Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

МУҲАММАД СОЛИҲНИНГ “ИМПЕРАТИВ” КИТОБИ ЎҚУВЧИСИДАН МУАЛЛИФГА МАКТУБ

МУҲАММАД СОЛИҲНИНГ “ИМПЕРАТИВ” КИТОБИ ЎҚУВЧИСИДАН МУАЛЛИФГА МАКТУБ
24 Kasım 2020 - 10:57

Сиз чалинган “касаллик”дан меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ яна бир қулини баҳраманд этмиш яъниким, ўзимга отилган ҳар қандай тошни бир медал кўксимга тақиб олар экан (бахтишодликдан эмас уларга юзланиб, хатоликларимни унутмаслик учун).

Бу ҳол ўзгалар орасида содир бўлганда ўз бошимдан ўтказмоқдан кўра кўпроқ муттаъсир бўлажакман. Зотан фақир оч ҳолда бўлсаю, қаердадир яна шундай оч мазлум кимсани кўрсам то у тўймагунча менга хотиржамлик раво бўлмайди.

Нима учун ва нимага ўзимни қаерга ураётганимни билмайман. Лекин нимадир қилиш керак.

Мана шу мазлум учун нимадир қилиш туйғуси айни “касаллик”нинг бошланғич босқичидир.

Балки сиз нимадир қилганингизни кимлардир кўриши мумкин. Мени ўз виждоним ва Яратувчимдан бошқа ҳеч бир зот кўрмайди. Мабодо кўргувчилар бўлса ҳам, улар томонидан ўзимга алоқадор бўлмаган ишга бурнимни суқмаслигим, йўқ жойдан душман орттирмаслигим, тинч ҳолдан ғавғо чиқармаслигим ҳақида огоҳлантириламан холос.

Қандай қилиб дунёнинг четидаги бир инсон тош чайнаётган онда менинг томоғимдан таом ўтиши мумкин?

Наҳотки бу менга алоқадор эмас деб виждонимни алдай олсам?! Ахир, инсон бори йўғи ичак-чавоқ маҳсулидан иборат эмас-ку?

Ҳаёт – нафс билан жангда чиройли сабр қилмоқдир. Зинҳор атрофдаги бадбўйликка кўникмоқлик эмас.

Дунё қачон тугайди? Ҳайрат реакцияси ўлганда! Чунки бирор бир ҳақсиз тўкилган кўзёшни кўриб, зилзиладан туғилган тоғлардек инсоннинг ичидан бир чақмоқ хаёл отилиб чиқмаганда дунё тугайди.
Биласизми, айнан Сиз каби ўзим ҳам мазлум ёки халқимнинг, дунёнинг бир бўлаги, қисми учун эмас, ўзим учун ўша чақмоқ хаёлни ёритмасам, мазлумни унутсам, менда шундай хуруж пайдо бўлади. Томоғимда бир тирноқ пайдо бўлиб жиғилдонимни тирнайверади. Еган таомим, олган нафасим, охири ўз-ўзимдан ғижиниб кетаман.

Сенга берилганларнинг ичида энг гўзали ўзингники бўлганидир. Менга берилганларнинг ичида ўзимники бўлгани, мажозий тилда айтганда “ёй буржида туғилганлар”нинг ягона ўзиники бўлгани мазлум учун нимадир қилиш туйғусининг эркинлиги ва айни “касаллик”ка чалинган қалбларидир.

Ўлим – бу бир нуқта. Инсон унгача оддий бир ҳарф, белги ёхуд сўз ёзмоғи мумкин.

Яна кимдир шундай битик ёзадики ҳеч қандай нуқтага хос ҳожат қолмайди. Китобни ўқиган мухлис ўлароқ таъбир жоиз бўлса бу “Иқрорнома” муаллифини шундай нуқтасиз умр ва гўзал ҳаёт эътиқоди ила чин ҳавасла муборакбод этаман!

Шаҳина Абдураззоқ

(Редакцияга келган мактуб)