Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Ўлимга маҳкум этилган меҳнат муҳожирлари

Ўлимга маҳкум этилган меҳнат муҳожирлари
22 Nisan 2012 - 10:55 'да юкланди ва 436 марта ўқилди.

2012 йил 12 апрелда Хоразм вилояти “Нажот” инсон ҳуқуқлари ташкилотига Хоразм вилояти Ҳазорасп тумани «Мухомон» қишлоғидан Ойбек Қурбонович Собиров (тел: +998622910118) ва Ҳазорасп тумани Пичоқчи қишлоғи “Б. Матризаев” маҳалласидан Гавҳар Саъдуллаевна Нуруллаевалар (тел: +998956022620), жами 29 нафар хоразмлик ишчи мигрантлар  номидан мурожаат қилиб, шу ҳақда Хоразм вилояти ҳуқуқ-тартибот идораларига ёзган шикоят аризалари ва улардан келган жавобларни тақдим этишди.  Улар бир ҳийлагар шахснинг таклифига ишониб, Россияга ишга кетиб, ҳеч қандай ҳақ ололмай, оғир аҳволда қайтиб келганлар. Эндиликда уларнинг додини ҳеч ким эшитмаётган экан.

Ойбек Собиров ва Гавҳар Нуруллаеваларнинг ёзма баёнларига кўра,  2011 йилнинг январь ойида Ҳазорасп туманида яшовчи Адолат Қўзиевна Қўчқорова ва унинг турмуш ўртоғи Каримбой Эгамбердиев қариндоши бўлмиш Ойбек Собировни Россияга ишга таклиф этиб, кўпроқ одам топишни тайинлаган ва ишга жуда кўп хак тўланишини, яшаш ва ишлаш учун барча шарт-шароитлар муҳайё эканлигини билдирган. Ишсизликдан қийналаётган Ойбек ва унинг якинлари, таниш-билишлари бир жойга тўпланиб, оиласини боқиш мақсадида Адолатга ишониб, у  билан бирга Россияга кетганлар. Иш ҳақлари олдиндан келишилган ва ёзма шартнома тузилган. Улар ишга 2011 йил бошида кетишган. Иш манзили: Россия Федерацияси Волгоград вилояти Вольжский тумани Заканалье районидаги Погромный кишлоғи бўлган.

Адолат билан кетган 29 нафар фуқаро юқорида келтирилган манзилда катта ер майдонларида полиз экинларини экиш, парваришлаш, етиштириш билан шуғулланганлар. Шикоятчиларнинг айтишича, Адолат Хоразмдан  олиб борган мигрантларнинг жами сони 200 нафар зиёд экан. Шулардан 58 нафари Адолатни яқин қариндошлари бўлиб, улар нисбатан енгил  ишларни бажариб, тўқ ва файзли шароитда яшаганлар. Қолган кўпчилик авом халқ эса жуда оғир шароитда кун кечириб, оч-наҳор кун кечирган. Уларнинг ичимлик суви ифлос, овқати эса фақат қайнатилган макарондан иборат бўлган. Иш берувчи томонидан берилаётган яхши озиқ-овқатлар, тухум, сариёғ, қанд-конфетлар, тортлар ва бошқалар Адолатнинг қариндошлари дастурхонидан ўрин олган ва қолганлари дўконга топширилиб сотилган.

Шартнома бўйича аввало ойлик (20 мартдан 25 июнгача), кейин кундалик (25 июндан 7 ноябргача) иш ҳақи белгиланган бўлсада, бу ишчи мигрантларга ишга олиб кетган раҳбар томонидан ҳеч қандай ҳақ берилмаган. Орадан уч ойча вақт ўтгач, иш ҳақлари берилавермагач, мазкур ишчи мигрантлар катта иш ташлаш уюштирганлар, бу иш ташлаш Адолат томонидан қаердандир чақирилган кавказ миллатига мансуб муштумзўрлар томонидан бостирилган, Кўплаб хоразмлик эркак ва аёллар  мажруҳ бўлгунча калтакланиб, ҳақоратланган. Жумладан, етим бола  Маҳмуд Собировни ўласи ҳолатга келгунча калтаклаган каллакасар тўда вакиллари қилган ишларини бошқаларга кўрсатиб,  бошқаларни қўрқўвга солишган.

Бемор бўлиб,  ички аъзоларидан қон кетиб ётган Гулистон Рўзметовага умуман тиббий ёрдам кўрсатилмаган, доимо адолатни талаб қилган Гавҳар Нуруллаевани эса кавланган ерга танасининг ярмигача  кўмиб, “ҳеч қандай даъвом йўқ” деган  тилхат ёздириб олишган. Йил охирига келиб, Адолат иш берувчи Александр Соловьевдан аллақачон иш ҳақлари ҳисобидан 2 миллион рубль олиб, Хоразмдаги қишлоғида 2 та катта иморат қурилиши ва безалишига ишлатиб юборгани учун, бечора  ишчи мигрантлар факат  иш берувчи томонидан  ҳар бирининг қўлига берилган 8000 рубль билан зўрға уйларига йўл олишган.

Шундан кейин Адолат Қўчқорова  қайтаётган умидсиз фуқароларни аввало яна бир хоразмлик Адолат исмли шахснинг автобусига жойлайди.  У аёл ҳам товламачилик қилиб,  улардан ортиқча пул ундирган ва Россиядан Қозоғистон чегарасига чиқариб қўйган. Кейин эса хоразмлик Зумрад Машарипованинг автобусида зурга Хоразмга етиб келишган. Бу учала аёл, яъни икки Адолат ва Зумрад Россиянинг Волгоград вилояти бўйича товламачилик гуруҳини тузиб, хоразмлик фуқароларни турли зўравонликларга дучор қилиб, ўзларига жарақ-жарақ пул ишлашмоқда. Россиялик жиноятчилар билан тил бириктриб, адолат талаб қилган кўпчилик фуқароларимизни талашмоқда ва ҳатто ўлдириб ҳам юборишмоқда. Уларнинг гапига кириб, ишга борган фуқароларнинг паспортлари Хоразмдаёқ улар томонидан ҳар хил баҳоналар билан олиб қўйилади, рўйхатга киритиш баҳонасида то йил охригача уларга берилмайди, улар ҳеч кимни кўришмайди, чунки полиз майдонларида соқчилар мавжуд, сал овозини кўтарган ишчи мигрант азоб тагида қолиб кетмоқда.

“Ўртада шартнома бўлгани учун Хоразм вилояти ҳуқуқ-тартибот идороларига мурожаат қилдик. Олдинига масъул ички ишлар нозирлари томонидан ўзларимиз ёзган ариза ва тушунтиришлар қабул қилинди. Кейин эса негадир тушунчаларни ўзларининг мақсадларига мослаб қайтадан ёзиб беришимизни, шунда масала ҳал бўлишини айтишди. Ҳазорасп тумани ички ишлар бўлими ва прокуратураси ҳамда вилоят прокурори  текшириш олиб борди. аммо сал ўтмай ишни пулдор Адолатнинг фойдосига ҳал қилиб, жиноят аломатлари йўқ, асносидаги жавоб беришди. Айрим жойларида вилоят прокурори ўринбосари Ш. Р. Абдуллаев,   сизларнинг фақат 400.000 рубль олгидорлигингиз бор экан,  деган гапни айтди.  Шу пул аниқланган бўлса, майли, шу пулни олиб берсанг ҳам биз розимиз, десак,  пулни олиб бериш тўғрисида прокурор ваъда бермайди, деди. Бизга иш ҳақларимизни олганлигимиз тўғрисидаги қалбаки қайдномаларни кўрсатишди. Уларга биз ҳеч қандай имзо қўймаганмиз, бизнинг номимиздан қалбаки имзо қўйилган.” дейди шикоят муаллифлари.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, “Нажот” инсон ҳуқуқлари ташкилоти ишчи мигрантлар аҳволини монторинг қилиб келар экан, 2007-2011 йиллар давомида одам савдоси ва иш ҳақлари берилмаётгани масаласи билан билан Хоразм вилояти ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилган бирорта фукарони иши ижобий ҳал бўлганини билмайди. Ҳар сафар жиноят аломатлари мавжуд далил-исботлар тақдим қилинса-да, ишларида жиноят аломатлари йўқ деб топилиб,  ўзгаларни мол-дунёсини зўравонлик, фирибгарлик, алдамчилик йўли билан ўзлаштираётган харомхўр ўғрилар қонундан ҳам устивор обрўга эга бўлишмоқда.

Наҳотки, Ўзбекистон давлати ўз фуқаросини ўз мамлакатида иш билан таъминлашга ожизлиги етмаганидек,  ҳеч бўлмаса, ёт элларда ўзи ва оиласининг моддий таъминоти учун ишлаганида унинг ҳақ-ҳуқуқларини,  эркини таъминлай олмаса? Наҳотки, хорижда минглаган азоб-уқубатларни тортган фуқаролар ҳақиқатда бўлиб турган, ўзларига қарши содир қилинаётган жиноятларни қонуний равишда баён қилишса-да, амалдорлар уларга эмас, фақат пулдорларга ишониши яна давом этаверса? Бу қандай жамият ўзи? Қонунлар ижросини таъминлашга масъул идоралар ходимлари кўкрагидан итариб ташласа, оддий авом халқ кимга додини айтсин?  Нега, ким эдинг, ким бўлдинг, қўша-қўша уйлар, машиналар қаердан бўлаяпти, деган саволларни уларга бериш қийин? Чунки мазкур шахслар жиноятчилик билан топилган пулларни чегарадан посбонлар билан тил бириктириб олиб ўтишмокда, декларация тўлдириш, қонуний ҳаракатлар уларга таъсир қилмайди.

Ушбу мақола ёзилиши жараёнида Хоразм вилоятининг Боғот туманидан айнан Адолат Қўчқорова томонидан ишга олиб кетилиб, қулдай ишлатилиб, иш ҳақлари берилмасдан, товламачиликка учраган яна 50 нафар фуқаро “Нажот”га мурожаат қилди.  “Нажот” ушбу шикоят бўйича мониторинг ишларини давом қилдирмоқда.

 

Хайитбой ЯҚУБОВ, Хоразм вилояти “Нажот” инсон ҳуқуқлари ташкилоти раиси.

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар