Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

ВИЗА АЗОБЛАРИ

ВИЗА АЗОБЛАРИ
05 Nisan 2012 - 9:47 'да юкланди ва 612 марта ўқилди.

Мустақиллик даврида Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг турли хорижий мамлакатларга турли юмушлар билан чиқиши ва улардан кириши кундан кунга ортиб, шу юзадан аҳолининг паспорт идораларига мурожаатлари кўпаймоқда. Ўзбекистон қонунчилигида паспорт тизими билан боғлиқ барча масалаларнинг қатъий қоидалари белгилаб берилган. Аммо Хоразм вилояти ички ишлар бошқармаси қошидаги Фуқароларни хорижга чиқариш ва виза бериш бўлимига (ОВИР) виза олиш учун борган фуқаролар паспорт тизимида ишлаётган милиция ходимларининг иш юритишидан ниҳоятда норози бўлмоқдалар.

Халк орасдиа, ушбу бўлимга мурожаат қилганларнинг, унда ишлаётган таниш-билишлари бўлса ёки маълум миқдорда яширинча пул бериб, тил топишсалар, ишлари тез битади, деган гаплар юрибди.. Бошқа фуқаролар эса мазкур ОВИР мухрини олиш учун аслида режимда 10 кун муддат белгиланган бўлса-да, ҳатто бир ой, икки ойлаб кутишларига тўғри келмоқда. Фуқаролар бўлим мутахассисларининг “Эрта кел, индин кел”, деган баҳоналаридан безор бўлиб кетишган. Фуқаро шу келадиган кунида иши бутишини ўйлаб, чет мамлакатга сафар учун билет олиб қўяди. Лекин яна фақат ваъда олиб, билет пули куйиб кетади. ОВИР ходимлари, чўзилиш бизларга боғлиқ эмас, дейдилар. Ҳужжатларда бирон бир камчиликни топиб, аниқ гап ҳам айтмайдилар.

Хоразмдаги ҳар бир фуқаро мазкур даргохга келиб кетиши учун ўрта ҳисобда 6000 сўмдан 20000 сўмгача пулни фақат транспорт учун сарфлайди. Агар у ОВИРга 10 марта келиб кетса, сарфланадиган харажат миқдори қанча бўлишини ўйлаб кўринг. Яна “Эртага келинг” деган жавобнигина кутиш учун туш пайтигача вақт сарфланади. Шу аснода бирон бир кафеда овқатланишга ҳам ортиқча пул сарфлашга мажбур бўлинади. Бугунги иқтисодий танглик ҳолатида, фуқароларнинг кун кўриши қийин кечаётган бир пайтда бўлим ходимларининг бепарволиги аҳолига қимматга тушмоқда.
Қолаверса, бўлим олдида ўнлаб-юзлаб одамлар тўпланиб қолади. Вағир-вуғир, қичқириқларни эшитасиз. Кутаётганларнинг ўтириб дам олиши учун бирорта ҳам стул йўқ. Навбатда икки-уч соатлаб оёқда тикка туриш кони азоб. Чунки унда тартиб йўқ. Навбатсиз кирадиганлар қандайдир йўллар билан ишини тез битириб кетади. Бу бошқаларнинг жаҳли чиқишига, жанжал чиқаришига сабаб бўлади. Шу ерда ишловчи милиция ходимлари эса бунга асло эътибор беришмайди. Бўлим деворларида конунни тушунтирувчи консультатив кўргазмали материалларни кўрмайсиз. Фуқаролар учун фақат битта эълон осиб қўйилган холос.
Узун, тартибсиз навбатлар ва уларда юзага келадиган жанжаллар фақат юқорида тилга олинган бўлимдагина эмас, паспорт идорасининг барча бўлимларида одатий ҳолга айланган. Милиция ходимларининг сансоларлиги ишни чигаллаштириб юборади. Улар фуқаролар ишини битирмасликнинг ажойиб баҳонасини ўйлаб топишган. “Электр қуввати узилиб қолди, чироқ ўчиб қолди”, дейишади, тамом вассалом. Сиз шалвираган ҳолда орқага қайтаверасиз.
Фуқароларнинг исм-фамилиялари тез-тез ўзгартирилмоқда. Тўғри, бу қонуний ва ФҲДЁдан ҳужжатларни тўғрилаш орқали амалга оширилади. Аммо бундай ўзгартиришлар уни ўзгартирган шахснинг фарзандларига, мол-мулкига, кейинги ҳаётига салбий таъсир қилмаслиги керак. Бундан ташқари, айрим шахслар, паспортида ўзга давлатнинг депортация муҳри борлигини, жиноятчилигини яшириш учун ғараз мақсадларда фирибгарлик йўлида исм-фамилиясини ўзгартириб, янги паспорт олаётгани ҳеч кимга сир эмас. Паспорт идораси ходимларини бундай оқибатлар қизиқтирмай қўйган.
Қонунни талаб қилсангиз, сиздан ёмон одам йўқ. Ҳамма айбни ўзингизга ағдариб, йўқ жойдан камчилик топадилар. Паспорти ёки ўлтиримлигигида бирон кичик камчилиги бўлган фуқаролар қонунда кўрсатилмаган катта жарималарни тўлашга мажбур қилинади. Бу тўланадиган маблағлар қаёққа кетаяпти, давлатгами ёки милиция ходимининг чўнтагигами, буни аниқлаш жуда қийин. Паспорт тизимидаги ходимлар фуқаронинг ҳужжатларидаги ҳар қандай камчиликдан фойдаланиб қолишга уринадилар. Рўйхатга қўйилишидаги муаммолар, мамлакатдан чиқариб юборилиш ҳолати, паспорт олаётганда етарли ҳужжатларни олиб келмаганлиги ва бошқалар, шулар жумласидандир.
Юқорида келтирилган фактлар мониторинг давомида сўраб-суриштирилди ва фуқаролар билдирган эътирозларга таянган ҳолда, “Нажот” фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқлари бузилган, деб, эътироф этилиши мумкинлигини билдиради. Бундан ташқари, “Нажот” раисининг ўзи виза олиш учун мурожаат жараёнида юқоридаги муаммоларга дуч келган. “Нажот” ўз навбатида Хоразм вилояти ҳокимлиги, вилоят ИИБ, туман милиция бўлимлари, қонунни назорат қилувчи прокуратура ва бошқа ҳуқуқ-тартибот идораларининг маъсул ходимларидан мазкур ишларни яхшилашни, фуқароларнинг эркин ҳаракат қилишлари учун шарт-шароит яратиб беришни ва қонун белгилаб берган муддат ичида шахсни тасдиқловчи ҳужжатга эга бўлишини таъминлашни сўрайди.

Хайитбой ЯҚУБОВ, Хоразм вилояти “Нажот” инсон ҳуқуқлари ташкилоти раиси.

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар