Швед хонандаси Лореeннинг қўш ғалабаси

Швед хонандаси Лореeннинг қўш ғалабаси
52 views
29 May 2012 - 7:37

Мақола сарлавҳасига қараган ўқувчи балки қўл силтаб қўяр: шуям янгилик бўлдими?

Сабаб, Лореeннинг “Евронигоҳ” қўшиқлар конкурсида ғолибликни қўлга киритгани ҳақидаги янгилик, ўтган ҳафтанинг якшанбага ўтар кечасида аниқ бўлганди ва унинг бу ғалабаси нега ўзбек сиёсий мухолифати вакилини энди шодлантирди, ёки нега у бунчалар кечикиб бу хабарни ёинлаяпти, деган савол туғилиб қолса ажаб эмас. Сабаб шундаки, қўшиқлар конкурсида иштирок этган санъаткорлар орасида фақат Лорeен  Озарбайжондаги инсон ҳуқуқлари аҳволига, у ердаги диктатура режими халқ билан олиб бораётган ноинсоний муомалага аҳамият қаратди. Қолганларни Евронигоҳ ғолиблигини қўлга киритишдан  бўлак ҳеч нарса қизиқтирмади ҳам.

“Мен бор-йўғи бир инсонман холос, аммо менга бу мавзуни бошлаб бериш насиб этди ва уни мен ҳар қайси мавзудаги тортишувлардан-да  устунроқ  деб биламан. Ўйлашимча иккиси ҳам. Ва қаерда ўзгаришлар бўлаяпти. Тасаввур қилинг, яна нималардир қилиш мумкин, нималарнидир айтиш мумкин”, – деганди у  SVT (Швед телевидениеси) мухбирига Бакуда бўлган кезларида.

Евронигоҳнинг 57-конкури ҳукуматни ўз отаси Ҳайдар Алиевдан мерос қилиб олган диктатор Илҳом Алиев салтанатида, яъни Озарбойжонда бўлиб ўтганлиги, у мамлакатда фаолият олиб бораётган сиёсий мухолифат вакиллари ва инсон ҳақлари курашчиларининг норозилигига сабаб бўлди. Бу тадбир дунёда энг кўп телетомошабинни йиға оладиган конкурс саналади ва уни ер юзида бир вақтнинг ўзида ўн миллиондан ортиқ киши томоша қилади. Мана шуниси билан ҳам Евронигоҳ кўплар учун муҳимдир, айниқса Илҳом Алиев сингари диктаторлар учун.

“Евронигоҳ сўз эркинлиги ҳам бўлмаган бир мамлакатда демократик руҳда ўтказилган конкурс бўлди” – деб ҳикоя қилади швед телевидениеси мухбири Озарбойжон пойтахти Бокудан. Тележурналистнинг таъкидлашига кўра, конкурс ташкилотчилари конкурснинг сиёсий мақсадларга қаратилиши мумкин эмаслиги билан қаттиқ огоҳлантиришган, бироқ барибир мана шу конкурс баҳона, Озарбойжондаги асл сиёсий вазият дунёнинг кўплаб телеканалларида асосий мавзуга айланди.

Ўтган ҳафтада Озарбойжон пойтахтида бўлиб Евронигоҳ конкурсида иштирок этган Швециялик қўшиқчи Лорeен Зинеб Нока Тальхауи Озарбойжон ҳукумати учун кутилмаган меҳмон бўлди. Кутилмаган ҳам эмас, уларга хуш ёқмаган Евронигоҳ иштирокчисига айланди. Қўшиқлар конкурси бошланаркан, Республика ичкарисида фаолият олиб бораётган инсон ҳуқуқлари курашчилари ва сиёсий мухолифат фаоллари уни пикетга тута бошладилар. Пикетчилар қаршисига эса Швециялик қўшиқчи Лорен чиқди ва улар нимадан норози эканликларини сўраб, мамлакат ичкарисидаги аянчлик аҳволдан воқиф бўлди. Швед телевидениесига интервью бераркан, Лорeен ўзининг сиёсатчи эмаслигини ва сиёсатда ҳеч нарсани тушунмаслигини қайд этиб ўтган бўлса-да, пикетда турган одамларга эътиборсиз бўлишга ўзида куч-қудрат топа олмаганлигини келтириб ўтди.

Келиб чиқиши Морокколик бўлган бу қўшиқчи ўзининг  кўҳна ватанида ҳам демократик эркинликларнинг йўқлигини ва у ерда ҳам инсон ҳақлари, аёллар ва болалар ҳуқуқлари аёвсиз поймол қилиниши билишини айтиб ўтганди Бокудан туриб берган ўз интервьюсида.

Диктаторлик мамлакатларида бу сингари халқаро конкурснинг ўтказилиши иқтидордаги режим учун ютуқ албатта ва бундай муҳим тадбир бораётган катта сарой атрофида қандайдир бир гуруҳнинг пайдо бўлиб демократик эркинликлар талаб қилиб сиёсий тадбир ўтказа бошласа-чи?

Бундай ҳолнинг содир бўлмаслиги учун Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов олдиндан чора кўриб қўйган бўларди. Масалан, шаҳарнинг ярми БТР лар ва махсус кучлар ёрдамида тўсиб қўйиш билан ҳар қандай пикетнинг олди олинарди. Жуда бўлмаса пикет ўтказишга уринганларни намойишкорона отиб ташлаб, кейин конкурс иштирокчилари ҳаётига суиқасд қилишга уринган террорчилар гуруҳи зарарсизлантирилгани ҳам дунёга бонг урган бўларди. Ҳар неки, Илҳом Алиев бизнинг диктаторга етиши учун ҳали кўп қовун пишиғи бор шекилли. Лекин гап ҳозир Ўзбекистон ҳақида эмас, Озарбойжонда Лореeннинг ғалабаси ҳақида.

Озарбойжонда пикет иштирокчиларига қарши ташланган полиция кучлари норозиларни дўппослаб, уларга қарши куч ишлатиб, автобусларга ўтиндек қалаб олиб кетишаётганини кўрган швед тележурналисти ўз ҳайратини яширмади.

“Улар атрофда одамлар турганлигига ҳам эътибор қилмай, норозилик билдириб чиққанларни судраб кетишаяпти”, – дейди воқеа жойида турган журналист. Пикетчилар эса автобус ойналарини кафтлари билан уриб бўлса-да, “бизга озодлик керак, демократия керак” дея ўз талабларини оммага етказишга ҳаракат қилишарди.

http://svt.se/nyheter/sverige/loreen-om-azerbajdzjan-jag-maste-bry-mig-7

Тез фурсатда расмий Озарбайжон ҳукумати швед қўшиқчиси Лорeенга ва у конкурсда намоён қилаётган Швеция Қироллиги ҳукуматига қарши матбуот урушини бошлаб юборди. Озарбайжон матбуоти тарқатаётган хабарларга кўра, Швеция ташқи ишлар вазирлиги Лорeенга Бокуда мухолифат вакиллари билан учрашиш топшириғини берган. Бечора диктаторлар шунчалик даражада ўз қобиқларига ўзлари ўралашиб қолишганки, бирор одам ўз эркида бирор иш қилиши мумкинлигини тасаввурларига ҳам сиғдира олишмайди. Албатта уларга кимдир юқоридан буйруқ берган бўлиши шарт!

Бунга жавобан, Швеция томони Лорeен ўз ташаббуси билан Озарбайжон мухолифати вакиллари олдига чиққанлигини, уларнинг норозилик чиқишларига бефарқ қараб турмаганлигини билдиришди, холос.

Илҳом Алиев ва унинг режими Евронигоҳ конкурсидан сиёсий мақсадларда ҳам фойдаланиб қолишни мақсад қилганди, лекин бунинг акси бўлиб чиқди.  Озарбайжоннинг мухолифатдаги  “Мусават” партияси лидери Исо Гамбаров сиёсий партиянинг  Facebook даги саҳифаси орқали ўз тарафдорларига мурожаат қиларкан, уларни Швециялик қўшиқчи Лорeен учун овоз беришга чақирди.

Бакуда Швед телеканали  SVT га интервью берган Иса Гамбаров Лорeен Озарбайжон халқи тақдирига бефарқ эмаслигидан мамнун эканлигини таъкидлади.  Лорeен нафақат конкурс ғолиби бўлди, балки Озарбайжон халқи орасида ҳам машҳур бўлди ва озарий халқи севган хонандага ҳам айланди.

Энди эса дунёнинг энг қаттол диктаторлик режими ўрнатилган яна бир мамлакат, Ўзбекистонга диққатингизни қаратинг. Ўзбекистонда ҳам диктатрура ва у ерда ҳам одамлар қийналаяпти. Нафақат қийналаяпти, балки ўлдирилаяпти. Халқ ўлгудек қўрқоқ, ҳаттоки ўз ҳаққини ҳам талаб қилишни билмайди.  Европа Иттифоқи ва Американинг парвойи фалакда. Улар учун муҳими, стратегик ҳамкорлик.

Ўзбекистон диктатори қизининг қўлидан 290 минг евро олиб ўзини бахтиёр ҳис қилган Моника Белуччи,  Гулнорага куйлайдиган Стинг тахаллусидаги санъаткор, машҳур испан қўшиқчиси Хулио Иглесиас, диктатор қизи Гулноранинг қўлини ўпган француз актери Ален Делон,  Самарқандда Ислом Каримовнинг хоки пойини ўпган итальян қўшиқчиси Аль Бано ва яна биз билган-билмаган кўплаб ижрочилар диктаторларнинг олдида таманно қилсалар, швециялик Лорeен диктатор тарафида эмас, эл тарафида эканлигини намойиш қилди. Шу ҳаракати билан у мазлум халқлар тарафида эканлигини кўрсата олди, демак, Лорeен мазлум халқлар ҳурматига сазовор бўлди.

Лорeеннинг Озарбайжонда қўлга киритган ғалабаси эса икки ҳисса бўлди, дейиш мумкин. Бири – Евронигоҳ ғолибаси бўлгани бўлса, иккинчиси – озарий халқининг унга жўшган муҳаббати бўлди. Қўш ғалаба муборак бўлсин Лорeен!

 

Тўқин Қораев

Швеция