ҲАҚИҚАТНИНГ ИЗОҲИ

ҲАҚИҚАТНИНГ ИЗОҲИ
78 views
30 April 2012 - 13:12



ЎХҲ Муассислар Мажлиси аъзоси ва мувофиқлаштирувчиси Намоз Нормўминнинг “Янги фикр” интернет сайтига суҳбати

Савол:Ҳурматли Намоз ака, бугун Ўзбекистондаги аҳвол ва шунга боғлиқ ҳолда ўзбек мухолифати бугун келган нуқта ҳақида гаплашсак? Аввало Ўзбекистондаги аҳволнинг умумий манзарасини чизиб берсангиз?

Жавоб: Раҳмат, Аллоҳ рози бўлсин саволларингиз учун. Ўзбекистондаги аҳволни умумий тарзда баҳолайдиган бўлсак, мамлакатимиз афсуски бугун дунёда қолоқ давлатлар рўйхатида зикр қилинади. Бу ҳамма жиҳатдан шундай. Бир жамиятнинг мафкуравий, сиёсий, иқтисодий, ахлоқий, маданий-маърифий асослари яхши йўлга қўйилмаган бўлса, албатта бу жамиятнинг тараққиёти учун имкон бўлмайди. Бу маънода Ўзбекистон, худди Брежнев даврида совет жамияти қандай турғунликка дучор бўлган бўлса, Ислом Каримов даврида ҳам Ўзбекистон шундай турғунликка дучор қилинди. Ислом Каримов диктутураси бугунги ўзбек жамиятнинг йўлида катта тўсиққа айланди.

Жамият эса оқар сув каби, унинг йўлига тўсиқ қўйсангиз, худди тўғон сувнинг табиатини бузиб унда ёқисмиз ҳид майдонга келтиргани каби, диктаторлик ҳам жамиятнинг ҳар жиҳатдан чиришига олиб келади. Буни халқимизнинг амалий ҳаётида ҳам кўриб турибмиз. Инсонларда эътиқодий заифлик, сиёсий турғунлик, матбуотнинг қўғирчоққа айлантирилгани, маданий маърийфий ҳаётдаги турғунлик, иқтисодий танглик ва ҳамма нарсага умумий бефақрлик мавжуд…

Савол: Буларни сиз мухолифлик нуқтаи назаридан айтаяпсиз албатта. Аммо бир давлатда, бир жамиятда ҳамма нарсанинг мутлақ маънода ёмон, салбий бўлиши мумкин эмас. Сизнингча Ўзбекистон мустақилликка эришгандан кейин давлатимиз ҳаётида ва жамият тараққиётида бирон ривожланиш бўлмадими?

Жавоб: Биласизми, хамиртуруш айниган бўлса, бу нонда акс этади. Сутни ачиган бир қошиқ қатиқ билан уйитадиган бўлсангиз, бир коса янги қатиқ ачиган шаклда ўртага чиқади. Яъни, масала жамият ва давлат ҳаётининг бирор соҳасида алоҳида олинган ютуқларда эмас, халқ ва жамият ҳаётининг умумиятла маъносиз ҳолга келганидир. Бир пайтлар бир подшоҳ лашкарбошини катта лашкар билан душманга қарши урушга юборган экан. Аммо лашкарбоши бу урушда мағлуб бўлади. Подшоҳ ундан ҳисоб сўрайди: Нега мағлуб бўлдингиз? Подишоҳим бунинг сабаблари кўп! Биринчидан, қурол яроғимиз битди…Подшоҳ лашкарбошининг сўзини кесади. Бошқа сабабларнинг айтишингизга ҳожат йўқ. Қурол яроғсиз аскар зотан мағлубиятга маҳкумдир.

Худди шунингдек, Ўзбекистонда диктатура тузуми мавжуд, дейиш билан мамалакатимиздаги аҳволнинг тафсилотларига эътибор бериб ўтиришнинг маъноси қолмайди. Дейлик, мамлакатда автомобиль заводи қурилди. Ўзбекистон БМТ нинг аъзоси бўлди, қатор давлатларда Ўзбекистоннинг ва бу давлатларнинг Тошкентда элчихонлари очилди. Булар зоҳирий ўзгаришлардир ва Каримов режимининг алоҳида буюк хизматлари эмас, албатта. Мен нисбий қадрият сифатида мустақиллик йилларида крилл алифбосининг лотин алифбосига ўзгартирилганини айтишим мумкин. Аммо бу ёмон ва яхши таъсири айни даражада бўлган бир ислоҳотдир. Ёмонлиги ҳозирда ота-оналари ўқий оладиган крилл ёзувидаги китобларни уларнинг болалари ва болалар ўқийдиган лотин ҳарфидаги асарларни уларнинг ота-оналари тушунмайди, ўқий олмайди. Нисбий яхшилиги, бизнинг Туркиялик биродарларимиз билан айни ҳарфга эга бўлганлигимиз. Кўнгил истарди ки, ҳарфимиз минг йиллик тарихимизни бизга тушунтирадиган эски ўзбек ёзуви шаклида бўлсин…

Савол: Сиз жамият ва давлат ҳаётида диктатура турғунлиги ҳукмрон, деяпсиз. Албатта, бу халқимизнинг ҳаётига қўйилган катта тўсиқдир. Сизнингча бу тўсиқ қандай ошилиши керак?

Жавоб: Бу ерда икки тараққиёт йўли мавжуд, деб ўйлайман. Биринчиси, ислоҳотлар шаклида булиб, мамлакат раҳбарияти бу масалада ташаббусни ўз қўлига олиши керак. Масалан, Ислом Каримовнинг ўзи мамлакатда матбуот қаттиқ цезура қилинаётганини билади. Ва бунга боғлиқ ўлароқ инсонларнинг ўз фикрларини очиқ ифодалаш, эркин жамиятлар, фирқалар тузиш эркинлиги ва умуман жамиятда мафкура, сиёсат, иқтисод, маърифат, матбуот соҳаларида шахс ташаббуси бўғиб қўйилган. Инсонлар фикрий, ижтимоий ва иқтисодий ташаббусга эга бўлмасалар бу жамиятнинг инқирозга учраши муҳаққақдир. Шундай экан, амалда бундай ташаббуслар олдидаги тўсиқлар олиб ташланиши керак.

Ҳеч қурмаса бир неча газета ва журнал, бир телевизор ва радио каналининг мустақил фаолиятига рухсат берилиш керак. Қаранг мен рухсат берилиши керак, деяпман. Шу жумланинг ўзи Ўзбекистонда босқинчилик тузуми мавжудлигига далилдир. Чунки бу айтилаётган эркинликлар инсонларнинг ва жамиятнинг фитрий эркинликларидир. Ва улар талаб қилинмасдан ўз-ўзидан мавжуд бўлиши керак инсон ва жамият ҳаётида. Бошқа томондан табдиркорлик ва тижорат соҳалари қулайлаштирилиши, инсонларнинг иқтисодий соҳада истеъдодларини ўртага қўйиши учун ҳуқуқий ва қонуний шарт шароитлар яратилиш керак. Шу билан бирга мухолиф фаолияти учун қамалганларни озод қилиш жараёни бошлатилиши ва янги мухолиф гуруҳларнинг сиёсат майдонига чиқиши учун шартлар яратилиши зарурдир…

Афсуски, Ислом Каримов бошчилигидаги ҳукумат бундай тинч ислоҳотларни амалга ошириш ниятини ҳам, амалий қадамларини ҳам кўрсатаётгани йўқ. Ўзбекистон бугун худди ўлат касали теккан ўлка каби жим-жит. Аммо бу жимлик тўсатдан бузилиб кетиши мумкин. Худди Тунисда бўлгани каби. Тунислик биродарларимизнинг айтишича, улар ўзларининг мамлакатларида диктаторлик тузумининг йиқилишига асло ва асло ишонмаган эканлар. Аммо Аллоҳнинг қудрати билан Зайналобидин бин Али номли диктатор қисқа муддатга тахтидан ағдарилди ва Тунисда эркинлик ва ҳуқуқ шамоллари эса бошлади.
Бизда ҳам Ўзбекистонда Ислом Каримов диктатурасини ҳеч ким йиқа олмайди, дейдиганлар халқимизнинг кўпчилиги бўлиши мумкин. Аммо биз советлардан қандай кутилмаганда қутилган бўлсак ва Тунислик биродарларимиз у ердаги диктатордан кутилмаганда қутулганлари каби, бизнинг ҳам Ўзбекистондаги диктатурадан қутулишимизга ҳеч шубҳамиз йўқ…

Савол: Шу ерда Тунис, Миср, Ливия, Йемен каби давлатларда бўлаётган воқеларга ўз муносабатингизни билдирсангиз?

Жавоб: Мен бу давлатлардаги инқилобий ўзгаришларни дунё миқёсидаги қайта қуриш, деган бўлардим. Горбачев бошлаган қайта қуриш натижасида биз мустақил бўлдик. Энди мана дунё миқёсида қайта қуриш бошланди ва бунинг натижасида дунё халқлари ҳозирги дунё империализмидан мустақил бўладилар, иншаллоҳ. Албатта, бу мамлакатлардаги жараёнлар ҳозирда ниҳоясига етгани йўқ. Аммо бу жараёнларнинг оқиши мусбатдир. Муҳими шу. Тунисда эркин ва адолатли сайловлар бўлиб ўтди. Мисрда ҳам худди шундай. Ливияда ва Йеменда бу жараёнлар қийинчилик билан кечмоқда, аммо муҳими тош ўрнидан қимирлади. Эрта-кеч бу ўзгаришлар ўз мевасини берадиган деган умиддаман…

Савол: Инсонларимизни агар шундай ислоҳотлар ёки инқилобий ўзгаришлар Ўзбекистонда ҳам содир бўладиган бўлса, бунинг натижасида ўртага қандай тузум чиқади, деган савол қизиқтиради?

Жавоб: Мен ижтимоий-сиёсий тузумларни инсонларнинг ўзларига ўхшатаман. Инсон туғилади, униб-улғаяди, вояга етади, кейин ўз фаолияти билан ўзининг ҳаётини таъминлайди ва бошқаларга ҳам яхши ёки ёмон томондан таъсир қилади. Худди шундай, тузумлар ҳам бир лаҳзада пайдо бўлиб қолмайди. Улар ҳам туғилиш (пайдо бўлиш), вояга етиш, фойдали ёки зарарли бўлиш босқичларидан ўтадилар. Масалан, Қуръони Карим ва у келтирган ақидавий ва ижтиоий сиёсий тузум 23 йил давомида шаклланган. Буни ҳаммамиз яхши биламиз. Ислом Каримов диктатураси ҳам бир кунда ўртага чиқмади. 1989-1992 йилларда Ўзбекистонда нисбий эркинликлар бор эди.

Каримов ўша йилларда ҳам Ўзбекистоннинг раҳбари эди. 1993-95 йилларда Каримовнинг яккаҳокимлигининг тамал тошлари отилди. 1996-1999 йиллар орасида Каримов диктаторга айланиб улгурди. 1999-2005 йиллар давомида диктатура Ўзбек жамиятининг ҳамма томонларини ўзига асир қилиб олди. 2005-2012 йилгача эса Каримов диктатураси Ўзбекистон халқини эзиш, тамоман синдириш, зулмда ҳеч қандай чегара танимаслик сиёсатини амалга оширмоқда. Албатта, бу ерда мисол сифатида келтирилган босқичларда хатолар бўлиши мумкин. Аммо муҳими Ўзбекистонда Каримов диктатурасининг аста-секинлик билан “воя”га етганлигидир.

Худди шундай Каримов диктатураси ўрнига ўртага чиқадиган янги жамият ва тузумнинг ҳам бир онда пайдо бўлиб қолмаслиги ўз-ўзидан маълум. Шундай экан, биз ҳозир бундай тузумни ўртага чиқарадиган омиллар ҳақидагина гапиришимиз мумкин, холос. ЎХҲ халқимизни ва давлатимизни тараққиётга етаклайдиган бундай омиллар сифатида эркинлик, ҳуқуқ, адолатга асосланган фуқаровий жамиятни олға сурмоқда. Зеро эркинлик бўлмасдан инсонлар ўзларининг истеъдодларини ўртага қўя олмайдилар, ҳуқуқ бўлмасдан жамиятда қонун устувор бўла олмайди, адолат бўлмасдан ижтимоий тенглик ўртага чиқмайди ва фуқаровий жамият бўлмасдан диктатура барҳам топмайди…

Савол: Демак, ЎХҲ Ўзбекистонда ҳуқуқ ва адолатга асосанган фуқаровий жамият қуриш тарафдори экан. Аммо сиёсий жиҳатдан бу қандай шаклланади?

Жавоб: Сиёсий ислоҳотлар менинг назаримда икки шаклда ўтказилиши мумкин. Булардан биринчиси, худди Тунис ва Мисрда бўлгани каби эркин сайловларни йўлга қўйиш. Иккинчиси эса, ҳукумат тармоқларининг (Давлат Мажлиси (парламент, яъни қоида ва қарорлар оладиган бошқарув тармоғи), Давлат Раиси (Президент, ижро тармоғи) ва Маҳкамалар)нинг босқичма-босқич шаклланиши. Яъни, аввало маҳаллаларда Маҳалла Мажлисларини умумий овоз бериш йўли билан сайлаш, кейин Маҳалла Мажлисларида сайланган вакилларидан Туман Мажлисларини, уларда сайланган вакиллардан Вилоят Мажлисларини ва ниҳоят Вилоят Мажлислари сайланган вакиллардан Давлат Халқ Мажлисини (ҳозирги Олий Мажлис, яъни парламент)ни сайлаш. Кейин Давлат Халқ Мажлисида танланган уч номзоддан Давлат Раисини (Президентни) умумхалқ сайлови йўлиб билан сайлаш. Бундай сиёсий ислоҳотлардан қайси бири танланиши Каримов режими сиёсат майдонидан кетгандан кейин янги сиёсий кучларнинг ўзаро келишуви билан амалга оширилади, деб ўйлайман.

Савол: Маълумки аҳолиси асосан мусулмон бўлган мамлакатларда Ислом динининг ижтимоий-сиёсий ҳаётга таъсири каттадир.Шунинг учун ҳам диктатор Каримов бутун дунёни Исломий радикаллик билан қўрқитиб келмоқда. Мен динимизнинг жамиятда муаммо эмас, аксинча ахлоқий ва маънавий муаммоларнинг ечимида ижобий таъсир қилишига ишонаман. Аммо баъзилар Ислом динини “муаммо” сифатида кўрар экан, ЎХҲ бу соҳада қандай чора-тадбирларни йўлга қўйиши мумкин?

Жавоб: Ислом динини инсон ва жамият учун муаммо, дейишдан Аллоҳ таолога сиғинамиз. Динимиз Қуръони Каримда раҳмат ва шифо дини, дея таъриф этилгандир. Бу соҳада аввал қилинадиган иш, инсонларимизда дин тушунчасининг ўзгаришига эришишимиз, деб ўйлайман. Совет давридан қолган дин ва диндор образи 2012 йилда бизни асло қаноатлантира олмайди. Эскидан дин дейилганда жамиятнинг бир бурчагида кераксиз бўлган ижтимоий соҳа тушуниларди. Диндор эса устига жанда кийган, иши таркидунёчилик бўлган қолоқлик рамзи эди. Аммо Исломнинг ҳақиқатини ўрганиш билан унинг оламшумул бир низом эканлигини ўргандик, алҳамдулиллаҳ. Эндиги масала жамиятнинг умум ҳолда Исломнинг бу ҳақиқатларини ўрганишидадир. Яъни, Ислом дини масаласида қилинадиган илк иш диний Маърифатдир. Иккинчи вазифа эса мусулмонларнинг ўзаро иттифоқидир.

Мана шу икки мақсадни Ислом дини масаласида ўзимизнинг асосий вазифамиз, деб биламиз. Бу соҳадаги яна бир муҳим бир масала Исломнинг дунё ва охират қадриятларига айни даражада аҳамият беришидир. Яъни, Ислом ҳозирда секуларизм (атеизмнинг бир кўриниши) ва роҳиблик (таркидунёчилик) ўртасидаги мўътадил йўлдир. ЎХҲ иш бошига келса, иншаллоҳ, аввало мана шу мўътадиллик руҳининг инсонларимизнинг шахсий ҳаётларида, кейин жамият ҳаётида акс этиши учун саъйи ҳаракат қилади.

Савол: Бу айтганларингиз ЎХҲ Ўзбекистонда ижтимоий-сиёсий ислоҳотларни амалга ошириш учун аниқ дастурга эга эканлигини кўрсатади. Аммо буни амалга оширадиган кадрлар муоммаси қандай ҳал қилинади?

Жавоб: Бизнинг ҳозирги кунда мингларча аъзоларимиз ва тарафдорларимиз бор. Қолаверса, ЭРК партиясининг 1990 йилларнинг бошларида 50000 аъзоси бор эди. Ҳозирда бу аъзолардан камида 10000 ўзларига вазифа берилишини интизорлик билан кутиб турибдилар. Улар орасида олий маълумотли мутахассислар, зиёлилар, ўз ишини яхши биладиган тадбиркорлар ва тижоратчилар бор. Қолаверса, ҳозирда Каримов диктатурасига хизмат қилаётган ўрта савиядаги кадрлар ҳам биз билан ҳамкорлик қилишлари мумкин. Аммо юқори поғонадаги кадрлар Ислом Каримов ҳукуматининг жиноятига шерик эканлигини ҳам биз яхши биламиз…

Савол: Шу ўринда ЎХҲ атрофида охирги кунларда бўлаётган воқеаларга тўхталсак. Бугун сизлар бошқараётган ЎҲХ ҳаракати ўзларини мухолиф, дейдиган бошқа гуруҳлар томонидан қуршовга олинганга ўхшайди. Масалан, Ҳаракат, Бирдамлик, Замондош, Узнюстнет, Янги Дунё, Мувозанат, Туронзамин каби сайтларда ЎХҲ га қарши душманона кайфиятдаги материллар берилмоқда. Бунинг асл сабаби нимада, деб ўйлайсиз?

Жавоб: Бу бизнинг ҳаракатимиз билан ушбу сайтларни тузганлар орасидаги йўл айрилишига ишоратдир. Бу йўл айрилишини истеъдодли рассом Вячеслав Охунов ўзининг “Узнюснет” сайтидаги суҳбатида жуда яхши таърифлаб берган. (Қаранг: http://www.uzxalqharakati.com/archives/10085)
Мен бу ҳақиқатни шундай изоҳлаган бўлардим: ЎХҲ миллий ва эътиқодий хусусиятларда ўрта йўлни танлаган муҳофазакор (ғарб тушунчасида консерватив) ҳаракатдир. Шу билан бирга бизнинг ҳаракатимиз назарий жиҳатдан ҳам, амалий жиҳатдан ҳам ҳаддан ошишдан (радикалликдан) узоқдир. Яъни, бизнинг ўрнимиз сиёсий жабҳанинг ўнг томонида, унинг марказидадир.

Сиз айтаётган гуруҳлар ва шахслар эса ғарбона сиёсий тушунчанинг мутаассублари (радикаллари)дир. Шунинг учун ҳам эркинликни, жумладан сўз эркинлигини чегарасиз жабҳа, деб биладилар. Бунинг натижасида ёлғон, туҳмат, иғво ва фитна тўла материалларни “сўз эркинлиги” байроғи остида оммага эълон қилишдан уялмайдилар. Ҳолбуки, инсонлар ўзаро муносабатларида ахлоқ ва инсофнинг чегарасидан чиқмасликлари керак. Мен бу масалада “Чорраҳадаги мухолифат” номли алоҳида мақола ёздим.(http://www.uzxalqharakati.com/archives/9891) Унда ЎХҲ ва унга ҳозирда душманлик руҳида бўлган гуруҳлар орасидаги фарқларга ҳам ўқувчиларнинг эътиборини қаратганман.

Савол: Сиёсий жабҳада ўнг ва чап қанот вакилларининг ўртага чиқиши албатта масалани тушуниб олишга ёрламчи бўладиган хусусиятдир. Аммо сиз айтаётган сўлчи радикалларнинг ЎХҲга қарши ҳаддан ошиқ душманлигини қандай изоҳлаш мумкин?

Жавоб: Бунинг сабаби жаҳолат ва ҳасаддир. Буни ҳақ ва ботил тарафдорлари орасидаги ўзаро хусумат ҳам, дейишимиз мумкин.

Савол: Бундай хусуматда энг оғир зарбалар ЎХҲ лидери Муҳаммад Солиҳга берилмоқда?

Жавоб: Албатта, жаҳолат ва ҳасад чуқурига тушганлар бу чуқурдан чиқишнинг йўлини излаш ўрнига тўғри йўлдан кетаётган ўз мухолифларига бу чуқур батқоғидан лой отишни афзал кўрмоқдалар. Ҳолбуки, диққат билан қаралганда уларнинг отган лойлари орқага қайтиб ўз юзларини янада ифлос қилмоқда….

Савол: Бундай ҳасад Муҳаммад Солиҳнинг шахси билан боғлиқ бўлиши мумкинми?

Жавоб: бундай душманлик Муҳаммад Солиҳнинг шахсига ҳам, унинг фаолиятига ҳам алоқадар, деб ўйлайман. Муҳаммад Солиҳ билан унга тинмай тош отаётганлар ўртасидаги фарқ масофаси бугун яққол кўзга ташланиб қолди. Бу фарқ масофасининг узайиши Муҳаммад Солиҳ фаришта бўлганлиги, оёғи ердан узилиб, осмонда учиб юрганлиги учун эмас, аксинча унга душманлик қилаётганларнинг жаҳолат ва ҳасад чуқурида янада тубанлашганликлари учундир. Мен Муҳаммад Солиҳни шахс сифатида ҳам, сиёсатчи сифатида ҳам жуда яхши биламан. У киши кундалик ҳаётда оддий тақводор мусулмон сифатида яшайди ва ижод қилади. Ва ўзини асло ва асло бошқа инсонлардан устун кўрмайди.

Савол: Мана сиз ЎХҲ сиёсий жабҳада ўнг қанотнинг марказида ўрин олганини айтаяпсиз. Сизларга қарши бўлган тараф билан ўзаро муроса ва мулоқот йўллари мавжудми?

Жавоб: Ҳозирда бизга душманлик руҳида бўлганлардан Абдураҳим Пўлатов, Жаҳонгир Маматов, Ризо Обид кабилар билан мулоқот ҳам, муроса ҳам имконсиз. Чунки улар сиёсий кураш йўлини эмас, сиёсий уруш йўлини танлаганлар. Масалан, Абдураҳим Пўлатов ҳаракатимиз вакилларидан баъзиларига ўлим жазоси берилиши кераклигини доимо таъкидлаб келади. Албатта, бу унинг шахсий парониясидир. Аммо бундай ақлини еган одам билан муроса ва мулоқот қилиш ҳам фойдасиз эканлиги ўз-ўзидан тушунарли бўлса керак. Аммо бизга қарши жабҳада бўлганлар орасида Норбой Ботиров, Носир Зокир, Улуғбек Бакиров каби кишилар билан муроса ва мулоқот қилиш имкони бор, деб ўйлайман. Аммо бунинг учун бу кишилар ақлларини еб битирган радикал сафдошлари билан алоқаларини узишлари ва ҳеч бўлмаганда бизнинг муҳофазакор ҳаракатимиз билан рақобат қила оладиган бир янги либерал ҳаракатни ўртага чиқаришлари лозим. Бу янги ҳаракат ва унинг раҳбари жамоатчилик тарафидан эътироф этиладиган бўлса, ҳамда унинг дастурининг жиддийлигига қараб ўзаро муносабатлар йўлга қўйилиши мумкин, деб ўйлайман.

Савол: ЎХҲ раҳбарияти қандай фаолият олиб боради. Муҳаммад Солиҳнинг ЎХҲ раҳбари сифатида сизларга тазйиқи борми?

Жавоб: ЎХҲ дастурининг 11 моддасида ҳаракат раҳбарияти ўз фаолиятини маслаҳатлашиш –шўро усулида олиб боради ва раҳбарларнинг яккаҳокимлигига йўл қўйилмайди, дейилган. Биз кундалик фаолиятимизда мана шу қоидага амал қиламиз. Масалан, мен Муассислар Мажлиси аъзоси ва Матбуот бўлими бошлиғиман. Ҳозиргача ҳаракатимизнинг матбуот органларида (сайтимиз, фейсбок, Туркистон телевидениеси ва радиоси, Эркин Юрт газетаси) мингдан ошиқ ҳар хил мавзуда материаллар берилди. Бир раҳбарнинг яккаҳокимлиги аввало унинг сўз ва фикр эркинлигини бўғишидан билинади. Ҳолбуки, Муҳаммад Солиҳ ЎХҲ раҳбари сифатида ушбу минг материалдан энг кўпи билан ўнтасига эътироз қилган бўлиши мумкин. Бу албатта Раиснинг ваколати ва ҳаққидир.

Маслаҳатлашиш масаласига келадиган бўлсак, масалан Туркияда ўтказган пикетларимиздан бирига маҳаллий журналистларни чақирамиз, йўқми, деган савол кун тартибига келди. Тўғрироғи Раисимизнинг ўзи бу масалада мен қарор бера олмаяпман, бир маслаҳат қилиб, қарор берайлик, деди. Кейин ММ аъзолари ўз фикрларини айтдилар ва ниҳоят шу маслаҳатлашиш натижасида журналистларни чақирмасликка қарор қилдик. Бошқа мисол: Муҳаммад Солиҳ ака менга бир масалани бекор қилишимиз кераклиги айтди. Мен бунинг ММ қарори билан олинганини ва уни ММ бекор қилиши кераклигини айтдим. У киши бу ҳақда ММ қарори борлигини олдин эслай олмади. Ўзаро бироз тортишдик. Кейин мен билан алоқага чиқиб, сиз ҳақли экансиз, мен ММ қарорини унутибман, деди…

Савол: Яъни, фаолиятларингиз ҳар доим ҳам силлиқ кечмайди, шундайми?

Жавоб: Албатта. Баъзи мавзуларда орамизда қаттиқ баҳс мунозаралар ҳам бўлиб ўтади. Аммо ҳаракатимизда ўзаро биродарона руҳ бўлганлиги учун иш, бир икки ҳодиса истисно, жанжал даражасига борган эмас. Масалан, “Гулсумой” воқеаси бизнинг асабларимизни қаттиқ чарчатди. Аммо янада орамиздаги биродарлик руҳи ғолиб келди. Камчиликлар таъкидланди, хатолар эътироф қилинди ва охир-оқибатда бу масалада ҳам ўрта бир ечимга кела олдик…

Савол: ЎХҲнинг халқимиз билан алоқалари ва сўнгги пайтда амалга оширган муҳим тадбирлари ҳақида ҳам гапириб берсангиз?

Жавоб: Ҳозирги кунда ЎХҲ халқимиз билан яхши алоқани йўлга қўйган, деб ҳисоблайман. Матбуотимизда эълон қилинаётган материаллар интернет воситалари орқали халқимиз диққат эътиборига етиб бормоқда. Шунингдек, ўн мингларча кишига е маил орқали тўғридан тўғри Эркин Юрт газетамизнинг нусхаларини ва бошқа материалларни етказиб бермоқдамиз. Файсбок ва бошқа ижтимоий тармоқлар орқали ҳам инсонларимиз бизнинг фаолиятимиз билан танишиб бораяптилар.
Охирги пайтда амалга оширган энг муҳим тадбирларимиздан бири Туркиянинг Истанбул шаҳрида “Ўзбекистон диктатурадан қандай қутилади?”, деган халқаро анжуманни айтишим мумкин. Бу анжуман воситасида аввало Туркия жамоатчилиги, қолаверса дунё жамоатчилигининг диққат эътиборини Ўзбекистондаги муаммоларга ва ЎХҲ фаолиятига қаратишга муваффақ бўлдик, деб ўйлайман. Имкониятдан фойдаланиб Ўзбекистоннинг бутун фуқароларини ЎХҲ фаолияти билан яқиндан танишишга ва унинг халқимиз равнақи йўлида қилаётган савобли ишларида бизлар билан ҳамкорлик қилишга даъват қиламан.

“Янги фикр” интернет сайти учун махсус.

“http://www.yangifikr.com/news/index.php?option=com_content&view=article&id=453:2012-04-29-17-53-39&catid=40:2011-02-08-07-33-43”