“Ҳақ динга гувоҳлик берган китоб” М.Бекжон (Audio.)

“Ҳақ динга гувоҳлик берган китоб” М.Бекжон (Audio.)
25 views
26 May 2012 - 10:39

[soundcloud id=’47629082′]

 

Воқеаларнинг аҳамияти уларга биз берган аҳамият ва қадр-қимматга қараб ошади. Энг муҳим воқеалар ҳам, агар инсонлар унинг қадрига етиб, уни улуғламасалар, аҳамияти жиҳатдан оддий, кундалик бир воқеага айланиб қолиши ва ҳатто охир-оқибат ўз хусусиятини тўла йўқотиши ҳам мумкин. Масалан, 1990 йилда қабул қилинган Мустақиллик Декларацияси, бу ғоя учун курашган бир ҳовуч зиёлиларни ҳисобга олмаганда, Ўзбекистон жамоатчилиги тарафидан деярли лоқайд кутиб олинди, десак бўлади. Агар Совет Иттифоқи ўз-ўзидан қулаб кетмаганида, бу декларацияга қарши бўлганлар, уни қўллаб-қувватлаганлардан бир неча баробар кўп булиши мумкинлигига ҳеч қандай шубҳа йўқ эди, зотан, бу декларация эълон қилинганидан бир йил ўтмай, мамлакат аҳолисининг асосий қисми Ўзбекистон мустақиллигига қарши овоз берди. Албатта, бу ерда референдумда берилган овозлар сохталаштирилгани ҳақда ҳам мунозара қилиш мумкин, аммо, ўйлайманки, жамиятимиздаги маънавий-зеҳний иқлим билан озгина таниш бўлган инсон референдумда бундай сохталаштиришларга эҳтиёж хам бўлмаганлигини тахмин қила олади.

Бугун ислом уммати хам улар аҳамият беришлари лозим бўлган ана шундай буюк бир воқеа қошида турибдилар. Бу воқеа – бундан 12 йил олдин Туркия божхоначилари томонидан контрабандистлар қўлидан олиниб, мусодара қилинган ва шу пайтгача полиция хавфсизлик бўлимининг ашёвий далиллар архивида сақланиб, факат Туркия этнографик музейи уни ўрганиш учун беришларини сўраганидан сўнггина ушбу музей ихтиёрига топширилган, тахминан 5-6 асрларга оид, Исо пайғамбарнинг ўкувчиларидан ҳисобланган Варнава қаламига мансублиги айтилаётган Инжил китобининг топилишидир. Ушбу Инжилнинг мусулмонлар учун аҳамияти шундаки, унда, тадқиқотчиларнинг гувоҳлик беришларича, Пайғамбаримиз Муҳаммад саллолоҳу алайҳи вассаламнинг Аллоҳ тарафидан дунёга сўнгги пайғамбар сифатида юборилиши башорат қилинган. Инжилнинг бу нусхаси ҳақида пайғамбаримиз ҳақдаги ривоятларда, ҳадисларда ҳам айтилган, ҳатто ривоятлардан бирида бир насроний зоҳиднинг пайғамбаримиз 6 ёшида экан, унинг бўлажак пайғамбар эканлигини сифатларига қараб айтиб бергани ва уни қадимдан башорат қилинган ўлим хатаридан сақлаб қолгани айтилади.

Бу китоб ҳақда илк бор тантанавор оҳангда гапира бошлаган Эроннинг “The Basij Press” ахборот агентлиги тарқатган хабарга кўра, китобнинг 41-чи сахифасида: “Аллоҳ гизланди, зеро, Фаришта Жаброил алайхиссалом уларни (Одам ва Хавони) кўкдан идора қилиб турарди, шунда, Одам алайҳиссалом ўгирилиб, кўк юзи дарвозаси тепасида “Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур расулаллох” деган ёзувни кўрди” дея ёзилади. Бундан ташқари, Эрон ахборот агентлиги хабарига кўра, китобда Исо алайҳиссаломнинг хочга тортилмагани ва у Муҳаммад саллалоҳу алайҳи вассалламнинг пайғамбар сифатида ерга юборилажагини башорат қилгани ҳақда ҳам ёзилган.

Аслида, ўз динининг ҳакикий эканлигига гувоҳлик берувчи бундай муҳим бир китоб мусулмонлардан бошқа бир диний жамоа динига оид бўлганида улар бу китоб ҳақда аллақачон бутун дунёга жар солган бўлар ва ўз диний манфатлари йўлида ундан фойдаланган бўлар эдилар. Ҳали ҳозир ҳам бу китобга энг кўп қизиқиш кўрсатаётган томон мусулмонлар эмас, Ватикан бўлиб қолмоқда.

Албатта, мусулмонларнинг бундай китобнинг пайдо бўлишига кўрсатаётган совуққонлигини шундай ҳам изоҳлаш мумкин. Масалан, бу совуққонлик заъмирида асрлардир ислом уммати ичида “аҳли китоб”нинг, яъний, насроний ва яҳудийларнинг адашган ва мушрик эканликлари ва Аллоҳнинг китобини ўзларига мослаб, ўзгартирганликлари ҳақида Аллоҳ томонидан берилган хабарлар ётибди ва энди мусулмонлар Инжилнинг ўзгартирилмаган, ҳақиқий нусхаси топилганидан сўнг ҳам, инерция ҳолатида ушбу китобларга бўлган ўзларининг илгариги муносабатларини ўзгартира олмаяптилар, деб талқин ҳам қилиш мумкин. Яъний, бу ерда мусулмонлар тарозисининг бир палласида “аҳли китоб” тарафидан Аллоҳнинг энг сўнгги пайғамбари Муҳаммад саллалоҳу алайҳи вассалламнинг Ҳақ пайғамбари эканлигининг тан олиниши турган бўлса, иккинчи палласида айнан мана шу китоб орқали мусулмонлар тарафидан “адашганлар”нинг ҳам Ислом ичига қайтаётгани ҳақдаги ақл бовар қилмас фикр, ҳазм қилиш қийин бўлган воқелик турибди, дейиш мумкин.

Нима бўлганда хам, мусулмонлар бугунги кунда ўз динини унга қарши олиб борилаётган кенг жабҳадаги босқилардан муҳофаза этар эканлар, ўз динига оид бундай муҳим хабар тарғиботида суст қолаётганлари афсусланарлидир.
Мақсуд Бекжон,
ЎХҲ Норвегия бўлими раиси