СУИҚАСД ҚИССАСИ

СУИҚАСД ҚИССАСИ
49 views
14 May 2012 - 10:23

Бу воқеа ўтган асрнинг 50-йилларида содир бўлган. Уни менга сўзлаб берган одам ўшанда 10-11 ёшли бола экан. раис тўй қилганида тўйга хани-хуни машшоқлар айтилмабди. Дурустгина овози бор, анчайин ном қозонган санъаткор таклиф этилибди. У қўшни туманлик бўлиб, олиб келингунча анча-мунча танишлар ишга солинганди.
Қисқача воқеа шундай кечган.

Раис ёлғиз ўғлини уйлаётганди. Довруғли тўй қилмоқчи бўлди. Тўйга “казо-казо” ларни айттирди қўш-қўш отлар сўйдириб, қази-қарталар қилдирди. Мақсади ном чиқариш, бир ўзини кўрсатиб қўйиш, одамларнинг анчагача тўй тафсилотларини мақтаб-мақтаб сўзлашларини эшитиш эди.
Пул ҳар нарсага қодир дейдилар аямай сарфлаб, раис тўй харажатларини тахт қилди. Энди санъаткорларнинг “зўри” айтилса бўлгани. Шу масалада яқинларига маслаҳат солган, улар қўшни тумандаги машхур ҳофизни тавсия этишди.

-Жуда манзурнафас ҳофиз, нафақат қишлоқ, туманларга номи кетган, олис вилоят, қўшни шаҳарларга ҳам тўйга олиб кетишади уни. Ўшани айттирсангиз, тўйингиз жа-а оғизга тушади-да …

дейишди

-Ҳа, орзулаб тўй қилгач, оғизда қолсинда,

деди раис кибрланиб.

Бўпти, ҳофизни олиб келишни мана, бизга қўйиб беринг раис ака,

дейишди 3-4 та югурдаклари унга яхши кўриниш учун.

Хуллас, тўй раис кутганидан 10 чандон “зўр” ўтди. Бутун қишлоқ кўчиб келгандек гўё. Ёш болалар толарга, дарахт тепаларига чиқиб томоша қилишди. Ўзиям ярим кечагача шинавандаларнинг олқишларнинг қий-чувлари тинмади-ю…

Тўй тарқаб, ҳофизлар кетишга чоғланишди. Раиснинг ваъдаси уларни уйига элтиб қўйиш эди. Лекин у лафзини бузди.

-Бугун қоласизлар, хофиз ака,

деди ялтоқланиб.

-Алоҳида ош буюриб қўйганман, белгиланган одамлар билан бироз ўтирамиз.
-Йўқ раҳмат ука,

деди хофиз узр айтиб.

-меҳмондорчилик шунчалик бўлар, жуда чиройли ўтди. Энди бизга рухсат, эсон-омон уйимизга бориб олайлик…

-Ахир мен сизлар билан оқибат чой ичмоқчи бўляпман. Раъйимни қайтармасангиз керак…

-Оқибат чойини бошқа сафар ичамиз. Яна тўйларингизда хизмат қилайлик. Лекин бугунгиси етарли,

деди ҳофиз астойдил кетишга изн сўраб.

-бўпти, бўпти кетасизлар, ҳалиям ётиб қоласизлар демаяпман. Фақар бир чўқимгина ош… мустар бўлмасин ака. Йўқ деманг, энди…

-майли бир зумгина ўтирамиз холос. Ортиқ зўрламайсиз,

деди хофиз барибир тўйхонадан осонликча чиқиб кетолмаслигини фахмлаб.

Улар ҳозирлаб қўйилган хонадонга киришди. Тайёргарлик бўлакча экан… улар нафақат бир чўқим ош, балки турли хил таомлар, ичимликлар билан сийланишди.

Аммо бу эъзоз қимматга тушди. Оқибат чойи тонг саҳаргача давом этди. Ҳофиз қайта-қайта қўшиқ айтди, улама соч тақиб олган раққаса (аслида у эркак киши бўлиб, у вақтларда шунақангилар ўйнардилар) роса ўйинга тушди. Тор доирадаги бу даврада ҳар хил нарса истеъмол қилинди. Пишган гўшту қази-қарта, нақд илик ёғига дамланган паловхонтўра-ю, шўрва.

Шу орада манзурнафас хофиз учун махсус таом келтирилиб, унга заҳар солинганлиги бировнинг хаёлига келмаганди. Афсус, ҳамманинг кайфи чоғ пайтда, барча олқиш-у-хушомадлар ҳофизга бўлаётган дамда у қасд қурбонига айланди. Буни биров пайқамади ҳам…
Бироздан сўнг ҳофиз нафаси бўғилаётанини айтиб, ташқарига чиқмоқчи бўлди. Гандираклаб, аранг остонага етиб борди. Кейин кўнгли бехузур бўла бошлади. Унга коса тутишди, қон туфлади.

Тонг бўзариб отган маҳал меҳмоннинг жони узилди. У кучала мисол қовжираб қолди. Афти худди кўмирдай қорайиб кетди. Буни ўшанда 10-11 ёшларда бўлган Восилжон (уни шартли шундай атадик) ўз кўзи билан кўрди. Эрталаб ҳофизни тобутга солиб, аравада қишлоғига олиб кетишаётганда ҳамма қатори Восилжон ҳам томошага чиққанди. Ўшанда кўриб:

-Ву-уй, қорайиб кетибди-а?

деганда ёш болага хос ажабланиш билан.

Ҳофизга дори берилганлар аниқланмади. Эл кўзига 5-6 кишини терговга чақириб юришди. Кейин ҳаммаси тинчиди.
“Қизиқ, нохот шундай жиноят очилмай қолиб кетаверса?! Разолат ботқоғига ботганлар, бегунох бир мўминнинг умрига завол бўлганлар топилмаса!…
Жиноятни кимдир содир этган, шу жирканч ишни бир нобакор бажарганку.. ”
деб юришди анчагача қишлоқ ахли.

Дарвоқеа, жиноят ўз-ўзидан содир бўлмайди. Уни кимдир ўйлаб топади ва кимнингдир қўли билан амалга оширилади. Ҳофизни ўлдирганлар у каби овозга эга эмас ва шунингдек, машхур бўлолмаган машшоқчи (кичикроқ санъаткор) дир ё унинг бойлигига кўз тиккан ўғридир. Ёхуд душманга ёлланган бир ношуд кимсадир. Халқ орасида шунақанги тахминлар кўп бўлди. Айбдор битта-ю, гумондор мингта эди.
Орадан 20 йил ўтди ва 70-йилларнинг боши эди. Оғир хасталикка чалинган Бегижон жарчи (у қишлоқ одамларини тўй-маъракаларга чорловчи бўлган) Султон домла (ҳурмат юзасидан маҳалла уни шундай дерди) ни чақиртирди (исмлар шартли шундай аталди). Бу иккови калхозда бирга ишлашар, давраларда ёнма-ён юришар, бир-бирига анча синашта эдилар.

-Султонали, кел биродар, бормисан?

деди йиғламсираб Бегижон жарчи хаста товушда.

-Ўзим чақиртирмасам, келиб кўрай ҳам деймайсан…

-Тузукмисан ўзинг? Шунча келаман дейман, иш ўлгур кўпайиб…

-Иш…иш… Тугармиди бу иш, оғайни. Ишни биз қилдик, бировларга югурдак хам бўлдик. Мана охири!

-Энди…энди… Сал оёққа турай деб қолдингми?

Гапни айлантирди Султонали.

-Мен энди оёққа туриб бўлдим. Бу дард менинг умримга тикилган, олиб кетади. Агар билсанг энди, қачондан бери жон беролмайман…

-Қўй-е, ундай дема,

овутади Султонали.

-Жоним қийналяпти, жўра,

йиғлайди Бегижон.
-Худо менинг жонимни қийнаб олмоқчи биламан бежиз азобланмаяпман. Қилмишларимга яраша у дунёда тортадиган азобларимни бу дунёдаёқ кўрсатяпти, Аллоҳ…ҳа менинг гуноҳларим кўп. Мен катта бир қабиҳ иш қилганман…

-Дўстим, хаёлотда ҳар хил гаплар келяпти тилингга, кўп ўзингни уринтирма.

-Эсиндами, раиснинг тўйида ҳофизга дори бериб қўйишган?

-Ё, алҳазар!

-деб юборди Султоали ранги ҳам қув ўчиб кетди.

-Ўшанда…ўшанда бу ишни менга қилдиришган. Фақат кимлар деб сўрама, мендан дўстим.

-Нега ахир…

-Йўқ, сўрама, бажардимми, демак уни мен заҳарлаган бўламан. Ҳофизнинг қон туфлашига ва ҳаётдан бевақт узилишига мен сабабчиман…

-Бегижон, нима учун энди айтяпсан бу гапни. Ўшада жиноятчи топилмаган эди…

-Чунки мен аблаҳман-да. Унда жон ширин туюлган. Жондан ҳам ўша нобакорларга содиқлигим устун эди…

-Сенга айтаётганим сабабини кўриб турибсан, жон беролмай қийналяпман. Сирни айтдим, энди шояд худойим менга енгиллик берса.

-Яна бир сабаби бор,

Бегижон хийла дадилланиб борарди.

-Сен сир сақлай оласан, шунинг учун айтяпман.
“Маълум, яна сир сақланишини хоҳлайдия”, хаёлидан кечди Султоналининг.
Ранги ҳамон ўчган, каловланарди.

-Майли, сирни очарсан ҳам, фақат кейинроқ, мен ўлганимдан сўнг оч,

деди Бегижон дўстининг кўнглини сезгандай.

Шу суҳбатдан кейин анча йиллар ўтиб, Султонали бу гапни дуч келган кишига эмас, фақат ўз фарзанларига (ўшанда ҳам ўғилларга холос) айтди.

-Буни менга Бегижон ҳаммага билдир, кўз-кўз қил, деб эмас, разиллик, қабохатнинг умри қисқа эканини ва унга қўл урган киши, шубҳасиз, Аллоҳ қаҳрига учрашини билдириш учун айтган. Болаларим, шу воқеа сизларга сабоқ бўлсин. Агар Аллоҳ розилигига эришаман десанглар, асло қабоҳатга йўл қўйманглар. Бегижон жарчи бировнинг буюртмасини бажариб, чакана азоб тортдими? Асли уни ўйлаб топган ва уни ўзгалар қўли билан бажартирганларнинг ҳоли нима кечдийкин? Аниқки, улар ҳам Бегижондан ортиқроқ даражада азоб-уқубатга маҳкумдирлар.

Тасидан бу воқеа тафсилотини эшитган Восилжон ҳозир 60 ёшдан ўтиб қолди. Турли давлат юмушларини бажарди ва айни пайтда ҳам юрт ишига фидойи бўлиб юрибди. Унинг айтишича, болалигида содир бўлган ҳофиз воқеаси кейинги 10-15 йил ичида бир неча бор такрорланибди.

Қишлоқдан етишиб чиққан яхшигина муҳандис йигит номзоди катта вазифага тавсия этилгач, ўрнини оламан деган баттоллар қурбони бўлди.

Вилоятда кўзга кўриниб қолган ажойиб олим-агроном, ҳам спортчи йигит-чи… у эндигина ўсаётган ёш кадр эди. Айтишларича, у ҳам катта, нуфузли вазифага “кўтарилаётган” экан. Нима бўлибди-ю, ҳам оғзидан, ҳам …кетиш натижасида (оғринмай-нетмай) ўлиб кетди, унинг шифокор опалари куйик ўтида ўлим тафсилотини яхши англаб етишмаган экан. Кейин тушуниб етишса, укаларининг жонига қасд қилинган экан.

Бу дунё шунақа бевафо шунида айримлар бир-бирига қизғанишади. Амал, мансаб, маротаба талашишиб (ҳозирги кунда)эса кўпроқ пул талашиб бир-бирларининг кўзига чўп суқишмоқда. Улар билишармикин, пинҳон иш қилсалар, яшириниб юрсалар-да, алал-оқибат жазосиз қолмасликларини.

Ана шундайларга қарата “Эй, ғофил банда! Кўзингни оч! Сен ахир бандасан холос. Гарчи ҳозир худбинсан, ўғри, каззобсан. Ёхуд кимгадир ўзингни душман санайман. Аммо билгин, асло яратгандан зўр эмассан! Аллоҳ олдида бир кун ҳисоб беришинг бор…”
-дегин келади.
Таъкидлаб нима қилдик, ҳикоямизнинг ўзи уларга сабоқ бўлар…

Малҳам ҳалқ табобат маркази раҳбари
Абдуқодир Нурмухаммад ўғли Саттаров
+998-74-998-5-998
Матн терувчи: Исмоилова Гавҳарой.