Тожикистонда йўқолиб қолган мухолифат лидери қидирилмоқда

Тожикистонда йўқолиб қолган мухолифат лидери қидирилмоқда
6 views
27 November 2020 - 11:07

Ҳисор туман ички ишлар бошқармаси Тожикистон социал-демократлар партияси раисининг ўринбосари Маҳмурод Одинаев қидирилаётгани тўғрисида маълум қилди.

Мухолифатчи ўтган якшанба куни озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг кўтарилишига норозилик сифатида митинг ўтказишга рухсат олиш учун Душанбе мэриясига борган ва ўшандан бери бедарак кетган.

Шаҳар милициясидаги манбанинг билдиришича, дам олиш кунлари Одинаев безориликда айбланаётган “ўғли Шайхмуслиҳиддин Ризоевнинг иши” бўйича сўроққа чақиртирилган. Бироқ у сўроққа келмагани ортидан унга қидирув эълон қилинган.

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги 24 ноябрда Одинаевнинг ўғлига нисбатан “безорилик” моддаси асосида жиноят иши қўзғатилганини билдирган. Расмий билдирувда айтилишича, Ризоев шаҳардаги ресторанлардан бирида 2002 йилда туғилган бир қизни калтаклаган

Одинаев октябрь ойида “номаълум шахслар ўғлига таҳдид қилгани” тўғрисида баёнот берган эди. У бу ҳолатни “сиёсий фаолияти ва ҳукуматни танқид қилгани” билан боғлаган.

Одинаевнинг қариндошлари Ҳисор туман милицияси унинг яна бир ўғлини қамоққа олгани тўғрисида маълум қилди.

Польшадаги тожикистонликлар томонидан ташкил қилинган Сиёсий тутқунларни ҳимоя қилиш қўмитаси Одинаев милиция томонидан ўғирлаб кетилган бўлиши мумкин, деб ҳисоблайди. Расмий Душанбе ҳозирча бу баёнотга муносабат билдирмади.

Манба: ozodlik.org