Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Ўзбекистонда ўзгаришлар эҳтимоли катта(ми)?

“Ўзбекистон ёпиқ қолмоқда ва гапириш мумкин бўлган фазо кичрайиб бормоқда” – дейди ўзбекистонлик журналист Абдумалик Бобоев -“Бундан вазиятда норозиликнинг портлаш даражасида чиқиши эҳтимоли кучаяди”.

Ўзбекистонда ўзгаришлар эҳтимоли катта(ми)?
12 Ocak 2012 - 15:55 'да юкланди ва 610 марта ўқилди.

“Ўзбекистон ёпиқ қолмоқда ва гапириш мумкин бўлган фазо кичрайиб бормоқда” – дейди ўзбекистонлик журналист Абдумалик Бобоев -“Бундан вазиятда норозиликнинг портлаш даражасида чиқиши эҳтимоли кучаяди”.

Ҳозир Оврўпода қолаётган журналистнинг айтишича, қашшоқлик ва коррупция каби иллатлар бошқа собиқ шўро мамлакатларида ҳам мавжуд, аммо у ерларда ана ўша муаммоларни кўтариб чиқиш имконлари бор. Ўзбекистонда эса бу борада ҳатто гапириб бўлмайди.

Араб давлатларидаги ғалаёнлар ва инқилоблардан бери Ўзбекистонда назорат кучайтирилган. Миср, Ливия, Тунис ва бошқа араб давлатларидаги халқ ғалаёнлари ҳақида жуда чекланган ахборот тарқатилган, баъзи ҳолатларда мазкур воқеалар Ўзбекистон матбуотида деярли эслатилмаган.

Кейинроқ мамлакатда интернет чекловлари ҳам кучайтирилаётгани, ҳукумат қўлловидаги ижтимоий тармоқлар ташкил этилаётгани кузатилади.

Бошқа томондан, Ўзбекистон секин-аста яна Ғарб билан муносабатларини тикламоқда. АҚШ Афғонистонга олиб борадиган хавфсиз ва ўнғай муқобил таъминот йўлига эришиш учун Ўзбекистонга эҳтиёжи ортган.

Вашингтон ҳозир қандай тузум билан муроса қилаётганини яхши тушунади ва Тошкент билан мулоқотларда инсон ҳуқуқлари масаласига эътибор қаратилишини урғулайди.

Бироқ инсон ҳуқуқлари фаоллари амалий ижобий ўзгаришлари кечмаётганин айтадилар.

Муҳожирот ва сиёсат

Бироқ бир неча миллион ўзбекистонлик бугун Россияда меҳнат муҳожири бўлиб ишламоқда. Таҳлилчиларга кўра, у ердаги нисбатан эркин матбуот ва очиқроқ жамиятни кўраётган муҳожирлар онггида муйян ўзгаришлар кечиши ҳам табиий.

“Араб баҳори сўнаётгандек кўринса-да, аммо Россияда кузатилаётган намойишлар Ўзбекистонга ҳам таъсир этмай қолмайди” – дейди Абдумалик Бобоев -“Ўзбеклар Россия телеканалларини кўришади, муҳожирлар у ерда ишлаб келишмоқда ва воқеликни Ўзбекистондаги вазият билан билан солиштиришмоқда”.

Араб давлатларидаги ғалаёнлар собиқ Совет Иттифоқига ҳам сачрайди, деган фикрлар ҳалича ўзини оқламади. Кузатувчиларга кўра, ўзаро борди-келди камлиги, тил фарқлилиги, баъзи ерларда ахборот тўсилгани ва ўртадаги масофа ҳам бунга сабабдир.

Айни пайтда, Ўзбекистонда қандайдир оммавий норозиликлар кечишига шубҳа қиладиганлар ҳам оз эмас. Хусусан, халқаро инсон ҳуқуқлари гуруҳларига кўра, 2005 йилги Андижон хунрезлиги ортидан ўзбеклар қаттиқ қўрқувда яшашмоқда ва ҳукумат ўз танқидчиларини қўрқитиш ҳамда жазолаш йўлига ўтган.

Лекин собиқ СССР сўнгги йиллар рангли инқилобларга саҳна бўлди. Гуржистон, Украина ва Қирғизистонда раҳбарлар ва тузумлар ўзгарганди.

Шу қаторда, мазкур ўзгаришлар кўп ҳолларда ижобий самара бермади. Украинада, масалан, инқилобдан кутилган натижалар чиппакка чиққани, янги раҳбарият яна коррупцияга йўл қўйиб бергани айтилади. Бу мамлакатда кейинчалик яна собиқ тузум тарафдорлари қудратга келишди.

Қирғизистондаги инқилоб эса нафақат тартибсизлик ва бошбошдоқлик келтирди, балки қонли миллий можаролар ўртага чиқди. Кўплаб кузатувчилар бу мамлакат ҳанўз қонунсизлик, миллатчилик ва қашшоқлик тарафга қараб оғиб кетаётганини айтишади.

Мисрликлар эса инқилобдан кутган ўзгариш умидлари хомхаёлга айлангани ҳақида гапира бошлашган. Ливида ҳам ички низолар эҳтимоллари кучаётгани хабарлари бор.

Абдумалик Бобоевнинг ўзи ҳам инқилоблар ва ё куч орқали тузумни ўзгартишига қарши эканлигини урғулайди.

“Ўзбек халқи тартиб ва хотиржамликни ёқлайди” – дейди журналист -“Бироқ Ўзбекистондаги аҳвол шу даражага бориб етаяптики, одамларнинг бошқача йўлда ўзгариш келтириш имконлари қолмаган”.

bbc.co.uk/uzbek

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар