ДАДАМНИ ЭСЛАТACИЗ . . .

ДАДАМНИ ЭСЛАТACИЗ . . .
26 views
06 May 2012 - 9:33

Муҳаммад Солиҳ, Номоз Нормўмин, Абдулла Абдуқодир, Тўлқин Қориев, Отаназар Орипов, Комолиддин Йўлдош ва барча зулмга қарши курашаётган азаматларга 9 май табриги.

Дадамнинг биографияси ўрнида унинг икки-уч сифати-ю ва фрондаги бир жанг воқеасини ҳикоя қилмоқчиман. .

Дадам Олий ўқув даргоҳида узоқ йиллар ишлаганига қарамай, бирор марта ҳам пора олишни қойиллатмаган “ношуд”лардан. Порахўрлигига аниқ ишонган кимсаларни башарасига тап тортмай “хали сен харомхўр ўзингни одамман деб юрибсанми” деганларини кўплардан эшитганман.

Ўта етимпарвар камбағалпарвар эди.

Фронт-жангда ҳам, ростгўйликда ҳам тиккасига кетараверадиганлар тоифасидан эди.

Майдакашлик ёт, кам гапириб чўрт кесадиган, залвардор овозли эди. (Баъзида арзирли ишим бўлмаса-да бирор нима баҳонасида М. Солиҳга телефон қилиб, унинг овозини эшитгим келади. Сабаб, отамни соғиниб қўмсаганимда, уни компенсация қиладиган товушга мухтож бўламан).

Дадамнинг фронтдаги жанг хотирасига келсак.

Бу хотира ҳикояни узоқ йиллар аввал автор яъни дадам номидан Ўзбекистон радиосида Қодир Махсумов ўқиб эшиттирганди :

“Мен шунча вақт ўқчи, артиллерист, миномётчи, ПТР(противотанковое ружье)чи, ниҳоят алоқачи сифатида жангларда қатнашиб, Одер плацдармидагидек беҳисоб “Ванюша”ларнинг “ҳангиллаганини” эшитмовдим. Унинг стволидан чиққан миналар бориб тушгач, ерни ларзага солиб беланчакдек тебратишини шахсан шу плацдармда бошдан кечирдим.

Тонгдаёқ жанг қизиди. Жанг бошлангандан ярим соат ўтмасдан линия симларига снаряд тушиб алоқа узилди. Мен алоқани улагани линияга чиққудек бўлсам, рота командирининг бир ўзи қолишига тўғри келарди, У фикримни уқди чоғи, старший лейтенант “сабр қил” дегандек бир қўлини силтагач, четга олиб қўйгани “тушонкани” очиб, нондан кесди, ” тамадди қилиб олайлик-чи, иккимиздан биримиз борамиз”деди. Мен турган жойда линияга чиқиш вазифасига у ўзини аралаштирганидан аввалига ажабландим, бунинг тагига етолмай, ҳижолат чекдим: ”Қизиқ, нега бунақа деди?”.

У шоша-пиша консервадан озроқ тотингач, банкани мен томонга сурди-да ва “комбатга учрайман” деганича, блиндаждан тез чиқди.

Орадан ярим соат ўтар-ўтмас, у қайтиб келди.

– Азизим, – деди у салмоқланиб, – алоқани тездан тиклаш зарур, линияга ўзинг боришингга тўғри келади, бошқа чорамиз йўқ, – гранатадан кўпроқ ол! – У чўнтакларидан иккита “лимонка” олиб, худди олма солгандек шинелим чўнтагига тиқди. Мен уни илгари бунчалик шашти паст кўрмагандим. Бир оғиз буйруғининг ўзи кифоя – шунга маҳтал эдим. Бироқ унинг нима сабабдан бундай қилганлиги сирини кейин ҳам билолмадим. Аммо унинг кўзларимга тик қарамай, ”бўпти, кетавер, телефонда ўзим навбатчилик қилиб тураман” деган юмшоқ сўзлари, хижолат тортгандек қиёфаси бир умрга эсимда муҳрланиб қолди.

Линия бутунлигидан бир чақиримча масофани югурганимча зумда босиб ўтдим. Яна бироз илгарилагандим, ўнг томондан траншея келиб қўшилди. Унинг тубидан ўтган икки жуфт кабель бизникига чирмашиб, қўшилиб, уч жуфт бўлди. Шу ерда линияни қўлимдаги телефонга ўтказдим. Старший лейтенант Олейник дарҳол жавоб қилди. Ўз линиямизни адаштирмаслик учун уни қўлтиғимдан ўтказиб олиб олға ғирилладим. Траншея ҳийла тор ва юзалигидан энгашиб юришга тўғри келди. Уч юз метрча юрилгач, ўнг томондан бошқа бир траншея келиб уланди. Ҳар бир траншеядан янги-янги кабель жуфтлари келиб қўшиларди. Бора-бора кабеллар кўпайиб, билакдек йўғонликда битта қилиб ўрилган сочдек кўк, қизил, қора, зангори рангдаги кабель-симлар калаваси орасидан ўзимизникини телефонга қайта-қайта ўтказиб аранг ажратардим. Бу ҳол олға силжишимни қийинлаштирди. Фашистлар бирор шарпа сездими, яқин атрофга устма-уст снаряд тушиб портлади, траншея четидан ичимга тупроқ тўкилди. Мунғайиб ўтирганимча соатимга қарасам, кечки бешдан ошинқирабди. Қиш кунлари – бир тутам, шошилиш керак, шу ўйда олға интилдим. Траншеяда мендан бошқа ҳеч ким йўқ. Аммо олға интилганим сари душман пулемётларининг оғир тариллаши зўрайди. Автоматларнинг “чакаги” очилгандан очилди, ёниб-ёритувчи ўқларнинг узун олов излари қалинлаша борди. Мина ва снарядларнинг атрофимда тупроқ шопириши кучайди.

Бир-бирига чирмашиб, чуваланиб кетган саноқсиз кабеллар орасидан ўзимизникини тополмай хит бўлиб турсам, орқадан одам шарпаси сезилди. Ҳар снаряд ёрилганида у гоҳ қозоқчалаб, гоҳ русчалаб сўкинар, ўзи билан ўзи сўзлашар оғзидан фашистнинг”арвайи” билан “шеше”си тушмасди. Уни яхши танирдим; у полкда кўпдан связной – чопар-алоқачи бўлиб жанг қиларди. Исми Султон. У мендан икки-уч ёш каттароқ бўлиб, бир биримизга дучор келганимизда “исдер жақсиме, ўзбек бабамдинг баласе?” деб қўярди. У “касбдош-мамандас”лигини пеш қилиб, ”мен авузде сен симде связь жеткизебиз” дея оғзини карракдек очиб ҳо-ҳоларди. У ҳозир ҳам одатича ҳол-аҳвол сўради-да, шошилганича, тор траншеяда мени четлаб туришга ундади. Унга “арава йўл” беришга улгурмасимдан траншея ёқасига гурсиллаб мина тушди ва даҳшатли портлади, жон ҳолатда иккимиз тор траншея тубида оёқларимизни қарама-қарши томонга узатиб, бошларимиз бир-бирига теккан куйи ерга қапишиб ётиб олдик. Устларимизга қор, тупроқ аралаш “сочқи” дув сочилди. Ердан бош кўтариб бир-биримизга тикилдик. Ҳазилвон, хушчақчақ табиат шу қозоқ йигити ётган ерида қийиқ кўзларини жовдиратиб гап қотди :

– Маған тийдиме, саған?

– Қон чиққани йўқ, жонимиз жойида, – жавоб бердим.

– Ўлай бўсе, кўкесиникине кетте, – У бир жилмайди-да қоқиниб суриниб, ўрнидан ярим турди, кабелларни титкилаб овора бўлаётганимни кўриб, ”ўси симингден овзим шаққан” деди-да, ўзига ўзи русчалаб жиддий қиёфада буйруқ берди:

– Красноармеец Султан, вперёд на врага! – у энгашганича чопа кетди.

Тимирскилана-тимирскилана ўз линиямизни топиб, Қумондонлик Пункти билан гаплашдим, алоқа изга тушмабди.

Старший лейтенант линияга тез-тез уланиб туришни тайинлади. ”Яхши” дедим-у, автоматимни қўлимга олиб, телефон аппаратини елкамга осганимча қозоқ йигити кетган томонга жилдим. Дарё ирмоқлари бош ўзанга қўшилгани каби йўл-йўлакай туташувчи кабеллар ўрими, йўғонлашган сайин юриш, хабарлашиш қийинлашди. Траншея илон изи бўлиб кетган жойдан ўтиб, тўғрига чиқдим-у кабелни адаштирдим. Уни бир даста кабеллар орасидан топгунимча кечки изғирин турди. Шу алпозда яна ярим чақиримча олға юрдим. Қўққисдан траншея тугаб, кафтдек ялангликка келиб қолдим. Окопдан чиқиш учун ердан зиначалар ўйилган. Зиначаларнинг энг юқорисида маррада югуришга чоғланиб турган енгил атлетикачидек чўккалаганича олға сал энгашган кўйи қотиб турган бояги қозоқ йигитига кўзим тушди. У ўнг оёғида тиззалаган, чап тиззаси қорнига букилган, карабиннинг милидан ҳассага ўхшатиб икки қўллаб ушлаганча турарди. Аввалига шундай ҳавфли вазиятда у “артистлик” қилаётганмикин деган ўйда жаҳлим чиқди. Бунчалик узоқ турганини ўйлаб синчиклаб қарадим. Султоннинг рапидасимон думалоқ юзи ҳиссиз, кўзлари очиқ, нурсиз – у аллақачон жонсиз ҳайкалга айланган эди.

Султоннинг фожеасидан билдим-ки, душман шу очиқ жойни тинимсиз кузатмоқда, ўлжаси йўлида писиб ётган йиртқичдек жангчиларимиз ўтишини пойлаб ётибди. Ёв отаётган снаряд ва миналарнинг кўпи шу атрофга қадалиб, осколкалар бодроқдек теваракка визиллаб сочиларди. Бирдан олисда, ёв томонда “Ванюша” хунук ғийқиллади. Миналар лаҳзада атрофимга тушиб, гумбира-гумбир ёрилди. Ер шу қадар титради-ки ўзимни беланчакда тебрангандек ҳис этдим.

Портлашлар шу даражага етдики, назаримда майда-майда бўлиб тупроққа аралашиб кетадигандекман. ўзимга далда бериб, ичимда “ҳозир ўтиб кетади, ҳозир” дердим. Бироз ўнгланиб олиб, А. Макаренкога тегишли, капитан Розенков кўп такрорлайдиган сўзларни кўнглимдан қайта-қайта ўтказдим :”Ҳеч нарсадан қўрқмайдиган киши жасур эмас, балки ўзининг қўрқинч ҳисларини боса оладиган киши мард”.

Урушда шу нарса аёнки, ҳар қайси тараф ҳам биринчи навбатда йирик, кўзга дол ташланиб турувчи нишонга ўч бўлади. Жасади нишон бўлган жангчининг шинели этагидан тортиб уни пастга туширдим. Бундан икки соатча илгари ҳаёт ишқи билан қалби ёнган, хушчақчақ, қўрқув нималигини билмаган вужудни окоп деворига суяб, ялангликдан чопиб ўтиш ниятида траншея қазилмаган, жангчиларимиз йўлида тузоққа айланган жойни кўздан кечирдим: бор-йўғи ўн беш-йигирма қадамча траншея қазилмаган оралиқ, танк машиналаримиз ўтиши учун “кўприк” ўрнида қолдирилган бўлиши мумкин. Яланглик снарядлар ёрила берганидан тўнғиз кавлагандек ўйдим чуқур бўлиб кетганди. Сўл тарафда нарироқда пастак ва қалин буталар бошланган. ”Ийе, анави мук тушганича тўмпайиб ётган Володя Горбенкоми, худди ўзи”. Юрагим жазиллаб кетди.

Атрофга илк оқшом пардаси – ним қоронғилик чўкиши билан чап томондаги ўрмонли тепалик баттар совуқ тус олди.

Ўрмон четидан чиқиб, кабелни ушлаганимча юз метрча юргандим, торроқ арава йўл устидан чиқдим. Кабель мени шу йўлнинг чап томонидаги ариқсимон чуқурлик ичидан тўғрига олиб кетди. Ярим чақиримча нарига боргач, кабель ўнг томонга кўприк тагига кескин бурилди. Ажабландим;одатда алоқачилар симни бундай кескин буриладиган тарзда тортишмасди. Бирор нарса илаштириб кетдимикин, деган ҳаёлга ҳам бордим. Тез ҳаракат қилиш керак. Шу ўй билан кабелни варрак ипига ўхшатиб “соғдим”. Озроқ “соғилгач”, кабель таранг тортилиб қолди – яқин орада бирон нарсага ўралиб қолгандек туюлди. Пистолетимни қўлга олдим-да, кўприк тагидан энгашиб ўтиб, кабелни ушлаганча юра бошладим. Бироз юргандим, нарироқда қорайиб турган бир тўп буталарга кўзим тушди. Яқинлашсам. симнинг учи ўралашиб чирмашиб ётибди. Шоша-пиша кабелни тортиб изимга қайтдим. Кабелнинг учини илгариги йўналиш бўйлаб тўғрига, етган жойигача тортиб бордим-да, телефон аппаратини қор устида қолдириб, симнинг нариги учини ахтара бошладим. Атрофга зир югураман, кошкийди кабелнинг иккинчи учи топила қолса – ерда ҳам, кўкда ҳам йўқ. Наилож орқага, телефон аппаратини қолдирган еримга қайтдим. Ҳар эҳтимолга қарши пистолетимни қор устига, ёнимга қўйдим. Кабелнинг бир учини телефон аппаратига ўтказдим. Трубкани қулоғимга теккизмасимданоқ телефон “биғғғ-биғғғ”лаб, кетма-кет “алло-алло” деган овоз эшитилди.

– Алло, старший лейтенант ? – тасдиқ жавобини эшитдим, – линиянинг нариги учи йўқ, тўғрига тортилганмиди, ёки. . . – гапим оғзимда қолди, трубкани қулоғимга тутиб турган ўнг кафтим орқасига бир нима қарс этиб тегди. Трубка шу ондаёқ нарига отилиб тушди, кўзларимдан олов чиқиб кетди, қўққисдан тушган зарбадан гарангсиб қолдим, Қандайдир махлуқ товушсиз устимдан босиб тушди. Душман қўлига тушганлигимга ишончим комил эди. Хавотирлик аралиш ички бир даъват мени олишувга, ёвга зарба беришга ундади. Тиззаларимга қаттиқ тиралганимча, запт билан бир интилиб ўнг томонга бурилдим, яна бир чираниб чалқанча ағдарилдим, фашист бутун гавдаси билан босиб олди. Фашист икки билагимдан ушлаб мени қорга босганича энтикиб ҳансирар, хийла семизлигиданми илондек вишилларди, аммо чурқ этмасди, унинг қуроли ҳам кўринмайди. У дам ўтмай қўлимни букиб олди. Кейин чап қўлимни қайириб олиш пайига тушди. Шунда у мени асир – “тил” қилиб олмоқчи, акс холда аллақачон саранжомлаши мумкин эди, деган хаёлга келдим. Олишув чоғида унинг эътибори кўпроқ ўнг қўлимда, пистолетим ғилофи осиғлиқ томондалигини фаҳмлаб қолдим. Негаки, у чап тиззаси билан пистолетим ғилофини босиб, ора-чора теваракка аланг-жаланг кўз ташларди. Бир-икки интилиб кўрдим, кучим етмади. Буни қаранг-ки шу онда этигим қўнжидаги кескир дамли ханжарчам ёдимга тушиб, вужудимга куч қуйилди. Жон-жахдим билан фашист чангалидан чиқиш илинжида чап қўлимни сал бўшатишга, қўнжимдан яроғни олишга жазм қилдим. Ғанимим кутилмаганда тиззалаб олиб мени қор узра пастга, оёқ томонга икки қўлимдан босиб ушлаб, ”чана қилиб” судрай бошлади. Этигим қўнжидаги яроққа қўлим тегиб турибдию, уни олиш иложини қилолмаётибман. Энди фашистни чалғитиш, чапақай бўлганимдан қўлимни эркинроқ ҳаракат қиладиган имкониятга эришишим қолди. Шу ниятда ғанимим ушлаб босиб турган ўнг қўлимни кўпроқ ҳаракатлантириш, уни пистолетим ғилофи томон яқинлаштириш, бу билан душманни чалғитиш пайига тушдим. ”Шум” ниятимдан хавотирланган фашист ўнг қўлим билан кўпроқ андармон бўла бошлади. Амаллаб чап қўлим бармоқларини этигим қўнжига, унинг ичидаги ханжарчамнинг бўғим-бўғим сопига етказдим. Жон-жаҳдим билан бир силтаб тортиб ўнг қўлимни фашист исканжасидан бўшатдим. У жон ҳолатда мушукдек сапчиб икки қўли билан ўнг қўлимни қайириб қорним устига букди. Лаҳзалик фурсатда эркинроқ қолган чап қўлим билан ханжарчани олдим-у унинг ўткир учини фашистнинг орқасидан ўнг биқинига тираб ўзим томонга, пастга қараб куч билан тортдим!Фашист шу ондаёқ шалвиради. Қўлим, кийим-бошим душман қонига белана бошлади, силтаниб фашистни устимдан қорга ағдаргач, ўрнимдан турдим, энтикканимча, , шимимнинг ўнг чўнтагидаги ўлжа “парабеллум”ни олиб олти ўқнинг ҳаммасини инграб ётган фашистнинг кўксига бирма-бир қададим. Терлаб пишиб, тилим оғзимга тиқилар даражада атрофга қарашга ҳам мажолим келмай, қор устига беҳол чўкдим : чапақай бўлганим яхши кор қилди. Болалигимда ўртоқларим мени “чап қўл чақмоқ, сочлари пахмоқ, Чап қўлда ёзган ахмоқ” деб жиғимга тегишарди. Шунда онам мени чапақай қилганидан афсусланардим. Бу олишувда эса. . .

Бу хотирани ёдга олишимдан мақсад : хали юртимизда қонхўр мустабид хукмрон экан, уни яксон қилувчи ўтюраклар фақат сиз кабилар бўлиши мумкин. Яхшими ёмонми умримизнинг кўп қисми шўро хукумати замонида ўтди. Ёдга олишга арзигулик ҳаётимизнинг кўп лаҳзаларини истаймизми йўқми хотирамиздан ўчира олмаймиз ва буни истамаймиз ҳам. Агар-ки сиз азаматлар миллат учун эътиқод учун қон тўкишга тўғри келганида сиз ҳам дадамлардан ортда қолмаган бўлардинглар. Бунга шубхам йўқ. Сиз кабилар бор экан, демак мардлик, ўтюраклик иммунитети миллатимизни тарк этмайди. Ҳа, фақат сиз каби инсонлар дадам ҳақдаги ҳотираларимни ёдлатиб турасиз.

Дўстлар ҳеч қачон тушкунликка берилманг. Бизнинг кўчада ҳам байрам бўлажак. Ғалаба ҳали олдинда. Пайти келар, биз ҳам зулмдан қутулган кунни “умуммиллат ғалаба куни” деб эълон қилармиз.

Ғалаба баҳори қутлуғ бўлсин. . .

 

 Мардумий.