Туркияда давлат тўнтаришини амалга оширишга уринганлар умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилди

Туркияда давлат тўнтаришини амалга оширишга уринганлар умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилди
8 views
27 November 2020 - 11:09

Туркия пойтахти Анқарада суд 26 ноябрь куни 2016 йилги давлат тўнтаришини амалга ошириш ҳаракатига оид иш юзасидан ҳукм чиқарди.

Айблов ҳукми тўнтаришга уринишда иштирок этгани айтилаётган 400 дан киши чиқарилган, ўнлаб судланувчи умрбод қамоқ жазоси олган. Булар асосан 2016 йилнинг 15 июлига ўтар кечаси ҳукумат биноларига зарба берган учувчилар ва армия қўмондонларидир.

Туркиянинг давлатга қарашли “Онадўли” агентлиги хабарига кўра, бир умрга озодликдан маҳрум этилганлар орасида Туркия Ҳарбий-ҳаво кучлари (ҲХК) қўмондонлиги котиби вазифасини бажарган собиқ полковник Вейсел Қавақ, ҲХК собиқ майори Али Қарабулут ва собиқ ҳарбий учувчи Ҳусейн Турк ҳам бўлиб, улар 79 та умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилганлар.

Суд давлат тўнтаришига оид эпизодлардан фақат биттаси — Анқара яқинидаги Ақинжи ҳаво базасининг исёнчилар томонидан эгаллаб олиниши бўйича айбловларни кўриб чиққан. Ўшанда президент Ражаб Тоййиб Эрдўғонга хайрихоҳ бўлган қўмондонлар, шу жумладан амалдаги мудофаа вазири Ҳулуси Ақар гаровга олинган эди. Тўнтариш уриниши бостирилганидан сўнг улар озод этилган.

15 июль воқеалари чоғида жами 251 киши ҳаётдан кўз юмган. Бир гуруҳ ҳарбийларнинг Эрдўғонни қулатиш уриниши муваффақиятсиз якунланган.

Туркия расмийлари давлат тўнтариши уюштирилишида АҚШда яшайдиган руҳоний Фатҳуллоҳ Гулен тарафдорларини айблаб келадилар. Гуленнинг ўзига қарши алоҳида жиноят иши очилган бўлиб, Анқара Вашингтондан унинг Туркияга топширилишини талаб қилиб келмоқда. Гулен билан боғлиқ ёки Туркиядаги исёнга алоқадорлик айбловлари билан Туркияда жами 100 дан зиёд киши ҳибсга олинган, давлат идоралари ва армияда кенг кўламли тозалаш кампанияси амалга оширилган.

Манба: ozodlik.org