Диктатор – ким у?

Диктатор – ким у?
34 views
11 May 2011 - 12:56

Диктатор ким у?

У халқнинг ғазабига учраган бир қария, халос!

Диктатор сўзи, лотинча сўз бўлиб, ўз фикрини ўзгаларга сингдира олиш (рус. диктую) деган маънони англатади.

Ҳақиқатда, диктаторлар ўз фикр мулоҳазалари асосидаги ғояларини минглаб инсонларга, бутун бир жамиятга  сингдира оладиган шахслардир. Улар вақти келиб жамият тараққиётини ўзгартира оладилар. Фақат, яхши томонга эмас…

Бундай шахслар болалигиданоқ ўта қобилиятли, зийрак бўлиб, атрофларида юз бераётган воқеа ҳодисаларга эътиборли бўладилар. Ҳар бир кечаётган жараёнга ўзларининг мустақил фикр, мулоҳазалари, хулосалари мавжуд бўлади ва бу хулосалари тўғри эканлигига ҳеч вақт шубҳа қилмайдилар. Шу жиҳатдан, ўзларини бошқалардан устун санаб, зўр бериб ҳалқни алдаб бўлса ҳам ўзларига эргаштиришга ҳаракат қиладилар. Улар ўзларининг мутакаббирликлари билан бошқалардан ажралиб турадилар. Улар халқ лидерларидан фарқли ўлароқ, ўз фикрларини ўзгаларникидан устун қўядилар, ўзга фикр эгалари билан хисоблашмайдилар. Саёз фикрларига қўшилмаган, шизофреник ғояларига эргашмаган шахсларни эса ёмон кўрадилар ва ўзларига душман деб билиб, эзиб, янчиб, йўқ қилиш пайида бўладилар.  Улар ўзларининг ботил мақсадлари йўлида армия тўплайдилар, ёлғон ваъдалар билан халқни ишонтириб, “порлоқ келажак” га етаклайдилар. Лекин, бу “порлоқ келажак” инсонларга жуда қимматга тушади. Бир кишининг ҳоҳиш  иродаси туфайли, миллионлаб инсонларнинг қони беҳуда тўкилади. Миллионлаб инсонлар жабру ситам кўрадилар. Улар барча инсоний қадриятларни йўқ қиладилар.

Улуғ рус ёзувчи Федор Достоевский “Ўлик уйдан мактублар” асарида, мустабидлар ҳақида шундай келтиради:

«Мустабидлик, ривож топиш билан юзага келган бир одатдир, ривожланиб охир оқибат у касалликка айланади. Энг яхши одам ҳам бу одатдан, нодонликнинг бир ҳайвон даражасигача тушиб, қўполлашиши мумкинлигига аминман.

Қон ва ҳокимият маст қилади: қўполлик, фосиқлик ривож топади; ақл ва туйғу учун ҳамма нарса раво бўлгач, энг нонормал ҳолат ҳам ширин туюлади.

Мустабид шуурида Инсон ва фуқаро ҳалок бўлади, унинг инсоний қадриятларига қайтиши, тазарру қилиши ва қайта тирилиши, унинг учун деярли имконсиз бўлади».

Ана шундай қонхўр ва мутаассиб диктаторлардан бири Ўзбекистоннинг ноқонуний президенти Ислом Каримовдир. Унинг 22 йиллик хукмронлиги остида минглаб инсонларнинг ёстиғи қуриди, миллионлаб инсонлар ўзга юртларда дарбадарликда. Бугунги кунда Ўзбекистондаги ижтимоий, иқтисодий аҳвол эса ўта аянчлидир. Юртимизда бундай ҳолатнинг юзага келиши ўзбек халқининг ҳам маълум даражада эътиборсизлиги  ва лоқайдлиги оқибатидир. Биз кўп ҳолларда ён атрофимизда бўлаётган  ноҳақликларга бефарқ қараймиз. Давлат органлари томонидан содир этилаётган адолатсизликларга қарши лоқайдлик қилиб, охиригача курашмаймиз. Чунки, Ўзбекистон Конституциясида белгиланган ўз ҳақ ҳуқуқларимизни тўлиқ билмаймиз. Оқибатда, нодон аммо устамон давлат мутасаддиларининг гапларига ишониб қолаверамиз. Улар эса содда ва ишонувчанлигимиздан ўзларининг шахсий манфаатлари йўлида фойдаланишади. Масалан;

Фуқаролар Давлат ва баъзан хусусий корхоналарда уззу кун меҳнат қилиб, ўз маошларини ойлаб, йиллаб ололмайди, оила фарзандлари оч наҳор ўтиришади, аммо чидайди.

Деҳқон кун чиққандан, то ботгунгача далада тер тўкади, пахта экади. Ўзи етмаганидек, болаларини ҳам далада мажбуран ишлатадилар.  Лекин, ойлаб гўшт емайди, фарзандлари хатто қорни тўйиб овқат ҳам емайди, аммо чидайди.

Давлат солиқларини тўлашга келганда охирги тангасигача қоқиб олишади. Ўша ҳам бўлмаса, газни, чироқни, сувни узиб кетишади, чидайди.

Ўз ҳақ ҳуқуқларини поймол бўлаётганини, умуминсоний қадр қиммати оёқ ости бўлаётганини айтиб, талаб қилиб чиқмайди, чидайди.

Чунки, ёвуз режимга қарши чиқса, қамалиб кетиб, болалари етим қолишидан қўрқади.  Аслида эса, фарзандлари ота онаси тирик бўла туриб, аллақачон етимларга айланиб бўлганлигини тушуниб етмайдилар.

Ўзбекистондаги, давлат тамонидан ҳақ ҳуқуқлари умуман ҳимояланмаган  болалар, тирик етимлар эмасми!?

Ахир, пахта далаларида болалар меҳнатидан фойдаланиш Умумжаҳон қонунчилигида жиноят саналишини халқимиз билмайдими?

Европа мамлакатларидаги инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари бу ҳақида неча йиллардан бери бонг чалиб келаётганларини эшитмайдиларми?

Бу каби адолатсизликлардан безиб, ўзлари каби ҳақ – ҳуқуқлари ва инсоний қадр қимматлари топталаётган инсонлар билан бирлашиб халқ намойиши ўтказишликдан уларни нима тўсади?

Диктатор Каримовми? У ким ўзи??? У халқнинг ғазабига учраган бир қария, халос!

Ўз халқининг ғазабига дучор бўлган ҳеч бир диктатор, ҳеч бир замонда омон қолган эмас. Ўтган асрда миллионлаб инсонларнинг ёстиғини қуритган Адольф Гитлер ҳам охир оқибат маҳв этилиб, ўз жонига қасд қилишга мажбур бўлди. Бу дунёдаёқ жасади ўтга ташланди. Унинг йўлини тутган, “фашист” сўзининг автори Бенито Муссолини партизанлар томонидан осиб ўлдирилди ва боши танасидан жудо қилинди. Эр хотин Елена ва Николае Чаушескуилар муваққат ҳукумат тамонидан отиб ўлдирилди. Бундай мисолларни ўнлаб келтириш мумкин. Асримизда содир бўлаётган Араб ўлкаларидаги мустабидларнинг бирин кетин ағдарилиши ва жазога тортилиши ҳам сўзимизнинг яққол далилидир.

Европа мамлакатлари халқларининг фаровон ҳаёт кечиришининг боиси, улар халқ давлат учун эмас, давлат халқ учун хизмат қилиши кераклигини аллақачон тушуниб етганлигидадир.

2005 – йилнинг апрел май ойларидаги Андижон шаҳар Суд биноси олдида 23 тадбиркор устидан бўлаётган Суд маҳкамасидан норози бўлган халқнинг тинч намойишини эслайлик. Ўша пайтда давлат мутасаддилари нима қилишларини билмай титраб қақшаб қолган эдилар. Лекин, Каримов бошчлигидаги ёвуз режим 13 – майдаги намойишларда фитна уюштириб, тинч аҳолини ўққа тутдилар. Халқни  ёшу қари, эркагу аёл демай шафқатсизларча қириб ташладилар ва бу қилмишларини яшириб, ўз халқининг равнақи, фаровонлиги учун курашган оддий тадбиркорларни “террорист”лар деб, айбдор қилиб кўрсатдилар. Агар бу халқ намойиши араб мамлакатларидаги каби, бирин кетин Андижонда, Фарғонада, Қўқонда, Тошкентда, Самарқанд ва Бухоро вилоятларида ҳам бўлганида, ана шундай қила олармидилар?

Йўқ, албатта. Чунки, ойни этак билан ёпиб бўлмайди. Шунингдек, халқ бирлашса уммонга, катта кучга айланишини диктатор Каримов ҳам, унинг яловбардорлари ҳам жуда яхши биладилар. Улар учун бир инсон ҳаёти ҳеч қандай қимматга эга эмасдир. Аммо, халқ вақти келиб улардан хокимиятни тортиб олиши ва ўзини озод қилишга қодир бўлади.

Ўзбекистон Халқ Ҳаракати ана шундай Халқ бирлиги ва биродарлигидир!