АҚШ Каримов режимини танқид қилди, ҳамкорлик эса давом этаверади

АҚШ Каримов режимини танқид қилди, ҳамкорлик эса давом этаверади
89 views
25 May 2012 - 16:30

АҚШ Давлат департаменти дунёдаги инсон ҳуқуқларига оид йиллик ҳисоботида

Ўзбекистонни “инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият ўта абгор қолаётган” давлатлар қаторига киритган.

2011 йил 194 давлатда кузатилган инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият таҳлил қилинган ҳисобот рўйхати энг пастидан ўрин олган давлатлар қаторида Ўзбекистондан ташқари Шимолий Корея, Туркманистон, Сурия, Беларус ва Хитой каби мамлакатлар бор.

АҚШ Давлат департаменти қийноқлар ва маҳбусларнинг ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари тарафидан таҳқирланиши, уларни адолатли маҳкамалардан мосуво қолдирилиши, диний эркинликларга чекловларни Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари билан энг катта муаммолар сифатида қайд этади.

Бундан ташқари, Ўзбекистонда маҳбусларнинг ташқи дунёдан узиб қўйилиши, қамоқ муддатлари узайтирилиши, турмалардаги ўта оғир шароитлар, сўз эркинлиги ва фуқаровий жамиятлар фаолияти чеклангани, мажбуран пахта йиғим-теримига жалб этиш каби инсон ҳуқуқларига зид амаллар сақланиб қолаётгани таъкидланади.

“Ўзбекистонда марказлашган бошқарув бўлими сиёсий ҳаётда ҳукумронлик қилади ва ҳукуматнинг бошқа бўлимларини қарийб назорат қилади”, дейилади АҚШ Давлат департаменти чиқарган ҳисоботда.

Ҳукуматни танқид қилган инсон ҳуқуқлари фаоллари, журналистлар ва бошқалар таҳқирлаш, асоссиз қамоқ ва сиёсий важлар билан таъқиб этиш ҳамда ҳибсларга юз тутишлари Ўзбекистонда кузатилаётган воқеълик экани айтилади.

Бундан ташқари, ҳисоботда Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистон ва Қозоғистон каби Марказий Осиё давлатларидаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ аҳвол юзасидан ҳам хавотирлар билдирилган.

Шу билан бирга, АҚШ бугунга қадар ўзининг демократия ва инсон ҳуқуқларининг глобал ҳимоячиси деган имиджи доирасида бундай ҳисоботларни давомли очиқлаб келса-да, амалда бу режимлар билан ўз манфаатлари йўлида яқиндан ҳамкорлик қилиб келади. Шундай экан, инсон ҳуқуқлари ҳақида хавотир билдирилиши ортидан бирор амалий фаолият кутилмаслиги табиий.

АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон, бу ҳисоботни тақдим этаркан, 2011 йил инсон ҳуқуқлари учун ўта катта аҳамиятга эга бўлганини таъкидлаган. Унинг айтишича, Араб давлатларида диктаторликдан демократия ва эркинлик томон кўпда тўполонлар, айрим ҳолларда эса, зўравонликлар воситасида ўтишга тўғри келмоқда.

Мисрни мисол келтираркан, Клинтон ўтган йилги зўравонликлар жорий ҳафта осойишта ўтган президентлик сайловларига йўл очганини урғулади.

Айни пайтда ағдарилган собиқ президент Муборак мисолидаги диктаторлик ортида бир неча ўн йиллар давомида айнан АҚШдаги сиёсий ҳокимият тургани ҳақида айтилмаган.

АҚШ Давлат котиби ёрдамчиси Майкл Поснер янги ҳисобот Қўшма Штатлар ўзи иқтисодий ва хавфсизлик масалаларида ҳамкорлик қилаётган мамлакатлардаги инсон ҳуқуқлари топталиш ҳоллари учун танқид қила олишини намойиш этишини айтган.

Ҳисоботда шунингдек, Эрондаги шароитларга ҳам диққат қаратилади. Унда Эрон ҳукумати лозим жараёнларни ўтамай, юзлаб инсонларни қатл қилгани, норозилик билдирган одамлар ҳибс қилингани ва қийноққа солингани, бошқа давлатлар билан солиштирганда энг кўп журналистлар қамоққа ташланиши қайд этилган.

Шуни ҳам эслаб ўтиш лозимки, минтақадаги АҚШ манфаатларига энг катта қарши турган режим Эрондир. Ва инсон ҳақлари ҳақидаги ҳисоботнинг деярли ҳар бирида Эрон танқид этиб келинади. Давлат департаменти ҳисоботида, Эроннинг ёнида Хитой ва Бирма ҳақида ҳам сўз юритилади. Хитой ҳам, албатта, танқид этилган, аммо Бирма баъзи ижобий ўзгаришлар томон қадам ташлагани айтилади. Бирма ҳукумати юзлаб сиёсий маҳбуслар озод қилингани, мамлакат раҳбарлари “сиёсий ислоҳотлар ва ярашувнинг узоқ ва мушкул жараёни”ни бошлаганлари урғуланади.

АҚШ Давлат департаменти Колумбия ва Замбияни ҳам ижобий қадамлар ташлаган мамлакатлар сифатида тилга олган.