Қонунлардаги фирибгарликлар ҳақида

Қонунлардаги фирибгарликлар ҳақида
58 views
26 April 2012 - 18:18

Қонунчилик суд-ҳуқуқуқ тизимидаги амалдорларнинг суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар ҳақида, қонун талабларини тарғиб қилишдан тортиб, қонун устиворлигию, қонунларнинг ижроси ҳақида, уларни янада мукаммаллаштириш ва халқ манфаатларини кўзлаб қонунларга киритилаётган ўзгартиришлар ҳақида баралла хўб сайрашди.

Амалда эса ваъда қилинган мақсадларга мутлақо зид яъни, халқ манфаатларига мутлақо зид ўзгартиришлар киритилди. Бу ўзгартиришларни оддий халқ тушунмаса ҳам юристлар жуда яхши тушунади.

Бу ўзгартиришлар халқ манфаатларини эмас, балки прокурор, терговчи, судьялар ва умуман юристларнинг манфаатларини кўзлаб киритилганлиги учун улар индамай жим юришибди.

Қонунчилик соҳасидаги амалдорлар Прездентимизнинг ва кўпчилик депутатларнинг юридик маълумотга эга эмаслигидан моҳирона фойдаланиб Жиноят Кодекси ва Жиноят-процессуал Кодексларига ўз манфаатларини кўзлаб, ўзларига керакли, яъни порахўрликка имкон яратиб берадиган ўзгартиришлар киритилган.
Масалан, ЖК нинг деярли барча моддаларига жиноятчиларга жазо тайинлашда мол-мулкни мусодара қилиш жазоси олиб ташланган, озодликдан маҳрум қилиш санкциялари камайтирилган ва келтирилган зиённи қоплаган жиноятчилар озодликдан махрум қилиш жазосидан озод қилинган.

Кўпчилик моддаларнинг санкцияларида жазо турлари кенгайтирилиб, прокурор ва судьяларга танлаш имкони кенгайтирилган. Бундай ўзгартиришлар прокурор, терговчи ва судьяларга порахўрликни ривожлантириш ва уларни амалга ошириш учун қулай имконият яратиб беради.

Шунингдек ЖПК нинг суд ҳукми ва қарорларини қонунийлигини текшириш бобига шундай ўзгартиришлар киритилганки, натижада оддий халқ қанчалик сарсон бўлаётганлигини таърифлашга тил ожиз. Эски Кодексда икки босқичли текшириш, яъни кассация ва назорат тартибида текшириш усуллари мавжуд эди.
14.12.2000. кунги қабул қилинган қонунга асосан апелляция тартибида текшириш усули ҳам киритилган. Бу ўзгартиришлар текшириш процедурасини янада чигаллаштириб, мураккаблаштириб, умуман халқни гангитиш ва лақиллатиш учун киритилган.

Натижада прокурор,терговчи ва судьяларнинг порахўрликка имкониятлари янада кўпайтирилган. Ундан ташқари адолат излаб сарсон бўлиб юрган оддий халқ ўз мақсадига эришиш йўлида ҳар хил шикоятлар ва уларга берилган ҳар хил жавоб хатлари орасида гангиб, боши айланиб, қоғозлар гирдобида қолиб, ҳеч нарсани тушунмай, бор сармоясини ношуд адвокатларга сарфлаб, чўнтаги қуриб, охири ярим йўлда қўл силтаб ташлаб кетишга мажбур бўлади. Прокурор ва судьяларнинг ўзгартиришлар киритишдан асосий мақсадлари ана шу эди.
Аслида “ Апелляция” сўзининг маъноси: “Бирор бир авторитетга маслаҳат сўраб мурожаат қилиш”-маъносини билдиради. Демак бу сўзни шикоят ўрнида ишлатилиши нотўғри, бу сўзни юридик муомалада умуман ишлатиш мумкин эмас.
“Кассация” сўзининг маъноси:”Қонуний кучга кирмаган суд қарорини юкори турувчи судда қайта кўриш учун шикоят келтириш”-маъносини билдиради. Бу сўз айнан суд қарорлари устидан шикоят келтиришда ишлатилиши лозим.
Яна бир қийинчилик шундаки, апелляция, кассация тартибида текширув ўтказилмагунча назорат тартибида иш кўрилиши мумкин эмас дейилган.

Елиб, югуриб бу чиғириқдан ўтгунча ҳукм устидан шикоят келтириш муддати тугаб, нохақ қамалган шахс нохақ жазони ўтаб озодликка чиқади. Бу ўзгартиришлар халқ манфаатини кўзлаб фикрланганда бир карра текширувни ўзи етарли деб ўйлайман.

“Судлар тўғрисида”ги Конунга келсак, аввало судларни “жиноят ишлари” ва “фуқаролик ишлари” бўйича ажратилишининг ўзи демократик принципларнинг кўр-кўрона бузилишига олиб келади.
Кўпинча фуқароларнинг ҳуқуқлари бузилиш холларида ҳуқуқ бузувчининг ғайриқонуний ҳаракатларида жиноий ҳаракат мавжуд бўлиб, бундай шикоятлар жиноят-процессуал тартибда кўрилиши лозим.

Амалда эса таркибида жиноий ҳаракатлар мавжуд бўлган шикоятлар фуқаролик ишлари бўйича судига берилганлиги учун фуқаролик-процессуал тартибда кўриб чиқилиб, амалдорларнинг жиноятлари яширилади. Натижада жиноят содир этган амалдорлар, албатта порахўрлик эвазига, муқаррар жазодан озод қилинади.
Ўзбекистонда суд тизими: Олий суд Пленуми, Олий суд Раёсати, Олий суд судлов хайъатлари, Вилоят ва Тошкент шахар судлари, Туман (тумандаги шахар) судларидан иборат. Олий суднинг ўзида ортиқча инстанциялар мавжуд. Афсуски кўпчилик фуқаролар ҳатто Олий суд судлов ҳайъатига хам етиб кела олмайди.
Яъни киритилган ўзгартиришлар шахар суди босқичидан Олий суд Пленумигача бўлган масофани узайтириш мақсадида киритилган. Бунинг натижасида ҳеч қандай шикоят қонунан тўғри хал қилинмайди.

Демократик принципларга асосан суд қарорлари устидан келтирилган апелляция шикоятлари юкори турувчи судларда кўрилиши лозим. Шунингдек ЖПК нинг 478-моддасида қуйи судлар устидан назоратни юқори турувчи судлар олиб бориши хақида аниқ ёзилган.

Лекин 14.12.2000. кунги ўзгартиришлар ана шу модда талабига ва демократик принципларга мутлақо зид бўлиб, яъни вилоят судларида биринчи инстанция тартибида кўриб чиқилиб чиқарилган ҳукм устидан берилган апелляция шикояти шу суднинг апелляция инстанциясида кўрилиши ҳақида ўзгартириш киритилган. Вилоят суди ўзи чиқарган ҳукмни қандай қилиб ўзи бекор қилиши мумкин ? Суд раиси шу суднинг хукмини бекор қилинишига йўл қўядими ? Шунингдек назорат тартибидаги шикоятларни кўриб чиқиш ваколати ҳам шу судларнинг ўзига берилган. Бу ўзгартиришлар демократик принципларга мутлақо зиддир.
Апелляция, кассация ва назорат тартибида ишни кўриб чиқиш муддатлари узайтирилган, бу ўзгартириш аввало ноҳақ қамалган шахсни қамоқда сақланиш муддатини узайтиради ва жиноят ишидаги мавжуд қаллобликларни бартараф қилишга улгуришга имкон беради.

ЖПК нинг 329-моддасига 21.12.2009. кунги конун билан жиноят ишини қўзғатиш учун эски кодексда берилган 3 суткалик муддат 10 суткага узайтирилган. Бу ўзгартириш ҳам амалдорлар, прокурор, терговчи ва судьяларнинг манфаатларини кўзлаб киритилган. Бу ўзгартириш уларга порахўрликни ривожлантириб, амалдорларни, пулдорларни ҳимоя қилишга улгуриш учун мўлжалланган.
Бу ўзгартириш ҳам демократик принципларни жиддий бузилишига сабаб бўлади.

24.04.12. куни қонунчилик палатасида жиноятчиларга жазо сифатида жарима солиш хақида қарор қабул қилинди. Бу ўзгартириш натижасида пулдор жиноятчи амалдорлар озодликдан махрум қилиш жазосидан қонунан озод қилинади, яъни пулдор мансабдорлар қўрқмасдан жиноят содир этишига ва пул эвазига жазодан озод қилинишига кафолат яратиб бериляпти. Мабодо қўлга тушиб қолса жаримани тўлаб жазодан қутулиб қолишига ишонади. Пули йўқ ночор жиноятчилар камалиб кетаверади. Бу ўзгартириш Конституциянинг 18-моддасининг бузилишига сабаб бўлади, шунингдек судья ва прокурорларга порахўрликни ривожлантиришга ва амалга оширишига имкон яратиб беради.

Прокуратура органларига келсак, “Прокуратура туғрисида”ги Конуннинг 7-моддасида фукароларнинг ариза ва шикоятларини кўриб чиқиш натижалари буйича прокурор қарор қабул қилиши ва бу қарор устидан юқори турувчи прокурорга шикоят қилиниши мумкинлиги хақида аниқ ёзилган. Лекин бирорта прокурор ана шу қонунга биноан қарор қабул қилганини кўрмадим. Улар фақат оддий хат кўринишида жавоб ёзишади – бу қонунбузарлик хисобланади. Прокурорлардан шикоят юзасидан қабул қилган қарорини нусхасини талаб қилсангиз Бош Прокурорнинг 10.12.04. кунги 37-сонли буйруғи билан тасдиқланган “Уз.Р.прокуратура органларида фукароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш тартиби тўғрисида”ги Йўриқноманинг 38-40-моддаларини рўкоч қилиб, қарор нусхасини беришдан бош тортишади.

Демак ушбу йўриқнома “Прокуратура тўғрисида”ги Конуннинг 7-моддаси талабларига зид холда қабул қилинган булиб, демократик принципларнинг кўр-кўрона бузилиши қонунан тасдиқланган, яъни фуқаролар қуйи турувчи прокурорнинг қарори устидан юқори турувчи прокурорга шикоят келтириш хуқуқидан махрум қилинган, чунки оддий хат устидан шикоят келтириш қонунда назарда тутилмаган.

Натижада прокурорлар фуқароларнинг мурожаатлари юзасидан қарор қабул қилишдан ва бажараётган ишлари учун жавобгарликдан қонунан озод қилинган. Прокуратура органларида демократизмнинг бўғилиши факти қонун билан тасдиқланган. Натижада адолат излаб прокуратура органларидан қарор ўрнига ёлғон-яшиқлар баён қилинган оддий хатларни олиб сарсон-саргардон бўлиб юрган фуқароларнинг сон-саноғи йўқ. Юқори турувчи прокурорлар хам шикоят билан келган фуқаролардан қуйи турувчи прокурорнинг қарорини талаб қилиш ўрнига шу хат жавобини кўриб чиқиб, ундаги ёзилган бўхтонларни тасдиқлаб, шикоятчиларни лақиллатишда давом этяпти.

Бундай лақиллатишлар оддий холатга айланиб қолган. Бундай ёлғон жавоб хатлари рўйхатга олиш китобини четлаб ўтади, чунки уларнинг хаммаси бир хил рақам билан қайд қилинган. Бундай қонунбузарликлар барча хуқуқ-тартибот идораларида ва махаллий хокимиятларда мавжуд ва оддий холатга айланган.
Адвокатлар фаолиятига келсак, адвокатлар палатасини тузилиши ва адвокатларга лицензия бериш тартибини киритилиши оқибатида барча адвокатлар жиловланган, бирорта адвокат эркин ҳаракат қила олмайди. Бу тартибнинг киритилишининг ўзи демократик принципларга зид. Эркин харакат қилган адвокат эртасига лицензиясидан махрум бўлади.

Ҳозирги кунда жуда кўп адвокатлар лицензия ололмай юрибди, шулар қаторида Рухиддин Комилов хам. Турт йиллик умрини сарфлаб, қанчадан-қанча маблағ сарфлаб ўқиб юридик диплом олган мутахассислар ишсиз юрибди. Бундай аянчли холатда хеч қандай суд ишлари адолатли, қонунан хал қилинмайди. Натижада адвокатларга ишонч йўқолган. Шунинг учун хам фуқаролар мустақил ҳуқуқ химоячиларига мурожаат қилишга мажбур бўляпти. Бу ҳолатни кўриб ҳуқуқ-тартибот идоралари амалдорлари ЖПК нинг 62-моддасига ўзгартириш киритиб, вакил тариқасида адвокатлар, махсус рухсатномага эга бўлган шахслар, суриштирувчи, терговчи, прокурорларнинг қарори ёки суд ажримига кўра ишда қатнашишга рухсат берилган, яқин қариндошлар иштирок этишлари мумкинлиги кўрсатилган.

Демак яқин қариндошларинг орасида юрист топилмаса шўринг қурийди. Ушбу қонунга кўра Нотариусларга фуқароларнинг танлаган бегона вакилларига ишончнома расмийлаштириш таъқиқланган. Ушбу ўзгартиришлар демократик принципларга ва Конституциянинг 35-моддаси талабига мутлақо зиддир. Худди шунингдек очиқ тарзда кўрилаётган суд мажлисларига хам тарафларнинг яқин қариндошларидан бошқа хеч ким киритилмаяпти.
Иш ҳужжатлари билан танишиб чиқишда жабрланувчи ўзи билан бирга олиб келган шахсларга рухсат берилмаяпти. Бу ерда хам Конституциянинг 35-моддаси талаби бузилаяпти.
Хулоса қилиб айтганда қонунларга киритилган ўзгартиришлар фуқароларнинг демократик ҳуқуқларини поймол қилинишига сабаб бўляпти.
Бу ўзгартиришларни қабул қилинишида депутатларнинг кўпчилиги умуман ҳеч нарсани тушунмаган ҳолда овоз беришган ва натижада адолатсиз, демократик принципларга зид бўлган қонунлар қабул қилинган.
ҚОНУНЛАРИ ДЕМОКРАТИК ПРИНЦИПЛАРГА ВА ЎЗ КОНСТИТУЦИЯСИГА ЗИД БЎЛГАН ДАВЛАТНИ ДЕМОКРАТИК ДАВЛАТ ДЕБ БЎЛМАЙДИ !
Ш.М.Рустамов, Инсон хуқуқлари Альянсининг ҳуқуқ ҳимоячиси

Тошкент-71, Шайхонтохур тумани,

Катта-боғ кўча 31-уй. Тел: +998903531931.

26.апрель 2012 йил.