Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Бобомурод Абдуллаев қандай қилиб “Қора мерган”га айлантирилди ёки ким Ўзбекистонни парда ортидан бошқаришга уринмоқда?

Бобомурод Абдуллаев қандай қилиб “Қора мерган”га айлантирилди ёки ким Ўзбекистонни парда ортидан бошқаришга уринмоқда?
14 Ağustos 2020 - 22:13 'да юкланди ва 1216 марта ўқилди.

Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати раиси Абдусалом Абдумавлонович Азизов (ААА) Ўзбекистонни парда ортидан идора қилишга интилаётган икки “серый кардинал”дан биридир.

У собиқ мансабдоши Рустам Иноятов изидан бориб, президент Мирзиёевни “қўлга ўргатиш” тажрибасини ўзлаштириб олган.

“Элтуз” почтасига “Политолог” имзоси билан йўлланган мақолада ана шундай иддао илгари сурилган.

Мақоладаги яна бир даъвога кўра, ААА мақсадига эришиш учун “ўз салоҳиятидан келиб чиқиб майда гап ва ишларга ўралашиб”  қолгани учун “давлат хавфсизлиги жиддий зарар кўрмоқда”.

Мақолада таъкидланишича, генерал ААА Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (АОКА)нинг “троллар фабрикаси”га асос солган собиқ раҳбари Комил Алламжоновнинг Бобомурод Абдуллаев “Қора мерган” экани ҳақидаги “далиллари ва ишонтиришларига лаққа тушган”, унинг қўлга олиниши мамлакат имижига халқаро миқёсда қанчалик салбий таъсир этиши ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаган.

“Политолог”, шунингдек, АААни президент оиласи аъзоларини ёмонотлиқ қилиш орқали унинг обрўсига путур етказиш, коррупцион схемалар ташкил қилиш, порахўрлик ҳамда юқори давлат органларига ўз одамларини қўйиш ва шу тариқа ҳокимиятни қўлга олишга уринаётганликда айблаган.

“Элтуз” ўзининг ишончли манбалари орқали мактуб муаллифининг Ўзбекистондаги юқори давлат идораларида ишловчи шахс эканини аниқлашга муваффақ бўлди.

“Элтуз”да мақолада илгари сурилган иддаолар ва келтирилган фактларни исботлаш имкони йўқ.

Аммо уларнинг жиддийлиги, Ўзбекистон келажаги ва мамлакатдаги легитим ҳокимиятнинг хавф остида қолиши мумкинлигини ҳисобга олиб, мақолани тўлалигича муштарийларга етказишга қарор қилинди.

Илгари сурилган иддаоларни текшириб кўришни эса Ўзбекистон ҳуқуқ- тартибот идоралари ихтиёрига қолдирамиз.

Қуйида мақола билан танишинг.

Ўзбек Решельеси: Мамлакат парда ортидан қандай бошқарилади?

Азалдан давлат раҳбари (шоҳ, амир, хон, бош котиб, президент) ким бўлишидан қатъи назар, ҳамиша “кардинал Решельелар” мамлакатда подшоҳнинг эмас, ўзининг сиёсатини юритишга ҳаракат қилишган. Аксарият ҳолатда бунга эришишган ҳам.

Масалан, президент Ислом Каримов даврида Миллий хавфсизлик хизмати раҳбари Рустам Иноятов мамлакатда де-факто хўжайин бўлган. Бу фақат Ўзбекистонга хос мисол эмас. Барча даврларда турли давлатларда “серый кардинал”лар бўлган.

Давлатлар тарихи ўрганилса, аниқ кўриш мумкинки, улар подшоҳ эмас, “серый кардинал”лар тарафидан бошқарилган. Давлатларда ҳукмдорлар тез-тез ағдарилган ёки жисмонан маҳв этилган.

Қизиғи шуки, бу ҳолат минг такрорланса-да, ҳануз “серый кардинал”лар пайдо бўлишда, подшоҳлар эса уларнинг таъсирига тушиб қолиб, аянчли тақдирга дуч келишда давом этмоқда.

Савол туғилади, хўш, тарих такрорланса-да, қандай қилиб ҳукмдорлар улар таъсирига тушиб қолаверади?

Бу саволга жавоб топиш жуда осон. Бунинг исботини янги Ўзбекистон мисолида кўриб чиқамиз. Янги Ўзбекистонда Давлат хавфсизлик хизмати раиси ААА “серый кардинал” бўлишга интилаётган икки шахсдан биридир.

“Серый кардинал”ликка иккинчи даъвогар тўғрисида биз кейинги мақолаларимизда батафсил тўхталамиз.

Умр бўйи хавфсираб келгани хавфсизлик хизмати раислигига кутилмаганда тайинланган ААА ўзини йўқотиб қўймади. У жон-жаҳди билан ундан олдинги хизмат раҳбарлари ичидан Рустам Расуловичнинг президентни “қўлга ўргатиш” тажрибасини ўзлаштирди.

Хавфсизлик хизмати раҳбарининг мавжуд имкониятлари инобатга олинса, бу жуда осон эканини тушунди. Ҳар қандай подшоҳнинг қўрқувларини ким бошқарса, унинг ўзини ҳам ўша одам бошқаради.

Буни теран англаган ААА хизматда аввалги раҳбарлардан қолган кадрларнинг бошини силаб, уларнинг хизматларидан фойдалана бошлади. Эски, ўзи нафрат қилган душманлари билан иттифоқчи ва айрилмас дўстга айланди.

Уларнинг президент Мирзиёев сиёсатига зимдан қаршилик қилишларига ҳам парво қилмади. Муҳими – улар орқали президентни доимий қўрқувда ушлаб туриш!

АААнинг диққатини тортган бирини ҳолат шу бўлдики, президент Мирзиёев халқ муаммоларидан ўзига олиб кирилган ҳужжатлар орқалигина эмас, балки ижтимоий тармоқ ва маҳаллий ҳамда хорижий матбуот орқали ҳам хабар топади.

Кўрарга кўзи, отарга ўқи бўлмаган Комил Алламжонов билан зимдан пинҳона дўстлик ришталарини ўрнатиб олиб, ҳамкорлик қилишининг сабаби ҳам шунда эди. Чунки Комил Алламжонов ўтган вақт мобайнида бир нечта яширин троллинг марказлари, қўлга ўргатилган ўнлаб блогерлар, йигирмадан зиёд дастурчи хакерлар армиясига эгалик қилиб келмоқда.

Бундан ташқари, Фирдавс Абдухолиқов билан ҳам эски аразларини унутиб, уни қўллаб-қувватлай бошлади. Бунинг сабаби шуки, Абдухолиқов бир нечта хусусий теле ва радиоканаллар, газеталарга эга.

Улар билан алоқаларни мустаҳкамлагандан сўнг ААА президент Мирзиёевга ёлғондан иборат турли тезкор хабарлар кирита бошлайди. Президентни бунга ишонтириш учун эса сариқ матбуот (Абдухолиқов) ва ижтимоий тармоқлар (Алламжонов) ёрдамида турли шов-шув, сенсациялар уюштиришга киришади.

Стратегик мақсад сифатида, биринчи навбатда, президент Мирзиёевнинг ҳурматига сазовор  одамларни унинг орбитасидан узоқлаштириш учун уларни қоралаш акцияларини уюштиради. Уюштиришда давом этмоқда ҳам.

Шахс сифатида жуда майда бўлган ААА ўз салоҳиятидан келиб чиқиб майда гап ва ишларга ўралашиб қолди. Президентга киритиладиган ҳужжатларидаги муаммолар майдалашиб кетди, кетмоқда.

Давлатга нисбатан ҳақиқий хавф ва жиддий таҳликалар қолиб, ўз шахсий майда манфаатларига хизмат қилишга мақсадлантирилган ғийбатларни давлат раҳбарига олиб кирмоқда.

Натижада давлат хавфсизлиги жиддий зарар кўрмоқда. Хавфсизлик хизмати ходимлари бугун аччиқ киноя билан таъкидлаганларидек, “ДХХ ИИВнинг бўлимига айланиб қолмоқда”.

Сўнгги кунларда ААА фаолиятининг энг кўзга кўринган “маҳсули”дан баъзи бирларига тўхталиб ўтамиз.

Узоқни ўйлаш имкониятидан йироқ шахс сифатида у Комил Алламжоновнинг таклифига биноан “Ўзбекистон Республикаси давлат раҳбари сиёсатига нисбатан ахборот маконида салбий ахборот тарқатувчи блогер ва журналистларни аниқлаш” мақсадида кўплаб блогерларнинг телеграм аккаунтларини бузиб киришга розилик беради.

Комил Алламжонов эса ўз армияси орқали бу ишни амалга оширди. Қонунда тақиқланган йўл билан олинган маълумотларни АААга тақдим этди. Лекин ҳар қандай ҳолатда ўзини асраб қолишга устаси фаранг Алламжонов ААА кутмаган манёвр қилди, яъни у дарҳол интернетда чиқиш қилиб, бу акцияни қоралади.

Камига бу ишни хавфсизлик хизмати бажарган, дея очиқча шаъма қилди чиқишида. Бундай зарбани кутмаган ААА икки томонлама довдираб қолди. Нега икки томонлама?

Чунки бундан олдинроқ айнан Алламжоновнинг “далил”лари ва ишонтиришларига лаққа тушган ААА “Қора мерган” Бобомурод Абдуллаев эканига ишонтирилган эди.

ААА “чекист”ларга хос ҳар тарафлама ўйлаб кўриш қобилиятидан маҳрум бўлгани сабабли, агар Бобомурод Абдуллаев қўлга олинса, президент хурсанд бўлиб, унга ишончи ортади, дея ишонган.

Ваҳоланки, сал фикрлаш қобилиятига эга одам Бобомурод Абдуллаевнинг қўлга олиниши президент имижига халқаро миқёсда қанчалик салбий таъсир этиши ҳақида ўйлаб кўрган бўлар эди. Қолаверса, Бобомурод Абдуллаевнинг “Қора мерган”лиги ҳақида қўлида ҳеч қандай далил-исбот бўлмасдан туриб бу ишга қўл уриши кечириб бўлмас хато эди.

Нега ААА бу ҳақда жиддий ўйлаб кўрмади? Сабаби, бу пайтда ААА “жиддий масала” билан банд эди. “Жиддий масала” шуки, ААА бу пайтда президентнинг кичик куёви Отабек Умаровга қарши акциялар уюштириш, унга нисбатан “негатив” тўқиб, президентга тақдим этиш билан оввора эди.

Ахир ҳар қандай шоҳни “қўлга олиш”, энг аввало, уни оиласидан кўнглини совитиб, улар билан алоқасини бузишдан иборат. Бу ҳақиқатни у “устози” Рустам Иноятовдан ўрганган.

Унинг Давлат хавфсизлик хизмати раҳбари сифатидаги даражасини белгиловчи яна бир мисол. ААА бир нечта хорижий давлат хавфсизлик хизматлари раҳбарларига ўша ерда истиқомат қилиб, Ўзбекистонга қарши мақола ёзган журналистларни “профилактика” қилиб қўйишни сўраб мурожаат йўллаган.

Хавфсизлик хизматлари тарихида бу “нонсенс”! Бундай илтимос билан хат йўллаш, аввало, давлат сифатида Ўзбекистоннинг бошқа мамлакатлар олдида ожизлигини тан олиш, ДХХнинг кучсизлигини кўрсатиш ва мутахассис сифатида хавфсизлик масалаларида тўла оми эканини исбот қилишдир.

Янги Ўзбекистонни парда ортидан туриб бошқаришга интилаётган АААнинг “профессионал” сифатидаги фаолиятидан яна бир жиҳатга назар ташлаймиз.

ААА Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашда энг катта “натижа” қилаётган раҳбарлардан биридир. Унинг хизмати сўнгги йилда 100 доллардан икки ёки уч минг доллар пора олган порахўрларни қўлга олишда биринчи ўринга чиқди.

100 доллар билан қўлга олинган маҳалла раиси ёки универститет доценти ҳақидаги шов-шувли материаллар ўз стратегик шериклари (Алламжонов ва Абдухолиқов) ёрдамида интернет тармоқлари ва сариқ матбуотда, хусусий радио ва телеканалларда намойиш этилади.

Аммо АААнинг ўзи 100 000 доллардан кам бўлмаган ҳақиқий коррупцион амалиётлардан ҳазар қилмайди.

Мисоллар: Ўзбекистон фуқароси Н.Ҳусановнинг 100 000 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритган Ғафуров Ҳафиз Қамбарович Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми билан айбланиб қамалган эди.

Ўзининг эл кўзи учун гўёки “душмани ва рақиби” бўлган биринчи ўринбосари Ботир Турсунов (президент Мирзиёевнинг қудаси) “илтимоси” билан ИИВга оғзаки топшириқ бериб бу шахсни озодликка чиқариб юборади. “Илтимос” қуруқ сўздан иборат эмаслиги тушунарли.

Ўзбекистон пойтахтида ҳозир исталган муаммоларни ҳал қилувчи сифатида танилиб қолган, АААнинг ишончли вакили сифатида ном қозонган Мирзоит Мирағзамович Обидов (машҳур “Честер” ресторанининг эгаси) ўз вақтида қилган оғир жиноятлари туфайли судланиб, АААнинг бевосита аралашуви туфайли қамалмай қолган.

Бугунги кунда Обидов “Ўзавтосаноат”да бошқарма бошлиғи ўринбосари сифатида фаолият юритади. Албатта, бу жойни ҳам Обидов ўз “танка”си ААА кўмагида эгаллаган.

Обидовнинг асосий “функционал мажбурияти” “Ўзавтосаноат” раҳбари Ш.Умрзоқов ва ААА ўртасида алоқачи бўлишдир. Умрзоқов Обидов орқали Давлат хавфсизлик хизмати раҳбарига ўз илтимосларини етказиб туради, ундан эса керакли топшириқларни олади.

Президент Мирзиёев танқидига қарамай, “Ўзавтосаноат” “ўжарлик”да давом этишининг сабабини энди тушунгандирсиз?!

Обидов расман бошқа лавозимда ишлашига қарамай, амалда “Ўзавтосаноат”нинг шахсий хавфсизлик бошқармаси бошлиғи вазифасини бажариб келади.

Тошкент вилояти ИИБ бошлиғи ўринбосари Ортиқ Худойберганов ҳозир Обидовнинг энг яқин улфатига айланиб, у орқали “соққали” ишларни ҳал қилмоқда. “Соққа”нинг асосий қисми кимга узатилаётгани ҳақида гапирмаса ҳам бўлади.

Бу жуфтлик сўнгги уч ой давомида пойтахт туманлари ҳокимларига тўғридан-тўғри кўрсатма бериш орқали давлат сиёсий ва иқтисодий манфаатларига зарар етказувчи ўнлаб ишларни амалга оширишди.

Бевосита уларнинг кўрсатмаси асосида қилинган “ишлар” натижасида давлат манфаатларига 440 миллиард сўм зарар етказилган. Аммо яқинлари томонидан “Князь” лақаби билан чақириладиган Обидов ўз паноҳи ААА ёрдамида Бош прокуратурадаги керакли одамлар билан яқин алоқалар ўрнатиб олганлиги сабабли бу ишларга кўз юмилиб келинмоқда.

АААнинг давлат хавфсизлиги соҳасини барбод қилиш бўйича амалга ошираётган ишлари ҳам аввал тилга олинган “каромат”ларидан кам эмас.

ААА хизмат раҳбари сифатида иш бошлагач, илк ишни қанчалик қабоҳатга ботган бўлмасин, қабиҳ бўлмасин, давлат ва бурчига эмас, унгагина хизмат қилувчиларни ўз атрофига йиғишдан бошлади.

Сўнгги олти ойда эса ААА хавфсизлик хизматига давлатга хиёнатда айбланиб, ўз айбига иқрор бўлган Ихтиёр Абдуллаев ва Жаҳонгир Эгамовнинг одамларини йиға бошлади. Уларнинг хизмат пиллапояларида юқорилашига кўмак бермоқда.

Фақатгина Давлат хавфсизлик хизмати эмас, ИИВ, Мудофаа вазирлиги, Президент администрацияси, Вазирлар Маҳкамасига ватан хоинлари деб топилган жиноятчиларнинг ишончли одамларини жойлаштирмоқда.

Хизмат раҳбари сифатида кадр танлаш, инсон сифатида одам таниш илмидан мосуво бўлган ААА Давлат хавфсизлик хизматининг энг муҳим йўналишларига мутахассис тайинлашда қовун туширмоқда.

Хавфсизлик хизматининг асосий йўналишларидан бири бўлган конституцион тузумни ҳимоя қилиш йўналишига АААнинг тавсиясига биноан Т.Валиев бошлиқ этиб тайинланганди. Бошқарма бошлиғлиги ишига малакаси етмайдиган Т.Валиев тайинланганига салкам уч ой бўлмай, ААА унинг ўрнига одам қидирмоқда.

Чунки Т.Валиев конституцион тузумни ҳимоя қилиш ишида қисқа муддатда йирик хатоликларга йўл қўйиб улгурди. Бундан ташқари, АААнинг ўзи танлаб, хавфсизлик идорасининг устуни этиб тайинлаган кўплаб кадрлар вазифасини уддалай олмаётгани сабабли профессионал лаёқатсизлигини кўрсатмоқда. ААА уларни ҳам яқин орада алмаштирмаса бўлмаслигини тушуниб етди.

Хабарларга кўра, хавфсизлик идорасининг кўпчилик ходимлари АААнинг жамоа ичида ҳурмати тушиб кетаётганини, ДХХ ИИВнинг филиалига айланиб қолганини таъкидлашмоқда.

ААА фақат ДХХ эмас, балки ИИВ тизимига ҳам ўзига яқин (аслида Ихтиёр Абдуллаев ва Жаҳонгир Эгамов тўдасига тегишли) кадрларни илгари сурмоқда.

АААнинг ҳаракатлари билан куч ишлатар тизимларда униб ўстирилаётган кишиларнинг баъзи бирлари қуйидагилар: ИИВ кадрлар бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Тўлқин Жуманов, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси бошлиғи Бахтиёр Бердиалиев, Андижон вилояти ИИБ бошлиғи Озод Тасабоев, Сурхондарё вилояти ИИБ бошлиғи Абдувоҳид Исмоилов, ИИВ ички хавфсизлик бошқармаси бошлиғи ўринбосари Бахтиёр Жалолов (айни кунларда ААА бу кадрнинг ИИВ тергов бош бошқармаси бошлиғи – ички ишлар вазири ўринбосарлигига тайинланишига ҳаракат қилмоқда). Фарғона вилояти ИИБ бошлиғи бўлиб ишлаб келаётган Д.Тошхўжаев ҳам ААА ҳимояси остидаги “ниҳол”лардан бири сифатида униб ўсмоқда.

Давлатни парда ортидан бошқаришга интилаётган ААА бу ишда энг муҳим нарса, яъни стратегик фикрлай олиш қобилиятга эга бўлиш ҳамда Ватан манфаатидан шахсий манфаатни устун қўймаслик лозимлигини инобатга олмади.

Политолог

Манба: eltuz.com

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
xxx video gratis porno italiano
paykasa instagram takipi hilesi instagram followers free followers ak bys ak etme bys shell indir php shell hacklink hacklink al hacklink satn al denizli escort tempobet giri altanya escort bayan ankara escort bayan maltepe escort umraniye escort eskiehir escorteskiehir escort eskiehir bayan escorteskiehir escort

rokettube