Акром МАЛИК: ЖАНГЧИ (8)

Акром МАЛИК: ЖАНГЧИ (8)
57 views
15 November 2020 - 7:30

(Боши)

Тарихий-бадиий қисса

Бешинчи боб

– Ибодатхонангизни тўлдириб турган тош санамларингиз сиз учун уруш қилса, бўлмайдими? Ўшалар сизларга овқат берсин! Ҳозир бошингизни чопсам, анави энг баланд ҳайкалингиз, оти нима эди? Ўша келиб сизни ҳимоя қилсин!

– У тош ҳайкал…

– Худо эмасми ўша тош ҳайкал?

– Худо, албатта…

– Нега унда қўлидан бир иш келмайди?

– Тош ҳайкаллар худоларнинг сиймоси… Худолар бошқа жойда яшайдилар…

– Худолар ўз сиймосини ҳамма бандаларига кўрсатаверса, қадри ҳам йўқ экан-да!

– Ундай деманг, ҳоким жаноблари… Шак

келтияпсиз… – Коҳиннинг овози шу нуқтада йиғламсираш аралаш титраб чиқди.

– Шак келтирмаяпман, ҳазрат, – деди безрайиб ҳоким. – Ўша худоларингиз худо бўлса, биз ҳам худо бўлишимиз керак. Айниқса, подшоҳимиз Жолут худоликка ҳақли! Чунки у сизларни ҳам, худоларингизни ҳам боқяпти, қўриқлаяпти!

– Албатта, албатта.

– Мен ҳам Жолутдан кейинги кичик худоман. Шунинг учун, амримизни бажаринг: Тавротни ўзгартиринг, ҳазрат! Ҳар бир оятидаги бирор сўзни ўзгартиринг!

Коҳин ранги оқарган кўйи орқага тисланди:

– Айтганингиздек бўлади, ҳоким жаноблари…

Коҳин саройни паришонҳол тарк этди. Сақиф Ғоба ўз ишидан жуда ҳузурланди. Коҳинни қай тариқа ер билан яксон қилганини эслаб, илжайди.

“Мана шу қудрат, дейилади!”

Ўзидан ўзи қониқди. Кимдир қулоғи тагида шивирлаб, уни янада тўлқинлантирди:

“Сен чинакам худосан! Ҳатто, коҳинни лол қилдинг!”

Сақиф Ғоба бу гапнимаъқуллаб бош силкиди.

 У бу овозни ўз хожаси Муассарни Жолутга тутиб берганидан буён аниқ эшитиб келмоқда. Даставвал, бу овозни бир хаёл деб ўйлаган Ғоба кейинчалик овозни ҳақиқатан эшитаётганини идрок этди. Овоз эгасини кўришга қанчалик уринмасин, буни уддалай олмади. Бир куни овоз эгасидан исмини сўради. Бир неча марта сўрайвергач, овоз: “Қувилиб, ўз ҳаққини талаб қилаётган бир буюкман”, – деб жавоб берди.

Ғоба ҳайрон бўлиб, “Унда сенинг исминг Қувилганми?” – деди.

“Ҳозирча Қувилган”, – дедию, овоз бу масалада бошқа гапирмади.

Ғоба ҳам у билан ортиқ қизиқмади. Энг муҳими,  Қувилган уни кўп мақтарди, айниқса, Мусо ва унинг издошларига қарши курашишга чорларди. Айнан у Ашианинг қочганини айтди, Ашиа ва унинг боласига жазо беришни сўради.

“Зиндонда болани, чўчқахонада аёлни зўрлашни буюр!” – деб ўргатди. Ғоба Қувилганнинг айтганини қилди.

Тавротни ўзгартириш ҳам Қувилганниг ғояси эди. Ғоба Қувилганнинг ҳар маслаҳати уни кучга тўлдираётганига ишонарди.

Ҳозир ҳам Қувилган Ғобани тўхтовсиз олқишлаб, уни қанотсиз учираётганди. Ғоба ўзи эшитаётган бу овоз ташқариданми, ё миясининг ичиданми, қаердан келаётганини идрок этолмасди. Бу уни кўп қизиқтирмасди ҳам. Қувилган Ғобани не қадар мақтаса, шу қадар қўрқитарди. Бу қўрқув охири кўринмайдиган зулматдан иборат бўларди. Қувилган Ғобанинг

миясида: “Агар айтмаганимни бажармасанг, ана шу тубсизликка чўкасан!” – дерди.

Ғоба бу тубсизликдан қочарди, шунинг учун саройни ҳашаматга тўлдирди, деворларга ўз куч-қудратини акс эттирувчи суратлар чиздирди, шоирларга ўзи ҳақида мадҳия достонлар ёздирди, саройда жуда катта базмлар уюштирарди, ранго-ранг кийимлар киярди,  раққосаларни кўпайтирарди, бу нарсалар қуршовида гўё ўзини фалакларда учгандай сезарди, бу нарсаларни йўқотса, ҳалок бўладигандек даҳшатга тушарди. Ўша даҳшатдан қутулиш учун ўзини яна шовқин ичига урарди. Аслида, бу нарсаларнинг ҳаммаси Қувилганнинг йўриғи эди.

Тасмин кирди.

– Ҳоким жаноблари, зиндонбоши киришга изн сўраяпти.

– Чақир!

Ғоба боланинг тақдирига қизиқаётганди. Зиндонбоши кирди.

– Гапир. Буйруғимни бажардингми? – деди Ғоба.

– Маъзур кўргайсиз, – зиндонбоши тиз чўкди. “Ер ўпишни ҳам жорий қилишим керак”, – деб ўйлади Ғоба. Уни тиз чўкиш қониқтирмасди. Бироқ ер ўпиш Жолутнинг ҳузуридаги махсус таъзим, бошқалар буни талаб қила олмайди.

– Нима бўлди?

– Бола чайир экан. Ёллаган одамимни ўлдириб қўйди.

“Аҳмоқ! Бир ишни эплолмайди булар, – ичида энсаси қотди Ғобанинг. – Болани шу ҳолда қолдирсаммикин? Нимасидан хавфсирайман? Шу қадар эзганим ҳозирча кифоя. Ундан яна бошқа мақсадларда фойдалансам бўлар, балки… Қолаверса, эрта тонгда подшоҳ ҳузурига отланишим керак”.

– Ақлларинг йўқ, – Ғоба қошини чимирди. – Болани ўз ҳолига қўй. Зиндонда у ким билан яқин бўляпти?

– Мусонинг жангчиларидан бўлган чол уни ҳимоя қиляпти.

Бу хабар Ғобага ёқмади.

– Қайси чол?

– Байтил Мақдис жангида Мусо лашкарида қатнашган. Ўшанда бу чол олти ёш бўлган. Подшоҳимиз Жолут амри билан Мусонинг жангчилари асир олинганда, қатл этилганда, тузоққа туширилган. Йигирма беш йилки, зиндонда.

Сақиф Ғоба ўйга чўмди. Қувилганнинг овози миясининг ичида жаранглаб кетди: “Иккаловини шу ҳолда қолдир. Қатл осон иш. Уларни хорламоқ керак. Таҳқирлаш шарт. Иродаси синсин. Зор йиғласин. Мусога эргашганларидан надомат чексинлар! Токи, бошқалар ҳам Мусога тобе бўлишнинг оқибатини кўрсин! Ҳозир чолга ҳам, болага нафас ростлаш имконини бер! Улар ўзларини эркин сезишлари билан бошларига мусибат ёғдирасан!”

Ғоба илжайиб қўйди. Зиндонбошининг кўзлари ерда эди, у шунинг учун бу илжайишни кўрмади. Кўрганда эди, ўз хожасининг нигоҳида ваҳшатдан у ҳам чўчиб кетарди. Тасмин эса Ғобанинг доимий ҳамроҳи. Унинг билгани шуки, хожасидан нега илжайди, нега қайғуда – сўрамаслик керак. Чунки Ғобанинг бир олами бор. У олам жуда қоронғу, унда ҳеч нарса кўринмайди.

– Зиндонбоши, жўна! У иккиси ҳақида ҳукмимни кут.

Зиндонбоши уч марта юкиниб, орқаси билан юриб чиқиб кетди.

– Тасмин, аёлнинг тақдири нима бўлди? – сўради ҳоким.

– У эсдан оғибди, жанобим. Чўчқалар ичига кириб кетди. Чўчқаларни боқяпти, улар билан гаплашяпти. Йиғлайди. Бутун устидан чўчқа ахлати ва пешобини тўкяпти.Баъзида чўчқаларнинг балчиғи ичида юряпти. Унга яқинлашиб бўлмаяпти. Жуда ҳам сасиб кетди, – деди Тасмин.

Ғоба мамнун бўлди.

– Айла қишлоғида яшаган Яҳудо болаларидан бир гуруҳини маймунга айланиб кетган, дейишади. Буларда ҳайвонга айланиш одати бор экан-да. Уни ҳам қўй. Тайёргарлик тугадими?

– Тугади, жанобим. Беш минг кишилик лашкар подшоҳимиз Жолут ҳузурига сизнинг ортингиздан боришга шай!

(Давоми бор)

Акром Малик