Имомга суиқасд қилган жиноятчининг шахси аниқланган

Имомга суиқасд қилган жиноятчининг шахси аниқланган
65 views
18 May 2012 - 17:53

Куни кеча Стромсундда яшаб келаётган таниқли ўзбек имомига суиқасд қилган киллерга ёрдам берганликда гумонланаётган икки нафар 30 ёшлик ўзбекистонликларнинг қўлга олинганликлари ва бугун уларнинг қамоққа олинганликлари ҳақида хабарлар тарқалди. Ўзбекистонлик икки талаба деб аталаётганлар Швециянинг Мальмо шаҳрида ҳибсга олишганди.

Полиция томони бераётган маълумотларга кўра, исми келтирилмаётган аёл Швецияда яшаш ҳуқуқига эга, аммо у билан бирга бўлган эркакнинг нима қилиши ҳозирда маълум эмас.

Тергов гуруҳи раҳбари Кристер Петерссоннинг айтаётганига кўра, улар жиноятчига Обид қори Назаровга суиқасд уюштирилгунигача ва ундан кейин ҳам кўмак бериб келишган.

“Улар айнан қандай ёрдам берганликларини ҳозирча айта олмайман, лекин уларнинг Стромсундда бўлганликлари борасида ҳам бирор маълумот йўқ”, – дейди Кристер Петерссон.

Бу жуфтлик шу ҳафтанинг чоршанба кунида Швеция жанубида ҳибсга олинганди. Остерсунд полицияси тергов гуруҳи жанубга хизмат сафарига бориб уларни ҳибс этишганди. Кристер Петерссоннинг билдирганига кўра, бу полициянинг ўз вазифасини аъло даражада бажарганлиги белгиси бўлди. Шунингдек тергов жараёнида кўпчилик одамлар томонидан берилган интервьюлар,маслаҳатлар ва бошқа маълумотлар ҳам бу ишнинг очилиб боришига асқотган.

“Уларнинг жиноятчи деб тан олинишлари имкониятлари жуда юксак”, – дейди Кристер Петерссон.

“Биз ёлланма қотил шахсини, унинг кимлигини биламиз”, – дейди терговчи Ульф Берг.

Бевосита жиноят ижрочисини ҳибсга олиш учун прокурор икки ҳафта ичида халқаро қидирув эълон қилиб, уни қаерда яширинаётган бўлса ўша ердан ушлаб келтирилишига ишончи комил. Аллақачон суиқасд ижрочиси яширинаётган бўлиши эҳтимоли бўлган мамлакатларга сўровномалар юборилган.Аммо қайси мамлакатлигини тергов томони сир сақлаяпти.

Прокурорнинг таъкидлаётганига кўра, жиноятчини жиноят содир этган жойига келтириш учун хизмат қиладиган биологик излар ҳам мавжуд.

“Бундан ташқари биз унинг ташқи кўринишини ҳам биламиз. У савдо дўконларидаги кузатув камераларга тушиб қолган, жумладан Стромсунд шаҳрида ҳам”, – таъкидлайди Ульф Берг.

Тергов гуруҳи жиноят жойи яқинида қолдирилган рюкзакдаги қуролни ҳали ҳам текширувдан ўтказа олмаган. Бунинг сабаби эса, Обид қори Назаровнинг аҳволи оғирлиги ва унинг танасидаги ўқнинг олинмаганлигидир. Ўқни олмай туриб қуролни текшириш имконсиздир. Сўнги маълумотларга кўра, у ҳали ҳам комада ётибти.

Ульф Бергнинг таъкидлаётганига кўра, жиноятчининг жиноятини исботланишида қурол муҳим ўринни эгаллаётгани йўқ.

“Биздаги исбот ва далиллар шунчалар кўпки, ҳар қандай ҳолатда ҳам жиноятчининг жиноятини исботлашгна қодирмиз”, – дейди Ульф Берг.

Терговчилар айтаётганларига кўра, иш ниҳоятда кўп ва келгуси икки ҳафта ичида қўлга олинган жуфтликга расмий айблов эълон қилинади.

“Биз ҳали тергов-суриштирув ишларини давом эттирамиз ва уларнинг тинтув вақтида қўлга киритилган компьютерларидаги маълумотларни, ҳамда бошқа буюмларни ҳам синчковлик билан ўрганиб чиқишимиз лозим”, – дейди у.

“Остерсунд постен” газетасидан олинди

Тўлқин Қораев
Швеция