ҲАЗРАТИ УМАР ҚИССАСИ

ҲАЗРАТИ УМАР ҚИССАСИ
35 views
06 May 2012 - 8:14

Аҳмад Лутфий Қозончи

Зайнаб бинти Жаҳш

Кунлар ўтар, муқаррар ўлим эса, бирин-кетин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга суюкли бўлган инсонларни ёруғ дунёдан олиб кетарди. Улар борган жойларида бахтлилар сафига кўшилиши аниқ. Лекин уларнинг бахти ортда қолганларнинг кўзёшлари, кўнгил титроқларига малҳам бўлолмасди. Бир йил муқаддам «Раббим, энди менга Умардан маош олишни насиб этма», деб дуо қилган Зайнаб бинти Жаҳш ҳам юқорида зикр қилинган бахт соҳибларидан бири эди.
Бу муҳтарама волидамиз қўл меҳнати ва пешона тери билан яшашга энг кўп эътибор берарди. (Ибн Касир, «Ал-бидоя»)
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлларига: «Қўли узунингиз менга энг аввал қовушади» (Муслим, «Фалоилус-саҳоба» боби), деб марҳамат қилганларида, оналаримиз бир чўп олиб, бирма-бир қўлларини ўлчаб чиққан эдилар. Ажал Зайнаб ибн Жаҳшга етгач, бу муборак сўз «қўли мискинларга энг кўп чўзилган», деган маънода айтилгани маълум бўлди.
Ҳазрати Зайнаб бошқаларга яхшилик қилишни севарди. У зот кўнгли чўкканларни хурсанд қилганида, қорни очларни тўйғазганида ўзини бахтли ҳис этарди. Шу билан бирга, энг ҳайратланарлиси, қўшнилари оч ўтираркан, томоғидан бир луқма таом утмасди. Шунинг учун бўлса керакки, Ҳазрати Оиша онамиз Ҳазрати Зайнаб ҳақларида: «Аллоҳга бўлган муҳаббат, ростгўйлик, яхшиларга бўлган ҳурмат, омонатга риоят ва кўп садақа қилиш борасида ундан яхшироқ аёлни учратмадим», деган эди. (Муслим, «Фалоилус-саҳоба» боби)
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга завжа бўлганида ўттиз бир ёшда бўлса, вафот этган куни элликни қоралаган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан Вадо ҳажига бориб, шундан кейин Мадинадан чиқмади. Қуръонда Зайнаб онамизнинг Расулуллоҳга никоҳлангани ҳақида оят ҳам бор. У кишининг асл исми «Барро» эди, кейинчалик Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам «Зайнаб» деб ўзгартирдилар. Бундан ташқари, Зайнаб онамиз насаб жиҳатидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга яқин қариндош эди: онаси Умайя Омина онамизнинг сингиллари эди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Зайнаб деган исмни жуда яхши кўрардилар. Тўнғич қизларининг исми Зайнаб, Фотиманинг икки қизидан бирининг исми ҳам Зайнаб, ҳаёт чоғларида вафот этган аёлларининг исми-да Зайнаб эди.
Зайнаб онамизнинг онаси Умайя Исломга кирган-кирмагани номаълум. Акаларидан бири Убайдуллоҳ эса, бир пайтлар ҳақ динни излаб Мадинадан Шом тарафларга кетган, сўнг у ердан насронийликни қабул қилиб қайтган. Кейинчалик Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида мусулмон бўлиб, бу динни маҳкам тутган. Ҳабашистонга ҳижрат қилганида, яна насронийликка қайтиб, шу аҳволича ўлиб кетган.
Яна бир акаси Абдуллоҳ эса, Ухуд жангида шаҳид бўлган.

* * *

Зайнаб онамизнинг вафот этганини эшитган Ҳазрати Умар оналаримиз олдига келди:
— Уммул мўмининни ким ювади?
— Ўзимиз ювамиз.
Онамиз ювилиб кафанлангач, Ҳазрати Умар жаноза намозини ўқиди. Кейин қабр бошига келгач, у кишининг амри билан қабр устига чойшаб тортилди.
Ҳазрати Умар Усомага қаради:
— Қабрга туш!
Кейин Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Жаҳш билан Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Талҳани ҳам қабрга туширди.
Ҳазрати Умар бекорга уч ўспиринни қабрга туширмаганди. Зайнаб онамиз Усомага ўгай она, Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Жаҳшга хола, Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Талхага яқин қариндош эди. Лекин Зайнаб бинти Жаҳш қабр бошида турганларга, умуман, қиёматгача бўлган мўминларга она эди. Йигитдар муборак жасадни оҳиста олиб, «Биз сизларни (ердан) яратдик. яна унга қайтарурмиз ва (Қиёмат кунида) сизларни яна бир бор ундан чиқарурмиз» (Тоҳа сураси, 55-оят) оятини ўқиб қабрга қўйдилар.
Ҳазрати Умарнинг ўзи қабрни тузатди, устига сув қуйди. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўғиллари Иброҳимни қабрга кўйгач, сув қуйганларини кўрган эди.
Онамизни сўнгги манзилга кўз ёшлари билан кузатиб қолдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлларидан бири боқий дунёга йўл олди.
Зайнаб онамиз Бақиъ қабристони эшигининг рўпарасига дафн қилиниб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг уч қизи билан қўшни бўлди. Улар Зайнаб бинти Муҳаммад, Умму Гулсум бинти Муҳаммад ва Руқийя бинти Муҳаммад эдилар. Яна бир қўшниси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётликларида вафот этган аёллари Зайнаб бинти Ҳузайма эди. Энди мўминлар онаси Зайнаб бинти Жаҳш ҳам шу ерда ётиб, қолганларни кутадиган бўлди.

Сийрин

Сийрин Анас ибн Моликнинг қули бўлиб, ўзини жуда покиза тутарди. Бир куни хожасининг олдига келди.
— Қулликдан қутилишни истайман. Келишиб олайлик, мен ҳаққимни тўлай, — деди.
Анас бунга унамади. Сийрин ҳам ишни шундай қолдиришни истамади. У ҳам озод инсон сифатида яшашга ҳақли эди.
Хожаси илтимосини рад этгач, халифанинг ҳузурига бориб, мақсадини айтди.
Ҳазрати Умар Сийриннинг фикрига қўшилиб, ҳуррият инсоннинг Аллоҳ берган ҳуқуқи эканини айтди ва:
— Анас билан ўзим гаплашаман, — деб уни жўнатди.
Сўнгра Анасни чақиртириб, Сийринни хаққини тўлаш шарти билан озод қилишини сўради. Анас розийаллоҳу анҳу «йўқ» демаслиги керак эди. Лекин кутилмаганда:
— Бундай қилолмайман,— деди.
Ҳолбуки, Анас Аллоҳнинг каломини яхши биларди. Ундан ташқари қулининг ахлоқли, ишбилармон одамлигини ҳам бошқалардан яхшироқ биларди. Унинг жавобини эшитиб, Ҳазрати Умар Анасга бир-икки енгил қамчи туширди ва:
— Сен Аллоҳнинг, агар уларда яхши ҳол ва ахлоқий фазилат кўрсангиз, уларни китобатга боғланг, маълум мол ёки пул эвазига эркларини қўлга киритишлари учун ёзма келишув қилинг, деган маънодаги каломини эшитмаганмисан? — деди.
Бу оят қул соҳибига келишув қилиш мажбуриятини юкламас, балки адолатли муносабатда бўлишга чақирар эди. Эҳтимол, ўша кунларда бу оят Анаснинг ёдига тушмагандир. Ҳазрати Умар ҳам Сийриндек инсоннинг ортиқ қул бўлиб юришини истамасди. Узоқ давом этмаган сукунатдан сўнг Ҳазрати Умар амрни такрорлади.
— Сийрин билан шартнома туз!
Навбатдаги эътироз қимматга тушарди. Шунинг учун Анас розийаллоҳу анҳу яна «йўқ» дейишга ботина олмади. Ниҳоят, ўртада шартнома тузилди. Қизил қоғозга муҳр урилди.

Шартнома тузилгач, Сийрин қўшинга ёзилди ва Тустар фатҳида қатнашди. У ердан олган ғаниматга Мадинада сотиш учун уй анжомларини харид қилди ва бозорга йўл олди. Бозорда Ҳазрати Умарни учратди.
— Аҳволлар қалай, Сийрин?
— Манавиларни сотиб, озодликка чиқмоқчиман.
— Аллоҳ баракасини берсин!
— Омин.
Сийрин сотган нарсаларидан ўйлаганидан ҳам кўпроқ фойда олди. Ишлаб топган пулини олиб келиб, Анаснинг олдига қўйди. Лекин Ҳазрати Анас:
— Мен бу пулни турли йилларда бўлиб-бўлиб олмоқчи эдим. Ҳаммасини бирданига ололмайман, — деди.
Сийрин пулларни олиб, Умарнинг ҳузурига кетди. Бориб бўлган воқеани айтиб берди. Ҳазрати Умар индамай, бир бўлак қоғоз парчасига «қабул қил», деб ёзиб, Сийринга тутқазди-да:
— Анасга олиб бориб бер, — деди.
Ҳазрати Анас бошқа эътироз билдира олмади. Сийрин қувончи ичига сиғмай ташқарига отилди. Озодликка чиққан қулга ҳамма нарса, ҳатто нафас олаётгани ҳаво ҳам ўзгача ҳузур бахш этарди. (Ибн Саъд, «Табақот»)
Бир оз муддатдан сўнг Сийрин уйланди. Ўғилларидан бири Муҳаммад ибн Сийрин ҳали тобеъинларнинг илм, амал ва ахлоқда пешқадамларидан бўлади. Хусусан, тушни таъбир қилишда у бутун Ислом дунёсида шуҳрат қозонади.

* * *

Абу Умайя Ҳазрати Умарнинг қули эди. Бир кун келиб:
— Амирул мўминин, мен билан битим тузмайсизми? Озодликка чиқишни истайман,— деди.
Ҳазрати Умар бу таклифдан хурсанд бўлди. Ахир қул ишлашни, меҳнат қилиб пул топишни ва, ниҳоят, қуллик деб аталмиш занжирдан халос бўлишини истаётган эди.
— Қанча тўлай оласан, Абу Умайя?
— Юз уқия.
— Бўпти, мен розиман.
Ҳазрати Умар қулини яхши инсон, деб биларди. Қўлига қалам-қоғоз олиб, шартномани оққа туширди. Кейин тўланиши керак бўлган пулни таъкидлади. Лекин бир йўла ҳаммасини тўлаш шартлигини ҳам уқдириб ўтди ва:
— Қани, ўтир-чи,— деди.
Сўнг қизи — мўминлар онаси Ҳафсага хабарчи жўнатиб:; «Қулим билан битим боғладим. Унга ёрдам бермоқчи эдим лекин пулим йўқ. Пул топгунимча менга икки юз дирҳам бериб тур», деди.
Пул келгач, Ҳазрати Умар уни қўлига олиб, «(Эй мўминлар) қўл остингиздаги қуллардан битим тузишни истайдиган кишилар бўлса, у ҳолда агар сизлар уларда яхшиликни (яъни, диёнат, иймонни) билсангизлар, улар билан битим тузинглар ва уларга Аллоҳнинг сизларга ато этган молидан ато этинглар» (Нур сураси, 33-оятдан), деган оятни ўқиди ва икки юз дирҳамни Абу Умайянинг қўлига тутқазди:
— Ол, Аллоҳ бу молдан сенга барака ато қилсин.
Абу Умайя ақл билан иш юритмоқчи бўлди:
— Буни олинг-да, мўминлар амири, тўлашим керак бўлган пулга ҳисобланг.
Ҳазрати Умар унамади, бориб бу пулга тижорат билан шуғулланишни буюрди.
— Ироққа кетсам майлими, мўминлар амири!
— Албатта, шартнома тузилгач, истаган ерингга боришинг мумкин.

Халифа хузуридан чиққач, Абу Умайя бир нечта дўстлари билан учрашди. Улар ҳам битим тузган эдилар.
— Умар билан гаплашсанг, Ироқдаги волийга мактуб ёзса, у ерда бизга яхшироқ муомала қилишарди.
Абу Умайя хожасини яхши билгани учун дўстларининг таклифига кўнмади. Ҳазрати Умарнинг бундай қилмаслигига ишончи комил эди. Аммо дўстлари қистайвергач, кирди. Абу Умайянинг гапларини эшитган Ҳазрати Умар ғазабланди:
— Бу гап қаёқдан чиқди? Сен у ердаги одамлардан устун бўлиб, уларга зулм қилинишини хоҳлайсанми?
Абу Умайя шундоқ бўлишини яхши биларди, устига-устак дакки ҳам эшитиб олди.
— Йўқ амирул мўминин.
— Унда боргин-да, меҳнат қил. Сен эсам бошқаларга ўхшаган мусулмонсан. Уларга юкланган мажбурият сенга ҳам тегишли. Улар фойдаланадиган ҳуқуққа сен ҳам эгасан. Сенинг улардан ортиқ-кам жойинг йўқ.
Абу Умайя шунча йиллар ўтиб, Ҳазрати Умардан энди танбеҳ эшитиши эди. Унга лойиқлигини ҳам тушуниб турарди. Аслида, Ҳазрати Умар ҳатто ўз фарзандларини юзхотир қилмас ва бунга йўл ҳам қўймас эди.
Сўнг у Ироққа жўнади. Қўлида буюк саҳоба «Аллоҳим, барака ато эт», дея дуо қилиб берган икки юз дирҳами. Ҳақиқатда ҳам бу пул унга кўп даромад келтирди. Мадинага қайтганида бир қанча қимматбаҳо буюмлари бор эди. Уларни халифа ҳузурига олиб кирди.
— Яхши нарсалар экан, Абу Умайя.
— Уларни сизга ҳадя сифатида олиб келдим.
— Ҳадя қилиб олмайман. Ўзингга керак бўлмаса, сотгин-да, қарзингни тўла.
Абу Умайя хожасининг бундай муносабатини, қолаверса, дуо қилиб берган икки юз дирҳам келтирган фойдани ҳеч қачон унутмади. Кейинчалик хотиралар экан: «Ўша пул билан озодликка чиқдим. Яна анча маблағ ҳам ишлаб олдим», деган эди.
Шу ўринда Ҳазрати Умардек Ислом оламида айтгани икки бўлмайдиган инсоннинг қулига бериш учун икки юз дирҳам топа олмай, қизидан қарз олиб турганига эътибор қилиш жоиз.
Ҳазрати Умар қул озод қилиш нималигини яхши тушунарди. Қийин аҳволга тушиб қолган одамга ёрдам бериб, унинг кўнглини овлаган одамга, охиратда Аллоҳ томонидан катта ажр мукофотлар берилишини, ўша кун ташвишларининг бартараф этилишини биларди. Буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитган эди. Агар қўлида бўлганида, Абу Умайяга кўпроқ пул беришига шубҳа йўқ эди. Қарз олиб, пулга барака сўраб, дуо қилганида, ихлос билан, кўнгилдан чиқариб дуо қилган эди. Дуосининг қабул бўлишига ишониб, бу билан каттароқ моддий ёрдам беролмаса-да, лоақал маънавий ёрдам беришни кўзлаган эди.

* * *

Ҳазрати Умар дўстлари билан айланиб юраркан, бир қабр бошида тўхтади. Бошини эгиб узоқ туриб келди. Ёнидагилар Ҳазрати Умарнинг муборак кўзлари ёшланганини кўришди. Сукунатни бузишга журъат этолмай, у кишини ўз ҳолига кўйишди.
Бу қабр кимники эди? Ҳазрати Умарга тегишли жойи бормиди? Буюк зот бу ерда ётган азиз инсон билан боғлиқ хотираларни эслаб йиғладими ёхуд яхши-ёмон ўтган умрнинг шу бир уюм тупроқ кўринишига келишини ўйлабми? Балки бу ерда ётган инсоннинг савол-жавобга тортилишини эслаб йиғлагандир?
Ҳазрати Умар, ниҳоят, аста сўз бошлади:
— Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитган эдим: «Қабр охиратнинг илк бекатидир. Унда савол-жавобдан ўтиб, азобдан қутулган инсонга кейинги бекатларда осон бўлади. Агар қабрда ўзини қутқара олмаса, кейинги бекатларда унинг аҳволи қийин кечади».
Энди Ҳазрати Умар нима сабабдан йиғлагани маълум бўлди — кўзлари тушган қабр у кишини йиғлатган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам: «Қабрларни зиёрат қилинг. Чунки улар охиратни эслатиб туради», деганлар. Бу туйғу Ҳазрати Умарда ўта нозик, айни дамда жуда кучли эди. «Қиёмат куни жаннатга кирадиганлар орасида бўлармиканман ёки дўзахга тушадиган орасида?» деган умид ва қўрқув Умарни Ҳазрати Умар даражасига олиб чиққан эди.

Одамни билиш

Ҳазрати Умар ҳузурига гувоҳлик бериш учун келган одамнинг шу ишга лойиқ ёки лойиқ эмаслигини билмоқчи бўлди ва:
— Сени яхши биладиган инсонни чақириб кел! — деди унга. Ҳалиги одам бориб, бир кишини бошлаб келди.
— Бу одамни танийсанми? — деди Ҳазрати Умар.
— Ҳа, мўминлар амири, уни биламан, яхши одам.
Ҳазрати Умар бундан қониқмади.
— Бу одам билан ўртангизда қандай алоқа бор? Уйга кириб чиқаётганини кўрганмисан? Олдига кимлар келади? Булардан хабаринг борми?
— Йўқ, мен унинг қўшниси эмасман.
— Балки сафарда бирга бўлгандирсан? Ўшанда уни яхши хулқ эгаси эканини кўргандирсан?
— Йўқ, сафарда ҳам бирга бўлмаганман.
— Пул билан муомала қилинган жойда инсоннинг Аллоҳга бўлган муҳаббати қай даражадалигини билиб олиш мумкин. Сен у билан каттароқ савдога қўл урганмисан? Ё шерикчилик асосида тижорат қилганмисан?
— У билан тижорат ҳам қилмаганман.
— Унда, тахминимча, унинг масжидда намоз ўқиётганини кўргандирсан. Ёки бошини гоҳ кўтариб, гоҳ тушириб, Қуръон тиловат қилаётганини кўриб, у ҳақида гувоҳлик беряпсан. Шундайми?
— Ҳа, мўминлар амири, шундай.
— Демак, сен бу одамни аслида қандайлигини билмас экансан. Майли, ишингга боравер.
Кейин бояги одамга юзланди:
— Сен эса ўзингни ростдан ҳам яхши биладиган одамни топиб кел. (Ғаззолий, «Иҳйоу улумид-дин»)

* * *

Бир куни Ҳазрати Умарнинг ҳузурида қандайдир бир одам ҳақида гапириб қолишди:
— Мўминлар амири, шу одам ёмонлик нималигини билмайди.
— Унда у осонликча ёмонликка учрайди. Зеро, ёмонликдан сақланиш учун, унинг нималигини билиб олиш лозим. («Тарихи Табарий»)

* * *

Ҳазрати Умарнинг олдига бир одам келиб, туяси кучдан қолганидан шикоят қилди. Ҳазрати Умар унинг туясини олиб, ўрнига қизил туя бериб жўнатди.
Ўша йили ҳажни ният қилиб йўлга чиқди. Пиёда кетиб бораркан, қулоқларига бир овоз эшитилди. Қараса, ўша одам туяга минган ҳолида уч мисра шеърни такрор-такрор ўқиб кетарди: «Эй Ҳаттоб ўғли, Ҳазрати Пайғамбардан бошқа ҳеч ким сенчалик хоҳ яқинда, хоҳ олисда бўлганларга бунчалар яхши муомала қилмади».
Ҳазрати Умар қўлларидаги таёқ билан уни туртди:
— Қани бу ерда Абу Бакр? (Яъни, шеърингда.)

Тунги тафтиш

Ҳазрати Умар бир кеча Мадина кўчаларини ёлғиз айланиб юрарди. У киши бундай айланишлар фойдасини биларди. Қанчадан-қанча дардини айтолмайдиган одамларни учратиб, хаёлга келмайдиган воқеаларга кўплаб гувоҳ бўлган эди.
Ҳамма уйида дам олаётган бир пайтда, ухламай шаҳар айланиш осон иш эмас. Лекин бу йўл билан одамларнинг баъзи муаммоларини билиб олиш мумкин. Бундан ташқари, қандайдир ёмон ишни режалаштирганлар ҳам «тунда халифа шаҳар айланади», деган ўйда ниятларидан қайтарди.
Қулоққа чалинган аёл овози Ҳазрати Умарни ўзига тортди: «Тун ҳам келди. Осмонда юлдузлар сузар…» Аёл ёлғизликдан, эрининг жангга кетгани ва қайтмагани ҳақида шеър ўқирди: «Қанийди, менда кўз таквосини берган Раббимдан қўрқув бўлмасайди, қанийди, инсонлар олдида суюқоёқ, беҳаё бўлиш андишаси бўлмасайди, қанийди, эримни севмасайдим…» Бу шеърни эшитиб, Ҳазрати Умар ўзини йўқотиб қўяй деди. Олдин одамнинг еб-ичиш, кийинишдан бошқа эҳтиёжлари ҳам борлигини Ҳазрати Умар бу тун шеър орқали янада яхшироқ англади.
Одамлар ўз-ўзидан зинога қўл урмайдилар. Ҳамма ҳам бу хотинчалик эмас. Ким билади бу аёл яна қанча чидайди.
Шуларни ўйлаб у киши эшик қоқди. Эшикни ёш аёл очди.

— Мен амирул мўминин Умарман. Айтган шеърингни эшитдим. Нима муаммоинг бор?
—Нимаям бўларди. Эрим урушга кетган, бир неча ой бўлдики, ҳануз қайтмади. Аёлнинг ўз эрини соғиниши айб эмас-ку.
— Қандайдир ёмон ишга қўл урмоқчимисан?
— Аллоҳ сақласин, бунақа ниятим йўқ.
— Озгина сабр қил. Ҳозироқ хабарчи жўнатаман, эринг тезда қайтади.
Ҳазрати Умар аёлдан эрининг исми, қайси тарафга кетганини билиб олиб, изига қайтди. Тонг сахарда бомдод намозини ўқиб бўлгач, қизи — мўминлар онаси Ҳафсанинг уйига йўл олди.
— Одамни ўйлантирадиган бир масала чиқиб келди. Буни ҳал қилишда сен менга ёрдам берсанг, мени хурсанд қиласан.
— Нима экан у, отажон?
Ҳазрати Умар тундаги воқеани айтиб берди, кейин:
— Турмушли аёл эридан узоқлашса, қанча чидаши мумкин.
Ҳазрати Ҳафса жавоб бермай, бошини эгди. Лекин Ҳазрати Умар бу ердан жавоб олиб чиқиши керак эди.
— Аллоҳ ҳақ ва рост гапни айтишдан ҳаё қилмайди. Жавоб бер!
Ҳафса онамиз бошини кўтармай, кўллари билан кўрсатди: «Тўрт ой».
Керакли жавобни олгач, Ҳазрати Умар ўрнидан турди. Уша куниёқ хабарчилардан қўмондонларга: «Ҳеч кимни тўрт ойдан ортиқ ушлаб турманглар, уйига рухсат бериб юборинглар», деган мазмунда хат жўнатди. Бояги аёлнинг эри ҳам рухсат олиб, уйига қайтди. (Суютий, «Тарихул халифа»)

Саъд ибн Убода

Саъд ибн Убода Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларидан кейин халифаликка интилиб, мақсадига эриша олмаган эди. Мадина аҳли Абу Бакрга байъат қилгач, у бош тортди. Кейинчалик жамоадан айрилиб, ўзича юрди. Ҳазрати Абу Бакр вафот этиб, Ҳазрати Умарга байъат қилишга тўғри келганда мол-мулкини болалари ўртада тақсимлади ва ўғли Қайсни оилага бошлиқ этиб тайинлаб, ўзи Мадинадан чиқиб кетди.
Расули Акрамнинг нафаслари уфуриб турган бу муборак масжидни, бу қадрдон шаҳарни қайсарлик туфайли тарк этиш тўғримиди? Барча дўстлари, қариндош-уруғлари шу шаҳарда қолди. Саъднинг ўзи отаси каби сахий инсон эди. Кўпинча оқшомда дастурхон ёзиб қўяр, истаган одам келиб, еб-ичиб кетар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳам кўп моддий ёрдамлар берган. Пайғамбар алайҳиссалом Мадинага етиб келганларида, энг кўп таомни Саъд юборган эди. Бундан ташқари, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам қайси аёллариникида қолса, ўша уйга Саъднинг хонадонидан таом чиқарди.
Баъзан Расулуллоҳнинг ўзлари унинг уйига ташриф буюрар ва меҳмон бўлар эдилар. Бир сафар: «Дастурхонингиз атрофида рўзадорлар ўтирсин, таомингизни яхшилар есин, малоикалар сизга мағфират сўрасин», деб дуо қилганлар.
У Ақаба байъатида қатнашиб, қабиласига нақиб этиб сайланган эди. Саъд ансорлар орасида сузишни биладиган саноқли кишилардан бири эди. У яхши сузгани ва моҳир мерган бўлгани учун «комил» лақабини олган. Шу билан бирга, жуда рашкчи бўлиб, уйланса, доим киз болага уйланарди. Биров унинг бевага майли бўлганини кўрмаган.
Саъднинг Ҳазрати Абу Бакрга ҳам, Ҳазрати Умарга ҳам шахсий адовати йўқ эди. Зеро, улар бир неча йиллар мобайнида дўстона муносабатда яшашган.
Мадинани тарк эттач, Сурия тарафларга кетди. У ерда Ҳаврон минтақасидаги Маниха кишлоғига жойлашди. Бир куни уни ҳаммомда жонсиз ҳолда топдилар, ўшанда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларидан тўрт йил ўтган эди.
Бадрдан ташқари барча ғазотларда қатнашган Саъд Ислом ва мусулмонларга кўп хизмат қилди. У ҳам бошқалар каби камчиликлардан холи эмасди. «Ким зарра мисқолича яхшилик қилса, (Киёмат куни) ўшани кўрур. Ким зарра мисқолича ёмонлик қилса, уни ҳам кўрур!» (Залзала сураси, 7—8-оятлар) деган хақ гап унга ҳам тегишли эди. Лекин Парвардигорнинг раҳмати ғазабидан устун экани ҳам ҳақиқатдир. (Ибн Касир, «Ал-бидоя»)

Чодир аҳли

Бир тунда Ҳазрати Умар кули Аслам билан биргаликда Мадинани айлангани чиқди. Айланиб юриб, Ҳаррату Воқим деган жойга келди. Кейин Сирорга етди. У ерда оловни кўриб, Ҳазрати Умар:
— Аслам, менимча бу оловни совуқ ва қоронғуликдан қийналган одамлар ёққан бўлсалар керак. Юр, уларнинг олдига борамиз,— деди.
Араблар қоронғу, совуқ кунларда олов ёқиб, итларини чодир атрофига боғлаб қўярди. Бундан мақсад, ёниб турган гулханни ва вовуллаётган итларни кўрган одам у ерни осон топади.
Икковлон бориб қарасалар, гулхан атрофида кекса аёл ва бир неча бола ўтиришган экан. Болалар тинмай йиғлар, кампир эса олов устига қўйилган қозонни ковлар эди.
— Ассалому алайкум!
— Ваалайкум ассалом!
— Ўтирсам майлими?
— Яхши ниятда бўлсанг, кел, ниятинг ёмон бўлса, кетавер.
— Биз яхшиликни ўйлайдиган ва уни яхши кўрадиган одамлармиз.
Ҳазрати Умар олдинга яна бир-икки қадам ташлади.
— Аҳволлар қалай, хола?
— Қоронғулик ва совуқдан қийналяпмиз.
— Болалар нега йиғлашяпти?
— Қорни оч уларнинг. Очликдан қийналишяпти. Аёл ҳақ эди. Қорни очган бола йиғлайди. Ҳазрати Умар қизиқиб:
— Нима пиширяпсиз? Қозондаги нима?
— Сув қайнатяпман. Факат сувнинг ўзи. Ичида қитирлаётган нарса эса, тош. Болаларни, овқат пиширяпман, деб алдаяпман. Бир оздан кейин йиғидан чарчаб ухлаб қолишади.
Аёл бу гапларни алам ва маҳзунлик ичра айтди, кўзларидан оққан ёшни кўрмаган, ҳатто гапларига яхши тушунмаган одам ҳам бу аёл товушидаги дардни пайқамасдан қолмасди. Бир оз тин олган аёл гапини давом эттирди:
— Бир кун Аллоҳ биз билан Умар ўртасида ҳакам бўлади.
Охирги гапни аёл юрак тубидан чиқариб айтди. Ҳазрати Умар бир қалқиб тушди. Лекин «Нималар деётганингни биласанми, аҳмоқ кампир?» демади.
Шундай деса бўларди, ҳатто қўлларидаги таёқ билан бир-икки туширса ҳам, бўларди. Лекин бу билан нималарнидир ҳал қилиб бўлмасди. Ҳазрати Умар бундай қилолмасди, балки бошқа Умар қилиши мумкин эди. У адолат, сабр, яхшилик ва эҳсон тимсоли эди. Нафс амрига бўйсуниб, бир-икки дўппосласа, бир оз муддатдан кейин унутилиб кетарди. Аммо бу билан асрлар оша тантиликлари ила инсониятга ўрнак сиймо бўлиб қололмасди.
— Худо хайрингизни берсин, Умар аҳволингизни қайдан билсин?
— Амир бўлишни, ишимизни гарданига олишни билса-ю, аҳволимиз билан қизиқмаса, нима қилиб халифа бўлиб юрибди? Бир кун келиб, Аллоҳ ундан бизнинг ҳисобимизни сўрамайдими?
— Сиз ҳақсиз, холажон, ҳақсиз…
Ҳазрати Умарнинг пешоналаридан тер окиб, оёқ-қўллари ҳолсизланди. Виждони эса, икки тегирмон тоши орасига тушиб қолгандек эди. Аёлга қолса, яна нималар демасди. Ундаги дард юки шу даражада оғир эди. Зеро, болаларига тош пишираётган, уларнинг йиғлаб-сиқтаб ухлаб қолишларини кутаётган аёлнинг бутун ғам-алами икки жумлага жо бўлолмасди. Аёлнинг дардини дастурхон қилиши ва Ҳазрати Умарнинг уни сабр-матонат билан эшитиши ҳам мавжуд муаммони хал қилиб беролмасди ёки болаларнинг қорнини тўйдириб қўймасди. Шунинг учун:
— Кетдик, Аслам, — деди Ҳазрати Умар. Икковлон у жойдан шоша-пиша кетаркан, ортларидан бир жуфт кўз ҳайрон қараб келди. Аёл қўлидаги капгир билан қозонни кавлаб: «Ҳозир пишади, болажонларим», дейишда давом этарди.

* * *

Тез-тез юриб Байтулмолга етиб келган Ҳазрати Умар у ердан бир қоп ун ва кўзада ёғ олди.
— Унни устимга орт, Аслам, — деди.
— Буни мен олақоламан.
— Айтганимни қил!
— Лекин уни мен ташишим керак.
— Онанг сени йўқотсин, Аслам! Қиёмат куни ҳам менинг гуноҳларимни гарданингга олиб, менга енгил нафас олдирасанми? Вақтни ўтказмай, қопни орт.
Ёнида халифа елкасига қоп ортиб кетаркан, ўзининг бундай эркин кетиши Асламга эриш туюлди. Лекин бошқа иложи ҳам йўқ эди. Аслам ёғни олгандан кейин қадамлар тезлашди.
Ниҳоят, гулхан кўзга ташланди. Аслам енгил нафас олди. Чунки оддий одам кўтаролмайдиган қопни ерга қўймай, деярли югуриб келиши Ҳазрати Умарни анча ҳолдан тойдиргани аниқ эди.
Бу сафар изн ҳам сўрамай чодирга киришди. Аёл ҳануз машғул эди, болалари эса тинмай йиғларди.
Ҳазрати Умар елкасидаги унни ерга қўйиб, қозондаги сув ва тошларни тўкиб ташлади. Унга озгина ёғ солди. Кейин ҳайрат тўла миннатдор кўзлари билан қараб турган аёлга:
— Унни сол, мен қораман! — деди.
Бу сафар ростакамига ҳам овқат пиширилаётганини болалар ҳам сездилар. Ҳазрати Умар хамир қора бошлади. Орада олов ўчиб қолай деганда, эгилиб, пуфлай кетди.
Воқеани айтиб бераркан, Аслам: «Ҳазрати Умарнинг қуюқ соқоллари орасидан чиққан тутунни ҳозир ҳам кўриб тургандекман», деган эди.
Ниҳоят, таом тайёр бўлди. Ҳазрати Умар аёлдан лаган сўради. Овқатни лаганга сузиб бир оз совушини кутди, кейин уни болалар олдига қўйди. Ўзи бир чеккага ўтиб, уларни кузата бошлади. Тутун ва ис босган юзида табассум пайдо бўлди. Аёл ҳам бундан мамнун ҳолда:
— Худо ҳаққи, халифаликка Умардан кўра сен лойиқроқсан. Аллоҳ рози бўлсин, сенга яхшилик ва эхсонлар ато этсин, — дер эди.
— Аллоҳ сизларга ҳам яхшиликлар берсин. Эртага мўминлар амирининг олдига бор. Мени ўша ерда учратасан. Сенга ёрдам бериб юбораман.
— Ундай қилолмайман, — деди аёл. — Бориб унинг олдида кўз ёши қилолмайман.
Болалар ҳам қорни тўйгач, табассум қила бошлади. Улар бир-бири билан ҳазил-ҳузул қилиб ўйнарди. Охири уйқулари келиб, бир чеккага чўзилишди. Ҳазрати Умар ҳам ўрнидан турди.
— Аллоҳ роҳат берсин, — деб чиқиб кетди. Аёл у кишининг ортидан дуо қилганча қолди. Кўнглида кечаётганлари кўз ёшларидан ҳам кўпроқ эди.
Бир оз юргач, Ҳазрати Умар Асламга ўгирилди:
— Очлик уларнинг уйқуларига монеълик қилган эди. Мен уларнинг тўйгани ва кулишларини кўрмай кетишни истамадим.
Бу ажойиб фазилат эди. Расулуллоҳ: «Ким бир мўминни дунё ғамидан халос қилса, Аллоҳ ҳам қиёмат куни унинг ғамларидан бирини кетказади», деганлар. Ҳазрати Умар шунинг учун ҳам хурсанд эди. Шу билан бирга, бу каби оилалар қанча. Халифа ҳузурига келиб: «Биз болаларимиз қорнини тўйдиролмаяпмиз», дея олмайдиган қанчадан-қанча одам ҳаётнинг аччиқ лаҳзаларидан эзилиб, тушкунликда яшамоқда.
Ҳазрати Умар тунни бедор ўтказди. Лекин шу биргина тун мириқиб ухлайдиган кечалардан афзал эди. Бу кеча тарихда қоладиган кеча эди. Унинг қаҳрамонлари — буюк халифа, унинг сабрли қули ва Умарнинг олдига бориб кўз ёши тўкмай, қаноат ичра яшаган аёл. Уларнинг хаққига ўн тўрт асрдан кейин ҳам дуолар қилинажак, саломлар йўллаш учун Аллоҳ азза ва жалла томон қўллар кўтарилажак.
Куёви шаҳид кетган, қизи вафот этган бу аёл набираларини қачонгача боқа олади? Бир кун келиб, сабри тугайди ё ўша сабр уларни ўлимгача олиб боради.
Эртасига Ҳазрати Умар ҳузурига келган аёл кеча ким билан учрашганини фаҳмлади:
— Сиз кеча ҳолимиздан хабар олган ўша кишимисиз? Нега кимлигингизни айтмадингиз?
— Муҳими Умарни танишингиз эмас, эҳтиёжингиз қондирилишидир. Аллоҳ мададкорингиз бўлсин!

Ҳадиснинг китобат қилиниши

Ҳазрати Умар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларини қоғозга кўчиришни ният қилди, бу йўлда мададкор бўлиши ва тўғри йўлдан адаштирмаслигини сўраб Аллоҳга ёлворди. Бир ой Аллоҳга дуо қилди. Чунки бу иш жиддий бўлиб, суннат ёздирилмаган тақдирда одамлар ёдидан кўтарилиши хавфи бор эди. Охири бир қарорга келиб, жиддий ҳозирлик кўра бошлади.
Лекин бир куни одамларга фикри ўзгарганини айтди. Сабаби суннат ёзиб қўйилгандан кейин, инсонлар тайёр китобга берилиб, Аллоҳ каломига эътибор сусайиб кетиши мумкин эди. (Ибн Саъд, «Табақот»)
Ҳазрати Умар бутун ҳаёт саҳобалар билан давом этади деб ўйлаганмикан? Кундан-кунга сафдагилар камайиб, ҳар бир саҳоба Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитган, билган нарсаларини ўзлари билан қабрга олиб кетаётган эди. Ахир улар ҳаммага ҳам ўзлари билганларини айтиб беролмасди! Суннат ёзиб қўйилмаса, бу хазина кейинги авлодларгача етиб борадими?
Қуръон Аллоҳга итоат қилишга, Унинг Расулига эргашишга буюради. Аллоҳга итоат Унинг каломида келган буйруқ ва қайтариқларни амалда жорий қилиш билан бўлади. Расулуллоҳга эргашиш эса, у зотнинг суннатларини ушлаш биландир. Борган сари кўлдан чиқиб бораётган бўлса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатларига қандай эргашиш мумкин? Пайғамбар алайҳиссалом юз йилдан кейин дунёга яна бир бор келиб, суннатлари қай аҳволдалигини кўрсалар, бошларига тупроқ сочиб, соқолларини юлмайдиларми?
Фурот дарёси қирғоғида бир ҳайвоннинг йўқолишидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларидан бирининг унутилиши мусибатлироқ эди. Ҳазрати Умар бир кун келиб Расулуллоҳни умуман кўрмаган одамларнинг суннати муҳаммадияга эҳтиёж сезишларини ҳам ҳисобга олиши керак эди.

Мадинадаги кўрик

Ҳазрати Умар Рабаза деган жойда кўрик ташкил қилишни буюрди. Бундан мақсад сафарга мўлжалланган отларни йиғиш эди. Тўрт мингта от йиғилди. Бу отлар қўшинга янги ёзилган ёки жангда отини йўқотган аскарларга берилди. Ҳар бир отни топширар экан, Ҳазрати Умар эгасига шундай дерди:
— Бу отга қарамасдан, ўз ҳолига ташлаб қўйсанг, ҳақини ундириб оламан. Жангда ўлса, унда майли. Қани, борақол! («Китобул хараж»)
Амирул мўминин бу кўрикка бир пайтлар ўзи озод қилган Хунай деган одамни бош қилиб, унга бир қанча тавсиялар берди:
— Марҳаматли бўл! Одамларга зулм, ҳақларига тажовуз қилишдан сақлан. Мазлумнинг дуоибадидан кўрқ. Чунки унинг дуоси қайтарилмайди. Бу кўрикка бир-икки қўй ё туя келса, зарар қилмайди. Лекин Усмон ибн Аффон ва Абдураҳмон ибн Авф каби ўзига тўқларнинг подаларини кўшма. Чунки уларнинг подаларининг қоринлари ўзларининг ерларида ҳам тўяди. Уч-тўрт ҳайвони борлар келса, менга учрасинлар. Ҳайвонларга ўт-ем бериш уларни зое қилиб, ўрнига олтин-кумуш беришдан енгилроқ. Бу ер мадиналикларнинг асл юртидир. Улар Исломдан аввал ҳам бу замин учун курашганлар. Улар туфайли динимиз шу тупроқда яшаб келди. Аллоҳ розилиги йўлида шу ҳайвонларни боқишга тўғри келмаганида, ҳеч качон бу шаҳарни кўрик жойига айлантирмасдим ва бу тупроқнинг ўт-сувидан бировни маҳрум қилмасдим.
Ҳазрати Умар кейинчалик халифалик таркибидаги саккиз вилоятнинг ҳар бирида қурбига яраша от сақлашни буюрди. Масалан, ўша пайтда Куфада тўрт минг от боқилган, бу иш тепасида Салмон ибн Робия ал-Бохилий турган эди.

Хурмузон

Қодисияда мағлуб бўлган форслар атрофга сочилиб кетган эди. Хузистонга чекинган Хурмузон чиндан ҳам йирик мағлубиятга учраганини ҳис қилиб турарди. Форслар арабларни йиллаб боқа оладиган даражада бадавлат эди. Лекин бу сафар «уруш пул билан ютилади» қоидаси ишламай, иймон билан ғалабага эришилган эди. Ваҳоланки, қўшинлар сони нисбати бирга уч бўлиб, форслар олдинги сафга филларни ҳам қўйишган эди. Модомики, моддий тарафдан мутлақ устун қўшин шундай имкониятлари билан ҳам ғалаба қозонолмаса, демак, урушга таъсир қилган ва кутилмаган натижага сабаб бўлган бошқа омил бўлиши керак.
Хурмузон Хузистонга жойлашиб олиб, мағлубият аламини олиш учун Майсон, Дамистон каби ерларга ҳужум уюштиришни режалаштирди. Бу ерлар мусулмонлар қўлида эди. Унга қарши Басра волийи Утба ибн Ғазвон чиқди. Шу билан бирга, Саъд ибн Абу Ваққорсга хат жўнатиб, ёрдам сўради.
Саъд эса, икки тарафдан Хурмузонга ёрдам келиши мумкин бўлган йўлларни тўсди. Шу тариқа форс қўмондони Утба билан бирга-бир жанг қилишга мажбур бўлди.
Қўшинлар Дужайл (кичик Дажла) бўйида тўқнашди. Уруш авж олган паллада, Хурмузоннинг юрагига ғулғула тушди. У катта куч ва қудратга эга бўлган Рустамнинг мағлубиятга учраганини эслаб келди.
Дунёда яхши яшаш учун жангдан бошқа йўллар ҳам бор эди, зотан, жанг ҳаётнинг боши эмас, охиридир. У хабар бериб, сулҳ тузмоқчилигини билдирди. Унинг қарори Утбага етказилгач, мусулмон амири шу пайтгача олинган ерлар мусулмонлар қўлида қолиши шарти билан сулҳга рози бўлди.
Сал муддат ўтгач, Утба Басра ва унинг атрофидаги қабила бошлиқларидан иборат бир гуруҳ одамни Ҳазрати Умарнинг ҳузурига жўнатди.
Улар Мадинага етиб боришгач, халифа қабулига киришди. Ҳамма қабила бошлиқлари ўз одамлари учун нимадир сўради. Кейин бир йигит ўрнидан туриб:
— Эй мўминлар амири, волий кўрмаган жойларини хабарчилар орқали кўради, улар орқали эшитади. Куфадаги танишларимиз яхши ҳимояланган, суви чучук, серҳосил ерларга жойлашдилар. Экинни экар-экмас, униб чиқаверади. Бизлар эса унумсиз тупроқларда келиб қолдик. Бунинг устига бир тарафимиз чўл, бир тарафимиз денгиз. Даромадимиз кам, харажатимиз кўп. Бойларимиз оз, фақирларимиз бисёрдир. Пул сарфлаган нарсамиз ўзини оқламайди. Эй мўминлар амири, Аллоҳ бизга кенг ўлкаларни насиб этган. Маошимизга қўшиб беринг, илтимос. Қорнимизни тўйдира оладиган ерлардан ажратинг.
Йигитнинг эҳтиром ила сўзлашини завқ билан тинглаган Ҳазрати Умар:
— Сен кимсан, исминг нима? — деб сўради.
— Ахнаф ибн Қайс. Халифа йиғилганларга қараб:
— Бу бола басраликларнинг бошлиғи бўлади, — деди. Ҳазрати Умар бу йигитни илк бор кўриб турган бўлса-да, у ҳақда айтганлари тўғри эди. Ахнаф ақл, билим ва тажрибаси билан бугунгача ва бундан кейин ҳам ҳурматга сазовор инсон эди. Одамлар у ҳақда: «Ҳурмат-эътиборига путур етказишини билса, сувни ҳам ичмайди», дейишлари ҳам унинг қай даражада эҳтиёткор ва мулоҳазали одамлигини билдиради.
Ахнафнинг ягона айби кўсалиги эди. Соқол пулга сотиб олинганидами, йигирма минг дирҳамнинг ҳам бахридан ўтарди. У қиличини кўтарганда, юз минг қилич кўтариларди. Бу фикрлар Ахнафнинг қавми орасида қандай обрўга эга эканини кўрсатади.
У ҳаётда бошига қилич келса-да, фақат ҳақиқатни гапиришни одат қилган эди. Масалан, бир куни Муовия ибн Абу Суфён ўғли Язид ҳақида сўраганида, барча одамлар унинг яхши томонларини айтиб, тайинланаётган лавозимига лойиқ эканини билдирар, Ахнаф эса жим турар эди. Шунда Муовия унга:
— Абу Баҳр, сўз навбати сенга, — деди.
— Ёлғон гапирай десам, Аллоҳдан қўрқаман, рост гапирсам, сиздан, — деб юксак жасоратини маданий йўл билан билдирган эди…
Ҳазрати Умар Утбага бир мактуб ёзди. Мактубни олган Утба Ахнафнинг қабиласига улар сўраган жойдан ер ажратди.
Бундан ташқари, мактубда Ҳазрати Умар Утбага Ахнафнинг маслаҳатларидан фойдаланишни ҳам тавсия қилган эди. (Ибн Асир, «Ал-комил»)

* * *

Сулҳ туфайли бир оз тинчиган Хурмузон баъзи воқеаларни унутди. У Ироқ жанубида яшайдиган араб бўлмаган қабилалар билан тил топишди. Бундан Ғолиб ва Қулайб қабилалари мусулмон қўмондонларига шикоят қилишди. Вазиятдан аввал Утба, кейин Ҳазрати Умар хабардор бўлди. Мадинадан Хуркус ибн Зуҳайр бошчилигида мадад кучлари жўнатилди. Улар Дажла бўйида бошқа мусулмон аскарлари билан бирлашиб, кўприкдан ўтдилар.
Хурмузон билан бўлган жангда мусулмонлар душманни тор-мор келтирдилар. Хурмузоннинг ўзи эса Тустар шаҳрига қочди, мусулмонлар унга етолмадилар. Хурмузон, дунё нафас олиб бўлмайдиган даражада тор, дея ўйлай бошлади. Ҳаммаёқда ўзини қидириб юрганларини билган форс қўмондони иккинчи бор сулҳ тузишга мажбур бўлди.
Хуркус Хурмузондан тортиб олинган ерларга эгалик қилиб, Ахваз ўлкасидаги тепаликларга жойлашди. Аҳоли эса, у ерга чиқиб тушишга қийналар эди. Вазиятдан хабар топган Ҳазрати Умар дарҳол Хуркусга хат ёзди. Хатда текис ерларга жойлашиш, мусулмон ё зиммий бўлишидан қатьий назар, зўравонлик қилмасликни буюриб, одамларга юмшоқ муомалада бўлишни, акс ҳолда дунёга берилиб, охиратни унутиб қўйиш мумкинлиги эслатди. (Ибн Асир, «Ал-комил»)

* * *

Яздажирд Марв шаҳрига келиб қолди. Йирик давлат ҳукмдори таназзулга юз тутган мамлакатда оддий ҳокимлик лавозимига тушиб қолган эди. Қанча ерлар, беҳисоб бойлик, енгилмас лашкари бой берилди. Унинг ягона мақсади мусулмонларни ўз ерларидан ҳайдаб чиқариб, олдинги дабдабали ҳаётга қайтиш эди. Аста яширинча режалар туза бошлади. У Ахвазга, кейин Тустарга мактуб жўнатди. Худди шу дард билан яшаётган Хурмузон унга розилигини билдирди. Яздажирднинг хуфёна ҳаракатларидан огоҳ бўлган Хуркус дарҳол Утбага хабар берди. Утба эса, пойтахтни вазиятдан хабардор қилди. Тустарда турган Хурмузон қамалга олинди. Бир неча ой давом этган қамал давомида саксондан ортиқ тўқнашувлар юз берди. Ушбу тўқнашувларнинг баъзиларида форслар устун келган бўлса, баъзиларида мусулмонларнинг қўллари баланд келди. Бу жангда Анас ибн Моликнинг укаси Баро жонбозлик кўрсатди. Бир куни жанг энг қизиган пайтда Баронинг олдига келиб:
— Дуо қил, Баро, Аллоҳ буларни тор-мор қилсин! — деди.
Баро ҳам қўлларини кўтариб:
— Аллоҳим, бизга мадад бер, уларни мағлуб қил, менга эса шаҳидликни насиб эт,— деб дуо қилди.
Ўша куни мусулмонлар ўзгача ғайрат билан олишдилар. Охири душман тараф чекиниб, қалъаларига қамалиб олди. Энди улар ғалабадан умидларини узган эдилар. Ўша кун қоронғу тушай деб қолганда, Абу Мусо Ашъарийнинг ёнига бир ўқ учиб тушди. Унда қандайдир мактуб бор эди. Мактубда: «Ҳаётимни асраб қолишга кафолат берсангиз, қалъага олиб кирадиган йўлни кўрсатаман», деб ёзилган эди.
Ишора қилингач, иккинчи ўқ тушди. Ундаги мактубда: «Сув оқадиган тарафга келинг», дейилган эди.
Амир ибн Абдуқайс бошлиқ бир гуруҳ жангчилар кечаси ўша тарафга юрдилар. Уларга бир киши пешвоз чиқиб, бир одам сиғадиган йўлак оғзига бошлаб борди.
Орадан бир оз вақт ўтгач, йигитлар қалъага кириб олиб, дарвозани очиб юбордилар ва баланд овозда такбир айтдилар Мусулмонлар такбир айтганча шаҳар кўчаларига кирган пайт уйқусираган форслар ҳеч нарса қилолмадилар. Бу кеча мусулмонлар ҳам, форслар ҳам жуда кўп одам йўқотди. Баро ибн Молик ҳам шаҳидлар орасида эди.
Хурмузон чорасиз келди: ё таслим бўлиш керак ёки ўлиш! Узоғи билан икки соат ичида мусулмонлар қаср эшигигача етиб келиб, ҳаётига нуқта кўйишлари мумкин…

* * *

— Мени Умар ибн Ҳаттоб билан учраштиришга сўз берингиз. У менинг устимдан чиқарган ҳукмга розиман.
Хурмузоннинг таклифи қабул этилди. Қўлларини боғлаб, Анас ибн Молик билан Ахнаф ибн Қайс иштирокидаги аскарлар гуруҳи билан Мадинага жўнатилди. Мадинага яқинлашганларида Хурмузонга ёқут билан безалган тож ва ҳукмдорлик пайтидагидек шоҳона либослар кийдирилди. Кўпчилик мусулмонлар Хурмузонни умрларида кўрмаган кийимда кўриб, ҳайрат билан кузатарди.
* * *

Хурмузон ҳаяжонланарди. Ҳозир Форсни яксон қилган мамлакат раҳбари билан учрашади. Шаҳар четидаги маҳаллалардан марказга қараб илгариларкан, ҳамма ёқ бир хил эди.
Одамлар Ҳазрати Умарнинг масжидда эканини айтишди. Юра-юра ғиштли, усти хурмо шохлари билан епилган пастак бино олдида тўхташди. Бу бино ҳам бошқаларидан фарқ, қилмасди. Ичкарига киришди. Ерга шағал ёткизилган, зич қилиб ўрнатилган тирговуч-устунлар томни тутиб турарди. Бу ерда биргина одам ухлаб ётар, бошқа ҳеч ким йўқ эди. Қаерга келиб қолганини ҳалигача англамаган Хурмузон чидолмади.
— Халифа шу ерда деб айтмабмидингиз?!
— Мана бу одам халифамиздир.
«Мен билан ҳазиллашяпсиз, шекилли?» Бу Хурмузон кўзларида зуҳур этган савол эди. Лекин одамларнинг ўзларини тутишларида ҳазил аломати йўқ. Ҳамма кийиб юрадиган ридонинг биттасини белдан пастга, биттасини елкага ташлаб олиб ухларди. Қисқа қилиб айтганда, ташқаридан қараган одам бу кишини мўминлар амири, демасди.
— Хизматкорлар, қўриқчилар қани?
— У кишининг хизматкорлари, эшикбонлари, қўриқчилари йўқ.
— Халифанинг ҳузурида эканимизга ишончингиз комилми?
— Ҳа, халифамиз шу киши.
Хурмузон беихтиёр деди:
— Худди бир пайғамбарга ўхшайди.
— Йўқ, у пайғамбар эмас. Унинг йўлини тутган халифа. Бу гап-сўзлардан Ҳазрати Умар уйғониб кетди. Қаршисидаги султон либосини кийиб олган одамга қараб туриб:
— Хурмузонми? — деб сўради.
— Ҳа.
— Бу ва унга ўхшаганларни тиз чўктирган Аллоҳга ҳамд бўлсин, — деди.
Кейин Ҳазрати Умарнинг амри билан Хурмузон эгнидаги кийимлар ечиб олиниб, ҳамма кийиб юрган либослар берилди.
— Хурмузон, келишувларни бузиш қандай оқибатга олиб келишини кўрдингми?
Муғийра ибн Шўъба Ҳазрати Умарнинг гапларини қўлидан келганича Хурмузонга таржима қилди. Хурмузон совуққонлик билан:
— Умар, жоҳилият пайтида Аллоҳ сиз билан бизнинг ўртамизда эди. У бирор тарафга ён босмасди. Ўшанда бизни сиз билан якка қолдирган ва биз ғолиб чиққан эдик. Ҳозир У сиз билан бирга. Шунинг натижасида сизлар бизни мағлубиятга учратдинглар.
— Хўп, икки марта келишувни бузишингта нима сабаб бўлди? Узрли баҳонанг борми?
— Сув ичсам майлими?
Ҳазрати Умарнинг ишораси билан пиёлада сув келтиришди. Хурмузон умрида бунақа пиёла кўрмаган эди.
— Сувсизликдан чанқаб ўлсам ҳам, бунақа пиёладан сув ичмайман.
Бошқа пиёлада сув олиб келдилар.
— Шу сувни ичмасимдан олдин мени ўлдирмаслигингизга ишонсам бўладими?
— Албатта, бемалол ичавер.
Хурмузон пиёладаги сувни ерга тўкиб ташлади.
— Энди мени ўлдиролмайсиз, мўминлар амири.
Ҳазрати Умар бундан ғазабланди:
— Сен сичқон-мушук ўйнаяпсан. Худо ҳаққи Исломни қабул қилмасанг, сен учун ўлимдан бошқа йўл йўқ. Бу хийлангни қабул қилмайман.
Уйин ва найранг билан иш битмаслигига кўзи етгач, у шаҳодат калималарини айтди.
Ҳазрати Умар энди одамларга қараб:
— Эхтимол, мусулмонлар зиммийларга азият бераётгандирлар. Шунинг учун улар келишувни бузаётгандир?
— Ундай эмас, мўминлар амири, биз адолатли иш юритяпмиз. Бу одамларга зарар етказилмайди
Кейин Ахнаф ибн Қайс сўз олди:
— Мўминлар амири, сиз бизга қўл остимиздаги ерларда айланиб юришимизни таъқиқладингиз. Ҳолбуки, Форс ҳукмдори ва бошлиқлари халқи билан биргаликда бизга қарши бош кўтармоқдалар ёки манови одамларга ўхшаб келишувни бузяптилар. Модомики, бир ерда икки ҳукмдор бор экан, бири иккинчисини суриб чиқармагунча урушаверади. Бизга уларнинг ерида юришга рухсат берилмагунча аҳвол шундайлигича қолаверади. Агар биз шундай йўл тутиб, уларнинг бошлиқларини йўқотсак, улар умидларини узадилар.
—Худо ҳаққи, тўғри гапирдинг.
Ҳазрати Умар аввалги учрашувдагидек Ахнафни олкишлаб қўйди.
Лашкар қўмондонларига юборилган номада Форс ерларида юришга рухсат берилди. (Ибн Асир, «Ал-комил»).

Хайбар

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Хайбар фатҳ қилинганида у ердаги яҳудийларни чиқариб юбормоқчи бўлган эдилар, аммо улар: «Сизлар бу ерларнинг қадрига етмайсизлар. Биз экин экайлик-да, ҳосилини сизларга берайлик», дейишган эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг таклифини қабул қилганлар, лекин: «Истаган пайтимизда сизларни бу ердан чиқариб юборишимиз мумкин», деб айтганлар. Бу билан «Агар ўзингизни тутиб яшамасангиз, жазоингизни оласиз», демоқчи бўлганлар.
Уша воқеадан икки йил ўтиб, Абдуллоҳ ибн Равоҳа келди ва ҳосилни иккига бўлди.
— Бу сизга, мана буниси бизга.
— Тўғри тақсимламадинг, Абдуллоҳ— дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам.
— Унда ажратган қисмимизни биз олайлик, бизникини сиз олинг.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бошларини эгиб, ўйланиб қолдилар. Бирон нарса демадилар. «Тўғри тақсимламадинг», деганлари ноўрин эди. Абдуллоҳ бошқа бир таклиф киритди:
— Истасангиз, ҳосилнн аралаштириб бошқатдан тақсим қилинг. Танлаш эса, менга қолсин.
— Сен адолат билан тақсимладинг. Таклифларинг ҳам адолатли. Еру кўк ҳам шу адолат билан туради, аслида, — дедилар Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам.
Аммо одамлар Абдуллоҳнинг адолат билан тақсим қилмаганини айтишди. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ишнинг осон тарафини кўрсатдилар:
— Унда, бизникини сиз олинг, ўзингизникини бизга беринг.
Яҳудийлар шошиб қолишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу билан Абдуллоҳга бўлган ишончларини билдириб қўйдилар.
Абдуллоҳ ибн Равоҳа бу вазифани яна бир йил бажарди, кейинги йили Мутъа жангида шаҳид бўлди. Унинг ўрнига Жаббор ибн Сахр тайинланди. Жаббор машҳур шоира Хансонинг ўғли эди. Хансо шеъриятда бўлгани каби, иймон ва сабр йўлида ҳам яловбардорлардан эди. У бир жангда тўрт нафар ўғлининг шаҳид бўлганини эшитиб ҳам ўзини йўқотмаган, иймонига заррача путур етказмаган эди.
Жаббор вазифасини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётлик чоғларида қоилмақом қилиб уддалади.
Бир куни уч-тўрт мусулмон яҳудийлардан хурмо олмоқчи бўлишди. Ишга киришганларида ораларидаги Абдуллоҳ ибнн Сахл қандайдир иши борлигини айтиб, уларнинг олдидан кетди. Лекин орадан бир неча соат ўтса-да, ортга кайтмади. Ҳамроҳлари хавотирланиб, уни қидира бошладилар. У ер-бу ерни қараб, уни сув бўйидан топдилар. Абдуллоҳни кўриб пешоналаридан совуқ тер чиқиб кетди: у ерда чўзилиб ётар, калласи кесилган, танаси жонсиз эди. Атрофда ҳеч зот йўқ. Қидириб кўрдилар, лекин на билган ва на кўрган киши чиқди. Чорасиз қолиб, Абдуллоҳни дафн этдилар.
Абдуллоҳнинг укаси Абдураҳмон ибн Сахл ёнига акасининг икки ўғли Мухаййиса ва Ҳуваййисани олиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига йўл олди. Кичик ўғил жуда ғайратли эди, шунинг учун гапни биринчи бўлиб, у бошлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам гапни катталар бошлаши кераклигини айтганларидан кейин жим бўлди. Улар бўлган воқеани айтиб бердилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам улардан қотилни топган-топмаганларини сўрадилар. «Билмаймиз», дейишди улар. Энди ўша пайт марҳум турган жой атрофида бўлган эллик кишига қасам ичирибгина қотилни топиш мумкин эди, холос.
— Биз Бани Исроилнинг қасамларига ишонмаймиз, эй Расулуллоҳ. Улар сизнинг ҳақ пайғамбар эканингизни билатуриб, инкор қилмоқдалар, виждонлари қийналмайди. Энди ёлғон қасам ичишдан ҳам қайтмайдилар.
Бу гапда жон бор эди. Агар қотилни билсалар, лекин гувоҳ, бўлмаса, ҳар бир кишига эллик марта қасам ичирилади. қасамнинг элликта бўлишига сабаб, инсофли одам Аллоҳни гувоҳ қилиб, кетма-кет бунча ёлғон қасам ичолмасди. Шунингдек, Расулуллоҳ, соллаллоҳу алайҳи ва саллам Хайбар халқига хат ёзиб қотил ҳақида сўрадилар. Улар қотилни билмасликларини айтиб, турли қасамлар ичиб ёзилган мактубни жўнатишди.
Абдуллоҳнинг яқинлари билдирган эътироз ҳақ бўлиб чиқди. Аллоҳнинг китоби Тавротни таниб бўлмас даражада ўзлари истаган тарзда ўзгартирган ва Расулуллоҳга кўз кўриб қулоқ эшитмаган бўхтон тошларини отган бу орсиз кимсалар бир жиноятчини яширишдан ҳам тоймас эдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳн ва саллам юкоридагидек жавоб олгач, Абдуллоҳнинг хун баҳоси учун юзта туя бериб юбордилар. (Муслим, «Қасамлар» боби)

* * *

Хайбарликларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларидан кейин ҳам бир неча бор юқоридаги каби адолатли муомалалар қилинди. Лекин улар ҳеч қониқмасдилар. Тинч ва хотиржам кун кечиришдан кўра, фитна-фасод чиқариб яшашни афзал кўрардилар.
Ҳазрати Умар даврларида уч киши Хайбарга келди. Улар Зубайр ибн Аввом, Миқдод ибн Асвад ва Абдуллоҳ ибн Умар эдилар. Келишларидан мақсад ўзларига тегишли ердан хабар олиш эди. Шунинг учун ҳар бири ўзининг боғига қараб йўл олди.
Ўша тун Абдуллоҳ ибн Умар қаттиқ чарчоқдан ширин уйқуга кетди. Қаттиқ уйқуда кимдир ётган ўрни билан кўтарганини ҳам сезмади. Фақат бир неча қадамдан кейин ерга қулагандан сўнг қаттиқ оғриқдан уйғониб кетди. Лекин энди кеч эди. Икки кўлида ҳам қаттиқ оғриқ сезди. Бутун вужуди зирқираб оғрир эди. Атрофда ҳеч ким кўринмасди. Ҳар ҳолда уни ерга улоқтириб кетганлар ёрдамга келмайди. Уч-тўрт дақиқа ўтиб, синган қўлларидаги оғриқ кучая бошлади. Бора-бора оғриқ чидаб бўлмас даражага етди. Абдуллоҳ шояд атрофдагилар ёрдамга келса, деган умидда бакира бошлади. Аммо унга ҳеч ким ёрдамга келмади.
Отаси амирул мўминин бўлган йигит ҳаётидаги энг узун, энг ёқимсиз тунни ўтказди.
Куёш заррин нурларини Хайбарга соча бошлаган бир пайтда, Зубайр билан Миқдод ёш ҳамроқларини кутишар эди. Аммо келавермагач, унинг ёнига йўл олишди. Абдуллоҳнинг аҳволини кўриб, ақллари шошди: у хушсиз ётарди. Унинг икки қўли ҳам тирсакдан синган эди. Икковлон синган қўлни боғлаб қўйишди. (Ибн Ҳишом)

* * *

Бир пайтлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг устларидан тегирмон тошини ташлаб юбормоқчи бўлган яҳудийлар Ибн Умарга ҳам ачинмадилар. Бу улар кўрсатаётган илк ҳунар эмасди.
Тундаги воқеани ким амалга оширганини аниқламоқчи бўлган Зубайр билан Миқдоднинг ҳаракатлари зое кетди. Ҳеч ким ҳеч нарса билмасди. Одамлар, ё Абдуллоҳ ўзидан ўзи йиқилиб тушган, ё бу иш жинларнинг иши, дейишдан нарига ўтмади. Бунақа масалада ёлғон гапириш ёки сувни лойқалатиш Бани Исроил учун уятли эмасди. Улардан яхшилик кутишнинг ўзи нотўғри эди. Чорасиз қолган мусулмонлар Мадинага қайтишди.
Ҳазрати Умар ўғлига қилинган суиқасдни эшитиб, бу ишни бир ёқлик қилиш кераклигини англади. Бир куни минбарда туриб, қарорларини маълум қилди. Даставвал мусулмонларга Хайбар аҳлидан оладиган пуллари бўлса, олишни буюрди. Кейин Хайбарга хабар жўнатиб, Тайма ва Арихага сургун қилинишларини билдирди. Яҳудий оқсоқолларидан бирининг: «Муҳаммад бизга бу ерда қолишга рухсат берган эди», деган илтимоси ҳам ўтмади. Мадинадан қувилиб, Хайбарга кўчиб келган яҳудийлар бу сафар хайбарликларнинг бошига бало бўлди. (Бухорий, «Шартлар» боби)

Мадоин

Қодисиядаги ғалаба хушхабарини Мадинага етказган Саъд ибн Абу Ваққос пойтахтдан навбатдаги буйруқни кутиб, орада икки ой дам олди.
Ниҳоят, Мадинадан келган мактубда Ҳазрати Умар энди форсийларга охирги зарба беришни ва пойтахт Мадоин шаҳрини қўлга киритишни буюрган эди. Бу сафар жангда аёллар иштирок этмади. Улар Отиқ деган жойда қўриқчилар назоратида қолишди.
Саъд ибн Абу Ваққос атрофда тарқоқ ҳолда юрган гуруҳларга хабар юбориб, уларни асосий қўшинга жалб этди. Тайёргарлик ниҳоясига етгач, ҳижратнинг 15 йили шаввол ойининг охирларида юришга амр берди. (Ибн Асир, «Ал-комил»)
Илк тўхташ жойи Дажла дарёсининг бериги кирғоғидаги бир шаҳарча эди. Мадоин ва бошқа шаҳарлар дарёнинг нариги тарафида эди.
Қўшиннинг олдинги сафларида ҳаракат қилаёттан Ҳошим ибн Утбага тўсатдан бир шер ҳужум қилиб келди. Ҳошим ҳам дарҳол қиличини суғурди. Шер бор кучи билан сакраб, унга ташланди. Ҳошим эса, қиличини сермади. Қисқа муддат давом этган олишувдан сўнг шерлардан бири зўрға оёққа турди, иккинчиси қимир этмай қолди.
— Худо қувват берсин, Ҳошим, шер шерни енгди.
— Ишни қойиллатдинг Утбанинг ўғли. Атрофдагилар Ҳошимни самимий олқишлашарди. Улар бу жангни юзлари оқарганча ҳаяжон ичра кузатган эдилар.
Кейинроқ келиб қолган Саъд ибн Абу Ваққос жияни ҳақида эшитиб, севиниб кетди ва унинг пешонасидан ўпиб, дуо қилди. Бир оз дам олинганидан кейин қўшин яна йўлга тушди. Мусулмонлар араблар Бахурасир деб атайдиган Ардашер шаҳрини қамал қилдилар. Қалъа атрофига манжаниқлар ўрнатилиб, деворлар қулатилди. Шаҳар аҳолиси қалъадан ташқарида жанг қилишга қўрқди ва ичкаридан туриб ўқ, тош ота бошлади. Шу ҳолатда қамал икки ой давом этди. Бироқ кунлардан бир кун вазият бирдан ўзгариб, мусулмонлар қалъа бўм-бўш эканини сезиб қолдилар. Кейинроқ, одамлар бир-икки кун ичида қалъани тарк этиб, Дажлани кечиб ўтганлари маълум бўлди. Қалъага кирилган заҳоти баланд овоз эшитилди:
— Аллоҳу акбар! Мана Кисронинг оқ саройи! Эй мўминлар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга буни ваъда қилган эди.
Ҳайқираётган Дирор ибн Ҳаттоб эди.
Кўпчилик ўн бир йил бурунги воқеаларни эслади. Курайш ҳужумларидан ҳимояланиш учун хандақ қазилар экан, Расулуллоҳ, соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир тошни парчалаб: «Аллоҳу акбар! Шу онда Кисронинг оппоқ саройларини кўряпман», деган эдилар. Ўша дам Расулуллоҳга Мадина атрофига хандақ қазишни маслаҳат берган Салмон Форсий ҳам шу ерда эди.
Дирор бу гапларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитмаганди, Чунки ўша пайт у қарши тараф одами эди. Ҳатто хандақдан ошиб ўтиб, мусулмонлар билан жанг ҳам қилган эди. У пайтлар Дирор Исломни илдизи билан қўпориб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак вужудларини йўқ қилишга тайёр, ҳатто буни ўзига шараф деб биларди. У Ухуд жангини хотирлар экан «ўн бир нафар мусулмонни ҳурларга эш қилдим», деган, бу билан ўн бир нафар мўминни ўлдирганини айтиб мақтанган эди.
Макка фатҳига қадар Дирор Ислом ва мусулмонларга қарши аёвсиз кураш олиб борди. Шаҳар фатҳ этилганда барча йўллар кесилганини кўриб, Расулуллоҳнинг ҳузурларига келди ва муборак қўлларини тутиб, шаҳодат калималарини келтирди.
Дирор бир кун Ҳазрати Абу Бакр билан суҳбатлашиб ўтираркан:
— Биз Қурайшга нисбатан сизлардан яхшироқ муносабатда бўлдик, — деди.
— Қандай қилиб?
— Биз ўлдирган қурайшийлар жаннатга тушдилар, сизлар ўлдирганингиз эса жаҳаннамга. (Ибн Ҳажар, «Ал-исоба»)
Дирор жоҳилият даврида ашаддий мушрик бўлган бўлса, Исломни қабул қилгач, шу қадар яхши мусулмон бўлди. Оппоқ кўшкларга кўзи тушиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан боғлиқ хотираларни ёдга солувчи сўзларни айтиб юборди. Унинг гаплари қолганларнинг ғайратига ғайрат қўшди ва такбир садолари шаҳарни зир титратди. Мусулмонларнинг бир қисми шаҳарда қолдириб кетилган нарсаларни тўпларкан, яна бир қисми дарёнинг нариги қирғоғига ўтиш чорасини қидирар эди. Чунки одамлар ҳамма қайиқларни нариги қирғоққа олиб кетишганди.
Бир неча кундан кейин бош қўмондон ҳузурига келган одам Дажлани кечиб ўтиш учун энг яхши жойини кўрсата олишини билдирди. У ўша жойда сув белдан юқори чиқмаслигини айтди. Лекин Саъд қўшиннинг сувни кечиб ўтишига рози бўлмади. Чунки сувга тушган одам яхши суза олиши ҳам керак эди. Ҳолбуки, қўшинда яхши суза оладиганлар жуда кам эди. Мусулмонлар Дажлани кесиб ўтишни истарди, лекин бунинг иложи йўқ эди. Бу нарса ҳатто тушларга ҳам кира бошлади. Бир кун лашкарбошининг зиёратига келган одам: «Тушимда қўшин дарёни кечиб ўтганмиш», деди. Бошқа одамлар ҳам шунга ўхшаш туш кўрган эди. Ниҳоят, қўмондонлар йиғилиб, машварат қилишди. Машваратга тўпланганлар бу ерда ўтираверишдан фойда йўқлигини айтиб, Дажлани кечиб ўтиш керак, деган қарорга келдилар. Ҳалиги одам кўрсатган жойга бордилар. Бу ер ростдан ҳам кечув учун қулайлигини исботлаш керак эди. Одамлар сўзга эмас, кўзга ишонардилар.
Яна бир масала — нариги қирғоққа ўтилган тақдирда, у ерда кутиб турган душман билан дуч келиб қолиш мумкин эди.
— Биринчи бўлиб ким ўтади?
Осим ибн Амр жавоб берди:
— Мен!
— Аллоҳ мададкоринг бўлсин.
Осим ёнига олти юз кишини олиб, оти билан сувга тушди. Кўпчилик ҳаётида биринчи бор дарёдан кечиб ўтаётган эди. Бундан ташқари, бу одамлар отлари қанчалик яхши сузишини билмасди. Арабистон шароитида ўсган, денгиз, кўл, дарё нималигини билмаган одамлар канақанги тажрибага суяниб отларининг сузишини била оларди? Аллоҳнинг қудрати билан биринчи марта сувга тушган отлар худди ҳар куни сувда юргандек суза бошладилар. Ярим дақиқадан кейин отлиқлардаги ҳаяжон босилиб, таҳликага ўрин йўқлиги уларни қувонтирди. Энди улар душман ҳақида ўйлашлари керак эди. Чунки нариги қирғоқда рақиб аскарлари уларни кутиб турарди.
Осим шерикларининг руҳини кўтарадиган гапларни айтиб борди. Рақибга яқинлашганда ёй ва найза билан уларнинг кўзини нишонга олиш кераклигини таъкидлади.
Сувдан қирғоққа чиқиб олиш, тахмин қилинганидек, осон кечмади. Чунки форслар дарё қирғоғида мусулмонларни қўлларидан тортиб сувдан чиқариб олиш учун турмаган эдилар. Улар ҳам қуролланган, улар ҳам ёй-найзага эга эдилар.
Кутилганидек қаттиқ олишув бўлди. Осим берган кўрсатмалар қўл келиб, мусулмонларнинг илк гуруҳи қийинчилик билан бўлса-да, қуруқликка чиқиб олди.

Саъд ибн Абу Ваққос сал хотиржам бўлди. Бош қўмондон уларни кўз узмай кузатиб турар, шу билан бирга дуолар қилиб, Парвардигордан мадад сўрар эди. Эндиги вазифа тезда нариги тарафга ўтиш ва Осим бошлиқ мусулмон аскарларини ёлғиз қолдирмаслик эди. Қўшин ҳаракатга келди. Бу иш унчалик хавфли эмаслигини кўрган мусулмонлар отлари устида бемалол дарёни кечиб ўта бошладилар. Саъд дуо қилишдан тўхтамас, жангчиларга «ҳасбуналлоҳи ва неъмал вакил» («Аллоҳ бизга кифоя ва У энг яхши вакилдир»), деб дуо қилишни таъкидлар эди. Бир пайт Қаъқанинг одамларидан бири отдан йиқилиб, сув оқизаётган аскарни кўриб келди. Отини ўша тарафга бурди ва ҳалиги аскарни сувдан чиқариб олди. (Ибн Асир, «Ал-комил»)
Кечув давом этди. Бир оз муддатдан сўнг дарёнинг икки қирғоғи орасида инсонлардан иборат кўприк қурилгандек манзара ҳосил бўлди. Жангчиларнинг қўлларида тик тутилган найзалар чўлдаги қамишларни ёдга соларди.
Қирғоқдаги жанг эса, ҳамон давом этарди. Осим бошлиқ олти юз кишини қайтиб дарёга суриш ниятидаги форслар жиддий қаршиликка дуч келдилар. Жангнинг ортиқ бундай давом этиши мумкин эмасди. Чунки асосий қўшин ҳам қуруқлик сари тобора яқинлашиб келарди. Энди аста-аста чекинишидан ўзга чора йўқ эди. Форслар қарор қабул қилиб, қоча бошладилар.
Яздажирд эса, сал аввалроқ ҳаракат қилиб, оила аъзоларини олиб Ҳулвонга етиб олган эди. Унинг ҳеч нарса демай кетиб қолиши қолганларнинг ҳам қочишини англатарди. Бу билан у яхши бошлиқ эмаслигини кўрсатиб қўйди. Кемани энг охири тарк этиш керак бўлган вазиятда энг биринчи қочиб, номига ярашмайдиган иш қилди. Бу ҳаракатлари билан у халқининг ишончига сазовор эмасди.
Мусулмонлар шаҳарга кирдилар. Шаҳар бўм-бўш бўлиб, фақатгина Яздажирднинг оппоқ саройига яширинган бир ҳовуч одам қолган эди. Салмон розийаллоҳу анҳу уларга форс тилида ўзи ҳам форсий эканини, Исломни қабул қилсалар, барча хуқуқ ва мажбуриятларда мусулмонлар билан баравар бўлишларини гапирди. Исломни қабул қилмасалар, жизя тўлашларини айтди. У ҳам бўлмаса, тўртинчи кун ҳужумга ўтишларини айтиб огоҳлантирди. Уч кун мобайнида саройдан овоз чиқмади. Тўртинчи кун халқ эшикларини очиб, таслим бўлди. («Тарихи Табарий»)
Саъд шаҳарнинг, айниқса, саройнинг аҳволини кўриб, ушбу оятларни ўқиди: «Улар қанчадан-қанча боғларни, чашмаларни, экинзорларни ва улуғ гўзал жойларни қолдириб кетдилар. Ва (қанчадан-қанча) ўзлари вақтичоғлик қилган неъматларни (қолдириб кетдилар). Шундай қилиб, Биз у (неъматларни) бошқа қавмга мерос қилиб бердик!» (Духон сураси, 25-28-оятлар)
Кейин фатҳни насиб эттани учун Аллоҳга шукрона қилиб, саккиз ракъат намоз ўқиди. («Тарихи Табарий»)
Шундай қилиб, Форс пойтахти Мадоин бўм-бўш кўчалари билан мусулмонларни қарши олди, фатҳ ниҳоясига етди. Саройда оҳакдан ясалган бир нечта инсон ва ҳайвон ҳайкаллари бор эди. Саъд уларга тегмади. Улар намозларини қаср қилмасдан ўқидилар. Яна бу ҳафта анчадан бери ўқилмаган жума намозини ҳам ўқидилар. 16 ҳижрий йилнинг сафар ойи эди. Сарой айвони масжид қилинди. Бўш қолган уйларга мусулмонлар жойлашдилар. Жалула, Мусул, Такрит шаҳарлари фатҳ этилгунига қадар Саъд Мадоинда туриб, кейин ортга қайтмоқчи эди. («Тарихи Табарий»)
Яздажирд ва Мадоин аҳли фақат енгил нарсаларнигина олиб кетган бўлиб, ортларида кўзни қамаштирувчи кўпгина мол-мулк қолган эди. Қочганларни таъқиб этган аскарлар етиб олиб, қўлларидаги молларини тортиб олдилар ва ғанимат молига қўшдилар.
Қаъқа олиб келган ғанимат моллари орасида бир нечта ҳукмдор ва қўмондонларнинг қиличлари бор эди. Саъд унга Баҳромнинг совутини берди ва ўзи истаган қилични танлаб олишни таклиф қилди. Қаъқа Ҳирақлнинг қиличини олди.
Абу Убайда ўша кунги хотираларини ёдга олар экан, ушбу воқеани айтиб берган эди: «Мен танимайдиган одам бир туяга юк бўладиган мол билан келди ва уни ғаниматга жавобгар одам қўлига топширди. Ўша ерда ҳозир бўлганлар ёқаларини ушлаб:
— Ҳали бунақасини кўрмаган эдик, — дедилар. Кимдир:
— Ўзингга ҳам нимадир олганмисан? — деб сўради.
Бу гапдан бояги одамнинг жаҳли чиқди-да:
— Агар Худодан қўрқмаганимда, уни сизга олиб келмаган бўлардим, — деди.
— Кимсан? Исминг нима?
— Айтмайман. Мақсадим сиздан мақтов ва олқиш эшитиш эмас. Менга Раббим берадигани етади. Шунинг учун Унга ҳамд айтаман.
У шу гапларни айтиб чиқиб кетди. Биз бундан қаттиқ таъсирландик. Билдирмай изидан эргашдик. Шериклари ёнига боргач, унинг кимлигини сўрадик.
— У Омир ибн Абду Қайс, — дейишди. («Тарихи Табарий»)
Омир ибн Абду Қайс иймон, амал ва ихлос йўлини махкам тутган инсон эди.
Ҳали кунлардан бир куни Ҳазрати Усмоннинг ҳузурига келиб, халқ номидан халққа ёқмаётган нарсаларни айтиб беради. Бундан Ҳазрати Усмоннинг жаҳли чиққб:
— Вакил қилинган шу одам Аллоҳ ҳақида билимга эга деб ўйламайман. Қани айт-чи, Раббинг қаерда? — деб сўрайди.
Омир Вал-Фажр сурасининг: «Шак-шубҳасиз, Парвардигорингиз (барча нарсани) кузатиб тургувчидир», оятини ўқиб:
— Шу он Аллоҳ сизни ҳам, мени ҳам кузатиб, назорат қилиб турибди, — дейди. Ҳазрати Усмон ташқи кўринишга қараб, бу одамга нотўғри баҳо берганига хижолат бўлиб қолади.

* * *

Саъд ибн Абу Ваққос лашкарнинг одоб-ахлоқ ва тарбиясидан кўнгли тўқ эди. Зеро, бу қўшин мақтовга лойиқ эди. «Агар Бадр аҳли учун аввал кечган ҳукм бўлмасайди, бу қўшин унисидан устунроқ деган бўлардим. Бадр қатнашчиларидан баъзилари нолойиқ иш қилганларини кўрдим, лекин бу қўшинда ундайлар йўқ», деган эди Саъд.
Ровийлар Жобир ибн Абдуллоҳнинг шундай деганини ривоят қиладилар: «Ягона Аллоҳ номи билан қасам ичиб айтаманки, Қодисиядаги қўшиннинг охират қайғусига манфаат қайғусини аралаштирганини билмадим. Муртадлик воқеаларга ўралашиб қолиб, яна сафга қайтган Тулайҳа ибн Ҳувайлид, Амр ибн Маъдий Кариб ва Қайс ибн Макшуҳдангина шубҳаланардик. Лекин улар ҳам диёнатли ва мол-дунёга кўнгил қўймаган одамлар чиқди». («Тарихи Табарий»)
Ўлжанинг бешдан бири Мадинага жўнатилди. Қолган қисми лашкар орасида тақсимланди. Киши бошига ўн икки минг дирҳамдан тўғри келди.

* * *

Мадинага Кисронинг шахсий буюмлари ҳам келган эди. Унинг эни ҳам, бўйи ҳам олтмиш аршин келадиган «Баҳор» деган гиламини кўриб, одамларнинг оғизлари очилиб келди. Шу даражада эдики, нарх қўйишга ҳам қийналарди одам. Гиламда кенг ва гўзал боғ тасвирланган эди. Боғдаги дов-дарахтлар, гул ва мевалар олтин, кумуш, олмос ва зумрад билан тасвирланган эди. Айтишларича, Форс подшоҳлари бу гиламни айвонга осдириб, баҳор нафасини ҳосил қилгандек бўларкан.
Ҳазрати Умар гиламни кўриб, «Уйимга худди шундай гилам керак эди. Уни бир четга қўя туринглар», демади. Чунки уни иладиган саройнинг ўзи йўқ эди. Уйи эса, Мадинадаги бошқа уйлардан фарқ қилмасди. Бошқалар ҳам «Мўминлар амири, шу гиламни сиз олақолинг. У сизга ярашади», деб айтмади. Бундай бўлиши мумкин ҳам эмасди. Ҳазрати Умарнинг жиддийликлари бу каби бекорчи гапларни гапиришларига йўл қўймасди. Зотан, у зот ҳаётларида бировга қарам бўлмасдан, бировга аҳволидан шикоят этмасдан, эҳтиёжи учун етарлисидан ортиғини истамасдан яшади. Гал Форс шоҳининг билакузукларига келганда, Ҳазрати Умарнинг кўзлари чақнади. Бир нарса дейишларини кутиб ўтирмай:
— Уларни менга беринглар,— деди.
Сўнг билакузукларни кўлга олиб, кўзлари билан йиғилганлар орасидан кимнидир қидира бошлади. Ниҳоят, керакли одамни топди:
— Бу ёққа кел, Суроқа!
Суроқа Ҳазрати Умарнинг ёнига келди. У зот билакузукларни узатиб:
— Мана буларни тақ — деди.
Суроқа билакузукларни таққандан сўнг кўпчиликнинг ёдига ширин бир хотира тушди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир пайтлар унга:
— Суроқа, сенинг Кисро билакузукларини таққанингни кўряпман, — деган эдилар. (Ибн Касир, «Ал-бидоя»)
Кейин Ҳазрати Умарнинг амри билан Кисронинг кийимлари ҳам унга кийдирилди. Энди у Форс шоҳининг ўзи бўлди-қолди.
— Қани, юриб кўр-чи!
Суроқа йиғилганлар орасида у ёқ-бу ёққа юрди. Эгнидаги либослар ва жавоҳирлар унга бутун умрга етар эди.
Бир замонлар Расулуллоҳни тутиб, Қурайш катталари кўлига топшириб, юзта туяга эришмоқчи бўлган шу одам эди. Лекин ёмон ниятда от суриб чиққан Суроқа тақдир тақозоси билан қалб кўзи очилиб, эси кирган ва Расулуллоҳ. соллаллоҳу алайҳи ва саллам маънавий оламда уни шу ҳолда кўрган эдилар.
Воқеа шоҳиди бўлган одамларнинг кўзига ёш келди. Ўша дам улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзларига ишонган эдилар, бугун эса воқеда кўриб турибдилар. Ҳазрати Умар кўнгил тубидан чиқариб: «Аллоҳу акбар», деди. Ҳамма халифага қаради:
— Форс Кисросининг кийимларини бир бадавийга кийдирган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Кейин эгнидаги кийим ва билакузукларнинг ўзига ҳадя қилинишидан умидвор бўлиб турган Суроқага юзланди:
— Бошқаларга ҳам шунча мол бермагунча, сенга буларни беролмайман. Қани, энди еч!
Суроқа эгнидаги кийимларни ечди. Ҳазрати Умар кўкка қараб:
— Раббим, Сен дунё зийнатини суюкли Пайғамбарингга бермадинг. Ҳолбуки, у Сенга мендан севимлироқ эди. Уни Абу Бакрдан ҳам узоқ тутдинг, у ҳам Сенга мендан кўра азизроқ эди. Энди буларни менга бердинг. Менга бериб, имтиҳон қилаётирсан, менга тузоқ ташлаётирсан, деб ўйламайман, бундай ҳаёлга боришдан Ўзингдан паноҳ тилайман, — деди.
Ҳазрати Умарнинг овозидаги салобат ва ихлосдан атрофдагиларнинг қалблари титраб, кўзларига ёш келди. Кейин у киши Абдураҳмон ибн Авфга ўгирилди:
— Оқшомгача ҳаммасини тарқатиб юбор. (Ибн Касир, «Ал-бидоя»)
Ҳазрати Умар йиғилганларнинг юзларидаги мамнунлик ифодасини кўриб давом этди:
— Ҳаётларини хавф остига қўйиб, буларни қўлга киритганлар ишончли ва мақтовга лойиқ инсонлардир. («Тарихи Табарий»)
Ўлжа тарқатилди. Ўртада фақат каттакон гилам қолди. У пайтлар «тарихий аҳамиятга эга буюм сифатида сақлаш» деган тушунча йўқ эди. Ўша даврда, айниқса, арабларда бундай тушунчанинг бўлиши ҳам мумкин эмасди. Гилам Ҳазрати Алининг таклифига биноан, бўлакларга бўлиниб, тарқатилди. («Тарихи Табарий»)
* * *

Араблар шу кунгача маълум бир йил ҳисобини ишлатмасди. Фақат баъзи муҳим воқеалар билан сана белгиланарди.
Масалан, фил йилидан уч йил аввал, тўрт ой кейин, деган каби. Лекин бу етарли эмасди. Чунки Ҳабашистонга ҳижрат, Бадр жанги, Мурайсеъ жанги каби воқеаларнинг қай бири аввал, қай бири кейин содир бўлганини айтиш анча қийин эди.
Бир кун Ҳазрати Умарнинг қўлига дия тўлангани ҳақида қоғоз келиб, унда: «Шаввол ойида», деб ёзилган эди. Лекин қайси йилнинг шаввол ойи экани маълум эмасди. Ҳазрати Умар:
— Биз шу кунларда қайси йилнинг шавволи эканини билолмасак, кейинги йилларда аҳвол янада чигаллашади, — деди.
Сўнг одамларни тўплаб, фикрларини баён қилди. Йиғилганлар халифанинг таклифини маъқулладилар. Шу тариқа бутун Ислом оламида жорий этилажак йил ҳисобини белгилашга қарор қилинди. Йиғилганлардан ҳар ким ўзича таклиф айтди. Охирида Ҳазрати Али: «Расулуллоҳ ширк ва куфр ерини ташлаб, иймон шаҳрига кўчиб ўтганларидан бошлаб йил ҳисоблаш керак», деди. Бу таклиф барчага маъқул бўлди. Ҳеч ким менинг таклифим яхшироқ демади. Бу қарор ҳижратнинг 16 йили рабиул аввал ойида қабул қилинди. Йил боши қилиб арабларнинг истеъмолидаги муҳаррам ойи белгиланди. («Тарихи Табарий»)
Аммо халқ бир мунча вақт, Ярмук воқеасидан икки йил кейин, Қодисиядан уч ой бурун, деб аввалгидек санани ўзи истагича ишлатаверди. Белгиланган йил ҳисоби эса, расмий ҳужжатлардагина қўлланилар эди.
Ҳазрати Умар йил ва ой-кунлар борасидаги ноаниқликларга чек кўйиб, Ислом оламида янги тақвимни жорий қилди.

* * *

Ҳижрий 16 йилда Ҳазрати Умар ўғли Абдуллоҳни Абу Убайднинг қизи Сафияга уйлантирди. («Тарихи Табарий»)
Абу Убайд Форсга юборилган илк қўшиннинг қўмондони эди. Ўзи Тоифда яшайдиган Сақиф қабиласидан. Моҳир кўмондон бир жангда филнинг хартумини кесиб ташлаган, аммо ўша филнинг оёқлари остида қолиб кетган эди. Сафиядан ташқари, Абу Убайднинг Мухтор деган ўғли ҳам бор эди. Мухтор кейинчалик Карбалодаги воқеалар учун қасос олишни эълон қилган ва ҳақиқатдан ҳам, Ҳазрати Ҳусайнни шаҳид қилган, уни тутиб берган одамларнинг биронтаси унинг қиличидан омон қолмаган эди. Бундан ташқари, Мухтор кейинроқ мусулмонга ярашмайдиган даъволар билан чиқиб, охиратини барбод қилди. Бу ҳақда бир оздан кейин тўхталамиз.

* * *

Мадоиндан қочган бир қанча форс аскарлари Миҳрон қўл остига тўпланиб, Жалула деган жойга келишди. Улар: «Арабларга қарши охирги марта омадимизни синаб кўрайлик. Ғолиб чиқсак, макрадимизга етамиз, йўқса, биз вазифамизни бажарган бўламиз», дедилар.
Улар Жалуланинг атрофига хандақ ковладилар ва уни сим тўрлар билан ўраб чиқдилар. Бу билан турган жойларининг хавфсизлигини таъминлаган бўлдилар. Форсларнинг Жалулага тўпланганидан хабар топган Саъд ибн Абу Ваққос вазиятдан дарҳол Ҳазрати Умарни бохабар этди. Ҳазрати Умар уларга қарши Ҳошим ибн Утба бошчилигида ўн икки минг кишилик қўшин жўнатишни ва лашкарнинг олдинги сафларига Қаъқа ибн Амр билан унинг йигитларини жойлаштиришни буюрди.
Буйруққа биноан қўшин йўлга чиқди. Мусулмонлар Жалулага етиб келгач, шаҳарни қамал қилишди. Саксон кун давом этган қамал давомида ичкаридагилар истаган пайтда ташқарига чиқиб, жанг қилиб, қайта кириб кетарди. Жангларнинг барчасида мусулмонларнинг қўли баланд келди. Лекин бу жанглар қаттиқ бўлганини айтиш жоиз. Бир куни жанг мобайнида кучли шамол турди. Одамлар қалъа томон от сурдилар, уларнинг баъзилари ҳандаққа қулади. Энди уларни қутқариш учун сим-тўрларни узиб ташлаш керак эди. Шундай қилинди ҳам. Шу пайт Қаъқа бир суворийга етиб олди ва унга: «Эй мусулмонлар! Лашкарбошингиз ҳандаққа тушиб кетди, уни кутқаринг», деб бақиришни амр этди.
У бақираётганда Қаъқа хандаққа тушди. Унинг овозини эшитганлар қўмондонларини қутқариш учун хандаққа ёпирилдилар. Хандақда эса, чинданам Қаъқани тутиб олишган эди. Мусулмонлар ёпирилиб келди. Унг-сўлдан қилинаётган ҳужумларга дош беролмаган форслар қўмондонни ташлаб қочишди. Мусулмонлар учун ҳозирланган тўрларга ўзлари тушишди.
Ҳижратнинг 16 йили зулқаъда ойида Жалуладаги жанг ғалаба билан якунланди. Бу хабарни алам билан кутиб олган Яздажирд Ҳулвонни тарк этиб, Рай шаҳрига қараб қочди. Қаъқа бир неча аскар билан Ҳулвонга келиб, у ерни ҳам қўлга киритди. Бу воқеа ҳам зулқаъда ойида содир бўлди. Мадоин жанги билан Жалула фатҳи орасида тўққиз ойлик фарқ бор эди. («Тарихи Табарий»)

* * *

Жалуладан олинган ўлжа Мадинага келтирилди. Ўлжани олиб келган ўспирин Ҳазрати Умарнинг ҳузурига кирди. Йигитча баланд бўйли, қирмизи юзли, бир кўзига оқ тушган 16—17 ёшлар атрофида эди. Ҳазрати Умар унга ўтиришга жой кўрсатди.
— Қандай хабарлар бор?
Йигитча жанг тафсилотларини айта кетди. Ҳазрати Умарнинг нигоҳларида ўзгариш сезилди. Гўё қандайдир ўспирин эмас, ҳаётини адабиётга бахш этган адиб сўйлаёттандек эди. Халифа унинг сўзларини маст бўлган кўйи тинглай бошладн.
Йигит гапини тугатгач, Ҳазрати Умар:
— Исминг нима? — деб сўради.
— Зиёд ибн Убайд.
— Қаерликсан?
— Тоифликман. Сақиф қабиласининг табиби Ҳорис ибн Қалада оиласиданман.
— Ия, Ҳорис ибн Қаладанинг Убайд деган ўғли бормиди?
— Отам ҳам, онам ҳам Ҳориснинг хизматкорлари эди.
Зиёд бу гапларни сўзларкан, қалбидаги алам ва оғриқлардан кўзларида ёш милтиллади.
— Ҳозир гапирганларингни жамоат олдига чиқиб, минбарда ҳам айтиб бера оласанми?
— Эй мўминлар амири, Аллоҳнинг бандалари орасида кўрсам қалтирайдиганим ягона сиздирсиз. Бошқанинг олдида ҳайиқмайман, бунақа ҳурмат қилмайман ҳам. Сизнинг олдингизда гапириб бера олдимми, демак, уларга ҳам айтиб бера оламан.
Шундан кейин Ҳазрати Умарнинг амри билан халқ масжидга тўпланди. Одамлар йиғилгач, халифа ўрнидан турди ва қисқа мавъиза қилиб, Зиёдни таклиф этди. Барчанинг нигоҳи унга қадалди. Ҳеч ким танимайдиган йигитча минбарга чиқиб, кўрганларини айта бошлади. У бир оз аввал халифа ҳузурида гапирганидан ҳам мазмунлироқ гапирар, одамлар бутун диққат-эътиборларини унга жалб қилиб, завқ билан тинглар эдилар. У сўзини: «Бизни гапиртирган нарса жангчиларимизнинг қаҳрамонликларидир», дея тугатди. Ҳазрати Умар:
— Бу йигит яхши нотик, экан, — деб хитоб қилди. («Тарихи Табарий»)
Зиёд ғалаба муждасини етказгани учун минг дирҳамлик мукофот олди ва Мадинани тарк этиб, бир неча ой бурун илк пойдевори қўйилган Басра томон йўл олди. Поччаси Утба ибн Ғазвон ҳам Басрага келиши керак эди. Зиёд Басранинг илк волийи бўлган поччасининг котиби сифатида расмий вазифага киришди.
Ҳазрати Абу Бакрнинг халифалик чоғида Баҳрайнга ибн Хазрамий волий эди. Ҳазрати Умар уни вазифасидан озод қилиб, ўрнига Қудома ибн Мазъунни тайинлади. Кейинчалик, Қудомани ҳам бўшатиб, яна Алони Баҳрайнга жўнатди.
Ало билан Саъд ибн Абу Ваққос ўртасида бир воқеа бўлиб, ўзаро муносабатларига салбий таъсир қилган эди. Саъднинг Қодисиядага зафарли одими Ало ичида ҳасад ўтларини ёқди. Энди у ҳам ана шундай ғалабага эришмоғи лозим эди. Ало денгиздан сузиб ўтиб, форслар билан урушмоқчи бўлди. Унинг тахминича, Қодисияда яксон қилинган форсларнинг куч-қуввати тугаган бўлиши керак эди. Ало осонлик билан ғалаба қозонаман, деб ўйлаб, кемаларни ҳозирлашни буюрди. Лашкарини бир неча қисмга бўлиб, уларга Жоруд ибн Муалло, Саввор ибн Ҳаммом ва Хулайд ибн Мунзирийларни бошлиқ қилиб тайинлади. Қўшин кемада йўлга тушди. Ваҳоланки, Ҳазрати Умар Алони Баҳрайнга юбораркан, денгизга чиқишни ман қилган эди. Кемалар узоқ йўл босиб соҳилга яқинлашди. Истаҳ деган жойга чиқиб, ажамларни кўришди. Форслар кутмаган бўлишларига қарамай, Ҳирбиз исмли қўмондон қўл остига йиғилдилар. Мусулмонларнинг бир қисмигина қуруқликка чиқиб олган, қолганлари пешма-пеш кемаларда етиб келаётган эди. Форслар денгиз тарафга юриб, мусулмонларнинг орасини бўлиб ташладилар. Ўртада шиддатли жанг бўлди. Саввор билан Жоруд ўлдирилди. Форслар мағлубият аламини тотдилар.
Ало сўнгра Басра тарафга юрмоқчи бўлди. Бироқ қирғоққа келганларида кемаларнинг кўпи чўктириб кетилганини кўрдилар. Шу сабаб, қуруқликдан йўлга чиқилди.

* * *

Ало ибн Хазрамийнинг денгизга чиққанини эшитиб, Ҳазрати Умар қаттиқ ғазабланди. Шахсан ўзи таъқиқлаган, бунинг устига хавфли ишга қўл уришдан мақсад нима эди? Шунча мусулмонни ўлим билан юзма-юз бўлишга мажбур қилиш учун жиддий сабаб керак эди. Халифа дарҳол Алога хат ёзиб: «Қўшининг билан Саъд ибн Абу Ваққоснинг ихтиёрига қўшил», деб фармон берди. Ҳолбуки, Алога ёқмаётган нарса ҳам шу эди. Аммо Ҳазрати Умарнинг гапини икки қилолмасди. Ҳазрати Умар Утба ибн Ғазвонга ҳам мактуб жўнатиб, Алонинг қилмишини маълум қилди ва ундан хафа бўлганини айтди. Кейин уларга бирор кор-ҳол рўй бермасдан етиб олишни буюрди. Утба буйруқни олган заҳоти ўн икки минг кишилик қўшин ҳозирлаб, унга Абу Саброни қўмондон қилиб тайинлади. Кейин унга Форс кўрфазининг орқа тарафидан юриб, Ало бошлиқ мусулмонлар қўшинига қўшилишни айтди.

* * *

Ало ибн Хазрамийнинг қўшини Хулайд бошчилигида Басра томон ҳаракатланаркан, форслар Шаҳрок исмли одам атрофига бирлашиб, катта қувват билан уларнинг йўлини тўсди. Ниҳоят, Ҳазрати Умар хавфсираган воқеа рўй берди. Форслар яна жангни бошлаб, мусулмонларни бирин-кетин қира бошлади. Шу он узоқдан кўтарилган чанг-тўзон икки тарафдан бирига мадад кучлари етиб келаётганидан дарак берарди. Қарши тараф учун эса, бу ҳалокат дегани эди. Мусулмонлар ёрдамдан умид қилолмасди. Чунки у ёқда ҳеч ким уларнинг йўлга чиққанидан хабардор эмасди. «Душманга ёрдам келди», «мағлубиятга учрадик», деб тахмин қилиб турган мўминларга ўша тарафдан келаётган такбир садолари гўё қайта жон бағишлагандек бўлди. Улар ўзгача куч ва ғайрат билан жанг қилишга киришдилар. Утбанинг аскарлари жанг қилаётган мусулмонлар ортидан урушга кирдилар. Энди мусулмонларнинг ғалабаларига шубҳа қолмади. Ана-мана зафар қозондик, деб турган форслар яна мағлубиятга мубтало бўлдилар.

* * *

Утба ибн Ғазвон Ҳазрати Умарнинг олқишига сазовор иш қилди. Чунки у деярли аниқ мағлубият бўлган жангни ғалаба билан якунлади. Кейин пойтахтга хат йўллаб, ҳаж қилишга изн сўради. Мадинадан рухсат берилгач, ҳарб ишларини Абу Саброга, имоматни Муғийра ибн Шўъбага қолдириб, йўлга отланди. Утба Маккаи мукаррамага етиб келиб, Ҳазрати Умар иккови ҳаж қилди. Ҳазрати Умар билан бир суҳбатда давлат ишларидан чарчаганини ва дам олмоқчи эканини айтиб, вазифасидан озод этишини сўради. Ҳазрати Умар унинг бу истагини қабул қилмади, бундан буён ҳам кўп фойдаси тегишини айтиб, вазифасини давом эттиришини айтди. Утба чорасиз йўлга чиқди. Лекин негадир оёқлари олдинга тортмасди. Кўпчилик учун орзу бўлган Басра ва унинг атрофидаги ерларга волийлик қилиш у учун аҳамиятсиз эди. Утба Макка билан Тоиф орасидаги Нахла деган жойга етди.
Бу жой у учун охирги манзил эди. Бир пайтлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Тоифдан қайтарканлар, шу ерда бомдод намозини ўқиган эдилар Қуръонни Пайғамбаримиздан тинглаган жинлар шу ерда Исломга кирган эди. Утба шуларни эслаб, Нахлада тўхтади. У ёғига негадир юргиси келмади. Унинг наздида «Нахлада тўхта!» деган амр Ҳазрати Умардек зотнинг: «Басрага қайт!» деган амридан юқорироқ мақомдан келган эди. Зеро, бу мақом амрини тўхтатадиган ёхуд кечиктира оладиган бошқа мақомнинг ўзи йўқ эди. Утба йигирма саккиз йилдан бери шу мақом соҳибига яхши қул бўлиш, Унинг Пайғамбари йўлини маҳкам тутиш учун курашиб келди. Бу йўлда унинг чекмаган заҳмати, кўрмаган қийинчилиги, қилмаган фидокорлиги қолмади. Ҳозир эса, ундан жони сўралаётган эди. У бу талабга қарши боролмасди. Моҳир қўмондон Нахлада жон таслим қилди.

* * *

Ҳазрати Умар Утбанинг ўлими хабарини эшитиб, қаттиқ қайғурди. Мадинага қайтаркан, унинг қабрини зиёрат қилди. Қабр бошида: «Агар умр белгилаб қўйилмаганида, инсон ажали билан ўлмаганида, сени мен ўлдирдим, деган бўлардим, Утба. Қанийди, илтимосингни қилсайдим ва сени мажбур этмасдан, ўз ҳолингга қўйган бўлсайдим», деб йиғлади. («Тарихи Табарий»)
Энди Басрага волий тайинлаш керак эди. Ҳазрати Умар Муғийра ибн Шўъбани Утбанинг ўрнига тайинлаш ҳақида мактуб ёзди. Утбанинг вазифасини вақтинча бажариб турган Муғийра бу сафар расмий равишда волийликка киришди. Зиёд эса, котиблигича қолди.

* * *

Ҳазрати Умар Саъднинг олдидан келган хабарчига бошдан оёқ қараб чиқди:
— Сенга нима бўлди? Рангинг ўзгариб кетибди.
— Форс ҳавоси рангимизни ўзгартирди. Соғлиғимиз ҳам жойида эмас.
Жавоб Ҳазрати Умарни ўйлантириб қўйди. Ҳузайфа ибн Ямон ҳам мактубида шу ҳақда ёзган эди. Ҳазрати Умар мактуб ёзиб, арабларнинг сиҳатига таъсир қилмайдиган, дарё бўлмаган ерга кўчишни буюрди. Кўчадиган жойни танлаш Салмон Форсий билан Ҳузайфа ибн Ямонга юклатилди.
Араблар туя ва қўйлар эмин-эркин юролмайдиган жойларда туролмасди. Чунки улар чорвасиз яшолмасди.
Салмон Форсий билан Ҳузайфа икки тарафга йўлга чиқди. Ҳузайфа Фуротнинг ғарбий сохилидан кетди. У ҳозирги Куфа шаҳри жойлашган ерга келгунича ўзига ёқадиган ер кўрмади.
Фуротнинг шарқига йўл олган Салмон ҳам кўнглига ўтирадиган жой топмади.
Ниҳоят, у ҳам Хузайфа турган жойга етиб келди. Улар тўхтаган ер чивинсиз, қум-тупроғи қизғиш, серсув жой эди. Бу жой икковларига ҳам хуш келди. Шукронасига намоз ўқиб олдилар. Танлаган жойлари хайрли бўлишини тилаб дуо қилдилар. Кейин Мадоинга келиб, Саъдга қарорларини маълум қилдилар. Саъд эса, Мадоинни Қаъқа билан Абдуллоҳ ибн Мўътамга қолдириб, қурилажак шаҳарга танланган жойни кўздан кечириш учун ўша ерга кетди. Ҳижратнинг 17 йили муҳаррам ойи эди. Қодисия жангидан эндигина бир йилу икки ой ўтганди. Ҳазрати Умар халифаликларига уч йилу саккиз ой тўлганда янги шаҳарнинг пойдевори қурилди. Ер тупроғининг рангидан келиб чиқиб, шаҳарга «Куфа» деган ном берилди. («Тарихи Табарий»)

* * *

Ҳазрати Умар Басра ҳам, Куфа ҳам қурилаётган пайтида қамиш ва шунга ўхшаш хом ашёлардан фойдаланишга рухсат берди. Чунки бу кўз-кўз этмай, дунёга меҳр қўймай яшаш учун шундай қилиш керак эди. Бошқа бир ривоятга кўра, улар халифадан қамишдан фойдаланишга рухсат сўраганлар, Ҳазрати Умар эса унинг нималигини сўраб билиб, майли деган. («Тарихи Табарий»)
Хуллас, уйлар қамишдан қурилди. Бироқ орадан тўққиз ойлар чамаси ўтар-ўтмас, шаҳарда ёнғин чиқди. Олов шамол ёрдамида тезда тарқалди. Қамишдан қурилган биноларга ёнғин бир зумда урилди. Кўз очиб юмгунча, кулга айланган Куфани шаҳар аҳолиси фақатгина узоқдан кузатиб турди. Одамлар кўзидан оққан ёшлар шамолни тўхтатолмас, ёнғинни ўчиролмас эди.
Вазиятдан огоҳ бўлган Ҳазрати Умар ғишт ишлатишни тавсия қилди. Лекин уч хонадан кўп ва жуда баланд қилиб уй қуриш тақиқланди. («Тарихи Табарий»)
Шаҳарни таъмирлаш Абу Ҳайёж ибн Моликка топширилди. У аввал масжид қурдирди. Кейин билаги кучли бир камончи чақарилиб, масжид жойлашган ердан туриб, тўрт тарафга ўқ отишга буюрилди. Камончи ўқларни отгач, улар тушган ерлар белгилаб олинди. Ўқ учган жойгача очиқ қолдирилиб, барча бинолар шу чизиқ бўйлаб барпо этилди. Катта кўчалар қирқ, оддий кўчалар йигирма, оралиқ кўчалар етти аршин қилиб белгиланди. Маҳаллалар ўртасидаги кўчалар эса, олтмиш аршин кенгликда бўлиши белгиланди.
Масжид ёнида Саъд ибн Абу Ваққос учун уй қурилди.

* * *

Куфада Саъд учун уй қуриларкан, Мадинадаги Бақиъ қабристонида ҳам бир қабр қазилди. Унга Расулуллоҳнинг Иброҳим деган ўғилларининг онаси Марям дафн қилинди.
Мисрда туғилиб, улғайган, лекин тақдири илоҳий билан Мадинага келиб қолган Марям онамиз Сарвари коинот соллаллоҳу алайҳи ва салламга завжа бўлиш бахтига етишган эди. Миср подшоси уни Расулуллоҳга ҳадя қилиб юборган эди. Тўрт йил давомида Расули акрамнинг жориялари бўлган Марям онамиз, аввал, Мадинанинг Аволий даҳасидаги Ҳориса ибн Нўьмонга тегишли уйда, кейинроқ бошқа жойда истиқомат қилди. Ҳазрати Марям тўладан келган, гул юзли, чиройли аёл эди. Иброҳим дунёга келгач, у кишининг мавқеи ҳам ўзгарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам фурсат бўлди дегунча фарзандлари ва аёллари зиёратига келардилар. Иброҳим касал бўлиб қолгач, янада кўпроқ келадиган бўлдилар. Табиийки, бошқа оналаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни Марямдан қизғанишар, чунки ҳеч бирлари фарзанд кўришмаган эди. Ҳазрати Оиша бир кун хотираларини ёдга оларкан: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳеч бир аёлларини Марямчалик рашк қилмаганман», деган эди. (Ибн Ҳажар, «Исоба»)
Бу ҳам Марям онамизнинг Расулуллоҳ наздларидаги қадри ва эътибори қанчалик бўлганини билдиради.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вафотларидан кейин Ҳазрати Абу Бакр Марям онамизнинг ҳурматини жойига қўйиб, ҳолларидан хабар олиб турарди. Ҳазрати Умар ҳам бу ишни давом эттирди. Бир пайтлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вакиллари билан Мисрдан Мадинага сафар қилган Ҳазрати Марям бу гал Буюк Парвардигорнинг вакили билан фоний дунёдан боқий оламга йўл олди.
Илк сафар оламларга раҳмат бўлган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида ниҳоя топган бўлса, энди яна у зот томонга йўналди. Ҳазрати Марям Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ширингина суюкли фарзанд ҳадя қилди. Зотан, Оламлар сарварини хурсанд қилган инсоннинг кўнглини Аллоҳнинг ўзи кўтаради.
Марям онамиз ювилиб, кафанланди, Ҳазрати Умар жаноза намозини ўқиди. Кейин елкалар оша тобут Бақиъ қабристонига йўналди. Маййит эшикнинг шундоқ рўпарасидаги қабрга дафн этилди. Марям онамизнинг вафоти ҳижрий 16 йилнинг муҳаррам ойига тўғри келди. («Тарихи Табарий”)
Бу ерда Марям онамиз ўз оилаларидан яна неча кишига «қўшни» бўлди. Улардан бири Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бор-йўғи уч ойгина умр кечирган Зайнаб ибн Хузайма эди. У мусулмон бўлмасидан олдиноқ «уммул масокин» (мискинлар онаси) деган номга сазовор бўлган эди. Бир неча қадам нарида эса уч нафар гул юзли аёллар ётарди. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўзларининг нури, қалбларининг сурури бўлган қизлари Зайнаб, Руқийиа ва Умму Гулсум эдилар.
Асҳоби киром Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан қолган яна бир хотиранинг ўчганидан қайғурди. Бу қайғу баъзиларининг кўз ёшига сабаб бўлди. Ўлим карвони Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга суюкли бўлган яна бир инсонни олиб кетиб, қалбларга титроқ солди.
Бу карвон ўзи истаган пайтда Мадинага келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам учун қадрли бўлган инсонларни бирма-бир олиб кетади ва бир кун келиб: «Бу шаҳарда Расулуллоҳни кўрган ҳеч ким қолмади», деган сўзлар айтилади.

* * *

Бир кеча Ҳазрати Умар севимли дўсти Абдурраҳмон ибн Авфни олиб, шаҳар айлангани чиқди.
Бир уйнинг ёнидан ўтишаётганида, ичкаридан чиқаётган овозни эшитиб, жойларида тўхташди. Овозлар жуда ёқимсизлигидан ичкилик базми уюштирилаётганини англаш қийин эмасди.
— Абдураҳмон, бу уй кимникилигини биласанми?
— Билмадим.
— Умайя ибн Халаф бор-ку, биз Бадрда ҳақидан кечган, ана ўшанинг ўғли Рабианинг уйи. Нима қиламиз энди?
— Валлоҳи, биз Аллоҳ чизган ҳудуддан чиқиб, хато қиляпмиз. Зеро, «У жосуслик қилманглар!» демаганми?
Абдураҳмоннинг жавоби Ҳазрати Умарни Рабианинг уйи олдидан кетишга мажбур қилди ва биргаликда у ерни тарк этдилар. Лекин Ҳазрати Умарнинг мақсади жосуслик қилиш бўлмаганини таъкидлаш керак. У киши ўша тун айнан Рабианинг уйини кузатиш учун сайрга чиқмаган эди. Шунинг учун ҳам давлат раиси, ҳам мусулмон сифатида уларга мажбуриятларини эслатиб, яхши тарбияга чақириб қўйиши нотўғри иш эмасди.
Бундан кейин ҳам Ҳазрати Умар Рабиани яна маст ҳолда учратди. Унга белгиланган ҳад урилгач, Ҳазрати Умар:
— Сени жазо сифатида сургун қиламиз. Бир йил давомида Хайбарда яшайсан, — деди.
Рабиа товушини чиқармади. У тадоригини кўриб, Мадинани тарк этди. Орадан бир оз муддат ўтгач, Ҳазрати Умар у ёқдан келган хабардан қаттиқ хафа бўлди. Рабиа Хайбарда қолмасдан, Румга кетиб, ўша ерда насронийликни қабул қилибди. Ҳазрати Умар уни сургун қилганидан афсусланди. Бу воқеа жазо беришда чегарадан чиқилганини, ислоҳ қилиш мақсадида бўлса-да, жазо тайинлашда меъёрдан чиқилса, у фойда эмас, фақат зарар келтиришини кўрсатиб берди. Зотан, Ҳазрати Умарнинг мақсади ҳам уни уриш ё сургун қилиш эмас, тартибга чақириб қўйиш эди.

* * *

Яна бир тунда ёлғиз айланиб юрганида, бир уй олдида тўхтади. Уйдагилар қаҳқаҳаларга берилиб, қўшиклар айтар, бир-бирларига бақир-чақир қиларди. Ичкаридагилар ғирт маст эканини англаш қийин эмасди. Ҳазрати Умар девор ошиб, боғдан ўтди ва ичкарига кирди. Уйда бир эркак ва аёл бор эди. Улар ичкиликбозлик қилишаётган эди.
Ҳазрати Умар деразадан ичкари қараганида эркак шошиб қолди. Аёл эса, қўлида таёқ ушлаган, баланд бўйли одамни кўриб қалтирай бошлади.
— Аллоҳнинг душманлари, бу нима қилганингиз? Бу қилганингизни ҳеч ким билмайди деб ўйладингизми? Аллоҳ сизни юзи қора ва хор қилмайдими?
Эркак дарҳол ҳушини бошига тўплади:
— Секинроқ, мўминлар амири. Тўғри, биз айб иш қилдик. Аллоҳ ҳаром қилган ичкиликни ичдик. Бу бизнинг гуноҳимиз. Лекин сиз ҳам бошқа гуноҳга кўл урдингиз.
Аёл келган киши амирул мўминин эканлигини билгач, баттар қўрқа бошлади.
Ҳазрати Умар:
— Гапир, нима демоқчисан? — деди.
—Аллоҳ бошқалардан айб излашни ман этган. Биз эса, ўз уйимизда ичяпмиз. Сиз бу таъқиққа амал қилмадингиз. Иккинчидан, Аллоҳ Нур сурасида таъкидлаган рухсат сўраб кириш қоидасига амал қилмадингиз, рухсат сўрамай остона хатладингиз. Учинчидан, Аллоҳ таоло: «Уйларингизга орқа томонидан киришингиз яхшилик эмас» (Бақара сураси, 189-оятдан), деган ва уйга эшикдан киришни буюрган. Сиз эса, дераза ошиб кирдингиз. Биз бир гунохга кўл урдик, сиз бирданига учта гуноҳ қилдингиз.
Ҳазрати Умар эркакнинг эътирозларига жавоб бермади. Лекин у киши дуч келган уйга кириб, ичкаридагиларнинг хатти-ҳаракатларини яширинча кузатиш учун айланиб юрганлари йўқ эди. Халифани бу ишга уларнинг ўзи мажбур қилишди. Зеро, улар сархуш бўлиб олиб, кўчани бошларига кўтармаганларида, Ҳазрати Умар бундан хабар топмасдилар. Ҳазрати Умар шуларни айтиб, ўз хатти-ҳаракатларини тушунтириб берса бўларди. Аммо гапни чўзмай:
— Ҳозир сизни кечирсам, қандай яхши иш қила оласизлар? — деди.
— Бизни афв этсангиз, бошқа ичкилик ичмасликка ваъда берамиз. (Ғаззолий, “Иҳйо”)
Ҳазрати Умар чиқиб кетаётганида, уй эгалари ичкиликни тўкиб ташлаб, узр сўраб қолишди.

* * *

— Амирул мўминин, бу одамдан шикоятимиз бор.
— Қандай шикоят?
— У қариндошларимиздан бир аёлга оғиз солди. Биз уни уйлантириб қўйдик. Гап шундаки, тўй бўлаётган пайтда унинг соч-соқоли қора эди. Тўй ўтгач, ювингандан кейин оқариб кетди. У бизнинг кўзимизни шамғалат қилиш учун соч-соқолини бўяб олган экан.
Ҳазрати Умар ҳалиги одамга юзланди:
— Буларнинг гапига нима дейсан?
— Нимаям дердим, мўминлар амири, воқеалар улар айтиб бергандек бўлган. Бу аҳволим билан у аёлнинг кўлини сўрасам, беришмасди. Мен у аёлни севардим. Менга шу фикр келди ва уни амалга оширдим.
Ҳазрати Умар ҳалиги одамга тарсаки тортиб юборди:
— Ҳеч кимнинг мусулмонни алдашга ҳаққи йўқ. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бизни алдаган биздан эмас», деганлар.
Кунларнинг бирида Расули акрам ёмғир ёққандан сўнг бозорга борган, растада буғдой (ёки арпа) сотилаётганини кўриб, унга қўл сукқан эдилар. Ўшанда буғдой усти қуруқ, бўлса-да, ости нам чиққан эди. Сотувчидан бунинг сабабини сўраганларида у: «Нам буғдойга харидор келмайди, шунинг учун устини қуруқ буғдой билан тузаб қўйдим», дея жавоб берган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бунга жавобан юқоридаги гапни айтганлар. У одам бошқаларни буғдой билан алдаган бўлса, Ҳазрати Умарнинг қаршисида турган одам соч-соқолини бўяб, бир аёлни алдаган эди. Ҳазрати Умар у одамни олиб келганларга юзланди:
— Шу ҳоли билан бу одамга розимисизлар?
— Йўқ — дейишди.
— Унда никоҳни бекор қиламиз. (Ғаззолий, “Иҳйо”)
Ўша одам талоқ қилган аёли бошқа эркакка турмушга чиққунга қадар маълум миқдорда нафақа тўлаб турадиган бўлди. Маҳр эса, аёлнинг ўзида қолди.

* * *

Яна бир кеча Ҳазрати Умар ёлғиз кўча айланаркан, ғалати товушни эшитди. Ўша томонга бориб қараса, бир эркак билан аёл «ўйнашиб» турган эди. Уларнинг турмуш қурмаганлари аниқ эди. Воқеа гувоҳи бўлган Ҳазрати Умар қаттиқ ғазабланди. У кишини кўрган ошиқ-маъшуқларнинг ҳам хушлари бошидан учди. Улар нима қилишни билмай, шошиб қолишди. Кейин ҳам бериладиган жазодан, ҳам одамлар кўз ўнгида шарманда бўлишдан қўрқиб, Ҳазрати Умарга ялина бошлашди. Ҳазрати Умар уларни олдига солиб олиб кетиши ва эрталаб жазосини бериши мумкин эди. Лекин воқеага ўзидан бошқа гувоҳ йўқ эди. Аслида зино содир бўлганига шубҳа йўқ. Аммо бошқа тарафдан тўрт гувоҳ бўлиш шарти ҳам бор.
Ҳазрати Умарга кечиришини сўраб ёлвораётган ошиқ-маъшуқлар осонликча қутулиб кетмасликларини билсалар-да, чиқмаган жондан умид дея, ялинавердилар.
— Менга бошқа бунақа ғайри шаръий иш қилмасликка сўз бера оласизларми?
— Берамиз, мўминлар амири!
Улар ёлғон гапираётган эдилар. Зеро, уларни бу ишга ундаган сабаб бартараф бўлмагунча, бу ерда бўлмаса, Ҳазрати Умар билмайдиган бошқа жойда истаганларини қилишлари мумкин эди. Севишганларни бу ишдан қайтара оладиган нарса Аллоҳдан қўрқув эди. Ўша қўрқувгина уларни гуноҳдан қайтара оларди.
— Яна бир марта ушлаб олсам, ўзингиздан кўринг!
— Аллоҳ рози бўлсин, мўминлар амири!
Ошиқ-маъшуклар дуо қила-қила кетдилар.

* * *

Ҳазрати Умар туни билан шу ҳақда ўйлаб чиқди. Қайси тарафдан қаралса ҳам, зино ифлос иш эди. Балки ўшалар оилали одамлардир. Агар шундай бўлса, иккови ҳам оилалари пойдеворига дарз кетказадиган ишга қўл уришган. Оилали бўлмаган тақдирда ҳам эртага ҳароми бола дунёга келади. Шунда бир ҳақиқат юзага чиқди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шаҳрида бўлса ҳам, истак шаръий йўл билан қондирилмайдиган бўлса, ношаръий йўл ила амалга оширилади.
Воқеадан қаттиқ таъсирланган Ҳазрати Умар эртасига бомдод намоздан кейин жамоатга тунги таассуротларини айтиб берди:
— Мен ўша ифлос иш содир бўлганига шубҳам йўқ. Ҳукм чиқарувчи сифатида уларга жазо беришга ҳаққим борми?
— Сиз амирул мўмининсиз. Дин аҳкомларини жорий қилиш сизнинг ваколатингиз. Юз берган ношаръий ишга жазо бериш ҳам сизнинг измингизда. Уларга жазо беришингиз мумкин, — дейишди саҳобалар. Шунда Ҳазрати Али гап бошлади:
— Гувоҳлар тўртта бўлмаса, уларни жазолашга ҳаққингиз йўқ. Бундай шароитда уларга жазо тайинласангиз, Қуръон ҳукмларига бўйсунмаганингиз учун сизга ҳам жазо бериш керак бўлади.
Ҳазрати Умар бир оз кутиб, яна ўша саволни ўртага ташлади. Бу сафар ҳам юқоридаги гаплар такрорланди. Ҳазрати Умар Ҳазрати Алининг фикрини афзал топди. Аслида Ҳазрати Умарнинг ўша аёл ва эркакни жазолашга ҳаққи бор эди. Лекин бу ҳолатда ҳукм чиқарувчи шахсий фикри билан чегараланишига замин яратиб берган бўларди. Бу ҳол эса, келажакда олдини олиб бўлмайдиган адолатсиз ишларга йўл очиши, қанчадан-қанча бемаъни карорларни юзага келтириши, қанчадан-қанча инсонларни азобга қўйиши мумкин эди. Чунки ҳукм чиқариш ваколати берилган кимса пора олиши ва ўзи истаган эркак-аёлнигина жазолаши мумкин эди. Ўша дам ҳаромдан қочиш учун озгина ҳалолдан воз кечадиган ҳукм чиқарувчиларнинг бўлмаслиги ким кафолат бера олади?

* * *

Талҳа ибн Убайдуллоҳ кечқурун уйига қайтаётган эди. Маҳаллалардан бирида эшик очилиб, ичкаридан новча одам чиқиб келди. Уй Ҳазрати Умарники эмаслиги кундек равшан эди. Ундай бўлса, халифа тунда бу уйда нима қилиб юрибди? Талҳа кўрмаганга олиб, тез-тез юриб кетди.
Унинг фикру зикри ўша уйда бўлди. Ҳатто эрталаб ўрнидан турганда ҳам ўша манзара кўз ўнгидан кетмасди. «Бунинг тагига етмасам бўлмайди».
Шундай қилинса, номаъкул хаёлдан қутулган бўларди. Кейин кўчага чиқиб, тўғри ўша уй томон йўл олди. Етиб келиб, эшик қоқди. Лекин ҳеч кимса очмади. Талҳа яна эшикни тақиллатди. Ичкаридан аёл кишининг: «Киравер», деган овози эшитилди.
Овоз ниҳоятда титроқ бўлиб, кампир экани маълум эди.
Талҳа ичкарига кириб, бир бурчакда ўтирган кўзи ожиз кампирга кўзи тушди ва шу заҳоти бўшашди:
— Ассалому алайкум, холажон!
— Ваалайкум ассалом, ўғлим!
— Ҳеч кимингиз йўқми?
— Аллоҳдан бошқа ҳеч кимим йўқ.
Оёқлари шол кампирнинг юришга ҳам имкони йўқ эди. Талҳа ичидан зил кетди. Бу зил кетиш бемаъни хаёлларга берилганидан эди.
— Кеча бир киши шу ердан чиқиб кетаётган экан…
— У Умар ибн Ҳаттоб эди. Аллоҳ рози бўлсин, анчадан бери кечалари келиб, уйимни супуриб-сидиради, ётоғимни тозалайди, яна бошқа ишларимни ҳам қилиб кетади.
Жавобдан Талҳанинг қалби ларзага келиб, йиғлаб юборди. Аёл билан хўшлашиб уйдан чиқди.
«Онанг сендан айрилиб қолсин, Талҳа! Умарнинг айбларини қидириб нимага эришдинг? Сен уйингда маза қилиб дам олаётганингда, Умар қўлидаги асо билан кўча кезади. Муҳтожларга ёрдам қўлини чўзиб, тўшакка михланган касалларнинг тагини тозалайди. Сен бўлсанг, Қуръон ҳукмларини сариқ чақага олмай, бировлар нима қилаётганини кузатиб юравер. Бошқалар тақво зинапоясидан кўтарилаверсин», дерди Талҳа ўзига ўзи. Бировнинг айбини қидириш осон. Лекин бировда бир фазилатни кўриб, уни касб қилиш учун анча ҳаракат қилиш керак.

давоми бор.