ҲАЗРАТИ УМАР ҚИССАСИ

ҲАЗРАТИ УМАР ҚИССАСИ
29 views
02 May 2012 - 14:35

Аҳмад Лутфий Қозончи

* * *

Ҳазрати Холид ибн Валиднинг бош қўмондонликдан олиниши уммати Муҳаммадни шошириб қўйди. Охири шундай бўлдики, Ҳазрати Умарнинг кетма-кет уч кун жиҳодга қилган даъватларига биров жавоб бермади. Ҳолбуки, бу инсонлар жиҳод нималигини билардилар. Бу жимжитлик, қайсидир маънода, илк қаршилик эди. Бунинг яна бир сабаби, ўша пайтда Форс қўшинининг қудрати ҳақида кенг тарқалган гаплар эди. Лекин бу Форс қўшини билан илк маротаба учрашув эмасди.
Ниҳоят, тўртинчи кун Ҳазрати Умар ўта таъсирчан маъруза қилди ва инсонларни яна жиҳодга даъват этди. Кейин Мусанно сўз олиб, форслар у қадар кучли эмасликларини ва уларни енгиш мумкинлигини гапирди. Шу орада биринчи бўлиб, Сақиф қабиласидан Абу Убайд исмли йигит ўрнидан турди ва:
— Мен бораман. Аллоҳ ризоси учун! — деди.
Шу тариқа қаршилик ҳам ўз ниҳоясига етди. Қисқа вақт ичида «Мен бораман» деганлар кўпайиб, номларини ёздириб қўйишди. Бу сафар янги бош қўмондон барчани лол қолдирди. Ҳазрати Умар Абу Убайднинг қўлидан ушлаб:
— Қўмондонингиз шу киши бўлади, — деди.
Абу Убайд машҳур Масъуд ас-Сақафийнинг ўғли эди. Масъуд ҳаётининг сўнгги кунларида Исломни қабул қилган ва Тоифда ўз қабиладошлари томонидан шаҳид қилинган эди. Қурайшликлар уни Тоифнинг энг каттаси деб биларди. Абу Убайд эса, Пайғамбаримизни кўрмаган, саҳоба бўлиш бахтидан бенасиб қолган эди.

Қисқа сукунатдан кейин диллардаги гаплар тилларга чиқди:
— Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларидан шунча киши турганда, қўмондон Тоифдан бўлиши шартмиди?
— Аллоҳ сизни ғалаба қозонганингиз ва душманга қараб тик қараб курашганингиз учун мартабангизни юқори қилди.
Қалбингизда қўрқув пайдо бўлган ва душман билан учрашишдан ҳайиққан пайтингизда амирликка энг лойиқ инсон биринчи бўлиб даъватни қабул қилган инсондир.
Ироқдаги қўшин кўмондони Мусанно тайёр турганда бу вазифа нима сабабдан бу йигитга топширилганини тушуниш қийин. Чунки Мусанно ҳақиқий қўмондон ва қаҳрамон эди. У шу кунга қадар тажрибасиз қўмондон қўл остида жанг қилмаган эди. Лекин бир нарса аниқ эдики, Мусанно янги Халифага ҳам, тажрибасиз қўмондонга ҳам қарши гап айтмади.
Ҳазрати Умар сафарга ҳозир турган қўшин ёнига келиб, Абу Убайдга шундай деди:
— Саҳобалар гапига қулоқ тут! Улар билан кенгашиб иш қил! Қарор чиқаришда шошилма, чунки бу ҳазил эмас, жангдир. Жангни вақтнинг қадрига етадиган, таҳликали вазиятлардан чиқиб кета оладиган инсонгина бошқара олади. Инсонларни ўз динларидан чиқишга мажбурлама. Исломни қабул қилганларни ўзлари турган жойда қолдир. Динида қолмоқчи бўлганларни Арабистондан чиқариб юбор ва ўзлари истаган жойга ўрнашишларига рухсат бер. Уларга шуни тушунтириб қўйки, биз уларни Расулуллоҳнинг: «Ҳижоз тупроғида икки хил дин қолмаслиги керак», деган гапларига мувофиқ кўчириб юборамиз.
Кейин Ҳазрати Умар қўшинга рухсат берди. Абу Убайда юришга амр қилди.

* * *

Энди Ҳазрати Умарнинг Масжидун-набавияда раҳбар сифатида илк бор қилган маърузаси билан танишайлик.
Ҳазрати Абу Бакр Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг минбарларида учинчи зинагача чиққан, лекин иккинчи зинада туриб гапирар эди. Ҳазрати Умар эса, биринчи зинага чиқди. Аввал Аллоҳга ҳамд этди, Расулуллоҳга саловот ва салом йўллаб, давом этди:
Эй инсонлар, мен дуо қиламан, сизлар «омин» денглар.
Кейин қўлларини кўтариб деди:
— Аллоҳим, мен қаттиққўл одамман. Сенга бўйсунганларга нисбатан мени адолатли, юмшоқ табиатли қил. Қаттиққўллигимни зулмгача олиб боришимга йўл берма, Сенинг душманларингга, фитна ва фасод қилувчиларга, мунофиқларга йўналтир.
— Аллоҳим, мен хасис инсонман. Мени яхшиларга нисбатан сахий қилиб қўй. Мўминларга мулойим бўлишимни насиб эт.
— Аллоҳим, мен ғафлатда қолган, унутувчи инсонман. Зикрингдан қолдирма. Ҳар замон ўлимни эслаб юришимни насиб эт.
— Аллоҳим, мен Сенга итоат қилишда заифман. Сенга бўйсунишда ғайратли, Сенинг йўлингда қувватли, самимий ва ихлосли бўлишимни насиб эт.
— Аллоҳим, Сендан иймонда собит, яхшилик қилувчи, ўзингдан ҳаё қилувчи, ҳисоб қилишни доим ёдда тутувчи банда бўлишни сўрайман. Менга нафсимни тергаб турадиган куч бер.
— Аллоҳим, шубҳали нарсалардан узоқ бўлишга, замонамни ислоҳ қилишга менга мадад бер. Каломингни тушунишга, унга амал қилишга ва одамларга тушунтиришга қодир эт. Ҳеч шубҳа йўқки, Сен ҳар нарсага қодир Зотсан (Ибн Абду Раббиҳ, «Ал-иқдул фарид»).
Ҳазрати Умар ушбу дуони қилиб бўлиб, жамоатга ўгирилди:
— Эй инсонлар, Аллоҳ мени сиз билан, сизни мен билан имтиҳон қилажак. Ўзимиз бор жойда ишларингизни кўриб турамиз. Узоқда бўлсангиз, сизларни кучли ва ишонарли кишиларга топширамиз. Яхшилик қилган инсонга биз кўпроқ яхшилик билан жавоб қайтарамиз. Ёмонлик қилганни эса, ибрат бўлсин учун жазолаймиз. Аллоҳ сизни ҳам, бизни ҳам афв айласин (Ибн Саъд, «Табақот»).

— Эй инсонлар, араб миллати ювош миниладиган жонивор кабидир. Эгаси қаерга бошласа, яхшиликка деб ўйлайди. Каъбанинг Рабби билан қасам ичаманки, мен шу миллатни тўғри йўлдан олиб бормоқчиман («Тарихи Табарий»).
— Эй инсонлар, мен оддий мусулмонман. Бошқалар каби Аллоҳнинг қулиман. Унинг ёрдамисиз кучим йўқ Худо хоҳласа, елкамга олган вазифам ўзгаришимга сабаб бўлмайди. Буюклик фақат Аллоҳга хосдир. Қуллар кибр ва азамат билан қизиқмаслиги керак. Шунинг учун, Умар халифа бўлганидан кейин ўзгарди, демангиз. Кимнинг ҳаққини еган бўлсам ёки зулм қилсам, уни қайтаришга тайёрман. Кимнинг давлатдан кўрган хақсизлиги ёки битмаган иши бўлса, очиқчасига айтсин, мен доим сизнинг ёнингизни оламан. Гарданимга олган халифалик мени сизлардан устун қилиб қўймайди, эшигимни сизнинг юзингизга ёпмайди, зулмга йўл қўйиб бермайди. Агар ўртамизда келишмовчилик вужудга келса, сизлар хоҳлаган мусулмонлар олдида муҳокамага тайёрман.
— Халифаликка яқин юрганингиз биздан паноҳ сўрашингизга мажбур қилмасин. Чунки мен ҳеч ким билан бундай нарсага келишмаганман. Ҳақсизликка йўл қўйган ёки мусулмонларнинг қонларига, жонларига тажовуз қилган инсон ҳузуримга олиб келинганда, гарчи у менинг яқиним бўлса-да, устидан шаръий ҳукм чиқараман. Сизларга Аллоҳнинг саломи, раҳмати ва баракотларини тилайман. («Тарихи Табарий»)
Кейин Ҳазрати Умар нутқни қуйидаги дуо билан якунлади:
— Аллоҳим, мени қарзга ботирма. Ғафлатдалигимда жонимни олма, ғафлатда қолишдан ўзинг асра!
Мўминлар амири Умар розийаллоҳу анҳу бундан кейин барча хутбаларини шу дуо билан якунлайдиган бўлди (Ибн Ҳнббон, «Ас-сиқот»).

* * *

Қўшинга бошчилик қилаётган Абу Убайд Намариқ деган жойда илк жангни ўтказди ва ғалаба қозонди. Жанг пайтида Матар ва Убайй исмли икки мусулмон аскари яхши кийинган бир одамнинг кетига тушишди. Уни асир олишгач, устидаги нарсаларни Убайй ечиб олди, Матар эса, у билан юзма-юз келди. Шунда асир:
— Сиз араблар вафоли одамларсиз. Берган сўзингизга ишонса бўлади. Мени қўйиб юборсангиз, икки бақувват қул ва фалон миқдорда мол бераман, — деди.
Аскар йигитлар таклифни қабул этишди. Бу ишга кафолат олиш мақсадида:
— Мени амирингизнинг олдига олиб боринг, келишувимизнинг гувоҳи бўлсин, — деди.
Матар уни амирнинг олдига олиб борди ва вазиятни тушунтирди. У одамни таниганлар эътироз билдиришди:
— Бу душман қўмондони Жобан-ку, уни ўлдириши керак,— дейишди.
Абу Убайдга бу эътироз ёқмади:
— Ичимиздан кимдир бу одамга омонлик бергандан кейин, мен уни қандай ўлдираман уни қўйворайлик, — деди («Тарихи Табарий»).
Абу Убайд қўшин билан Каскар деган жойга етиб келди. Ўша ерда қароргоҳ қурилди. Жобаннинг мағлубияти бутун Форсни даҳшатга солди. Бу сафар Жолинус номли қўмондонни қўшинга бош қилиб, Абу Убайдга қарши чиқардилар. Бошқа тарафдан султон оиласидан бўлган руҳоний Нарсийга ҳам хабар жўнатдилар. У ҳам шу мақсадда йўлга чиқди. Чунки Каскар Нарсийнинг қўл остидаги мавзе эди.
Жолинусдан олдинга ўтиш ва обрў қозониш илинжи Нарсийни тезроқ ҳаракат қилишга мажбур этди. Каскарда тўхтаган Нарсий мағлубиятга учрашини хаёлига ҳам келтирмаган эди. Лекин унинг барча орзу-умидлари чиппакка чиқиб, жангда мағлубият аламини тотди. Каскар эса, мусулмонлар ихтиёрига ўтди. Олинган ўлжанинг бешдан бири Мадинага юборилди. Қолган қисми қўшин ўртасида тақсимланди.
Жолинус қўшини билан тез орада етиб келди. Ўртадаги жангдан сўнг у ҳам келганига пушаймон бўлди. Мағлубиятга учрагач, жонини қутқариш мақсадида жанг майдонини ташлаб қочди. Шундан кейин Абу Убайд уч кишини ихтиёрига бир нечта аскарлардан бериб, уч тарафга юборди. Булар Мусанно, Волиқ ва Осим эдилар. Атрофдаги Борусмо, Завобий ва Жевбар ҳудудлари ҳам фатҳ этилди. Таслим бўлганлар ва сулҳ тузишни истаганлар Абу Убайд билан учрашдилар. Учрашув чоғида нариги тараф Абу Убайдга турфа хил ноз-неъматлар тақдим қилди. Шунда Абу Убайд:
— Худди шундай егуликлардан аскарларга ҳам бердингизми?
— Йўқ, ҳозир бунга имконимиз йўқ. Лекин кейинчалик берамиз.
— Аскарларимиз емаган нарсани, биз ҳам тановул қилмаймиз. Буларни олиб кетаверинг, — деди Абу Убайд. («Тарихи Табарий»).

Абу Убайднинг Жобан, Нарсий ва Жолинусларни кетма-кет мағлубиятга учратиши Форс қўшинининг бош қўмондони Рустамни ўйга толдириб қўйди. У янада тажрибалироқ ва маҳоратлироқ қўмондонлар жўнатиш кераклигини англаб етди.
Рустам филлардан иборат қўшин тузиб, Бахмон исмли қўмондонини ҳузурига чорлади. Унинг қўлига машҳур «Дирафший қобён» деган туғни тутқазди. Эни саккиз, бўйи ўн икки аршин келадиган бу туғ форслар учун ғалаба тимсоли эди.
Мусулмон лашкари билан Форс қўшини бир-бирига яқинлашди. Ўртада фақат Фурот дарёси бор эди, холос. Бахмон юборган элчи Абу Убайднинг ҳузурига кирди:
— Истасангиз, дарёнинг нариги тарафига ўтинг, биз кутиб турамиз. Ёки биз бу тарафга ўтайлик, сиз кутиб туринг.
Шу таклиф ўринли эди. Кенгашда ҳозир бўлганларнинг аксари таклифнинг иккинчи қисмини маъқуллади. Абу Убайда бунга эътироз билдирди:
— Улар биздан кўра ўлимга жасурроқ бўлмасликлари керак. «Мусулмонлар бу жиҳатдан ўша қўшин билан учрашмаяптилар. Биз жойлашган ер ортга чекиниб, қайта ҳужум қилишга жуда қулай. Бирон нарса бўлса, яширинишга жой топишга имкон бўлади», деган гапларни Абу Убайд қабул этмади.
Элчига қараб:
— Дарёни биз кечиб ўтмоқчилигимизни етказ, — деди. Абу Убайд бу қарори билан бир оз шошма-шошарликка йўл қўйди. Зеро, Ҳазрати Умар унга саҳобалар билан бамаслаҳат иш юритишни буюрган эди. Бу ерда у ўлимга тик қаради, ҳолбуки ўлим асосий масала эмасди.

* * *

Ўша кеча Абу Убайднинг аёли Давма бир туш кўрди: осмондан тушаётган одамнинг қўлида шарбат тўла пиёла бор эмиш. Шарбатдан аввал Абу Убайд хўплабди, кейин баъзи бировлар ҳам ундан ичишибди.
Эрталаб Давма тушини эрига айтди. Абу Убайд:
— Менимча, ўша шарбатдан хўплаганлар шаҳид кетади, —деди.
Кейин қўшин олдига чиқиб: «Агар мен шаҳид бўлсам, қўшинга Жобир бошчилик қилади. Агар у ҳам шаҳид кетса…» дея хотини айтган одамларни номма-ном айтиб чиқди. Энг охирида Мусаннонинг исмини тилга олди.
Кечувни Абу Убайднинг ўзи бошлаб берди. Кейин аскарлар дарёни кечиб ўтишди. Форслар берган сўзининг устидан чиқиб, мусулмонлар дарёдан бутунлай ўтиб бўлгунларига қадар жангни бошламай турди.
Жангнинг энг қизиган пайти душманлар филларини олдинга ташлади. Фил устидаги аскарлар мусулмонларга ўқ ёғдира бошлади. Бундай ҳолатни кўрмаган араб отлари депсиниб кетди ва уларни бошқариб бўлмай келди. Отини бошқаролмай қолган Абу Убайда ерга сакраб тушиб, дуч келган филнинг ипларини кеса бошлади. Фил устидаги мақофада ўтирган аскарлар ерга қулашди. Улар то ўзларини тутиб олгунларича Абу Убайд қиличи билан чопиб ташлади.
Кейин бошқа филга яқинлашиб, унинг ҳам ипларини кесиб юборди. Бироқ бу орада улар ҳам бўш келмай, ипларни кесаётганлар устига ўқ ёғдирди.
Абу Убайд қаршисига келган оқ филга қилич сермади. Қилич филнинг хартумини узиб ташлади. Оғриққа чидолмаган фил бўкирганча Абу Убайдага ташланди ва уни янчиб кетди. Шу дам жон аччиғидаги қичқириқ эшитилди ва Абу Убайднинг танаси ҳаракатсиз бўлиб қолди.
Туғ Жобирга етказилди. Кейин ён-атрофдан тинимсиз ҳужумлар бошланди. Фил ўлдирилиб, Абу Убайднинг жасади унинг остидан тортиб олинди.
Бу орада мусулмонлар чекиниб, дарё тарафга юра бошладилар. Буни кўрган Абдуллоҳ ибн Марсад ас-Сақафий бориб, дарё устига қурилган кўприк ипларини кесди ва кўприкка югураётганларга ўгирилди:
— Қаёққа қочяпсизлар? Ё қўмондонларингиз каби шаҳид бўлинг, ё ғалаба қозонинг! — деб қичқирди.
Аммо бу чақириқ фойда бермади.
Форслар кучларини кўрсатиб, ҳалқани тобора сиқа бошлади. Баъзилар ўзларини сувга отди. Улар сузишни билсалар ҳам, эгниларида жанг кийимлари оғирлик қилиб, чўкиб кетдилар. Иплари кесилган кўприкдан ўтмоқчи бўлганларнинг тақдири ҳам худди шундай бўлди.
Туғ, ниҳоят Мусаннога топширилди. У кўприкни тиклашни буюрди. Кўприк бошида ҳамон қилич яланғочлаган Абдуллоҳ ибн ас-Сақафий турарди. У ҳеч кимнинг кўприкдан ўтишига йўл қўймаётган эди. Олдинда душман, ортда бузуқ кўприк мусулмон лашкарини нобуд қилаётган эди. Буни кўриб турган Мусанно аламидан соқолини юларди. Ниҳоят, Абдуллоҳ ибн Марсадни тутиб, Мусаннонинг олдига келтиришди. Мусанно: — Бу нима қилганинг? Нега кўприкни кесиб ташладинг? Нима Учун ўтишга қўймаяпсан? — дея бақирганча унга бир тарсаки туширди.
Нима бўлаётганини англай олмаган Абдуллоҳ: — Жанг қилсинлар, қочиб кетмасинлар деб, шундай қилдим, — дея жавоб берди.
— Сен бу ишга аралашма!
Сўнгра Мусанно қолган ансорларнинг бир қисмини форсларга қарши туришга амр қилиб, қолганларга кўприкдан ўтишни буюрди. Кўприкдан тезда ўтилди ва хавф ортда қолди. Лекин бу жангда тўрт минг нафар мусулмон ҳалок бўлди. Уларнинг бир қисми бевосита жанг майдонида жон берган бўлса, қолганлари дарёда чўкиб ўлган эди. «Кўприк жанги» деб аталган бу муҳораба шу кунгача бўлган илк мағлубият эди. Дарёнинг бу ёғига ўтиб олган Мусанно лашкари сезиларли йўқотишга учраганини билиб, анча ташвишга тушди. Чунки жангни ташлаб қочганлар икки мингга яқин эди. Уларнинг баъзилари Мадинага етиб олган бўлса, қолган қисми одамлар кўзига кўришга уялиб, атрофдаги қишлоқларга яширинган эди. Мусанно билан қолганлари уч мингдан ошмасди.
Мақсадини амалга оширмоқчи бўлган Бахмон дарёни кесиб ўтиб, мусулмонларни ер билан яксон қилишни дилга тугди У ҳужумга ҳозирлик кўраркан, ҳузурига бир одам кириб келди. У одам Форсни икки қўмондон талашаётганини, мамлакатнинг бир қисми Ферузон қўлида эканини етказди.
Бу хабарни эшитган Бахмон қарорини ўзгартириб, қўшинни Мадоин тарафга бошлади. Рақибнинг чекинаётганини кўрган Мусанно лашкарининг бир қисмини дарёнинг нариги тарафига ўтказиб, форслар кетидан қува бошлади. Уларни тақиб этаркан, Жобан ва Мардоншоҳни тутиб олишди. Ҳар иккисида ҳам ҳеч бир имконият қолмаган бўлса-да, Жобан мусулмонларга қарши қурол кўтармоқчи эди. Буни сезган Мусанно икковини ҳам ўлдириб, қўмондонсиз қолган қўшин аскарларини асирга олди. Қаршилик қилганлар қатл этилди. Бу билан «Кўприк жанги»даги мағлубият учун ўзига хос интиқом олинди.

* * *

Ҳазрати Умар мағлубият ҳақидаги хабарни минбарда хутба қилаётганида билди. Шу пайтгача муваффақиятдан кулган чеҳралар ўша кун мағлубиятдан маҳзун бўлди.
Мусанно Ироқда қолган-қутган қўшинни тўплар экан, Ҳазрати Умарга элчи жўнатиб, мадад кучлари юборишини сўради. Ҳазрати Умар ҳам Бужайла қабиласи йигитларидан иборат Жарир ибн Абдуллоҳ бошчилигидаги мадад кучларини жўнатди.
Мусанно ихтиёридаги қўшиндан хабардор форслар бу сафар Миҳрон исмли қўмондонни бош қилиб, лашкарни мусулмонларга қарши қўйди. Ўртада яна Фурот дарёси бор эди. Аввалги воқеадан аччиқ тажриба олинган. Бинобарин, форсларнинг бу тарафга ўтиши таклиф этилди. Икки лашкар учрашган жойнинг номи Бувайҳ эди.
Миҳрон қўшини дарёни кечиб ўтди ва икки қўшин карама-қарши турди.
Мусанно такрор мағлубиятга учрашни истамасди. Навбатдаги мағлубият мусулмонларни руҳан синдириб, жанговорликни йўқ қиларди. Буни яхши англаган Мусанно қўшинни шахсан ўзи айланиб, ҳар бир қисмга:
— Эй иймон келтирган бандалар! Аллоҳ динига мадад беринг, Аллоҳ сизга мадад беради. Эртага рўза тутманг. Зеро, қувватимизни сақлашга мажбурмиз. Рўза қазо бўлиши мумкиндир, лекин мағлубият бизга жуда қимматга тушади,— деб насиҳат қилди. Ўша кечани Мусанно ибодат билан дуо қилиб ўтказди.
Бу жангни арабларнинг форсларга қарши кураши деб ҳисоблаган насроний араблар ҳам мусулмон лашкари сафидан жой олди.
Ниҳоят, жанг бошланди. Маҳорат бобида ҳар икки тараф бир-биридан қолишмасди. Мусулмонлар: «Аллоҳ динига мадад беринг, У ҳам сизга ёрдам беради», дея бир-бирларини руҳан қўллаб жанг қиларди.
Жанг асносида Мусанно ёнига бир қисм аскарни олиб, Мусаннонинг чодирига йўл олди. Бундан хабар топган Миҳрон чодирини тарк этмоқчи бўлиб турган бир пайтда, қўққисдан пайдо бўлган Тағлиб қабиласидан бўлган насроний араб йигити бермаган қилич унинг калласини учириб юборди. Бошсиз тана ерга қулади. Бояги йигит эпчиллик билан Миҳроннинг отига миниб, ташқарига отилиб чиқди ва: «Миҳронни ўлдирдим», деб қичқира бошлади.
Миҳрон ўлимининг хабари Форс қўшинини пароканда қилди. Ҳамма жонини қутқариш мақсадида дуч келган тарафга қоча бошлади. Мусанно одамлари билан кўприк ёнига шошилди. Қочмоқчи бўлганларнинг йўли тўсилди, қўлга тушганлар қўлга тушди. Ўзини дарёга отганлар эса, чўкиб ўлди.

* * *

Рустам ва Ферузон ўртасига тушган совуқчилик форсларга катта зарба бўлди. Сабаби уларнинг шахсий манфаати олдида миллат манфаати иккинчи даражага тушиб қолди. Кеча «очкўз араблар» дея таърифланган мусулмонлар тобора Форсни забт этиб, дуч келган лашкарни ер тишлатаётган эди. Вазиятни яхши англаб турган бир-икки ақлли киши ҳар иккиси билан алоҳида гаплашиб кўрдилар. Агар бирлашмасалар, уларга қарши курашмоқчиликларини билдирдилар. Халқ назаридан қолишдан қўрққан ҳар икки қўмондон ярашиб олди ва тахтга Яздажирдни ўтқизди.
Шу тариқа шаҳзода Бўрон тахтдан туширилиб, ўрнига жоҳилдан туғилган Яздажирд ҳукмдор этиб тайинланди.
Табиийки, бор-йўғи йигирма бирни қоралаган ёш йигитда давлат бошқаруви ва жанг тажрибаси йўқ эди. Сабаби у бунга тайёрланмаган эди. Лекин икки тажрибали ва маҳоратли қўмондони бор эди.
Форслар машварат қилиб, мамлакатдан мусулмонларни қувиб чиқаришга келишиб олишди ва бу вазифа Рустамга юкланди.
Кейин кенг қамровли ишлар бошлаб юборилди. Форслар мағлубият аламини олиш учун бор куч-қувватларини сафарбар қилдилар, лашкар сони кундан-кунга ортиб борди.

Амирул мўминин ва Умму Жамил

Кунларнинг бирида бир киши Ҳазрати Умарга:
— Расулуллоҳ халифасининг халифаси… — деб мурожаат қилганида, у киши:
— Бу гап жуда чўзилиб кетаркан. Нимадир қилишимиз керак. Мендан кейин халифа бўлган кишини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам халифасининг халифасининг халифаси деб айтиш ноқулай бўлиб қолади, — деди.
Эҳтимолки, бу ноқулайликни ҳис қилган бир киши Ҳазрати Умарга бир куни «амирул мўминин» деб мурожаат этди ва бу ном у зотга хуш ёқди:
— Албатта, мен мўминларнинг амириман. Мени шундай деб чақиринглар, — деб айтди.
* * *

— Ассалому алайкум, мўминлар амири. Мен Умму Жамилман.
— Ваалайкум ассалом, марҳамат.
— Мен Давс қабиласиданман. Исмим Умму Жамил.
— Тушундим.
— Шуниси сенга кифоя қилмайдими, мўминлар амири?
— Танишиш учун етарлику-я. Лекин у ёғига тушунмадим. Умму Жамил аниқроқ гапиришга ўтди:
— Менга қара, халифа! Мен уканг Дирор ибн Ҳаттобни ўлимдан қутқариб қолганман. Уни ҳимоямга олмаганимда ўлиши муқаррар эди. Шуни мукофотласанг керак, деб бу ерга келдим. Сен ҳам менга бир яхшилик қилсанг, хурсанд бўламан. Бўлмаса, қайтиб кетавераман.
Гап нимадалигини англаган Ҳазрати Умар кулимсиради:
— Умму Жамил, Дирор менинг укам эмас. Унинг отаси Ҳаттоб билан менинг отам Ҳаттоб бошқа-бошқа одамлар.
Жавобдан Умму Жамилнинг юзи ўзгарди. Зеро, у оз-моз маблағ ундираман деган умидда шунча йўл босиб келган эди.
Унинг ўзгарганини кўрган Ҳазрати Умар сўзида давом этди:
— Лекин биз сени хурсанд қиламиз, Умму Жамил. Сен мусофирсан. Аллоҳ мусофирларга тўлов ажратган.
Кейин Умму Жамилга келиб-кетиш харажатларига етарли пул беришни буюрди.
Умму Жамил пулни олиб уйига қайтди.

* * *

Дирор ибн Ҳаттоб мусофир бўлиб, Давс қабиласига келганда ўзини нималар кутаётганини билмасди. Қачонлардир Абу Суфённинг куёви Ҳишом ибн Валид шу қабила вакилини ўлдириб қўйган эди. Давсликлар ҳам ё Ҳишомни, ёинг қабиласидан бўлган бир кишини ўлдиришни ният қилган эди. Дирор ибн Ҳаттобнинг қайси қабиладан эканини билиши, унга қарши қилич яланғочлашди ва унга ташланиб қолишди. Нима бўлаётганини англаб етмаган Дирор қоча бошлади ва очиқ турган бир эшикни кўриб, ўзини ичкарига урди. Ичкарига кирасолиб: «Қутқаринг», деб бақирди. Унинг кетидан қувиб кеган одамнинг қилич солиши эшик тамғасини бузиб юборди. Сал қолса, Дирор кетидан келганлар уни ўлдирарди.
Унинг товушини эшитган бир аёл чопиб чиқиб, кимлигини билмаса-да: «Мен шу одамни ҳимоямга олдим», деб юборди. Қилмаган гуноҳи учун ҳаёти билан хун тўлашига сал қолган Дирор бутунлай нотаниш аёлнинг буюк жасорати билан омон қолди. Шу жасорат соҳибаси Умму Жамил эди. Умму Жамил ўзи қутқариб қолган инсоннинг исмини сўради ва хавф-хатар бартараф бўлгунга қадар уйида меҳмон қилиб, кейин яширинча кузатиб қўйди.
Бир куни Ҳазрати Умарнинг халифа бўлганини эшитиб, «Менинг олдимда бурчдор», деган ўйда йўлга чиқди. Мадинага келаркан, озгина пул олиб, ҳаётининг охиригача етадиган маблағ билан таъминланишини умид қилган эди.

Ҳавла бинти Ҳаким

Муалло ибн Жоруд Ҳазрати Умарнинг яқин дўстларидан бири эди. Кунларнинг бирида икки дўст сайр қилиб юришар экан, бир аёлнинг овози уларни тўхтатди.
— Лаббай, холажон, — деди амирул мўминин.
Аёл яқинлашиб, Ҳазрати Умарнинг олдига келди:
— Сени бир пайтлар «Умарча» деб чақирардим. Вақт ўтиб, «Умар» бўлдинг. Мана, бугун «амирул мўминин»сан.
Атрофга қараб олиб, сўзида давом этди:
— Лекин, эй Ҳаттобнинг ўғли, амирлик сени талтайтириб, хароб қилмасин, Аллоҳни унуттирмасин. Инсонларнинг дардига малҳам бўл. Бир нарсани ёдда тутки, Аллоҳдан қўрққанларга узоқлар яқин бўлади. Ўлимни ўйлаган киши яхши ишларни қила олмасликдан чўчийди, ҳисоб-китоб қилинишига ишонган киши азобга дучор бўлиши мумкинлигини ўйлайди.
Аёлнинг бу гапларини тинглаб турган Ҳазрати Умарнинг одобли болакай каби бошини эгиб туриши Муаллони хайратда қолдирди. Ҳазрати Умар кўз ёшларини тўсар эди.
Бу орада атрофга одамлар ҳам тўпланиб қолишди. Шунда Муалло кампирга:
— Етар, бас. Амирул мўмининни йиғлатдингиз-ку,— деди.
Ҳазрати Умар унга юзланди:
— Жим! Бу аёл кимлигини биласанми? Бу Ҳавла бинти Ҳаким бўлади. Аллоҳ унинг дардини тинглаб, унга кушойиш берган. Энди Умар унга қулоқ солмасинми?! Агар бу аёл кун чиққандан то ботгунгача гапирса ҳам, албатта, қулоқ соламан. Мени фақат намозгина уни тинглашдан тўхтатиши мумкин (Қуртубий, «Тафсир»).
Ҳавла у ердан узоқлашаркан, нам кўзлар уни кузатиб, лаблар ҳаққига дуолар қилиб қолди.
Шундай қилиб, бу воқеа Ислом тарихига ажойиб лавҳа бўлиб кирди. Бирон-бир мансаби бўлмаган аёл келиб, йўлнинг ўртасида мўминлар амирини тўхтатиб, ўғлидек панд-насиҳат қилади, мўминлар амири ҳам уни жон қулоғи билан тинглайди ва кўзлари билан уни кузатиб қолади. Ҳазрати Умар аёлни эшитар экан, ўйнамасдан жиддий тарзда тинглади. Ҳар иккиси ҳам кўз кўриб қулоқ зшитмаган ҳолатда буюк жасорат соҳиби эканликларини намоён қилган эдилар.

* * *

Ҳавла Авс ибн Сомитнинг аёли эди. Эри билан ўрталарида бўлган бир воқеа туфайли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб, турмуши бузилаётганини айтган, натижада Аллоҳ унинг масаласи бўйича Мужодала сурасини тушуриб, муаммони аёл истаган тарзда ҳал қилиб берган эди.

Умму Варақа

Умму Варақа одатдагидек ўша тун ҳам намоз ўқиб, кейин ўрнига ётди. Бир оздан сўнг ширин уйқу элитди. Бир пайт тўсатдан устига қандайдир оғир юк тушганини ҳис қилган Умму Варақа ўзини ўнглаб олмоқчи бўлди-ю, лекин улгуролмади, ҳатто бақиролмади. Оғзини ёстиқ билан ёпиб, гапиришга ҳам имкон бермадилар. Қоронғуда икки киши уни бор кучи билан босиб, ҳаракат қилишга қўймасди. Ниҳоят, бир-икки типирчилаб, Умму Варақа жон таслим қилди.
Қотиллар анчадан бери режалаштириб юрган жиноятларини амалга оширгач, енгил тин олдилар. Булар Умму Варақанинг чўриси ва жорияси бўлиб, хўжайинлари вафотидан кейин уларга озод бўлиши айтилган эди. Лекин аёл қурмағур ҳали-вери ўлмай, тонг ётоғидан тирик чиқиб келарди.
Тонг саҳарда Умму Варақанинг қўшнилари дод-фарёддан уйғониб кетишди. Унинг икки хизматкори ҳожалари вафот этганини айтиб фарёд урарди. Дархақиқат, Умму Варақа ҳаммага пешонасида бор ўлим шарбатини тотиб, фоний дунёни ташлаб кетган эди. У Мадинанинг илк мусулмонларидан бўлиб, Қурьонни тўлалигича ёд олган саҳоба аёл эди. Шу сабаб илк даврларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг рухсатлари билан уйида тўпланганларга имомлик қиларди.
Бадр жанги куни Умму Варақа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб:
— Эй Аллоҳнинг Расули, менга ҳам жангда қатнашишга рухсат берннг. Ярадорларнинг жароҳатини боғлаб қўяман. Балки Худо ярлақаб, шаҳидлик насиб қилиб қолар, — деди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
— Сен уйингда қол. Аллоҳ сенга шаҳидликни насиб қилажак, — деб жавоб бердилар.
Умму Варақа шундан кейин ҳижратнинг иккинчи йилидан мўминлар орасида «шаҳида» деб атала бошланди. Ҳеч бир айбсиз ўз хизматкорлари томонидан ўлдирилиши ушбу мақомига етганидан дарак эди.

* * *

Ғассол аёл Умму Варақани ювишга ҳозирлик кўраркан, жасадга кўзи тушиши билан бирдан ранги ўзгарди:
— Бу аёл бўғиб ўлдирилган!
— Жиддий айтяпсанми?
— Ҳа. Шу пайтгача неча марта кўрдик-ку.
— Манави томирига қаранг… Бу сўзларни эшитиб турган жория секингина у ердан сирғалиб чиқиб кетди, уни биров сезмади.
Чўри қизнинг қочиб кетишига кўп вақт кетмади.

* * *

Ҳазрати Умар воқеадан хабар топганида, бир неча йиллар бурун Расулуллоҳ башорат қилган шаҳидлик шу тарзда амалга ошганидан кўз ёши қилди. Шундай аёлнинг ҳаётдан кўз юмиши қайғули эди. Зотан, Ҳазрати Умарнинг ўзи ҳам бир неча бор Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам билан у аёлнинг зиёратига борган ва:
— Аҳволлар дурустми, Шаҳида хоним, — деб сўрашган эди.
Шу пайт кимдир:
— Унинг икки хизматкори йўқ бўлиб қолибди, шу пайтгача ёнида эди. Умму Варақа вафотидан олдин уларнинг озод бўлиишини васият қилган эди,— деди.
Дарҳол хизматкорларни қидиришни бошладилар. Кўп ўтмай, қул билан жория тутиб келтирилди ва улар айбларига иқрор бўлишди. Улар ҳожасини пар ёстиқ билан бўғиб ўлдирганларини тан олишди. Ҳазрати Умар уларнинг ҳар иккисини ҳам бўғиб ўлдиришга амр қилди. Икки дор қурилиб, қул йигит ва жория аёл осилди. Бу Ислом тарихидаги илк дорга осиш эди.
Умму Варақа дафн қилинар экан, кўз ёшлар тўкилди, ҳаққига дуои хайрлар қилинди. (Абу Довуд, «Имоматун-нисо» боби).

Таровиҳ намози

Рамазон ойи келди. Ҳазрати Умар хуфтон намозини ўқиб бўлиб, дўстлари билан шаҳар айланишга чиқди. У ёқ-бу ёққа юрди. Ёрдамга муҳтожларнинг дардини эшитишга тайёр эди.
Масжидга қайтганида бир гуруҳ одамлар таровиҳ намозини ўқиётганини кўрди. Баъзилар якка тартибда ўқиётган бўлса, бошқалар жамоат бўлиб ўқишарди. Бу ҳолат Ҳазрати Умарга ёқмади ва дўстларига:
— Одамлар бир имомга эргашиб ўқиганлари афзалроқ эмасми? — деди.
— Ҳа, тўғри фикр.
Эртасига бомдод намозини ўқиб бўлиб, жамоатга юзланди ва бундан буён таровиҳ намози жамоат бўлиб ўқилишини айтди. Ҳазрати Умар кўзлари билан кимнидир қидирди ва топганидан кейин айтди:
— Убай, сени таровеҳ намозига имом қилиб тайинлайман.

* * *

Ўн бир йил муқаддам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рамазоннинг 23-кечаси масжидга чиқиб, илк бор таровиҳ намозини ўқиган эдилар. Саккиз ракъат ўқилган бу намоз кечанинг учдан бирини оладиган даражада узун бўлган эди.
Аммо кейинги кечада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам масжидга чиқмаганлар. Рамазоннинг 25-кечасида таровиҳ намозига чиқиб, бу сафар туннинг ярмигача намоз ўқиганлар. Охирги бор Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам 27-кечада чиққанлар ва аввалгидан кўпроқ намоз ўқиганлар. Аёллар ва болалар ҳам қоим турган бу намоз тугаганда, сахарликка бир луқма таом ейдиган вақт қолган эди, холос. Масжид эса лиқ тўла бўлган.
Бундан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам таровиҳ намозига чиқмадилар. Сабаби бу намоз фарз бўлиб қолишидан чўчиган эдилар. Лекин истаган одам масжидда ё уйида ўзи ўқиши мумкинлигини айтганлар.

* * *

Ҳазрати Умар бир куни шаҳар айланаркан, масжидга кирганларида жуда катта жамоат йиғилганини кўрди. Яна қандайдир чора-тадбир кўриш керак эди. Ҳазрати Умар Сулаймон ибн Абу Хасмани чақириб:
— Бундан буён таровиҳ намозида аёлларга имомлик қиласан,— деди ва у зотнинг буйруғи билан аёлларга алоҳида жой ҳозирланди.
Кейинроқ Ислом оламининг турли бурчакларига мактуб йўллаб, таровиҳ намозини жамоат бўлиб, йигирма ракъатдан ўқишга фармон берди.
Кечаси шаҳарда айланиб юраркан, Умар розийаллоҳу анҳу халқ бир имомга эргашиб таровиҳни ўқиётганини кўриб, мамнун бўлди. Ўзи ярим тунда якка ҳолда ўқирди.
Ҳазрати Усмон масжидни кенгайтиргунларига қадар таровеҳни аёллар алоҳида ўқидилар, кейинчалик яна бир имом ортида жамоат бўлишди. (Ибн Касир, «Ал-бидоя»; Бухорий, «Саҳиҳ»)

Ҳинд бинти Утба

Ҳинд бинти Утба эри Абу Суфён билан Ярмук жангида тўқнашди. Бу жангда Абу Суфён бир кўзидан айрилди. Бир ойдан сўнг Абу Суфён бу ҳолатларга кўникиб қолди. Лекин Ҳинднинг соғлиғи ёмонлашган эди. Бир-икки кунда ўтиб кетади дейилган хасталик шу икки кун ичида баттар зўрайди. Кундан-кунга Ҳинднинг соғлиғи ёмонлашди ва ўлими яқинлигини қабул қила бошлади.
Ҳинд турлича ҳаёт кечирди. У яхшигина шеър ёзар, жоҳиллик даври ва Исломнинг энг машҳур шоирларидан бўлган Ҳанса билан ҳам баҳслаша олар эди. Аввалда Ҳинднинг Исломни, айниқса, Расулуллоҳни кўргани кўзи йўқ эди. Бу адоват Бадр жангидан кейин янада кучайди. Чунки жангга кетган отаси, укаси ва тоғаси қайтмади. Бундан чуқур қайғуга тушган Ҳинд дардини шеърларида ифода этди. Кейин Қурайшни қўллаб-қувватлаш учун Ухуд жангига борган ва унинг буюртмаси билан ўлдирилган Ҳазрати Ҳамзанинг жигарини чайнар эди. Ҳазрати Ҳамзани ўлдирган Ваҳшийга: «Қабримда чириган суякларим ҳам шу қилган ишинг учун раҳмат дейди», деб ундан жуда миннатдор бўлган эди.
Ҳинд Абу Суфённинг хасислигидан тўйиб кетди. Макка фатҳидан кейин Исломни қабул қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан Абу Суфённинг молидан ўзи ва болаларига нафақа тайинлашга эришди. Исломни қабул қилганида шундай деган эди: «Авваллари дунёда сиздан ва сизнинг оилангиздан бошқа ёмон кўрганим йўқ эди, эй Муҳаммад. Энди эса, мен учун сиз ва сизнинг оилангиз азиз ва қадрлироғи йўқ». Ўша кунги гаплардан кейин Ҳиндчалик сўзларига содиқ қолгани бизга қоронғу. Чунки унинг кейинги ҳаёти ҳақида маълумот йўқ. Маълуми шуки, Исломни қабул қилганидан кейин Ҳинд беш йил яшади. Бир пайтлар Ухуд жангида мушриклар сафида қатнашган Ҳинд Ярмук жангида қилич яланғочлаб, Умму Ҳакимнинг ортида жанг қилди.

* * *

Ҳинд қўл билан ушлаб бўлмайдиган чўғ каби бир аёл эди. Макка фатҳ қилинган кунда Исломни қабул қилган Абу Суфённинг соқолига ёпишиб: «Мана бу динидан қайтганни ўлдиринг», деб бақирган Ҳинд ҳозир зўрға нафас олаётган эди. Яхшини ҳам, ёмонни ҳам, кучли ва кучсизни ҳам қақшатган бу аёлни тақдири азал ётган жойида бир тарафдан бошқа тарафга ағдарила олмайдиган қилиб қўйган эди. Бир оздан сўнг ажал етиб, амал дафтари ёпилади, Ҳинд эса, жазо ва мукофот бериладиган оламга кетади…
Абу Суфён шу кунга қадар неча-неча жангларда қатнашган, қанча инсоннинг тўлғона-тўлғона жон берганини кўрган. Бироқ неча йиллик ёстиқдошининг кундан-кун сўлиб, ўлими яқинлашаётганидан карахт аҳволга тушиб қолди. Зеро, Ҳинд ортга қайтмайдиган ва тўхтатиб бўлмайдиган йўл бошида турар эди.
Ниҳоят, Ҳинд ўткинчи ва ёлғончи дунёни тарк этди. Энди ўзи истагандек эмас, балки унга раво кўриладиган ҳаётда яшашга мажбур. Унинг ортидан ширин ва аччиқ хотиралар қолди.

* * *

Шу куни Макка аҳли яна бир ўлим хабаридан карахтликка тушди. Ҳазрати Абу Бакрнинг падари бузруквори Абу Куҳофа тўқсон етти ёшида Аллоҳ ҳузурига йўл олди (Ибн Ҳажар, «Исоба»).
Абу Куҳофани ибратли ҳаёт кечирди, деб бўлмайди. Тўқсон икки ёшигача куфр ботқоғига ботиб яшади. Лекин Абу Жаҳл ва Абу Суфёнга ўхшаб, Исломга қарши турмади. Аммо ўғли Абу Бакрдек, лоақал Суҳайбдек ҳам бўлолмади. Улардай бўлиши мумкин ҳам эмасди. Чунки ўша пайтда тўқсон икки ёшдаги қария эди. Макка фатҳ этилганида Ҳазрати Абу Бакр отасини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига олиб келганида, жанобимиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мўйсафидни уринтирмаганингда, ўзимиз йўқлардик», деган, Ҳазрати у Бакр эса: «У сизнинг пойингизга келиши муносиб иш», деб жавоб қайтарган эдилар.
Абу Куҳофа ҳам, Ҳинд ҳам бир вақтда иймон келтириб, бир вақтда вафот этган мусулмонлар бўлиб, тарихга киришди. (Ибн Ҳажар, «Исоба»).

Абу Шаҳма

Бир кун Ҳазрати Умар дўстлари даврасида:
— Ўғлим Абдураҳмондан ичкилик хиди келяпти. Ўзидан сўраб-суриштирай, ростдан ичаётган бўлса, жазосини олади, — деди.
Бу гапларни эшитган Саид ибн Язидни ҳаяжон босди. Шу пайтгача бир неча бор адолатнинг юксак даражасини кўрсатган инсон бу сафар қандай йўл тутаркин? Чунки Ҳазрати Умар ўз ўғли ҳақида гапираётган эди.
Саид кута бошлади. Вақт ҳам узоқ куттирмади. Абдураҳмон отаси ҳузурига келтирилди ва Ҳазрати Умарнинг шахсан унга жазо тайинлади. (Ибн Ҳажар, «Исоба»).
Абу Шаҳма Абдураҳмон амирнинг ўғли бўлса-да, жазодан қутилиб қололмади, барчага тенг бўлган жазога тортилди. Яна қазони амирнинг ўзи шахсан тайин қилган эди. Абу Шахманинг ичкилик ичаётгани маълум бўлганида, уни «бости-бости» қилиб юборса бўлмасмиди? Ёхуд Ҳазрати Умар хабарни етказганларга: «Сизларга озгина одобдан дарс бермоқ лозимга ўхшайди. Халифанинг ўғли ҳақида бундай дейишга қандай хадларингиз сиғди?» дейиши ҳам мумкин эди-ку! Афсуски, Ҳазрати Умар давридан кўп ўтмай, шаҳзода Язид одоб мажлислари ташкил қиларкан, бундан бутун Ислом олами хабардор бўлиб туриб, ҳеч ким бирон жазо тайинлаш ҳақида сўз очолмайди.

* * *

Абу Шаҳма отасининг юзини ерга қаратди. Зотан, Ҳазрати Умарнинг ичкиликни кўрарга кўзи йўқлиги ойдек равшан эди. Бир пайтлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ичкилик ҳақида аниқ ҳукм сўраб келгани барчага маълум эди. Энди эса, ўз пушти камаридан бўлган ўғлини маст кўриб, эзилиб ўтирибди. Ҳеч ким бу ҳолни хаёлига келтирмаган эди. Ҳолбуки, Ҳазрати Умар фарзандлари адабда бошқаларга ибрат кўрсатиб, мусулмонларга хизматда бўлишларини истарди. Лекин ичкилик Абу Шахманинг жиғилдонига тушиб бўлган эди.
Ҳазрати Умарни кўрса, қўрққанидан бошқа йўлдан айланиб ўтадиган шайтон у зотнинг ўғлига ёпишиб олган эди. Шу йўл билан Умарни ҳам домига илинтирмоқчи эди. У киши турли баҳоналар топиб, ўғлини жазодан озод қилиши лозим эди. Наҳот Умардек инсоннинг ўғлига истисно бўлмаса? Унинг Ислом ва мусулмонлар олдидаги хизматлари эвазига ўғлининг гуноҳидан кечиб юбориш шунчалик қийинми?
Ҳазрати Умар юраги узилиб тушай деб турар, паришон ҳолда бир пайтлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Қизим Фотима ўғирлик қилса, унинг ҳам қўлини кесардим», деганларини хотирлар эди. Бу гаплар айтилганидан бери орадан беш-ўн йиллар ўтган бўлса-да, қиёматга қадар мутлақо аҳамиятини йўқотмайди. Ҳеч бўлмаса, буюк ва одил Умар даврида бунга амал қилинади. Шунинг учун ҳам Ҳазрати Умар «Ўғлим Абу Шаҳма бўлса ҳам, жазосини олади», деган тамойилдан қайтмоқчи эмасди. Абу Шаҳмага саксон дарра жазо тайинланди ва кечиктирмасдан ижро этилди.
Абдураҳмонга дарра уриларкан, Ҳазрати Умар иккинчи мастга ўгирилди:
— Абу Миҳжан сенмисан?
— Ҳа, амирул мўминин.
— Бу нима қилганинг? Биринчи марта эмас-ку!
— Нафсимни тиёлмаяпман.
— Жазога тортиласан.
Абу Миҳжан анчадан бери еб юрган калтагани яна ея бошлади. Жазосини олиб бўлгач, қуйиб юборилди. Энди у эркинликда эди. Урилган дарраларнинг фойдаси бўлди. Абу Миҳжан Қодисияда форслар билан ҳаёт-мамот жангига ҳозирлик кетаётган Саъд ибн Абу Ваққоснинг қўшинига бориб қўшилиш мақсадида йўлга отланди. Ўзи бақувват ва кучли одам ўлимга ҳам тик қарайдиган 6у инсон жангда яхши натижаларга эришиб, юз қароликлардан қутилмоқчи эди. Сафар давом этди. Йўлда бир томчи сувга зор холатда тили танлайига ёпишиб қолган пайтлар ҳам бўлди. Дарахт соясида ётиб дам оларкан, беихтиёр шундай шеър ўқиди: «Ўлганимда узум остига кўм. Токи унинг шароби қуриган суякларимни намласин. Шунда мени ўзим истагандек дафн қилган бўласан. Чунки ўлиб ундан маҳрум бўлишдан чўчияпман. Қабримни заъфарон шароби билан суғор, мен унинг асириман». Бир оз дам олгач, йўлда давом этди. Ора-чора ўша шеърни такрорлаб, айтиб қўярди. Бир кун Саъд ибн Абу Ваққос унинг саъй-ҳаракатлари ҳақида эшитиб қолиб, Қодисияда ҳибсга олди.

* * *

Энди Шом тарафларга қараб юрамиз. Расулуллоҳ соллалаҳи алайҳи ва салламнинг замонларида Шом дейилганда, ҳозирги Фаластин, Иордания, Ливан ва Исроил жойлашган ҳудуд тушуниларди.
Ҳазрати Умар бош қўмондон Абу Убайдага йўллаган мактубда Дамашқ шаҳрига юриш қилишни буюрган эди. Буйруқ бажарилиб, шаҳар чор-атрофдан қуршаб олинди.
Кеча-кундуз давом этган қамал натижа бермади. Рум императори Хирақл томонидан юборилган мадад ҳам ортга қайтишга мажбур бўлди.
Қамалнинг уэоқ давом этиши мусулмонлар кўникмаган ходиса эди. Улар ишни бир-икки кун ичида бир ёқлик қилишга ўрганиб қолганлар. Ичкаридагиларнинг ҳам, ташқаридан қуршаб олганларнинг ҳам сабр косалари тўлди.
Холид ибн Валид арқонлардан нарвон ясаб, қальа атрофида айланиб юриб, қандайдир ҳисоб-китоблар қиларди.
Шаҳар ичидан хурсандчилик тарқала бошлади. Ноғоралар чалиниб, кўнгилхушликлар бошланиб кетди. Кейин маълум бўлишича, қалъа қўмондонининг оиласида ўғил фарзанд дунёга келган экан. Ўша кун аскарлар ҳам хурсандчиликка қўшилдилар, маст бўлгунча ичиб, оёқда туролмайдиган ҳолга келдилар. Ҳазрати Сайфуллоҳ вазиятдан фойдаланиб қолишни ўйлади. Ёнига бир гуруҳ йигитларни олиб, қалъага яқинлашди. Ортда қолганлар унинг «Аллоҳу акбар» дейиши билан дарвозаларга югуришлари керак эди.
Ип нарвонларни қалъа узра итқитиб, учидаги илмоқлар деворга яхши ўрнашганига ишонч ҳосил қилгач, Ҳазрати Холид ёнидаги йигитларга қараб: «Қани, олға», деди.
Аввал Қаъқа ибн Амр, ортидан Мазъур ибн Адий нарвонга тирмашди. Уларнинг кетидан Ҳазрати Холид ҳам нарвондан кўтарилди. Қалъа устига чиқиб олгач, дарвоза тарафга юришди. Дарвозабонларни бир ёқлик қилиб, дарвозаларни очиб юборишди. Ташқарида қолганлар уларнинг «Аллоҳу акбар» деган ҳайқириғини эшитишлари билан қалъа тарафга югурдилар.
Маст-аласт Рум аскарлари дастлаб вазиятни англолмади. Лекин бир оз ўтгач, кўчалар қиличларнинг шарақлашига тўлиб кетди. Қалъа юқорисида инграган товушлар келарди. Румликлар вазиятни бой берган эди.
Шаҳарнинг оқил кишилари энг яхши йўл сулҳ эканини тушуниб, шаҳарнинг бошқа эшигидан чиқиб, тўғри Абу Убайданинг ҳузурига боришди ва таслим бўлишганини айтишди. Уларнинг бундай қарорга келишига, шубҳасиз, Ҳазрати Холиднинг оқилона чоралари сабаб эди.
Абу Убайданинг амри билан қўшин шаҳарга кирди. Шаҳар марказига бораётганларида уларни Ҳазрати Холид ва унинг йигитлари кутиб олишди. Сулҳ тузилгач, шартномалар имзоланди. («Тарихи Табарий»)
Келишувга биноан шаҳарликларга жон, мол ва дин эркинлиги берилди. Черковлар бузилмайди, лекин бошқа қурилмайди. Ибодатларини бемалол қилаверишлари мумкин, фақат азон бир оз аввал ва азон айтилаётган пайтда қўнғироқлар чалинмайди. Мусулмонлар уйларига, боғларига чўчқа қўйилмайди. Йилда бир маротаба байрам туфайли шаҳар ташқарисига чиқишларига ва «Хоч чиқариш» маросимини нишонларига рухсат олди.
Шунингдек, мусулмонларга қарши жосуслик қилиш, душманга мадад бериш таъқиқланди. Йўл, кўприк сингари иншоотлар уларнинг ҳисобидан қурилади. Мусофир бўлиб келган мусулмонлар уч кун меҳмон қилинадиган бўлди. Олдин келган бўлсалар истасалар қолишлари, хоҳласалар, кетишлари мумкинлиги айтилди.
Фатҳ хабари Мадинага етгач, Ҳазрати Умар мактуб жўнатди. Мактубда Ироқдан келган лашкар қайтиб яна Ироққа боришга буйруқ берилган эди. Саъд ибн Абу Ваққоснинг жиянлари ибн Утба бошчилигидаги қўшин йўлга чиқди. Қаъқа ибн Амр минг кишилик аскар билан олдинда кетиб, Холид ибн Валид Шомда қолиши керак эди.

* * *

Абу Убайда Дамашқ халқи билан сулҳ тузгач, Язид ибн Абу Суфённи амир қилиб келдирди. Ўзи эса, Фихл қалъаси томон йўл олди. Қўшин олдида Холид ибн Валид, марказда Шураҳбил ибн Ҳасана, чап қанотда Амр ибн Ос ҳаракат қиладиган бўлишди. Ўзи эса ўнг қанотга ўтди. Худди шу тартиб билан Фихл қалъасига қараб йўлга чиқдилар. Қалъа атрофида хандақ қазилиб, сув билан тўлдириб қўйилган эди. Мусулмонларнинг етиб келганини кўрган қалъа амири, тўғонни очиб юборишни буюрди. Тўғон очилиб, ифлос сув оқиб чиқа бошлади. Бу ҳолат, албатта, мусулмонларни хушнуд этмади. Бунақа шароитда жанг қилиш у ёқда турсин, олға юриш ҳам қийин эди.
Узоқдан бўлса-да, қамал бошланди. Одатдагидек вазият ҳақида хабар бериш учун Мадинага одам жўнатилди. Ҳазрати Умардан хабар келгунига қадар қамални давом эттиришга келишиб олинди.
Тажрибали қўмондон ва жасур йигит Шураҳбил ибн Ҳасана исталган пайтда ҳужумга ўтиши мумкинлигини ҳисобга олиб, керакли чора-тадбирларни кўрар эди.
Ниҳоят, бир тунда Фихл амири Ибн Миҳроқнинг ақли ишлаб қолди. Унинг тахминича, кундузи қамал билан машғул бўлган мусулмон лашкари уйқуда бўлиши керак эди. Бир ҳамла билан уларни мағлуб қилиш мумкиндек туюлди. Амир вақгни ўтказмай, олға юришни буюрди. Аскарларга пичирлаб гаплашишни ҳам таъқиқлади.
Шураҳбилнинг атрофга қўйган одамлари душман қўшинининг қалъадан чиқаётганини амирларига етказди. Бундан хабардор бўлган мусулмонлар қуролланиб, ҳужумга тайёр туришди. Шураҳбилнинг баланд овозда такбир айтиши билан, жанг бошланди. Ухлаб ётган ва ҳеч бир нарсадан хабари йўқ, деб тахмин қилинган мусулмон лашкарининг бундай ҳаракатланиши румликларни шошириб қўйди. Муқаррар ғалабани кўзлаб келган румликлар истамайгина қилич яланғочладилар. Мусулмонларга қазилган ифлос анҳорга румликларнинг ўзлари дуч келишди, бу ҳол худди ўзларига гўр қазгандек эди. Баъзилари қочди, баъзилари ифлос анҳорга қулади. Қуёш чиқаётганда Фихл қалъаси қулаб, кўчалар мусулмон аскарлари билан тўлган эди.
Шундан сўнг Абу Убайда Фихл қалъасини қўшиб, бутун Иордан ҳудудини Шураҳбилга қолдирди. Кейин ёнига Амр ибн Осни олиб, Байсонга қараб йўлга чиқди.
Аввал бир-икки кун мусулмонлар билан жанг қилган байсонликлар ишнинг охири яхшилик билан тугамаслигини билиб таслим бўлишди.
— Дамашкликлар нимага рози бўлган бўлса, биз ҳам ўша шартларни қабул қилдик, — дейишди улар.
Кейин сулҳ тузилди.

Қодисия

Форсдаги воқеалардан хабардор бўлган Мусанно вақтни ўтказмасдан Мадинага мактуб жўнатди. Ҳазрати Умар жавоб хатини ёзаркан, аввало, Форсни тарк этиб, серсув жойларга ўрнашишни, кейин Рабиа ва Мудор қабилаларидан аскар тўплашни буюрди. Ҳижратнинг 13-йили зулқаъда ойи Мадина ва унинг атрофида жангга ҳозирлик кўриш билан ўтди. Халқ эътиборини қозонган муҳтарам инсонлар, адиб ва шоирлар жангга даъват қилдилар. Арабистоннинг турли бурчакларига Мадинага қурол-аслаҳа жўнатиш лозимлиги ҳақида фармон юборилди. Тўпланган аскар, улов, қурол-аслаҳа ва озиқ-овқат Ироқда Мусанно ҳузурига жўнатиларди. Бу орада Ҳазрати Умар зулҳижжа ойида хажни адо этиб, Мадинага қайтди. Пойтахтда Ҳазрати Алини қолдириб, ўзи тўпланган қўшин олдига чиқди ва қўшинга буйруқ берди. Қўшин йўлга тушди. Ҳазрати Умар ҳам қўшин билан жангга кирмоқчи эди. Лекин кўпчилик бунга кўнмади. Саҳоба ва қўмондонлар, Мадинадан чақириб олинган Ҳазрати Али иштирокида ўтказилган машваратда халифанинг Мадинада қолиши бир овоздан маъқулланди. Шунда Ҳазрати Умар:
— Унда қўшинга ким бошчилик қилиши ҳақида ҳам ўз фикрингизни айтинг, — деди.
Шу пайт халифага нома келтирилди. Мактуб Саъд ибн Ваққосдан бўлиб, унда Ҳовозин қабиласининг бақувват кишиларидан сараланган минг кишилик қўшин йўлга чиққани маълум қилинган эди. Машварат қатнашчиларидан бири:
— Амирул мўминин, мана, қўшинга қўмондон ҳам маълум бўлди, — деди.
— Кимни назарда тутяпсан?
— Саъд ибн Абу Ваққосни.
— Тўғри айтдинг!
Сўнг Ҳазрати Умар унга хат ёзиб, Қодисия тарафга юришини ва қўшинга бош бўлишини амр этди. Ҳазрати Умар Мадинага, қўшин эса, Қодисияга қараб йўлга чиқди.
Қўшин таркибида бир қари мужоҳид ҳам бор эди. У қирқ йиллик узоқ муддатдан сўнг киндик қони тўқилган она юртига илк маротаба кетаётган эди. Бир пайтлар хақ дин истаб, уйини ташлаб чиққан, энди эса, ўша хақ дин вақили бўлиб қайтаётган эди. Барчанинг ҳурмати ва муҳаббатига сазовор бўлган, оддий бандалигини бир зум унутмаган бу нуроний мўйсафид буюк саҳоба Салмон Форсий эди.
Ҳазрати Салмон учун хақиқий ватан имомул муттақин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак жасадлари қолган замин эди.
Қўшинда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳобларидан минг нафари бўлиб, улардан тўқсон тўққиз киши Бадр қатнашчилари эди. Мадинадан келиб қўшилган қўшин билан Мусанно ихтиёридаги лашкар адади ўттиз мингга етарди.

* * *

Бу ёқда Мусаннонинг соғлиғи ёмонлашиб борарди. Кўприк жангида олган жароҳатлари битмай туриб, бир неча муҳорабада қатнашишга тўғри келган эди. Энди эса, муҳим жангга тайёргарлик кўриш керак. У кундан-кунга кучдан қолар, кучдан қолган сари бошлаган ишини охирига етказишни ўйлар эди. Чунки аъзойи баданидаги яралар битмай, унга азоб берарди. Бир куни иниси Муқаннани ҳузурига чорлади:
— Саъд ибн Абу Ваққосни кўролмасам керак. Ундан олдин ўлим етиб келади, менимча. Энди, маслаҳатимга қулоқ тут. Жангни Форс заминида эмас, чегарада олиб боринглар, зафар қозонсанглар марра сизники. Аллоҳ сақласин, мағлубиятга учрасанглар ортингизда кенглик ва сизга мадад бўлгувчи инсонлар бор. Саъд етиб келгунга қадар, ўрнимга Башир ибн Саъдни тайинлайман.
Саъд ибн Ваққос Зарвад дарёси соҳилига етгани хабари келганда, Мусанно ҳаётининг сўнгги лаҳзаларини яшаётган эди. Забардаст қўмондон сўнгги нафасини шаҳодат калималарини такрорлаб чиқарди. Навқирон дамларини муҳим жангларда ўтказган бу фидоий инсон жон куйдириб қилган хизматлари ҳақини олиш учун Парвардигор ҳузурига отланди. Саъд ибн Абу Ваққос қанчалик ҳаракат қилмасин, Мусанно дафн этилганидан кейин етиб келди. У кишига васият етказилди ва Башир қўмондонликни топширди. Ҳазрати Умар томонидан юборилган мактубда ҳам шундай кўрсатма берилган эди. (Ибн Касир, «Ал-комил»).

давоми бор.