Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Хоразм аҳолиси нафақа олишдан маҳрум қилинмоқда ёҳуд болалар ҳимоясидаги айрим муаммолар

Хоразм аҳолиси нафақа олишдан маҳрум қилинмоқда ёҳуд болалар ҳимоясидаги айрим муаммолар
23 Nisan 2012 - 9:49 'да юкланди ва 491 марта ўқилди.

Хоразм вилояти “Нажот” инсон ҳуқуқлари ташкилотига  вилоят ҳудудидаги маҳаллалар фуқаролар йиғинларида ўта бедодлик, адолатсизлик, таъмагирлик ҳолатлари ҳукм сураётгани ҳақида кўплаб фуқаролар,  шу жумладан, ёш оила вакиллари мурожаат қилиб, уларни қийнаётган масалалар билан ҳеч бир амалдор қизиқмаётганини билдирмоқда. Кам таъминланган оилаларга моддий ёрдамлар, ёш болалар, чақалоқлар учун нафақалар, суюнчи пулини белгилашда фуқаролар йиғини вакиллари ўз моддий эҳтиёжларини қондиришни устун қўймоқдалар.

Урганч туманида яшовчи Хосият исмли аёлнинг айтишича, яқинда унинг тўйи бўлган.  Вақти етганда ёш оилада фарзанд дунёга келган ва нафақа олиш учун фуқаролар йиғини раиси номига ариза берган. Аммо мазкур фуқаролар йиғини комиссияси Хосият яшаётган, унинг қайнатасига тегишли бўлган уйни, хонадоннинг моддий аҳволини тафтиш қилиб, нафақа бермаслик тўғрисида хулоса чиқарган. Аслида Хосиятнинг турмуш ўртоғи вақтинча ишсиз, оиласида ҳеч қандай даромад йўқ.  Яшаш учун емак бор, холос. Бунинг устига, ёш бола тез-тез касалга чалинади, даволашга маблағ сув билан ҳаводек зарур. Янги келин ҳеч нарсага эга чиқа олмайди, ҳамма нарса қайнотасиники. Ёш оилада тўйда келган гиламдан бошқа ҳеч вақо йўқ. “Шунга қарамай, боламга нафақа белгилашмади.  Фуқаролар йиғини раиси ва унинг қўл остидагилар оиламиз келажакда мустақил чиқиши учун катта маблағлар керак бўлиши билан ҳам қизиқмаяпти. Аммо шуниси қизиқки, фуқаро йиғини раиси билан тил топишганлар, ҳатто бундай ҳуқуққа эга бўлмаслар ҳам,  турли нафақаларни олишаяпти” – дейди Хосият.

Хива туманидан Дилсўз: “Мен яшаётган уйнинг томи шифердан экан. Аммо қайнотам касал, ночор аҳволда яшаяпмиз. Бир пайтлари том шифер бўлиб қолган ва 30 йил бурун олинган 6 та гилам ва эски рангли телевизоримиз бор. Касал фарзандимни кўкракимдан эмиза олмайман, микроб тушган экан, болам учун врачлар «Нон» деган сут ёзиб беришди, унинг бир қутиси 38-42 минг сўмга сотилади. Бир кути зўрға 6 кунга етади. Бир ойга фақат бола учун  220 минг сўм пул керак. Фуқаролар йиғини комиссияси шиферни, гиламларни, рангли телевизорни ҳисобга олиб, боламга нафақа белгиламади, йиғин раиси, хоҳлаган одаминга бор, деб айтди. Давлатимиз барча нарса аёллар ва болалар учун деб  фармон ва қарорлар қабул қилиб қўйган, олишимиз керак бўлган ёрдамлар эса пулдор ва амалдорлар қўлига ўтиб, қийналиб қолмоқдамиз” деган фикрни билдирди.

Қўшкўпир тумани Қатағон қишлоғидан Анжирбиби қуйидагиларни гапирди: “Мен деҳқон оиласида улғайиб, деҳқон оиласига турмушга чиқдим. Яқинда фарзанд кўриб, фуқаролар йиғинига ариза билан мурожаат қилдим. Аммо менга нафақа беришмади. Сабаби, 1970 йиллардан қолган, кўчада темир-терсак бўлиб турган, раҳматлик қайнатамдан қолган эски машина эримнинг номида экан. Аммо уй ва ундаги эски нарсаларнинг на менга, на фарзандимга нафи бор. Қолаверса, коммиссиянинг таъмагирлиги авжга чиқиб бормоқда”.

Янгибозор туманидан Рўзикажон онага кўра,  фуқаролар йиғини комиссияси, сизни хўжалигингиз деҳқончилик билан шуғулланади, гуручдан даромад олдингиз, рангли телевизорингиз бор, ўтиришингиз яхши, деб,  келинининг фарзандига нафақа ажратмаган. Бундан шу оилада рўйхатида, аммо аслида  бўлак яшаётган ўғлини оиласи қийналмоқда. Рўзика онанинг эса яна иккита уйланмаган фарзанди бор, қизи ҳам турмушга чиқиши керак. Оила ишсизликда зўрға кун кечираяпти, бошка даромад олишнинг иложи йук. “Лекин телевизорда биздек камбағалларга ёрдам кўрсатилишини кўп айтишади” дейди Рўзика она.

“Нажот” мазкур масалалар билан шуғулланиб, 2012 йилнинг 3 ойи давомида 48 та фуқарони шикоятини эшитди ва бу масалалар бўйича мониторинг олиб бормоқда. Бундай ҳолатлар мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида, хусусан, Қорақалпоғистонда ҳам мавжуд.  Қорақалпоғистон Республикасининг Амударё туманидан Бибиражаб исмли аёл ва яна 11 нафар фуқаро бу ҳақда “Нажот”га мурожаат қилди.  Яна бир томони борки, бола учун нафақа берилган тақдирда ҳам, ундан коммунал тўловлар учун 20-30 фоиз миқдорида, яна газеталарга обуна учун маълум миқдорда ушлаб қолинади.  Президент ва ҳукумат эълон қилган инсонпарвар фармон, қарор ва қонунлар фақат қоғозда қолиб кетаяпти ёки уларнинг шарҳи ижтимоий ҳимояни мустаҳкамлашга эмас, кам таъминланган аҳолига, болалар ва ногиронларга бериладиган нафақаларни иложи борича камайтиришга, керак бўлса, ҳатто йўқотиб юборишга буриб юборилмоқда. Давлат томонидан бола ҳуқуқи кафолатлари тасдиқланган бўлсада, фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этишда бола ҳуқуқларини таъминлаш борасида турли муаммолар юзага келмоқда.

Шулардан келиб чиққан ҳолда, “Нажот”, Хоразм вилояти ҳокимлиги, прокуратураси ва бошқа маъсул идораларни вилоятдаги камбағаллашиб бораётган авом халқ аҳволидан хабар олишга ва муаммоларни бартараф этиб, фуқароларимизни ижтимоий ҳимоя қилишда кескин чоралар кўришга чақиради. Бозор иқтисодиётига ўтиш шароитида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш инсонпарварлик, ижтимоий адолат принципига мос равишда олиб борилиши керак. Бу принциплар аҳолининг кам таьминланган табақалари, ижтимоий ҳимояга муҳтож етим-есирлар, якка ёлғиз қариялар, боқувчисини йўкотганлар, кўп болали оилалар, ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш зарурлигини назарда тутади.

 

Хаитбой ЯҚУБОВ,
Хоразм вилояти “Нажот” инсон ҳуқуқлари ташкилоти раиси

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар