараб, –у ердан тезда чиқишлари лозимлигини тайинладим.

-Яхши қилибсан. У ерда қолиш мумкин эмас. Телефон номери билан қидириб қолишлари мумкин. Яхши, унда сен ётиб ухла. Ёмғир секинлашди. Энди ёмғирдан бекиниб олган йўловчилар чиқишади. Мен чиқиб яна бирор соат такси қилиб келаман.

Менга хотини меҳмохонада жой солиб берди. Бир душ қилиб, кейин ётиб ухладим. Эрталаб соат 8 да телефон жиринглаганидан уйғониб кетдим. Бу Мурод ака бўлса керак, деб ўйладим.Телефонни Жонас кўтарди. Мен ювиниб чиққунимча у гаплашиб бўлган экан. Менга Мурод ака билан Рустам телефон қилганини айтди. Рустамни танимас эдим. У қозоғистонлик журналист бўлиб, Жонас уни кўп эшитган экан.

-Улар бугун сени келиб ўзлари олиб кетаркан, -деди.

ИЗҚУВАРЛАР ЯНА ҚОВУН ТУШИРИШДИ

Нонушта қилиб бўлганимиздан кейин, кийимларимни алмаштириб олдим-да, чўнтагимдан юз долларлик купюрани чиқариб Жонасга бердим.

-Барибир майдалашга тўғри келади. Қайтимини тенге билан беравер, дедим. У 90 долларга ҳисоблаб менга қозоғ пули билан менга қайтим берди. Соат 9 дан ўтиб Мурод ака телефон қилиб,- Биз келдик. Пастга тушинг, кетамиз, деди. Жонаснинг хотинига ташаккур айтиб хайрлашдим. Жонас мени пастгача чиқиб, кузатди. У билан ҳам самимий қучоқлашиб, хайрлашдик. У ердан Рустам Жангушинникига келдик. Рустам ака 55 ёшлардаги таниқли журналист экан. Мен бўлган воқеани батафсил сўзлаб бердим. Сўзларимни тинглаб бўлгач, Рустам ака,-демак норасмий келишибди. Бу ҳолатда қидирув беришолмайди. Улар кетиб, қотилликда ёки бошқа жиноятда гумон қилинаётган одам сифатида тегишли материаллар асосида расмий келишув билан келишади. Жуда шошилинч қилишса ҳам бунга 2-уч кун кетади. Бу сизни Қозоғистондан чиқиб кетишингиз учун етарли вақт, -деб мантиқий фикр билдирди. Мен билан Мурод акага бу маъқул бўлди, аммо етарли пулимиз бўлмаганлиги учун бир ой қолиб кетишга мажбур бўлдик. Орадан бир ҳафта ўтиб Олма-Отада Марказий Осиё минтақ асидаги инсон ҳуқуқларига бағишланган халқаро семинар бўлиб ўтди. Шу семинар вақтида қанақадир таклиф қилинмаган шубҳалали шахслар борлиги кўзга ташланиб қолибди. Семинар ташкилотчилари улардан кимлиги ва нима мақсадда келишганликларин суриштиришса, улар ўзларининг Ўзбекистон ИИВ нинг жиноят қидирувидан эканликларини, ва Рўзимуродов Юсуф исмли қотилликда гумон қилинаётган Ўзбекистон фуқаросини қидиришаётганликларини айтишган. Семинар қатнашчиларининг қаттиқ норозилигига сабаб бўлган ушбу ҳолат, тадбирга нисбатан қўпол ҳурматсизлик, деб барча ОАВ дан эълон қилинди.

Юсуф Рўзимурод

28.07.2020

Манба: facebook.com

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
xxx video gratis porno italiano
paykasa instagram takipi hilesi instagram followers free followers ak bys ak etme bys shell indir php shell hacklink hacklink al hacklink satn al denizli escort tempobet giri altanya escort bayan ankara escort bayan maltepe escort umraniye escort eskiehir escorteskiehir escort eskiehir bayan escorteskiehir escort

rokettube