Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

ЎХҲ ҳақида

МАҚСАДИМИЗ – ЎЗБЕКИСТОНДА МАВЖУД ДИКТАТУРА РЕЖИМИ ЎРНИГА ЭРКИН, ҲУҚУҚИЙ, ФУҚАРОВИЙ ЖАМИЯТ ЎРНАТИШ

Азиз ватандошлар!

Қўлингиздаги китобча Ўзбекистон Xалқ Ҳаракати ҳақида қисқача ахборот манбаидир. Сиз уни ўқиб, Ўзбекистон Xалқ Ҳаракати низоми ва дастури, шунингдек, Ҳаракат белгиси, Гимни ва Ҳаракатни таъсис қилган ташкилотлар ҳақида мухтасар маълумотга эга бўласиз.

Ўзбекистон Xалқ Ҳаракати матбуот бўлими

**********

ЎХҲ ҚУРУЛТОЙИ

2011 йилнинг 23-24 май кунлари Олмониянинг пойтахти Берлинда Ўзбекистон Халқ Ҳаракатининг Биринчи Қурултойи бўлиб ўтди. Унда муассис ташкилотлар ва ҳаракатга аъзо бўлишни истаган бошқа мухолиф ташкилотларнинг вакиллари қатнашдилар. Қурултой ЎХҲ нинг Низоми ва Дастурини қабул қилди, ЎХҲнинг раҳбариятини сайлади. ЎЗХ таркибида Муассислар Мажлиси, Ҳаракат Марказий Котибияти ва Тафтиш Кенгаши ташкил қилинди. Муассислар Мажлисининг Раиси қилиб Муҳаммад Солиҳ, Марказий Котибият Раиси қилиб Жаҳонгир Усмoнов ва Тафтиш Кенгаши Раиси қилиб Муқимжон Маҳмудовлар сайландилар.

ЎХҲ қурултойида қуйидаги ташкилотлар вакиллари қатнашдилар:

  1. Ўзбекистон “Эрк” демократик партияси
  2. ”Таянч” Маданий-маърифий жамияти.
  3. Ўзбекистон Демократик кучлари форуми.
  4. Ўзбекистон инсон хукуклари жамияти.
  5. Ёшларнинг мустақил вакили
  6. Мустақил шахслар вакили

**********

Ўзбекистон Xалқ Ҳаракати (ЎXҲ)

НИЗОМИ

Ўзбекистон Xалқ Ҳаракатининг асосий мақсади – бу Ўзбекистон Жумҳуриятида эркин ва очиқ фуқаровий ҳуқуқий жамият барпо этилиши учун курашишдир.

Бу кураш йўлида Ҳаракат ўзини барча аъзоларининг интеллектуал куч-қудратлари, заковатлари, билимларини мамлакат фуқароларининг сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий ҳақ ва ҳуқуқларини тўлиқ таъминланишига замин яратиш учун сафарбар қилади.

Бу йўлда тўла-тўкис ғалабага эришиш учун Ҳаракат ўз аъзоларининг фаолиятини бир нуқтага қаратилган кучларнинг мужассамлаштириш каби усулларни қўллайди ва улар ёрдамида фуқаролик жамияти учун зарур бўлган барча қонунлар мажмуасини яратилишига асосий эътиборини қаратади.

Қабул қилинган барча қонунларнинг бажарилиши, фуқароларнинг барча ҳуқуқларини тўла-тўкис таъминланиши учун жамиятда зарур бўлган фуқаролар назоратини ўрнатилишига эришишни ўзининг олий мақсадларидан бири деб ҳисоблайди.

Давлат ҳокимияти барча тизимларининг қонунларга сўзсиз амал қилишларини таъминлаш учун барча зарурий чораларни кўради. Жамиятда ва ҳокимиятда сўз ва иш бирлигини давлатнинг тамал тошларидан бирига айлантирилиши йўлида собитқадамлик ила кураш олиб боради.

ҲАРАКАТГА АЪЗОЛИК

2. Ҳаракатнинг Дастур ва Низомини эътироф этган, уларга риоя қилиш мажбуриятини олган ҳар қандай жамоат ташкилоти, нодавлат ва нотижорат ташкилотлар ёки мустақил шахс (ирқи, миллати, дини ва жинсидан қатъий назар) Ҳаракатга ихтиёрий равишда аъзо бўлишлари ва аъзоликдан чиқишлари мумкин.

3. Ҳаракатнинг барча аъзолари Ҳаракат фаолияти ва сиёсатига таъллуқли масалаларни муҳокама қилиш, қарорлар ишлаб чиқаришда қатнашиш, таклифлар киритиш, сайлаш, сайланиш ва номзод кўрсатиш (Ҳаракатнинг Ўзбекистон давлати қонунлари доирасида ишлашига қарамасдан унинг аъзолар ҳаётига хавф соладиган оғир норасмий ҳолатда ишлашга мажбур бўлган вазиятлар бундан истисно) сиёсий ва ижтимоий тадбирларни тайёрлаш ва уларда қатнашиш, Ҳаракатнинг босма ва электрон нашрларида иштирок этиш, Ҳаракатнинг юридик ва молиявий ёрдами ҳамда хизматидан фойдаланиш ҳуқуқига эгадирлар.

4. Ҳаракатнинг ҳар бир аъзоси Ҳаракатнинг жамиятдаги обрўсига, унинг ижобий имиджини шакллантиришга ўз ҳиссасини қўшмоғи, унинг сиёсатини амалга оширмоғи, унинг дастури, ғоя ва мақсадларини ташвиқ этмоғи лозим.

5. Ҳаракат сафига ташкилотларни қабул қилиш Ҳаракатнинг раҳбар органи (яъни Муассислар Мажлиси) тарафидан кўриб чиқилади. Ҳаракат сафига қабул қилиш ҳақидаги қарор жамоат ташкилоти ёки сиёсий партия бош раҳбарининг аризаси асосида, Муассислар Мажлисида оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади. Мустақил шахсларни қабул қилиш эса, Ҳаракат икки аъзосининг тавсиясига биноан Ҳаракатнинг жойлардаги бўлимларида амалга оширилади.

5.1. Ҳаракат сафига киришни истаган шахсларнинг Аризаларини кўриш ва уларни Ҳаракат сафига қабул қилиш ишлари Ҳаракатнинг жойлардаги ҳудудий ташкилотлари раҳбарлари томонидан олиб борилади. Қабул қилинган янги яъзоларнинг умумий рўйхатлари Ҳаракатнинг ҳар ой ёки кварталда ўтказиладигаан Маҳаллий Мажлисда оддий кўпчилик овоз билан тасдиқланади. Ҳаракатни тарк этишни истаган аъзолар бу ҳақда қисқача Ариза ёзиб уни Ҳаракатнинг ҳудудий раҳбарига топширадилар ва шу дақиқадан бошлаб улар Ҳаракат сафидан чиққан деб ҳисобланадилар.

6. Ҳаракатнинг жамиятдаги обрўсига путур етказган, Низомига зид ҳаракатларни амалга оширган аъзо (ташкилот ёки шахс) Ҳаракат сафидан ўчирилади. Бу ҳақда Муассислар Мажлиси йиғилишида оддий кўпчилик овоз асосида қарор қабул қилинади. Бундай ишларни содир этган Ҳаракатнинг мустақил аъзолари эса уларни Ҳаракатга қабул қилган Ҳаракатнинг Маҳаллий Мажлислар томонидан аъзоликдан ўчирилади.

7.Ҳаракат сафига қабул қилиш тартиби ва аъзолар рўйхати (ҳамда ушбу руйхатнинг махфийлиги) Муассислар ва Маҳаллий Мажлислар тарафидан юритилади ва таъминланади.

8. Ўзбекистон Xалқ Ҳаракати (ЎXҲ) ҳар 1 йилда Қурултой ўтказиб, раҳбар органларини қайта сайлайди. Зарурий ҳолларда Муассислар мажлиси навбатдан ташқари қурултой чақириши мумкин.

ҲАРАКАТ ТУЗИЛИШИНИНГ ТАШКИЛИЙ ПРИНЦИПЛАРИ

9. Ҳаракат ўз фаолиятини ғоявий жиҳатдан фикрлар хилма-хиллигининг дастур бирлиги, ташкилий жиҳатдан эса якка ҳолда ҳамда биргаликда ўз-ўзини идора қилишдан иборат умумий принципларга асосланган ҳолда олиб боради. Ўз фаолиятида фикр-мулоҳазалар эркинлигини таъминлайди, ошкоралик ва самимийликка амал қилади. Ҳаракат фаолияти асосан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида, заруратдан келиб чиқиб, унинг ташқарисида ҳам олиб борилади.

10. Ҳаракатнинг барча маҳаллий бўлимлари ва раҳбар органларининг иш услублари ўзаро маслаҳатлашиш, эркин фикр баён қилиш, қарорларни очиқ овоз бериш йўли билан қабул қилиш қоидаларига асосланади. Қабул қилинадиган ҳар бир ечим ёки қарор лойиҳани шакллантириш босқичидан тортиб, то тасдиқлашгача эркин муҳокама ва ошкоралик асосида қабул қилинади.

11. Ҳаракатнинг барча раҳбар органлари сайлов натижасида шаклланади. Ҳаракат раҳбариятига сайлов системасини ишлаб чиқишда, уни амалга оширишда ва ўзгартиришлар киритишда Ҳаракатнинг барча аъзо ташкилотлари ва ташаббус гуруҳлари вакиллари фаол қатнашиши таъминланади.

12. Ҳаракат раҳбар органларининг асосий вазифаси улар раҳбарлик қиладиган ҳаракат аъзоларининг талаблари, эҳтиёжлари, фикрларини мужассамлаштириш, мужассамланган шаклдаги мулоҳазаларни қарор ёки ечимга айлантириш ҳамда уларнинг ижросини йўлга қўйишдан иборатдир. Ҳаракатнинг ҳамма қарорлари овозлар сонининг оддий кўпчилиги билан қабул килинади. Қабул қилинган қарорларни Ҳаракатнинг барча ташкилотлари ва аъзолари бажаришга масъулдирлар.

ҲАРАКАТНИНГ ТАШКИЛИЙ ҚУРИЛИШИ

13. Ҳаракат аъзолари – сиёсий партиялар, жамоат ташкилотлари ёки нодавлат нотижорат ташкилотлар ҳамда ҳаракатга қўшилиш истагини билдирган ва уни дастурини эътироф этган якка фуқаролар Ҳаракатнинг негизидир.

Шунингдек, мустақил аъзолар сони 50 кишилик гуруҳдан ошса, улар ўз шаҳар ва вилоятларидан қурултойга ўз вакилларини юбориши мумкин.

Бундан ташқари ушбу ташкилотга аъзо бўлмаган, аммо унинг ҳаракатини қўллаб-қувватлашга тайёр ва Ҳаракатнинг Низом ва Дастур вазифаларига ҳамоҳанг фикрлайдиган мустақил шахслар Ҳаракатнинг жойлардаги суянчиқлари бўлиши мумкин.

Ушбу гуруҳларнинг ҳисоб-китобини олиб бориш, ҳамда уларнинг ҳаракатига кўмак бериш (керак бўлса – махфий тарзда) Ҳаракатнинг Марказий Котибиятига юкланади. Ўзларининг ташкилий тузулмаларини ушбу гуруҳлар амалий вазиятга қараб Ҳаракатнинг Дастур ва Низомига зид келмаган ҳолда мустақил тарзда тузадилар.

14. Ҳаракатнинг Маҳаллий Мажлислари ўзининг мавқеи ва маҳаллий шароитидан келиб чиқиб, Ҳаракат Дастури ва Низомига асосланиб, ўз фаолиятларини мустақил тарзда олиб борадилар.

Ҳаракатнинг Oлий Бошқарув органи – Муассислар Мажлисидир.

Ижро органи Марказий Котибиятдир.

Тафтиш Комиссияси – нaзoрaт органидир.

15. Ҳаракатнинг Марказий Котибияти аъзолари, негиз ташкилотлари (маҳаллий бўлимлар) ҳамда Ҳаракатнинг жойларда барча ҳамфикр гуруҳларнинг ҳисобини олиб боради.

ҲАРАКАТНИНГ РАҲБАР ОРГАНЛАРИ

16. Ҳаракатнинг олий раҳбар органи — Қурултойдир. Уни чақириш муддати ва ўтказиш жойи Муассислар Мажлисининг қарори билан белгиланади. Ва делегатларнинг ярмидан кўпи қатнашган ҳолатда ўтказиш мумкиндир.

17. Курултой қарори қурултой қатнашчиларининг (оддий кўпчилик) розилигига асосланиб қабул қилинади.

17.1. Ҳаракатнинг раҳбар органлари – Муассислар Мажлиси, Марказий Котибият ва Тафтиш Комиссиясидир.Бу органлар ўз қарорларини оддий кўпчилик овоз билан қабул қилади. Муассислар Мажлисининг аъзолари ўз ичидан Раисини сайлайди. Низомга хилоф ҳаракатлари учун Муассислар Мажлиси ўз аъзоларидан ҳар қандай биттасини, жумладан Раисини ҳам кўпчилик овоз билан вазифасидан четлаштириши мумкин.

17.2. Ҳаракатнинг раислари ҳаракат фаолиятини бошқаради. Улар Муассислар Мажлиси раиси, Марказий Котибият раиси ва Тафтиш Комиссияси раисларидир.

18. Қурултой вазифалари:

– Ҳаракат Дастури ва Низомини қабул қилади, уларга ўзгартиришлар киритади;

– Ҳаракатнинг Раҳбар органларини сайлайди, уларнинг фаолиятини назорат қилади ва Раҳбарият ҳаракат дастури ва низомига зид фаолият олиб борганида уларни лавозимидан четлаштиради;

– Ҳаракатга янги ташкилотларни қабул қилади, Дастур ва Низомни бузган ташкилотларни Ҳаракат сафидан ўчиради;

– Ҳаракат фаолиятининг асосий йўналишларини белгилайди;

– Ҳаракат бюджети ва унинг ижросини тасдиқлайди;

– Ҳаракатнинг Марказий Котибиятини тайинлайди ва унинг фаолиятини баҳолайди;

– Ҳаракатнинг Тафтиш Комиссиясини тайинлайди ва унинг фаолиятини баҳолайди;

– Ҳаракатнинг рамзий белгиси ва тамғаларини тасдиқлайди.

19. Ҳаракат Раҳбарларининг вазифалари:

Раҳбар органлар Ҳаракат фаолиятини бошқариш ҳамда мувофиқлаштириш функцияларини (вазифаларини) амалга оширадилар.

20. Ҳаракат Марказий Котибияти – ЎХҲ нинг ишчи органидир ва унинг олдида масъулдир. У Қурултой оралиғида фаолият юритиб, қурултойга ҳар йиғинда ҳисобот беради. Қурултой қарорларини ижро қилади.

21. Ҳаракат фаолиятини бошқариш Марказий Котибият тарафидан бамаслаҳат олиб борилади. Марказий Котибият Ҳаракат манфаатларини ифодалашга вакилдир. Ҳаракат аъзолари фаолиятига умумий раҳбарликни ҳам амалга оширади.

22. Марказий Котибият таркиби Ҳаракат Қурултойида умумий сайлов орқали тасдиқланади.

Марказий Котибият аъзоларининг ҳар бирини аниқ вазифаси белгиланиб, улар ўз функциялари доирасида фаолият олиб борадилар. Бири иккинчисининг вазифасини такрорлашига йўл қўйилмайди.

23. Марказий котибият аъзолари ўз орасидан унинг раисини сайлайди.

Марказий Котибият Ҳаракатнинг ўз аъзолари ичидан ҳам раҳбар органларга номзод кўрсатиши ва уни сайлаши мумкин.

24. ЎХҲ Тафтиш Комиссияси – Ҳаракатнинг қурултойда қабул қилган барча қарорларини бажарилишини назорат килиб боради,барча бўлимлар фаолиятини тафтиш қилади ва ўз таклифларини ҳаракат раҳбарияти ва қурултойга етказиб туради. У Қурултой оралиғида фаолият юритиб, қурултойга ҳар йиғинда ҳисобот беради.

25.Тафтиш Комиссияси Қурултой қарорлари асосида иш олиб боради.

26. Тафтиш Комиссиясининг таркиби Ҳаракат Қурултойида умумий сайлов орқали тасдиқланади. Ва улар ўз аъзолари орасидан кўпчилик овоз билан унинг раисини сайлайди.

ҲАРАКАТНИНГ МОЛИЯВИЙ МАБЛАҒЛАРИ ВА МУЛКИ

27. Ҳаракатнинг маблағлари Ҳаракат Низоми ва Дастурига асосан, ўтказилган тадбирлардан тушган фойдалардан ҳамда фуқаролар, корхоналар, ташкилотлар ва муассасаларнинг ихтиёрий хайр-эҳсонларидан таркиб топади.

Ҳаракат мулк соҳиби бўлишга ҳақлидир.

Ҳаракат ўз маблағларини банклардаги ҳисобларида тутади. Маблағлар харажати ва мулк билан ишлаш тартиби Марказий Котибият томонидан белгиланади.

28. Ҳаракатнинг Марказий Котибият аъзолари ва Ишчи Котиблари жамоатчилик асосида иш юритадилар. Айрим ҳолларда уларга (Марказий Котибиятнинг алоҳида қарорига биноан) маош таъйин қилиниши мумкин.

29. Зарурат туғилганда, Ҳаракат Марказий Котибияти ташкилий-техникавий ходимларни ўз ишига жалб этиши мумкин, ва уларнинг иш тартибини белгилайди.

ҲАРАКАТНИНГ ҲУҚУҚИЙ МАҚОМИ

30. Ҳаракатнинг Дастур ва Низоми қурултойда тасдиқлангандан бошлаб юридик шахс мақомига эга, унинг банкларда ўз ҳисоб рақамлари, ўзининг тўла атамаси ва бошқа зарур белгилари акс эттирилган тамға ва муҳри бўлади.

31. Ҳаракат ўз босма ва электрон нашрларини чиқаради. Ҳаракат нашрларининг Муҳаррирлари Марказий Котибият томонидан тайинланади. Улар ўз фаолиятини улар жойлашган давлатларнинг матбуот ҳақидаги қонунларига асосланиб, нашрнинг таҳрир ҳайъати фикрига таянган ҳолда амалга оширадилар.

ҲАРАКАТНИНГ ЎЗ ФАОЛИЯТИНИ ТЎХТАТИШ ТАРТИБИ

32. Ҳаракат ўз фаолиятини қуйидаги ҳолатларда тўхтатади:

– Платформа муқаддимасида кўрсатилган мақсадларга тўлиқ эришилганда;

– Ҳаракат Муассислар мажлиси қарори асосида.

33. Бу ҳолатларда Муассислар Мажлиси тугатиш комиссиясини таъйинлайди ва унинг иш тартибини тасдиқлайди.

«Ўзбекистон Xалқ Ҳаракати (ЎXҲ) таъсисчилари:

1. Ўзбекистон “Эрк” демократик партияси

2. ”Андижон – Адолат ва Тикланиш” ташкилоти

3. ”Таянч” Маданий-маърифий жамияти.

4. Ўзбекистон Демократик кучлари форуми.

5. Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти.

6. Ёшларнинг мустақил вакили

7. Мустақил шахслар вакили

**********

ЎXҲ Дастури Ўзбекистон Халк Ҳаракатининг (ЎXҲ) Дастури

Муқаддима:

Ўзбекистон халқ ҳаракатининг асосий мақсади мамлакатда ҳуқуқий жамият қуришдир. Инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқларни халқаро конунларга мос ҳолда мамлакатда жорий этишни ўзининг бирламчи вазифаларидан бири деб ҳисоблайди. Бу йўлда тўла-тўкис ғалабага эришиш учун Ҳаракат ўз аъзоларининг фаолиятини белгиланган мақсадларга йуналтиради. Давлат ҳокимияти барча тизимларининг қонунларга сўзсиз амал қилишларини таъминлаш йўлида барча зарурий чораларни кўради.

ЎXҲ ўз фаолияти давомида Ўзбекистон ҳукуматини мамлакатда барча соҳаларда ислоҳотлар ўтказишни талаб қилади.Агар мавжуд ҳукумат ЎXҲ талаб қилган ислоҳатларни ўтказишдан бош тортса, у ҳолда ҳаракат ҳукумат истеъфосини талаб қилади.

ЎXҲ таъсисчилари Ўзбекистондаги И. Каримов бошқараётган бугунги режим кейинги йигирма йил ичида ўзининг нақадар жинояткор, халқаро ҳамжамият тарафидан эътироф этилган инсон ҳақ ва ҳуқуқларига ҳамда халқимизнинг эътиқодий ва миллий қадриятларига зид, ўз халқига қарши бир диктатура эканлигини кўрсатди, деган қатъий фикрдадир.

Халқаро ҳамжамият эътиборида умумий демократик шиорларни баён этаркан, И. Каримов бошлиқ ҳукумат амалда диндорлар, сиёсий мухолифат, инсон ҳуқуқлари курашчилари ва эркин фикрловчи барча фуқароларга қарши қақшатгич қатоғонлар, қийноқ ва қувғинлар режимини ўрнатди.«Ислом экстремизми» ва «халқаро терроризм» билан «кураш» баҳонасида ҳануз мамлакат тинч аҳолисига қарши давлат террори қўлланмоқда.

Ҳар қандай мухолиф фикрга тоқатсизлик шу даражага етди-ки, бугунгача минглаб кишилар ўлдирилди, ўн минглаб кишилар қамоққа ташланди, миллионлаб кишилар ўз Ватанини тарк этиб, ўзга юртларда ҳақ-ҳуқуқсиз сарсон-саргардонлик ва дарбадарликка мажбур бўлди.Бу зулмга қарши ўз норозилигини билдирган ҳар қандай киши Каримовнинг террор режими томонидан йўқ қилинмоқда ёки ўз юртини тарк этиб, ўзга юртлардан бошпана излашга мажбур бўлмоқда.

Каримов режимининг жинояткорлиги 2005 йил 13 май куни Андижон воқеаларида яна ҳам яққол намоён бўлди. Президент билан учрашув умидида, ўз дардини баён этиб, очликдан, қашшоқликдан, ишсизликдан ва ижтимоий адолатсизлигу ҳокимларнинг масъулиятсизлигидан арз этиш учун йиғилган тинч намойишчиларга қарата Президент И.Каримовнинг буйруғи билан халк армияси ўз халқига қарши ўт очишга сафарбар қилинди. Унинг шахсан назоратида амалга оширилган бу оммавий қирғин натижасида минглаб бегуноҳ фуқаролар ўлдирилди, ўн минглаб фуқароларга оғир тан ва руҳий жароҳатлар етказилди.

Бу разил ва қонли жиноят – И.Каримов сиёсатини ва унинг халқ муаммоларини қай тарзда ҳал этишини яққол намоён этди.Ушбу воқеалардан сўнг, Каримов барча ОАВ учун бу фалокатни ёритишни, халқаро ахборот хизматлари учун эса Андижонга киришни таъқиқлади, бўлган воқеаларни шахсан ўзи талқин этиб, барча ёвузлик ва қон тўкилишларда диний ва дунёвий мухолифатни айблай бошлади. Мавжуд ҳукумат сохта маҳкама жараёнларини уюштириб, фожеанинг тирик гувоҳларини қамоққа ташлади.

Каримовга хос ёлғонлар ва қўрқитиш сиёсати учун бу янгилик эмас, балки 1990 йил Паркент ва Наманган тинч аҳолисига қарши, 1992 йил эса Тошкентда талабаларга қарши уюштирилган қатлиом сиёсатининг узвий давоми эди.Орадан бир неча йилларнинг ўтиши ҳам ўзбек халқининг қалбидан И.Каримовнинг бу жиноятларини асло ўчира олгани йўқ аксинча, бу ёлғон ва найранглар халқнинг диктаторга бўлган ғазаб ва нафратини оширди, холос.Тарихдан маълумки, ҳар қандай диктатор алалоқибат хор бўлган ва халқ эса бундай золимларга лаънатлар ўқиган. Биз диктатор Каримов мисолида ҳам шундай бўлажагига ҳеч ҳам шубҳа қилмаймиз.

Лекин:

А) ислоҳотларнинг тинч йўл билан амалга ошиши;

Б) мамлакатдаги барқарорлик бузилмаслиги;

В) халқнинг оммавий чиқишлари фуқаролараро тўқнашувга айланиб кетмаслиги учун

мавжуд режим қуйидагиларни амалга оширадиган бўлса:

1.Сиёсий ва диний сабабларга кўра қамалган маҳбусларни оқлаши ва озод қилиши;

2.Диний ва сиёсий сабаблар билан асоссиз равишда очилган жиноий ишларни тўхтатиш. Айни сабабларга кўра хорижга чиқиб кетишга мажбур бўлганларнинг мамлакатга қайтишини қонун асосида таъминлаш;

3.Мухолиф партиялар ва жамоат ташкилотларини руйхатдан ўтказиш;

4.Матбуот эркинлигини таъминлаш, цензурани бекор қилиш;

5.Намойиш ва митинглар эркинлигини таъминлаш;

6.Мамлакатда энг қисқа муддатда эркин сайловлар ўтказиш.

Ушбу ислоҳотларнинг амалга оширилиши режим раҳбарларини ўтмишдаги сиёсий ва иқтисодий хатолар масъулиятидан озод этишга сабаб бўлиши мумкин.

Ҳар қандай ҳолда ҳам, биз:

Тошкентда,Наманганда, Андижонда бегуноҳ қатл этилган ака-укаларимиз, опа-сингилларимиз ва фарзандларимиз хотираси олдидаги, ҳамда Каримов зулмини тортган ва тортаётган яна минглаб қурбонлар олдидаги ўз бурчимизни англаган ҳолда;

Ноҳақ ва сохта айбловлар билан ўз эътиқоди ва дунёқараши учун қамоққа ташланган юз минглаб мазлум ака-укаларимиз ва мазлума опа-сингилларимизни озод қилиш йўлида;

Халққа ва инсонийликка қарши жиноий ҳаракатлар қилган ва қилаётган Каримовнинг мавжуд мустабид тузумидан Ўзбекистон халқини бутунлай халос этиш мақсадида, «Ўзбекистон Xалқ Ҳаракати (ЎXҲ)» ни таъсис этдик.

Биз барча жамоат ташкилотлари ҳамда сиёсий партияларга мурожаат этамиз,

Биз Ватанимиз тақдирига, фарзандларимизнинг келажагига бефарқ бўлмаган ҳар бир фуқарога мурожаат этамиз:

«Ўзбекистон Xалқ Ҳаракати сафларига бирлашинг! Фақат бирлашганимиздагина мамалакатда ҳуқуқий жамият барпо эта оламиз, халқимизни маънавий, сиёсий ва иқтисодий ҳалокатдан қутқара оламиз, ўз эркинлигимиз ва ор-номусимизни қайтара оламиз, ҳамда миллий бойликларимиздан халқимиз амалда фойдаланишини таъминлай оламиз.

«Ўзбекистон Xалқ Ҳаракати (ЎXҲ) ўз олдига қуйидаги вазифаларни қўяди:

1. Ҳаракат фаолиятида халқимизни барча вакилларининг миллий ва эътиқодий қадриятларига, шунингдек дунёнинг ривожланган давлатларидаги башариятни ижобий тараққиётга етаклайдиган умуминсоний қадриятларга ўрин бериш.

2. Мамлакатимизда юқорида кўрсатилган қадриятлар асосида фуқаролик жамиятининг ўртага чиқиши учун ўз ҳиссасини қўшиш. Бундай фуқаролик жамиятида инсонларнинг миллий ва эътиқодий келиб чиқишидан қатъий назар ижтимоий адолатни таъминлаш, маънавий ва моддий қадриятлар орасида мутаносиблик ўрнатиш, зулмнинг ҳар қандай шаклини рад этиш, жамиятда бир шахснинг ёки табақанинг ҳукмронлигига йўл қўймаслик, эътиқодда, фикрда ва амалда ҳаддан ошишга, оғмачиликка, хурофатга ва буларга асосланган зўровонликка тўсиқ қўядиган жамият барпо қилиш.

3) ЎХҲ ўз мақсадига эришиш учун мамлакат ичидаги ва унинг ташқарисидаги барча мухолиф кучларни бирлаштириш, уларни умумий курашга сафарбар этиш ҳамда уларнинг мавжуд имкониятларини Каримов режимига қаршилик тарафига йўналтириш;

4) Халқаро ҳамжамият ҳамда халқаро сиёсий, иқтисодий ва гуманитар ташкилотларнинг эътиборини Ўзбекистондаги демократия ва инсон ҳуқуқларининг ачинарли аҳволига қаратиш;

5) Каримов тузумидан у ёки бу даражада ноҳақ жабрланган ҳар қандай фуқарога имкон қадар моддий ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш;

6) Каримов диктатурасини тўхтатишга йўналтирилган кенг қамровли ижтимоий ва сиёсий фаолият олиб бориш;

7) Барча қонуний усуллар билан Каримов ҳукуматининг истеъфосига ва мустабид тузумнинг барҳам топишига эришиш;

8)Ўзбекистонда сўз, фикр ва шахс ва матбуот эркинлигини тўлиқ ўрнатиш;

9) Муҳожиротдаги диний ва дунёвий мухолифат вакилларининг ўз Ватанларига муваффақиятли қайтишига шароит яратиш;

10) Каримов бошлик Ўзбекистон хукумати истеъфосини талаб қилиб Республикамизнинг барча ҳудудларида бир вақтнинг ўзида оммавий ва тинч намойишлар ўтказилиши зарурий чора сифатида кўрилади.

11) Ўзбекистон Халқ Ҳаракатига аъзо бўлганлар эътиқодий ва фикрий ихтилофларини маслаҳатлашиш ва зарур бўлганда турли тоифалар орасида шартнома тузиш йўли билан ҳал қиладилар. Ҳаракат раҳбарияти Шўро-маслаҳатлашиш усулида фаолият олиб боради. Ҳаракат раҳбарлари ўз фаолиятларида якка ҳокимликка йўл қўймайдилар. ЎХҲ ўз мақсадига эришишда аввало маърифат ва ташвиқот фаолиятларига ўрин беради. Бу мақсадда ҳаракатнинг мамлакат ичкарисида ва ташқарисида ўз бўлимларини очиши мақсадга мувофиқдир.

**********

 ЭРК ПАРТИЯСИНИНГ ДАСТУРИ

Муқаддима

Адолатли бўлинг (5/8, Қуръон)

Инсон Аллоҳ яратган энг юксак борлиқдир. Унинг узвий, асос ҳақ ва озодликлари энг юксак қадриятлардир. Бу қадриятларни ўзининг ҳар бир фуқароси учун асрамоқ давлатнинг бирламчи вазифасидир.

Давлат ҳокимияти ўзининг барча салоҳиятлари билан тўлалигича халқ эгалигида бўлмоғи  лозим. Унинг биронта салоҳиятини ҳеч ким халқ иродасига зид равишда эгаллаб олишга ҳақли эмасдир.

Биз мулкнинг тамалини адолат деб биламиз.

Давлат тушунчамиз

Бизнинг барпо этажагимиз давлат (Ўзбекистон Жумҳурияти) демократик, ҳуқуқ давлатидир.

Бу давлатда инсон давлат учун эмас, давлат инсон учун бўлажак. Бошқарув системаси эгаманлик (суверен) ҳаққини халқимиздан олажак. Бу маънода, давлат қарорларида кўпчиликнинг (жамоа, шўро) бошқарув зеҳнияти асос олинажак.

Бизнинг барпо этажагимиз давлатда ҳар кимнинг ўз меҳнати ва шарафли бир ҳаёт ҳаққи бўлажак.

Давлатнинг демократик  режими социал ҳуқуқ ва халқоро ҳуқуқ нормаларига уйғун, янгидан шакллантирилaжак.

Бу давлат ҳақсизлик кимдан келса келсин, кимга келса келсин, мазлумнинг тарафини олажак, золимга қарши бўлажак.

Ўзбекистон Жумҳурияти ҳокимиятларнинг (қонун чиқарувчи, ижро ҳокимияти, маҳкама) мустақиллиги тамойилига асосланaжак.

Халқнинг бевосита, ташкилотли ўлароқ бошқарув ишларига аралашувини таъминлайдиган режим  ўрнaтилaжак.

Миллат ҳукмига эҳтиёж сезилганда, очиқ сайлов ёки референдумлар ўтказиш мумкин бўлaди.

Ҳар бир жон ўз устидаги юкни ташийди, бошқа бир жоннинг юкини ташимайди. (35/14, Қуръон)

Бизнинг давлатда ҳеч бир айбдор бошқа бирининг айби учун жазо олмайди.

Биз ҳақиқий истиқрор (стабиллик)нинг фақат бошқарувдаги адолат билангина таъминланишига ишонамиз.

Бу контекстда, ижтимоий  қатламларнинг адолатли тамсили (қатнашув) масаласи ниҳоятда  муҳимдир. Қонун чиқарувчи ҳокимият, Ижро ҳокимияти ва Маҳкама фаолиятига фуқоравий ташкилотларнинг шерик бўлишлари учун аккредитацион система уйғуланажак.

Мақсадимиз кучли, ташкилотланган бир жамият қуришдир. Халқнинг турли соҳаларда ўз-ўзини бошқарувда  қониқарли ҳолга келиши лозим. Халқнинг вақф, жамиятлар, байналминал жамоат ташкилотлари қуриш ташаббусларини қўллаб қувватлайимиз. Бу қурилишлар орасида диалог ва ишбирлигини ташвиқ этамиз.

Жамият  учун хавфли бўлган ва террористик ташкилотлар танимини (белгиларини) қонун ва қарорномаларда аниқ кўрстамиз.

Бу шаклда давлатчилигимиз асослари нафақат давлат органлари тарафидан, балки жамоат ташкилотлари, фуқоравий институтларнıнг шаффоф фаолияти воситаси билан ҳам иҳота этилади.

Биз  бутун ижтимоий қатламлардан одил тамсилни таъмин этадиган сайлов ва сиёсий партиялар янги қонунини чиқарамиз.

Бизнинг барпо этажагимиз давлатда қишлоқ, туман ва вилоят бошқарувларига максимум даражада мустақил статус берилажак ва улар ҳар бир кичик масалада Марказга мурожаат қилмайдиган бўладилар.

Давлат идоралари минимум сансоларлик ва максимиум унумдорлик тамойили бўйича ишлаяжак. (Давлат идорасига мурожаат этилганида фуқаро паспорти асосий ҳужжат ҳисобланади, қўшимча ҳужжатлар тўплаш бўйича барча ишлар давлат органлари зиммасига юкланади. Ҳар бир амалиётнинг бажарилиш вақти аниқ кўрсатилади ва фуқароларнинг мурожаатларига ўз вақтида жавоб бермаган амалдорлар – нафақасиз ишдан ҳайдалишгача – жазоланади)

Бизнинг барпо этажагимиз давлатда xалқдан чиққан ташаббус рағбатлантирилaжак.

Бизнинг давлатда халқни бой қилишнинг бутун йўллари ҳаётга тадбиқ этилaжак.

Маъмурлар етарли даражада маош oлажак, ишдан кетганда эса минумум яшаш стандартига етадиган нафақа билан таъмин этилажак.

Порахўрлик ва коррупция энг оғир жазо билан жазоланажак.

Бу давлатда ҳокимият шартсиз миллатники бўлажак ва миллат ўз ҳокимиятини парламент, ҳукумат ва маҳкама воситасида қўлланажак.

Суд ва Прократура мустақил бўлажак.

Ижро ҳокимияти Парламент олдида ҳисоб беражак.

Ҳеч кимга, оилага, табақа ёки синфга имтиёз берилмайди.

Ҳукуматимиз ва идора мақомлари бутун ижроияда қонун олдида тенглик қоидасига уйғун ҳаракат этишга мажбур.

Давлат органлари Қонун олдида тенглик тамойилига мос равишда фаолият кўрсатажак.

Конституция ҳукмлари – қонун чиқарувчи ҳокимиятни, ижро ҳокимияти ва маҳкама ҳокимиятини, идора мақомларини ва бошқа қурилиш ва кишиларни маъсул этгучи асос қоидалардир.

Конституция устунлиги тортишилмаяжак бир эталондир.

Бизнинг давлатда ҳеч бир буйруқ ёки қарорнома қонунга, қонунлар эса Конституцияга қарши бўлолмайди.

Ҳеч бир ҳуқуқий ишлов халқаро шартномаларда кўрсатилган, давлатимизнинг Конституция ва қонунларнинг борлиқ ва машрутият (легитимлик) асосларига тўғри келмайдиган шаклда талқин ва тадбиқ қилинмаяжак.

Бизнинг давлатимизнинг иқтисоди дунё воқъелигига уйғун бичимлантирлади, молиявий манбаларнинг эркин ҳаракати таъминланади, чет эл сармоясининг эркин фаолияти давлат тарафидан кафолатланади.

Бизнинг давлатда мафкура кўпчиликнинг идеологик кўришига асосланади.

Ва ҳеч қайси идеология ҳукуматимизнинг мафкураси ёки мажбурий идеология ўлароқ белгиланмаяжак. Сиёсий кўптарафлилик ва кўппартиявийлик асос бўлажак.

Давлатимиз инсон ҳақлари ва ҳуқуқ устиворлигига асосланажак.

Бизнинг давлатда xалқ тарафидан қабул этилган  конституцион режимни зўровонлик билан алмаштириш ва ўлка бутунлигига раҳна солиш, давлатнинг xавфсизлигига зарар бериш, қуролли ташкилотланма, социал, ирқий, миллий, диний айримчиликни қўзғатиш каби фаолиятлар таъқиқланажак.

Бу давлатда xусусий турмушга аралашиш таъқиқланади, унинг даҳлсизлиги Қонун тарафидан кафолатланади. Қонун кўрсатмаган ҳолларда ҳеч кимнинг уйига уй соҳибининг рухсатисиз кириш Қонун тарафидан таъқиқланади.

Давлат aхлоқнинг муҳофаза этилишида тараф бўлaди ва ахлоқ бузилиши ҳолларига мудоҳала қилиш ҳаққига соҳиб бўлади.

Бу давлатда ҳар бир шахс хабар олиш ва хабар тарқатиш эркинлигига соҳибдир. Миллий хавфсизлик ва жамоат тинчлигини бузиш ҳоллари истисно, хабарлашма эркинлигига тўсиқ қўйилиши таъқиқланади.

Бу давлатда ҳар бир киши саёҳат эркинлигига эгадир. Ҳар бир киши бу ўлкада истаган шаҳар ва вилоятда яшаш ҳуқуқига эга бўлади. Паспорт режими бекор қилинади. Ҳар бир киши ўлка ҳудудларидан ҳеч бир бюрократик тўсиқсиз истаган ўлкага чиқиш ҳаққига соҳиб бўлади.

Ҳар бир киши ва гуруҳ тинч намойиш ва митинглар ўтказиш, матбуот ва нашрий маҳсулотларни тарқатиш ҳурриятига эга бўлади.

Ҳар бир киши ва ёки гуруҳ жамоат ташкилоти қуриш, унга аъзо бўлиш ва аъзоликдан чиқиш ҳуқуқига эга бўлади. Ҳеч бир киши жамоат ташкилотига мажбуран аъзо қилинмаяжакдир.

Ҳар қандай сабаб билан ҳам шахслар айтишни истмаган тушунчаларини айтишга мажбур қилинмаяжакдир ва айтмагани учун айбланмаяжакдир. Ҳар ким ўз тушунчаларини сўз, расм ва ёки бошқа воситаларла ёймоқ ҳурриятига соҳиб бўлажак.

Матбуотнинг эркин бўлиши давлатимиз учун ҳаётий аҳамият касб этмоқда.

Ҳар ким эркин илм ўрганиш ва ўргатиш ҳуқуқига соҳибдир.

Ҳар бир шахс мулк ва мерос эгаси бўлиш ҳаққига соҳибдир.

Ҳар ким машръу воситалар ёрдамида тергов тизимларида даъвочи ва ёки айбланувчи сифатида ўз ҳақларини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга. Улардан ҳеч бирини маҳкамадан бошқа ҳеч ким айблашга ҳақи йўқдир.

Ҳеч ким ишловда бўлган қонун айб санамаган бир феълдан жазоланмаслиги керак.

Эътиқод эркинлиги

Динда мажбурлаш йўқдир.
(2/256 Қуръон)

Янгидан иншо этиладиган Ўзбек давлати дунёнинг илғор ўлкалари савиясига чиқмоқ учун, ҳар инсоннинг диний эътиқоди ва мафкурасига, виждоний ва фалсафий қарашларини ҳур ифода этишига имкон туғдирадиган бир сиёсий низом иншо этажак.

Мактабларда дин тарихи ўқитилажак.

Хусусий Қуръон ўргатиш курслари очилишига рухсат берилади.

Меҳнаткаш ҳақлари

Ҳукм берар экан, ўзингизга, ота онангизга қарши бўлса хам, адолатли бўлинг, бой ва камбагал айрими қилманг. ( Қуръон  4/135)

Инсонлар орасида ҳукм чиқарганингизда адолат билан ҳукм чиқаринг. (4/58, Қуръон)

Ҳар ким истаган соҳасида ишлаш ва шартномалар тузиш  ҳуқуқига эгадир. Ташаббускорлик рағбатлантирилади. Ишсизликнинг олди шу шаклда олинишига ва жамият фаравонлигига шу шаклда эришилишига ишонамиз.

Шу маънода миллий иқтисодимиз тараққиёти учун сифат ва унумдорликка эришиш учун миллий марказлар қурилади. Ўлкамиз ишлаб чиқаришида қўшимча қийматнинг орттирилиши ва саноатимизга сармоялар ётқизиш соҳасида миллий сафарбарлик эълон қилинади. Ташқарига чиқиб кетган юксак малакали тадбиркор ва муттахассислар ватанга даъват қилинади.

Давлатимиз хусусий ташаббускорликнинг миллий иқтисод манфаатларига ва ижтимоий мақсадларга уйғун равишда, қарорлилик билан олиб борилишини таъмин этади.

Давлатимиз халқнинг турмуш савиясини юксалтириш, иш шароитларини яхшилаш, ишсизларни ижтимоий муҳофаза қилиш, ишсизликнинг олдини олиш, иқтисодий ривожланиш учун қулайлик барпо этиш учун зарур тадбирларни кўради.

Ҳеч ким ёши, жинси ва кучига уйғун келмаган ишларда ишламайди.

Ишчилар ва иш соҳиблари ўзаро муносабатларида иқтисодий ва ижтимоий ҳақ ва манфаатларини муҳофаза қилмоқ учун – аввалдан изн олмай – вақф, уюшма ва коoператив қуриш, уларга эркин аъзо бўлиш ва аъзоликдан чиқиш ҳақларига эга бўлади.  Меҳнаткашларнинг иш ўринлари уларга муносиб бўлишини назорат этувчи махсус давлат органи тузилади. Меҳнаткашлар стачка ва иш ташлашлар эълон қилиш  ҳуқуқига эгадирлар.

Ҳеч ким бир вақф ёки бир ташкилотга аъзо бўлиш ёки аъзоликдан чиқарилишга мажбур қилинмайди. Ишчи ва иш эгалари ўзаро иқтисодий ва ижтимоий вазиятларни ва иш шароитларини яхшилаш борасида музокаралар олиб бориш ҳаққига эга бўлади.

Давлатимиз ишчиларнинг қилган ишига лойиқ ҳақ олишлари ва бошқа ижтимоий имтиёзлардан фойдаланишлари учун зарур тадбирларни олади.

Атроф муҳит

Ҳар ким соғлом муҳитда яшаш ҳаққига эгадир. Давлат ва ҳукуматимиз атроф муҳитни соғломлаштириш учун буюк бир ҳамла бошлаяжак. Атроф муҳит тозалигини сақлаш, табиатнинг ифлосланишига йўл қўймаслик  давлат каби  фуқароларнинг ҳaм бурчи бўлажак.

Ҳукуматимиз Совет даврида Аму ва Сирдарё соҳилларидаги кесиб ташланган ўрмон ва тўқайзорларни ва уларнинг ичидаги фауна ва флорани янгидан барпо этиш учун халқ ҳаракати бошлатажак.

Давлатимиз ўрмонларнинг муҳофаза қилиниши учун қонун қабул этади. Ўрмонларга зарар бервчи ҳеч бир фаолиятга рухсат этмайди. Ўрмонлар ичида ва ёнларида яшовчи қишлоқ аҳолиси турмуш савиясининг юксалиши учун зарур тадбирлар кўрилади.

Инсон соғлиги

Давлатимиз инсоний ва моддий кучда тежамкорлик ва маҳсулдорликни орттириб,  ҳамкорликни барпо этиш мақсадида соғлиқни сақлаш муассасаларини ягона марказдан планлаштириб xизмат беришни жорий қилади.

Давлатимиз фуқароларнинг руҳ ва бадан соғлиги учун, спорт турларини ривожлантириш борасида чоралар кўради.

Давлатимиз мамлaкатимиз ёшларини алкогол, гиёгҳвандлик, жиноятчилик ва қиморбозлик каби иллатлардан, жаҳолатдан қўримоқ учун зарур тадбирларни олади.

Иқтисодий сиёсат

Иқтисодий, ижтимоий ва маданий юксалиш ва айниқса, саноатнинг ривожи, ўлка бойликларидан унумли фойдaланиш борасида бир ташкилот қуриш Ҳукуматимиз вазифасидир.

Миллий даромадни ошириш, исрофгарчилик ва порахўрликка чек қўйиш, ишлаб чиқаришни юксалтириш, нарх-навода барқaрорлик ва тўловларда мувозанатни сақлаш йўлида тадбирлар олинади.

Ҳукуматимиз пул, кредит, сармоя, мол ва маиший хизмат секторини тартибли ишлашини таъминловчи ва ривожлантирувчи тадбирлар олади, секторларда феълий ёки келишув орқали пайдо бўладиган яккаҳокимликнинг олдини олади.

Ташқи савдонинг ўлка иқтисоди манфаатига хизмат қилиши учун керакли тадбирлар олинади, импорт ва экспорт рағбатлантирилади. Айни шаклда илмий изланишлар қўллаб қувватланади, маиший хизмат соҳаси ва туризм борасида тадбир кўрилади.

Кичик ҳажмли саноат корхоналарини ва саноат кооперативчилигини ташвиқ киламиз.

Табиий бойликлар давлатимизнинг ҳукми ва тасарруфида бўлади, уларнинг излаб топилиши ва ишлатилиши давлатимзга оиддир. Бу соҳада маҳаллий сармоячилар, ташаббускорлар ва илмий марказлар ва касб ва соҳа жамиятлари билан ҳамкорлик қилинади.

Ҳукуматимиз миллий иқтисодимиз манфаатларини назарда тутиб, аҳолини муҳофаза қилишга қаратилган кооперативчиликни ривожлантиришга алоҳида аҳамият беради, истеъмолчиларни ҳимоя қиладиган чора ва тадбирлар ишлаб чиқади.

Ўзбекистон ярим аграр ўлка. Зудлик билан тупроқ ислоҳоти ўтказилиши лозим. Ҳукуматимиз тупроқ унумдорлигини муҳофаза қилиш, эррозияга юз тутишининг олдини олиш учун, ери йўқ деҳқонга ер беради ва унга ерга эгалик қилиш ҳуқуқини беради.

Ижтимoий сиёсат

Ўлкамизда яшаган ҳар ким ижтимoий ҳимояланиш ҳаққига эга бўлади. Ҳукуматимиз урушда ва ёки вазифасини адо этаркан, қурбон бўлганларнинг тул қолган аёллари ва етимларни муҳофаза қилиб, уларни жамиятда ўзига мунсоиб бир ҳаёт савияси билан таъминлайди. Ҳукуматимиз майиб-мажруҳларнинг муҳофазаси ва жамият ҳаётида ўз ўрнини олишлари учун керакли тадбирлар олади. Қариялар ижтимоий муҳофаза қилинади, уларнинг ҳақ ва хуқуқлари, имтиёзлари қонунлар орқали белгилаб берилади. Ҳимояга муҳтож болаларни муҳофаза қилиш учун барча тадбирлар кўрилади. Давлатимиз шаҳарларнинг ўзига хосликлари ва атроф муҳит тозалигини назорат қилиш режaлари доирасида, турар-жой эҳтиёжларини таъминлаш режаларини ишлаб чиқади, оммавий турар-жой қуриш ташаббусларини қўллаб-қувватлайди.

Оила

Оила жамиятнинг асосидир. Ҳукуматимиз оила фаравонлиги, айниқса, она ва унинг фарзанди ҳимояси учун зарур тадбирларни олади. Давлатимиз ёш авлод тарбияси оиладан бошланиши учун бутун тадбирларни олажак.

Маориф

Ўлкамизда ҳеч ким таълим-тарбия ҳаққидан маҳрум қолмайди. Ҳукуматимиз илм олишни ташвиқ қилади ва уни қўллаб қувватлайди.

Ҳукуматимиз ёш авлоднинг том маънода маърифатли бўлиб вояга етиши учун бутун имкониятларни ишга солади.

Биз маорифда фақат дарвинизм ва атеизмга асосланган биртомонлама стратегияга қаршимиз, биз инсон борлигининг тарихи бошқа нуқтаи назарлардан ҳам ўрганилиши тарафдоримиз ва бу йўналишдаги ташаббусларни қўллаб қувватлаймиз.

Ҳукуматимиз Ўзбек тилининг давлат тизимларида тўлақонли фаолияти учун масъул бўлади ва айни унинг жаҳон миқёсида фаолият юритадиган савияда ривожлантиришнинг махсус дастурини қaбул қилади ва амалга оширади.

Санъат ва маданият

Мустақилликдан кейин юритила бошлаган аксилмиллий сиёсат оқибатида қадр-сизланган санъат ва адабиёт ўзи муносиб булган мақомга чиқарилажaк. Давлатимиз тарихий, маданий  бойликларимизни муҳофаза этади ва бу борада тарғиботлар олиб боради. Санъат асарларининг муҳофаза қилиниши, қўллаб-қувватланиши ва санъат севгисининг ёйилиши учун керакли тадбирларни олади.

Шунингдек, ҳукуматимиз косиб ва санъаткорликни муҳофаза қилувчи ва рағбат-лантирувчи тадбирларни олади.

Усталарнинг хусусий мехнати маҳсули  асосига қурилган кичик корхоналар солиқ-лардан озод этилади.

Ташқи  сиёсат

Агар улар тинчлик истасалар, сен ҳам уларга ён бос (Қурон 8/61))

Қўшни давлатлар, Осиё, Оврупо, Америка давлатлари билан ҳамкорлик, дўстлик ришталарини  мустаҳкамлаймиз.

Ҳукуматимиз Марказий Осиёдаги қардош давлатлар билан интеграция сиёсатини юритади ва бу йўналишдаги ҳар қандай ташаббусни қизғин қўллаб қувватлайди.

Бизнинг барпо этажагимиз давлат дунёда эътиборли бир ташқи сиёсат юритажак ва байналминал ҳуқуққа уйғун ҳаракат этувчи, халқоро шартномаларга содиқ бир давлат бўлажак.

Ҳукуматимиз чет элларда яшаётган ўзбек диаспораси ҳақлари бузилган ҳолларда уларнинг ҳақларини актив ҳимоя килади. Қўшни  мамлакатлардаги ўзбекларнинг ўз тилини мукаммал эгаллашга бўлган интилишини рағбатлантиради ва миллий маданиятдан ажралиб қолмаслиги учун бутун имкониятлардан фойдаланади.

Фалсафамиз

Биз сиёсатни муаммо келтириб чиқарувчи, босим ташкил этиш воситаси эмас, балки, халққа хизмат воситаси ва муммоларни ҳал этиш санъати ўлароқ кўрамиз.

Биз ғайри-машръу экономикани рад этганимиз каби, ғайри-машръу сиёсатни ҳам рад этамиз.

Адолатнинг ҳақиқий истиқрор манбаи эканига, унинг ҳар қандай зўровонлик ва террорнинг олдини олишига ишонамиз.

Этник ва диний фарқлиликларга қарамай, жамият ичида аҳиллик – бизнинг бошқарувдаги идеалимиздир.

Ўтмиш ҳақида хофизамиз ва келажакка умидни  кучли ирода билан бирлаштириб, мавжуд бўҳрондан чиқишимизга ишонамиз.

Биз ўзбек халқининг ҳуррияти дунё тинчлиги ва ер юзи маданияти ривожига ижобий ҳисса қўшишига аминмиз.

Адолат, Тинчлик, Эркинлик, шаффоф Xалқ бошқаруви, Инсон ҳақларига ҳурмат кўрсатувчи бир ҳуқуқ давлати қуриш учун бел боғлаган Ўзбекистон халқи шундай давлатга  лойиқдир.

**********

ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ ҲАРАКАТИ АМАЛИЙ ИШЛАРИНИНГ УМУМИЙ ЧИЗГИЛАРИ

1.Маърифат ва тарғибот-ташвиқот йўли билан инсонларимизнинг илмий ва ижтимоий-сиёсий савиясини ошириш. Бу ЎХҲ фаолларининг бевосита инсонлар билан учрашувлари ва имкон доирасидаги оммавий ахборот воситаларда ЎХҲнинг мақсадларини ёритиш орқали амалга оширилади.

2.Ижтимоий-сиёсий жиҳатдан фаоллашган шахслар ва турли гуруҳларнинг ЎХҲ да жипслашишига эришиш. Яъни, қишлоқлар ва маҳаллалардан бошлаб, туман, вилоят марказларида ва барча шаҳарларда ЎХҲ бўлимларини ташкил қилиш.

3.ЎХҲ бўлимларида бирлашган халқимизнинг мавжуд диктатура режимига қарши чиқиш потенциалини юксалтиш. Бу аввало ЎХҲнинг кичик ва катта гуруҳлари орасида ўзаро учрашувлар, семинарлар, конференциялар, кичик ва катта норозилик чиқишларини ташкил қилиш билан амалга ошади.

4.Бу босқичда ЎХҲ раҳбариятининг мамлакат ичида ва ташқарисида режимга қарши ғоявий ва сиёсий тазийқини янада ошириши лозим бўлади. Бу орқали халқимизнинг ва дунё жамоатчилигининг ЎХҲга мойиллигини ортиришга эришишга ҳаракат қилинади.

5.ЎХҲнинг кураши ижобий натижа билан якунланишини назарда тутиб, ҳаракат раҳбариятининг ўтиш даврида муваққат ҳукумат амалга оширадиган ислоҳот дастурини ҳозирлайди.

**********

ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ ҲАРАКАТИГА ҚЎШИЛГАН ИНСОНЛАР ҚУЙИДА КЎРСАТИЛГАН ТАДБИРЛАРДА ФАОЛ ИШТИРОК ЭТИШЛАРИ ЛОЗИМ БЎЛАДИ

НОРОЗИЛИК УСУЛЛАРИ ВА ЖАМОАТЧИЛИК БИЛАН ИШЛАШ

1. Оммавий матбуот чиқишлари

2. Шиорлар, карикатуралар ва рамзлар ҳозирлаш

3. Байроқлар, плакатлар ва шунга ўхшаш бошқа воситалар ҳозирлаш

4. Варақалар, китоблар ҳозирлаш

5.Газеталар ва китоблар нашр қилиш

6.Магнитофонга ёзилган нутқлар, касеталар, радио ва телевидение, интернет дастурлари ҳозирлаш

ЖАМОАТЧИЛИКНИНГ РАМЗИЙ ТАДБИРЛАРИ

7. Байроқлар осиш, рамзга айланган рангларни ишлатиш

8. Рамзга айланган кийимлар кийиш

9. Жамоат ҳолида ибодатлар ва дуолар ўқиш

10. Рамз сифатида чироқларни ёқиш ёки ўчириш

11. Рамз сифатида ноғора, карнай ва сурнай чалиш

12. Кўча юришлари , норозилик намойишлари ва парадлар

13.Дафн ва таъзия маросимлари ўтказиш

ЎЗБЕКИСТОНДА МУХОЛИФАТ АЪЗОЛАРИНИ ФАОЛЛАШТИРИШГА ҚАРАТИЛГАН ТАДБИРЛАР

14. Мамлакатда турли мухолиф ҳаракатларга аъзо бўлган кишиларни аниқлаш ва улар билан констурктив алоқа ўрнатиш (бевосита ёки телефон, интернет орқали)

15. ЎХҲ билан ҳамкорлик қилишни истаган мухолифатчиларни ЎХҲнинг Низоми, Дастури ва бошқа ҳужжатлари билан таништириш.

16. ЎХҲ кирган барча мухолифат вакилларининг интизомли ва давомли ҳамкорлигини йўлга қўйиш. Бу мақсадда аниқ белгиланган вақтларда учрашувлар, семинарлар ва конферанциялар ташкил қилиш (имкон даражасида)

17. Тинчлик руҳида ва оммавий равишда ўтказиладиган тадбирларга барча мухолифат вакилларини жалб қилиш.

18. Диктатура режими тарафидан тазйиқ остига олинган ва олинадиган, қамалган ва бошқа шаклда зулм кўрганларга моддий ва маънавий ёрдам бериш, уларнинг оилаларига эга чиқиш.

Ҳаракатнинг молиявий имконларини кучайтириш

19. Турли хайрия жамғармаларидан ҳаракатга моддий ёрдам жалб этиш

20. Тижорат ва тадбиркорлик фаолияти орқали маблағ тўплаш

21. Ҳаракат аъзо бўлган ташкилотлар ва шахсларнинг моддий ёрдамлари

ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ ҲАРАКАТИНИНГ ГИМНИ

Озодлик истаган халқ иродаси,
Зулм истибдодга кўтарди исён!
Етар зўравонлик, қашшоқлик, хорлик,
Талаб қил ўз ҳаққинг, озод ҳур инсон!

Йўлимиз шиори; Адолат, Ҳурлик,
Отлан бу курашга, Ватан ўғлони!
Ору-номус, ғурур, деган неъматдан,
Азизроқ эмасдир, одамнинг жони!

Ўз бахтингни ўзинг киритгил қўлга,
Ўз меҳнатинг билан, топгил шараф шон!
Дунё халқларини ичида сен ҳам,
Муносиб ўрнингни топ, Ўзбекистон!

Қурайлик фаровон эркин бир ҳаёт,
Бўлмасин халқимиз ўз юртида хор!
Сен ҳам қадри баланд инсонсан, халқим,
Бахтли яшашликка сени ҳаққинг бор!

Йўлимиз шиори; Адолат, Ҳурлик,
Отлан бу курашга, Ватан ўғлони!
Ору-номус, ғурур, деган неъматдан,
Азизроқ эмасдир, одамнинг жони!

**********

ЎXҲ –ҲАММАМИЗНИНГ ҲАРАКАТИМИЗДИР

ЧАҚИРИҚ

БИЗ-тарихи илму маърифатнинг, маданият ва тараққиётнинг бешиги ҳисобланадиган дунёнинг энг илғор қавмларидан Ўзбекистон халқининг вакилларимиз.

БИЗ- халқимизнинг келажагининг, унинг тарихининг порлоқ даврларида бўлгани каби, имонга, илму маърифатга, ҳуқуқ ва адолатга асосланишини истаймиз.

БИЗ- дини, миллати, ижтимоий келиб чиқишидан қатъий назар ҳуқуқ ва адолатнинг, эркинлик ва ҳурфикрлиликнинг, сайлов ва сайланишнинг, инсон қадриятлари ва шарафининг ҳаммамизга бир хил даражада тегишли бўлишини истаймиз.

БИЗ-халқимизнинг бугунги кунини ўтиш ва тикланиш даври, дея баҳолаймиз. Коммунистик зулмдан кейин унинг меросчиси бўлган ва Президент Ислом Каримов тарафидан асос солинган маҳаллий диктатуранинг умри тугалланиш арафасида турибди, деб биламиз. Ўзбекистон халқи ҳаётида ЯНГИ ДАВРнинг бошланиши учун вақт етиб келди.

БИЗ-ЯНГИ ДАВРнинг ислоҳот ва адолат асосида, қон тўкилмасдан ва ҳеч бир шаклда зўровонликга йўл қўймасдан ўрин олишини истаймиз. Чунки БИЗ ҳақсизлик билан бир одамнинг ўлдирилишини бутун инсониятнинг ўлдирилишига тенг, деб биламиз. Адолат асосида бир инсоннинг жонини асрашни эса бутун инсониятнинг жонини асраш, деб биламиз.

БИЗ- ҲАҚни асос, халқимизни унинг муассиси ва ўзимизни эса аввало ҲАҚнинг, сўнгра халқимизнинг маъмурлари, деб биламиз.

БИЗ- ўз фаолиятимизда халқимизнинг барча вакилларининг эътиқодий, миллий ва умуминсоний қадриятларининг мусбат қирраларига ўрин берамиз. Мақсадимиз мана шу қадриятлар асосида, сафларимизда ўрин олган турли дунёқарашдаги турли инсонларга бир хил эркинлик, ҳуқуқ ва адолат берадиган фуқаролик жамияти қуришдан иборатдир.

БИЗ- халқимизни ташкил қиладиган турли этник ва эътиқодий гуруҳларнинг вакилларимиз. Сафларимизда мусулмонлар ҳам, мусулмон бўлмаганлар ҳам, демократия ва либерал тушунчаларнинг соҳиблари ҳам бор.

Бугун биз Ўзбекистондаги режимнинг ЗУЛМига қарши қўлни қўлга бериб, АДОЛАТ халқасини ташкил қилдик.

БИЗ яқин келажакда мана шу АДОЛАТ байроғи ватанимизда ҳилпирай бошлайди дея ишонамиз. Бу байроқ остида ўзаро ҳамкорлик қилишга, бир-биримизга тенг ҳақ-ҳуқуқлар танишга ва энг асосийси жамиятда ЗУЛМнинг янгидан пайдо бўлмаслиги учун сафларимизни бузмасликка сўз берамиз.

Ўзбекистон Халк Ҳаракати расмий сахифаси ва электрон почтаси:

www.uzxalqharakati.com

uzxalqharakati@gmail.com
info@uzxalqharakati.com

Сўнгги хабарлар