Акром МАЛИК: ЖАНГЧИ (2)

Акром МАЛИК: ЖАНГЧИ (2)
94 views
07 November 2020 - 18:46

(Боши)

Тарихий-бадиий қисса

Биринчи боб

…Роқиб уйғонганида онаси отасини ўзи кавлаган чуқурга қийналиб судрарди. Тун ярмига оқкан, чигиртка чириллар, ой дум-думалоқ бўлиб, қизариб қараб турарди.

Роқиб тез бориб, онасига кўмаклашди. Аёл анча чуқур қабр қазган эди. Мурдани секин тушириш имконсиз эди, шунинг учун ўликни чуқурга ташлашди. Жасад юзи билан тушди. Ашиа қабрга кирди ва эрининг юзини тепага қаратди ва унга гапирди:

– Эй менинг бечора эрим! Биз Мусонинг йўлидан жон сақлаш учун воз кечгандик. Аммо хорландик. Мусо бизнинг аждодларимизни фиръавндан қутқарган эди, у бизга ўзимизни ҳимоя қилишни ўргатган эди, коинот биргина Илоҳ яратган деган эди, биз эса яшаб қоламиз деб ундан юз ўгирдик, яшаб қолдик, лекин таҳқирландик. Сизни итдек ўлдиришди. Эй менинг шўрлик эрим! Мусонинг гаплари ҳақ экан, буни бугун билдим.

Ашиа қабрдан чиқда ва уни тупроқ билан тўлдиришга киришди. У қабрга тупроқ ташларкан, гапирарди:

– Эй менинг жангда шараф-ла ўлмаган эрим! Сизнинг отангиз ҳам, менинг отам ҳам Яҳудо қавмининг аслзодалари эди. Бизни эса душманлар хорлади. Душманлар эмас, биз ўзимизни хорладик. Роқиб, болам, отангни кўм!

Роқиб ҳам тупроқ ташлай бошлади. – Роқиб, ўғлим, сенга асл ҳақиқатни айтаман, – Ашиа ҳам ишлар, ҳам сўзларди. – Сен бизга ёрдам берадиган бошқа худо йўқми, деб бугун сўрагандинг, болам. Шундай Худо бор. Уни бизга Мусо деган бир пайғамбар танитган эди. Биз Мусога эргашиб, ўша якка Худога сиғинардик. Аждодларимиз сиғинарди. Мусо эса Худонинг гапларини бизга етказиб турарди.Мусо Худонинг бир Китобини ҳам олиб келди, аждодларимиз кўп осийлик қилишди, аммо Худо ҳам, Мусо ҳам кечирди. Мусонинг даврида бизнинг бобокалонларимиз қавмнинг аслзодаси эдилар. Мусо аждодларимизни урушга чорлади, гоҳ уни рад қилишди, гоҳ қабул қилишди. Қабул қилишганида шу шаҳарни эгаллашди, биз шу ерда яшаб қолдик. Аммо Мусо, унинг укаси Ҳорун ҳам оламдан ўтгач, аждодларимиз бу йўлга тескари юришди. Худонинг Китобида айтилган ишларни бажаришмади, Худо бизни жазолаб, Балсисо қавмининг золим подшоҳи Жолутни устимизга юборди. Жолут бизни осон енгди. Биз аслзода эдик, отамни ўлдиришди, сенинг отанг ва мени тирик қолдиришди, чунки, биз Мусонинг йўлидан чиқиб, қуёшга сиғинишни бошладик.

Бироқ Жолут бизни аввал Мусо йўлида бўлганимизни унутмаган, агар Мусонинг йўлига қайтсак, қудратга келишимизни билади, шунинг учун тинимсиз бизни эзиб келяпти. Роқиб, болам, отангни хорлаб ўлдиришди, биз Жолутнинг Сақиф Ғоба деган саркардасининг қўлида ўн йил қул бўлдик, энди бундай бўлмайди, қочамиз!

Она-бола қабрни кўмиб бўлишди. Роқиб онасининг гапларидан карахт эди. У тинмай шивирлаётган онасини таний олмаётганди.

– Роқиб, эрйигит бўл. Мадяндан нариги томонларда Шамуил деган киши Мусонинг йўлига одамларни чақираётган экан, унинг олдига борамиз.

– Қачон, она?

– Ҳозир кетамиз.

Ашиа кулбасидан ихчам тугунча кўтариб чиқди ва ўғлини етаклаб, саҳро томонга югурди…

Тонгга яқин улар саҳрога кира бошлашди. Шаҳар тугаб, қақроқ дашт келди. Ашиа кунботардан чапга қараб юрарди. Энди унинг мадори қуриб борар, оёқлари чалишиб, йиқилай-йиқилай дер, Роқибга суяниб қоларди.

Орқадан отлар дупури эшитилди. Уларнинг қочгани фош бўлгани аниқ.

Саноқли лаҳзаларда отлиқлар етиб келди. Энг олдиндаги отлиқ уларни қувиб ўтиб, қўлидаги қамчини аямай уларга қараб сермади. Қамчи Ашианинг юзига тегиб, из қолдирди, бурни қонади, аёл ҳушдан кетди. Роқиб онасини ҳимоя қилиш учун ўзини кейинги қамчига тутди. Бола ҳам зарбдан ўзини йўқотди. Отлиқлар уларни бир кишидан олиб, эгарга босиб, шаҳарга қайтдилар.

Иккинчи боб

…Роқиб кўзини очиб, елкасидаги аччиқ оғриқни ҳис этди. Бошини кўтарди. Улар шаҳарнинг маҳкама майдонида эдилар.

Атрофда одамлар  кўпайиб борарди. Хизматкорлар майдоннинг юқори қисмига ўриндиқ ҳозирлашмоқда. Бу ерда она-болани суд қилишади.

Роқиб ҳушсиз ётган онасининг елкасидан оҳиста туртди:

– Она, турақолинг, она…

Ашиа кўзини очди ва сесканиб сапчиди. Аъзои вужуди қақшарди. Қуёш тиккалаб келмоқда. Аёлнинг оёғи кишанбанд этилганди. Қамчи зарбидан бир-икки жойидан қон сизган, юзи шишган, чап кўзи буткул бекилиб қолганди. Ашиа боласини қучоқлади:

– Роқиб, соғмисан, болам?

– Она, юзингиз шишибди…

– Роқиб, эшит, болам, ақлли болам, ўзимнинг жасур ўғлим! – Ашиа ўғлининг қулоғига шошиб шивирлай бошлади. – Бизни судлашади. Сен қўрқма. Сен ҳеч нарсани билмайсан. Сен жим тур. Қандай ҳукм чиқарадилар, билмайман, аммо сен Мусонинг йўлини изла, болам. Мусо Аҳмад деган пайғамбар бутун инсониятни қутқаради, у кофирларни ўлдиради, золимларнинг додини бериб, мазлумга нажот бўлади, деган. Сен Аҳмад деган пайғамбарни эшитсанг, иккиланмай унга эргаш, хўпми? Илоҳий хушхабардаги одам шу бўлади. Наслимизнинг ягона вакилисан, сен ўлмаслигинг керак. Шайтонга алданган сулоламизни яна шарафлантиришинг керак!

– Қочоқлар ҳушига келди!

Икки навкар югуриб келиб, она-болани майдон ўртасидаги устунга боғлади.

Майдон одамга тўлди. Ҳамма она-боланинг тақдирига қизиқаётган эди.

– Булар муртад. Жолутнинг динидан Мусога қайтган!

– Шаҳардан қочишга қандай журъат этишди!

– Аҳмоқ хотин! Ўзингни ўйламасанг ҳам, болангни ўйласанг бўларди-ку!

– Итнинг боласи ит бўлади, оғайни. Болани қара, ҳалидан бўзрайиб турибди.

– Тўғри айтасизлар. Айниган наслдан хайр чиқмайди.

– Буларни тошбўрон қилиш керак!

– Осиш керак!

– Бошини чопайлик!

– Мегажин! Итвачча!

– Қочоқлар! Бизга хиёнат қилиб қочибсанлар!

Оломон ўз гапидан ўзи таъсирланиб, қутура бошлади. Асирлар билан уларнинг орасида ёғоч тўсиқ бўлмаса, она-болани бурдалашга тайёр одамлар ҳам топиларди.

Шу пайт ноғора чалинди, ортидан кимдир баланд овозда бақира бошлади:

– Эй инсонлар! Ер юзидаги энг адолатли подшоҳ Жолутнинг шаҳримиздаги мутлақ вакили, ҳокими олийимиз Сақиф Ғоба жаноблари келмоқда! У кишининг ёнида Осмон ва Ердаги уч юз олтмишта худонинг маслаҳатчиси, буюк донишманд, пуштипаноҳимиз коҳин Аврелий Астинос ҳазратлари! Бу гаплардан кейин ноғоралар янада байрамона гумбурлади, Сақиф Ғоба ва коҳин Астинос савлат тўкиб отда майдонга кириб келдилар. Оломон жунбушга тушиб, увуллади. Одамлар Сақиф Ғобадек буюк саркардани, уч олтмишта худонинг маслаҳатчиси Астиносни бевосита кўраётганларидан шайтонлаб қолаёзди.

Кимдир сакрар, кимдир қўлини кўтарар, ҳамма оғзидан тупук сачратиб бақиради:

– О буюк Ғоба!

– О илоҳий Астинос!

– Мен ҳам кўрай, менга кўринмаяпти…

– Этакларини ўпа олсайдик…

– Этикларининг изи ҳам муқаддас!

Оломон ичидан бир-икки кампир чирқирарди:

– Эй муқаддас Астинос, худоларга айтинг, қизимга ўғил берсин!

– Ўғлимга бойлик!

– Менга чиройли хотин!

– Менга ҳашаматли сарой!

Шовқин оғушида Ғоба ва Астинос ўзлари учун ҳозирланган тахтга бориб ўтиришди.

Ғобанинг бош амалдори Тасмин қўлини кўтариб ҳайқирди:

– Жим бўл, халойиқ! Жим бўл!

Бир зумда ҳамма тинчланди. Майдонга сукут чўкди.

– Улуғ ҳоким Ғоба ҳамда худолар маслаҳатчисини шарафлашингиз жуда олийжаноб иш! Бироқ орангларда кимлардир ўз илтижоларини йўллаяпти. Бу ҳам жуда тўғри. Аммо…

Тасмин “аммо” дедию, овозига сирли, ҳокимона тус берди: – Бугун майдонга хиёнаткорларни жазоламоқ учун йиғилдик. Адолат гуллаб яшнаган, худоларнинг бевосита ҳимоясида бўлган, ҳамма шод-хуррам яшаётган жаннатмакон шаҳримиздан қочишга журъат қилган хоинлар оиласини жазолашимиз шарт! Сизлар эса худолар маслаҳатчиси илоҳий Астиносни ўз истакларингиз ила безовта қилмоқдасиз. Истакларни сўрамоқ учун муқаддас ибодатхона ҳадяларингиз ила боринг. Ҳадяларингиз худоларга маъқул келса, Астинос ҳазратлари тилагингизни уларга етказади. Тилагингизни ижобат қиладими, йўқми, кейин бу иш ҳам худоларнинг ихтиёрида қолади. Мени тушундингизми?

Оломон гувиллади:

– Ҳа, тушундик!

Тасмин ишини тугатиб, жойига қайтди. Ғоба қўлидагиҳокимлик ҳассасини кўтариб, ўтирган жойида гап бошлади:

– Бизнинг шаҳримиз буюк шаҳар! Бу ерда ҳам бахтиёр! Худолар ҳам биз билан. Коҳин Астиноснинг ёрдами билан шахсан ўзим етмиш бешта худони саройимда қабул қилганман. Уларнинг ҳаммаси шаҳримизни қўриқлашга ваъда берди. Бу она-бола эса катта хиёнат қилдилар! Улар ярим кечаси қочиб кетишди. Аммо худолардан хабар келди. Навкарларимиз тутдилар. Энди уларни адолатли суд қиламиз. Қилмишларига жавоб бериб, муносиб жазо олишсин!

Ғоба Ашиага кўзларини қисиб қаради:

– Эй жиноятчи хотин! Кимсан, насабинг қандай, ўзингни олий ҳукм берувчиларга танит!

– Мен Ашиа, отам пайғамбар Ёқуб қавмидан Аслам, бобом шу шаҳарнинг ҳокими Муассардир.

Аёлнинг овози чақмоқдай янгради, оломондаги ғазаб сўнгандек бўлди, ҳатто ҳоким Сақиф Ғобанинг ҳукмрон саволи бу жавоб қаршисида сув чўккан тошдек чўкди. Ҳамма кишандаги аёл ҳукмдорлар оиласига мансублигини англаб етди. Ашиадаги шиддат айнан маликаларга хос эди. Роқиб эса бу ҳақиқатни энди эшитгани учун онасига ҳайратланиб қаради.

(Давоми бор)

Акром Малик