М.Солиҳ: “Одам зотининг энг пасткаши – нонкўр одамдир” (қисқа интервью)

М.Солиҳ: “Одам зотининг энг пасткаши – нонкўр одамдир” (қисқа интервью)
132 views
26 April 2012 - 14:24

1994 йил Истанбул.Ж. Маматов М. Солиҳнинг ёнида.
(Бу расмни тақдим этган журналист дўстларга миннатдорчилигимизни билдирамиз.Таҳририят.)

Тўлқин Қораев:  ЎХҲ (Ўзбекистон Халқ Ҳаракати) га ва сизнинг шахсингизга тўхтовсиз ҳужумлар қилинмоқда.  Ўзлари ҳар хил исмларда “мақола” ёзиб, унинг тагига ҳам ҳар хил исмларда ўзлари изоҳ ёзади бу фирибгарлар. Ёзилганларнинг аксари  ЎХҲ ва Муҳаммад Солиҳ номини бадном қилишга уринишлардир.
Албатта, бунақа  хунук кўринишда туҳмат қилаётганларни  шармсиз, ҳаёсиз кимсалар, десак муболаға бўлмайди. Булар ичида энг ҳаёсизи Ж.Маматовнинг худодан ҳам қўрқмайдиган даражада ёлғончи эканлиги ҳаммага маълум бўлиб қолган. У сизнинг шахсингизга қарши ёзганларининг туҳматдан бошқа нарса эмаслигини билган ҳолда, баъзи саволлар билан сизга мурожаат қилишимизга тўғри келади. Бу савол ва унга берилажак жавоблар Сизни ва муфтарий Маматовни билмайдиган ёшлар учун зарур, токи улар кимнинг ким эканлигини билиб олсинлар. Бу туҳматларини Жаҳонгир Маматов 2001 йилда ёзган, аммо сиз унга жавоб бермай келгансиз. Нега?

Муҳаммад Солих: Дейлик, кўчада ўтиб бораркансиз, Сизга бир шаллақи хотин кўча ўртасида ҳужум килса, ёки бақир-чақир қилиб ҳақоратлай бошласа, сиз унга жавоб берасизми? Бермайсиз албатта. Чунки, уяласиз. У билан тенг бўлишдан уяласиз. Ким кимлигини халқнинг ўзи билаб олади, деган умидда шаллақилар билан тенг бўлмадим.

Т.Қораев: Жаҳонгир Маматов ёзганидек, Анвар Олтойли афғонистонлик Абдурашид Дўстимдан бир-неча миллион пул олиб сизга бергани ростми?

М.Солих: Бу қип-қизил туҳматдан бошқа нарса эмас.  Туҳмат бўлганида ҳам пасткашларча туҳмат. Яна бунинг эгизаги Пўлатов дегани ҳам бор, у худди бузуқ патефон каби йиллар давомида менинг Каримовдан “иккита квартира” олганимни такрорлайди. Бу ҳам айни  тубанликдаги туҳмат. Сотқинлар ўзларининг якка қолмaсликлари учун бошқаларнинг хам сотқин бўлишини истайдилар. Булар ўзлари ёзган тухмат ва ёлғонларига қаноат қилмай, энди МХХ (СНБ) тайёрлаган материаларини бера бошлади, тубанликнинг бу қадарини  кўрмагандик. Яна кеча-кундуз, тинмай “меҳнат” қилишади. Нашрлари ғиж-ғиж ахлат, бир кечада бир тонна ахлат босишади – ғайратга қаранг! “Агар номусли инсонлар ҳам пасткашлар каби ғайратли бўлганда, бу дунёда ёмонлик озроқ бўларди”, деганди донолардан бири.
Ҳақиқатан ҳам, кўпинча номусли инсонлар шаллақилар билан баҳсга киришмайдилар, чунки улар билан тенг бўлишдан уяладилар. Аммо бу шайтанат аҳлини ҳаққа айлантирмайди. Айтилгани каби, уларнинг ёлғони хам ҳақиқатга хизмат қилади охир-оқибатда. Яъни шайтанат аҳли канча кўп ёлғон сўзласа, шунча пардаси тушади, кимлиги маълум бўлиб бораверади – бу бир қонуниятдир.

Т.Қораев: Сиз 1994 йилда Истанбулда уй сотиб олганмисиз?

М.Солиҳ: 1993 май ойидан 1994 йил октябрь ойигача мен, оилам ва менинг ёнимдаги тарафдорларим Истанбул шаҳри ҳокимиятининг собиқ раиси Бадриддин Долон ижарага берган бир апартаментда турдик. Ўша тарафдорларим орасида ўша туҳматчи нусха ҳам бор эди. 1994 йил октябрь ойида, ўша пайтдаги Туркия президенти Демирелнинг буйруғига биноан, мен оилам билан Туркиядан Олмонияга бадарға этилдим. Туҳматчи нусха эса, Истанбулда қолиб, коммунистларнинг нашри бўлган “Ойдинлик” газетасига мен ҳақимда “динчи-террорист” деб, донос-мақоллар ёзиб, Туркияда  мен олиб берган уйда яшашда давом этди.
Олмонияга кетарканман, менда уй тугул, Олмонияга бориб яшаш учун бир ойга етадиган маблағ ҳам йўқ эди. Аммо Оллоҳ ўз қулларининг ризқини ҳар ерда беради. Олмонияда ҳам, Худога минг қатла шукрлар бўлсинки,  оч қолмадик.

Т.Қораев:  Солиҳ ака, бу каби кимсаларни қанотингиз остига олиб, улардан фақат ёмонлик кўрдингиз. Маматов хакда батафсилрок айтиб беринг энди, ҳеч гапирмадингиз. У сизга тухтамасдан лой чапляпти-ку? Бундай кимсаларнинг хулки аввалдан сизга куринмаганмиди?

М.Солиҳ: Кўринганди, аммо кўнгилчанлик қилдим. Биров йиғлаб, мурожаат қилса, дарҳол кечираман. Бу менинг заиф жиҳатим. Маматовнинг қинғирлигини биринчи марта 1991 йил октябр ойида Олий Кенгаш сессиясида кўрдим. (Мени “Каримовни сақлаб қолди”, деб айблашаётган сессияда). Бу мажлисда Маматов энди Каримов ағдарилади, деб ишониб, Каримовга қарши гапиришга журъат этди. Аммо Каримов ағдарилмади, шунда бу сохта қаҳрамон дарҳол Каримовдан узр сўраб, унинг консультантлигини олди. У ерда тилёғмалигини давом эттириб, Ўзбекистон Телевидениясига раҳбар қилиб тайинланди. Бир куни Шукрулло Мирсаидовга оид бир юк машинасини ОБХСС ушлади, юк машинаси “импорт” кўйлакларга тўла эди. Маматов бу контрабандани ТВ да ҳимоя қилиб (у беғараз, ҳеч нарсани химоя қилмайди), ишдан бўшатилди. Аммо буни гўё ҳақсизликка карши ишдан истеъфо бергандай килиб кўрсатди. Яъни бўшатилаётганини билиб, сохта “истеъфо берди”. Бу одамнинг на Совет тузуми даврида, на Каримов тузумида ҳеч қандай ғоя мухолифлиги бўлмаган. У КПСС нинг нафарларидан биттаси, раислардан пора олиб, улар ҳақида мақола ёзадиган, пора бермаса, шантаж қилиб, пул оладиган бир “журналист” эди.
1992 йил 2 июлда бошланган репрессияларга қарши норозилик сифатида мен депутатликдан истеъфо этдим. Мирсаидов ва бошқа депутатлардан бу акцияни қўллашларини илтимос қилдим, аммо улар менинг “хато килаётганимини” айтишиб, таклифимни рад этишди. Бу рад этганларнинг ҳаммаси бироз вақт ўтиб, депутатликдан қувилди. Маматов ҳам шу қувилганлар ичида эди. Шундан кейин у биринчи марта  мухолифат нашри “ЭРК” газетасига ишга келди. Маматовга 1992 йил кузида жамғарганим 350 минг рубл (рус пулини) омонат бергандим. Маматов 1992 йил декабрида “мени уйимдан ҳайдаётиб, пулни мелиса олиб қўйди”, деди. Ҳеч нарса демадим, чунки фойдасиз эди.
Сўнгра Маматовни Бакуда кўрдим. Мен буни ҳеч қачон айтмаганман, модомики, саволга жавоб беришга туғри келди, айтайин. Мен 1993 йил апрелда Ўзбекистондан чиқиб, Бакуга, Озарбойжоннинг ўша пайтдаги Президенти Элчибей меҳмони сифатида бир ҳафта Бакуда қолдим. Ва сўнгра Турғут Ўзaлнинг таклифи билан Туркияга келдим, аммо у пайтда Турғут Ўзал вафот этганди. Кейин, бир ой ўтар-ўтмас, яна Бакуга қайтдим. У ерга оилам келганди. Уларни Туркияга олиб келишим керак эди. Бу туҳматчи нусха 1993 йил май ойида Бакуда “Апшерон” меҳмонхонасида олдимда тиз чўкиб йиғлаган, “Мени Туркияга обкетинг, бу ерда ўлиб кетаман”, деб  (Агар бундан тонса, бу кимсани Аллоҳга ҳавола қилдим). Қилган яхшилигини миннат қилиш бўлмасин, уни Туркияга олиб келдим. Уй бердим, маош бердим. Буни ўша пайтда биз билан бирга яшаган битта эмас, бир нечта укаларимиз, (ҳозирда таниқли журналист) биродарларимиз ўз кўзлари билан кўришган ва шоҳид бўлишган.
Бунинг эвазига бизга бугунгача иғво ва туҳмат сочади бу нусха. Бир пайтлар бизга ғаразли ниятлар билан яқинлашиб, биздан яхшилик кўриб, 20 йилдан бери фақат ёмонлик ва туҳмат қилаётган бу кимсаларни кўриб, Наполеоннинг бир гапини эслайман. Ундан “Энг қаттиқ нафратланган одамингиз ким?”, – деб сурашганида, у “Энг нафрат этган одамим, бу кўрнамаклик қилган одамдир” деган экан. Ҳақиқатдан ҳам, инсонларнинг энг пасткаши – бу нонкўр инсонлардир.

Т.Қораев: Суҳбатингиз учун раҳмат.