Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

ТУНИС ВА МИСР ТАЖРИБАЛАРИ ҲАҚИДА

ТУНИС ВА МИСР ТАЖРИБАЛАРИ ҲАҚИДА
10 Şubat 2012 - 10:11 'да юкланди ва 838 марта ўқилди.

“Араб Баҳори” инқилоблари асосан аҳолиси мусулмон бўлган давлатларда ижтимоий ва сиёсий ларзаларга олиб келди. Бу бир томондан ушбу давлатларда тоғутлар (диктаторлар)нинг йиқилишига олиб келган бўлса, иккинчидан бундан кейин бу давлатларда қандай ўзгаришлар бўлади, деган саволни ҳам кун тартибига келтирди. Таҳририятимиз ушбу масалаларда фикрларини билдириш учун ЎХҲ Муассислар Мажлиси аъзоси ҳурматли Тоҳир қорига мурожаат қилди.

Савол; Маълумки “Араб баҳори”, дея талқин қилинаётган жараёнлар Тунисдан бошланди. Ва бу давлатда диктаторлик йиқилди. Тунис инқилобининг ўзига хос жиҳатлари нимадан иборат бўлди, деб ўйлайсиз?

Жавоб; Одатда қўзғолонлар марказий шаҳарларда харбийлар ёки бирон мухолафатдаги кучли партиялар томонидан амалга оширилар эди. Лекин бу марта қўзғолон мазлум халқнинг қуйи табақасидан, Тунисдаги чет бир қишлоқдан бошланди. Бунга оддий халқнинг фарзанди Азизийнинг ўзига ўт қўйиши сабаб бўлди. У ишсизлик ва адолатсизлик қурбони бўлди. Олий маьлумотли бўлишига қарамай кўчама кўча -юриб аравасида мева-сабзавотлар сотиб тирикчилик қилишга мажбур бўлган. Оилани тебратиб турган ягона имкониятига ички ишлар ходимаси томонидан нохақдан чангал солиниб мусодара қилиниши, устига устак кўчада хўрланишига чидай олмай ўзини ёқиб юборди.
Хеч ким, хатто кузатувчи, таҳлилчиларнинг хеч бири бу норозилик мамлакат бўйлаб кенг ёйилиб кетишини кутмаган эди. Бу қўзғолон ўз халқига, айниқса, Ислом ва мусулмонлар учун ашаддий душман бўлган низомни (режимни) қулатди. Бу низом гарчи ташқи кўринишидан ваҳший бўлсада , лекин энг қўрқоғи бўлиб чиқди. Ғазабга минган халқ диктатор бераётган ваъдалари, танозулларининг (воз кечишларининг) ҳеч бирига ишонмай қўйди. 23 йил ҳукмронлик қилган золим Бин Алий хор бўлиб қочиши билан халқ ҳокимият низом тарафдорларида қолишига хам қарши турди ва охир оқибат ҳокимиятни ўз назоратига олди.
Харбийлар халқни ички ишлар ва хавфсизлик кучларининг зўравонликларидан ҳимоя қилди. Турли сиёсий тоифаларга ишончини йўқотган халқ пировардида адолатли ўтган парламент сайловларида Ан-Нахза исломий партиясига кўпчилик овоз билан ўз ишончини берди.

Савол; Мисрдаги халқ қўзғолони Тунис инқилобидан баъзи жиҳатлар билан фарқли бўлди. Масалан, бу давлатда “Мусулмон биродарлар” ҳаракати узоқ вақт мавжуд диктатурага мухолифлик қилиб келган эди. Шунга қарамасдан Мисрдаги ўзгаришлар Тунисдаги каби тез суръатда ривожланмаётганга ўхшайди. Бунинг сабаби нимада, деб ўйлайсиз?

Жавоб; Тунис кичикроқ бир давлат бўлиб кўп томонлама Мисрдан фарқ қилади. Миср жуда муҳим стратегик минтақа ҳисобланади. Қўзғолончилар 18 кун деганда энг қаттиқ диктаторлардан бирини қулатди. Бу қўзғолондаги асосий талаблардан бири ҳам Президент Ҳусни Муборакнинг ҳокимиятдан кетиши бўлган. Бунга сабаб қўзғолон кўтарганлар Ҳусни Муборак бутун Мисрдаги ёмонликнинг ва фасоднинг асосий омили, унинг ҳокимиятдан кетиши мамлакатни муаммолар гирдобидан қутқаради, деб ўйлашган эди. Президент ва унинг командасининг ҳокимиятдан кетганига бир йил бўлишига қарамай, халқ ҳозиргача низом (эски режим) қолдиқлари, айниқса ички ишлар ва хавфсизлик ходимларидан ва уларнинг мамлакатдаги барқарорликни издан чиқариш мақсадида халқ орасида амалга ошираётган кўплаб фитналаридан қутула олмаяпти. Бунга яқиндагина футбол майдонида бошланиб, 74 кишининг вафотига, мингга яқин одамнинг жароҳатланишига сабаб бўлган тўполонларни мисол қилиб келтирсак ҳам бўлади.

Савол; Тунис ва Миср воқеларида Ислом уламоларининг тутган мавқеларини қисқа изоҳлаб берсангиз?

Жавоб; Кўплаб уламолар Тунис ва Мисрдаги воқеаларнинг аввалги кунларидан намойишчилар билан бирга ҳаракат қилишди. Мисрдаги машҳур Азҳар Университети олимларидан бир қисми намойишчилар орасида мавжуд эканликларини ифода етиш учун диний кийимларини кийган ҳолларида Тахрир майдонига тушишди, улар билан елкама елка туришди. Халқ асосан мусулмонлардан иборат бўлгани учун намойишларни бузғунчиликлардан холи, тартибли ва олий ахлоқларда ўтишини таъминлаб турдилар. Мисрдаги миллионлар намойишлари Ғарбнинг хам ҳавасини келтирадган даражада тинч, тартибли ўтишида албатта олимларнинг жуда катта хизмати бўлди. Бундан ташқари олимлар жума хутбаларида бўлсин, телевидение ва радиоларда бўлсин, халқни хуқуқлари учун курашишга, зулмдан қутулишга ва Аллоҳнинг динини олий қилишга чорлаб, саботга чақириб турдилар. Бунинг эса намойишлардан кейин ўтган сайловларда хам катта таъсири бўлди, исломий жамоаларнинг сайловларда жуда юқори овоз олишларига олиб келди. Мана хозирда Сурияда сал кам бир йилдан бери норозилик намойишлари давом етаяпти. Кунига 50-60 ҳатто 100 гача бегунох инсонлар қатл қилинаётганига қарамай намойишчиларнинг шижоат, сабот билан туришларида ҳам маҳаллий ва дунё олимларининг самарали хизматлари бордир.


Савол; Мисрда “Мусулмон биродарлар” ва Салафийлар сайловларда иштирок этишди. Улар орасидаги асосий фарқлар нималардан иборат?

Бу иккала жамоа ҳам сайловларда иштирок этиб парламентдаги жойларнинг учдан икки қисмидан хам кўпроғини олишди. “Ихвонул муслимийн” – Мусулмон биродарлар жамоаси умумий овознинг 47% дан ортиқроғини, Нур-салафий жамоаси эса 24% дан ортиғини олди. Мусулмон жамоаларининг нафақат Мисрдаги ғалабаси, балки бошқа давлатларда ҳам жумладан, Тунис, Мағриб (Мароқаш)да, шунингдек шу кунларда Кувайтда ҳам мусулмон жамоалари Парламент бошига келишди. Албатта, бу ғалабалар қийин ўтиш даврида уларнинг зиммаларига улкан масъулиятлар юклайди. Бу натижалар Ислом умматини тарихдаги йўқотиб қўйган йўлини топиб, барча соҳаларда фаоллаша бошлаганини кўрсатади. Аллоҳдан уларнинг яхши-эзгулик ишларида мадад сўраб қоламиз.

Бу икки мусулмон фирқалар орасидаги фарқларга келадиган бўлсак. Инсоф нуқтаи назаридан айтганимизда ораларида фарқлилик билан бирга жуда кўп ишларда иттифоқлик бор. Ихвон жамоасида хам мусулмон умматига хизмат қилган кўплаб машҳур олимлар ўтган. Иккала жамоада хам дини учун ғайратли шахслар кўплаб топилади. Шундай бўлсада, хозирдаги фарқларидан айтиб ўтадиган бўлсак, иккала жамоа парламентга келган бўлсада бироз келишмовчилик томонлари бор. Ихвон жамоаси Аллох ҳукмларини татбиқ этишга шошилмай, босқичма босқич эришишни маъқуллайди. Нур жамоаси эса Миср аҳолисининг катта қисми мусулмонлардан иборат бўлгани, Аллоҳнинг хукми қўлланишини халқнинг кўпчилиги маъқуллашини хисобга олган ҳолда тезроқ татбиқ этишни истайди.

Савол; Мусулмонлар орасида ўзининг қатъийлиги билан ажралиб турадиган салафийларнинг “Нур” партияси Мисрдаги сайловларда қатнашишди. Бу билан салафийлар жамиятда ҳукуматни шакллантиришнинг янги усулларига хайрихоҳлини кўрсатди, дейиш мумкинми? Бу тажрибадан бошқа давлатлардаги мусулмонлар қандай фойдаланишлари мумкин?

Жавоб; Умуман олганда салафийлар жамоалари ҳозирги босқичда сиёсийликдан кўра кўпроқ исломий маьрифат ва даъват билан шуғулланишни афзал биладиган жамоалардир. Хозирда мусулмон давлатларидаги кўплаб ёшларнинг динга қайтишига ҳамда дини учун қайғурадиган бўлиб етишишига уларнинг улкан хизмати сингган. Мисрда Нур жамоаси биринчи марта сиёсий жамоа сифатида саҳнага чиқди. Ҳали сиёсат майдонида янги бўлишига қарамай сайловларда катта овозга ҳам эга бўлди. Тунисда салафий жамоаси хам сиёсий партия тузишга ҳаракат қилди, лекин уларга рухсат берилмади.
Салафийларнинг хозирда сиёсийлашишини кўплаб олимлар қувватламайди.

Сабабларидан бири, сиёсат майдонида тажрибали исломий жамоалар мавжуд экан, сайловларда уларга рақобат қилмаслик ва мусулмонларнинг ўзларига энг яқин жамоаларни қўллаб қувватлашларидир. Бунинг муқобилида майдонда кенгроқ маьрифий-даъват ишлар билан янада фаолроқ шуғулланишни маъқул биладилар. Нима бўлганда ҳам Ислом умматида ўтган асрнинг 80-йилларидан бошлаб жиддий уйғонишга гувоҳ бўлиб турибмиз.

10 февраль, 2012

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар