ҲАЗРАТИ УМАР ҚИССАСИ

ҲАЗРАТИ УМАР ҚИССАСИ
135 views
03 May 2012 - 16:39

Аҳмад Лутфий Қозончи

Мадина…

Ҳазрати Умар ҳузурига кирган бақувват кишига деди:
— Йўқол кўзимдан, сени бошқа кўрмай. Сен мен учун азиз бўлган икки инсоннинг ҳаётига зомин бўлдинг!
Бу одам бир пайтлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида мусулмон бўлган, кейинчалик шайтон йўлдан уриб, пайғамбарлик даъвосини қилган Тулайҳа ибн Ҳувайлид эди. Ҳазрати Абу Бакр даврида Холид ибн Валид унинг лашкарини тортиб келтирган, Тулайҳанинг ўзи эса, хотини Навор билан қочиб кетган эди. Ўшандан кейин у даъвосидан кечиб, кўринмай кетди. Пешқадам Саҳобалардан Уккоша ибн Михсон ва Собитнинг ўлимига сабаб бўлган эди. Турган гапки, қилмиши мақтов сўзлари кутмасди. Заиф товуш билан:
— Эй мўминлар амири, улар менинг воситам билан шаҳид бўлдилар ва Аллоҳ ҳузурида иззат-икромга сазовор бўлажак. Аллоҳ истаса, мени уларнинг қўллари билан жаҳаннамга элтиши мумкин эди, — деди.
Бу гап Ҳазрати Умарнинг шиддатини сўндирди:
— Қани, ўтир-чи!
Тулайҳа енгил тин олди. Энди Ҳазрати Умар билан бемалол гаплашса бўлади. Бир оз суҳбатлашгандан сўнг, қилмишларига каффорат бўлиши учун жиҳод қилишга изн сўради.
— Қаерга жўнатсангиз ҳам, кетавераман.
Ҳазрати Умар рози бўлиб, уни шу кунларда Мадинага етиб келган Амр ибн Маъдийга қўшиб, Саъд ибн Абу Ваққос ихтиёрига жўнатди. Кетар чоғда уларнинг қўлларига бир мактуб тутқазди. Унда Саъд ихтиёрига икки минг кишилик қувват юбораётганини, уларнинг жанг борасидаги маслаҳатларига кулоқ солишни, лекин амирлик бермасликни тайинлади. Бинобарин, уларнинг ҳар иккиси ҳам жанг сирларидан яхши хабардор эди. Амирлик берилмаслигининг сабаби, уларнинг бунга нолойиқликлари туфайли эмас, балки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида Исломни қабул қилиб, кейин диндан қайтганлари эди. Икки минг кишилик қўшинга тенг, деб эътироф этилган бу икки паҳлавон Қодисия қайдасан, дея йўлга чиқди.

* * *

Мусаннонинг вафотидан тўрт ой ўтгач, аёли Салмага совчи келди. Оғиз солган Саъд ибн Абу Ваққос эди. Салма у кишининг таклифини қабул қилди. Мусаннодек қаҳрамондан кейин тириклигидаёқ жаннатга кириш башоратини олган инсон билан турмуш қуриш Салмага фақат қувонч келтирди.
Саъд ибн Абу Ваққос Мадинадан келган буйруққа биноан Нўъмон ибн Муқаррин бошчилигида ўн тўрт кишилик элчилар гуруҳини Яздажирдга жўнатди. Элчилар Мадоин шаҳрига етиб келиб, ўзларини таништирдилар. Форс шоҳи ҳам уларни удумларига биноан кутиб олиш мақсадида ҳашаматли чодир қурдирди. Шоҳ бу кўришув маросимида Рустамнинг ҳам қатнашишини истади. Мусулмонлар бир неча кун шоҳ ҳузурида меҳмон бўлишди. Кейин мусулмонлар учун махсус кўз қамаштирувчи иншоот очилди.
Ўн тўрт қабила вақили бўлган элчилар ичкарига таклиф қилинди. Мусулмонлар бирин-кетин чодирга киришар экан, уларни кўрган форслар истеҳзоли табассум билан бир-бирларига қараб қўйдилар. Чодирдагиларнинг ҳеч бири хизматкорига ҳам бундай кийимларни раво кўрмасди. Агар бу одамларнинг эгниларидаги уст-бошларини айтмаса, юзларида қатъият ва ўзгача самимият барқ урарди. Аёнлари қатори, Яздажирд ҳам ақли шошиб, кўрганларига ишонмасди.
Катта бир қўшин номидан келган ушбу қаландарнамо кишилар Форс шоҳини ҳайрат денгизига ғарқ қилди. Яздажирд тилмоч воситасида гап ташлади:
— Нима мақсадда келдингиз? Биздан нима истайсиз?
Нўъмон ибн Муқаррин шериклари номидан сўз олиб, аввал жоҳилият давридаги вазиятни, кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашиб, бахт нималигини билганларини айтди. Сўзида давом этаркан, у шундай деди:
— Динимиз яхшиликни яхши деб тан олади ва шунга даъват этади. Ўз навбатида, ёмонликни ёмон деб қабул қилади. Биз ўз динимизга даъват қиламиз. Қабул этсангиз, сизга Аллоҳнинг китобини келдирамиз ва сиз унинг ҳукмларини амалда жорий қиласиз. Биз эса, ортга қайтамиз. Мабодо қабул қилмасангиз, бизга жизъя тўлайсиз ва бизнинг ҳимоямизда бўласиз. Агар бу ҳам масаланинг ечими бўла олмаса, орани қилич билан очди қиламиз.
Бу гаплардан Яэдажирднинг жаҳли чиқди:
— Ер юзида сиздан бадбахтроқ, сиздан омадсизроқ халқ бўлмаса керак. Сиз билан шуғулланишни бир волийимизга топшириб қўйган эдик. Сиз ҳам қорнингиз тўйиб, ерларимизга кўз тикмас эдингиз. Энди эса, бўлмағур хаёлларга берилиб, чучварани хом санаб юрибсиз. Истасангиз, сизларни боқайлик, кийинтирайлик, яхши муомалада бўлиб, адолатли волий тайинлайлик.

Шоҳ гапларини тугатгач, орага сукунат чўкди. Бу совуқ сукунатни Муғира ибн Зурора бузди:
— Эй шоҳ булар мусулмонлар бошлиқлари ва мўътабар зотлардир.
Шоҳ ва йиғилганларнинг юзларида «тушунарли», деган ифода пайдо бўлди. Яздажирд ҳайрат тўла кўзларини элчилардан узолмасди. Нўъмоннинг жизя тўласангиз, бизнинг ҳимоямизда бўласиз, деган гапини эшитиб, қаҳ-қаҳ уриб кулишдан ўзини зўрға тийиб турар эди. Энди эса…
Муғира атрофдагиларнинг муносабатига эътибор қилмай, сўзида давом этди:
— Азиз инсонлар қадрини азиз инсонларгина билади. Дўстим сизларга гапнинг лўндасини айтиб қўя қолди. Изн берсангиз, муфассал тушунтириб бераман, — деб Нўъмоннинг гапирганларини батафсил айтиб берди. Гапининг охирида юқоридаги уч шартдан бири танланиши кераклигини уқтириб ўтди.
Яздажирднинг сабр косаси тўлди. Бундай гапларни бунақанги каландарнамо кишилар у ёқда турсин, Рум императоридан эшитса ҳам, тоқат қилолмасди.
— Агар элчини ўлдириш мумкин бўлганида, сизларни бу ердан соғ чиқармасдим. Нақ каллангизни танангиздан жудо қилдирардим. Сизга берадиган нарсамиз йўқ. Энди кетишингиз мумкин, — деди у.
Шоҳ хизматчиларига бир саватга тупроқ солишни буюриб:
— Буларни Мадоин дарвозасидан чиқариб кузатиб қўйинг ва шаҳардан чиқишлари билан саватни уларнинг елкасига ортинг, — деди.
Кейин мўминларга ўгирилди:
— Бориб, сизни бу ерга жўнатганларга хабар берингки, мен Рустам ва унинг енгилмас қўшинини жўнатаман. У сизларни Қодисия хандағига кўмиб келади. Ўша ердан туриб арабларнинг бошига бугунгача кўрмаган кулфатларни солади.
Учрашув ниҳоясига етди. Осим ибн Амр олдинга чиқиб:
— Буларнинг улуғи менман, — деб саватни елкасига олиб, чодирни тарк этди.
Осим Яздажирднинг бу қилиғини яхшиликка йўйиб: «Унинг тупроғини бизга қўллари билан топширди», деди («Тарихи Табарий»).
Элчилар Саъд ибн Абу Ваққоснинг ҳузурига қайтиб:
— Мана, Форс тупроғини олиб келдик. ИншаАллоҳ бу заминни забт этамиз, — дея сафар тафсилотларини айтиб беришди.

* * *

Кунларнинг бирида Саъд ибн Абу Ваққос ўзини ёмон ҳис эта бошлади. Аввалига, ўтиб кетар деб, унчалик аҳамият бермади. Аммо бу ҳол ўтиб кетиш у ёкда турсин, аксинча, зўрайди. Ҳол шу даражага етдики, Саъд умуман ўтиролмай қолди. Шундай ҳолатда жанг майдонига чиқиб бўлмасди. Дарҳол усталар чақирилиб, икки қаватли супа ясалди ва устига тўшак тўшалди. Кейин Саъд ибн Абу Ваққос юзтубан ётқизилиб, кўкраги остига ёстиқ қўйилди. Шундагина аскарларни бемалол кузатиш мумкин эди. Бу бир неча кун давом этиб, Саъд жангчиларни шу аҳволда кузатди.

* * *

Рустам алпқомат ва паҳлавон саркарда эди. Унда рақибни менсимаслик одати йўқ эди. Хусусан, форсларни бир неча бор мағлуб этган бугунги рақибни «оч қолган араблар» дея баҳолаб ҳам жоҳилликдан ўзга нарса эмас, деб ҳисоблади. Рустам қандайдир ички бир туйғу билан жангда мағлуб бўлишини билди.
Мадоинда ихтиёрига берилган лашкар Сабат деган жойда қўшинга қўшилгач, Қодисия тарафга юришга амр берди. Қўшин бир юз йигирма минг кишилик бўлиб, таркибида ўттиз фил ҳам бор эди. Шунга қарамай, Рустамнинг ичидаги шубҳа бир зум тинмас, ишончсизлик ортиб борарди. Охири қалам олиб, иниси Банзуванга мактуб битди: «Калъаларни таъмирланг. Ҳар қандай ҳаракатга тайёр туринг. Фикримча, уларга қарши мудофаа усулини қўллаш ва уларни чалғитиш керак. Чунки балиқ сувни лойқалатди, «Наоим» ва «Зуҳра» юлдузлари тиниқлашди, «Мезон» буржи мўътадил бўлди, «Баҳром» эса кетди. Нужум илмининг хулосалари бизнинг мағлубиятга учраб, салтанат илкимиздан кетажагини билдиради. Энг ёмони эса, Яздажирднинг менга: «Ё сен бориб жанг қиласан, ё мен» дегани бўлди» (Тарихи Табарий»).

* * *

Рустам ҳузурига келтирилган арабга деди:
— Бу ерларга нега келдинглар, ўзи нима истайсизлар?
— Аллоҳ бизга ваъда қилган ерларни олиш учун келдик. Исломни қабул қилмасангиз, бу ерлар бизники бўлади.
— Акси бўлиб, қиличларимиз билан ҳаётингизга нуқта қўйсак-чи?
— Ўлганларимиз жаннатий булади. Қолганларимиз эса Аллоҳнинг берган ваъдасини амалга оширамиз. Бунга ишончимиз комил.
— Бу билан, Аллоҳ сизни бизга таслим қилади, демоқчимисан?
— Сизни таслим қилган нарса — сизларнинг маъносиз ва адолатсиз хатти-ҳаракатларингиздир. Лашкарингнинг сони сени алдаб қўймасин. Зотан, сен одамларга эмас, тақдирга қарши курашяпсан…
Рустам тилига чиқаролмаган гапларни қаршисида турган оддий инсон айтиб турар эди.

* * *

Форс лашкарига Бирс деган жойда дам берилди. Ўша тун роса ичган аскарларнинг бир қанчаси қўшинни тарк этиб, уйларни талади. Аёлларни зўрлаб, қўлларига тушган нарсани олиб ортга қайтди.
Эрталаб Рустамнинг чодири олдида оломон тўпланди. Уларнинг барчаси бўлган воқеалардан шикоят қилиб келишган эди.
Одамларни тинглаган Рустамнинг боши эгилди. Бир лаҳза ўйга толди. Қатл қилинган араб ҳақ гапни айтган эди, уларни ўзлари қилган ишлари рақиб қўлига топширяпти. «Худо хаққи, мусулмонлар бу одамларга рақиб бўлсалар-да, биздан яхшироқ муомала қиляптилар. Уларнинг одоб-ахлоқлари, зулмга йўл қўймасликлари, вафо ва яхшилик кўрсатишлари сабаб Аллоҳ уларга мадад беради, бизни эса, ёрдамсиз қолинради. Тасарруфимиздаги салтанат қўлимиздан кетажак». Қўмондоннинг амрига биноан, устидан шикоят тушганлар калласи олинди (Тарихи Табарий»).

* * *

Саъд ибн Абу Ваққос ҳузурида бош эгиб турган одамга яқин келди:
— Сен Абу Миҳжанмисан?
— Ҳа, Абу Миҳжанман.
Гапларимни эшит: «Ўлганимдан кейин мени узум тагига кўмингки, унинг илдизидан чиққан шароб суякларимни намласин. Аммо узум тагидан бошқа жойга дафн этмангиз. Ўлганимдан кейин ҳам шароб таъмидан маҳрум бўлишни истамайман» (Ибн Касир, «Ал-комил»).
Абу Миҳжаннинг боши баттар эгилди:
— Тўғри, бу гапларни мен айтганман. Мусулмон бўлмасимдан олдин шаробни кўп ичардим. Лекин бу гапларни ичмай юрган пайтимда айтганман. Баъзида ўзимни тутолмай шунақа гапларни айтиб юбораман.
Саъд уни олиб келганларга буюрди:
— Оёқларини боғлаб, ҳибс қилинглар.

* * *

Рустам Ҳира шаҳрига етиб келди. Шаҳарнинг катталарини тўплаб, жизя беришга рози бўлганлари ва урушмаганлари учун алқади. Шаҳарнинг бошлиқларидан бўлган Ибн Букайла ўртага чиқди:
— Ёрдам қўлини чўзишга кечиқдингиз, амир! Жонимизни асраб қолиш учун қилдик бу ишни. Бунинг учун бизни койимассиз.
Ибн Букайла хақ эди. Охири ўлим билан тугайдиган йўлни тутиб, бола-чақа ва аёлларнинг ҳаётини хавф остига қўйишдан не наф?
Рустам уларга бу иш ниҳоясига етгани, бошқа жизя бермасдан бемалол яшайверишларини айтиб, қўшинга қайтди. Лашкарга бир-икки кун дам бергандан сўнг, Нажаф тарафга юришга амр берди.
Бир тун Рустам қўрқув ичра уйғонди. Тушида бир фаришта тушиб, Форс қўшинининг қурол-аслаҳаларини олди ва уларни муҳрлаган ҳолда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга берганини кўрди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса уларни Ҳазрати Умарга топширганмишлар (Ибн Касир, «Ал-комил»).
Даҳшатли тушдан сўнг Рустам тонггача ухлолмади. Лашкарбоши ухлолмай асабийлашар, лекин қўлидан ҳеч нарса келмасди. Юз йигирма минг кишилик қўшинни бошқарган Рустам икки кўзини юмишга қодир эмасди. Ниҳоят, ёқимсиз ҳис-туйғуларга тўла тун ўтиб, тонг отди.

Ҳар бир тўхтаган жойида кунлаб дам олиб, йўлида секин давом этаётган Рустамнинг мақсади мусулмонларда «Форслар келмас экан-да», деган фикрни уйғотиш эди. Шу йўл билан юрагига ғулғула солган, кундан-кунга кўнглини беҳузур қилаётган бу машмашаларга чек қўймоқчи эди. Лекин рақиб тарафдан келаётган хабарлар қўмондоннинг тобини қочирарди.
Саъд ибн Абу Ваққос ва мусулмон лашкари форсларни сабр-тоқат билан кутарди. Улар Қодисияга етиб келишганда душманнинг Мадоиндан чиқиб кетганига олти ой бўлган эди. Мусулмонлардан тўрт баравар кўп бўлиши форсларга маънавий қувват берар, Рустамни бир оз бўлса-да, ҳовуридан туширар эди.
Форс лашкари шу жойда тўхтади. Қўмондон амри билан шу ерда қароргоҳ барпо этилди. Шу билан бирга хабарчилар занжири ҳам ташқил этилди. Баланд овозли кишилардан иборат занжир бир-бирларининг овозларини эшитадиган даражадаги масофага чўзилиб, хабарни қисқа муддатда Рустамдан Яздажирдга, Яздажирддан Рустамга етказиб турарди («Тарихи Табарий»).

Эртасига Рустам шароитни кўздан кечириш мақсадида бир бориб келди. Кейин Саъдга одам жўнатиб, элчи юборишини айтди. Саъд ҳам элчилар гуруҳини жўнатмоқчи бўлиб турганида Рибъий ибн Амр эътироз билдириб:
— Элчилар гуруҳини жўнатиш уларга устунлик берганимиз бўлади. Бир кишини жўнатиш кифоя, — деди.
— Унақада, ўзинг борасан, Амрнинг ўғли, — деди Саъд.
— Хўп бўлади.
Рибъий йулга чиқди. Рустамнинг чодирига етиб келганидан сўнг, отдан тушди. Киришга таклиф этилгач, ичкарига йуналганида унда кимдир:
— Қиличингни ечишинг керак, бадавий! — деди.

— Мен бу ерга қуролимни ечаман, деб келганим йўқ. Мени сиз таклиф қилгансиз, — деди Рибъий. Ичкаридан қурол билан киришга рухсат берилди. Рибъий етти ухлаб тушида кўрмаган ҳашаматли ва дабдабали қасрга қадам қўйди. У қўлидаги найзани дўқиллатганча, олға юрди.
Ҳар қадамида қўлидаги найза қимматбаҳо гиламни тилиб ўтарди. Рустамнинг қаршисига келгандан кейин тўхтаб, найзасини гиламга санчди ва ерга чўккалади. Рибъий бу хатти-ҳаракати билан бойликка аҳамият бермаслигини кўрсатмоқчи эди. Ундаги бу ҳолат Исломдаги назокатга тўғри келмасди. Чунки, мусулмон одам кийими билан ҳам, муомаласи билан ҳам, ҳаракатлари билан ҳам ўзгаларга ибрат бўлмоғи лозим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бирон марта эгар устида одамларга пешвоз чиққанмилар? Ёхуд бировнинг қимматбаҳо нарсасини яроқсиз ҳолга келтириб қўйганмилар? Ахир, ҳеч ким Рибъийнинг қилмишини кўриб, хавас қилгани йўқ-ку! Чодир ичидагилар ҳам бу ҳолни кўриб, «Ислом шунақа бўлса, биз ҳам мусулмон бўлайлик», демагандирлар?
Рибъий: «Мен сизларнинг чақирувингизга биноан келдим», деб қуролини ечишга рози бўлмаганида, форслар: «Майли, буюмларимизнинг бошига ет», демадилар. Хуллас, Рибъий Исломни гап, кийим ва назокат билан кўрсатмоқчи бўлди-ю, лекин нотўғри йўлни танлади. Унинг ўзини тутишини кўрган инсон: «Демак, Ислом бадавийликдан иборат экан-да», дейишга хаққи бор эди.
Рустам ҳам ҳайрат ва асабийлик билан Рибъийдан нега ерга чўккалаганини сўради.
— Биз сизларнинг шубҳали нарсангизга ўтирмаймиз.

— Бу ерларга келишдан мақсадингиз нима?
— Бизни бу ерга Аллоҳ етаклаб келди. У бизга ўзи истаган бандаларига дунёнинг ҳасратли ҳаётини қувончга айлантиришга, ботил динлар асоратидан Ислом адолати узра йўл кўрсатишга ваколат берди. Биз унинг динини одамларга етказишимиз керак. Уни қабул қилганларни ўз ерларида қолдириб кетаверамиз. Қабул қилмаганлар билан курашамиз: ё ғалаба, ё жаннат сари йўл.

— Тушундим. Бизга ўйлаб кўришга фурсат беринглар.
— Уч кун муҳлат берамиз. Шу уч кун ичида ё Исломни қабул қиласизлар, ё жизя тўлайсизлар, ёхуд тўртинчи кундан жангга киришамиз.
— Сен уларнинг қўмондонимисан?
— Йўқ. Мусулмонлар яхлит бир вужуд кабидирлар. Энг юқорида бўлганлардан тортиб оддий жангчигача омонлик бериш ҳуқуқига эга.
Учрашув шу билан ниҳоясига етди. Рибъий яна бадавийларга хос тўпорилик билан чодирни тарк этди. Рустам йиғилганларнинг фикрини сўради. Ҳеч ким яхши гап айтмади. Аммо қўмондон элчининг хатти-ҳаракатларида бўлмаса ҳам, гапларидан сирли ҳақиқатни пайқаган эди.

Иккинчи куни ҳам элчи билан учрашилди. Бу сафар у то отидан ҳам тушмади. Учинчи куни Муғийра ибн Шўъба элчи қилиб жўнатилди. Рустам унга лашкарининг қудрати ва шу кунгача эришган ғалабалари ҳақида гапирди. Кейин араблардан жайдарироқ миллат йўқлигини ва улар Форсга очлик туфайли ҳужум қилаётганини айтди:
— Сизларни яхши биламан. Очарчилик бошланганда, атрофдагиларни тинч қўймайсизлар.
Рустамнинг гапларини диққат билан эшитган Муғира шундай жавоб берди:
— Биз сени шахс сифатида тан оламиз. Бизнинг қолоқлигимиз ҳақида айтганларингни ҳам инкор қилмаймиз. Бир пайтлар шундай эдик. Лекин бир нарсани унутмагинки, дунё ўзгариб туради. Қийинчиликда яшаб туриб, фараҳли кунни орзу қиганлар бир кун келиб, истаганларига эришадилар. Тўкин ва бой ҳаёт кечирганлар ҳаётда қийналиб қолишдан қўрқиб яшайдилар. Бир кун келиб эса, қўрққан нарсалари содир бўлади.

Бу гаплардан Рустамнинг жаҳли чиқди:
— Тўғри тушунган бўлсам, сизнинг бу ерлардаги аҳволингиз ари инида асал кўриб қолган чивинга ўхшайди. У, мени инга киргизиб қўйганга икки дирҳам бераман, дейди. Асалга ёпишиб қолгач, қутқарганга тўрт дирҳам пул ваъда қилади. Ишончим комилки, сизлар бу ёққа келдингиз, ортга қайтмаслигингиз аниқ. Яна аҳволингиз тешик орқали боққа кириб қолган тулкига ўхшайди. Боғ эгаси унинг аҳволига ачиниб индамайди. Лекин тулки боғда истаган нарсасини еб, семириб кетади. Бироқ қорни тўйгач, боғни пайҳон қилиб ташлайди. Буни кўрган боғбон одамларни чақириб келиб, биргаликда тулкини калтаклаб ўлдиришади.
Рустам тин олиб, гапида давом этди:
— Яхшиси ҳар бирингизга кийим-бош, амирингизга эса, минг динор ва улов берайин, бу ердан кетинглар!
Муғийра, табиий, бу шартга рози бўлмади:
— Аллоҳ бу давлатни бизга таслим қилади. Куч-қудратингиз заифлашиб, ноилож жизя берадиган ағволга тушганингизда ташлаб кетамизми? Эртага сизлар асиримиз бўласиз.
Унинг гапларидан Рустам сапчиб турди, нигоҳини юқорига қаратганча, қўрқинчли товуш билан:
— Қуёш билан… Ҳа, куёш билан қасам ичиб айтаманки, эртага сизларни ер билан яксон қиламан, — дея қичқирди.
— Кўрамиз. Сиз ҳам кўрасиз.
Қўмондон орқада буйруқ кутиб турган хизматкорга: «Ташқарига олиб чиқиб ташла», деб имо қилди (Ибн Касир, «Ал-бидоя»).

Муғийра чиқиб кетгач, Рустам бир одамни чақирди-да:
— Тез бориб, анови бир кўзли бадбахтга етиб ол. Агар дарё устидаги кўприк ипини кесадиган бўлса, нариги кўзини ўзим ўйиб оламан, — деди.
Муғийра ортидан бир отлиқ келаётганини билиб, тўхтади. Рустамнинг айтганларини эшитгач, деди:
— Сен ҳам шуни етказиб қўй: Агар шундан кейин ҳам сизлар билан урушмасам, кўзимнинг ўйиб олинишини ўзим истайман.
Муғийра кўприкдан ўтиб, Саъд ёнига келди. Бўлган воқеани айтиб: «Урушга ҳозирлик кўринг», деди. Эртасига душман тарафдан вакил келди:
— Кўприкдан сиз ўтасизларми ёки биз ўтайликми?
— Сизни бу тарафда кутамиз.
Саъд амирларни тўплаб, тўрт бора такбир айтишни, тўртинчисида умумий ҳужумга ўтишни уқтирди. Илк уч такбир орасида амирларга лашкарни жангга ундовчи нутқ сўзланиши учун фурсат берилиши ҳам айтилди.

* * *

Уч бора такбир айтилди. Мусулмонлар жангга ҳозирланаркан, форсий бир аскар чиқиб, яккама-якка олишувга таклиф этди. Мусулмонлардан Ғолиб ибн Абдуллоҳ ал-Асадий чиқди. Бир оз муддат олишувдан кейин, душманнинг Хурмуз номли жангчиси асир олиниб, Саъднинг ҳузурига келтирилди. Бошидаги тождан унинг оддий одам эмаслиги кўриниб турарди. Хурмузнинг асир тушиши Форс қўшинига салбий таъсир қилди. Унинг қасосини олиш учун яна бир киши ўртага чиқа бошлади. У ҳам якка олишувга рақиб истарди. Бу сафар Амр ибн Маъдий Кариб чиқди. Амр жуда бақувват йигит эди. Ҳазрати Умар у билан Тулайҳани минг кишига тенг эр деб жўнатган эди. Унинг «самсома» деган қиличи ҳам одамлар орасида машҳур эди. Бир куни Ҳазрати Умар уни ёнига чақириб, қиличини кўрсатишини сўраган, сўнг томоша қилатуриб:
— Халқ қиличинг ҳақида муболаға қилиб юборибди. Менимча, у мақталганичалик эмас, — деган, Амр эса, бунга жавобан:
— Ўша гапларнинг бир қисмигина рост. Лекин сиз мендан фақат қиличнигина сўрадингиз, уни ўйнатадиган қўлни эмас. Қилич бу қўллар билан бирлашса, одамлар ошириб юбормаганларининг гувоҳи бўласиз, — деб айтган эди.
Кейинчалик бу қилични умавийлар Амрнинг ўғилларидан сотиб олди. Бир неча юз йиллар давомида бу қилич аввал умавийларнинг, кейин аббосийларнинг салтанат қиличи бўлиб қолди. Саройга шоирлар чақирилиб, ушбу қилич васфида шеър ва мадхиялар битилди.
Хуллас, Амр ўртага чиқиб, ўзини танитди. Бир оз олишдилар, сўнг Амр рақибининг белбоғидан ушлаб, судраганча мусулмонлар олдига келди. Уни ерга қулатиб, бошини кесиб, ирғитаркан, мусулмонларга ўгирилди ва:
— Жангда мана шундай қиласиз, — деди («Тарихи Табарий»).

Кейин форслар ялпи ҳужумга ўтишди. Саъд ибн Абу Ваққос «Аллоҳу акбар» деб, тўртинчи такбирни айтганидан сўнг, Амр ибн Маъдий отини ниқтаб, қаршисидаги юз йигирма минг кишилик қўшин томон юрди. Унинг ортидан ўттиз минг кишилик мусулмон қўшини ҳаракатга тушди.
Форс қўшинидаги филлар дуч келганни эзиб-янчиб борарди. Филларга биринчи бўлиб, Бажила қабиласи дучор бўлди. Махафа устида туриб қўшинни бошқараётган Саъд бажилаликларнинг филлар оёғи остида қолиб кетаётганини кўриб, Бани Асадни уларга ёрдам беришга жўнатди («Тарихи Табарий»).
Филлар билан илк дафъа юзлашаётган арабларнинг отлари ҳуркиб, орқага қараб қоча бошлади. Бу аскарлар руҳига ёмон таъсир қилиши мумкин эди. Саъд Ибн Амрга филларни бир ёқлик қилишни буюрди. Осим Бани Тамимга филлар томон ўқ ёғдиришни айтди. Бир гуруҳ аскарлар эса, фил устидаги мақофаларнинг ипларини кесиб ташлади. Иплар кесилиб, мақофадаги жангчилар ерга қулай бошлади. Улар қад ростлагунча, мусулмонлар қилични ишга солишди. Аммо душман тараф ҳам бўш келмасдан, Ислом лашкарини пароканда қилиш учун бор кучини ишлатарди. Филлар устларига ёғилаётган ўқлардан қочаётган бир пайтда Ислом аскарлари ҳам бир-бирлари билан тўқнашиб кетарди.
— Саъд, рухсат бер, мен ҳам жанг қилай.
Саъд ўгирилиб, Абу Миҳжанни кўрди. Оёқларига занжир урилган Абу Миҳжан тирмашиб, Саъд ётган жойга чиқкан эди.
— Сенга рухсат йўқ.
— Лекин мен яхши жанг қила оламан. Жазоимни ўлим билан олишга имкон бер. Тирик қолсам, рақиб аскарларини ўлдираман.
— Сенга рухсат йўқ дедим-ку! Пастга туш.
— Мени жиҳоддан маҳрум қилма.
— Сен, аввало, тилингни тийиб ол. Кейин жиҳод қиласан.
Абу Миҳжан тушкун кайфиятда пастга тушди (Масъудий, «Муружуз-заҳаб»).
Жанг кун ботгунга қадар давом этди. Қоронғу тушгач, ҳар икки тараф қароргоҳига қайтди.

* * *

Салма хонимга уруш даҳшатлари бегона эмас эди. Марҳум Мусанно билан кўп жангларда иштирок этиб, жароҳатларни боғлаган, қанча-қанча енгилмас паҳлавонларнинг тўлғана-тўлғана жон берганларига гувоҳ бўлган. Кечқурунлари қонга булғаниб келган Мусанно Салма ёрдамида ювинар ва яраларини унга боғлатар эди.
Жанг майдонини якқол кўриш мумкин бўлган жойдан туриб кун бўйи асаблари таранг ҳолда тўкнашувларни томоша илган Салма бир дафъа ўзини йўқотиб: «Оҳ Мусанно, қайдасан… Йўқ, энди Мусанно йўқ», деб юборди. Ўзича жанг оқимига қўшилиб кетди. Кўзларига ярадор, ерда инграб ётган, тўлғанаётган, одамлар орасидан арслондек бўкирган, рақибини ер билан яксон қиладиган бир қаҳрамон кўриниб кетди. Нима бўлаётганини англамай турганда юзига бир тарсаки тушди. Саъд:
— Кўнглинг халиям Мусаннодами? — деди. Балки Саъд жанг ва эшитган сўзларидан қаттиқ ҳаяжонланиб кетиб, юракка буйруқ бериб бўлмаслигини, ўлган эр ўзи билан барча нарсани олиб кетганини ўйламагандир?
Тарсакидан гангиб қолган Салма ўзини тутолмади:
— Бу ишингиз рашкданми ёки қўрқоқлик туфайлими? («Тарихи Табарий»)

Орадан уч кун ўтди. Салма пастга тушди. У ерда Абу Миҳжан банди ҳолда ўтирарди.
— Сенга бу жазо нега берилди?
— Шароб ҳақида шеър айтган эдим. Лекин ичмаганман. Қанийди, мен ҳам бу жангда иштирок этсам. Худо ҳаққи, дўстларим жанг қиларкан, мен бу ерда ўзимни ўзим еб қўяман.
— Гапинг тўғри.
— Сенга таклиф бор.
— Қанақа?
— Мени бўшатиб, Саъднинг отини бер. Аллоҳ ризоси учун душман билан жанг қилай. Қасам ичиб айтаманки, тирик қолсам, қайтиб келиб, шу занжирларни ўзим оёғимга боғлаб оламан.
Салма ўйланиб қолди.
— Салма, менинг яхши жангчи эканимни биласан. Кел, оёғимни бўшат. Мабодо ўлсам, маҳбус одам ўлади. Тирик қолсам, қайтиб келаман.
Абу Миҳжан бир шеър айтди. Шеърда кетишига занжир йўл бермаётгани, қолса, виждони қийнаётгани, шунча мол-мулки ва ака-укаси бўлса-да, бир ўзи қолиб кетгани, тирик қолса, дарров қайтиб келишини айтди. Шеърни ўқир экан, кўзларидан томчи-томчи ёш оқди. Айнан шу нарса Салманинг занжирни бўшатишига туртки бўлди. Кейин Балқо исмли отнинг жиловини тутди:
— Аллоҳ мададкоринг бўлсин, Абу Миҳжан.
— Аллоҳ сендан рози бўлсин.

Абу Миҳжан жанг майдонига, Салма чордоққа йўналди. Саъд ибн Абу Вакқос жангни кузатар экан отига кўзи тушди. Суворийнинг кимлигини билиб бўлмасди, чунки юзини ўраб олган эди. У шиддат билан жанг қилар, қиличини маҳорат билан ўйнатар эди. Гоҳ ўнгга, гоҳ сўлга ҳаракатланаётган қилич гўё қон пуркарди.
— Субҳаналлоҳ бунга фақат Абу Миҳжан ва Балқо қодир.
Лекин у пастда ўтирибди.
Салма унинг гапларини эшитмагандек, жанг майдонидан кўз узмасди. Хусусан, ўша қаҳрамоннинг ҳаракатларини диққат билан кузатарди. Абу Миҳжан ҳақиқатан ҳам, гўё жанг қилиш учун туғилгандек эди. Қандай айби бўлишидан қатъий назар, бундай одамнинг шундай маҳорабадан четда қолиши яхши эмасди. Салма тўғри йўл тутганига ишончи комил ҳолда воқеалар ривожини кузата бошлади. У Абу Миҳжаннинг майдондаги қилич олишларига ҳайрат билан қараб турарди.
Оқшом тушгач, икки тараф тарқала бошлади. Худо билади, қанча одам ўлдирган, номаълум қаҳрамон Балқони етаклаб ортга қайтди. Салма пастга тушди. Абу Миҳжан келди-да, лафзига содиқлигини кўрсатиб, занжирни оёғига боғлай бошлади.

* * *

Бомдод намозидан кейин мусулмонлар гўр қазишга киришишди. Жанг майдонида қолган жасадларни кўмиш учун юзлаб қабр қазиш лозим эди. Кўмилмаган тақдирда қузғун ва лочинларга ем бўларди. Ундан ташқари, жанг майдонини тозалаш ҳам керак эди. Қабр қазилиб, Аллоҳ йўлида қонини тўккан ва жонини фидо қилган инсонлар учун, аввал жаноза ўқилди. Кейин ювилмай, кафанланмай, бир қабрга икки-учтадан дафн қилинди.

* * *

— Кеча нима қилганимни биласизми? — деди Саъдга уч кундан бери аразлаб юрган Салма.
— Нима қилдинг?
— Абу Миҳжанни қўйиб юбордим.
Сир очилди. Саъд Салма кутган «Нега? Ким рухсат берди?» каби саволларни бермай, Абу Миҳжанни ҳузурига чорлади.
— Кеча мард ва эр йигитлигингни исботладинг. Боравер, озодсан. Худо ҳаққи, бундан буён ичмасанг, гапирган гапларинг учун жазоланмайсан.
— Сўз бераман, Саъд, бошқа шароб ҳақида бирон сўз демайман (Ибн Асир, «Ал-Комил»).
Абу Миҳжан хурсанд бўлиб, Саъднинг олдидан чиқди.

* * *

Бир воқеага турли тарафдан қараш мумкин. Муносабат ҳам шунга яраша турлича бўлади. Саъднинг аҳволи ҳам шундай эди. Бир тарафдан, орқасига чиққан яралар берган азобдан қийналса, бошқа тарафдан, ўзи бошқараётган йирик қўшин ортида кузатувчилик ҳам қилаётган эди. Лекин унинг аҳволини тўғри тушунмаётганлар ҳам йўқ эмасди. Уларнинг фикрича, Саъд урушдан қолиб, ҳузур қилаётганмиш. Шундайлардан биттаси ушбу маънода шеър ҳам тўқиди: «Саъд Қодисия дарвозасида яшириниб ётаверсин. Биз Аллоҳнинг мадади келгунга қадар урушамиз. Жанг майдонидан баъзиларсиз қайтдик, уларнинг аёллари бева келди. Саъднинг хотинлари эса, тул қоладиганга ўхшамайди».

Бу байтлар тилдан-тилга кўчди. Шу кунга қадар амирлик қилганлар энг олдинги сафларда жанг қилиб, душман ва ўлимдан қўрқмаган эдилар. Қанчалари эса, бу йўлда жонларини фидо қилдилар. Жанг бозорида ўлчов ва ҳисоб-китоб бўлмайди. Фақат асаблар таранглашиб, ҳис-туйғулар тошдек қотади ё мумдек эрийди. Баъзан бир воқеа одамни жунбушга келтириб, фақат интиқом ҳақида ўйлашга мажбур қилса, баъзан қонли жасадни ташир экан, чеҳраларда аччиқ табассумлар зоҳир бўлиб, қаҳр билан боққан кўзлар арслон кўзи каби шафқатсиз бўлиб қолади. Баъзан юраклар ҳаприқиб, ҳаёт билан видолашув онлари етиб келгани аниқ ҳис қилинади. Баъзан қўрқув нималиги эсдан чиқади, унутилади. Хуллас, жангда ўзига хос бир қонун борки, у барча учун баробар. Жангда аслзодами ё қулми, ботирми, кўрқоқми, фарқи йўқ, дуч келганда барчасини янчиб ўтиб кетади. Ёш ҳам, қари ҳам, келишган ё буришган — барчаси қилич тагида қолиб кетиши мумкин.

Жанг қонунлари барча учун ана шундай бешафқат экан, юқоридаги гапларнинг ҳам айтилиши табиий эди. Ҳатто лашкарбоши ҳақида ҳам шундай сўзлар айтиш мумкин. Тилдан тилга ўтиб, бу иғволар бир куни Саъднинг қулоғига ҳам етиб келди. Ортиқ чидаб бўлмас эди. Уни чордоқдан туширдилар. Саъд тўпланган одамларга оёқларидаги ва орқасидаги яраларни кўрсатди. Воқеа шоҳиди бўлганлар лашкарбошининг отга миниш у ёқда турсин, ерга ҳам ўтиролмаслигига ишонч ҳосил қилишди (Ибн Асир, «Ал-Комил»).
Саъд жангдан қочадиган одам эмасди. У Исломда илк бор мушриклар қонини тўккан инсон эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида биронта жангда қолмай, ўлим қўрқувини енгиб, энг олдинги сафларда жанг қилган эди. Қанийди соғлиғи тикланиб қолса-ю, душманни ер тишлатиб, роҳат олса.

* * *

Қаъқа ибн Амр Суриядан келаётган минг кишилик қўшинга бош эди. Қодисияга етганда, лашкарни ўн киши-ўн кишидан қисмларга бўлиб чиқди. Кейин аскарларга кетма-кет юришни буюрди.
Жанг бошланай деб турган маҳалда етиб келган мадад кучлари мусулмонлар руҳини кўтариб юборди. Ҳазрати Абу Бакрдан махсус олқиш номасини олган ҳамда «Қаъқа иштирок этаётган лашкар мағлуб бўлмагай», дея таърифланган Қаъқа мўмин дўстлари билан кўришиб ҳам ўтирмай, тўғри жанг майдони сари юрди.
У ўртага чиқиб, рақиблардан бир кишини якка олишувга таклиф қилди.
— У билан мен синашаман.
Гап эгаси Зулҳожиб эди. Рустам «маъқул» маъносида бош ирғаркан:
— Эҳтиёт бўл! — деб қўйди.

Форс қўшинида ўзига хос обрўга эга бўлган Зулҳожиб отини ниқтади ва рақиби қаршисида пайдо бўлди. Айни дамда у Рустамнинг олдига бир салла билан қайтиб: «Душманнинг – умри шунчалик бўлсин», дейишни истарди. Лекин шамол қайси тарафга эсиши ҳам номаълум. Ўлим фариштаси икковидан бирини, ё ҳар иккисининг жонини олишга тайёр тургани аниқ. Ҳар икки жангчининг ҳам ортга чекинишга ҳаққи йўқ эди. Бу икки рақибнинг бири жуда одми, бошқаси жуда башанг қийинган. Форсийлар Зулҳожибнинг ғолиб чиқишига шубҳа қилмасди. Мўминлар эса йўлда чарчаган Қаъқанинг қўли баланд келишини сўраб, Аллоҳга ёлворарди. Майдонда турган шоввозлар бутун куч ва маҳоратини қўллашлари лозим. Ҳар қандай эътиборсизлик ва кичик бир хатонинг оқибати муқаррар ўлим билан тугаши мумкин эди.

Аёвсиз жанг бошланди. Уларнинг қилич уришлари кузатаётганларнинг асабларига зарба бўлиб тушарди.
Эгасига сўзсиз бўйсунаётган отлар ҳам елдек ҳаракат қилиб, олишувни кескинлаштирарди. Ниҳоят, наъра тортиб қилич солган Қаъқа Форснинг машҳур паҳлавонини ерга қулатди. Зулҳожиб ўрнидан турмоқчи бўлганида, отидан эпчиллик билан сакраб тушиб, кўксига ўтириб олди. Зулҳожиб бўғзига қадалган ҳанжар оғриғидан типирчилай бошлади. Бир оз ўтиб эса, тамоман тинчиб қолди.
Қаъқа каллани сочидан ушлаб ирғитаркан, яна олишувга рақиб чақирди. Навбатдаги жангчини ва кейингисини ҳам ўлдирди. Дуо қилишдан тинмаётган мусулмонлар якка олишувда ўттизинчи рақибини ер тишлатиб ортга қайтаётган Қаъқанинг: «Мана энди Мусаннонинг қасоси олинди», деганини эшитишди.
Қаъқа тунда одамларини тўплади. Ҳеч кимга билдирмасдан қўшиндан ажралишни ва эрталаб юзтадан бўлиб, қайта қўшилиб олишни буюрди. Мақсад душманда, янги мадад кучлари келибди, деган фикр уйғотиб, уларни саросимага солиш ва бундан ҳабари йўқ мўминларда жанговарлик руҳини янада кўтариш эди («Тарихи Табарий»).

* * *

Шомдан келаётган мадад кучлар қўмондони Ҳошим ибн Утба Қодисияга яқинлашганда юз кишилик гуруҳга дуч келди. Улар дам олишаётган эди.
— Сизлар кимсизлар?
— Қаъқанинг йигитларимиз.
— Қаъқаъ?! Қани ўзи у? Кўринмайди-ку?
— Жанг майдонида.
Ҳошимнинг баттар ҳайрати ошди:
— Унда сизлар бу ерда нима қиляпсизлар?
Бир одам Қаъқанинг кўрсатмасини айтиб берди. У қисқа вақт оралиғида тўққиз юз киши жанг майдонига жўнаганини, ҳозир ўзлари ҳам кетишга тайёргарлик кўраётганини маълум қилди.

Ҳошимнинг юзидаги ҳайрат аломатлари мамнуният билан алмашди. У беихтиёр: «Қойил сенга, Қаъқа», деди. Кейин қўшинига етмиш кишилик гуруҳларга бўлиниб, жанг майдони сари юришни буюрди. Ўзи илк гуруҳ билан кетди. Дарҳақиқат, бу гуруҳлар мусулмонлар руҳини кўтариб, уларга қувват бўлди (Ибн Асир, «Ал-комил»).
Ўша куни жанг ниҳоятда қизиди. Амр ибн Маъдий, Абу Саврдан («Абу Савр» Амрнинг лақаби, «ҳўкизнинг отаси» деган маънода. Амрнинг «Савр» исмли фарзанди бўлмагани учун, бу ном куня эмас, лақаб дейилди) айрилдингиз, деганча олға юрди ва шиддат билан жанг бошлади. Амр минган от қилич зарбасидан ерга қулади, унга қўшилиб отлиқ ҳам ағдарилди. Ётган жойида қилич зарбаларига чап берган Амр ўрнидан туришга имкон топа олди. Сафдошларидан бири унга отини берди. Амр энди филга ҳужум қилди. Самсома кучли зарб билан филнинг хартумига тушиб, узиб юборди. Қон сочаётган филнинг аянчли ўкиришидан атрофидагилар қочишга тушди. Фил ўзини ҳар ёққа уриб, бўкирганча жон берди.

Қаъқа билан Осим эса, машҳур оқ филга ҳужум қилиб, икки тарафдан кўзларига найза суқди. Оғриққа чидай олмаган фил бўкириб, устидаги одамни учириб юборди. Қаъқанинг иккинчи зарбаси филнинг биқинига тушди. Ёнбошига ағдарилган жонивор қисқа фурсатдан кейин қимирламай қолди.
Саъд жонбозлик кўрсатаётган Ҳаммол ва Риббилга амр берди. Иккови бориб бир филга ташланди. Ҳаммол ҳайвон кўзига найза санчгандан сўнг фил йиқилди. Кейин яна турмоқчи бўлганида Риббил қиличини хартуми узра сермади. Фил тура солиб, дуч келган тарафга караб қоча бошлади. Бошқа филлар ҳам унга эргашди. Шу тариқа майдонда филлар кўринмай қолди.

Жанг пайтида баланд бўйли форс суворийи паст бўйли иккита мусулмон билан тўқнашди. Қисқа олишувдан кейин форс аскари юзида мамнунлик ҳисси пайдо бўлди: у рақибини ерга қулатган эди. Шу заҳоти отидан сакраб тушиб, мусулмон аскарнинг устига ўтириб олди. От юганини бўйнига илди. Кейин бир қўли билан рақибини ушлаб, бошқа қўлини қиличга юборди. Ҳаётининг сўнгги дамлари келди, деб ўйлаган мусулмон шаҳодат калимасини такрорлай бошлаганда, кутилмаган воқеа юз берди. Офтобда порлаган қилич шуъласи отнинг кўзларини қамаштириб юборди ва ортга чекинди. Бўғзидаги отнинг юганини ололмай, форс аскари ерга ағанади. Бундан фойдаланган рақиби сакраб ўрнидан турди ва уни тинчитиб қўя қолди. Шу тариқа ярим дақиқа аввал душманини ўлдиришга ўзгача шавқ билан шайланган аскар ҳаёт билан видолашди (Ибн Асир, «Ал-комил»).

* * *

Ўша тун Амр ибн Маъдий ва Тулайҳа бир нечта сафдошлари билан душман қароргоҳига йўл олишди. Улар қилаётган иш жуда хатарли бўлиб, қўлга тушган тақдирларида, ўлим муқаррар эди. Шунга қарамай, олға юриб боравердилар. Бирдан ортга қайтишиб, «Аллоҳу акбар», дея қичқира бошладилар. Бу қичқириш кутилган натижани берди. Ярим тунда уйқуси бузилган форслар нима бўлганини тушунолмай қолишди. Улар босқин бўляпти, деган ўйда, қўрқинч билан нима бўлишини кутиб туришарди. Ҳеч қандай ҳужум бўлмаган эса-да, асаблар таранглашиб, уйқу қочган эди.

Эртасига ҳам жанг оқшомгача давом этиб, икки тараф роса олишди. Кейин яна дам олишга тўхтадилар. Қаъқа одамлари билан Рустамнинг чодирига ҳужум қилиш режасини тузиб чиқди. Шу пайт қаттиқ шамол эсиб, Рустамнинг чодирини учириб етди ва дарёга улоқтирди. Ушбу воқеадан сўнг мусулмонларнинг иши енгиллашиб, форслар саросима ичида келди. Рустам ҳаммаси тамом бўлганини сезиб, дарё томон шошилди. У ерда махсус ҳозирлаб қўйилган қайиққа минмоқчи бўлиб турганида, ортидан Ҳилол ибн Алқама етиб келиб, бир зарб билан уни йиқитди. Оёққа қадалган қилични чиқариб, Ҳилол иккинчи зарбани солди ва машҳур лашкарбошини тинчитди.
Ҳилол хаёлига ҳам келтирмаган ишнинг уддасидан чиқиб, Форснинг бош қўмондонини асфаласофилинга жўнатган эди. Бундан қувониб, севинчи ичига сиғмай қичқира кетди. Олишишга қуввати қолмаган, телбаларча югуриб кетаётган инсонга атрофдагилар ҳайрат ичида қарашди. Қўли билан бир бошнинг сочидан тутамлаб олган кўйи:
— Мен Рустамни ўлдирдим. Мана Рустамнинг боши, ўлдирдим уни! — деб бақирарди. Сўнг югуриб келиб, Рустамнинг тахтига ўтириб олди ва қўлидаги бошни янада юқори кўтарди:
— Мана Рустамнинг боши, уни мен ўлдирдим!
Юз минглаб аскарларга қўмондонлик қилган кишининг бошини кўрганлар батамом ўзларини йўқотиб қўйдилар. Энди ширин жонни қутқаришдан бошқа чора қолмаган эди. Форслар кўприкка караб югурди, баъзилар ўзларини сувга отди. Бу орада Дирор ибн Ҳаттоб душманнинг ғалаба тимсоли бўлган туғини қўлга киритди. Йирик ғалабани кўзлаб келган форслар катта мағлубиятга учрадилар. Мусулмонлар эса, буюк ғалабага эришдилар. Шу кунгача ҳеч бир жангда бунчалик кўп ўлжа олинмаган эди. Ҳисоб-китоб қилиниб, ғаниматнинг бешдан бири Мадинага жўнатилди.

* * *

Ўлжа тақсимланаётганда отлиқларга уч ҳиссадан берилди. Лекин бир одам суворий бўлишига қарамай, икки ҳисса олди. Бу одам Амр ибн Маъдий эди! Амр ўлжа тақсимловчидан сўради:
— Нега менга икки ҳисса беряпсан?
— Чунки отинг араб оти эмас, зоти паст.
— Тўғри, зоти паст зоти пастни дарров танийди. Тақсимловчининг бу гапдан жаҳли чиқди, лекин жим туришни афзал кўрди. Чунки Амр билан баҳслашиш қандай оқибатга олиб келишини яхши биларди. Лекин у тўғри йўл тутмаётган эди. Чунки, отининг зоти паст дегани Амрнинг ҳиссаси кам бўлиши керак, дегани эмас. Агар шу жангда қатнашганлар орасида энг кўп ўлжа олишга ҳақлилар ўн киши бўлса, шубҳасиз, улардан бири Амр эди. Ахир минг кишилик қўшинга тенг, деб, уни шу ерга юборган шахсан Ҳазрати Умарнинг ўзи эмасмиди?
Амрнинг гаплари Мадинага ҳам етиб борди. Ҳазрати Умардан амирга қарши чиқмаслик ҳақида фармон келди (Сулаймон Надвий, «Асри Саодат»).

* * *

Форслар билан жангда саккиз ярим минг мусулмон шаҳид кетди. Душман тараф эса, бундан бир неча баробар кўп одам йўқотди.
Мадоинда туриб қўшинининг ғалабаси ҳақидаги хабарни интизорлик билан кутаётган Яздажирд мағлубиятни, бунинг устига Рустамнинг ўлдирилганини эшитиб, карахт аҳволга тушди. У қулоқларига ишонмасди. Ахир қўшин таркибида филлар бўлса, бунинг устига рақибдан уч баравар ортиқ бўлатуриб, шу саҳройи араблардан мағлубиятга учраб ўтирибди. Яздажирд мусулмонлар таклиф қилаётган динни қабул қилса, нималарга эришиши, йўқса, нималардан жудо бўлишини ўйлаб кўриш пайти келганини хаёлига ҳам келтирмасди. Бунга унинг ғурури, кибри йўл бермасди.

* * *

Ҳазрати Умар гоҳ-гоҳида Мадинадан ташқари чиқиб, Форс тарафдан хабар кутарди. Кунларнинг бирида узоқдан келаётган одамга дуч келди:
— Қаердан келяпсан, эй йўловчи?
— Форс тарафдан.
— Кандай янгиликлар бор?
— Яхши хабарлар бор.
— Унда айт.
— Билишни истасанг, кетимдан юр.
Йўловчи баланд бўйли, сочлари тўкилган бу одамга шундай деб, халифани излай кетди. Кетидан эргашиб келаётган одамга умуман эътибор бермасди. Шаҳарга киргач, уларни кўрганларнинг: «Сизни югуришга нима мажбур қилди, эй амирул мўминин», дейиши уни сергак торттирди. Туясини тўхтатиб, Ҳазрати Умарга юзланди:
— Халифа Умар ибн Ҳаттоб сизмисиз?
— Ҳа, менман.
— Нега аввалроқ айтмадингиз?
— Майли, қўявер. Сен нима бўлганини айт! Хабарчининг айтганларини ҳаяжон ва қувонч билан тингларкан, Ҳазрати Умар кўз ёшларини тия олмади («Тарихи Табарий»).

* * *

Қодисиядан катта миқдорда ғанимат келди. Халифа молларни масжидга олиб боришни буюриб, Абдураҳмон ибн Авф билан Абдуллоҳ ибн Арқамга уни қўриқлашни буюрди. Эртасига мол очилди. Бойлик мисли кўрилмаган даражада эди. Араблар бунақанги буюмларни тушларида ҳам кўришмаган. Жавоҳирлар, марваридлар, олмос, олтин ва кумушдан ясалган буюмлар, беҳисоб дирҳаму динорлар…
Ҳазрати Умар йиғлаб юборди.
Буни кўрган Абдураҳмон:
— Эй мўминлар амири, буларни кўриб шукр этишингиз керак. Сиз бўлсангиз йиғлаяпсиз.
— Гапинг тўғри, Абдураҳмон, бугун хурсанд бўлиб, шукр қилмоғимиз лозим. Лекин бу неъматлар умматга хурсандчилик билан бирга адоват ва фасод уруғини сочмасайди, деб қўрқаман.
У кишининг амрлари билан мол фуқароларга тақсимланди (Имом Абу Юсуф, «Китобул хараж»).

* * *

Шу кунгача саҳродан фарқи бўлмаган Қодисия иймон ва куфр ўртасидаги жангнинг гувоҳи бўлиб, буюк зафар нишоналарини олиб келди. Орадан юз йиллар ўтса ҳам, одамлар Қодисия деганда жон фидо қилганларни миннатдорлик ҳисси билан эслайдилар.
Саъд ибн Абу Ваққос буюк ғалабага бошчилик қилган бўлса-да, қўлида қилич билан жанг майдонига чиқа олмаганидан хафа эди.
Ушбу ғалабадан кейин қирқ етти йил ўтиб, куфаликларнинг тинимсиз чақириқларига кўра йўлга чиққан Ҳазрати Ҳусайн Қодисияда машъум хабарни эшитади. Ўшанда куфаликлар ичган касамларни бузиб, амакиларининг ўғли Муслим ибн Оқилни ўлдирган бўлади (Масъудий, «Муружуз-заҳаб»).
Бундан ҳам ёмони, Қодисиядан сал узоқрокда жойлашган Карбалода Саъд ибн Абу Ваққоснинг ўғли Умар бошчилигидаги қўшин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг севимли набираларини шаҳид қилади.

* * *

Айни дамда Холид ибн Валид тарафидан фатҳ этилган ва жизя тўлашга рози бўлган ҳудудларнинг халқи исён кўтармоқчи бўлиб турган эди. Бироқ қозонилган буюк ғалаба уларнинг шаштларини сўндирди. Улар қарши чиқишга шайланганларини, кейинчалик бу ниятлардан қайтганларини маълум қилишди. Форснинг мағлубияти уларга яхшигина дарс бўлди. Зотан, улар энг яхши йўл сулҳ эканини тушуниб етишган эди.

Янги шаҳар қурилиши

Ҳозирги Форс кўрфазининг эски номи Форс денгизи эди. Ал-Убилла эса, ҳозирги Басра жойлашган ерга яқин бир қабаса. У пайтлар Басра шаҳри йўқ эди. Унинг ерлари «Арзул ҳинд», яъни, Ҳинд ерлари деб аталган.
Ҳазрати Умар Қутба ибн Қатодани кичик лашкар билан ал-Убиллага жўнатди. Қутба буюрилган жойга яқинлашаркан, етарлича қувватга эга эмаслигини фаҳмлаб, пойтахтдан кўшимча куч юборишларини сўради. Халифа сўралган ерга Шурайҳ ибн Амрни жўнатмоқчи бўлди. Бироқ Шурайҳ форслар билан бўлган жанглардан бирида шаҳид кетган эди. Бундан кейинроқ хабар топган Ҳазрати Умар Саъд ибн Абу Ваққосга мактуб йўллаб, Утба ибн Ғазвонни ал-Убиллага юборишни буюрди. Утба фатҳ этилажак ўлкага волий ҳам бўларди. Машҳур табиб Ҳорис ибн Қаладанинг куёви бўлган Утба «ас-собиқунал аввалун» мусулмонлардан эди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан кўплаб сафарларда бирга бўлган. Ёнига уч юз ўн кишилик гуруҳни олиб, саҳродан иборат бўлган ҳудуд — Басра жойлашган ерларга қараб йўл олди. Йўлда қўшилганлар билан гуруҳдагилар сони беш юз кишидан ортди. («Тарихи Табарий»)
Дажла ва Фиротнинг туташган жойига келганларида илк ҳужумга йўлиқдилар. Бўлиб ўтган қуролли тўқнашувдан кейин, ҳужум қилганлар тумтарақай қочиб қолишди.

Одамлар дарёни кечиб ўтиб, яшаб турган жойларидан кетиб қолган эдилар. Кейинроқ Утба ал-Убиллани забт этиб, бугунги Басра шаҳрининг ўрнига келиб жойлашди. Ёнида хотини тарафидан қариндошлари ҳам бор эди.
Одатдагидек, ўлжанинг бешдан бири Мадинага жўнатилди. Ал-Убилладан айрилишни истамаганлар одам тўплаб, Утбага қарши юриш қилдилар. Утба уларга қарши жанг қиларкан, ортда қолган аёллар: «Мағлубиятга учрасак, бу одамларнинг тўшагини обод қиламизми», деб машварат қилишди. Энлироқ бир рўмолни таёққа боғлаб, туғ ясашди ва қилич билан қуролланганча олға қадам ташлашди. Олдинда Утбанинг завжаси София бинти Ҳорис борарди.
Жанг энг қизиган пайти тўзон кўтарилиб, душманни саросимага солиб қўйди. «Мусулмонларга мадад келди» деганча жанггоҳни ташлаб қочди. Шундай қилиб, аёллар жанг қилмай, урушда ғолиб чиқишди.
Утба ушбу жанглардан тушган ғанимат молини қандай тақсимлашни билолмай қолди. Аниқ ҳисоб-китоб қилиш керак эди. Ораларида эса, ҳисоб-китоб ва ўқиш-чизишдан хабардор биргина одам — Утбанинг қайниси Зиёд бор эди. У эндигина ўн тўртга кирган эди. Шундай бўлса-да, ниҳоятда ақлли Зиёдга ўлжани тақсимлаш вазифаси топширилди. У ҳам ишни осонлик билан ҳал қилиб, ким нима олишини белгилаб берди. Утба ҳамма хавас билан боқаётган қайнисига кунига икки дирҳамдан маош тайинлади. Энди Зиёд қўшинда расмий маъмурлардан бирига айланди. Лашкарнинг ҳисоб-китоб ишлари унга топширилди. («Тарихи Табарий»)

* * *

Ҳорис ибн Қаладанинг довруғи Арабистондан ташқарига ҳам ёйилган эди. Бир пайтлар Форсга чақирилган, шаҳзоданинг аҳволини ўнглашга эришиб, турфа хил ҳадялар билан сийланган эди. Ҳадялар орасида бир жория ҳам бор эди. Жориянинг исмини билмаган Ҳорис унга Сумаййа деб ном қўйган эди. Табиб Сумаййадан икки ўғил кўрди, тўнғичи Нофиъ, иккинчиси Нуфайъ, Нуфайъ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга яқин саҳобалардан бири бўлиб, куняси Абу Бакра эди. Кейинчалик Сумаййанинг қайсидир қилиғидан қаттиқ ранжиган Ҳорис уни қулларидан бирига никоҳлаб берди. Убайд исмли қул ва Сумаййа ўғил фарзанд кўрдилар. Ўша фарзанд Зиёд эди. Арабчани тузук-қуруқ гапиролмасди, устига-устак қулликда ўсди, оилавий шароитига хавас қилиб бўлмасди. У ота-онасининг қамчиланганига кўп марта шоҳид бўлган, бундан ташқари, ўзи ҳам тенгдошлари кўрсатган хўрликларга чидашга мажбур эди. Дастурхонига Ҳорис лозим кўрган егулик қўйиларди. Зиёднинг на ота тарафидан ва на она тарафидан қариндоши бор эди. Ахир қулваччада бобо, буви, тоға, аммалар нима қилсин? Ўзи келишган, юзлари оппоқ, ёноклари қирмизи, аммо бир кўзи ғилай эди. Бутунлай камбағал бўлган Зиёд ўзининг ақл-заковати ва иқтидори туфайли қисқа муддатда ўқиш-ёзишни ўрганиб олган эди.
Ҳозир у араб тилида яхши гапирарди. Йиллар ўтиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларида учрайдиган ғариб (кам ишлатилган ва тушуниш қийин) сўзларни изоҳлашда Зиёднинг нутқларидан фойдаланилади. У кейинчалик араб нотиқлари орасида ўз ўрнига эга бўлади. Ҳозир эса, у сиёсий фаолиятидаги илк зинага қадам қўйган эди.

* * *

Шундай қилиб, мусулмонлар ушбу ерларга ҳам ўрнашиб қолди. Масжид барпо этилди, уйлар қурилди, боғлар яратилди. Шу тариқа Басра шаҳрига тамал тоши қўйилди.

Девон тузилиши — маош тайинланиши

Ҳазрати Умарнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейин энг яхши кўрган кишиси Ҳазрати Абу Бакр эди. Ҳазрати Умар у зотни шу даражада яхши кўрардики, Абу Бакр бор жамоага халифа бўлишдан кўра, у кишининг олдида тиз чўкиб, бошини танада жудо қилдириш афзалроқ эди.
Ҳазрати Умар, ҳижрат давомида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳамроҳлик қилиш етиб бўлмас шараф, деб ҳисобларди. Айникса, Расули акрам билан ғорда уч кун бирга бўлишни бетакрор бахт онлари ҳисоблаб: «Аллоҳга қасамки, Абу Бакрнинг ғорда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан ўтказган бир куни Умар ва унинг хонадонидан қадрлироқдир», деб самимиятларини изҳор этган эди.

Лекин ҳар доим ҳам Ҳазрати Умар билан Абу Бакрнинг фикрлари бир жойдан чиқавермаган. Ҳазрати Умар баъзида дўстини бир оз танқид қилиб, қарши фикрларини ошкора айтар эди. Баъзида у зотнинг фикрига бутунлай қарама-қарши фикрни ўртага ташларди. Масалан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кўнгилларини хижил қилган бирон воқеа рўй берса, Ҳазрати Умар: «Рухсат беринг, Расулуллоҳ бу мунофиқнинг калласини олай», дерди. Аммо Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳазрати Умарнинг шу каби таклифига жавобан, Умар, шундай қилавер, деб бирон маротаба айтмаганлар. Аксинча, Ҳазрати Умарни ҳовурдан туширар ва бордию шундай йўл тутилса, чиқиш эҳтимоли бўлган фитнани тушунтирар эдилар. Бундай пайтларда Ҳазрати Абу Бакр бирон марта юқоридагидек таклиф билан чиқмаган. У киши воқеаларга фойда ва зарар жиҳатидан баҳо берар, нафи кўпроқ бўлган ечимни изларди. Шунинг учун кўпинча Ҳазрати Умарнинг қарори Ҳазрати Абу Бакрникига тескари бўлиб қоларди. Масалан, кичик қусурлардан холи бўлмаган Холид ибн Валид Ҳазрати Абу Бакр тарафидан лавозимида қолдирилган бўлса, Ҳазрати Умар имкон бўлди дегунча, уни вазифасидан озод қилди. Ўлжа тақсимотида ҳам икки дўстнинг фикрлари бошқа-бошқа жойдан чиққан.

Ҳазрати Абу Бакр ўлжани таркатишда инсоннинг табиий эҳтиёжларини ҳисобга олган, яъни, эркагу аёл, хожаю қулга баб-баравар улуш ажратган. Инсоннинг шахсий устунлигини Аллоҳ мукофотлайди. Зеро, шараф эгасининг ҳам, авомдан бўлган одамнинг ҳам қорни бир коса овқатга тўяди. Ҳазрати Абу Бакр икки йилу беш ойлик халифаликларида худди шу тамойилга асосланган ҳолда ўлжани тақсим қилди.

Абу Бакр ўлжани олиб келинган заҳоти тарқатиб юбориш керак, деб ҳисобларди. Шунинг учун у зотнинг вафотидан кейин хазинада бор-йўғи бир дирҳам қолган эди. Бир чеккада турган қопни қоққанида тушган бу пулни тақсимлаб бўлмаслиги туфайли қолиб кетган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида «Байтулмол» йўқлиги сабабли Ҳазрати Абу Бакр ҳам янгиликни жорий қилмай, ўлжани келган заҳоти тарқатиб юборарди.

* * *

Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу Баҳрайндан тортиқ қилинган совғаларни олиб қайтаркан, ўзида йўқ хурсанд эди. Чунки, энг кўп мол доимо ўша томондан келарди. Ҳатто Баҳрайндан юборилган ҳадялардан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мамнун бўлиб, ҳайит намози хутбасида шундай деган эдилар: «Мен мўминларга дунё-ю охиратда ўэ жонларидан ҳам афзалроқман. Бундан буён ўлган одамнинг моли унинг ворисларига қолади. Қарз билан ўлганнинг қарзи эса, менинг зиммамга тушади». (Бухорий, «Истиҳроз» бобби)
Абу Ҳурайра Мадинага кираркан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мардлик ва саховатларини ёдга олиб, мамнунлик билан кулиб қўйди. Қуёш заррин нурларини уфқ ортига яшириб, атрофни қоронғулик пардаси қоплаганда, Абу Ҳурайра масжидга кириб келди.
— Қанча олиб келдинг, эй Абу Ҳурайра?
— Беш юз минг дирҳам. Абу Ҳурайра жавоб бераркан, чарчоқдан юмилиб кетаёзган кўзлари кулиб турарди. Ҳазрати Умар ҳайрат ичра:
— Беш юз минг дирҳам нима дегани, биласанми?
— Ҳа, албатта!
— Хўп, сен бориб дамингни ол. Чарчаганингдан нима деганингни билмаяпсан, шекилли.
Абу Ҳурайра чиқиб кетди. У ростдан ҳам чарчаган эди, лекин нима деганини билиб турарди.
Эрталаб Ҳазрати Умар яна ўша саволни берди. Абу Ҳурайра кечаги жавобни такрорлади.
— Бўлмаса, беш юз минг қанақа бўлади, менга бир тушунтир-чи?!
Абу Ҳурайра иккиланмасдан бармоқлари билан санай бошлади:
— Юз минг, юз минг, юз минг, юз минг, юз минг. Буларни қўшсак, беш юз минг бўлади, мўминлар амири, — деди.
Ҳазрати Умар бошқа ҳеч нарса демади. Энди буни тақсимлаш керак эди. Аста ўрнидан турди.
— Эй инсонлар! Кўриб турганингиздек, кўп миқдорда мол келди. Буни сизларга тақсимлаб бераман. Хоҳласангиз, ўлчаб, хоҳласангиз, тортиб берамиз. Ёки санаб беришимиз ҳам мумкин, — деди.
Масжиддагилардан бири:
— Битта дафтар тутинг, эй мўминлар амири. Унда кимга нима берилганини кайд қилинг, шунда кейинги ўлжа тақсимотларида сизга осон бўлади, — деди.
Бу таклиф Ҳазрати Умарга маъқул бўлди ва маош дафтари тутишни буюрди.
Кейинчалик бу дафтарга «Девон» деб ном берилди. (Ибн Саъд, «Табақот»)

Девон ёзилаётганда Ҳазрати Умар Маҳрама ибн Навфал билан Оқил ибн Абу Толибни чақирди. Бу иккиси араб уруғларини бошқалардан яхшироқ биларди.
Рўйхатни тузиб, хомакисини Ҳазрати Умарга кўрсатишди: биринчи қаторда Ҳошим ўғиллари, иккинчида Ҳазрати Абу Бакрнинг қабиласи Тайм ўғиллари, учинчи бўлиб Ҳазрати Умарнинг қабилалари Адий ўғиллари ёзилган эди. Буни кўриб, Ҳазрати Умар эътироз билдирди:
— Умар ва Адий авлодини ўзига лойиқ жойга ёзинглар. Аввало, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга энг яқин бўлганлардан бошланглар.
Адий қабиласининг кишилари номларини кейинги қаторларда кўриб, Ҳазрати Умарнинг олдига келишди ва: «Сен Расулуллоҳ, соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг халифасисан-ку!» дейишди.
— Ундай эмас. Мен Абу Бакрнинг халифасиман. Абу Бакр эса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг халифасидир.
— Хўп, ундай бўлса, сен ўзингни шулардан кейин ёздирмайсанми?
— Бас, етар! Мақсадингиз менинг номимни ўртага қўйиб, нималарнидир ейиш. Сизнинг кўнглингизга қараб, савобларимни йўқотишимни истайсиз. Мен бундай қилолмайман. Менинг икки дўстим яшаб, охират йўлига тушдилар. Мен уларга қарши борсам, ўзим қаршиликка дуч келаман. Худо хаққи, дунёда нимага эришсак, охиратда нимадан умидвор бўлсак, бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бизга йўлбошчилиги сабабидан бўлди. У зот бизнинг энг яхшимиз ва афзалимиздир. Бинобарин, у кишининг қабиласи арабларнинг энг яхши қабиласи. Араблар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам туфайли қандайдир ҳурматга сазовор бўлдилар. Яна шуни айтишим керакки, эртага араб бўлмаганлар қилган амаллари билан келсалар-у, биз ҳеч бир амалсиз борсак, улар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга биздан яхшироқ уммат бўладилар. Ҳеч кимнинг насабига қаралмайди. Демак, Аллоҳ наздида амали борлар қадрга эга. Агар инсон амали туфайли ортда қолса, насаби уни олға етакламайди. («Тарихи Табарий»)

* * *

Кейинроқ Ҳазрати Умарнинг олдига Ҳазрати Али билан Абдураҳмон ибн Авф келди:
— Бошига ўзингизни ёзишингиз керак.
Бу гапларда тилёғламалик йўқ эди. Агар тақво ва фазилатга қараб рўйхат тузилса, Ҳазрати Умар энг бошга ўзини қуйиши адолатдан бўларди. Зотан, у зот Буюк Пайғамбарнинг: «Аллоҳим, Исломни ё Умар, ё Амр билан азиз қил», деган дуоси билан ҳидоятга эришган ва: «Умар Исломга киргач, биз янада қувватлироқ бўлдик», деган эътирофларга сазовор бўлган.
Бироқ Ҳазрати Умар дўстлари таклифига ҳам унамади:
— Йўқ, ишни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амакиларидан бошлаймиз. Кейин уларга яқин инсонлар рўйхатга ёзилади.
Ҳазрати Умар қай даражада ҳақ эди? Фазилат ва Ислом олдидаги хизматлари билан ўлчанса, қандай бўларди? Агар Ҳазрати Али Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам амакиларининг ўғли эканини ҳисобга олмаса, Ҳазрати Умар сўзсиз юқорироқ поғонани эгаллайди.

* * *

давоми бор.