Қотилнинг ёрдамчилари бор

Қотилнинг ёрдамчилари бор
44 views
14 May 2012 - 11:23

Таниқли ўзбек имом Обид қори Назаров Швециянинг Стромсунд шаҳрида, ўз уйи олдида отиб кетилганига сал кам уч ой бўлаяпти. Аммо қотил ҳам, унга буюртма берганлар ҳам топилмаяпти. Қотиллик юзасида швед матбуоти ҳам мақолалар ёритмоқда.  Қуйида 12 май куни  Östersund Posten газетасида эълон қилинган мақолалардан бирининг  ўзбекча таржимасини эътиборингизга ҳавола этамиз. 

op.se/lanet

 Полиция жойидан қўзғалгунича,   кўчанинг нариги тарафида қон излари  тозаланди

Шу йилнинг қиш фаслида ўзбек имоми Обидхон қори Назаров яшаб турган уйи ташқарисида  отиб кетилди ва Струмсонднинг Тингвалла (Tingvalla) мавзесини қўрқинч тўлкинлари қамраб олди. ÖP ( Östersund Posten) бу воқеа юз бергандан сўнг кўп кишилар билан ҳодиса  рўй берган жойда одамлар билан мулоқотда бўлди. Уларнинг ҳикоялари ва полициянинг жамоатчиликка ошкор қилган маълумотларини  тинглаб ҳаммасини бир жойга тўплар экансиз, Струмсунддек сокин жойда  бу халқаро террор қандай юз бергани ҳакида тасаввур пайдо бўлади.

Февраль ойининг бошларида шарқий Европадан учиб келган  самолёт Швеция аэропортларидан бирига қўнади. Йўловчилардан бири махсус топшириқга эга. У божхона назоратидан ўтганидан сўнг тўғри машина ижара берадиган фирмалардан бирига бориб, ижарага машина олади ва  Е4 автомагистралида ўзига белгиланган йўналиш бўйича шимол томон ҳаракатланади.

Бир кеча-кундуздан кейин у Струмсундга бориб Тингвалла аҳоли яшаш пунктидаги машиналар тўхташ жойига бурилади. Бу ҳудудда, Лагман (Lagmansgatan) кўчасидаги коммунал ижара уйларидаги хонадонлардан бирида унинг қурбони, ўзбек режими танқидчиси, Ўзбекистон ҳукумати томонидан қидирилаётган ва Ўрта Осиё мусулмонларнинг пешқадам лидерларидан бири бўлган Обид қори Назаров яшайди.

Бу номаълум шахс зиммасига юкланган топшириқни бажаришга киришади. У ўзини билдирмай ҳаракат килади, аммо ўлим таҳдидлари ва тазъйиқлардан қочган ўзбеклар бунга эътибор беришади. Улар шведлар кўра олмаётган аломатларни кўра олишганди.

Бу одамни  кейинги ҳафталарда қишлоқнинг турли гўшаларда кўриш мумкин бўлади. У бир кун ижарага олинган машинаси билан Ваттудал (Vattudalsskolan) мактабининг машина тўхташ жойида пайдо бўлди ва  ўзини газета ўкиётгандек кўрсатиб, атрофга олазарак қарарди. Бу вақтда Обидхон Назаров мактабда эди ва ўкитувчилик учун практика машғулотларида иштирок  этаётганди.

Бошқа куни у Лагман кўчаси атрофида айланиб юрди. ”У оёғини чалиштириб узоқ вақт боғда ўтирар ва атрофга қарарди. Бу ғайриоддий ҳол эди”.

Бир неча гувоҳлар машина русуми ва бу одамнинг юз тузилишини эслайди: ” Европалик, аммо швед эмас, болтиқбўйилик бўлиши мумкин”, – гумонга боради улар.

Ўзбеклар ўзларининг кузатувларини бир-бирлари билан ўртоклашадилар, аммо полицияга мурожаат этмайдилар.

”Умуман олиб караганда,  мен  уни жудаям  ажиб одам экан деган қарорга келдим”, – дейди ўзбеклардан бири. Энди у кўрган нарсаларига қўл силтагани учун ўзини ўзи лаънатлайди.

“Биз ғафлатда қолдик. Бепарво бўлиб қолган эканмиз. Ўзбекистонда биз жуда сергак эдик. Швецияда бунақа ҳодиса рўй беради деб хеч ҳам ўйламаган эдик”.

Аммо Обид қори Назаров  ҳатто Стромсундда ҳам ўзини хавфсиз деб ҳис қилгани йўқ. ”У камдан кам ҳолда ёлғиз ўзи ташкарига чиқар эди”, – дейди унинг дўстларидан бири.

Назаров 1990 йилларнинг охирларидан Ўзбекистон режими дастидан қочкинликда яшар эди. Ўтган йилнинг куз фаслида унга ва бошқа режим танқидчиларига таҳдид кучайгани билинди. Чунки муҳожиратда яшаётган ўзбеклар  ягона  мухолиф харакатда бирлашишаётганди. Сентябр ойида  Россиянинг Иваново шаҳрида  ҳаракат фаолларидан бири, ҳамда маҳаллий масжид имоми бўлган шахс уйи олдида ўлдириб кетилди. Барча гумонлар ўзбек миллий хавфсизлик хизматига қаратилди.

Назаров ҳаёти хавф остида эканини ҳис қилиши лозим эди. Унинг дўстларига кўра, сўнги  пайтларда  у ҳам  сохта хавфсизликга ишонган эди.

“Охирги пайтларда у киши ёлғиз ташқарида юрадиган бўлиб қолганди”, –  дейди унинг  дўстлардан бири.

Обид қори Назаров 22 февраль кунининг ўртасида  масжидга  боришга шайланди. У пешин намозига имомлик қилиш учун кийиладиган бош кийимини кияётган пайт жиноятчи уни поъезд зинапоясида кутаётганди. Аниқроғи, қоронғу ва тор ертўлага борадиган зинапояда ертўла йўлагига ўтиладиган темир эшиги ёнида эди у.

Назаров уйининг эшигини ёпиб зиналардан тушиб кетаётган пайтда жиноятчи уни орқа томондан  отади. Қуролнинг  товуш пасайтирадиган мосламаси бор эди ва қулоққа фақат гурс этиб биров зинада йиқилгандек овоз эшитилади.

Жиноятчи ертўладан чопиб ўтиб, ўша уйнинг бошқа эшиги орқали ташқарига чиқади. У қадамини секинлаштириб, елкасидаги руюгзагини қуроли билан биргаликда ташлайди ва машинасига ўтириб, ҳудудни тарк этади.

Бу орада тушликдан қайтаётган қарияларга ёрдам берувчи ижтимоий кўмак ишчилари ва бир қўшни болакай подъездга киришади. Улар ерда конга беланиб ётган ва бошининг оркасида кучли қон оқаётган Назаровга дуч келишади.

Социал ишчилари у кишини йиқилиб бошини зиналарга ёки уйларни исситиш мосламасига уриб олган деб ўйлашади ва биринчи ёрдам кўрсатиб тез ёрдамга хабар қилишади. Зеро куппа – кундузи унга ҳужум қилинганлиги ҳақиқатга мос келмаётганди ҳам.

Назаровнинг ватандошлари нима бўлганлигини дарҳол пайқайдилар. Улардан бири ҳикоя килади:

“У кишини биринчи кўрган болакай йиқилган ва кўп қон кетаяпти деб бақирди. Мен борган заҳотиёқ нима воқеа рўй берганини тушуниб етдим. У ерда жуда кўп қон кетганди. Мен дарров тушундимки, кимдир уни ўлдиришга ҳаракат қилган”.

У икки нафар дўстлари билан кўчанинг бошқа томонида жойлашган полиция бўлимига югуриб боришади:

“Биз полиция регистратурасида  нима воқелик ҳақида айтмоқчилигимизни тушунтирдик.  Бундан сўнг 4-5 минут кутиб турдик ва иккита полиция ходими билан учрашиб воқеа юзасидан маълумот бердик ва гумонларимизни ҳам билдириб ўтдик. Улар биз айтган гапларни бир қоғазда ёзиб олишди ва бизнинг исм-фамилияларимиз, ҳамда мобил телефон рақамларимизни ёзиб олишди. Кейин ташкарига чикдик”.

Бу маълумотларни полиция қанчалик текширди, бу албатта номаълум. Аммо, агар бошқа томондан қарайдиган бўлсак, улар  бир кексароқ  эркакнинг  зинапоялардан тушиши каби  бахтсиз ҳодиса деган маълумот олган бўлса, улар шу билан кифояланишди.

Вақт ўтарди.  30 минут, 45 минут, бир соат. Маълумотлар ўзгарар. Бу вақт ичида воқеа гувоҳлари бу бир бахтсизлик ҳодисаси деб ўйлайдилар. Чиройли калибирлик қуролдан отилдан ўқ жойи қулоқнинг ортидан кўринмасди.  Ҳеч ким ҳақиқатда нима бўлганлигини тушуниб етмасди.

Лагман кўчасидаги жиноят содир этилган жой, жиноят жойи сифатида кўриб чиқилмайди. Подъезд тўсиб олинмайди. Жиноятчининг изи кўпгина одамларнинг бу ерга кириб чиқиши натижасида йўқ бўлиб кетади. Ердаги қонлар қирилиб, спиртли ювиш воситаси билан тозаланади.

Аммо тўсатдан воқеалар, тўлиғича бошқача тус ола бошлайди. Ўзбеклардан бири уйнинг ёнидаги машина тўхташ жойидан руюгзак ва қурол топиб олганди. Энди полиция ходимлари ҳам воқеани тушуниб етадилар. Улар полиция бўлимида ўзбеклар томонидан берилган маълумот ва бу топилган қурол, буларнинг ҳамасини бирлаштириб бир қарорга келадилар. Яъни бу ерда жуда ҳам жиддий жиноят содир этилганлигига амин бўладилар. Улар энди имомга биров томонидан суиқасд қилинган деган версия билан иш  бошладилар.

Вокеа руй берганидан икки соат ўтган бўлса ҳам Назаровнинг отилганлиги ҳақида тиббиёт ходимлари томонидан тасдикловчи хабар келмайди. Соат 13.40 да полиция бир сайтда кичик  бир хабар қўядики, унинг маъносидан иккиланиш нафаси сезилиб турарди. Хабарда гап “жароҳат олган бир киши” ҳақида,”жароҳат туғрисидаги ноаниқлик ҳолати” ва  воқеага яқин жойда “револьверга ўхшаган предмет” топилганлиги ҳақида борарди.

Тингвалланинг катта қисми тўсилиб, ўраб олинади. Ҳодиса жойига техниклар чақиртирилиб ўша атрофда яшовчиларнинг уйига бирма бир кириб чиқилади. Аммо бу тусиқ деворлари ва ўраб олинишлар бефойда эди. Жиноятчи бир соат олдин қочиб улгурганди.

Бундан кейин нима бўлди, буни фақат полиция билади. Икки ярим ойдан бери интенсив равишда текширув ишлари олиб бормоқда. Полиция  Стромсунд мавзеида ўрнатилган кузатув камераларининг тасвирлари, автомобилга ёқилғи қуйиш шохобчалари ва жиноятчининг кочиб кетиш эҳтимоли бўлган жойлар тасвирини  тўплади. Шу билан бирга гувоҳлардан  ҳодиса ҳақидаги 300 дан ортиқ маълумотлар йиғиб олинди ва тергов қилинди.

Охирги маълумотларга қараганда  Назаров ҳали ҳам Остерсунд касалхонасида кома ҳолатида ётибди.

Назаровнинг тарафдорлари бир фикрда собитдирлар: Уларнинг раҳбари ўзбек миллий хавфсизлик хизмати томонидан юборилган ёлланма қотил томонидан отилган!

 

Швед тилидан Тўлқин  Караев таржимаси