Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

ОЧИҚ ЖАМИЯТ ҲАҚИДА ОЧИҚ ФИКР

Дунёнинг энг қабиҳ жиноятлари хуфиёна, ёпиқ эшиклар ортида амалга оширилади. Ошкоралик энг катта зулм империяларини ҳам қисқа вақт ичида маҳв этиши мумкинлигини биз яқин ўтмишимизда кўрдик.

ОЧИҚ ЖАМИЯТ ҲАҚИДА ОЧИҚ ФИКР
24 Mart 2012 - 19:14 'да юкланди ва 491 марта ўқилди.

“Очиқ жамият” калимаси ўз моҳиятида фақат ижтимоий-сиёсий эмас, балки, биологик мазмун ҳам ташийди. Жамиятнинг ижтимоий-сиёсий ҳаёти ҳам худди баъзи озуқа маҳсулотлари сингари ташқи таъсирга тобе ва таъсирчандир. Усти ёпиқ озуқа маҳсулотлари моғор босиб, бижғигани каби ёпиқ жамиятлар ҳам ҳавосизликдан бижғиб, бузилади. Усти ёпиқ масканлар микроблар учун бир жаннат кабидир. Бугун биз ўлкамизда жамиятнинг устини ўз зулми ва нафси билан ўртиб, бу ўрти тагида жамиятни кемириб ётган минглаб микробларни кўришимиз мумкин. Энди бу зулм ўртисини итқитиб ташлаб, бу микробларнинг юзини очиш, уларни фош қилиш, уларни Адолат қуёшининг нурлари остида куйдириш фурсати келди.

Фақат “очик жамият” калимаси баъзи дўстларимизни чўчитмаслиги лозим, зеро, “очиқ жамият” билан “очиқ бош” ёки “очиқ елкалар” бир нарсани англатмайди. Агар бир нарсани англатганида эди, “ёпиқ жамият” ҳисобланган Ўзбекистонда аёлларнинг бошидан хижоблар юлиб олиб ерга топталмаган ва аксинча, “очиқ жамият” деб ҳисобланган Ғарб мамлакатларидаги мусулмон аёллар эса, бемалол ҳижобда юрмаган бўлардилар. Худди шунингдек, “очиқ қалб” тушунчаси хам “очиқ сийна” мазмунини англатмайди.

“Очиқ жамият”, энг аввало, “очиқ кўз” ва “очик қулоқлар”дир. Аммо биз зулм салтанатининг жосуслари “кўз-қулоқ”ларини назарда тутаётганимиз йўқ. Атрофни кўрувчи “очиқ кўз” ва атрофни эшитувчи “очиқ қулоқ” бутун жамиятнинг, айниқса, ҳокимиядаги одамларнинг бош хислатларидан бири бўлиши лозим.

Норвегиянинг жанубий қисмидаги шаҳарчалардан бирида яшовчи домла Абдулла Абдураззоқ ака менга маҳаллий йўл инспекциясига ўзининг киритган таклифи билан щаҳардаги айрим йўл қоидаларига ўзгартиришлар киритилгани ва ҳатто шаҳар марказидаги қамоқхона ҳам унинг маҳаллий бошқарув маъмуриятига киритган таклифидан сўнг бошқа жойга кўчирилаётгани ҳақдаги ғаройиб воқеаларни гапириб берди. Очиқ жамиятдаги “кўрувчи кўз” ва “эшитувчи қулоқ”қа доир бундан ҳам ибратлироқ мисол топиш мумкинми? Халқнинг дардларига тинглашга қулоғи кар, жамиятнинга аҳволини кўришга кўзлари кўр ҳокимиятдан ҳам ёмонроқ нарса борми?

Ҳар пайшанба куни Норвегия парламентида “очиқ эшиклар куни” ҳисобланади, бу куни истаган ҳар ким Парламент биносига ва ҳатто парламентарлар мажлис ўтказаётган залга кириб, у ерда мажлис жараёни кузатиши ва мажлисда айтилаётган гапларни юқоридаги балконларда ўтириб тинглаши мумкин. Бу – очиқ жамиятдаги оддий бир кўринишдир.
Шунингдек, мамлакатдаги ҳар бир инсоннинг, шу жумладан, давлат бошлиқларининг даромадлари ҳақдаги маълумотларни ҳам истаган одам олиши мумкин. Бундай очиқ жамиятда Ўзбекистон ҳокимияти тепасида ўтирган ўғрибошилар сингари халқнинг миллирад-миллиард пулларини ўмариб, тагига босиб ўтиришнинг сира имкони йўқдир.

Дунёнинг энг қабиҳ жиноятлари хуфиёна, ёпиқ эшиклар ортида амалга оширилади. Ошкоралик энг катта зулм империяларини ҳам қисқа вақт ичида маҳв этиши мумкинлигини биз яқин ўтмишимизда кўрдик. Очиқлик, ошкоралик давлат тепасига чиқиб олиб, жамиятимизни кемириб ётган микроблар учун қуёш нурлари каби ҳалокатлидир. Уларнинг сўз эркинлигидан қўрқуви сабаби ҳам шундадир.

Биз, Аллоҳнинг ёрдами билан, Ўзбекистонда очиқ бир жамият қуришга сафарбар бўлганмиз. Бу очиқлик, Ўзбекистонда бугун кўриб турганимиздек, бузуқликка, фаҳшга ва жиноятларга қаратилган очиқлик эмас, балки, иймонга, яхшиликка, тенгликка, миллий қадриятларимизга қаратилган очиқлик, бўлади, иншоoллоҳ.

МАҚСУД БЕКЖОН, ЎХҲ Норвегия бўлими раиси

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

 Ушбу хабарга қолдирилган изоҳлар

( 1 Yorum )

  • Ozodbek Juraev ;

    Hamma balo shundaki ypiq jamiyat sharoitida hatoki yahshi insofli amaldor ham aynishi mumkin nimagaki sestima atrofdagilar uni bunga majbur itadi.

    31/03/2012 14:16