Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

“БЕГОНА”

24 Kasım 2020 - 12:15
“БЕГОНА”

(Биринчи муносабат)

Санжарали Имомовнинг фейсбук саҳифасида эълон қилган сўнгги постлари билан танишиб чиқдим. Бу одам билан аввалдан таниш бўлмаганимиз учун унинг ҳаракатларини тушуниб олиш истагида ёзган сўнгги постларини ўқиб чиқдим. Тушундимки, Санжарали акамиз “Эрк” партиясини қайта ташкил этишга “бел боғлаб” жонбозлик қилган экан. Аммо сўнгги постининг мазмунини англаб табим хира тортди. Бундан аввал ёзган постлари ва ҳаракати самимий бўлмаганига амин бўлдим.

Аввало, “Эрк” партиясидан ҳам ёшроқ авлод бўлганимиз боисидан, катталарга ҳурматсизлик қилиш ниятида эмасман. Яқин тарихимиздан маълумки, “Эрк” партияси ва унинг бош сафида турган аъзолари мустақиллигимиз ва том маънодаги эркимиз йўлида курашган зиёли, халқпарвар кишилар бўлишган. Биз тенгқур авлод, ёши улуғларимиздан бу партия фаолияти ва ҳаракати ҳақида кўп илиқ хотираларни эшитиб улғайдик. Кейинчалик партия лидери, Ўзбек мухолифати етакчиси, устоз шоир Муҳаммад Солиҳ билан ижодий танишув, яқинлашув баҳонасида англаганим шу бўлдики, каминага оғиз кўпиртириб мақтанганларнинг ҳаммаси ҳам аслида ортиқ жасорат намойиш этган “қаҳрамон”лар бўлишмаган экан.

Афсуски бугун ҳам ёши улуғ зиёлиларимиз орасида ёшлар билан давра суҳбатларида шундай “оғиз кўпиртириб” гапирадиганлари йўқ эмас. Ана шундай тоифадан бўлган ёши улуғ икки таниқли шоирни қизиққон ёшлар бир адабий даврада рад этиб бўлмас фактлар билан “фош этиб” қўйгандик.(Ҳали мавриди келса бу ҳақида алоҳида хотира ёзиш истагидаман).

Ўз вақтида бу партия аъзолари орасида қанчалик баҳамжиҳатлик бўлгани балки биз тенгқур авлодга ноаён бўлиши мумкин. Аммо ишончим комилки, кеча Муҳаммад Солиҳнинг ёнида туриб бугун уни ёмонотлиқ қилаётганлар, бугун ундан ҳеч бир манфаат тополмаганликларидан бошқа сабаблари йўқдир. Зотан Муҳаммад Солиҳга бир сиёсатчи ўлароқ юксак баҳони ўттиз йилдирки мазлум халқ бериб келаётир. Улар тилида “Агар ўшанда Муҳаммад Солиҳ Президент бўлганида ҳозир фарзандларимиз Россияда мардикорлик қилиб юрмаган бўлишарди”. Бугунги кунга қадар бу ном мавжуд тузумга хавф солиб келгани муболаға эмас. Бир сиёсатчи ўлароқ бу ном айтилиши таъқиқланди. Бир шоир ўлароқ бу ном гуҳанга қаланди. Бир шахс сифатида бу ном “бегона” аталди, унуттирилишга уринилди. Яратганга ҳамдлар бўлсинким, назмбозлар даврасида баъзи маддоҳлар қаторида бу исм эсланмади. Шундай эсада, содда халқимиз ҳали ҳамон эртасидан умид узмай яшайди.

Муҳаммад Солиҳ амал учун эмас, ЭЪТИҚОД учун курашиб яшаётган ҲУР ИНСОНдир! Гарчи “Эрк” партиясининг қайта ташкил топишига ишончим оз бўлсада, бу партиянинг раислигига ким келадиган бўлса ҳам у лидер Муҳаммад Солиҳ каби халқ ишончини қозонадиган, эътиқоди бутун бир киши бўлишини Аллоҳдан сўрайман!

Раҳмиддин АБРАЕВ

Манба: facebook.com

HABER HAKKINDA GÖRÜŞ BELİRT
Yorum Yok
YASAL UYARI! Suç teşkil edecek, yasadışı, tehditkar, rahatsız edici, hakaret ve küfür içeren, aşağılayıcı, küçük düşürücü, kaba, pornografik, ahlaka aykırı, kişilik haklarına zarar verici ya da benzeri niteliklerde içeriklerden doğan her türlü mali, hukuki, cezai, idari sorumluluk içeriği gönderen kişiye aittir.